Линклар

Шошилинч хабар
31 март 2023, Тошкент вақти: 18:47

Ўзбекистон хабарлари

Автомобиль юкхонасида Қирғизистонга ўтмоқчи бўлган ўзбекистонлик ушланди

Иллюстратив сурат.

“Аққия-автодорожний” назорат-ўтказиш маскани ходимлари қирғиз-ўзбек чегарасидан ноқонуний ўтмоқчи бўлган ўзбекистонликни қўлга олишди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати маълумотига кўра, 6 май куни чегарачилар НЎМдан ўтаётган 30 ёшли қирғизистонликнинг Hyundai Starex автомобилини текшираётганларида юкхонадан Ўзбекистон ватандоши топилган.

Суриштирув чоғида ўзбекистонликнинг ёнида чегарадан ўтишга имкон берувчи ҳужжатлар бўлмагани аниқланган.

Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан кейин қўлга олинган қирғизистонлик ҳам, ўзбекистонлик ҳам Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг маҳаллий бўлинмаси ходимларига топширилган.

Кун янгиликлари

Хоразмлик депутатлар Жўрабек Раҳимовни вилоят ҳокими лавозимига тасдиқлашди

Хоразм вилоятининг янги ҳокими Жўрабек Раҳимов Урганчдаги сессияда, 2023 йил 31 марти

Хоразм вилояти кенгашининг 31 март куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган сессиясида Жўрабек Раҳимов вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

Қайд этилишича, Урганч шаҳрида бўлиб ўтган сессияда ташкилий масала кўриб чиқилган ва унда Ш. Мирзиёев Хоразм вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Ж. Раҳимов номзодини тавсия этган.

Номзод вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, саноатни ривожлантириш, энергетика қувватларини ошириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш, маҳаллада яшаш шароитларини яхшилаш бўйича режаларини тақдим этгани ортидан депутатлар овоз бериш йўли билан Жўрабек Раҳимовни вилоят ҳокими этиб тасдиқлашган.

Ж. Раҳимов мамлакат президентининг фармони билан 2022 йил декабрида Хоразм вилояти ҳокими в. б. этиб тайинланган эди. Бунгача у қарийб тўрт йил Қўшкўпир туманига ҳокимлик қилган.

Адлия вазирлиги вакили: Митингларга оид қонун лойиҳаси президент администрациясида кўрилмоқда

Ўзбекистонда кўпминг сонли норозилик акцияларининг охиргилари ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида ўтказилган эди

Ўзбекистонда митинг ва оммавий намойишлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва ҳозирда бу ҳужжат президент администрациясида кўриб чиқиляпти. Бу маълумот Адлия вазирлиги қонунчилик департаменти бошлиғи Миржалол Аллақулиев вазирлик биносида 28 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида берилган.

Мулозимга кўра, митингларга оид лойиҳа тегишли вазирлик ва идоралар билан мувофиқлаштирилган ҳамда ИИВ тавсиясига мувофиқ, шу кунда ҳужжат президент администрациясида кўриб чиқилмоқда.

Адлия вазирлиги вакиллари мустақиллик эълон қилинганидан буён ўтган 30 йилдан зиёд вақт ичида мамлакатда тинч йиғилиш ва намойишлар ўтказиш масаласи қонун билан тартибга солинмаганини эътироф этишган. Айни пайтда М. Аллақулиев митинглар бўйича қарорлар шу пайтгача ИИВнинг учта ҳужжати асосида қабул қилиниши айтган, бироқ бу ҳужжатлар мазмунига тўхталган эмас.

Шу ўринда мамлакат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида йиғилишлар, митинглар, кўчаларда юриш ёки намойишлар ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик мавжудлигини ҳам қайд этиш жоиз.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси аввал 2019 йил 12 июнида, кейин эса 2020 йил 18 августида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинган. Бироқ муҳокамалардан ўтган лойиҳа ҳалигача қабул қилинмай келмоқда.

Каттақўрғондаги парранда фабрикасида содир бўлган портлаш оқибатида икки киши жароҳатланди

Каттақўрғондаги парранда фабрикаси (ижтимоий тармоқлардан олинган сурат)

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани “Мелихўжа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган парранда фабрикасида 30 март куни соат 10:40 ларда газ портлаган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Ҳодиса оқибатида вафот этганлар йўқ, икки нафар фуқаро енгил тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган”, дейилган ФВВ хабарномасида.

Вазирлик воқеа жойига ФВБ, ИИБ, ССБ, прокуратура ҳамда “Ҳудудгазтаъминоти” масъул ходимлари чиқишганини қайд этган.

Шунингдек, ФВВ ҳозирда воқеа сабаби ва зарар миқдори аниқланаётгани, ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Самарқанд вилоятининг айнан шу туманидаги “Мадраса” маҳалласида жойлашган хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида эр-хотин ва уларнинг вояга етмаган икки набираси нобуд бўлгани хабар қилинган эди.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга сафар қилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига келди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Билдируцвда таъкидланишича, ташриф давомида янги корхоналар ишга туширилиб, республикада саноатни ривожлантириш йўналишлари белгиланади.

Шунингдек, Мирзиёевнинг ёшлар билан мулоқот қилиши, маҳаллалардаги ишларни кўздан кечириши ҳамда маданий тадбирда иштирок этиши режалаштирилган.

“Rothschild & Co” Ўзбекистон банк ва молия секторини хусусийлаштиришда иштирок этади

Ротшильд ширкати делегацияси Тошкентда музокара ўтказмоқда.

“Rothschild & Co” ширкати хусусийлаштириш дастурларини ва халқаро инвестиция фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда президент хузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, ҳафта бошида Тошкентда бу борада “Rothschild & Co” ширкати ижрочи директори Баронеса Ариэль Моллард де Ротшильд етакчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказилган.

Агентлик раҳбари Шуҳрат Вафоев Ротшильд билан ширкат тажрибасидан Ўзбекистоннинг асосий активларини хусусийлаштириш жараёнида фойдаланиш масаласини ҳам муҳокама қилган.

Агентликнинг маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил ноябрида Францияга қилган расмий ташрифи доирасида “Rothschild & Co” ширкатини Ўзбекистон банк-молия секторини хусусийлаштириш ва истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришга жалб қилиш тўғрисидаги келишувга эришилган. Тошкентдаги учрашув мана шу келишувни амалга тадбиқ қилиш масаласига бағишланган.

Билдирувдан ширкат дастлабки босқичда “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз”, “Саноат қурилиш банк”ларини хусусийлаштириш ва модернизациялаш жарёнида ҳамкорлик қилишга мойиллиги англашади.

“Rothschild & Co” Ротшильдлар оиласининг француз ва инглиз бўғини томонидан назорат қилинадиган молия холдингидир. Мазкур холдинг таркибида “Rothschild Group”, “N.M.Rothschild & Sons” ва “Rothschild & Cie Banque” каби йирик ширкатлар ҳам бор.

Ўзбекистонда Tesla номидан иш юритаётган товламачилар пайдо бўлди

Ички ишлар вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази Ўзбекистонда Tesla компанияси номидан фойдаланиб аҳолидан пул ундираётган кибертовламачилар пайдо бўлгани тўғрисида огоҳлантирди.

Расмий билдирувда такидланишича, кибертовламачилар ижтимоий тармоқларда "TeslaX янги лойиҳаси Ўзбекистонда истиқомат қилувчи аҳоли учун энди мавжуд. 200 АҚШ долларини 4 минг АҚШ долларигача айлантиришингиз мумкин" мазмунидаги хабарларни жўнатмоқда.

Вазирлик бу хабарлар фейк эканини билдириб, аҳолини бу маълумотларга ишонмасликка чақирди.

“Фейк хабарларга алданманг, батафсил маълумотларни олиш учун бизнинг каналларимизни кузатиб боринг. Tesla компаниясига оид янгиликлардан хабардор бўлиш учун унинг расмий саҳифаси билан танишиб бориш тавсия этилади”, дейилади расмий баёнотда.

11 март куни Киберхавфсизлик маркази Telegram каналларида “5 дақиқа ичида 0 фоиз билан 50 миллион сўмгача кредит, 36 ой муддатга” қабилидаги фейк хабарлар тарқатилаётгани тўғрисида маълум қилган эди.

Марказнинг билдиришича, кибертовламачилар мана шундай йўллар билан аҳолидан карта рақамларини олиб, ҳисобдаги пулларини ечиб олиши мумкин.

Ички ишлар вазирлиги ўз огоҳлантиришларида содир этилган кибержиноятлар ва улардан жабрланганлар тўғрисидаги статистикани эълон қилмаган.

Шотландия ҳукуматини биринчи марта мусулмон сиёсатчи бошқаради

Ҳамза Юсаф Глазго шаҳрида покистонлик иммигрантлар оиласида туғилган.

Шотландия ҳукумати раҳбарлигига тарихда илк маротаба мусулмон сиёсатчиси сайланди. 37 ёшли Ҳамза Юсаф 29 март куни Эдинбургда қасамёдга келтирилди. Бунга қадар соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаб келган Юсаф 27 март куни Шотландия Миллий партияси раислигига сайланган эди. Партиянинг аввалги раиси Никола Стержен Шотландия Биринчи вазири (ҳукумат бошлиғи) вазифасида 8 йил ишлаганидан сўнг 15 февралда истеъфо беришини билдирганди.

Биринчи вазир лавозими учун бир нечта партия лидерлари рақобатлашди. Парламент депутатларининг кўпчилиги Юсаф учун овоз берди.

Оммавий ахборот воситаларининг билдиришича, Юсаф Шотландияни инқироздан олиб чиқишга, нархлар қимматлашувини тўхтатишга, Европа Иттифоқига қайта қўшилиш ташаббусини кўтаришга ваъда берган.

Ҳамза Юсаф Глазго шаҳрида покистонлик иммигрантлар оиласида туғилган. 2011 йилда 26 ёшли Юсаф Шотландия парламентининг энг ёш депутати бўлган.

CNN телеканалининг билдиришича, у 2016 йилда транспорт вазири лавозимига тайинланганида парламентга миллий кийимда келган ва урду тилида қасамёд қилган.

Ўзбек расмийлари аҳоли учун газ ва электр нархини оширмасликка ваъда бермоқда

Жорий йилда Ўзбекистонда аҳолига сотиладиган табиий газ ва электр энергияси нархлари оширилмайди. Бу ҳақда 29 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов маълум қилди.

Мулозим ҳозирги пайтда газ ва электр нархи бўйича турли вариантлар кўриб чиқилаётгани, шу жумладан “қандайдир ижтимоий нормалар” муҳокама қилинаётганини қайд этган.

Султонов фикрича, совуқ қишда уйида футболкада юрадиган, газ ва электр энергиясини кўп истеъмол қиладиган бадавлат одамлар газ ва электр учун бозор нархида ҳақ тўлаши керак ва “бу адолатдан бўлади”.

Ижтимоий рўйхатлардан бирида турадиган, маоши кам бўлган, электр ва газдан тежамкорлик билан фойдаланадиган фуқаролар эса, вазир ўринбосарига кўра, рағбатлантирилиши лозим. Мулозим бу каби тарифлар кўплаб мамлакатларда амал қилишига эътибор қаратган.

Ўзбекистонда газ ва электр нархлари охирги марта 2019 йил августида кўтарилган. Расмийлар ўтган йилнинг ёзида бизнес учун электр ва газ тарифларини оширишни режалаган, бироқ ўшанда бу ишни кечиктиришга қарор қилинган эди.

“Дўстлик” масканида Қирғизистондан 1 млн рублдан кўпроқ пул олиб чиқмоқчи бўлган ўзбекистонлик ушланди

Иллюстратив сурат

Ўзбек-қирғиз чегарасида жойлашган “Дўстлик” ўтиш масканида 29 мартга ўтар кечаси Қирғизистондан Ўзбекистонга 1 миллион 300 минг рублни ноқонуний равишда олиб ўтишга уринган шахс ушланган. Бу ҳақда Қирғизистон МХДҚ Чегара хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, “Дўстлик” маскани орқали уйига қайтаётган 27 ёшли ўзбекистонлик юқорида зикр этилган суммани божхона қонунчилигига зид равишда - декларациясиз олиб ўтишга ҳаракат қилган.

Қўлга олинган шахс ва пуллар Қирғизистон Божхона хизмати ходимларига топширилгани айтилмоқда. МХДҚ ЧХ хабарномасида чегарадан ўтаётган ўзбекистонликнинг ёнидаги пулларни Қирғизистондан олганми ёки Россиядан олиб келаётган бўлганми – бунга аниқлик киритилган эмас.

Мирзиёев Хитой компартиясининг Шинжондаги раҳбари билан учрашди

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёевнинг Хитой компартияси (ШУАР) вакиллари билан учрашуви, Тошкент, 2023 йил 29 марти

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 март куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси, Шинжон-Уйғур автоном райони Компартияси партия қўмитаси котиби Ма Синжуй бошчилигидаги ХХР делегацияси билан учрашув ўтказган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов Telegram-канали орқали маълум қилди.

Асадов қайдича, учрашув мавзуси Ўзбекистоннинг Шинжон-Уйғур автоном райони билан амалий ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари бўлган.

Кун тартибида - қайта тикланувчи энергетика, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва логистика, саноат парклари ва қишлоқ хўжалиги кластерларини ташкил этиш борасида, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари”, деб ёзган президент матбуот котиби.

Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районидаги вазият сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳисоботларда кўп кўзга ташланадиган бўлди. Бунга Хитой расмийларининг ШУАРда уйғур ва бошқа мусулмон озчилик вакилларига қарши юритаётган қатағон сиёсати, уларни минтақада ташкил этилган лагерларга қамаб, зулм ўтказаётгани сабаб ўлароқ келтирилади. Бу сиёсат изчиллик билан амалга оширилишида Хитой Компартияси ШУАР партия қўмитаси мулозимларининг ҳам алоҳида ўрни ва роли бор.

Хитой расмийлари Шинжонда миллий озчиликларга нисбатан ноинсоний сиёсат юритаётгани юзасидан ўзларига қарши айтилаётган айбловларнинг барчасини рад этишиб, минтақадаги ўз хатти-ҳаракатларини “террорчилик ва экстремизмга қарши кураш чоралари” эканини иддао қилиб келишади.

Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани демаркациялаш шартномасини ратификациялади

Ўзбек-қозоқ чегараси.

Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани демаркациялаш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Тегишли қонунни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 28 март куни имзолади. Бу ҳақда қозоқ президентининг матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2022 йилнинг 22 декабрь куни Тошкентда ўтган олий даражадаги учрашув якунида Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартномага қўл қўйган эдилар.

Икки давлат ўртасидаги чегараларни демаркация қилиш бўйича музокаралар 2003 йилда бошланган. 2004 йилдан 2021 йилгача чегара белгиларини ўрнатиш ишлари олиб борилган.

Zakon.kz нашрининг билдиришича, икки давлат ўртасидаги чегара Сирдарё ва Келес дарёлари ўзанининг ўзгаргани оқибатида 5 километрга узайган.

“Чегара анъанавий тарзда дарё формати асосида чизилади. Ҳозирда чегаранинг узунлиги 2356 километр 666 метрни ташкил қилмоқда. У 5 километрга узайган”, деб айтган Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василькенко.

“Россия” телеканали бош директорининг ўғли Ўзбекистонда IT-бизнес қилмоқда

“Россия” давлат телеканали бош директори Олег Добродеев давлат пропагандасининг асосий раҳбарларидан бири ҳисобланади.

“Президент Владимир Путин йирик бизнесни Россияга инвестиция қилишга чақираётган бир пайтда давлат пропагандасининг асосий раҳбарларидан бирининг ўғли Ўзбекистонда ишлашга қарор қилди”, деб хабар берди The Moscow Times.

“Россия” давлат телеканали бош директори Олег Добродеевнинг ўғли, VKнинг собиқ раҳбари Борис Добродеев Ўзбекистонда бизнес қилаётгани тўғрисида РБК телеканалига берган интерьвюсида маълум қилган.

Добродеев ва Россиядаги «КупиКупон» ширкати асосчиси Жасур Жумаев Ўзбекистонда асос солган IT-холдинг Uzum деб номланган. Мазкур холдингга «Капиталбанк», Uzum Market маркетплейси, Uzum Nazia насия бериш сервиси, Uzum Bank рақамли банки (собиқ Apelsin) кирган.

Добродеевга кўра, Uzum Market 2022 йилнинг ўрталарида ишга туширилган. У Ўзбекистоннинг 16 шаҳрида фаолият юритмоқда ва 27 минг квадрат метрли омборхонасига эга. Яқин кунларда ширкат тайёр овқат ва магазинлардан маҳсулотлар етказиб берувчи Delivery Club ва Ozon fresh сервисларини ишга туширмоқчи.

Добродеев ҳозирда Uzum холдингида маслаҳатчи лавозимида ишлаётганини айтди. Унга кўра, ширкат ўз сафларига VK, «AliExpress Россия», Ozon, «Яндекс», Delivery Club ширкатларининг 5 мингдан ортиқ собиқ ходимини жалб қилган. Улардан 500 нафари программачидир.

РБКга берган интервьюсида Добродеев ва Жумаев холдингга қанча сармоя киритганлари тўғрисида гапирмадилар. Бу лойиҳа ким томонидан молиялаштирилгани ҳам аниқ эмас. Жумаевга кўра, У Россияда сотган активларидан тушган маблағни ва ўзбек бизнесменлари пулларини холдингга сармоя сифатида киритган.

Жумаев Россияда «Алгоритм» мобил маркетинги ишлаб чиқарувчисининг 50 фозига эгалик қилган. У ўз улушини 2022 йилда «МегаФон»га сотган.

Добродеев 2022 йилнинг бошларида VK бош директори лавозимидан истеъфо бериб, россиялик ўзбек олигархи Алишер Усмоновга тегишли бўлган USM Telecom холдингини бошқарган. Аммо Украина уруши бошланганидан икки ой ўтиб у бу лавозимни тарк этган ва ўз лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланишини билдирган.

Ўзбекистонда помидор нархи рекорд даражага етди. У Украина ва Польшадагидан ҳам қиммат

Сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистонда қизил думалоқ помидор нархи 29 фоизга ошди ва улгуржи нарх ўтган йилга нисбатан икки баробарга қимматлади, деб хабар берди мева-сабзавот бозорини ўрганишга ихтисослашган EastFruit нашри.

27 март куни чоп қилинган хабарда қайд этилишича, 17 мартдан 24 мартгача Ўзбекистонда теплицада етиштирилган қизил думалоқ помидор нархи 28 минг сўмдан 36 минг сўм ($2,45 дан $3,16) га кўтарилган. Сўнгги уч ойда бу маҳсулотнинг нархи 2,4 баробарга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 баробарга қимматлаган.

EastFruit мониторингида қайд этилишича, Ўзбекистонда помидор нархи Европадагидан ва уруш бораётган Украинадагидан ҳам қимматроқдир. Бир кило помидор Ўзбекистонда 3,16 доллар, Польшада 2,79 доллар, Украинада 2,60 доллар, Тожикистонда 2,29 доллар, Молдовада 1,61 доллар ва Грузияда 1,16 доллар туради.

Нашр Ўзбекистонда помидор нархи рекорд даражада қимматлаганини январь ойидаги аномал совуқ пайтида иссиқхоналарда катта миқдордаги ҳосил йўқотилгани билан боғламоқда.

Озодлик радиоси ўтган куз-қиш мавсумида Ўзбекистонда юзага келган энергетик бўхрон ва бунинг оқибатида иссиқхоналар музлаб қолгани ҳақида хабарлар берган эди.

«КазТрансОйл» Россия нефтини Ўзбекистонга транзит қилишни бошлади

Иллюстратив сурат.

«КазТрансОйл» ширкати Россия нефтининг 25 минг тонналик биринчи партиясини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит қилишни бошламоқда, деб хабар берди 27 март куни “Капитал” нашри.

Транзит “Омск- Павлодар - Чимкент -Шағир нефт қуйиш эстакадаси” йўналишида амалга оширилади. Шағирдан нефть Ўзбекистонга темир йўл орқали олиб ўтилади.

Ширкат матбуот хизматининг билдиришича, жорий йилда «КазТрансОйл» магистрал нефть қувурлари орқали Ўзбекистонга жами 250 минг тонна нефть транзит қилади.

The Moscow Times газетасининг ёзишича, Ўзбекистон 2023 йилда “Газпромнефть” ширкатидан 9 миллион долларга 300 минг тонна нефть сотиб олишга келишган эди.

«КазТрансОйл» 1 февралдан Россия нефтини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит қилиш нархини тоннасига 25,12 доллардан 27,9 долларга оширган.

Ўзбекистон “Газпром” билан “Омск- Павлодар – Чимкент” қувири орқали Россиядан нефть сотиб олиши тўғрисида 2017 йилнинг ноябрида хабар қилинган эди. Ўшанда синов тариқасида нефть етказиб бериш бошлангани билдирилган.

Мазкур хабарда тасдиқланган жадвалга кўра, нафть ҳажми бир ойда 30 минг тоннани ташкил этиши, бироқ талабга мувофиқ суткасига 2 минг тоннага қадар (яъни тахминан 60 минг тонна) оширилиши мумкинлиги айтилганди.

Президент Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунилари Москвага қилган давлат ташрифи доирасида Ўзбекистонга Россиядан 500 минг тонна нефть етказиб бериш юзасидан ҳукуматлараро меморандум имзоланган эди.

Al Ўзбекистонда фуқаровий эркинликлар ҳамон қаттиқ назорат остида қолаётганига эътибор қаратди

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти жорий ҳафта бошида Парижда жаҳондаги инсон ҳуқуқлари бўйича 2022 йил учун ҳисоботини эълон қилди.

“Замонавий дунёда инсон ҳуқуқлари” деб номланган мазкур ҳисоботнинг тўлиқ матни эса 28 март куни ёйинланди.

Ҳисоботда аввалига “Covid-19, кейин эса Украинадаги уруш инсон ҳуқуқлари соҳасида қўш стандартлар мустаҳкамланишига олиб келган”и урғуланган.

Унда қўш стандартларга мисол ўлароқ Саудия Арабистони, Миср, Исроил ва Фаластин, Афғонистон ва Суриядаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятлар келтирилган. Ҳисоботда АҚШ томонидан 2021-2022 йилларда 25 мингдан зиёд гаитилик ватанига депортация қилинганига эътибор қаратилган. Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеяси Хитойнинг Шинжондаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчилик вакилларига нисбатан инсонийликка қарши жиноят аломатларига эга сиёсатини қораламагани урғуланган.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида ўтган йилнинг июль ойи бошида Қорақалпоғистонда тинч намойишларни бостириш учун хавфсизлик кучлари ноқонуний куч ишлатгани, намойиш ташкилотчилари деб ҳисобланган шахслар судлангани ва ҳибсга олинганларга қарши қийноқ қўлланилганига тўхталинган.

Бундан ташқари, мамлакатда қонунчилик ислоҳотлари фуқаролик жамиятининг давлат сиёсатини муҳокама қилишда иштирок этишига кенг имконият яратган бўлишига қарамай, сўз эркинлиги, уюшмалар ва тинч йиғинлар эркинлиги қаттиқ назорат остида қолаётгани, дискриминацион гендер стереотиплари аёллар, қизлар ва ЛГБТИ вакилларига қарши зўравонликнинг олдини олиш ва улар учун адолатни таъминлашга тўсқинлик қилгани таъкидланган.

Al вакиллари қайдича, мамлакатда танқидий фикрларга тоқатсизлик, блогерларни айблаш, уларга жарима солиш ва ҳибсга олиш, оммавий ахборот воситаларида цензура давом этмоқда. Ҳисоботда, хусусан, блогер Севинч Садуллаева билан боғлиқ воқеага тўхталинган.

“11 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди блогер Севинч Садуллаевани беш кунлик маъмурий ҳибсга олиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бунга сабаб, у ижтимоий ва маданий аёлларга хос бўлган ахлоқ ва кийиниш меъёрларини писанд қилмаслигини намойиш этувчи видео ва расмларни ўз ижтимоий медиа саҳифасига жойлаштирганидир. У барча материалларни ўчириб ташлашга ваъда берганидан сўнг, муддатидан бир кун аввал озод қилинди”, дейилган Al ҳисоботида.

Шунингдек, унда Ўзбекистонда иқлим инқирозини бартараф эта олмаслик муаммосига ҳам ўрин ажратилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG