Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:17

Блог: Яшасин цензура!


Шу туркларга қойил қолмадим-да. Сиркаси сув кўтармайдиган халқ экан. Ҳадеса қўлида алламбало плакатлар кўтариб, намойишга йиғилади. Бекорчихўжами, қиладиган иши йўқми? Ё бу намойиш дегани бир эрмак – ҳобби бўлиб қолдими уларга?


Телевизорда кўрсатди, тунов куни Истанбулда яна намойиш бўлди. Тақсим майдонини тумонат одам босди. Бултур хиёбонни деб кўчага чиққанди минглаб одам (Тавба, битта хиёбондаги дарахтлар кесилса кесилибди, шунгаям ота гўри қозихонами?! Ана, Тошкентда 150 ёшли чинорларга қирон келтирилди, биров ғинг демади-ку!).

Бу гал интернетда цензура жорий этилгани омманинг норозилигига сабаб бўлди. Туркия ҳукумати интернетдаги террорчилик, порнография ва бошқа мавзудаги сайтларни суд қарорисиз ёпиб қўйиш (блокировка қилиш) ҳуқуқига эга бўлди. Парламент бу ҳақдаги қонунни 6 февралда қабул қилганди. Президент Абдуллоҳ Гул ҳам пайсалга солмай, темирни қизиғида босди: қонунни азза-базза имзолаворди.

Турк мухолифати ҳукуматга интернет сайтларини маҳкама изнисиз ёпиб қўйиш ҳуқуқи берилишини “сўз эркинлигининг чекланиши”, деб баҳолади. Бу, айниқса, ўтюрак ёшларга кўп-да хуш келмади. Қарабсизки, яна бир неча минг ялангтўш ёш-яланг Тақсим майдонида жам бўлиб турибди-ку.

Ўлмаган ўзбекнинг жони экан-да!

Турк ҳукумати-ку интернет цензурасига қонуний тус берибди – бу ҳақдаги қонунни парламент йўли билан тасдиқлатиб олибди. Ўзбекистонда интернет дегани қачонлардан бери парламент-марламентнинг қонунисиз, суд-пуднинг қарорисиз блокировка қилиняпти-ку.

Турклар ҳадеб густоҳлик қилавермай, Ражаббой акага (Туркия бош вазирини айтяпман) раҳмат десин. Бу ёғини сўрасангиз, Ражаббой акамиз асли шу оддий халқни ўйлаб, интернетни цензураламоқчи-да. “Одамларнинг қулоғи тинч бўлсин, асаби бузилмасин” деган муддаода ёпмоқчи-да нобоп сайтларни.

Э-э, барибир тушунолмадим шу туркларни. Бошидан офтоб урадими, шаррос ёмғир қуядими, фарқи йўқ – ҳақ деб туравераркан намойишда. Жонини ҳузурини билмаган анойилар! Ундан кўра, чойхонага бориб, оёқни осмондан қилиб ётмайсанми, паловхонтўрани паққос тушириб, чилимни қуриллатиб тортиб...

Ҳа-я, чилим деганда ёдимга тушиб кетди. Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сида такяхонадаги портлаш саҳнаси эсингиздами? Манқалдондаги шиша қизиб кетиб, бехос портлаб кетади-ку. Ўшанда жон аччиғида ерга узала тушиб ётволган банги Ҳожи бобо айтган гап ҳам эсингиздадир? “Айтгандим-а, ҳукуматнинг ишига аралашмайлик, деб” дейди-ку жони кўзига ширин кўриниб кетган гиёҳванд чол.

Ҳожи бобо бекорга шундай демаган. Ҳожи бобо мансуб ўзбек халқининг ҳам билгани билган. Арзимас масалаларни деб намойишга чиқмайди, жонини койитмайди. Тўғри қилади! Бундан наф йўқлигини билади-да.

Цензурани йўқотиб бўларканми? Ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган ўлмас Кошчей-ку у! Ура! Яшасин цензура!

Собиқ демократ, содиқ автократ

XS
SM
MD
LG