Линклар

Шошилинч хабар
25 май 2020, Тошкент вақти: 04:24

Ўзбекистон хабарлари

Статқўм Ўзбекистонда ўртача ойлик 2 млн сўмдан ошганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси бўйича юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2 миллион 92 минг 600 сўмни ташкил этган. Бу эса 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 30,1 фоизга кўпдир.

Бундан маълумот Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси сайтида келтирилади.

Мазкур иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар ҳам киритилган.

Статқўм ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистонда энг кўп ойликни банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик соҳасида ишлаётганлар (ўртача ойлик миқдори 4 млн сўмдан кўпроқ) ҳамда ахборот ва алоқа соҳасида фаолият кўрсатаётганлар (3 млн 770 минг сўмдан зиёдроқ) оладилар.

Энг кам ойлик эса cоғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ишлаётганларга (1 млн 448 минг сўм) берилмоқда.

Кун янгиликлари

Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ҳайит билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити муносабати билан табригида ўз халқи бошига тушган коронавирус пандемияси, табиий офатлар билан боғлиқ қийинчиликлар ўтиб кетишини урғулади.

Лекин, президент Мирзиёев ўз табригида Сардоба сув тошқинини алоҳида тилга олмади.

​"Табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимизнинг катта ёрдами ва кўмаги билан ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олаётган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар", - дейилади президент табригида.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сардоба сув омборидаги тошқин билан боғлиқ тўртта тахминни тилга олган. Шулардан бири табиий офат билан боғлиқ тахминдир.

Бош прокуратура Сардоба сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича икки киши гумонланувчи сифатида қамоққа олинганини билдирган.

Озодлик Сардоба сув омборида 1 май куни юзага чиққан техноген фалокат юзасидан жиноят иши терговини олиб бораëтган Давлат хавфсизлик хизмати 19 май куни “Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоевни ҳибсга олгани ҳақда хабар берган эди.

Қамоққа олинган иккинчи шахснинг кимлиги номаълум.

Томорқасида кўкнори етиштираётган 80 ёшли отахон қамоққа олинди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг хабар беришича, Шофиркон туманида кўп миқдорда кўкнор ва каннабис гиёҳванд моддасини етиштириб, сотишни мақсад қилган 80 ёшли отахонга жиноят иши қўзғатилган.

"Қалмақон" маҳалласида яшовчи Р.Р.нинг яшаш уйи кўздан кечирилганда уч сотих ерга 2524 туп кўкнор, 4 туп каннабис гиёҳванд ўсимлиги экилиб, парваришланаётгани аниқланган.

Отахон ўсимликлардан 19 килограмм ҳосил олиб, сотишни мақсад қилганлигини таъкидлаган.

Бундан олдин Самарқанднинг Жомбой тумани Ғоровтепа қишлоғида яшовчи 96 ёшли Ғ.Т. кўкнор етиштиришда айбланиб қамоққа олинганди.

Самарқанд ИИБсининг 19 майда хабар беришича, чолнинг яшаш уйи ҳовлисидаги томорқаси холислар иштирокида кўздан кечирилган ва томорқада экилган жами 122 туп яшил рангли, ўткир ҳидли, «кўкнор» гиёҳвандлик ўсимлигини етиштириб келаётганлиги аниқланди. Ушбу 122 туп ўсимлик холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Ўзбекистон ҳукумати цемент импортига бир ой аввал жорий этган тақиқни бекор қилди

“Пойтуғ цемент савдо” МЧЖ

Ўзбекистон ҳукумати цемент импортига тақиқни бекор қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 22 май куни қабул қилган қарорида мамлакатдаги қурилиш ишларини тақчил қурилиш материаллари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида цементга импорт чеклови олингани айтилади.

Цемент импортига тақиқни бекор қилиш ҳақидаги ҳукумат қарори
Цемент импортига тақиқни бекор қилиш ҳақидаги ҳукумат қарори

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 апрелдаги қарорига мувофиқ Ўзбекистонга цемент импорти вақтинча тўхтатилган эди.

Бунинг оқибатида цемент нархи йигирма фоизга ошганди.

Ўзбекистондаги барча цемент ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг умумий салоҳияти йилига 16.7 млн тонна маҳсулот етказиб беришга етади.

Лекин, ўтган йили мамлакатда 10 миллион тоннага яқин цемент ишлаб чиқарилган.

Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқарувчи 5та йирик цемент заводи бор.

Қишда газ йўқлиги сабаб бу йил ҳам Ўзбекистонда бир қанча цемент заводлари бир муддат ишини тўхтатган эди.

Санкт-Петербургдан чартерда Ўзбекистонга келтирилганлардан 38 нафарида коронавирус аниқланди

Ўзбекистонда яна 42 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 38 нафари Санкт-Петербургдан чартер рейс билан келганлардир.

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 май куни маълум қилди.

Вазирликка кўра, 23 май соат 10:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3078 нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг барчаси чет элдан келган фуқароларда аниқланган, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотида.

"Жумладан, 38 нафар Санкт-Петербургдан чартер рейс билан, 2 нафар Тожикистондан келган ва карантин марказига жойлаштирилган фуқароларда ҳамда 2 нафар Қозоғистон орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида инфекция қайд этилган", деб билдирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Ўзбекистонда даволанаётганлар сони 573 нафар бемор, улардан 4 нафарининг аҳволи оғирлиги айтилади.

Вафот этганлар сони 13 киши.

Бош прокуратура Сардоба фожиаси бўйича икки шахс қамоққа олинганини расман тасдиқлади

Ўзбекистон Бош прокуратураси Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори билан боғлиқ жиноят иши юзасидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 2 нафар шахс қамоққа олинганини тасдиқлади.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов бу ҳақда 22 май куни Инстаграм саҳифасида маъулум қилди.

Баёнотда қамоққа олинган шахслар кимлар экани айтилмаган.

"Гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилди.

Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди", дея баёнот берди Шамсутдинов.

Бир кун аввал Озодлик Сардоба сув омборида 1 май куни юзага чиққан техноген фалокат юзасидан жиноят иши терговини олиб бораëтган Давлат хавфсизлик хизмати 19 май куни “Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоевни ҳибсга олгани ҳақда хабар берган эди.

Қамоққа олинган иккинчи шахснинг кимлиги номаълум.




Мирзиёев Андижонда қурилаётган кўп қаватли уйлар сифатини танқид қилди

Ш.Мирзиёев Андижон вилоятининг Хўжобод туманидаги кўп қаватли уйлар қурилаётган майдонда, 2020 йил 22 майи.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 май куни Андижон вилояти Хўжаобод туманида қурилаётган кўп қаватли уйларни бориб кўрди ва қурилиш ишларидаги камчиликларни кўрсатиб ўтди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Ш. Мирзиёев бундай жойларда уйлар бунёд этиш Ўзбекистонда янги тажриба эканини, уларни халқаро стандартлар асосида пишиқ, сифатли қуриш зарурлигини таъкидлаган.

Хўжаобод туманининг Иттифоқ массивида 35 та уй қурилмоқда. Улар Андижон шаҳри, Андижон, Хўжаобод, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларидаги уй-жойга муҳтож оилаларга берилиши кўзда тутилган.

Президент лойиҳани такомиллаштириш, аҳолига қулай транспорт йўналишлари ташкил этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берган.

Шу куни Ш. Мирзиёев Андижон вилоятига сафарини якунлаб, Тошкентга қайтган.

Мактабларда ўқитувчилар юритадиган ҳужжатлар сони қисқаради

Ўзбекистонлик ўқитувчилар.

Ўзбекистонда умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари томонидан юритиладиган ҳужжатлар сонини 3 тадан (синф журнали, йиллик тақвим-мавзуий режa, кундалик дарс ишланмалари (конспект) дафтари) 1 тагача (синф журнали (босма ёки электрон) қисқартириш кўзда тутилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, бу ўзгартишлар ўқитувчиларнинг педагогик юкламасини оптималлаштириш, уларни асосий юкламадан ташқари бошқа ҳисобот ва ортиқча қоғозбозликдан озод қилиш ҳамда дарс ўтиш сифати ва мазмунига кўпроқ вақт ажратиши учун шароит яратади.

“Online maktab” лойиҳасини муваффақиятли давом эттириш, бундан барча мактабларда фанлар бўйича тақвим мавзуий режаларни бир хилликка келтириш мақсадида, эндиликда тақвим мавзуий режалар Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ва ўқув йили олдидан вазирликнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади”, дейилади ХТВ хабарномасида.

Юқорида таъкидланган Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилаётган умумий ўрта таълимнинг “Миллий ўқув дастури” доирасида барча фанлардан “Ўқитувчи китоби”ни яратиш ва жорий этилиши орқали мактаб ўқитувчилари томонидан кунлик дарс ишланмаси (конспект) ёзиш талаби босқичма-босқич бекор қилиниши режалаштирилган.

Эндиликда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўқитувчилардан ўз устида кўпроқ ишлаш, мавжуд таълим ресурсларини, жумладан электрон ресурсларни тўлиқ ўзлаштириш ва дарс жараёнида кенг қўллаш талаб этилади.

Коронавирусга қарши кураш доирасида АҚШ Ўзбекистонга яна 3 миллион доллар ажратади

COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида АҚШ ҳукумати Тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга қўшимча 3 миллион доллар ажратади.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотига кўра, шу билан АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонда коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда кўрсатган бевосита ёрдами 5,92 миллион долларга етади. бунинг тахминан 3,8 миллиони эса USAID ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этилишича, USAID ушбу қўшимча маблағни коронавирусга қарши кураш ва уни назорат қилишда лабораториялар ҳамда соғлиқни сақлаш ходимлари имкониятини кенгайтиришни давом эттиришга сарфлайди.

USAIDнинг Ўзбекистондаги дастурлари кенг кўламли тест ўтказиш учун лаборатория тизимларини тайёрлаш ҳамда вирус юқтириб олган беморларга оид ҳолатни яхшилашга ҳам ёрдам беряпти.

“Бундан ташқари, USAID дастурлари коронавирус тарқалишини тўхтатишга кўмаклашиш ва дезинформация ёйилишининг олдини олиш мақсадида аҳолининг заиф қатламларига аниқ ва тўғри маълумот етказиш орқали маҳаллий жамоалар билан муносабатларда ҳамкорлик қилмоқда”, дейилади элчихона хабарномасида.

Туркия Ўзбекистонга ўзи ишлаб чиқарган ўпка сунъий вентиляцияси аппаратидан 50 тасини тақдим қилди

Коронавирус тарқалиши ортидан дунё бўйлаб ўпка сунъий вентиляцияси аппаратига эҳтиёж кучайиб кетган.

Туркия томонидан тақдим этилган инсонпарварлик юки ортилган "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясига қарашли учоқ 22 май куни Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилади.

Қайд этилишича, ёрдам юки Туркияда ишлаб чиқарилган 50 та ўпка сунъий вентиляцияси аппаратидан иборат. Мазкур аппарат, Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Халқаро алоқалар бош бошқармаси раҳбари Селами Қиличга кўра, Arçelik, Aselsan, Baykar Makine ва Biosys каби йирик ширкатларнинг 120 нафар етакчи муҳандиси томонидан яратилган. Мулозим бу каби аппаратларга Туркиянинг ўзида ҳам талаб юқори эканига қарамасдан Анқара қардош Ўзбекистонга зарур тиббий ускуналарни тақдим этишга қарор қилганини урғулаган.

Тиббий ускуналар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига Covid-19 коронавирусига қарши курашишда фойдаланиш учун топширилади.

Ўзбекистон Қирғизистонга яна ёрдам юки йўллади

Ўзбекистон Қирғизистонга апрель ойи бошида ҳам гуманитар жўнатган эди.

Ўш шаҳрида 20 май куни коронавирусга қарши курашда кўмак учун Ўзбекистондан Қирғизистонга йўлланган инсонпарварлик ёрдами иккинчи партиясини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилади.

Ёрдам юки орасида тиббий кроватлар (440 дона), электрон пирометрлар (1000 дона), ҳимоя комбинезонлари (2500 дона), тиббий қўлқоплар (150 мингта) ҳамда тиббий ниқоблар (150 минг дона) бор. Ёрдам юкининг умумий қиймати 248 минг долларга тенг бўлган.

Ўзбекистон апрель ойи бошида Қирғизистонга озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий воситаларни ўз ичига олган гуманитар ёрдамнинг биринчи партиясини йўллаганди.

Андижонда йилига 2 минг киши ўқиши мумкин бўлган технопарк очилди

Президент Ш. Мирзиёевнинг Андижондаги технопаркка ташрифи, 2020 йил 21 майи.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни Андижонга ташрифи доирасида Digital City технопарки билан танишди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 5,6 гектар майдонда яқинда қуриб битказилган ушбу мажмуа ахборот технологиялари ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишга қаратилган.

Технопаркда коворкинг маркази, дата-центр, конференц-зал, кутубхона, инновацион лаборатория ва ўқув хоналари, бизнес инкубатор, медиа марказ, киберспорт хонаси ташкил этилган.

Қайд этилишича, туманларда ахборот технологиялари бўйича бошланғич ўқув курслари бўлади. Улардан танлаб олинган ёшлар Digital Cityда интенсив равишда инглиз тилига ўқитилиб, IT хизматлар кўрсатишга тайёрланади. Технопаркдаги 76 нафар тингловчига мўлжалланган залда йил мобайнида 2 мингдан ортиқ кишини ўқитиш мумкин.

Мирзиёев технопаркка ташриф чоғида мажмуада ётоқхона ва ошхона ташкил этиб, шароитларни янада яхшилаш, бундай технопаркларни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам очиш бўйича кўрсатмалар берган.

Коронавирусга чалинганлар сони уч мингдан ошди. Бир кунда 39 бемор аниқланди

Ҳозирда касалхоналарда 586 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 22 май соат 10:00 ҳолатига кўра, яна 39 киши коронавирусга чалингани аниқланди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони камида 3006 кишига етди.

“Аниқланган янги касалланиш ҳолатларининг 5 нафари олдиндан карантинда бўлган фуқаролар, 6 нафари хориждан келган шахслар (барчаси халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси), 28 нафари эса аҳоли орасидан қайд этилди. Аҳоли орасидан аниқланган ҳолатларнинг 13 нафари Самарқанд, 15 нафари эса Навоий вилоятларига тўғри келади. Ҳозирда ушбу беморлар билан мулоқотда бўлган барча фуқаролар белгиланган тартибда қатъий карантинга олинган”, дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусга чалинган 2407 нафар бемор бутунлай соғайди. Ҳозирда касалхоналарда 586 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 4 нафарининг аҳволи оғир. 13 бемор вафот этган.

Болалар Омбудсмани ақли заиф ўсмирни калтаклаганларга енгил жазо берилганидан норози бўлди (ВИДЕО)

Тенгдошини калтаклаган ўсмирларга нисбатан суд қарори ўқилмоқда. Бош прокуратура жамоатчиликка тақдим этган фотосурат.

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова ақли заиф экани айтилган болани калтаклаганларга ва калтаклаш видеосини ижтимоий тармоқларда тарқатганларга нисбатан суд томонидан енгил жазо белгиланганига норозлик билдирди.

“Бундай ҳолатларда аслида жазо инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаганлиги учун белгиланиши керак. Бу вазиятда эса қонунбузарлик қилган ўсмирларнинг асосий қилмиши бир четда қолиб, улар “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) учун ва 183-моддаси (майда безорилик) билан жазоланган. Бошқача айтганда, қўпол қилмиш карантин билан хаспўшланган. Ваҳоланки, бунга йўл қўйиш мумкин эмас. Қилмиш учун етарли жазо берилмаслиги ушбу ҳолатларнинг кўпайишига олиб келади”, деган Алия Юнусова ЎзАга берган интервьюсида.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда икки ўсмир Тошкентда ақли заиф болани уриб, ҳақорат қилаётгани акс этган видео тарқалиб кетган эди.

(Диққат!!! Видеода зўравонлик саҳналари мавжуд!)

Мазкур воқеа қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлгани ортидан, Бош прокуратура ўсмирлар топилгани ва жазолангани тўғрисида хабар берган.

Бош прокуратурага кўра, мазкур воқеа 2020 йил 25 март куни юз берган. Хабарда айтилишича, ақли заиф экани айтилаётган ўсмирни калтаклаганлар Тошкент шаҳридаги 54-мактаб ўқувчиси, 2002 йилда туғилган Д.Х. ва унинг мактабдоши, 2003 йилда туғилган О.И., экани аниқланган.

23 апрель куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман маъмурий судида ўсмирларга нисбатан иш кўриб чиқилган ва жазо белгиланган.

Сардоба тошқинида эвакуация қилинганлардан 23 мингга яқини ҳали уйларига қайтарилгани йўқ

Сардоба тошқини оқибатларини бартараф этиш ишларига ҳарбийлар ҳам жалб этилган.

Сардоба сув омбори ўпирилиши ортидан юзага келган тошқин сабаб Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан хавфсиз ҳудудга кўчирилган 89 минг 450 кишидан. 22 минг 870 нафари ҳалигача эвакуация қилинган ҳудудда қолмоқда. Эвакуация қилинганларнинг 74,4 фоизи, яъни 66 минг 580 нафари ўз уйларига қайтган.

Бу ҳақда 21 май куни ўтган брифингда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов маълум қилди.

Унга кўра, Сирдарё вилоятида олиб борилган қидирув ишлари натижасида 5 160 бош тирик ва 5 940 бош нобуд бўлган катта ва кичик шохли чорва топилди.

Тирик қолган чорва молларининг 5 154 таси таниб олиш далолатномаси ва тилхатлар асосида ўз эгаларига қайтарилди.

Бундан ташқари 3 448 нафар фуқаронинг фуқаролик паспортлари йўқлиги аниқланган. Шундан 1116 нафар фуқаронинг паспортлари топилиб, ўз эгаларига қайтарилган. 1349 нафар фуқарога янги биометрик паспортлар расмийлаштирилган, 983 нафар шахсга фуқаролик паспортлари расмийлаштирилиш жараёнида.

Ўзбекистон Уламолар кенгаши ҳайит намози ўқилмаслиги тўғрисида фатво берди

Ўзбекистондаги масжидлардан бири.

Жорий йилда Рамазон ҳайити намозини ўқиш мусулмонлар зиммасидан соқит бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши 22 май куни эълон қилган баёнотида маълум қилди.

Баёнотда айтилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади.

“Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади”, дейилади баёнотда.

Айни пайтда ҳайит арафаси ва байрам кунларида кесаларнинг ҳамда беморларнинг ҳолидан хабар олиш, миллий урф-одатлар билан боғлиқ анъаналар карантин талабларидан келиб чиқиб, амалга оширилиши белгиланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолаганди. Қарорга асосан Рамазон ҳайити 24 май куни нишонланади.

Аввалроқ Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам Рамазон ҳайити 24 майга белгилангани хабар қилинганди.

Бир неча кун олдин Тожикистон ва Қирғизистон уламолар кенгаши ҳам жорий йилда Рамазон ҳайити намозини ўқиш мусулмонлар зиммасидан соқит бўлганини билдирган.

Саудия Арабистони муфтийси эса ҳайит намозини уйда адо этишга фатво берган.

Ўзбекистон экспортининг 35 фоиздан кўпроғини олтин ташкил қилмоқда

2019 йилда Ўзбекистон 4 миллиард 900 миллион долларлик олтин экспорт қилган эди.

Жорий йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон 1 миллиард 550 миллион долларлик олтин сотди. Мазкур даврдаги олтин савдоси Ўзбекистоннинг экспортидаги улушнинг 35,3 фоизга тенг бўлди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

2019 йилда Ўзбекистон 4 миллиард 900 миллион долларлик олтин экспорт қилган эди. Ўтган йилда ўзбек экспорти таркибидаги олтин улуши эса 27,3 фоизни ташкил этган.

Олтин экспорти 2015 йилда 823,9 миллион доллардан, 2016 йилда 738,2 миллион доллардан, 2017 йилда 1,6 миллиард доллардан, 2018 йилда 2,91 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилган.

2019 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Марказий банки 2019 йилда хорижга 80 тонна олтин экспорт қилиш режалаштирилаётганини, бу ўтган йилга нисбатан 10 тоннага кўп эканини маълум қилган эди.

Ўтган йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон жаҳонда энг кўп олтин сотган давлат бўлди. Бу ҳақда World Gold Council (Олтин бўйича жаҳон кенгаши) ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳисоботда Ўзбекистон январь ойидан март ойигача 6 тонна 200 кило олтин сотгани қайд этилган.

Ўзбекистондан кейинги иккинчи ва учинчи ўринларни эса Монголия (3,4 тонна) ва Тожикистон (1 тонна) эгаллади.

Бир йилда йўл қоидасини 12 марта бузган ҳайдовчи ўзи ва бошқалар ўлимига сабабчи бўлди

Бухорода аварияга учраган автомашиналардан бири. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти сайтидан олинган сурат.

Бир йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини 12 марта бузган тажрибасиз ҳайдовчи 13-қоидабузарлик пайтида ҳалок бўлди. Ҳайдовчидан ташқари 19 ёшли қиз ҳам вафот этди ва яна 5 киши жароҳатланди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, воқеа Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан ўтган 4R-76 автойўлининг 8-километрида 19 май куни тахминан 13:30 да содир бўлган. Бир йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлган 31 ёшли М. Ж., Nexia автомобилида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, 39 ёшли Н. Т., бошқарувидаги Lacetti билан тўқнашган.

Тўқнашув оқибатида Nexia йўловчиси бўлган 19 ёшли З.Н., воқеа жойида, ҳайдовчи М.Ж., эса тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Бундан ташқари, ҳар икки автомашинадаги 6 нафар йўловчидан 5 нафари оғир тан жароҳати, бир нафари эса енгил тан жароҳати олган, уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қоракўл туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

20 май куни Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ўзбекистонда 1 апрелдан 30 апрелгача 336та йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани ва уларда 76 одам ҳалок бўлгани ҳақида билдирган эди.

Рамазон ҳайити Ўзбекистонда ҳам 24 майга белгиланди

Тошкентдаги "Ҳазрати имом" масжидида ўқилган ҳайит намози (архивдан олинган сурат).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 май куни “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Президентнинг расмий сайтида ёйинланган қарорга мувофиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 24 май – якшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатда Рамазон ҳайити бу йил 24 май куни нишонланади.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, халқнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш топширилган.

Аввалроқ Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам Рамазон ҳайити 24 майга белгилангани хабар қилинганди.

Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида 258 фуқарони афв қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

ЎзА агентлигининг мазкур фармонга шарҳида айтилишича, ҳужжатни имзолашда президент мамлакат Конституциясининг 93-моддаси 23-бандида кўзда тутилган афв ҳуқуқидан фойдаланган.

Фармонга мувофиқ, содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 фуқаро афв этилган.

Улардан 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.

Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари, 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этиши айтилмоқда.

Қайд этилишича, фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.

Наманган ва Қаршида экспериментал юридик хизмат марказлари ташкил қилинади

Ўзбекистонда эксперимент тариқасида юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Мамлакат президенти томонидан 20 май куни имзоланган “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга мувофиқ, Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш бошқармаси ва Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси ташкил этилган.

Фармонга кўра, Наманган шаҳри ва Қарши туманида эксперимент тариқасида туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳузурида давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади.

Бу марказларни бюджетдан молиялаштириладиган туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги мавжуд штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ташкил этиш кўзда тутилган. Улар тегишли ташкилотда қонун ҳужжатлари билан юридик хизматларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади.

Эксперимент натижасидан келиб чиққан ҳолда ушбу тизим республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.

Алишер Усмонов Андижон ва Намангандаги муҳтож оилаларга 15 млрд сўм берди

Алишер Усмонов.

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги ижтимоий ҳимояга эҳтиёжи бўлган оилаларга 2,5 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатган.

Марҳамат тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, А. Усмонов томонидан берилган молиявий ёрдам маблағлари йўналтирилган банк карталари 20 май куни “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ходимлари, туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тумандаги 48 та маҳалла фуқаролар йиғинидан ҳақиқатдан ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган 1000 та оиланинг ҳар бирига 2,5 миллион сўмдан етказиб берилган.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, Алишер Усмонов Наманган шаҳри, Чуст тумани ва Наманган туманидаги 5 минг чоғли оилага ҳам 12,5 миллиард сўм улашган. Ёрдам пулини тарқатиш учун боқувчисиз қолган ва ногиронлари бўлган оилалар танланган.

Аввалроқ Алишер Усмоновнинг Сардоба тошқинидан жабрланган ўзбекистонларга 10 млн доллар, қозоғистонликларга эса 5 млн 202 минг доллар ажратгани ҳақида хабар қилинганди.

Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган Алишер Усмонов узоқ йиллардан бери Россия ва Британиянинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Forbes маълумотига кўра, унинг бойлиги шу кунда 13,4 миллиард долларга тенг.

Муддатли сайловлар декабрдан мартга кўчирилиши мумкин

Ўзбекистонда президент ва парламент сайлови ўтказиш санасини декабрь ойидан март ойига кўчириш таклиф қилинмоқда.

Мазкур ўзгартиш Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 20 май куни жойлаштирилган “Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасида акс этган. Ҳужжатни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси муҳокама қўйган.

Лойиҳа билан яна сайлов қонунчилигига қуйидаги ўзгартишлар киритиш таклиф қилинган:

– суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга сайлаш ҳуқуқини бериш;

– бир номзод фақат битта вакиллик органига депутат этиб сайланиши мумкинлиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш:

– бўшаган депутатлик ўринларига сайлов ўтказиш учун аниқ муддатларни белгилаш;

– парламентда ўз фракциясига эга бўлган сиёсий партиялар учун (камида 9 та депутатлик ўрни) сайловларда иштирок этиш учун сайловчиларнинг қўллаб-қувватловчи имзоларини (парламент сайловида 40 мингта, президентлик сайловида сайловчиларнинг 1 % миқдорида) тўплаши шарт эмаслиги тўғрисидаги қоидани ўрнатиш;

– хорижий давлатларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг сайловда иштирок этишига оид кафолатларини кенгайтириш (сайловчиларни хориждаги сайлов участкаси сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича интерактив давлат хизматларини йўлга қўйиш, сайловчилар турган жойида муддатдан олдин овоз бериш тартибини белгилаш);

– халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларини тугатиш ва унинг ваколатларини туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юклаш;

– номзоднинг номзодликдан воз кечиши мумкинлиги учун аниқ муддатларни ўрнатиш (сайловга 15 кун қолгунга қадар);

– давлат идоралари томонидан ўз ресурсларидан сиёсий партиялар ва номзодларнинг сайловолди ташвиқоти учун ноқонуний фойдаланишини таъқиқловчи қоидаларни ўрнатиш;

– вилоят, туман, шаҳар, округ сайлов комиссияларининг сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ваколатини акс эттириш;

– сайлов бюллетенининг матнини соддалаштириш, хусусан бюллетень матнидан номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойи ҳақидаги маълумотларни чиқариб ташлаш;

– сайловчилар рўйхатига ўзгартириш киритишни сайловга 5 кун қолганда тўхтатиш;

– сиёсий партиялар ва номзодлар томонидан молиявий қонун-қоидалар бузилганлиги учун жавобгарлик чораларини жорий этиш;

– сайлов комиссияларининг қарорлари устидан шикоят қилиш муддатини 10 кундан 3 кунга қадар қисқартириш;

– сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотини молиялаштиришда давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан кўп бўлмаган миқдорда хусусий маблағларни жалб қилишга рухсат бериш (чет эл донорлари ва хорижий молиявий манбалардан юборилувчи маблағлар бундан мустасно);

– сиёсий партиялар томонидан сайлов кампанияси даврида Ғазначиликда ҳисобварақ очиш лозимлиги ҳақидаги қоидани киритиш;

– сиёсий партияларнинг молиявий ҳисобдорлигига бўлган талабларни соддалаштириш, шу жумладан, сиёсий партияларнинг сайлов кунига қадар оралиқ молиявий ҳисоботини ва сайловдан кейин якуний молиявий ҳисоботини эълон қилиш, шунингдек Ҳисоб палатасининг сиёсий партиялар фаолиятини текшириш натижаларини ошкор қилиш;

– президентлик, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига бўладиган сайловларда сиёсий партияларнинг иштирок этишини давлат томонидан молиялаштиришга оид қоидаларини Сайлов кодекси билан мувофиқлаштириш ва бошқалар.

Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 4 июнигача давом этади.

“Сариқ” ва “яшил” ҳудудларда 22 майдан сайилгоҳ ва музейлар очилади

Жорий йил 22 майидан карантиннинг “сариқ” ва “яшил” тоифасига киритилган ҳудудларда очиқ сайилгоҳ, музей ва санъат галереялари фаолиятини йўлга қўйишга рухсат берилади. Республика махсус комиссиясининг бунга оид қарори “аҳолига қулайлик яратиш мақсадида” қабул қилингани айтилмоқда.

Очилган бу объектларда қатор чекловлар сақлаб қолинади. Хусусан, коронавирус инфекцияси иккинчи тўлқинини олдини олиш мақсадида ушбу масканларга кириш жойларида мажбурий равишда ташрифчиларнинг барчаси тана ҳароратлари ўлчаган (тепловизор ёки пирометр) ҳолда киритилади, ташрифчилар шахсий ҳимоя воситаларида (ниқобда) бўлишлари ва бошқалар билан 2 метрлик ижтимоий масофани сақлашлари талаб этилади.

Ушбу масканларда ташрифчилар уч кишидан кўп бўлиб тўпланишининг олдини олинади. Бу ишни назорат қилиш сайилгоҳ, кўнгилочар маскан ва музейлар раҳбарияти зиммасига юклатилган.

Аввалроқ Озодлик Tashkent city сайилгоҳи очилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистонда ID ва банк карталари ишлаб чиқаришга Малайзия ширкати қизиқмоқда

Малайзиянинг Percetekan Nasional Malaysia Berhad (PNMB) ширкати масъули Аҳмад Шозалий Ўзбекистон элчихонаси вакиллари билан бўлиб ўтган видеоконференция чоғида 20 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирган.

Дунё ахборот агентлиги хабарига кўра, PNMB, хусусан, ID ва банк карталарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасида иштирок этишдан манфаатдор. Ширкат вакиллари Ўзбекистонда шаҳар транспорти учун тўлов тизими бўйича янги технологияларни жорий этишга тайёр эканларини ҳам билдирганлар.

130 йилдан кўпроқ йиллик тарихга эга PNMB ширкати ҳозирда нашриёт ва матбаа хизматларини кўрсатишда давом этиш билан бир қаторда хавфсиз босма маҳсулотларни, смарт-карталарни ҳам ишлаб чиқаради. У банк, савдо ва транспорт соҳаларида молиявий оптималлаштириш учун дастурий таъминотни ишлаб чиқиш соҳасида ишлайди. Компаниянинг хорижик ўлкаларда ўнта филиали фаолият юритади.

Тошкентдан уй сотиб олган вилоятликлар 5 фоизлик ставкани тўламайдиган бўлди

Ўзбекистонда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган фуқаролар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мулк сотиб олинганда мол-мулкнинг олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 5 фоизи миқдордаги давлат божининг алоҳида ставкаси чиқариб ташланди.

Мазкур ўзгариш, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, 20 май куни мамлакат президенти томонидан имзоланган “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қонунда акс этган.

Авваллари вилоятликлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бирламчи бозордан уй сотиб олганда мол-мулк олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун шартнома суммасининг 5 фоизи миқдорида алоҳида бож ставкаси тўлашлари лозим эди, эндиликда бу ставка бекор бўлди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG