Ўзбекистон хабарлари
Ўзбекистонлик карикатурачи Бразилиядаги халқаро танловда ғолиб бўлди
Ўзбек карикатурачиси Маҳмуджон Эшонқулов Бразилияда бўлиб ўтган Piracicaba 2017 халқаро юмор фестивалининг Tira мукофоти соҳиби бўлди:
- Бу юмористик кўргазма Бразилияда ҳар йили ўтказилади. Менга май ойида таклиф келганидан кейин¸ расмларимни юборган эдим. Шулардан биттаси комикс жанрида ғолиб деб топилибди¸ бундан ўзим ҳам жуда хурсандман. Бу узоқ йиллардан бери бўлиб келаëтган нуфузли халқаро кўргазмадир¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Эшонқулов.
58 яшар фарғоналик карикатурачи бундан олдин ҳам кўплаб халқаро карикатура танловларида ғолиб деб топилган.
Маҳмуджон Эшонқулов “Дунёнинг 100 та буюк карикатурачи рассоми” рўйхатига киритилган ижодкорлардан бири.
Ўз фаолиятини “Муштум” журналида бошлаган Эшонқулов¸ Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик ордени” соҳиби ҳам.
Кун янгиликлари
Сеул ноқонуний ўзбек муҳожирларига яна муҳлат берди
Жанубий Кореяда ноқонуний юрган ўзбекистонликлар учун “яшил йўлак” орқали мамлакатдан чиқиб кетиш муддати 2025 йилнинг 31 январигача узайтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги маълум қилди.
“Яшил йўлак” лойиҳаси муддати 30 ноябрь куни тугаши лозим эди. Миграция агентлигининг Сеулдаги ваколатхонаси ва Корея Адлия вазирлиги ўртасида ўтказилган музокаралар якунида мазкур муддатни узайтиришга келишилган.
Корея қонунчилигига мувофиқ, мамлакатда ноқонуний ишлаб, яшаб юрган шахслар қуйидаги миқдорда жарима тўлайди:
• 1 ойдан кам бўлса 1 миллион вон (716 доллар);
• 1 ойдан 3 ойгача 1,5 миллион вон (1074 доллар);
• 3 ойдан 6 ойгача 2 миллион вон (1432 доллар);
• 6 ойдан 1 йилгача 4 миллион вон (2864 доллар);
• 1 йилдан 2 йилгача 7 миллион вон (5012 доллар);
• 2 йилдан 3 йилгача 10 миллион вон (7160 доллар);
• 3 йилдан 5 йилгача 20 миллион вон (14321 доллар);
• 5 йилдан 7 йилгача 25 миллион вон (17902 доллар);
• 7 йилдан кўп бўлса 30 миллион вон (21482 доллар).
Миграция агентлиги қайдича, кўрсатилган муддат ичида Кореяни ихтиёрий тарк этган ноқонуний муҳожирлар жаримадан озод этилади ва кейинчалик Кореяга қайта кириши енгиллашади.
Белгиланган муддатдан сўнг Жанубий Кореяда қолганларга нисбатан эса катта миқдорда жарима (ҳар бир ой учун 2000 доллар) ва мамлакатга қайта киришга тақиқ қўлланади.
Аввалроқ миграция идораси Корея Республикасида 92 минг нафар ўзбекистонлик қонуний, 9000 нафари эса ноқонуний тарзда яшаб келаётганини маълум қилганди.
Сеул ҳукумати муайян давлат фуқароларининг 10 фоизидан ортиқ қисми ноқонуний мақомда бўлса, ўша давлат фуқароларига виза чеклови жорий этади.
Озодлик Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёлнинг жорий йил июнида Ўзбекистонга давлат ташрифи якунида йигирмага яқин ҳужжат, жумладан, Малакали ва профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолагани, давлат раҳбарлари музокараларида меҳнат миграциясига доир таклифлар кўриб чиқилгани ҳақида хабар қилган эди.
Озодлик журналистларининг Жанубий Кореяда юрган ўзбеклар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи фильмини қуйида томоша қилишингиз мумкин:
Ўнлаб ўзбекистонлик эркак Абу Дабига киритилмади
Wizz Air авиакомпаниясининг 30 ноябрь кунги 5W7160 рақамли рейси билан Тошкентдан БААнинг Абу Даби шаҳрига учиб борган 31 нафар Ўзбекистон фуқароси аэропортдан чиқарилмаган.
Gazeta.uz хабарига кўра, Шайх Зайд номидаги аэропорт ходимлари аёллар, болалар ва кексаларни қўйиб юборгани ҳолда 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркакларни ушлаб қолган.
Номаълум сабабларга кўра ўзбекистонлик эркакларнинг паспорти олиб қўйилиб, сўроқ қилинган.
Йўловчилар узоқ вақт овқатсиз қолганлари ва босимга учраганларидан шикоят қилишган.
Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси 31 нафар Ўзбекистон фуқароси “номаълум сабабларга кўра” аэропортда ушлаб турилганини тасдиқлади.
“Ўзбекистоннинг Абу Дабидаги элчихонаси ва Дубайдаги бош консулхонаси аэропорт маъмурияти ва амирликларнинг масъул идоралари вакиллари билан мулоқотда бўлиб, вазиятни назоратга олган”, дейилган дипломатик ваколатхона ахборотида.
Элчихонага кўра, аэропорт маъмурияти билан ҳамкорликда ўзбекистонликларни уч маҳал овқат билан таъминлаш ҳамда уларга зарур тиббий ёрдам чоралари кўрилган.
Cўнгги хабарларга кўра, Абу Даби аэропортида бир суткадан ортиқ қолиб кетган 10 дан зиёд Ўзбекистон фуқароси Тошкентга қайтарилган. Улар ўз ҳисобидан чипта харид қилишга мажбурланган.
Ушбу ҳодиса ортидан ижтимоий тармоқларда БАА ҳудудига муайян ёшдаги ўзбекистонлик эркакларнинг кириши тақиқлангани ҳақида тахминлар илгари сурилди.
Абу Даби ҳаво қўналғасида ўзбекистонликларнинг ушлаб қолиниши ва сўроққа тутилиши Амирликлар ҳудудида яҳудий руҳонийси Цви Коган ўлдирилиши ортидан рўй бермоқда.
Ўтган ҳафта Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги исроиллик раввин ўлимида гумонланган уч ўзбекистонлик қўлга олинганини маълум қилганди.
БАА ИИВ баёнотига кўра, қотилликда гумонланаётганларнинг исми Олимбой Тоҳирович, Азизбек Комилович ва Маҳмуджон Абдураҳим бўлиб, улардан икки нафари 28 ёшда, яна бири эса 33 ёшдадир.
Ўн олти яшар ўсмир “Чорсу” меҳмонхонасида нобуд бўлди
Тошкент шаҳридаги “Чорсу” меҳмонхонаси харобасининг юқори қаватига чиққан ўсмир у ердан тушиб кетиб вафот этди.
Kun.uz нашрининг Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳодиса 28 ноябрь оқшомида содир бўлган.
“Мирзо Улуғбек туманида яшаган, 2008 йилда туғилган фуқаро Е.Э. собиқ “Чорсу” меҳмонхонаси биносига таниши билан бирга рухсатсиз чиққан. У бинонинг 21-қаватидан 3-қаватигача тушиб кетиб, воқеа жойида вафот этган”, дейилган БП ахборотида.
Қайд этилишича, ўлим юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур прокуратураси терговга қадар текширув олиб бормоқда.
Озодлик аввалроқ Тошкентнинг рамзларидан бўлган “Чорсу” биноси бузилиши ҳақида хабар қилганди.
Германиянинг Tchoban Voss Architekten компанияси ишлаб чиққан 170 миллион долларлик лойиҳа доирасида эски мусофирхона ўрнида 29 қаватли янги меҳмонхона, бизнес-марказ ва тураржой бинолари барпо этилади.
Қурилиш ишларини 2025 йилда бошлаб, 2029 йилда якунлаш режалаштирилган.
1982 йилда меъмор Владимир Спивак лойиҳаси бўйича қурилган ва дастлаб “Москва” деб номланган “Чорсу” меҳмонхонаси салкам чорак асрдан бери қаровсиз ҳолда ётибди.
Сўнгги йилларда хароба аҳволдаги иншоот араб, корейс ва турк сармоядорларига сотилган.
Ўзбекистонда россиялик журналист Алексей Пивоваров қўлга олинди
Ўзбекистонда 1 декабрь куни “Редакция” ютуб-каналининг тасвирга олиш гуруҳи, бу гуруҳ асосчиси бўлган россиялик журналист Алексей Пивоваров ҳамда Hook нашри журналисти Фарида Мехсетова ушланган. Улар мамлакат тўғрисида ҳужжатли фильм суратга олаётган бўлган.
“Нукусга келганимизда бизни ИИВ ходимлари суҳбатга таклиф қилишди. Биз улар билан гаплашдик, уларга ўзимиз ҳақимизда ва режаларимиз ҳақида гапириб бердик, ходимлар ўзларини хушмуомала ва сипо тутишди. Ҳозир йўлимизда давом этяпмиз. Ҳаммаси яхши!”, деб ёзган Пивоваров қўлга олинган журналистлар тақдиридан хавотир олган барчага миннатдорлик билдирар экан.
Пивоваров бошчилигидаги тасвирга олиш гуруҳи Нукус шаҳар ИИБ ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида биринчи бўлиб Podrobno.uz нашри хабар қилган. Бу нашр маълумотига кўра, журналистларнинг ушланишига қандайдир маҳаллий турғундан тушган ариза сабаб бўлган.
Hook иддаосича, ҳуқуқ-тартибот идоралари “Редакция” журналистларидан тасвирга олинган бутун материални олиб қолган, кейин эса улар Тошкент аэропортига етказилган. Ўзбекистон томони бу маълумотни ҳозирча расман тасдиқлагани йўқ.
Алексей Пивоваров НТВ телеканалининг собиқ мухбири ҳамда RTVI телеканалининг собиқ бош продюсери бўлиб ҳисобланади. 2019 йил мартида журналист контентининг асосий қисмини янгиликлар ва ҳужжатли фильмалар ташкил қилган “Редакция” ютуб-каналини ишга туширган.
Ҳозирда бу каналнинг қарийб 4,5 йил обуначиси бор. Россия расмийлари “Редакция” ва Пивоваровни “хорижий агент” деб эълон қилган.
Тошкент ва Пекин бир ойгача ўзаро визани бекор қилмоқда
Биринчи декабрь куни Чэнду шаҳрида Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари ўзаро визадан озод қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Бахтиёр Саидов Телеграмдаги расмий саҳифасида маълум қилди.
Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун 30 кунгача муддатга виза талабларидан озод қилинади.
“Бу ҳужжат алоқаларимизни янада фаоллаштириш, савдо айланмасини ошириш ва халқлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир”, деган Саидов.
Расмий Тошкент изоҳига кўра, “мазкур халқаро шартнома томонлар зарур бўлган давлат ички тартиб-таомилларини бажарганидан сўнг кучга киради”.
Озодлик ўтган ҳафта бошида Тошкент Пекинга виза тартибини эркинлаштиришни таклиф қилгани ҳақида хабар қилган эди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон 2021 йил март ойидан Хитой фуқаролари учун 10 кунлик визасиз режим жорий қилганди.
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Сзюн 2023 йил октябрь ойида Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида икки давлат ўртасида визасиз режимни жорий этиш бўйича Пекин ҳукуматида “кучли хоҳиш борлиги”ни таъкидлаганди.
Канизани ҳақорат қилган икки фуқаро жазоланди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Яккасарой тумани суди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида (ҳақорат қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган икки фуқарога БҲМнинг 20 баравари миқдорида (6,8 миллион сўм) жарима тайинлади.
Daryo.uz нашри хабарига кўра, бухоролик 32 ёшли М.Р. ва фарғоналик 28 ёшли И.М. Каниза тахаллуси билан ижод қилиб келаётган хонанда Шаҳризода Аҳмедовани Instagram тармоғида “ҳароми” ва “жинсий алоқа қилишдан бошқага ярамайди” деб ҳақорат қилган.
Каниза ўз кўрсатмасида Ўзбекистон демократик давлат экани, унинг қандай кўринишда кийиниши белгиланган тартибга зид эмаслигини айтар экан, айримлар ўзларини ислом давлатида яшаётган шахслардек тутиб, қонун талабларни тушунмай, уни ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам ҳақорат қилаётганини таъкидлаган.
Суд ишида ҳуқуқбузар М.Р. хонандадан узр сўраб, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдирган. Иккинчи ҳуқуқбузар И.М. суд мажлисига тегишли тартибда чақиртирилганига қарамай келмаган ва иш унинг иштирокисиз кўрилган.
Хонанда Каниза аввал ҳам “очиқ-сочиқ кийиниши” cабаб танқидга учрагани маълум.
Ўтган йили “Ўзбекконцерт” хонандани “иштони сабаб” лицензиядан маҳрум қилганди.
2017 йилда эса Каниза Президент виртуал қабулхонасига “Миллион” жамоаси унинг шаънини поймол этаётгани ҳақида шикоят йўллаганди.
Уч яшар бола ўлимида айбланган шахс 24 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 29 ноябрь куни 3 яшар болани ўлдиришда айбланаётган фуқаро С. М.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш якунланган.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидовнинг маълум қилишича, жиноят иши судья С.Абдуғаниев раислигида кўриб чиқилган.
Фарғона вилоятида туғилган 31 ёшли судланувчи С.М. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “ж” бандлари (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш), 25, 97-моддаси 2-қисми “б”, “г”, “ж”, “р” бандлари (ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни; ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг яқин қариндошларини ўта шафқатсизлик билан такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ўлдиришга уриниш), 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 251−1-моддаси 3-қисмида (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёхуд уларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, ЖКнинг 50-моддаси 9-қисмига асосан судланувчи тайинланган жазонинг дастлабки тўрт йилини турмада, қолган қисмини эса қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Қонунчиликка мувофиқ, тарафлар биринчи инстанция судининг ҳукми устидан Тошкент шаҳри судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, прокурор ҳам, марҳумнинг ота-онаси ҳам суддан судланувчига умрбод қамоқ жазоси тайинлашни сўраган.
Озодлик аввалроқ суд-психиатрия экспертизаси “ақли расо ва руҳий соғлом судланувчи ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вақтда физиологик аффект ҳолатида бўлмаган” дея хулоса бергани ҳақида хабар қилган эди.
Жорий йилнинг 9 июль куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида фуқаро С.М. қонуний никоҳсиз яшаб келган хотини билан жанжаллашув ортидан аёлнинг биринчи турмушидан бўлган норасида фарзандини чавақлаб ўлдиргани тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Қаршилик қиз ўзига уйланишни истамаган йигитни пичоқлади
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 24 ёшли қиз ўз йигитини пичоқлади.
Xabar.uz нашрининг ёзишича, Э.М. (қиз) билан беш йил давомида ишқий муносабатда бўлган Ф.Н. (йигит) ота-онаси бошқа қиз топгани, шу сабаб унга уйланолмаслигини айтган.
Бундан жаҳли чиққан қиз йигит билан жанжаллашиб қолган ва ошхона пичоғи билан йигитнинг орқа елка соҳасига бир неча марта пичоқ санчиб, уни жароҳатлаган.
Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасида Ф.Н. ҳаёт учун хавфли тарзда оғир яралангани қайд этилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳри суди Э.М.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддасида (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятни содир қилган, деб топган.
Ҳодиса тафсилотларидан англашилишича, шифокорлар ярадор йигитнинг ҳаётини сақлаб қолган.
Судланувчи судда айбига иқрорлик билдирган. Жабрланувчи эса айбдорга нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, унга нисбатан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо чорасини қўллашни сўраган.
Суд юқоридагиларни инобатга олиб, 24 ёшли Э.М.га нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.
Қашқадарё вилоятида жорий йил ёзида шунга ўхшаш ҳодиса рўй берган, бироқ унда айбланувчи йигит, жабрланувчи эса қиз бўлган эди.
Йигирма иккинчи июнь куни Қарши тумани Узуннаво МФЙда яшовчи йигит Қарши давлат университети ҳовлисида 4-босқич талабаси бўлган қизни ўлдириш мақсадида унга бир неча марта пичоқ билан зарба берган.
Суриштирувларда оила аъзолари қизнинг йигитга турмушга чиқишига қаршилик қилгани ушбу жиноятга сабаб бўлгани аниқланган.
Беш кишини ўлдирган эркакка умрбод қамоқ жазоси тайинланди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди бир оиланинг 5 нафар аъзосини ўлдирган ва уларни уйи билан бирга ёқиб юборган 29 ёшли эркакни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Жазо махсус тартибли колонияда ўталиши белгиланди.
Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов қайдича, 1995 йилда Наманган вилоятида туғилган З. С. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97 (қасддан одам ўлдириш), 118 (номусга тегиш), 134 (қабрни таҳқирлаш), 164 (босқинчилик) ва 173 (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Мазкур жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Қонунчиликка мувофиқ, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.
Жорий йил 26 июль Янгийўл тумани Нурафшон кўчасида жойлашган хонадонда ёнғин содир бўлган эди. Хонадон кўздан кечирилганда 5 нафар (1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, 2021 ва 2022 йилда туғилган бола ва 2018 йилда туғилган қиз) шахснинг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган.
Кейинроқ ҳуқуқ идоралари 5 нафар шахсни қасддан ўлдиришда гумонланаётган шахсни ушлаганди.
Прокуратура ахборотига кўра, судланувчи жабрланувчи эркакнинг (марҳум) қариндоши бўлган. У ушбу жиноятни ўрталарида мавжуд бўлган қарз муносабати сабаб содир этганини айтган.
Тошкентдаги юзлаб корхона газдан узиб қўйилди
Тошкент шаҳрининг Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида фаолият олиб борувчи ишлаб чиқариш корхоналари газдан узиб қўйилди. Бу ҳақда хабар қилган Kun.uz нашри бизнес эгалари олдиндан миллиардлаб сўмлик буюртмалар олиб қўйгани, агар газ берилмаса, улар касод бўлишидан огоҳлантирди.
“Кўплаб корхоналар фақат табиий газга таяниб ишлайди. Чекловлар шароитида муқобил энергияга ўтиш харажатлари тадбиркорларга оғирлик қилади, қўшимча вақт ва маблағ талаб этади. Якунда маҳсулот ва хизмат нархлари қимматлашиши, иш ўринлари қисқариши мумкин”, деб ёзган нашр.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати ахборотига кўра, “газ етказиб бериш кафолатланмаган 15 мингдан ортиқ тадбиркорлар рўйхати шакллантирилган. Улар босқичма-босқич тармоқдан узиляпти”.
Масъуллар тадбиркорларни газдан узишга асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майида қабул қилинган “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини келтирган.
Ушбу қарорда об-ҳаво совиб кетган пайтда маиший истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда тўлиқ ўчириладиган, қисман ўчириладиган ва чеклов киритиладиган истеъмолчилар рўйхати шакллантирилиши белгиланган.
Айни пайтда тадбиркорлар охирги 10 кун мобайнида Тошкент шаҳрида ҳарорат манфийга тушмагани, ҳаво илиқ эканига эъибор қаратган.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов яқинда Ўзбекистонда ҳарорат -10, -20 даражагача пасайган тақдирда ҳам аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳозирлангани, мамлакат президенти мутасаддиларга чекловларсиз, узлуксиз электр таъминотини таъминлаш бўйича топшириқ берганини айтганди.
Бир ҳафтача аввал вазирлик матбуот хизмати иссиқхона хўжаликларига газ етказиб беришда чекловлар мавжудлигини рад этиб, “иссиқхона эгалари белгиланган тўловларни амалга оширган ҳолда табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга” экани ҳақида баёнот берганди.
Мирзиёев мева-сабзавот экспорти суст вилоятларни танқид қилди
Ўзбекистондаги айрим вилоят, туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлар ишни тўғри ташкил қилмагани сабаб мева-сабзавот экспорт ҳажмида катта ўзгариш сезилмаяпти.
Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан 28 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев ана шу масалага тўхталган.
Ери бошқалардан карра-карра кўп бўлган Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўсиш уларнинг имконияти ва шароитига мутлақо мос эмаслиги, Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг экспорти эса ўтган йилги кўрсаткичга етмаётгани қайд этилган.
Шунингдек, 64 та туманда экспорт ўтган йилга нисбатан камайган бўлса, шундан 17 тасида 50 фоизга ҳам етмаган.
Халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар тўлиқ ишлатилмаётгани, айрим ҳудудлар бирорта лойиҳа таклифи бермагани ҳам эътироз уйғотган.
“Ҳокимлар бугун дунёдаги оғир вазиятни ҳисобга олиб, ҳар куни изланиб, янги-янги имкониятлар топиб, ишга солиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди”, дейилган Президент матбуот хизмати хабарномасида.
Йиғилишда озиқ-овқат экспорти борасидаги ютуқлар ҳам саналган.
Қайд этилишича, бу йил Ўзбекистоннинг озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан 370 миллион долларга (1,2 баробар) ўсиб, 2 миллиард доллардан ошди.
Мамлакат ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, гилос ва шафтоли бўйича 6-7-ўринга, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича 10-ўринга чиқди.
Экспорт Қорақалпоғистон ва Жиззахда 2,2 баробар, Хоразмда 1,8 баробар ва Сурхондарёда 1,6 баробар кўпайди.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари анъанавий бозорларни бой бераётгани, мамлакатдан мева-сабзавотни экспорт қилиш шартлари ёмонлашгани ҳақида таҳлилий мақола ёйинлаган эди.
Бухорода газ портлаши оқибатида эр-хотин вафот этди
Бухоро вилояти Жондор туманидаги хонадонда юз берган газ портлаши оқибатида оиланинг икки аъзоси вафот этди, яна икки аъзоси жароҳатланди.
17 ноябрь тонгида рўй берган бахтсиз ҳодисадан маҳаллий матбуот орадан ўн кун ўтиб воқиф бўлган.
Gazeta.uz нашри хабарига кўра, ўша куни соат 5:30 атрофида хонадон ётоқхонасида газ сизиб чиққан ва унинг оқибатида ёнғин рўй берган.
Хонада бўлган 41 ёшли ота ва она куйиш жароҳатини олиб вафот этган. Уларнинг икки нафар вояга етмаган қизи туман тез тиббий ёрдам марказига мурожаат қилган. Марҳумларнинг икки ўғли жабрланмаган.
Бош прокуратура ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатган.
Озодлик куни кеча Ўзбекистонда 2024 йил бошидан буён газ билан боғлиқ 74 та бахтсиз ҳодисада 82 нафар одам қурбон бўлгани, 80 дан зиёд киши жароҳатлангани ҳақида хабар қилганди.
Жорий йил 22 октябрь куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманида рўй берган газ портлаши оқибатида бир оиланинг 4 аъзоси вафот этганди.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ишдан кетди
Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан Эркинжон Турдимов Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.
Қайд этилишича, Турдимов ҳокимлик вазифасидан “бошқа ишга ўтиши муносабати билан” бўшатилган, бироқ унинг қандай ишга ўтганига аниқлик киритилган эмас. Айни пайтда маҳаллий нашрлар Самарқанд вилояти ҳокимлигида 28 ноябрь куни ўтаётган сессияда собиқ ҳоким ўз фаолиятини Президент администрациясида давом эттириши айтилгани ҳақида ёзишмоқда.
Турдимов ўрнига Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб Адиз Бобоев тайинланган. Янги ҳокимнинг аввал Ҳисоб палатаси раиси лавозимида ишлаб келгани маълум.
55 ёшли Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоятига 2018 йили ҳоким этиб тайинланган эди. Бунгача у 2 йил давомида Сурхондарё вилояти ҳокими, ундан ҳам аввал эса Навоий вилояти ҳокими лавозимларида ишлаган. Вилоятларга ҳокимликдан аввал Турдимов туманлар ҳокимликларида ва Вазирлар Маҳкамасида фаолият юритган.
Газ билан боғлиқ нохуш ҳодисалар туфайли йил бошидан бери 82 киши нобуд бўлди
2024 йил бошидан буён Ўзбекистон бўйлаб газ билан боғлиқ 74 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда "Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Абдусаттор Қаюмов маълум қилди.
Мулозимга кўра, “фуқароларнинг ис газининг хавф эканини тўла-тўкис ҳис этмасликлари, газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига амал қилмасликлари натижасида” юзага келган мазкур нохуш ҳодисаларда 82 нафар одам қурбон бўлган, 80 дан зиёд киши эса турли даражада тан жароҳати олган.
Қаюмов “ностандарт, қўлбола, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган носоз ҳамда дудбўрон шамоллатиш тизимларини текширмасдан фойдаланиш” ҳам бу каби фожиаларга сабаб бўлаётганини қўшимча қилиб, истеъмолчилардан газдан фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилишни сўради.
Ўзбекистонда совуқ тушиши билан мамлакат бўйлаб ис газидан заҳарланиш туфайли кўплаб ўлимлар қайд этилади. Бундан бир ҳафта муқаддам Озодлик ис газидан заҳарланиш туфайли Наманган вилоятининг Поп тумани ва Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида 5 киши нобуд бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
Фаоллар ис гази туфайли ўлимлар сони ортишига энергия тақчиллиги ҳам сабаб эканини айтиб келишади.
Самарқанд ҳокимлиги ҳам қиммат автоулов харид қилганини яширди
Самарқанд вилояти ҳокимлиги 630 миллион сўмга 2 дона қора рангли BYD Chazor Champion DM-i Flagship 120km автомобилини харид қилди.
Daryo.uz нашрининг давлат харидлари портали маълумотларини ўрганган ҳолда хабар қилишича, вилоят ҳокимининг автоуловлар харидига оид фармойиши Адлия вазирлигининг “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилган.
Шартномалар Beni-Motors масъулияти чекланган жамият билан 7 октябрь куни тузилган.
Автомобилларни сотиб олишга вилоят ҳокимининг 30 сентябрдаги 261-7-0-Ф/24 рақамли фармойиши асос қилиб олинган.
Фармойишда маблағ маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобига сотиб олиниши белгиланган. Мақсад эса “вилоятга ташриф буюрган расмий делегацияларга сифатли хизмат кўрсатиш” деб кўрсатилган.
“Ҳокимлик шартномани тузишдан олдин давлат харидлари электрон тизимида камида бир иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиши лозим бўлса-да, ўтказмаган. Шундай бўлса-да, муҳокама ўтказилгани ҳақида баённома тузилиб, эътироз келиб тушмагани билдирилган”, деб ёзган Daryo.uz.
Қайд этилишича, ҳокимлик “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун ва “Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва унда кичик тадбиркорлик субъектлари иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор талабларини ҳам бузган.
Аввалроқ гарданида 6,6 миллиард сўм қарзи бўлган Андижон тумани ҳокимлиги 335 миллион сўмга Captiva 5T Premler автомобилини сотиб олгани, ҳокимликнинг ушбу харидга оид қарори “E-qaror” ягона электрон тизими платформасида яшириб қўйилгани хабар қилинганди.
Сўнгги вақтларда давлат идоралари амалдорларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларга қимматбаҳо машиналар сотиб олаётгани, вазирлик ва ҳокимликларнинг кўплаб ҳужжатларни жамоатчилик ҳукмига ҳавола этмай махфийлаштираётгани эътирозга сабаб бўлмоқда.