Линклар

Шошилинч хабар
02 октябр 2020, Тошкент вақти: 03:40

Халқаро хабарлар

ФИФА президенти истеъфо берди

Йозеф Блаттер бир неча кун олдин 5-муддатга президентликка сайланган эди.

ФИФА президенти Йозеф Блаттер коррупция билан боғлиқ жанжал ортидан истеъфо берганини билдирди.

Цюрихда 2 июнь куни ўтган матбуот анжуманида бу ҳақда айтган Блаттер янги президенти сайлаш учун тез орада навбатдан ташқари қурултой чақирилиши кераклигини айтди.

79 ёшли Блаттер АҚШ ва бир қатор Европа давлатлари қаршилигига қарамай, 29 май куни бешинчи марта ФИФА президентлигига сайланган эди. Блаттер матбуот анжуманида “бу сайлов футбол оламида барча томонидан қўллаб-қувватланмаётгани”ни ҳам айтиб ўтди.

27 май куни Швейцария полицияси ФИФАнинг 7 мулозимини 2010, 2018, 2022 йилги Жаҳон чемпионатлари мезбонларини аниқлашда коррупцияга йўл қўйганликда айблаб ҳибсга олган эди. Қўшма Штатлар ҳам ФИФАга нисбатан айблов билдирган.

Йозеф Блаттер ФИФАни 1998 йилдан бери бошқариб келган.

Кун янгиликлари

Трамп, Макрон ва Путин Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлари тўхтатишга чақиришди

АҚШ, Франция ва Россия президентлари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасидаги вазиятга доир қўшма баёнот ёйинлашди. У ерда Озарбайжон армияси билан Қорабоғ қуролли гуруҳлари ва Арманистон армияси ўртасида беш кундан буён жанглар давом этмоқда.

Уч мамлакат лидерлари жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ҳамда Ереван билан Боку ўртасида музокаралар бошлашга чақирганлар, дея хабар қилди France-Presse агентлиги Елисей саройи баёнотига таянган ҳолда.

Дональд Трамп, Эммануэль Макрон ва Владимир Путиннинг қўшма баёноти матни Кремль сайтида ҳам эълон қилинган. Унда президентлар тўқнашув ҳудудида ҳалок бўлганлар юзасидан ўз қайғу-надоматларини изҳор қилишгани, Озарбайжон ва Арманистон президентларини эса ЕХҲТ воситачилигида ҳеч қандай шарт қўймай, музокара бошлашга чақиришгани айтилади.

Озарбайжон билан Арманистон ўртасида қуролли тўқнашув Тоғли Қорабоғ ҳудудида 27 сентябрь куни қайта бошланди. Бир неча кундан бери давом этаётган жангларда, турли маълумотларга кўра, ўнлаб ёки юзлаб одам ҳалок бўлган. Томонлар тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар борлигини айтиб, бир-бирларини оғир қуроллардан ҳамда ёлланма жангчилар кучида фойдаланаётганликда айбламоқдалар.

COVID-19: Чехияда кейинги ҳафтадан фавқулодда вазият тартиби жорий этилади

Прагадаги Карлов кўпригида реклама учун суратга тушаётган моделлар, 2020 йил майи.

Чехия ҳукумати 5 октябрдан мамлакатда 30 кунлик фавқулодда вазият тартиби жорий этилиши ҳақида эълон қилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Роман Примула душанбадан камида икки ҳафтага мактаблар ёпилиши, оммавий спорт тадбирларига бориш тақиқланишини маълум қилди. Унга кўра, ёпиқ биноларда ўтказиладиган тадбирларда иштирокчилар сони 10 нафардан, очиқ ҳавода ўтказиладиган тадбирларда эса иштирокчилар сони 20 нафардан ошмаслиги лозим.

Расмий маълумотларга кўра, 30 сентябрь куни Чехияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 1 минг 80 та ҳолат қайд этилган. Мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони эса 68 минг 919 нафарга, қурбонлар сони эса 655 нафарга етган. Беморларнинг 34 минг нафардан кўпроғи муолажаси давом этмоқда.

Чехияга қўшни бўлган Словакияда 1 октябрдан бошлаб 45 кунлик фавқулодда вазият тартиби жорий этилди. Чехиядан Словакияга келаётганлар коронавирусга тест топширишлари ёки карантинда ўтиришлари керак бўлади.

Германия расмийлари 25 сентябрь куни Чех Республикасини “хатар ҳудуди” деб эълон қилган. Ҳозирда Чехиядан Германияга бораётганлардан ҳам COVID-19 га чалинмаганига оид маълумотнома кўрсатиш талаб қилинмоқда. Ҳолландия, Дания, Бельгия ва Кипр каби мамлакатлар ҳам чегарадан кириб келаётган чехияликлар учун чекловлар жорий қилганлар.

Телеграм-каналларда изоҳ қолдириш имконияти пайдо бўлади

Telegram мессенжерининг асосчиси Павел Дуров яқин орада Телеграм-каналларда постларнинг остида изоҳ қолдириш имконияти пайдо бўлиши ҳақида эълон қилди. У янги функцияни ўз каналида синов режимида ишга туширган.

Янги функция гуруҳ чатига (суҳбатхонасига) ўхшашини қайд этган Дуров фойдаланувчилар изоҳни ёзув шаклида ҳам, овозли хабар шаклида қолдириши мумкинлигини қўшимча қилди.

Telegram шу кунгача пост остида изоҳ қолдириб бўлмайдиган ягона ижтимоий тармоқ эди. Кўплаб блогерлар бу платформани айнан изоҳ бўлимида интернет-троллар ва ботлар хуружидан сақланиш имкониятини бергани учун бошқа платформалардан афзал кўришарди.

Telegram мессенжери Ўзбекистонда ҳам жуда оммалашган бўлиб, ундаги каналлар орқали маълумот тарқатиш имкониятидан нафақат нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар, балки давлат идоралари ҳам актив фойдаланадилар.

Навальний ўзининг заҳарланиши ортида Путин турганини даъво қилмоқда

Алексей Навальний.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Германиянинг Der Spiegel журналига берган интервьюсида ўзининг заҳарланиши ортида президент Владимир Путин турганини билдирди.

Мен бу жиноят ортида Путин турганини даъво қиламан, менда бу ҳодисага оид бошқа версия йўқ”, деди Навальний нашр билан суҳбат чоғида.

Мухолифатчи Россияга қайтмоқчи эканини ҳам айтган. “Мен қўрқмайман”, дея таъкидлаган у.

Алексей Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги “Шарите” клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальний “Новичок” оиласига кирувчи модда билан заҳарлангани ҳақида Германия расмийлари бундесвер лабораториясида олинган таҳлил натижаларига таянган ҳолда маълум қилганлар. Кейинроқ бу маълумотни Франция ва Швеция лабораториялари ҳам тасдиқлаган. Сиёсатчининг қай йўсинда заҳарлангани ҳалигача маълум эмас. Der Spiegel нашри заҳар қолдиқлари Навальний ичимлик ичган шишадан ҳам топилгани ҳақида хабар қилган. Мухолифатчининг сафдошлари уни Томскда Навальний яшаган меҳмонхона номеридан олиб кетганлар.

Сиёсатчининг сафдошлари у касалхонага ётқизилиши билан жамоат арбобига суиқасд ва террорчилик моддалари бўйича жиноят иши очишни талаб қилишган. Мазкур ҳодиса бўйича Россияни суриштирув ўтказишга АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам чақирган. Россиялик расмийлар эса жиноят иши очиш учун асос йўқлигини таъкидламоқдалар. Улар Навальнийдан Россияда олинган таҳлилларда заҳарли модда топилмаганини иддао қилишиб, унинг заҳарланганига шубҳа билан қараяптилар.

Ўтган ҳафта Навальний “Шарите” клиникасидан соғайиб чиққанди. У Берлиндаги мазкур клиникада жами 32 кун ётган, бундан 24 кун мобайнида реанимация бўлимида сақланган.

Тихановская Беларуснинг "соядаги ҳукумати"ни шакллантирмоқда

Тихановская Лукашенко нолегитим президент эканини таъкидлаб, у президентлик ваколатини бажара олмаслигини айтди.

Беларус президентлик сайловида амалдаги президент Александр Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская Литвада Беларуснинг "соядаги ҳукумати"ни шакллантира бошлади.

Тихановскаянинг ёрдамчилари мухолифатнинг расмий Telegram-каналида 30 сентябрда эълон қилинган баёнотда билдирилишича, таниқли адвокат ва ҳуқуқ фаоли Хари Паханяйла инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, иқтисодий эксперт Алесь Аляхнович иқтисодий ислоҳотлар бўйича вакил этиб тайинланди.

Тихановская Telegram-каналида Александр Лукашенко нолегитим президент эканини таъкидлаб, у президентлик ваколатини бажара олмаслигини айтди.

Аввалроқ Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳам Лукашенкони бундан буён президент ўлароқ тан олмасликларини билдирганлар. Ўтган ҳафта Александр Лукашенкони қасамёдга келтириш маросими бўлиб ўтган, бу унга қарши бўлган одамларнинг норозилигини янада кучайтириб юборган.

27 сентябрь куни Минскда галдаги кўп минг кишилик акция бўлиб ўтган. Норозилик тадбири иштирокчилари уни Лукашенконинг рақиби бўлмиш “Светлана Тихановскаянинг халқона инаугурацияси” деб атаганлар.

Қозоғистонда “Кавасаки синдроми”га ўхшаш касалликдан икки бола вафот этди

Врачлар “Каваскаи синдроми”га ўхшаш касаллик коронавирусдан соғайган болаларда кузатилаётганини билдирмоқда.

Қозоғистонда “Кавасаки синдроми”га ўхшаш касалликдан икки ва уч ёшли икки бола вафот этди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизмати маълум қилди.

Қозоғистон “Педиатрия ва болалар жарроҳлиги илмий маркази” раҳбари Риза Боранбаеванинг айтишича, она-оналар болаларни касалхонага кечроқ олиб келгани сабабли уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти бўлмади.

Врачлар “Каваскаи синдроми”га ўхшаш касаллик янги типдаги коронавирусга чалиниб, соғайиб чиққан болаларда кузатилаётганини билдирмоқда. Вафот этган икки бола ҳам бир неча ҳафта олдин COVID-19 билан оғриган.

Боранбаеванинг айтишича, ҳозиргача Қозоғистонда “Кавасаки синдроми”га ўхшаган мультисистемали касалликка чалинган болалар сони 41 нафарга етди.

Уларнинг барчасида коронавирусга қарши антитаначалар пайдо бўлиб, 37 нафари соғайди.

“Коронавирус касаллигини енгил ўтказган болалар “Кавасаки синдроми”га ўхшаган мультисистемали касалликка дучор бўлмоқда. Агар коронавирусдан соғайган боланинг баданида соғайганидан сўнг икки-олти ҳафта ичида қизил доғлар пайдо бўлса, иситма чиқса тезликда шифокорга мурожаат қилиш керак. Бу ҳолатда ташҳис ўз вақтида қўйилиб, боланинг соғайиб кетиш эҳтимоли катта бўлади”,-дедиРиза Боранбаева.

Қозоғистонда болаларнинг “Каасаки синдроми”га ўхшаш касалликка чалиниши илк маротаба 4 августда қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган болаларда «Кавасаки синдроми» кузатилгани ҳозирча расман тасдиқланмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева 4 сентябрда ўтган брифингда “Кавасаки синдроми” генетик касаллик бўлиб, у асосан 4-5 ёшгача бўлган болаларда учрашини таъкидлаган эди.

Тоғли Қорабоғда бешинчи кун жанглар давом этмоқда

Озарбайжон ҳарбий техникаси.

Озарбайжон Арманистон Қуролли кулари Фузулий туманидаги Горадиз шаҳрини бомбардимон қилганини билдирди.

Озарбайжон Бош прокуратурасининг билдиришича, Арманистон отган бомба автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси яқинида портлаган. Оқибатда бир киши ҳалок бўлди, уч киши жароҳатланди.

Бош прокуратура чоршанба куни Тертер тумани ҳам Арманистон томонидан бомбардимон қилинганини билдирди. Арманистон ҳукумати ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.

Тоғли Қорабоғда жанглар беш кундан бери давом этмоқда. Ўзаро отишмалар натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани маълум қилинди.

29 сентябрда Ереван Арманистон ҳаво ҳудудида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли Су-25 учоғи Туркиянинг F-16 учоғи зарбаси билан уриб туширилганини билдирди. Бунинг ортидан Арманистон Мудофаа вазирлиги расмий вакили Шушан Степанян 30 сентябрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги ҳаво жангларини ўтказишни Туркия ҳарбий ҳаво кучларига топширганини иддао қилди.

Расмий Анқара Арманистоннинг бу иддаосини рад этди. Озарбайжон эса ҳаво кучлари таркибида F-16 қирувчи самолёти йўқ эканини билдирди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган. Тоғли Қорабоғ мустақиллигини жаҳонда ҳеч бир давлат тан олган эмас.

Беларусдаги TUT.BY портали уч ойга ОАВ мақомидан маҳрум қилинди

Беларусь Ахборот вазирлиги TUT.BY онлайн нашрининг фаолияти 1 октябрдан бошлаб уч ойга тўхтатилиши ҳақида эълон қилди. Бунга оид буйруқ ахборот вазири Игорь Луцкой томонидан имзоланган.

Мазкур қарор эртадан бошлаб TUT.BY нашри оммавий ахборот воситаси мақомини йўқотишини англатади. Нашр вакиллари, ОАВ мақоми йўқотилишига қарамай, аввалгидай интернет-ресурс сифатида ўз ишларини давом эттираверишларини билдирганлар.

TUT.BY қайдича, Беларусда интернет-ресурсларнинг онлайн нашр ўлароқ рўйхатдан ўтиши ихтиёрийдир. Оммавий ахборот воситаси мақоми қонуний асосда қуролли тўқнашувлар содир бўлаётган жойларда юриш ёки фавқулодда вазиятларда, оммавий тадбирларда, ижтимоий аҳамиятга эга воқеа жойларида эркин ҳаракатланиш ва у ерлардан ахборот узатиш каби айрим имтиёзларни беради.

TUT.BY оммавий ахборот воситаси сифатида ўтган йилнинг январида рўйхатдан ўтган, унгача эса, яъни таъсис этилган 2000 йилдан бери портал ОАВ мақомисиз фаолият юритган.

TUT.BY мустақил портали Беларусдаги сўнгги президент сайлови кампанияси ҳамда сайлов натижаларини қайта кўриб чиқиш талаби билан ўтказилган оммавий норозилик чиқишларини фаол ёритган. Мазкур оммавий намойишлар иштирокчилари сайлов натижалари Александр Лукашенко фойдасига сохталаштирилганини айтиб келадилар. TUT.BY ҳар куни Лукашенко мухолифларининг шу кунгача давом этиб келаётган чиқишлари ҳамда фаолларнинг шафқатсиз йўсинда қўлга олинишларига оид материалларни ёйинлаб келмоқда.

Шу йил 7 августида нашр Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунни бузганлиги ҳақида тўртта огоҳлантирув хати олган. Бу Ахборот вазирлигига нашр фаолиятини тўхтатиш ҳақида судга даъво аризаси киритиш ҳуқуқини беради. Бу каби ариза вазирлик томонидан Минск Иқтисодий судига йўлланган. Маҳкаманинг илк мажлиси, “Интерфакс” агентлигининг хабар қилишича, 8 октябрга белгиланган.

Қирғизистон: Парламент сайловида қарийб ярим миллион қирғизистонлик овоз бера олмайди

Қирғизистонда жорий ҳафта охирида бўлиб ўтадиган парламент (Жўғўрқу Кенеш) сайловида ярим миллион чоғли сайловчи овоз бера олмайди. Бу ҳақда 30 сентябрь куни Қирғизистон Давлат қайд хизмати Озодликнинг қирғиз хизматига маълум қилган.

Қайд этилишича, қирғизистонликлардан 437 минг 384 нафари биометрик қайддан ўтмаган ва ҳали ҳам эски намунадаги ID-паспортлардан фойдаланиб юришибди. Мамлакат қонунларига кўра, бундай ватандошлар сайловда овоз беролмайди.

Қирғизистон МСК маълумотларига кўра, сайловчилар рўйхатига 3,5 миллионга яқин одам киритилган.

Биометрик маълумотларга оид қонун 2014 йилда қабул қилинган. Биометрик қайдга олиш ишини Давлат қайд хизмати амалга оширади. Қирғизистонда биометрик паспортлар бериш 2017 йил май ойидан бошланган.

Қирғизистонда галдаги парламент сайлови шу йилнинг 4 октябрига белгиланган. Сайловолди пойгасида 16 та партия иштирок этмоқда.

Париж полицияси пойтахтда портлаш содир бўлганига оид хабарларни рад этди

Париждаги полиция ходимлари (архив сурати).

Париж полицияси аввалроқ пойтахт узра эшитилган гулдурос портлаш товуши эмаслигини билдирди. Тартиб посбонларига кўра, мазкур овоз тўсиқдан ўтган қирувчи учоқдан чиққан.

Олдинроқ қатор нашрлар воқеа гувоҳлари сўзларига таянган ҳолда, Парижда қаттиқ портлаш овози эшитилгани ҳақида хабар қилгандилар.

Полиция префектурасининг Twitter микроблогидаги саҳифасида бунинг портлаш бўлмагани маълум қилинган.

Эрон Саудияда қўлга олинган террорчиларни тайёргарликдан ўткизганини инкор қилди

Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Саид Хатибзода.

Саудия Арабистони ҳукумати мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган террорчи гуруҳ аъзолари қўлга олинганини билдирди.

Саудия мазкур гуруҳ Эрон томонидан тайёргарликдан ўтказилганини ҳам маълум қилди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Саид Хатибзода Саудия Арабистони ҳукумати билдирган айбловни инкор қилди. У Саудияни “бекорчи сценарийларни тўқиб чиқаргандан кўра ақл билан иш юритишга“ чақирди.

29 сентябрга ўтар кечаси Саудия Арабистони бундан бир ҳафта авввал 10 кишидан иборат террор гуруҳи қўлга олинганини билдирган эди. Саудия Давлат хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича, террор гуруҳи аъзолари Эрон Инқилоб посбонлари корпусида тайёргарликдан ўтган.

Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги муносабатлар кўп йиллардан бери мураккаб бўлиб қолмоқда. Саудия Арабистонида 2016 йилда таниқли шиа уламоси қатл этилгани ортидан эронликлар теҳрондаги Саудия дипломатик миссияларига ҳужум қилган. Шундан сўнг Саудия Эрон билан дипломатик алоқаларни тўхтатиб қўйган.

Қувайт амири 91 ёшида АҚШда вафот этди

Қувайт амири Сабоҳ ал Аҳмад ас-Сабоҳ.

Қувайт амири Сабоҳ ал Аҳмад ас-Сабоҳ 29 сентябрь куни 91 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Қувайт расмийлари маълум қилди.

Сабоҳ ал Аҳмад ас-Сабоҳ Қувайт амири тахтини 14 йилдан бери эгаллаб келаётганди. Бунга қадар у деярли ярим аср амирликнинг ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган.

Сабоҳ Форс кўрфазидаги йирик нефть конларига эгалик қилган ҳамда АҚШнинг яқин иттифоқчиси бўлган.

Қувайтдаги энг катта инқироз 1990 йилда Ироқ қўшинлари мамлакатга бостириб кирганида юз берган эди. Ироқ 7 ой Қувайтни оккупация қилган. 1991 йилнинг февралида АҚШ ва унинг иттифоқчилари Қувайтга киритилган ва Ироқ қўшинларини тор-мор этиб, мамлакатни озод қилганди.

Сўнгги пайтларда Сабоҳ оғир касалликни бошдан кечираётган эди. 2020 йилнинг августида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг амир даволаниш учун АҚШга келган.

Сабоҳнинг ўрнига унинг укаси -валиаҳд шаҳзода Наваф ал Аҳмад ас Сабоҳ тахтга ўтириши кутилмоқда.

Канада ва Британия Александр Лукашенкога қарши санкция жорий қилди

Лукашенко Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келади.

Британия ва Канада ҳукумати Александр Лукашенко, унинг ўғли Виктор ва яна қатор ҳукумат мулозимларига нисбатан санкция жорий қилди.

Санкция жорий этилган шахсларга бу мамлакатларга кириш тақиқланади ва уларнинг банк ҳисоблари музлатилади.

Канада ва Британия бундай қарор қабул қилинишига Беларусда 9 августда ўтган президентлик сайлови натижалари сохталаштирилгани ҳамда норозиларга қарши ҳаддан ташқари куч қўллангани сабаб бўлганини билдирди.

Лукашенко ва унинг ўғлидан ташқари, президент маъмурияти бошлиғи Игорь Сергеенко, Ички ишлар вазири Юрий Караев, унинг ўринбосарлари Александр Барсуков ва Юрий Назаренко, Ички ишлар махсус қўшинлари қўмондони ўринбосари Хазалбек Атабеков ва Минск ОМОНининг қўмондони Дмитрий Балаба ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.

Беларусда норозилик намойишлари 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб деб эълон қилиниши ортидан бошланиб кетганди.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Тоғли Қорабоғдаги жангларни тўхтатишга чақирди

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси аскари.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматларини Тоғли Қорабоғда уч кундан бери давом этаётган «жанговар ҳаракатларни зудлик зудлик билан тўхтатиш»га чақирди.

Хавфсизлик Кенгашининг 29 сентябрда қабул қилинган баёнотини Кенгашга аъзо барча 15 давлат бир овоздан маъқуллади.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари билан мулоқот қилган ва уларни ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирган эди. Гутерриш, шунингдек, ҳар икки тарафни музокараларни қайта бошлаш ҳамда минтақага Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларини киритишга даъват қилган.

Тоғли Қорабоғдаги конфликтга Россия ва Туркиянинг ҳам аралашиб қолиш эҳтимоли борлиги халқаро ҳамжамиятни ташвишга солмоқда.

29 сентябрда Арманистон ҳукумати Туркиянинг F-16 ҳарбий учоғи арман армияси ҳарбий учоғини уриб туширгани тўғрисида маълум қилган эди. Анқара ва Боку бу маълумотни инкор қилди.

Тоғли Қорабоғда уч кундан бери жанглар давом этаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Ереван Туркиянинг F-16 учоғи Арманистоннинг Су-25 учоғини уриб туширганини иддао қилди

Туркия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли F-16 учоғи (иллюстратив сурат).

Ереван Арманистон ҳаво ҳудудида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли Су-25 учоғи Туркиянинг F-16 учоғи зарбаси билан уриб туширилганини билдирди.

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги иддаосига кўра, Су-25 учувчиси ҳалок бўлган. Аммо, Би-би-сининг хабар қилишича, Туркия бу маълумотни расман рад этган.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ёрдамчиси Фахреттин Алтун ўз мамлакати Озарбайжонга Тоғли Қорабоғни қайтариб олишда ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу эса Озарбайжоннинг Анқарадаги элчихонасига ташрифи чоғида Тоғли Қорабоғ атрофидаги зиддиятнинг ягона ечими Арманистоннинг Тоғли Қорабоғдан чиқиб кетишидир, деб айтган.

Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатлар қайта бошланганидан кейин Туркия кўп йиллардан бери ҳал қилинмай келаётган зиддиятда Озарбайжонга ёрдам беришга қарор қилганини билдирган. Ўз навбатида, Арманистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бўйича иттифоқчиси бўлган Россия турк расмийларини Бокуни очиқдан-очиқ дастаклашдан тийилишга ҳамда Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилишда кўмаклашишга чақирган.

Тоғли Қорабоғда уч кундан бери жанглар давом этаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Москвада COVID-19 туфайли мактаб ўқувчилари икки ҳафталик таътилга чиқарилди

Москва шаҳар дезинфекция маркази ходимлари пойтахт мактабларидан бирида ўқув йили олдидан дезинфекциялаш ишларини амалга оширмоқдалар.

Москва мэри Сергей Собянин коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани важидан пойтахт мактаблари учун икки ҳафталик (5 октябрдан 18 октябргача) таътил эълон қилди. Бу ҳақда Москва мэри сайтида маълумот тарқатилди.

Одатда, Россия мактабларида кузги таътил бир ҳафтагина давом этарди. “Санитар врачлар тавсиясига кўра, кузда юқумли касалликлар кўпайиши ҳамда коронавирусга чалиниш ҳолатлари ошганини эътиборга олган ҳолда мен кузги таътил давомийлигини икки ҳафтагача узайтиришга қарор қилдим”, дейилади С. Собянин баёнотида.

Бу вақт ичида масофадан туриб бериладиган дарслар ҳам ўтказилмайди. Қўшимча таълим муассасалари ҳам икки ҳафтага ўз фаолиятларини тўхтатади. Боғчалар эса одатдаги тартибда ишлашда давом этади.

Собянин ота-оналарни ўз фарзандларига таътил пайтида уйда ёки дала ҳовлида қолиш, сайр учун эса яқинроқ парк ёки ҳовлига чиқиш афзаллигини тушунтириб қўйишга чақирган.

25 сентябрдан Москва расмийлари ёши 65 дан ошганлар, сурункали касаллиги бўлганлар ва ҳомиладорларга заруратсиз уйдан чиқмаслик чақириғи билан мурожаат қилган. Моҳиятан бу баҳордаги каби “ўзини ўзи изоляция қилиш режими” қайтганини англатади. Айни пайтда Собянин пенсионерлар уйдан чиққани учун жаримага тортилмаслигини ваъда қилган.

Айрим нашрларнинг ёзишича, Россия расмийлари коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпайгани туфайли карантин чекловларини қайта тиклаш эҳтимолини муҳокама қилмоқда. Қайд этилишича, хасталикка чалинганлар сони кунига 10 мингдан ошса, яна карантин жорий қилиниши мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, 28 сентябрь эрталабки ҳолатга кўра Россияда 8 минг 135 кишида, 29 сентябрь эрталабки ҳолатга кўра эса 8 минг 232 кишида вирус қайд этилган.

Франция президенти Вильнюсда Беларусь мухолифати етакчиси Тихановская билан учрашди

Светлана Тихановская Эммануэль Макрон билан учрашувдан кейин журналистлар саволларига жавоб бермоқда, Вильнюс, 2020 йил 29 сентябри.

Франция президенти Эммануэль Макрон Литвага ташрифи доирасида 29 сентябрь куни Вильнюсда Беларусь президенти лавозимига собиқ номзод Светлана Тихановская билан учрашди. Бу ҳақда Delfi нашри хабар қилди.

Учрашувдан сўнг Тихановская Макрон Беларусдаги сиёсий бўҳронни изга солиш ҳамда сиёсий маҳбусларни озод қилишда ёрдам беришга ваъда қилганини билдирди. Франция президентининг матбуот хизмати суҳбат тафсилотларини ҳали очиқлаганича йўқ.

Тихановскаянинг матбуот хизмати аввалроқ Макрон билан суҳбат мавзуси “Беларусда янги президент сайловлари ўтказишга оид музокаралар ташкил этиш имконияти” бўлишини маълум қилганди.

Олдинроқ Макрон Александр Лукашенкони Беларуснинг легитим президенти, деб ҳисобламаслигини билдирган ва унга истеъфо кетишни таклиф қилган. Бунга жавобан Лукашенко Макронга “чор-атрофга камроқ аланглаб, Франциянинг ички ишлари билан шуғулланиш”ни маслаҳат берган.

27 сентябрь куни Минскда галдаги кўп минг кишилик акция бўлиб ўтган. Норозилик тадбири иштирокчилари уни Лукашенконинг рақиби бўлмиш “Светлана Тихановскаянинг халқона инаугурацияси” деб атаганлар.

Беларусда 50 кундан бери тинмаётган норозилик чиқишлари 9 август куни ўтказилган президент сайловида давлат раҳбари лавозимига қаторасига олти марта ўз номзодини қўйган Александр Лукашенко ғолиб, деб эълон қилинганидан кейин бошланиб кетган. Норозилар унинг истеъфога кетиши ҳамда қайта сайлов ўтказилишини талаб қилмоқдалар. Мазкур норозилик намойишлари чоғида шу кунгача камида тўрт киши нобуд бўлди, олти киши бедарак йўқолди, жабрланганлар ва ҳибсга олинганларнинг эса аниқ сонини ҳеч ким билмайди, аммо бундай кишилар минглаб эканини айтиш мумкин.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Лукашенкони бундан буён президент ўлароқ тан олмасликларини билдирганлар. Ўтган ҳафта Александр Лукашенкони қасамёдга келтириш маросими бўлиб ўтган, бу унга қарши бўлган одамларнинг норозилигини янада кучайтириб юборган.

Ўзбекистонга ноқонуний равишда 30 бошдан кўпроқ қўй олиб ўтишга ҳаракат қилганлар қўлга олинди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ўзбек аскарлари.

Қирғизистоннинг Олабуқа туманида Ўзбекистонга 33 бош қўйни ноқонуний равишда олиб ўтишга ҳаракат қилган икки нафар қирғизистонлик қўлга олинди.

Чегара хизматининг 29 сентябрда билдиришича, улар Тепақўрғон қишлоғининг Ўзбекистон билан чегарадош бўлган “33 гектар” деб номланган ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатсиз ва рухсатсиз 33 бош қўйни Ўзбекистонга ҳайдаётган пайтда ушланган.

Қўлга олинганлар Ички ишлар органларига топширилди. Қўйлар эса ортга қайтарилди.

Сўнгги кунларда Қирғизистонинг Олабуқа ва Ахси туманлари орқали чорва молларини ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб ўтиш ҳаракатлари тез-тез содир этилмоқда.

Кейинги ҳафталарда Қирғизистонда гўшт нархи камида 10 фоизга қимматлаб кетди. Сўнгги бир неча йил давомида деярли ўзгаришсиз турган нархларнинг кескин ортиб кетишини маҳаллий қассоблар ҳам, расмийлар ҳам чорванинг қўшни давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга экспорти кучайгани билан изоҳламоқда.

Польша экстремизмда гумонланган тожикистонлик муҳожирларни депортация қилди

Германияда ҳам “Ислом давлати” гуруҳига аъзоликда гумон қилинган тўрт тожикистонлик қўлга тушганди.

Польша “Ислом давлати” террор гуруҳига алоқадорликда гумонланган беш нафар тожикистонликни мамлакатдан бадарға қилди. Уларга бундан буён Шенген ҳудудига кириш тақиқланди.

Жорий йилнинг майида Польша ҳукумати “Ислом давлати” гуруҳи ғояларини тарғиб қилишда ва фуқароларни жангарилар сафига қўшилишга чақирган тўрт нафар тожикистонлик қўлга олинганини билдирган эди. Бешинчи муҳожир кейинроқ қўлга тушган.

Бундан аввалроқ эса Албанияда Германия ҳукумати террорчиликда айблаган Тожикистон фуқароси Интерпол томонидан қўлга олинганди. Маҳаллий нашрлар қўлга олинган шахс 24 ёшли Камрон Зухуров эканини, у “Ислом давлати” гуруҳи аъзоси бўлганини ёзган.

Германияда ҳам 15 апрелда “Ислом давлати” гуруҳига аъзоликда гумон қилинган тўрт тожикистонлик қўлга тушганди. 24-32 ёшдаги бу шахслар Германияда қочқин сифатида яшаб келишган.

Тожикистон ҳукумати Европада қўлга олинган фуқаролари юзасидан шу кунгача муносабат билдирган эмас.

БМТ Бош котиби Арманистон ва Озарбайжонни жангларни тўхтатишга чақирди

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматини Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни зудликда тўхтатишга чақирди.

Сўнгги хабарларга қараганда 27 сентябрда бошланиб, шу кунгача давом этаётган жангларда камида 65 киши ҳалок бўлди.

БМТ Бош котиби расмий вакили Стефан Дужаррик 28 сентябрь куни Антонио Гутерриш Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилганини билдирди.

Мулоқот чоғида Гутерриш томонларни Тоғли Қорабоққа Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларини киритиш юзасидан музокараларни жонлантиришга чақирди.

29 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилиши кутилмоқда. Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги бу зиддиятга Туркия ва Россиянинг ҳам аралашиб қолиш эҳтимоли мавжуд.

Арманистон ҳукумати икки кун ичида Туркияни “яқин ҳамкори Озарбайжонни қурол ва учувчисиз бошқариладиган самолётлар” билан таъминлаётганликда айблашга улгурди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган. Тоғли Қорабоғ мустақиллигини жаҳонда ҳеч бир давлат тан олган эмас.

Нобель мукофоти лауреати Светлана Алексиевич даволаниш учун Беларусдан Германияга кетди

72 ёшли Светлана Алексиевич Беларус мухолифатининг мувофиқлаштириш кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Беларус ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати Светлана Алексиевич даволаниш учун Германияга кетди. Алексиевич президент Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишлари авжига чиққан бир паллада Беларусни тарк этди.

72 ёшли Светлана Алексиевич Беларус мухолифатининг мувофиқлаштириш кенгаши аъзоси ҳисобланади. Норозилик намойишлари ортидан мазкур кенгаш аъзолари Беларус ҳукумати томонидан босим ва таъқибга учрамоқда.

Алексиевичнинг дугонаси Мария Войешонок AFP агентлигига ёзувчи Германияга режалаштирилган даволаниш учун кетганини тасдиқлади.

“У бир ойдан сўнг Беларусга қайтади. У мувофиқлаштириш кенгашидаги фаолиятини тўхтатмайди”,- деди Мария Войешонок.

Беларусда норозилик намойишлари 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан бошланиб кетган.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.

Германия канцлери Ангела Меркель касалхонада ётган Алексей Навальний ҳолидан хабар олди

Навальний 32 кун Берлиндаги “Шарите” касалхонасида даволанди.

Германия канцлери Ангела Меркель рус мухолифатчиси Алексей Навальний даволанаётган касалхонага бориб, унинг ҳолидан хабар олди.

44 ёшли Навальний 28 сентябрь куни ўз Твиттерида “Бу хусусий ташриф ва оиламиз билан суҳбатлашув бўлди”, деб ёзди. У Меркелга ташриф учун миннатдорчилик билдирди. Навальний 32 кун Берлиндаги “Шарите” касалхонасида даволанди.

Меркелнинг расмий вакили Штеффен Зайберт ҳам 28 сентябрда матбуот анжуманида: “Бу хусусий ташриф бўлди”, - деб билдирди ва ташриф тафсилотларини айтмади.

Меркелнинг Навальнийни бориб кўргани жамоатчиликка немис журнали Der Spiegel 27 сентябрь куни берган хабар ортидан ошкор бўлди. Журнал “Меркель Навалний билан касалхонада махфий равишда учрашди”,-деб ёзган эди.

Мухолифат лидери Алексей Навальний 20 август куни Томскдан Москвага учаётганида комага тушиб, Омск касалхонасига ётқизилган. 22 августда эса Германия ҳукумати уни Берлиндаги "Шарите" касалхонасига олиб келган эди.

Европалик мутахассислар Навальний Новичок турига кирувчи кимёвий модда билан заҳарланганини аниқлаганлар. Бироқ Россия бу маълумотларни рад этмоқда.

АҚШ президентлигига номзод Трамп ва Байден илк дебатни ўтказади

АҚШ президенти Дональд Трамп сайловчилар билан учрашмоқда.

АҚШ президентлигига номзодлар Дональд Трамп ва Жо Байден президентлик сайловига беш ҳафта қолганида ўзларининг биринчи дебатини ўтказадилар.

29 сентябрда ўтказиладиган 90 дақиқалик илк дебат мавзуси президент Дональд Трампнинг солиқлари масаласи бўлиши кутилмоқда.

New York Times бу борадаги шов-шувли мақолани эълон қилиши ортидан Трампнинг рақиби Байден дебатда мана шу мавзуга кўпроқ урғу бериш имкониятини қўлга киритди.

New York Times газетаси 27 сентябрь куни президент Дональд Трамп 2016 йилда даромад солиғи сифатида федерал бюджетга бор-йўғи 750 доллар тўлагани ҳақидаги сенсацион мақолани эълон қилган эди. Мақолада айтилишича, Трамп 2017 йилда ҳам даромад солиғи учун 750 доллар тўлаган, лекин бундан олдинги 17 йил давомида федерал бюджетга даромад солиғини тўламай келган.

Трамп мақолада келтирилган фактларни инкор қилган ва уни “фейк” деб атаган эди. Бироқ Трамп тўлаган солиқлари миқдорини жамоатчиликдан яшириб келмоқда. Байден эса тўлаган солиқлари миқдорини ошкор қилган.

Огайо штатининг Кливленд шаҳрида ўтадиган дебатни телевидение орқали юз миллионга яқин америкалик кўриши таҳмин қилинмоқда.

Трамп Республикачилар партиясидан, Байден эса Демократлар партиясидан АҚШ президентлигига номзод қилиб кўрсатилган. АҚШда президентлик сайлови 3 ноябрда ўтказилади.

Санкт-Петербургда ўзбекистонлик муҳожирларни Мослаштириш маркази очилди

Меҳнат муҳожирлари учун касбга йўналтирилган бепул таълим курсларидан бири. Москва.

Санкт-Петербург шаҳридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасининг ҳамда «Ишга марҳамат» мономарказининг Мослаштириш маркази тантанали равишда очилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 28 сентябрь куни кечга яқин маълум қилди.

Билдирилишича, марказда ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, чет тилларни ўрганиш курсларини ташкил этиш, Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолияти амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, турли тадбир ва семинарлар ўтказишга мўлжалланган.

Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва аниқ келишувларга эришиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан иборат делегация аъзолари ушбу мамлакатда бўлиб турибди.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 сентябрда “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаганди.

Мазкур қарорга асосан ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида рус тили, ўз касби бўйича малака ошириш, янги касб ўрганиш йўналишлари бўйича бепул курслар ташкил этилади.

Рубль долларга нисбатан энг кўп қадрсизланган валюталар учлигига кирди

Москва биржаси маълумотларига кўра, рубль АҚШ долларига нисбатан энг кўп қадрсизланган валюталар учлигига кирди.

Йил бошидан бери Россия валютаси АҚШникига нисбатан 21,6 фоиз қадрини йўқотган. Рублдан пастроқ даражага фақат Бразилия реали ва Туркия лираси тушган.

28 сентябрь куни Москва биржасида доллар 79 рублга чиқди. Айни пайтда евро курси 92 рублдан ошиб кетди. Бу Россия валютасининг Европа Иттифоқи валютасига нисбатан 2016 йил январидан бери энг паст поғонага шўнғишидир.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG