Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2024, Тошкент вақти: 20:01

Халқаро хабарлар

Илк бор ишлаб чиқарилган "Apple" компютери $ 666 мингга сотилди

Apple ширкати илк бор ишлаб чиқарган компютерлардан бири Германиядаги кимошди савдосида 666 минг долларга сотилди.

“Breker” кимошди савдоси уйи компютерни осиёлик аноним шахс сотиб олганини маълум қилди.

"Apple-1” деб номланган компютер Apple асосчиси Стив Жобс ва Стив Возняк томонидан гаражда яратилган.

Ҳозир дунё бўйича 1976 йилда қурилган ва шу кунда ҳам фойдаланиш мумкин бўлган олти дона компютер борлиги маълум.

Кун янгиликлари

Ҳаага суди Сергей Шойгуни ҳибсга олиш учун ордер берди

Валерий Герасимов (чапда), Владимир Путин (ўртада) ва Сергей Шойгу (ўнгда)
Валерий Герасимов (чапда), Владимир Путин (ўртада) ва Сергей Шойгу (ўнгда)

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россиянинг собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Россия Қуролли кучлари бош штаби раҳбари Валерий Герасимовни ҳибсга олиш учун ордер берган.

ХЖС қаноатича, Шойгу ва Герасимов йўқ деганда 2022 йил 10 октябридан 2023 йил 9 мартигача бўлган давр оралиғида Украинанинг электр энергетикаси объектларига Россия Қуролли кучлари томонидан берилган ракета зарбалари учун жавобгар” бўлиб ҳисобланади.

Бу вақт ичида Россия Қуролли кучлари Украинанинг бир неча аҳоли пунктидаги кўплаб электр станциялари ва подстанциялари бўйлаб жуда кўп миқдорда зарбалар берган”, дейилган суд хабарномасида.

ХЖС қайдича, Шойгу ва Герасимов Украинада тинч аҳоли вакилларига ҳаддан зиёд зарар етказилгани, жиноятлар содир этилиши учун буйруқ бергани, ўзларига тобе бўлган кучлар устидан тегишли назоратни амалга ошира олмаганлари учун ҳам масъулдир.

Халқаро жиноят суди 2022 йили Украина ҳудудида болаларнинг ноқонуний депортациясида айбдор кўрилган Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ҳам ордер берган эди. Ўшандан бери Путин Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга сафар қилишдан тийилиб келади.

Россия: Черков шамларини ўчирган тожикистонлик даволанишга йўлланади

Асқар Бўтаев (видеодан скриншот)
Асқар Бўтаев (видеодан скриншот)

Москва шаҳри жануби-ғарбидаги черковда шамларни ўчириб кетгани учун диний эркинлик ҳуқуқини бузганига оид иш бўйича ҳибсга олинган 20 ёшли тожикистонлик Асқар Бўтаев “мажбурий даволанишга муҳтож” деб топилган. Бу ҳақда Москва шаҳри бўйича Тергов қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Диндорлар ҳис-туйғуларини таҳқирлаганлик моддаси бўйича Бўтаевга нисбатан очилган жиноят иши тергови 24 июнь куни тугаган. Психологик-психиатрик экспертиза натижаларига мувофиқ, у ўз хатти-ҳаракатларининг ижтимоий жиҳатдан хавфлилигини англамаган ҳамда руҳий носоғломлик туфайли ўз ҳаракатларини бошқара олмаган бўлиши мумкин.

Тожикистон фуқаросининг ҳибсга олинишига сабаб бўлган ҳодиса 18 июнь куни адмирал Феодор Ушаков черковида содир бўлган, деб ёзган Baza телеграм-канали. Гувоҳларга кўра, Бўтаев черковда ёниб турган шамларнинг барчасини ўчириб, ибодатга келган аёллардан бирини туртиб юбориб, ибодатхонадан чиқиб кетган. Кўп ўтмай у қўлга олинган. 19 июнь куни эса суд Бўтаевни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган эди.

WikiLeaks асосчиси Ассанж Британия қамоғидан озод қилинди

WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж
WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж

Лондон Юқори суди WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни ҳибсдан озод қилиш ҳақида қарор чиқарди. Мазкур қарор Ассанж АҚШ расмийлари билан Қўшма Штатларга экстрадиция бекор қилиниши эвазига айбловни тан олиш ҳақида дастлабки келишув тузишга рози бўлганидан кейин қабул қилинган. Бу ҳақда WikiLeaks’нинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилинган.

Ассанж 1 901 кунини ўтказган Белмарш қамоғидан чиқиб, Станстед аэропортига йўл олган ва у ерда учоққа ўтириб, Буюк Британиядан Сайпан оролига (Тинч океани шарқидаги АҚШ ҳудуди - таҳр.) учиб кетган. У ерда 26 июнь куни суд бўлиб ўтади ва Ассанж, келишув шартларига кўра, 18 айбловдан бир банди (миллий мудофаага оид маълумотларга эга бўлиш ва фош қилиш мақсадида тил бириктириш) бўйича ўзини айбдор деб тан олади ва бунинг эвазига озодликка чиқади.

Тахминларга кўра, суд WikiLeaks асосчисини 62 ойга (беш йилу икки ой) озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқаради. Ассанж шу пайтгача Британия қамоқхонасида беш йил ўтирган ва NBC хабарига кўра, суд уни умумий қамоқ муддатига қўшади, шундан кейин у озод бўлиб, ватанига, яъни Австралияга учиб кетиши мумкин бўлади.

2022 йилнинг июнь ойида Британия ички ишлар вазири Прити Пател Ассанжнинг АҚШга экстрадициясини маъқуллаган, бироқ WikiLeaks асосчиси бу қарор устидан Лондон Юқори судига шикоят аризаси киритган. 2024 йил мартида Лондон Юқори суди Ассанж АҚШга зудлик билан экстрадиция қилинмаслиги ҳақида қарор чиқарган ва бу борада қўшимча ҳужжатларни сўраган.

АҚШда WikiLeaks асосчисига жами 17 та айблов эълон қилинган бўлиб, улар орасида Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётларга оид махфий маълумотларнинг очиқланиши ҳам бор. Бу сиздирмани уюштирган асосий киши ҳарбий Брэдли (Челси) Мэннинг бўлган, WikiLeaks эса ҳужжатларни ёйинлаган, холос.

Айблов хулосасига кўра, Ассанж “махфий маълумотга эга бўлиш учун бир неча бор ўз манбаларини, шу жумладан Мэннингни маълумотларни ўғирлаб, чоп этиш учун WikiLeaks’га узатишга ундаган”.

Айбловчилар иддаосига кўра, Ассанж ўз маълумотларида АҚШ билан ҳамкорлик қилган Афғонистон, Ироқ, Хитой ва Эрон фуқаролари дохил “информатор ва воситачилар исмини фош қилган”, бу эса улар учун “ўлим таҳдиди” сабабига айланган.

Бу айбловларга жавобан WikiLeaks вакиллари: “Бу ақлсизлик ва журналистиканинг тамом бўлиши”, дея баёнот беришган.

Аввалроқ Ассанжга қўйилган айбловлар бўйича WikiLeaks асосчиси 175 йилга қамалиши мумкинлиги айтилган эди.

Ўшда Украина урушида иштирок этган шахс 5 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туман суди Россия қўшини таркибида Украинадаги урушда иштирок этганликда айбланган қирғизистонлик М. К. у.ни 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Ўш вилоят суди матбуот котибининг Озодлик қирғиз хизматига маълум қилишича, суд ҳукми жорий йилнинг 10 майида чиқарлган.

Қайд этилишича, суд судланувчи эркакни Қирғизистон Жиноят кодексининг 256-моддаси (Қирғизистон фуқаросининг хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши ёхуд теракт содир этиш учун тайёргарликдан ўтиши) бўйича айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара этиш билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Судланган шахс жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайдиган бўлган.

Мазкур модда санкцияси оғир бўлиб, унда мол-мулкни мусодара этиш билан 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо чораси кўзда тутилган. Бироқ, суд вакилининг аниқлик киритишича, Қирғизистон Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги муносабати билан афв қонунига мувофиқ айбланувчининг жазо муддати қисқартирилган. Ўз навбатида, айбланувчи Аравон туман суди ҳукми устидан Ўш вилоят судига апелляция тарзида шикоят аризасини киритган.

Бу Қирғизистон фуқаросининг Украина урушида иштирок этгани қайд этилган илк ҳолат эмас. Бу каби айблов билан судланган қирғизистонликларнинг биринчиси Асқар Қубаничбек ўғли бўлган эди. 2023 йили у 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ кейин Қирғизистон Олий суди аввалги инстанция судлари қарорларини бекор қилиб, ишни қайта кўришга йўллаган.

Кейин Бишкекнинг Биринчи май туман суди жазони юмшатиб, 7 йиллик қамоқ жазосига алмаштирган ҳамда уч йиллик пробацион назорат тайин этиб, уни суд залидан озод қилган. Мазкур қарорга мувофиқ, судланувчи доимий равишда Қирғизистон ҳудудида бўлиб, вақти-вақти билан Пробация департаменти назорати остида бўлиши лозим эди. Аммо департамент ходимлари уларга суднинг тегишли қарори келмаганини билдиришган.

Бу орада Асқар Қубаничбек ўғли Қозоғистон орқали Россияга чиқиб кетишга муваффақ бўлган. Суд пайтида у Россия фуқаролигини олиш ва бу мамлакатдан вақтинча бошпана олиш учун ҳужжат топширганини айтган эди. 2024 йилнинг июнь ойи ўрталарида унинг Россия армияси билан янги шартнома имзолаб, яна Украина урушига кетишни режалаётгани маълум бўлганди.

Москвадаги бозорлардан бирида галдаги “мигрант ови” ўтказилди

Видеодан олинган скриншот
Видеодан олинган скриншот

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари 20 июнь куни Москвадаги “Тёплий Стан” метроси олдида жойлашган Новоясеневский бозорида Марказий Осиёдан бўлган мигрантларни ёппасига тутиб кетган.

Озодлик тожик хизматининг воқеа гувоҳлари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, куч ишлатар тузилмалар ходимлари текширувни таҳқирли шаклда олиб борганлар — бозордаги баъзи ишчилар полга ётқизиб қўйилган ва улар хонада қўлларини бошларига қўйган ҳолда ётганлар. Ҳужжатида муаммо бўлмаганлар қўйиб юборилган, мигрантларнинг айримлари эса автозакларда номаълум томонга олиб кетилган.

Россия расмийларга алоқаси борлиги айтиладиган Baza телеграм-канали хабарига кўра, бозор ишчилари кўчадаги кўчадаги бостирма остига тизиб қўйилиб, ҳужжатлари текширилган, рейддан мақсад эса қидирувда бўлган ёки жиноятларда гумонланган шахсларни аниқлаш бўлган.

Россияда ноқонуний миграцияга қарши кураш Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”да март ойида содир этилган теракт ортидан кучайиб кетган. Мазкур террор хуружининг амалга оширилишида бир неча тожикистонлик гумонланмоқда.

Озодликнинг тожик хизматига йўлланган видеода мигрант аёлнинг “Тожик йигитларнинг барчасини ушлашди” дегани эшитилади. Бу пайтда куч ишлатар тузилмалар ходимлари мигрантларга “ёт ерга” дея буйруқ беряпти.

Видеода бино ичида бир неча мигрант қўлини бошининг орқасига қўйган ҳолда полда ётганини кўриш мумкин. Полиция вакиллари уларга баланд овоз билан нима қилишлари кераклигини уқтиряпти. У ерда ҳуши бошидан учган икки аёлни кўриш мумкин — бири қўлида боласини кўтарган ҳолатда, оёқ яланг ҳолдаги бошқаси эса қаерга боришини билмай турибди. Бу видеода мигрант аёл хавотир аралаш: “Улар эримни олиб кетишди”, демоқда.

Гувоҳлар рейддан мақсад асосан тожикистонлик мигрантларни тутиб кетиш бўлганини айтишган.

Сўнгги ойларда Россияда мигрантларни текшириш ва уларга босим кучайган. Россия нашрлари хабарига кўра, рейдлар билан бир қаторда депутатлар ҳам қонунчилик ташаббуслари билан чиқишмоқда. Шу кунларда Россия Давлат думасида миграция соҳасидаги давлат назоратини кучайтирувчи бутун бошли қонун лойиҳалари пакети биринчи ўқишда қабул қилинган. Хусусан, лойиҳада полициячиларга ноқонуний муҳожирларни суд қарорисиз, мустақил равишда мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқини бериш кўзда тутилган. Шунингдек, мигрантларнинг Россияда бўлиш муддатини йил давомида 90 кунгача қисқартириш исталмоқда.

Тожикистонда Олий кенгаш собиқ раиси Акбаршоҳ Искандаров қўлга олинди

Акбаршоҳ Искандаров
Акбаршоҳ Искандаров

Душанбеда Тожикистон Олий кенгашининг собиқ раиси Акбаршоҳ Искандаров қўлга олинган.

Озодлик тожик хизматининг икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Бош прокуратура ходимлари 13 ва 14 июнь кунлари Искандаровни сўроққа чақиришган, кейин эса қўйиб юборишган.

Тожикистон расмийлари собиқ раис қўлга олинганини тасдиқлаган ҳам, рад қилган ҳам эмаслар.

Акбаршоҳ Искандаров 2000-йиллар бошида бир неча йил Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчиси бўлиб ишлаган, ундан аввал эса у Тожикистоннинг Туркманистондаги ва Мўғулистондаги элчиси ўлароқ фаолият юритган.

73 ёшли Акбаршоҳ Искандаров ўтган асрнинг 90-йиллари бошидаги қуролли можаролар тўлқинида Тожикистон Олий кенгаши раиси лавозимини эгаллаган, ҳатто 1991-92 йилларда вақтинчалик Тожикистон президенти вазифасини ҳам бажарган. Сўнгги пайтларда у Тожикистон Фанлар академиясининг Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти ишлаб келаётган эди.

Искандаров қайси асосда қўлга олингани ва нима сабабдан сўроқ қилингани маълум эмас.

Бош прокуратура терговчилари ўша кунлар ичида элликка яқин кишини сўроқ қилишиб, уйини тарк этмасликка оид тилхат асосида қўйиб юборишган, Акбаршоҳ Искандаровни эса қўйиб юборишмаган”, дея қайд этган “Озоди” манбаси.

Искандаров мухолифатдаги Тожикистон демократик партияси собиқ лидери, депутат Саиджаъфар Усмонзода ҳамда собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ортидан қўлга олинган. Бу қўлга олишлар орасида боғлиқлик бор-йўқлиги маълум эмас, дея ёзган “Озоди” радиоси.

14 июнь куни Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон Усмонзодани депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш тақдимномаси билан парламент депутатларига мурожаат қилган. Мажлисда иштирок этган депутатларнинг ҳаммаси бир овоздан прокуратура илтимосномасини қаноатлантиришиб, Усмонзоданинг ҳибсга олинишига розилик беришган.

Юсуф Раҳмон парламентда Бош прокуратура Усмонзода ва “бошқалар”ни Тожикистонда давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга уринганликда айблаётганини билдирган. Усмонзоданинг қариндошлари депутатга туҳмат қилинаётганини айтишган.

Австралияда террор тарғиботи учун қамалган тожикистонлик олим озодликка чиқди

Абдусалом Одиназоданинг қамоқдан озод бўлганидан кейинги фотосурати
Абдусалом Одиназоданинг қамоқдан озод бўлганидан кейинги фотосурати

Австралияда “терроризм тарғиботи” учун озодликдан маҳрум этилган ва 3,5 йил қамоқхонада ўтирган тожикистонлик олим Абдусалом Одиназода озодликка чиқди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Одиназода 2022 йилнинг 22 декабрида Австралиянинг Перт шаҳридаги уйида қўлга олинган эди.

Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда тожикистонлик олим ўзининг қамоқ муддати 19 июнь куни тугаганини маълум қилган.

Одиназода Ғарбий Австралия университетида ўн йилдан кўпроқ ишлаган биохимик олимдир. Расмий маълумотларга кўра, Абдусалом Одиназода YouTube видеопорталига “Тожикистонда ҳокимиятни ағдариб ташлаш ва халифалик барпо қилиш чақириғи билан” бир неча видео жойлаштиргани ортидан 2020 йил февралида Австралия полицияси назарига тушган.

Австралия нашрларининг ўша пайтда ёзишича, тергов бошланганидан икки ой ўтиб, Австралия федерал полицияси 54 ёшли олимнинг уйида тинтув ўтказиб, қатор электрон жиҳозларни мусодара этган. Бироқ собиқ биохимикка террор тарғиботига оид расмий айблов фақат 2020 йил декабрига бориб эълон қилинган. Мазкур айблов бўйича маҳаллий қонунчиликда 6 йиллик қамоқ жазоси кўзда тутилган.

“Озоди” радиоси билан суҳбатда Одиназода ўша пайтда австралиялик расмийлар у томонидан Интернетга жойланган 16 та видеони текширишиб, уларда “террор ташвиқоти” мавжуд деган хулосага келишган. Одиназодага кўра, судда у бутун айбни бўйнига олган эмас, бироқ ўша пайтда шартли “қизил чизиқ”дан ўтиб кетганини тасдиқлаган.

Австралия округ судида Одиназода иши бўйича ўша пайтда бўлиб ўтган маҳкама жараёнида “судланувчи ўз видеоларида Афғонистондаги “Толибон” ҳамда Суриядаги “Ислом давлати”нинг илҳомлантирувчи таъсири ҳақида гапирган”и қайд этилган. Бу видеороликлар, судда билдирилишича, 1,6 миллион мартадан кўпроқ кўрилган, уларни томоша қилганларнинг 78 фоизи Россия Федерацияси, 12 фоизи Тожикистонга тўғри келган.

Абдусалом Одиназода ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини бундан буён ҳам давом эттиришини, бироқ эндиликда “янада эҳтиёткорроқ бўлиши”ни айтган.

Эндиликда мен “судланган” деган тамға билан университетдаги ишимга қайта олмайман. Ҳозирда мен давлат томонидан ишсизларга бериладиган нафақа ҳисобига кун кечиряпман”, деган у.

Ҳозирда 56 ёшга кирган Абдусалом Одиназода узоқ йиллардан бери Австралияда истиқомат қилади ва бу мамлакат фуқаролигига эга. У орада бир муддатга Тожикистонга қайтиб, ўша ерда ишлаган, бироқ кейин яна Австралияга чиқиб кетган.

Олим Тожикистонда “экстремизм” моддаси бўйича қидирувга берилган: тожик расмийлари 2018 йилда Абдусалом Одиназодага нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг икки моддаси – Интернет орқали экстремистик фаолиятга чақириш ва конституцион ҳокимиятни куч билан ўзгартиришга чақириш бўйича жиноят иши очилганини маълум қилишган.

Эронда рэпер Солиҳийга нисбатан ўлим ҳукми бекор қилинди

Эронлик рэпер Тумаж Солиҳий
Эронлик рэпер Тумаж Солиҳий

Эрон Олий суди рэпер Тумаж Солиҳийга нисбатан чиқарилган ўлим ҳукмини бекор қилди. Суд рэпер иши бўйича қайта тергов ўтказилиши ҳақида қарор чиқарган. Бу ҳақда Озодликнинг форс хизмати (“Фардо” радиоси) хабар қилди.

Жорий йилнинг 24 апрелида Эрон суди 2022 йили мамлакатда бўлиб ўтган норозилик чиқишларини дастаклаган Солиҳийга нисбатан ўлим жазосини тайинлаган эди.

Солиҳий 2022 йил октябрида ҳибсга олинган. 2023 йилда Эрон Олий суди уни олти йилу уч ойга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Кейинроқ Исфаҳон суди Олий суд қарорини қайта кўриб чиқиб, рэперга нисбатан ўлим ҳукмини чиқарган.

Рэпернинг адвокати ўшанда ҳукмни “мисли кўрилмаган” деб атаб, суд қарори юзасидан юқори инстанцияга шикоят қилинишини билдирган эди.

Эронда 2022 йилдаги оммавий норозилик чиқишлари ҳижобни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олингани ортидан вафот этган толиба Маҳса Аминий ўлимидан кейин — сентябрь ойида бошланган. Бир неча ой давом этган бу норозилик акциялари Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлгани айтилади. Намойишлар чоғидаги тўқнашувлар оқибатида юзлаб одам ҳалок бўлган, минглаб киши ҳибсга олинган, норозилардан бир нечаси қатл этилган.

Солиҳий Эронда коррупция, қашшоқлик, намойишчиларнинг ўлдирилиши ва қатл этилишига қарши рэплари билан танилган.

Ракета ҳужуми оқибатида Севастополда тўрт россиялик ўлди

Россия томонидан аннексия қилинган Севастополдаги ҳарбий ҳаво базаси яқинида жойлашган пляж
Россия томонидан аннексия қилинган Севастополдаги ҳарбий ҳаво базаси яқинида жойлашган пляж

Россия томонидан аннексия қилинган Севастополнинг Украина Қуролли кучлари томонидан ракета зарбасига тутилиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, 140 дан зиёд киши жароҳатланган. Жабрланганларнинг аксарияти маҳаллий пляжларда дам олаётганлар бўлган.

Шаҳарнинг россиялик расмийларига кўра, қурбонларнинг уч нафари ёш болалардир. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ракета ҳужуми ортидан 144 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, улардан 82 нафари касалхонага ётқизилган. Жабрланувчилардан 13 нафарининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳужум олдидан ҳаво зарбасидан огоҳлантирувчи тизим ишга тушмаганини қайд этишган.

Ракета зарбаси чоғида ҳалок бўлганлар орасида Магадан мэри ўринбосари Олег Аверьяновнинг 9 яшар қизи София ҳам бўлган. Магадан мэри телеграм-каналидаги маълумотга мувофиқ, қизча ота-онаси билан бирга пляжда бўлган. Аверьянов ва хотини жабрланган-жабрланмагани ҳақида маълумот йўқ.

Даставвал 23 июнь куни Украина ракетаси шаҳар пляжи узра уриб туширилгани, одамлар ракета парчаларидан яралангани ҳақида хабар қилинган эди.

Эндиликда ракетада кассетали каллак бўлгани ва у ҳавога қарши мудофаа тизими таъсирида ўз йўналишини ўзгартириб, пляж узра портлагани, натижада одамлар жароҳатлани иддао қилинмоқда. Бу иддаони мустақил равишда тасдиқлашнинг имкони йўқ. Ҳужум ортидан Россия Тергов қўмитаси террор хуружига оид жиноят иши очган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳодисани бешта ATACMS ракетаси ёрдамида амалга оширилган “терро мақсадли ракета зарбаси” деб атаган. Вазирлик ҳужум учун масъулиятни Вашингтонга юклаган, чунки, россияликларга кўра, “ATACMS тезкор-тактик ракеталарининг барча парвоз топшириқлари АҚШ разведкасининг сунъий йўлдош маълумотлари асосида америкалик мутахассислар томонидан киритилади”.

Украиналик расмийлар Севастополга берилган ракета зарбалари юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Доғистонда қуролли ҳужумлар: 6 полициячи ҳалок бўлди

Доғистоннинг Дарбанд шаҳрида номаълум қуроллилар синагога ва черковни ўққа тутган. Ҳужум ортидан синагогада ёнғин содир бўлган. Бир вақтнинг ўзида Махачқалъада номаълум шахслар ЙПХ постига ҳужум уюштирган. Камида 6 нафар полиция ходимлари ҳалок бўлган.

Махачқалъадаги ҳужум оқибатида 16 киши шифохонага ётқизилган, улардан 13 нафари полиция ходимлари. Республика муфтиятининг маълум қилишича, Дарбанд ва Махачқалъада жаъми 9 киши ҳалок бўлган, улардан 7 нафари полиция ходимлари, яна 25 одам жабрланган.

"Даҳшатли террорчилик ҳужуми оқибатида ҳуқуқ-тартибот идоралари, руҳонийлар, оддий фуқаролар ҳалок бўлди", – дейилади хабарда.

Ҳужум қилганларнинг шахси ҳозирча номаълум, улар оқ рангдаги Volkswagen Polo русумли автомобилда ҳодиса жойидан яширинишга муваффақ бўлганлар. Шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Аҳмад Қулиевнинг сўзларига кўра, барча хавфсизлик кучлари шай ҳолатга келтирилган.

Доғистон Жамоатчилик кузатув комисияси раиси Шамил Хадулаевнинг билдиришича, Дарбандда бир руҳоний ўлдирилган, шунингдек Махачқалъадаги черков қўриқчиси ҳалок бўлган.

Миллий аксилтеррор қўмитаси маълумотларига кўра, якшанба куни Махачқалъада икки православ ибодатхонаси, шунингдек синагога ва ЙПХ постига ҳужум уюштирилган. Тергов қўмитаси террорчилик ҳужуми бўйича жиноят иши қўзғатган.

Дарбанд ва Махачқалъада отишмалар давом этаётгани хабар қилинмоқда. Минтақада аксилтеррор режими эълон қилинган.

Миллий аксилтеррор қўмитаси Москва вақти билан соат 23.00 ҳолатига аксилтеррор амалиётининг фаол босқичи ниҳоясига етгани, икки нафар ҳужумчи ўлдирилганини маълум қилган.

Арманистон Фаластинни мустақил давлат ўлароқ тан олди

Арманистон Фаластин давлати мустақиллигини тан олишини эълон қилди. Бунга оид баёнот Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги сайти орқали ёйинланган.

Хабарномада Арманистон яҳудийлар ва фаластинликлар ўртасида узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор экани қайд этилган. Шунингдек, унда мамлакат Фаластин-Исроил можаросининг “икки давлат” тамойили асосида ҳал этилишини қўллаши қўшимча қилинган.

Биз бунинг фаластинлик ва исроилликлар ўз машруъ истакларини турмушга татбиқ эта олишини кафолатлашнинг ягона йўли эканига аминмиз”, дейилган баёнотда.

Шу тариқа, Арманистон Фаластин давлати мустақиллигини тан олган БМТга аъзо 148-мамлакатга айланди.

Май ойи охирида Норвегия, Испания ва Ирландия Фаластин давлати мустақиллигини тан олишлари ҳақида эълон қилишган. Исроил бу қарорни “террорчилик учун мукофот” деб атаб, уч мамлакат элчиларини Ташқи ишлар вазирлигига чақирган. Ғарбий соҳил ҳудуди устидан чекланган бошқарувни амалга ошираётган Фаластин миллий маъмурияти бу уч мамлакат қарорини олқишлаган. Кейинроқ Словения ҳам Фаластин давлатини тан олганига оид қарор қабул қилган эди

Путин: Россия қўшинлари Украинадан ҳеч қачон олиб чиқилмайди

Владимир Путин
Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея ва Вьетнам сафарлари якунлари бўйича матбуот анжуманида чиқиш қилар экан, Украинадаги урушга оид бир неча баёнот берди.

Хусусан, Путин Россия қўшинларининг, Украина талаб қилаётганидек, ишғол этилган ҳудудлардан олиб чиқиб кетилиши “афтидан, ҳеч қачон рўй бермайди”, деган. Унга кўра, ғарб мамлакатлари сиёсатчиларининг Россияни “жанг майдонида стратегик мағлубиятга учратиш” истаги Кремлни фақатгина “охиригача бориш”га мажбур қилиши мумкин, холос.

“Ғарб мамлакатлари сиёсатчилари бизнинг стратегик мағлубиятимизга эришишни хоҳлаётганларини айтишмоқда, бироқ Россия учун бу ўз давлатчилигининг тугаганини англатади. Аҳвол шундай бўлганидан кейин “нимадан қўрқишимиз керак, охиригача борганимиз яхши эмасми?” деган масала кўндаланг бўлади”, дея иқтибос келтирган “Медуза” нашри Путин сўзларидан.

Россия президенти ўз сўзида ҳозирда муҳтамал душман томонидан ядро қуроли қўлланилганига жавобангина ядровий қурол қўллашни кўзда тутган мамлакат ядровий доктринасига ўзгартишлар киритиш эҳтимоли ҳақида ўйлаётганини ҳам билдирган.

“Бироқ доктринада бизга превентив зарба керак эмас, биз жавоб зарбасида ҳам душманни йўқ қила оламиз”, дея ўз сўзига аниқлик киритган Путин.

Тожикистонда собиқ ташқи ишлар вазири қўлга олинди

Ҳамрохон Зарифий
Ҳамрохон Зарифий

Душанбеда 12 июнь куни Тожикистон собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий қўлга олинган. Бу маълумотни 18 июнь куни Озодликнинг тожик хизматига бир неча манба тасдиқлаган.

“Озоди” манбаларидан бирига кўра, 16 июнгача Зарифий Тожикистон ИИВнинг Душанбедаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланган, бироқ кейин у қайси ҳибсхонага кўчирилганидан манбанинг хабари йўқ.

Собиқ вазир сўроқдан кейин қўйиб юборилгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлган, бироқ бу маълумотни таҳририят манбаларидан биронтаси тасдиқламаган.

Расмий тузилмалар собиқ мулозимнинг қўлга олингани ёки озод қилинганига оид маълумотни тасдиқлаган ҳам, рад қилган ҳам эмас.

74 ёшли Ҳамрохон Зарифий айни пайтда нафақада. “Озоди” манбалари собиқ вазир нима сабабдан қўлга олинганини билмасликларини айтишган. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба “қўлга олиш ва сўроқ Зарифий вазир бўлиб ишлаган пайтда ТИВ биноси қурилиши чоғида содир этилган иқтисодий жиноят билан боғлиқ” эканини маълум қилган.

Ҳамрохон Зарифий “давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга уринганлик” айблови билан ушланган Тожикистон парламенти депутати Саиджаъфар Усмонзода билан бир кунда қўлга олинган.

Тожикистон мухолифати Зарифийнинг қўлга олинишини Усмонзода иши билан боғламоқда. Бу борада расмийлар томонидан бирор изоҳ берилмаган. Озодликнинг тожик хизмати суҳбатдошлари Зарифий Саиджаъфар Усмонзода билан мулоқот қилиб турганини, бироқ унинг қўлга олиниши собиқ депутат иши билан боғлиқ ёки эмаслигини аниқ билмасликларини айтганлар.

14 июнь куни Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон Усмонзодани депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш тақдимномаси билан парламент депутатларига мурожаат қилган. Мажлисда иштирок этган депутатларнинг ҳаммаси бир овоздан прокуратура илтимосномасини қаноатлантиришиб, Усмонзоданинг ҳибсга олинишига розилик беришган.

Усмонзоданинг қариндошлари “Озоди” радиоси билан суҳбатда депутатга қўйилган ҳокимиятни эгаллаб олишга уринганлик айбловини “туҳмат” деб аташиб, “бундай режа Усмонзоданинг ҳатто хаёлида ҳам ҳеч қачон бўлмаган”ини айтишган.

Меҳнат фаолиятини Кўлоб педагогика институтида ўқитувчиликдан бошлаган Ҳамрохон Зарифий 1974 йилдан бошлаб Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ), 1993 йилдан эса Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлаган.

Қатор йиллар давомида Тожикистоннинг БМТ тузилмалари ва ЕХҲТдаги доимий вакили, шунингдек, Ғарбдаги қатор мамлакатларда элчи лавозимларини эгаллаган Зарифий 2006 йил декабридан 2013 йил 31 ноябригача ташқи ишлар вазири ўлароқ фаолият юритган эди.

Москвада ноқулай об-ҳаво 2 кишининг ўлимига сабаб бўлди

Россия пойтахтида 20 июнь куни қўпган кучли шамол натижасида икки киши ҳалок бўлди, 10 чоғли одам жароҳатланди. Тезкор хизматлар маълумотига кўра, қурбонлардан бирини парклардан бирида дарахт босиб қолган, иккинчиси эса қурилиш ҳавозаси билан бирга қулаш оқибатида вафот этган.

Шаҳардаги парклар эрталабдан бери ёпиқ. Расмийлар шаҳарликларни кўчага чиқмасликка чақирган.

Кучли шамол Москва шаҳри ва вилоятида пайшанба куни туш пайтида бошланган.

Ҳодиса гувоҳлари ижтимоий тармоқларда кучли шамол ва жала таъсирида қўпорилган ва синган дарахтлар, йиқилган реклама лавҳалари ва кўча қурилмалари акс этмиш видеоларни ёйинламоқдалар. Минтақада қуюнлар кузатилган.

Расмий маълумотларга кўра, Москва вақти билан соат 14:00 бориб ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бир бола дохил камида 10 киши жабрланган.

Москва вилоятида довул туфайли 200 та дарахт қулаган, 26 машина шикастланган, камида бир киши тан жароҳати олган. Бу ерда шамол тезлиги сониясига 25 метрга етган.

Об-ҳаво кескин бузилишига оид огоҳлантирувлар Марказий Россиянинг бошқа ҳудудлари ва Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам эълон қилинган. Киевда ҳам кучли шамол бўлиб, жала қуйиши мумкинлиги айтилган. 21 июнь куни довул Чехиянинг шарқий ҳудудларига ҳам етиб бориши тахмин қилинмоқда.

ЕИ мамлакатлари элчилари Россияга қарши 14-санкция пакетини мувофиқлаштиришди

Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари Россиянинг Украинага босқини туфайли Москвага қарши 14-санкция пакетини мувофиқлаштиришган. Бу ҳақда “Озод Европа/Озодлик радиоси” медиакорпорациясининг Брюсселдаги мухбири Рикард Йозвяк хабар қилди. Чекловлар Россиянинг суюлтирилган табиий гази ва нефть транспортировкасига қарши киритилиши кутилмоқда.

Айни пайтда ЕИда раислик қилувчи Бельгия ваколатхонаси хабарномасида мазкур санкция пакетида “мақсадли янги чоралар” кўзда тутилган бўлиб, у “мавжуд тирқишларни ёпиб, амалдаги санкциялар таъсирини максимал даражада кучайтиради”, дейилган.

EUobserver нашрининг ҳужжат лойиҳасига таянган ҳолда ёзишича, санкцияларнинг янги пакетида Россия суюлтирилган газни тушириб-ортиш ва гелий экспортига тақиқ, қўш мақсадли технологиялардан фойдаланишга ҳамда Украинада ўғирланган санъат асарлари савдосига чеклов киритиш назарда тутилган.

Санкция пакетининг қабул қилиниши Германия позицияси туфайли кeчикаётган эди, бироқ, Йозвякнинг маълум қилишича, 19 июнь куни бу масалада муросага эришилган.

Санкция рўйхатига “Русская медная компания” асосчиси Игорь Алтушкин, “Луганск халқ республикаси элчиси” Родион Мирошник, қўшиқчи Полина Гагарина, президент Путин маъмуриятининг собиқ ходими, “Интернетни ривожлантириш институти” аноним нотижорат ташкилоти бош директори Алексей Гореславский, “Балтика” ширкати собиқ президенти Таймураз Боллоев ва бошқалар киритилиши мумкин. Шунингдек, Россиядаги бир неча корхона юридик шахслар санкция рўйхатига киритилиши кутиляпти.

Санкцияларнинг янги пакети, тахминларга кўра, 27-28 июнь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ саммити чоғида ёки мазкур анжуман арафасида қабул қилинади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG