Линклар

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 июлда 60 ёшини нишонламоқда. Ислом Каримов вафотидан сўнг 2016 йил 8 сентябрдан муваққат президент бўлган ва 4 декабрь куни ўтган сайловда президентликка сайланган Шавкат Мирзиёвни табриклашни ва мадҳиялар айтишни айрим ўзбекистонликлар душанбага ўтар кечасиёқ бошлаб юбордилар.

Ижтимоий тармоқлардаги маддоҳлик

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик фойдаланувчилар президентни қутлаб, унга бағишлаб шеърлар ҳам ёзмоқдалар.

Масалан, Муроджон Раҳмонов исмли фейсбук фойдаланувчиси ўз саҳифасида:

"Эй улуг халк отаси, эй буюк падар,

Сизга мангу хурмату эъзоз ярашар!

Сиз ёшлик чогингиздан бугунга кадар

-Адолат, поклик учун курашган рахбар,

Мамлакатни яшнатган, гуллатган рахбар", деб ёзди.

Бу каби шеърлар, табрик суратлари, фотосуратлар ва видеоларни 24 июль куни ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида юзлаб учратиш мумкин бўлди.

Айни пайтда бу каби маддоҳлик сатрларига норозилик билдирган ўзбеклар ҳам бор.

Масалан, Жавлон Мирзо: “Исломака ўлмаганмиди?! Еки тирилдимикина бошқа танада?! Шаханшохга минг ташаккур, бошлар эгилди, )))) хуллас гап йўқ”, деб ёзса, Абдурахим Иштихоний: "Эсиз мана шундай сарой шоирлари юртни бузади", деб фикр қолдирган.

Озодлик суҳбатлашган айрим ўзбекистонликлар билдирган фикрларни эса қуйида тингланг:

Ҳуқуқ фаоли Шухрат Рустамов Шавкат Мирзиёевни табрикламаслигини айтди. Рустамовга кўра, у Мирзиёев Бош вазир бўлиб турганида унга инсон ҳуқуқларига оид 800дан ортиқ ариза киритган, лекин бирортасига ҳам жавоб ололмаган. Шуҳрат Рустамов Мирзиёевни 2014 йилда инсон ҳуқуқларини бузаётганликда айблаб судга берган эди.

Муҳайё Одилова ўз оиласи ҳақ-ҳуқуқлари тикланиши учун 2014 - 2015 йилларда президент саройи ва Олий Мажлис бинолари олдида қатор пикетларни ўтказган 74 ёшли Раҳбархон Одилованинг қизи. У президенти 60 ёши билан табирклар экан, унинг онаси билдирган талабларнинг бир қисми Мирзиёев президент бўлганидан сўнг бажарилганини айтди. Уларнинг оиласи ҳуқуқлари бира-тўла тикланишидан умидвор бўлиб қолмоқда.

Раҳбархон Одилова ўзи ва унинг икки қизи Қўқонда коррупция ва амалдорларнинг ноқонуний ҳаракатларига қарши чиққанлари учун ноҳақ қамалганларини иддао қилиб келадилар.

Сўҳлик ўқитувчи Фарҳод (фамилиясини айтишни истамади) президентни қутлар экан, Мирзиёев кўрсатмаси билан Фарғона давлат университетида тожик тили гуруҳи ташкил этилганига миннатдорчилик билдирди.

Сергелида ёшлар Мирзиёвни табриклаб, акция ўтказди

Ўзбекистон президентини табриклаш тадбирлари нафақат ижтимоий тармоқлар, балки жой-жойларда ҳа"ўзига ҳос тарзда" нишонланаётгани ҳақида mulohaza.uz сайти ҳам хабар берди.

"60 ёшни қарши олган давлатимиз раҳбарига бир қатор ёшлар томонидан ажойиб совға тайёрланди.

Сергели туманига тўпланган ёшлар «60 ёшингиз билан табриклаймиз” ёзувини жонли тарзда ташкил этишган", деб ёзади нашр.

Президентнинг қисқача расмий таржимаи ҳоли

Шавкат Мирзиёев 1957 йилнинг 24 июлида Жиззах вилояти Зомин туманида шифокор оиласида таваллуд топган.

Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғлнинг отаси, беш нафар набиранинг бобоси экани айтилади. Таржимаи ҳолда қайд этилишича, президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси З.М. Ҳошимова айни пайтда уй бекасидир, бироқ у муҳандис-иқтисодчи мутахасислигига эга.

Мирзиёевнинг ўзи эса 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатгани, муҳандис-механик мутахассислигига эга экани билдирилган. Расмий таржимаи ҳолда айтилишча, Мирзиёев техника фанлари номзоди, доцент унвонига эга. Шунингдек, Мирзиёевнинг "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирлангани айтилган.

Мирзиёев 2003 йилда ислом Каримов тавсияси билан Олий Мажлис томонидан Ўзбекстон Бош вазири лавозимига тасдиқланган. 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис уни қайта бу лавозимга тасдиқлаган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG