Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 11:19

Ўзбекистон

ЕИ афғон қизларининг Ўзбекистон ва Қозоғистон университетларида ўқиши учун 2 млн евро ажратди

Европа Иттифоқи афғонистонлик хотин-қизларнинг Ўзбекистон ва Қозоғистондаги университетларда ўқишини молиялаштириш учун БМТ Тараққиëт дастурига 2 миллион евро грант ажратди.

Бу ҳақда иттифоқ матбуот хизмати хабар қилди.

Расмий баëнотга кўра¸ 2025 йилга қадар бу икки қўшни давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичида қишлоқ хўжалиги¸ амалий статистика ва тоғчилик йўналишларида 50 нафар афғонистонлик талаба қиз таҳсил олади.

Айни пайтда¸ БМТ-Аëллар лойиҳаси доирасида афғонистонлик хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва коммуникация соҳасидаги малакасини оширишга қаратилган ëзги мактаблар ҳам ташкил этилади.

Бу дастурлардан кўзланган бош мақсад¸ қайд этилишича¸ афғон хотин-қизларининг иқтисодий ҳуқуқларини кенгайтириш¸ уларнинг иш топиш имконини кўпайтиришдан иборат.

Афғонистоннинг каттагина ҳудудларини назорат қилиб келаëтган Толибон ҳаракати¸ шариат қонунларини рўкач қилиб¸ хотин-қизларга ўқиш ва ишлаш ҳуқуқи берилишига мутлақ қаршидир.

Кун янгиликлари

Молия вазирлиги АҚШнинг бюджет шаффоф эмаслиги тўғрисидаги танқидига жавоб қайтарди

Молия вазирлигининг 19 август учун ҳисоботи. Молия вазирлиги сайтидан олинди.

Молия вазирлиги ҳар ойда вазирликлар ва идораларга ажратилган бюджет маблағлари ва турли соҳага ажратилган маблағлар тўғрисидаги ҳисоботларни ўз расмий саҳифларида эълон қилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги 20 август куни маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, шунингдек, дам олиш кунларидан ташқари ҳар куни давлат бюджетининг даромад ва харажатлари ҳамда давлат харидлари тизимида тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар бериб борилади.

Openbudget.uz электрон портали орқали эса давлат бюджетининг ижроси, унинг параметрлари, таркибий қисмлари ва прогноз кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилади.

Вазирликнинг бу баёноти АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни шаффофликни таъминлай олмаётган давлатлар рўйхатига киритгани ортидан эълон қилинди.

Давлат департаментининг 15 август куни дунё давлатларидаги шаффофликка бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботини жамоатчиликка тақдим этганда. Унда Ўзбекистондан ташқари мазкур рўйхатга яна 67 давлат киритилган.

Ҳисоботда АҚШ Ўзбекистонга бюджетда режалаштирилган харажатлар ҳамда даромадлар ҳақида батафсил маълумотларни, табиий ресурслардан олинган даромадлар ва ҳукуматнинг бюджетдан ташқари ҳисоблари тўғрисидаги маълумотларни аҳолига ошкор этишни тавсия қилган эди.

Бухорода аварияга учраган тожикистонликлардан бирининг аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда

Иллюстратив сурат.

Бухорода аварияга учраган тожикистонликлардан бирининг аҳволи ўта оғир, у кома ҳолатида ётибди. Бу ҳақда 20 август куни Бухоро вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига таянган ҳолда “Бухоро ёшлари” газетаси маълум қилди.

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 19 август куни Бухоро вилояти Жондор туманида А-380 йўлида Mercedes-Benz Sprinter микроавтобуси аварияга учраганини маълум қилган эди.

Москвадан Душанбега Бухоро орқали кетаётган микроавтобус Тожикистон фуқаросига тегишли бўлган.

"Микроавтобус ғилдирак ёрилиши натижасида ағдарилиб кетган. Натижада тўққиз йўловчи жароҳаттланган. Уч киши шифохонага ётқизилди. Қолган олти кишини шифохонага ётқизишга ҳожат бўлмади. Уларга ҳодиса жойида тиббий ёрдам кўрсатилди. Бошқа йўловчилар Газлидаги меҳмонхонага жойлаштирилди”, деб билдирган вазирлик.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, микроавтобусда Россиядан Тоджикистонга қайтаётган 18 нафар меҳнат муҳожири бўлган. Улардан 8 нафари енгил ва 1 нафари ўта оғир жароҳат олган.

Етти ойда хорижга деярли 3,5 миллиард долларлик олтин сотилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон июль ойида аввалги беш ойдагидан кўпроқ олтин сотди. Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, 2019 йилнинг январидан май ойигача хорижга 1 миллиард 200 миллион долларлик олтин сотилган эди. Июль ойида эса сотилган олтин миқдори 1 миллиард 400 миллион доллар бўлди.

Жами етти ой давомида Ўзбекистон хориж давлатларига 3 миллиард 400 миллион долларлик олтин сотган.

Қиёслаш учун айтиш лозимки, 2018 йилнинг январидан июль ойигача хорижга 1,5 миллиард долларлик олтин экспорт қилинган эди.

Статистика қўмитаси сўнгги беш йилда экспортда олтин ҳажми 12,1 фоиздан 31,8 фоизга кўтарилганини қайд этган.

Аввалроқ Ўзбекистон 2019 йилда 80 тонна олтин сотишни режалаштираётгани хабар қилинган эди. Бу эса 2018 йилга нисбатан 10 тоннага кўпроқдир.

Ўзбекистон маҳсулотларини энг кўп сотиб олаётган давлат Хитой бўлиб қолмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистондан товар ва хизматларни экспорт қилувчи асосий давлат Хитой бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди.

Билдирилишича, Ўзбекистондан экспорт қилинаётган товарларнинг 16 фоизини Хитой сотиб олади. Россияга 13 фоиз, Қозоғистонга 8 фоиз, Туркияга 6 фоиз, Қирғизистонга 4 фоиз, Афғонистонга 3 фоиз ва Тожикистонга 1,6 фоиз маҳсулот экспорт қилинади.

Ўтган йили маҳсулотлар 144 давлатга экспорт қилинган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 151тага етди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2019 йилнинг январидан июлигача 10 миллиард 800 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Бу эса 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 44, 5 фоизга кўпдир.

Марказий банк сўмнинг хориж валюталарига нисбатан қадрсизланиши бўйича изоҳ берди

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов.

20 август куни Ўзбекистон Марказий банки валюта биржасидаги савдоларда сўм алмашув курсининг 2,76%га пасайиши муносабати билан бораëтган жараëнларга изоҳ берди.

Банк расмий сайтида эълон қилинган ахборотда сўмнинг қадрсизланиши кўпчиликни ташвишга солаëтгани эътироф этилган¸ айни пайтда¸ Марказий банкнинг валюта бозоридаги сўнгги қадами объектив иқтисодий зарурият маҳсули экани таъкидланган.

Марказий банк биржа савдоларида валюта курсининг эркин, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда шаклланишига имкон берувчи механизмга ўтишини эълон қилгани ортидан¸ ўзбек сўмининг қадри пасая бошлади.

20 август куни бир АҚШ долларининг Марказий банк томонидан белгиланган расмий курси 323 сўмга қимматлади ва 9384 сўмни ташкил этди.

Алмашув курси ўзгаришининг ички нархларга таъсири¸ инфляциянинг кучайишига ҳам муносабат билдирган Марказий банк¸ ўз баëнотида¸ инфляцияни тўхтатишнинг “энг тўғри йўли иқтисодиётда рақобат ва инвестицион эркинликни ошириш” эканини таъкидлаган.

Президент Тошкент аграр университетини такомиллаштиришга қарор қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 19 август куни “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Расмий матбуотда эълон қилинган қарордан мақсад¸ унда ëзилишича¸ хусусан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига Smart agriculture – ақлли ва дигитал агротехнологияларни татбиқ этиш¸ фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этишдан иборат.

Қарорда жумладан¸ Тошкент давлат аграр университетини 2025 йилга қадар дунёнинг нуфузли1000 та олий таълим муассасалари рўйхати (QS рейтинг тизими)га киритиш бўйича уч ой ичида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳам топширилган.

Қарор ижроси устидан назорат Бош вазир Абдулла Ариповга юклатилган.

Самарада ўзбекистонликнинг заҳарланишдан ўлгани юзасидан жиноят иши очилди

Самарада заҳарланганлардан бири.

Самара вилоятида заҳарланган ўзбекистонликлардан бирининг вафот этгани юзасидан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси 19 август куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича, жиноят иши Жиноят кодексининг 109- моддаси (Эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш) асосида қўзғатилган.

Россиянинг Тольятти шаҳар клиникаси жонлантириш бўлимида оғир аҳволда қолаётган 4 ўзбекистонликдан бири, 26 яшар йигит 14 август куни кечга яқин вафот этган эди.

Зоокумарин моддасидан заҳарлангани айтилаётган 69 ўзбекистонликнинг 57 нафари (вафот этган йигит 58-чиси эди) Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида оғир аҳволда қолмоқда. Касалхонада қолаётганлар орасида 4 яшар бола ҳам бор.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги йўллаган шифокорлар ва Қозондаги консуллик вакиллари 17 август куни Самара шаҳар шифохонаси, 18 август куни эса Тольятти шаҳар шифохонасида ётган ўзбекистонликларнинг аҳволи билан танишди. Заҳарланганларнинг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.

Озодлик Самарада қишлоқ хўжалиги ишлари шуғулланиб, пул топаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.​

Ростов Дондаги аварияда ўзбекистонликлар ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Ростов Дон шаҳридаги бош консулхонаси Краснодар ўлкасининг Темрюк туманида юз берган автоаварияда икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 19 августда билдиришича, авария 5 август куни Тамань – Веселовка автойўлининг 7-километрида юз берган. Бензин ташувчи машина ВАЗ-2108 енгил автомашинасига урилгани оқибатида 25 ёшли ҳайдовчи ва 45 ёшли йўловчи ҳалок бўлган. Улар Ўзбекистон фуқароларидир. Аварияда яна тўрт нафар одам жароҳатланган.

18 август куни ҳам Новосибирск вилоятида юз берган автоҳалокатда бир одам ўлгани ва 8 одам жароҳатлангани хабар қилинган эди.

Маълумотда билдирилишича, ҳалок бўлган одам Арманистон фуқароси, жароҳатланганлар эса Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидир.

Бироқ Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча бу аварияда жабрланган Ўзбекистон фуқаролари борасида расман маълумот бермади.

Новости агентлигининг ёзишича, жароҳатланганлардан уч нафари реанимацияда сақланмоқда, 5 нафари жарроҳлик бўлимига ётқизилган.

АҚШ расмийси "ислоҳотлар дастури қувватланишини намойиш этиш мақсадида" Тошкентга келади

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл.

АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Дэвид Хейл 20 августдан 23 августгача ўтадиган Марказий Осиё сафари доирасида Тошкентга келади.

Хейл “Ўзбекистон президентининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватланишини намойиш этиш мақсадида Тошкентга боради”, дейилади расмий хабарда.

Хейл Тошкентда ўтадиган учрашувларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги хавфсизлик, маолриф ва савдо ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.

Тошкентга келишдан олдин Хейл Нурсултонда 21 августда ўтказиладиган Марказий Осиё давлатларининг C5+1 доирасидаги йиғилишида иштирок этади. Ташрифнинг асосий мақсади ҳам мана шу ҳисобланади.

C5+1 деб номланган мулоқот 2015 йил Самарқанд шаҳрида бошланган эди. Мазкур мулоқот доирасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ расмийлари учрашадилар.

Ўзбекистон шаффофликни таъминлай олмаётган давлатлар рўйхатига киритилди

Иллюстратив сурат.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни шаффофликни таъминлай олмаётган давлатлар рўйхатига киритди.

Давлат департаментининг дунё давлатларидаги шаффофликка бағишланган навбатдаги йиллик ҳисоботида Ўзбекистондан ташқари мазкур рўйхатга яна 67 давлат киритилган. Улар орасида Озарбайжон, Хитой, Ироқ, Туркманистон, Саудия Арабистони каби давлатлар ҳам бор.

Ҳисоботда АҚШ 2018 йилда молиявий ёрдам кўрсатган 140 давлат ҳукуматларининг шаффофликни таъминлашга қаратилган фаолияти таҳлил қилинган.

Ҳисоботда эътироф этилишича, Ўзбекистон давлат бюджетини жамоатчиликка эълон қилиш борасида ютуқларга эришди, бироқ жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган бюджетда режалаштирилган харажатлар ҳамда даромадлар ҳақида батафсил маълумотлар мавжуд эмас.

Бундан ташқари табиий ресурслардан олинган даромадлар ва ҳукуматнинг бюджетдан ташқари ҳисоблари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаяпти.

Давлат департаменти Ўзбекистонга шаффофликни таъминлаш учун қарз мажбуриятлари, вазирликларнинг батафсил харажатлари тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилишни тавсия қилмоқда.

Давстатқўм: 7 ойда автобус ишлаб чиқариш 3,6 мартага ошди

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, жорий йилнинг 7 ойида енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 49,6 фоизга ошган. 2018 йилнинг шу даврида 98 700 дона енгил автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилнинг 7 ойида бу кўрсаткич 147 650 тани ташкил қилган.

Юк автомобиллари ишлаб чиқариш эса 55,1 фоизга ортган. (2018 йилнинг январь - июлида 925 та, 2019 йилнинг шу даврида 2 985 та)

Автобуслар ишлаб чиқариш ҳажми эса, 3,6 мартага ошган.(2018 йилнинг 7 ойида 303 та, 2019 йилнинг шу даврида 1 095 та).

Автомобиль двигателларини ишлаб чиқариш 62,4 фоизга ошган. (2018 йил 7 ойида 70 534 та, 2019 йилнинг шу даврида - 114 561 та)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи билан ҳашар ўтказилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари И.Иномов 16 августда имзолаган буйруқ билан 17-18 август кунлари умумхалқ ҳашарида қатнашиш буюрилди.

Буйруқ муқаддимаси мазмунига қараганда, ҳашар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидлар, “Мовароуннаҳр” нашриёти, “Вақф” ҳайрия жамоат фонди, диний таълим муассасалари, зиёратгоҳлар ва уларга туташ қабристонларда ўтказилган.

Идора буйруғига “2019 йил, 10 августдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 672- фармойиши ва Раҳбарият розилиги” асос бўлгани белгилаб ўтилган.

Бензин ва дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш ҳажми қисқарди

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига кўра, мамлакатда бензин ишлаб чиқариш жорий йилнинг 7 ойида ўтган йилнинг шу даврига қараганда камайган: 2018 йилнинг январь-июлида 657,1 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган бўлса, 2019 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 595,1 минг тоннани ташкил қилган.

Дизель ёнилғисини ишлаб чиқаришда ҳам пасайиш кузатилган: 2018 йилда 650,6 минг тонна дизель ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилда 626,4 минг тонна ишлаб чиқарилган.

Ҳукумат қарори: Тошкентдаги мактабларни таъмирлаш учун йил охиригача 400 млрд сўм ажратилади

2019 йилда Тошкент шаҳри бўйича жами 10 та мактаб реконструкция қилиниб, 40 таси капитал таъмирланади.
Реконстукция ва капитал таъмирлаш ишлари учун 2019 йил якунига қадар қўшимча 400 млрд сўм ажратилади.

Бу чоралар Вазирлар Маҳкамаси 17 августда қабул қилган Тошкент шаҳри умумтаълим мактаблари фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорда белгилаб қўйилди.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, қарорга биноан, шунингдек, 2020 йилдан бошлаб тажриба-синов тариқасида мактабларни хусусий сектор вакилларига қуриш-таъмирлаш, бошқариш, фойдаланиш учун бериш усуллари амалиётга жорий қилинади.

2019 йил 1 декабрга қадар Тошкент шаҳридаги мактабларни олий маълумотли кадрлар билан тўлдириш, олий тоифали ўқитувчилар сонини ошириш, бир нафар ўқитувчига тўғри келадиган ўртача ўқувчилар улушини босқичма-босқич халқаро стандартларга мослаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб юқори синф ўқувчилари учун “Ёш педагог синфлари” ташкил этилади.

"Lyubaya biznes xorosha" ишхонаси очилди

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Ўзбекистонда «LYUBAYA BIZNES XOROSHA» (Любая бизнес хороша) номли МЧЖ рўйхатдан ўтди.

Бу ҳақда хабар қилган kun.uz бу хусусда ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларни Давлат статистика қўмитаси сайти орқали текшириб, чиндан ҳам «Любая бизнес хороша» масъулияти чекланган жамияти 16 август куни давлат хизматлари маркази томонидан рўйхатга олинганини аниқлаган.

Нашрнинг хабарига кўра, «Любая бизнес хороша» МЧЖ ихтисослаштирилмаган улгуржи савдо билан шуғулланади, унинг устав капитали уч миллиард сўмни ($322,5 минг) ташкил этади. Ширкатнинг асосчиси аёл киши бўлиб, МЧЖдаги 100% ҳиссаси унга қарашли.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев май ойида Alter Ego дастурига берган интервьюсида «Любая бизнес хороша» иборасини қўллаган ва бу ибора ижтимоий тармоқда оммалашиб кетган эди.

Қарши, Самарқанд ва Жиззахда якшанба куни зилзила бўлгани қайд этилди

Иллюстратив сурат.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигиниинг Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази зилзила 18 август куни Тошкент вақти билан 20:46 қайд этилганини маълум қилди.

Тошкентдан жануби-ғарбий йўналиш бўйича 314 километр узоқликда юз берган зилзила магнитудаси 4,2 балл бўлган. Зилзила Жиззах, Самарқанд ва Қаршида 2 балл кучланишда сезилган.

“Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ер силкиниши қайд этилмади. Талафотлар ва жабрланганлар тўғрисида маълумот келиб тушмади”, дейилади расмий билдирувда.

Шахмат бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон шаънини жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери ҳимоя қилади

Нодирбек Абдусатторов 8 ёшида болалар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган эди.(Сурат 2012 йилда Ўзбекистон Шахмат Федерацияси сайтидан олинган).

Россиянинг Ханти-Манси мухториятининг Югра шаҳрида 9 сентябрдан 4 октябргача ўтадиган шахмат бўйича Жаҳон кубогида Ўзбекистон шаънини Рустам Қосимжонов ва Нодирбек Абдусатторов ҳимоя қилади.

2004 йили жаҳон чемпиони бўлган халқаро тоифадаги гроссмейтер Рустам Қосимжонов дунёдаги бешта кучли шахматчининг бири бўлиб ҳисобланади.

14 ёшли Нодирбек Абдусатторов эса Жаҳон кубогининг энг ёш иштирокчиси ҳисобланади.

Нодирбек Абдусатторов жаҳон шахмат тарихидаги энг ёш иккинчи гроссмейстер ҳисобланади. 6 ёшида Ўзбекистон чемпионига айланган Нодирбек 2017 йил охирида россиялик ва ҳиндистонлик 24-32 ёшли гроссмейстерлар устидан Санкт -Петербургда ўтган халқаро шахмат турнирида ғалаба қозониб, гроссмейстер мақомига эга бўлган.

Жаҳондаги энг ёш биринчи гроссмейстер мақомини бугунги кунда 28 ёшга тўлган россиялик Сергей Корякин 12 ёш 7 ойлигида қўлга киритган. Мазкур воқеа Гиннес рекордлар китобида қайд этилган.

Нодирбек Абдусатторов эса 13 ёш 1 ой 11 кунлигида жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери ҳисобланган иккинчи одам бўлди.

Жаҳон кубогида 47 давлатдан 128 нафар шахматчи иштирок этади.

Петербургда оммавий муштлашувда уч нафар ўзбекистонлик жароҳатланди

Россияда меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашувлар тез-тез содир этилади.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Фрунзе туманида юз берган муштлашув пайтида уч нафар ўзбекистонлик жароҳатланди. Бу ҳақда 18 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, 16 август куни содир этилган оммавий муштлашув пайтида травматик тўппончадан ўқ узилган. Бунинг оқибатида жароҳатланган уч ўзбекистонликдан бир нафари касалхонага ётқизилди. Унинг аҳволи ўртача оғирликда деб баҳоланмоқда.

"Мазкур воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот тузилмалари терговгача текширув ишларини олиб бормоқда. Бош консулхона бу ишни назорат қилиб турибди”, дейилади расмий хабарда.

17 август куни ТАСС ва «Фонтанка» нашри Петербургдаги бозорлардан бирида Озарбайжон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган саккиз киши савдо қилиш учун жой талашиб муштлашиб кетганини билдирган эди.

Хабарда бир неча одам травматик тўппончадан яраланиб, касалхонага олиб кетилгани айтилган.

Мустақиллик куни муносабати билан 4 кунгача дам олиш берилади

Мустақиллик кунидаги халқ сайлларидан бири пайтида олинган сурат.

Мустақиллик куни муносабати билан ўзбекистонликлар қўшимча тарзда бир неча кун дам олиш имкониятларига эга бўлдилар.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг ноябрида имзолаган “2019 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида” фармонда мана шу нарса белгилаб берилган эди.

Фармонга асосан, 7 сентябрь - шанба кунги дам олиш 3 сентябрь - сешанба кунга кўчирилади.

Шундай қилиб, ҳафтада 5 кун ишлайдиганлар 31 августдан 3 сентябргача, ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар 1 сентябрдан 3 сентябргача дам оладилар.

Ҳожиларнинг илк гуруҳи зиёратдан қайтди, қолганлари 1 сентябргача келтирилади (ФОТО)

Ҳожиларни Тошкентда қарши олишмоқда, 18 август, 2019 йил

Бу йил Ҳажга борган ўзбекистонлик ҳожиларнинг илк гуруҳи 18 август куни Тошкентга қайтди.

Мусулмонлар идораси берган хабарга кўра, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг қолган гуруҳлари 1 сентябргача қайтарилади.

Президент Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистондан Саудия Арабистонига Ҳажга борувчилар сони, йиллар давомида ўзгармай келган 5 ярим минглик рақамдан, 7 минг 200 кишига оширилди.

Бу йил шунча зиёратчига 35 кишилик ишчи гуруҳи, 35 нафар шифокор, 15 нафар ошпаз ҳамда 140 нафар гуруҳ раҳбари хизмат кўрсатди.

Айни пайтда, келгуси йилларда зиёратчилар сони мунтазам ошириб борилиши айтилган.

Олий суд матбуот хизмати раҳбари ўз ишидан қониқмай, вазифасини тарк этди

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Олимжон Ўсаров 16 август куни вазифасини ўз ихтиёри билан тарк этган.

Kun.uz Интернет нашрининг хабар қилишича, котиб Олий суднинг тўлиқ таркибдаги йиғилишида ишдан кетишини билдирган.

Судлар фаолияти таҳлилига бағишланган бу йиғилишнинг жиддий танқидий руҳда ўтгани, унда Олий суд матбуот хизмати раҳбарининг маъруза қилгани хабар қилинди.

Хабар қилинишича, Олимжон Ўсаров журналистларнинг суд мажлисларида иштирок этишига асоссиз тўсиқлар бўлаётгани, матбуот хизмати ходимларининг "иш жойига тушга яқин келиши" каби муаммолар натижасида суд фаолиятидан норозилик кучайиб бораётганини айтган ва: "Турли норозиликларнинг кўпайиб бораётгани туфайли лавозимимни тарк этаман", деб баёнот берган.

Олимжон Ўсаров 28 йиллик иш фаолияти давомида унинг давлат ҳокимияти турли органлари ва оммавий ахборот воситаларида масъул лавозимларда ишлаган. 2002-2005 йилларда ҳам Олий суд матбуот котиби бўлиб ишлаган.

Бундан ташқари, икки чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ҳам бўлган.

Ҳоким ўринбосарининг Kun.uz мухбирига ҳужуми ва милиция ходимининг ҳаракатсизлигини Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганмоқда

Ўзбекистон Бош прокуратураси Kun.uz журналистларига Олмазор тумани ҳокими ўринбосари томонидан қилинган тажовузни ўз назоратига олганини маълум қилди.

Ҳоким ўринбосарининг ҳужуми ва уни кузатиб турган ички ишлар ходимининг ҳаракатсизлигини Тошкент шаҳар прокуратураси ўрганмоқда, дейилади Бош прокуратура билдирувида

14 август, чоршанба куни Kun.uz ўз журналистлари Тошкентда мансабдор шахс томонидан тажовузга учрагани ҳақидаги видеони эълон қилган эди.

Маҳаллий тадбиркор арзини ўрганиш учун ҳокимликка борган журналистлар видеода Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг тажовузига учрагани акс этади. Kun.uz хабар қилишича, мансабдор шахс таҳририятга тегишли штативни синдирган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Оққўрғон бозоридаги тартибсизликлар юзасидан баёнот берди

Uzbekistan - Screen from Oqqurgan

16 август куни Озодлик Оққўрғон тумани марказидаги деҳқон бозорида норозилик билдирган аёлларга милиция куч қўллагани ҳақида хабар берган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати билдирувида шундай дейилади:

“Оққўрғон Деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудига А.Навоий кўчаси томонидан кириш қисмида, туман ҳокимининг 1836-сонли “Оққўрғон шаҳри Бирлик МФЙ А.Навоий кўчаси ҳудудидаги бўш турган ер майдонида фуқаро Қурбонов Даврон Эргашевич томонидан икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши учун рухсат бериш” тўғрисидаги Қарори асосида қурилиш ишларини бошлаш учун усталар иш бошлаган.

Шу вақтда бозорга кириш йўлини девор билан беркитаётган вақтида, шу ерда полиз экинлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан шуғулланаётган аёллар қурилаётган девор ўзларининг савдосига халақит қилишини айтиб, қурилишни тўхтатишни талаб қилишган".

Ҳокимлик баёнотида айтилишича, тушунтиришларга қарамай, 5 нафар савдогар аёл бақир-чақир қилиб, атрофдаги оломон эътиборини ўзларига қаратиб, қурувчи усталар ва бозор раҳбарини ҳам ҳақорат қилиб, кўплашиб қурилаётган деворни бузиб ташлаган.

Шундан сўнг воқеа жойига тезкор-тергов гуруҳи ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими етиб келган.

"Ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги сабабли, тўпланган ҳужжатларни туман ИИБ Навбатчилик қисмидаги ШАКЛ-2 китобига 703-сон билан қайд қилиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланган", - дейилади Тошкент вилояти ҳокимлиги билдирувида.

Kun.uz мухбири Олмазор тумани ҳокими муовинини тухмат қилганликда айбламоқда

Kun.uz Тошкентнинг Олмазор тумани ҳокими муовинининг ўз мухбирига нисбатан илгари сурган таъмагирлик ҳақидаги айбловлари юзасидан хизмат текшируви ўтказганини маълум қилди.

Текширув чоғида журналист ҳоким муовинининг гаплари тухмат эканини айтган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати 17 август куни ҳоким Абдурасул Ваҳобовнинг видеоинтервьюсини эълон қилган эди.

Ушбу интервьюда Ваҳобов Kun.uz мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақидаги даъвони илгари сурганди.

Мазкур даъво юзасидан Kun.uz ички суриштирувини ўтказган.

Хизмат текширувида мухбир Р.Исроилов айбловлар бирор асосга эга эмаслигини, А.Ваҳобов билан муқаддам ҳеч қачон кўришмаганини, ҳаётда илк марта 14 август куни учрашганини ва ўз-ўзидан А.Ваҳобовнинг гаплари туҳматдан иборатлигини маълум қилган.

Р.Исроилов ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллагани ҳақда Kun.uz маълум қилди.

Чоршанба куни Kun.uz ўзининг журналистлари Тошкентда мансабдор шахс томонидан тажовузга учрагани ҳақида видео эълон қилган эди.

Маҳаллий тадбиркор арзини ўрганиш учун ҳокимликка борган журналистлар видеода Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг тажовузига учрагани акс этади. Kun.uz хабар қилишича, мансабдор шахс таҳририятга тегишли штативни синдирган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Олмазор ҳокими муовини ҳаракатларини қоралади

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг Kun.uz сайти мухбирларига қилган муносабатини "номуносиб, қўпол муомала", деб баҳолади, инцидент акс этган видеода ўринбосарнинг "ҳатто камерани олиб қўйиш таҳдиди билан тажовуз қилгани"ни белгилаб ўтди.

АОКА Телеграм каналида эълон қилинган "Расмий муносабат"да бундай дейилган:

"Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга".

14 август куни Kun.uz ходимлари «Хива строй» МЧЖ раҳбарининг таҳририятга йўллаган мурожаати юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олмазор туман ҳокимлигида бўлди.

Kun.uzнинг хабар қилишича, Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов видеотасвирга олмасликни талаб қилиб операторга ташланди ва ўзини босиб ололмай, тажовузкорона ҳаракатларини давом эттириб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлаган.

Воқеага гувоҳ бўлиб турган ички ишлар ходими ва ҳокимлик вакиллари ҳам бу ҳолатга томошабин сифатида қараб турган. Зўравон ўринбосар эса мухбирларни прокуратурага топшириб юбориш билан таҳдид қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG