Бишкек шаҳар, Ленин туман суди 10 октябрь куни Қирғиз Республикаси собиқ бош прокурори, мамлакат парламенти депутати Аида Салянованинг мол-мулкини мусодара қилиш ҳамда уни 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.
Ҳукмга биноан, Салянова жазони қизининг ёши 14 га тўлгач ўтайди. Ҳозирда унинг қизи ёши 3 га тўлмаган.
Аида Салянова бош прокуратурани бошқариб турган пайтда бир адвокатга адвокатлик лицензиясини ноқонуний берганликда айбланди.
Собиқ бош прокурор мухолифатдаги “Ата-Мекен” партияси аъзоси. Партия ва унинг Жўғўрқу Кенешдаги фракцияси лидери Ўмурбек Текебаев олдинроқ пора олганликда айбланиб озодликдан маҳрум қилинган эди.
“Ата-Мекен” партияси тарафдорлари бу партия вакилларининг қамалиши ортида сиёсий мотивлар бор деб ўйлайди.
Аида Салянова ва унинг адвокатлари суднинг бугунги ҳукми устидан юқори инстанция судига шикоят қилмоқчи.