Линклар

АҚШ ва ЕИ Россиядаги ҳибсга олишларни қоралади


АҚШ¸ ЕИ ва халқаро ҳуқуқ гуруҳлари Россия бўйлаб ўтказилган тинч норозилик чиқишларида юзлаб одамнинг ҳибсга олинганини қоралади.

Оқ уй тинч намойишчиларнинг қўлга олинишини "демократик қадриятларга нисбатан ҳақорат" деб баҳолади ва Россия ҳукуматидан ушланганларни озод қилишни сўради.

ЕИ ташқи сиëсати мутасаддиси Федерика Могерини тинч намойишчиларнинг ушланишини сўз эркинлигига таҳдид деб атаган бўлса¸ Amnesty International ташкилоти намойишлар бостирилишини Россия ҳукуматининг фундаментал инсон ҳақларидан ҳазар қилиши ифодаси сифатида баҳолади.

12 июнь куни коррупцияга қарши ўтказилган намойишларда мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг 1560 нафар тарафдори ҳибсга олинди. Улар 866 нафарининг Москвада¸ 548 нафарининг эса¸ Санкт-Петербургда ушлангани айтилмоқда.

Норозилик намойишлари пайтидаги полиция ҳатти-ҳаракатини мониторинг қилувчи ОВД-Инфо халқаро ноҳукумат ташкилоти¸ ушланганлар аксарининг 13 июнь тонгида қўйиб юборилганини билдирди.

Навальнийнинг ўзи эса¸ 12 июнь кунги тадбирлар бошланмай туриб¸ рухсат берилмаган намойиш ўтказишда айбланиб¸ ҳибсга олинди ва суд ҳукми билан 30 кунлик қамоққа ҳукм қилинди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков¸ 12 июнь намойишларини "провокация" деб атади ва ушланган намойишчиларни озод қилиш чақириқлари эътиборга олинмаслигини билдирди.

XS
SM
MD
LG