Линклар

Шошилинч хабар
18 сентябр 2019, Тошкент вақти: 16:42

Ўзбекистон

Ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиев Олимпиада медалидан маҳрум қилинди

Ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиев.

Халқаро Олимпия қўмитаси ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиев 2008 йилдаги Олимпиадада қўлга киритган кумуш медаль бекор қилинганини билдирди.

Халқаро Олимпия қўмитаси сайтида таъкидланишича, Жаҳон антидопинг агентлиги ўткизган қайта текширув пайтида Сослан Тигиевнинг пробасидан допинг топилган.

Аввалроқ эркин курашчи Сослан Тигиев қонидан допинг топилгани муносабати билан 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида олган кумуш медалидан ҳам маҳрум қилинган эди.

Халқаро Олимпия қўмитаси бундан аввал Пекин ва Лондон Олимпиадалари пайтида топширилган допинг пробалари қайта текширилганини билдирган эди.

Мазкур текширувлар ортидан ўзбекистонлик эркин курашчи Артур Таймазов ҳам 2008 йилдаги Олимпиада пайтида сазовор бўлган олтин медалидан маҳрум қилинган.

Кун янгиликлари

Ажрашаётган оилаларни яраштирувчи комиссиялар самара бермаётгани тан олинди

Андижон вилоятининг учта ва Фарғона вилоятининг учта туманидаги оилани яраштириш комиссиялари "ишида иштирок этаётганларнинг 68,7 фоизи яраштириш комиссиясида ишлаш учун ҳеч қандай тайёргарликдан ўтмаган. 61,9 фоизи махсус методик қўлланмаларга эга эмас. Комиссия аъзоларининг 20 фоизи оилаларни яраштириш бўйича керакли билим ва кўникмаларга эга эмас. Аъзоларнинг 23 фоизи комиссиянинг яраштириш жараёнларида фаол иштирок этмайди, 2,2 фоизи умуман қатнашмайди. Комиссия ишида фаол қатнашмаганларнинг 33,3 фоизи вақти йўқлигини рўкач қилган"

Бу хулоса «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ўтказган мониторинг натижаларида акс этгани тўғрисида kun.uz хабар қилди.

Маълум қилинишича, комиссиялар фаолиятини яхшилаш, мувофиқлаштириш мақсадида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилган.

  • «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ўз-ўзини бошқариш органлари ҳузуридаги яраштириш комиссиялари фаолияти таҳлилига бағишланган тақдимот анжуманида ажрашаётганларнинг шахсий ишига қандайдир комиссияга бирлаштирилган бегоналарнинг аралашиши қанчалик тўғри бўлади, деган саволни биров берганми-йўқми - бу ҳақда хабарда ҳеч нима дейилмаган.

Ўзбекистонлик беш боксчи Жаҳон чемпионатининг финалига чиқди

Иллюстратив сурат

Бокс бўйича Екатеринбург шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида тўққизинчи кун беллашувлари якунланди. Бироз аввал энг оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов украиналик рақибига қарши чорак финал йўлланмаси учун жанг қилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси

"Цонте Рогавага қарши баҳс олиб борган Жалолов аниқ ва кучли зарбалари билан барчанинг диққат-эътиборини тортди. Бу эса ҳакамларнинг якуний қарорида ўз исботини топмасдан қолмади ва Жалолов ҳам чорак финал масаласини ижобий ҳал қилди", дейилган қўмита хабарида.

Ўзбекистонлик 5 боксчин чорак финал босқичида жанг олиб борадиган бўлди. Мусобақани Шаҳобиддин Зоиров, Миразиз Мирзаҳалилов, Бобоусмон Батуров, Дилшодбек Рўзметов ва Баҳодир Жалоловлар давом эттиради.

Мобил телефонларни рўйхатга олиш тартиби белгиланди

Ҳукуматнинг 17 сентябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарорга мувофиқ, мобил қурилмалар:

2019 йил 1 ноябргача – уларни автоматик тарзда мобил алоқа операторлари тармоқларига улаш (активлаштириш) орқали бепул асосда;

2019 йил 1 ноябрдан – жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали бепул, 2019 йил 1 декабрдан эса пулли асосда рўйхатга олинади.

Низомга кўра, мобил қурилмаларни рўйхатга олиш Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига мурожаат бўйича амалга оширилади.

Аввал рўйхатга олинган мобил қурилмалар қайта рўйхатга олинмайди.

Петербургда миллатчилар ўзбекистонлик муҳожирни пичоқлади

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон фуқароси миллатчилар томонидан пичоқланди.

“Фонтанка” нашрининг билдиришича, Петербургга Москвадан келган 17-20 ёшли тўрт миллатчидан икки нафари 16 сентябрда кўчада Ўзбекистон фуқароси билан низолашган ва уни пичоқлаган.

Ўзбекистон фуқароси оғир тан жароҳатлари билан касалхоналарнинг бирида реанимация бўлимида сақланмоқда.

Полиция 17 сентябрь куни жиноятни содир этганликда гумон қилинганларни қўлга олди.

Расмий маълумотда айтилишича, қўлга олинганларнинг баданларида фашизм рамзлари акс этган татуировкалар, жумладан, фашистик свастика ва немис махсус отрядларининг белгилари бўлган. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

“Сова” ахборот-таҳлилий марказининг билдиришича, 2019 йилнинг январидан августигача Россиянинг 14 минтақасида миллатчилар ҳужумлари қайд этилган. Ҳужумлар оқибатида беш одам ҳалок бўлган, 26 одам жароҳатланган.

Ғурумсарой полигонида "Марказ -2019" машғулотлари бошланди

Ўзбекистон ҳарбий техникаси.

“Марказ – 2019” халқаро ҳарбий ўқув машғулотлари доирасида 17 сентябрь куни Наманганнинг Ғурумсарой полигонида ўтказиладиган Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг қўшма машғулотлари бошланди.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, бу ерга келган тожик ҳарбийларини тантанали кутиб олиш маросими 16 сентябрда бўлиб ўтган эди.

Ғурумсарой полигонида ўтадиган машғулотда ҳар иккала томондан 200дан ортиқ аскар, ҳарбий самолётлар ва вертолётлар иштирок этади. Ғурумсарой полигонида шартли террорчи гуруҳларини йўқ қилиш бўйича вазифалар амалда бажарилади.

Бундан ташқари “Марказ – 2019” машғулотлари 16 сентябрдан 21 сентябргача Оренбург, Доғистон, Астрахан, Челябинск, Кемерово ва Олтойда ўтказилади. Унда 128 минг ҳарбий, 20 минг техника, 600га яқин самолёт ҳамда вертолёт, 15тагача ҳарбий кема иштирок этишини маълум қилди.

“Марказ-2019” ўқув машғулотларида 8 мамлакат - Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингенти иштирок этади.

Ўзбекистоннинг юз кишидан иборат аскарлари гуруҳи Оренбургнинг Донгуз полигонига 7 сентябрь куни етиб келган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд тўйхонасидаги оммавий заҳарланиш ҳақида маълумот берди

Оммавий заҳарланиш тўйдаги айниган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш ортидан бошланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри тўйхоналаридан бирида юз берган оммавий заҳарланиш ҳақида баëнот берди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра¸ “вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жорий йил 16 сентябрь куни соат 16:10 дан соат 18:30 га қадар турли хонадонларда яшовчи етти нафар фуқаро бир хил клиник белгилар (кўнгил айниш, қайт қилиш, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиш, тана хароратининг юқорилиги, ҳолсизлик) билан мурожаат қилишган.

Ўтказилган тезкор эпидемиологик суриштирувларда барча беморлар 14 сентябрь куни кечки вақтда Регистон кўчасида жойлашган “Мўъжиза” ресторанида ўтказилган тўйда иштирок этиб, тўйдан сўнг ортиб қолган гўшт ҳамда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини уйларига олиб кетишган. Улар бу таомларни хонадонларида тўйнинг эртаси куни, яъни, жорий йил 15 сентябрь куни тушликда ва кечки овқатда истеъмол қилишган.

Беморларда 15 сентябрь куни кеч соат 18:00 ларда кўнгил айниши ва қайт қилиш каби клиник белгилар билан касаллик бошланган. Айримлари уй шароитида муолажа ўтказишган, аҳволи яхшиланмагач, “тез тиббий ёрдам”га мурожаат қилишган.

Айни пайтга қадар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўн етти нафар бемор мурожаат қилган. Уларга овқат токсикоинфекцияси енгил ва ўрта оғир даражаси ташхиси қўйилиб, ўн бир нафари ётиб даволанаяпти, аҳволи яхши. Қолган олти нафарининг аҳволи яхшилангач, уйига рухсат берилган.”

Расмий баëнотда айтилишича¸ вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган.

АҚШ ўзбек божхоначиларига радиацияни аниқлаш ускунасини топширди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ва Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ускунани топшириш маросимида. АҚШ элчихонаси сайтидан олинган сурат.

АҚШ 16 сентябрь куни Ўзбекистонга радиацияни аниқлаш ускунасини топширди.

Давлат божхона қўмитасига ускунани топшириш маросими Термизда – Ўзбекистон ва Афғонистонни боғловчи “Дўстлик кўприги”да ўтказилди.

Унда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ва Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев иштирок этди.

Дэниел Розенблюмга кўра, мазкур ускунанинг топширилиши билан икки давлат ўртасида халқаро ядровий хавфсизлик йўналишидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланмоқда.

Чегарада радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашда ёрдам берувчи мазкур ускуна Ўзбекистонга АҚШ Энергетика вазирлиги томонидан тақдим этилган.

АҚШ элчихонасининг билдиришича, Афғонистон билан чегарага ускунанинг ўрнатилиши ускуна кўп йилга мўлжалланган кўп миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичидир.

“АҚШ Энергетика вазирлиги чегаранинг қолган муҳим стратегик пунктларини ҳам портал мониторлари билан жиҳозлайди”, дейилади расмий маълумотда.

44 яшар гимнастикачи Оксана Чусовитина Парижда яна бир олтин медални қўлга киритди

Оксана Чусовитина Индонезияда 2018 йилда ўтган Осиё ўйинларида.

Ўзбекистон спорти фахрийси, 44 ёшли гимнастикачи Оксана Чусовитина Франция пойтахти Парижда спорт гимнастикаси бўйича ўтган турнирда олтин медални қўлга киритди.

“Келаси ой Штутгартда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатидан аввал ўзига хос тайёргарлик вазифасини бажариб берган мазкур мусобақада 44 ёшли Оксана Чусовитина ўзининг ажойиб иштироки билан барчани лол қолдирди”, деб билдирди Миллий Олимпия қўмитаси..

Маълум қилинишича, сакраш йўналишида қатнашган Оксана Чусовитина 14.300 балл билан олтин медални қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларни мос равишда Венгрия ҳамда Чили терма жамоаси вакилалари эгаллади.

Оксана Чусовитина 1992 йил Барселонадаги Олимпиадада олтин, Пекиндаги Олимпиадада эса кумуш медалларини қўлга киритган.

Шунингдек, жаҳон чемпионатларида 3 мартадан олтин ва кумуш медал, 4 марта бронза медални қўлга киритган.

Чусовитина Осиё ўйинларининг 2 маротаба чемпиони бўлган.

Оксана Чусовитина гимнастика тарихида еттита Ёзги Олимпиадада иштирок этган ягона спортчидир. Унинг номи Гиннес рекордлар китобига ёзилган. 2017 йилда унинг номи Гимнастика халқаро шуҳрат саройидан жой олган.

Президент Мирзиёев Россия Давлат думаси раисини қабул қилди

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин.

Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрда Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигида делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

“Вячеслав Володин, ўз навбатида, самимий қабул учун Ўзбекистон президентига чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди”, дейилади расмий хабарда.

Учрашувда мамлакатлар ўртасида сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Вячеслав Володин Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга интилиши қатъий эканини тасдиқлади.

Ўзбекистондан Афғонистонга етказиб берилаётган электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди

Иллюстратив сурат.

Афғонистонга Ўзбекистондан электр энергиясини ташувчи линияларга қилинган ҳужум ортидан Афғонистоннинг 11 вилоятида, жумладан, пойтахт Кобулда электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлди.

tolonews.com нашрининг хабар қилишича, “Да Афғонистон Брешна Ширкат” (ДАБШ) ширкати эълон қилган баёнотда ҳукуматга қарши қуролланган жангарилар мамлакат шимолидаги Бағлон вилоятида электр энергияси узатиш линиясининг икки устунини барбод қилгани айтилади.

ДАБШ матбуот котиби Ваҳидуллоҳ Тавҳидий:

- Ҳодиса шанба куни соат 10:00 ларда содир бўлган. Икки устун портловчи моддалар ёрдамида барбод қилинган, - деди.

Зарар кўрган линиялар орқали Кобул шимолидаги индустриал парклардаги иншоотлар электр энергияси билан таъминланиб турган.

Айрим кобулликлар мамлакатда электр энергияси инфратузилмаси етарлича ривожланмагани учун ҳукуматни танқид қилди.

Кейинги йилда Афғонистонда электр энергияси тармоқлари фаолияти бир неча марта издан чиқарилди.

  • Ўзбекистон Афғонистонни электр энергияси билан таъминлашга қаратилган «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасига 45 миллион доллар ажратажаги тўғрисида 2019 йилнинг июли бошида хабар қилинган эди.
  • TOLOnews нашрининг 2 июлда билдиришича, бу борада Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистоннинг Балх вилояти ҳокими Абдулла Абдулла билан учрашув пайтида маълум қилган.
  • Электр узатиш линиясининг узунлиги 200 километрни, умумий қиймати эса 110 миллион долларни ташкил қилиши айтилган.
  • 1 июль куни Ўзбекистон жанубидан Афғонистон шимолига электр энергиясини етказиб бериш бўйича икки мамлакат ўртасида шартнома имзоланаётгани хабар қилинган эди.

HRW Тошкент шаҳрида 25 ёшли гейнинг ўлдирилганини кескин қоралади

Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Стив Свердлов Тошкент шаҳрида 25 ёшли гей йигит Шокир Ш. ўлдирилганини кескин қоралади.

“Бу мутлақ ваҳший, гомофоб нафратга асосланган жиноятдир”, деб ёзди Свердлов Twitterда. Фаол Ўзбекистон ҳукуматини айбдорлар қонун олдида тўлиқ жавоб беришини таъминлашга чорлади.

“Муҳими, бу ҳукумат қўллаб ва рағбатлантириб келаётган давомли гомофобиянинг мантиқий натижасидир”, дея сўзини давом эттирди Свердлов.

“Ўзбекистон Туркманистон билан бир қаторда эркаклар ўртасидаги консенсуал жинсий алоқалар ҳануз жиноий жавобгарликка тортиладиган икки собиқ совет республикасининг биридир”.

Свердлов, шунингдек, жинсий озчилик вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат қилган Шоҳруҳ Салимовни ва унинг қариндошларини ички ишлар тизими таъқиб қилаётганини айтиб ўтди.

Свердлов Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кейинги ҳафтада Варшавада бўлиб ўтадиган анжуманида қатнашадиган барча тарафларни Ўзбекистонда ЛГБТ (лесбиянлар, гомосексуаллар, бисексуаллар ва трансгендерлар) шахсларга қарши зўравонликни муҳокама қилишга чақирди.

Тошкентнинг Юнусобод туманида 25 яшар гей йигит бўғизлаб ўлдирилгани тўғрисида Озодлик 13 сентябрь куни хабар қилган эди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг (ИИББ) билдиришича, Юнусобод туманида ўлдирилган Шокирнинг қотили, деб гумон қилинаётган шахс – 28 яшар Одилжон Ю. билан “ВКонтакте” ижтимоий тармоғида танишган, 11 сентябрь кунги учрашувда янги таниши Шокирни пичоқлаган.

Ўзбекистондаги ЛГБТ жамоаси фаоли Тошкентда туриб, жиноят атайин гейларга нафрат асосида гомофоблар томонидан содир қилинганини таъкидлади.

Доллар 15 сўм 67 тийинга, евро 60 сўм 57 тийинга қимматлади

Марказий банк 17 сентябрдан 1 АҚШ долларини 9411.30 сўм этиб белгилади. Бу ўтган ҳафтадаги қийматдан 15.67 сўмга кўпдир.

Евро 9 сентябрдаги кўрсаткичдан 60.57 сўмга қимматлади ва 10421.13 сўмни ташкил этди.

17 сентябрдан Россия рубл 146.51 сўмга тенгдир. Ўсиш +3.55 сўм.

Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини олмаган.

Ташқи ишлар вазирлигида "Дунё" ахборот агентлиги ташкил этилди

13 сентябрда Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, қарор билан “Дунё” ахборот агентлигининг асосий вазифалари белгилаб қўйилган.

Жумладан, сифатли ахборот, таҳлилий ва кенг қамровли материаллар, видеороликлар, телекўрсатувлар, шунингдек Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда рўй бераётган воқеалар жойидан репортажлар тайёрлаш ҳамда уларни тарқатиш орқали Ўзбекистоннинг ишончли ва масъулиятли шерик сифатида халқаро нуфузини мустаҳкамлашга кўмаклашиш мазкур ахборот агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Шунингдек, қарор билан Агентлик тузилмаси ва Устави тасдиқланди.

Агентликка ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

  • Шу пайтгача Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” ахборот агентлиги бор эди. Сўнгги қарор билан бу агентлик тугатилдими-йўқми - хабарда айтилмаган.

Петербургдаги ошхонада ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади топилди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Санкт -Петербург шаҳридаги "Бургер кинг" фаст-фуд ошхоналаридан бирида ўзбекистонлик муҳожирнинг жасади топилди. Бу ҳақда ҳуқуқ- тартибот тузилмаларига таянган ҳолда “Комсомольская правда” хабар берди.

Хабарда айтилишича, 14 сентябрь куни эрталаб ишга келган ошхона директори иш хоналаридан бирини оча олмаган. Бу хонанинг эшиги ичкаридан қулф бўлган. Эшикни очишга бир соат урингач, ошхона раҳбари уни бузишга қарор қилган.

Эшик бузилганидан сўнг ичкарида ошхонада ошпаз бўлиб ишловчи 26 ёшли ўзбекистонликнинг жасади топилган. Унинг томоғига пичоқ урилгани аниқланган.

Полиция видеокамералардаги ёзувларни, ошпазнинг буюмларини ва ошхонадаги пичоқларни текширганлар. Бироқ эшикни ичкаридан ошпаздан бошқа ҳеч ким қулфламагани аниқланган. Ошхонада зўрлик билан одам ўлдириш аломатлари топилмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда, терговчилар ўзбекистонликнинг ўлимида жиноий мотивлар йўқ бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқдалар.

Қўқондаги фестивалга борган президент Мирзиёев аҳоли билан мулоқот қилди

Мирзиёев Қўқонда, халқ орасида (Telegram:Qo'qonliklar)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қўқонда оддий одамлар билан мулоқот қилаётгани акс этган видео тармоқларда тарқалди.

14 сентябрь куни олингани айтилган видеода Мирзиёев Қўқонда маҳаллий ҳокимият амалга ошираётган ишларни олқишлайди ва халқни дуо қилади. Ўз навбатида унга яқинлашишга интилаётган оломон ҳам президентни дуо қилади. Оддий одамлар билан мулоқот қилаётган Мирзиёевнинг атрофини қўриқчилар ўраб олгани кузатилади.

Президент Қўқонга Ўзбекистон тарихида илк марта ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали очилиш маросимида қатнашиш учун борди.

Расмий хабарга кўра, фестивалда 80 га яқин мамлакатдан ҳунарманд усталар қатнашган. Ўзбекистондан эса минг нафар маҳаллий ҳунарманд қатнашган.

13 сентябрь куни Бутунжаҳон ҳунармандларининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича кенгаши Қўқоннинг Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилганини эълон қилган эди.

Қўқонда ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайëргарлик ишларига бюджет ташкилотлари ходимларидан тортиб то ўқувчи қизларгача мажбуран жалб этилгани ҳақида Озодлик хабар берган.

Жумладан, 1000 нафарга яқин талаба ва ўқувчи қиз президент ва хорижлик меҳмонларга тақдим этиладиган концерт-томошасида фон бўлиш учун жазирамада таътилга чиқарилмасдан массовкага жалб этилгани айтилган.

ДХХ чегарадан дронда киритилаётган "трамадол" мусодара қилинганини билдирди

Давлат хавфсизлик хизмати "Daryo.uz" нашрига берган сурат

Тошкент туманининг Оқтош аҳоли пунктида "Трамадол" психотроп дори воситасини дронда олиб ўтишга уринганлар ушланган.

Давлат хавфсизлик хизматига (ДХХ) таяниб, "Daryo.uz" нашрининг хабар қилишича, тўхтатиб қолинган дори воситаси 600 дона пластинкадан (ҳар пластинкада 10тадан таблетка бор) иборат бўлган.

Бунча психотроп моддани "Фантом-4" русумидаги дрон ёрдамида Ўзбекистонга олиб киришга уринишган.

Айни пайтда, бу ҳодиса қачон бўлган ва қўлга олинганлар кимлар - бу ҳақда бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Бошқа давлат органлари орасида ДХХ, одатда матбуотга энг кам маълумот берувчи ташкилот бўлиб қолмоқда.

Бундан ташқари, мамлакат хавфсизлиги ва чегараларига масъул бу ташкилотнинг расмий веб-саҳифаси жамоатчиликка маълум эмас.

Қўқонда халқаро ҳунармандчилик фестивали очилди

Қўқон шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивали очилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фестивал очилишида нутқ сўзлади.

Ўзбекистон тарихида илк марта ўтказилаётган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида 80 га яқин мамлакатнинг ҳунарманд усталари қатнашиши хабар қилинди.

Ўзбекистондан эса минг нафар маҳаллий ҳунарманд ушбу тадбирда қатнашиши кўзда тутилган.

13 сентябрь куни Бутунжаҳон ҳунармандларининг Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича кенгаши Қўқоннинг Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилганини эълон қилган эди.

Қўқонда ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайëргарлик ишларига бюджет ташкилотлари ходимларидан тортиб то ўқувчи қизларгача мажбуран жалб этилгани ҳақда Озодлик хабар берган.

Жумладан, 1000 нафарга яқин талаба ва ўқувчи қиз эса¸ президент ва хорижлик меҳмонларга тақдим этиладиган концерт-томошасида фон бўлиш учун жазирамада таътилга чиқарилмасдан массовкага жалб этилган.

Ўзбекистонда пахта терими учун тўланадиган ҳақ миқдори эълон қилинди

Бу йил Ўзбекистонда машинада терилган бир тонна пахта учун 600 минг сўм, қўлда терилган бир килограмм пахта учун эса 800 сўмдан 1200 сўмгача ҳақ тўланади.

Бу йил Ўзбекистонда машинада терилган бир тонна пахта учун 600 минг сўм, қўлда терилган бир килограмм пахта учун эса 800 сўмдан 1200 сўмгача ҳақ тўланади.

Бу аввалги йилдагидан қарийб 30 фоизга кўпдир.

Шунингдек, пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотларига ва кластерларга пахтани териб олиш учун банклар томонидан йиллик 16 фоиз ставкада кредит ажратилади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра 2019 йил ҳосилини қисқа муддатда йиғиб олиш, теримчилар билан ўз муддатида ҳисоб-китоб қилиш учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига 2020 йилда қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.

Қарорда, шунингдек, пахта терими бозор муносабатлари асосида амалга оширилиши айтиб ўтилган.

Пахта терими вақтида мажбурий меҳнатга қатъий тартибда йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

Самарқанднинг Улуғбек мадрасасида базми жамшид ўтказилгани танқидларга сабаб бўлмоқда

Ижтимоий тармоқларда 8 сентябрь куни Самарқанднинг Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида базми жамшид ўтказилгани танқидларга сабаб бўлмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокимлигига кўра, 8 сентябрь куни Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида "Ор Авнер" синагоги, Самарқанд яҳудийлар бирлашмаси томонидан АҚШ ва Канада бухоро яҳудийлари делегацияcи аъзолари учун қабул ўтказилган.

Самарқандлик мустақил блогер Мирзо Субҳонов ўз блогида Самарқанд вилоят ҳокими ушбу тадбирни ўтказишга ўзи рухсат бергани ҳақда ёзиб чиққан эди.

Ҳокимлик эса Ташқи ишлар вазирлиги бунга йўл қўйганини айтмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарихий обида хорижлик меҳмонлар учун уюштирилаётган зиёфатларда оёқости бўлаётгани ҳақида хавотирлар айтиляпти.

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Регистон майдонидаги Мирзо Улуғбек мадрасасида ўтказилган тадбирни "миллий, маданий меросга ҳурматсизлик" деб атаган.

Бундан олдин Хоразмда шундай воқеа бўлган.

Хоразмга сафар қилган Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация учун вилоят ҳокимлиги Хиванинг Нуриллабой саройида 8 июнь куни базми жамшид уюштиргани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки матбуот хизматининг раҳбари Сума Чакрабортининг Ўзбекистонга ташрифи хусусий бўлгани ва ташриф пайти барча хорижлик меҳмонларга кўрсатилувчи "чуқур анъаналарга таянилган" мулозамат кўрсатилганини айтган эди.

"Тошкент-Андижон" поезди электр қуввати узилгани учун 50 дақиқага тўхтаб қолди

Иллюстратив сурат

13 сентябрь куни эрталаб "ташқи электр тармоғида юзага келган носозлик" туфайли "Тошкент-Андижон" йўналишида ҳаракатланаётган 60-сонли йўловчи поезди Ангрен вокзалида 50 дақиқа тўхтаб қолди, деб хабар қилди "Ўзтемирйўлйўловчи" компанияси.

"Кўрилган чора-тадбирлар туфайли, юзага келган носозлик бартараф қилиниб, темир йўлга етказиб берилаётган энергия таъминоти тикланди. Айни дақиқада электропоездларнинг мунтазам ҳаракати йўлга қўйилган. "Ўзтемирйўлйўловчи" маъмурияти юзага келган ноқулайлик туфайли йўловчилардан узр сўради", дейилган компания баёнотида.

Ўзбекистонда йиллардан буён электр энергиясининг сурункали тақчиллиги кузатилади.

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига кириш учун ариза топширди

Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитида. Чўлпонота шаҳри, 2018, 3 сентябрь

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлининг "Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлишга қарор қилди. Ўзбекистон томонининг расмий мурожаати Турк кенгаши котибиятига келиб тушди", деб баёнот бергани тўғрисида Туркиянинг dailysabah.com нашри хабар қилди.

Вазирга кўра, аъзо бўлиш учун расмийлаштириладиган ҳужжатлари Тошкентга юборилган. Аъзоликка қабул қилиш жараёни тез орада якунига етади.

Туркий кенгашга Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Кенгашнинг навбатдаги саммити 16 октябрда ўтказилиши режалаштирилган.

2018 йилнинг 30 апрель куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Тошкентда ўтган учрашувдан сўнг президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгашига қўшилишини эълон қилган эди.

Ташкилотнинг 2018 йил, 3 сентябрда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмон сифатида қатнашган эди.

“Туркий кенгаш доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Ҳозирги босқичда унинг фаолиятида мамлакатимиз учун амалий жиҳатдан қизиқиш уйғотадиган йўналишлар бўйича иштирок этишга тайёрмиз”, деган эди Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида сўзлаган нутқи давомида.

Дунёдаги туркий тилли 6 давлатдан бири бўлган Ўзбекистон раҳбарияти Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши саммитларидан бирортасида иштирок этган эмас.

Давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида қанча аёл ишлаши маълум бўлди

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова

Олий Мажлис Сенатининг 17 аъзоси, Қонунчилик палатасининг 21 депутати аёллардир.

Маҳаллий кенгашларда эса, халқ вакилларининг 23 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Шу кунда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин аёл раҳбарлик лавозимларида ишлайди.

Бу маълумотлар 11 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ва Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси томонидан “Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда парламент назоратини ўрнатиш масалалари” мавзусида давра суҳбатида айтилгани тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида раҳбарлик лавозимларида ишлаётган 1 минг 400 га яқин аёл бундай лавозимларда ишлаётганлар умумий сонининг неча фоизини тузиши хабарда айтилмаган.

Жиноят содир этаётганида ҳаракатларининг аҳамиятини тўлиқ англамаган ақли расо шахс жавобгарликка тортиладиган бўлди

Ўзбекистон президенти “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, 10 сентябрда имзоланган қонун билан 10 дан ортиқ қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра жиноят содир этиш вақтида руҳий ҳолати бузилганлиги туфайли ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини тўлиқ даражада англай олмаган ёки уларни бошқара олмаган ақли расо шахс жавобгарликка тортилади.

Ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахсга нисбатан суд томонидан жазо билан бирга тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланиши мумкин.

Қўшилган қиймат солиғи миқдорини камайтириш режалаштирилмоқда

Давлат солиқ қўмитаси.

Қўшилган қиймат солиғини 5 фоизга камайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги 12 сентябрь куни хабар берди.

11 сентябрь куни президент Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантиришга оид йиғилиш ўтказган ва ўшанда солиқ ставкасини камайтириш ҳақида кўрсатма берган эди. Лекин солиқ айнан қанча фоизга туширилиши хабар қилинмаганди.

Молия вазирлигининг билдиришича, қўшилган қиймат солиғи ставкасини амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача тушириш назарда тутилмоқда.

“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҚҚС ставкасини 5 фоизга камайтириш Давлат буджетига тушумларни тахминан йилига 10 трлн сўмга ёки Ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 фоизга камайишига олиб келади”, дейилади вазирлик расмий маълумотида.

Бир йилда икки марта пичоқланган "Осиё айиғи" спортга қайтди

Иллюстратив сурат.

Бир йил давомида икки марта пичоқланган “Осиё айиғи” Мурод Хонтўраев катта спортга қайтди.

Sputnik нашрининг билдиришича, Хонтўраев 22 сентябрь куни Тошкентда россиялик 33 ёшли ММА жангчиси Евгений Мякинкинга қарши рингга чиқади.

К-1 йўналишида ўтказиладиган ушбу мусобақада Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон спортчилари иштирок этиши ва 11та жанг ўтказилиши кутилмоқда.

Мурод Хонтўраев ўз спорт карьерасида 13 та жанг ўтказган ва улардан 11тасида ғалаба қилган, 2тасида ютилган. Евгений Мякинкин эса 2009 йилдан бери жами 23та жанг ўтказиб, 14тасида ғалаба қозонган.

Жорий йилнинг 27 март куни аралаш жанглар устаси Мурод Хонтўраевга ўз яқинларидан бири пичоқ билан ҳужум қилгани билдирилган эди.

2018 йилнинг 26 ноябрь куни ҳам Хонтўраев "Тошкент" савдо маркази яқинида пичоқлангани ва шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.

Ўшанда расмий маълумотда Мурод Хонтўраев бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош ўнг тепа соҳаси эзилиб ёрилган жароҳати, ўнг сон, думба соҳаси кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари (9та), иккала кўкрак соҳаси сидирилган жароҳати ташхиси билан шифохонага ётқизилгани айтилганди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG