Линклар

Шошилинч хабар
06 март 2021, Тошкент вақти: 17:51

Ўзбекистон хабарлари

Бош прокуратура: амалдорларнинг коррупцияга оид жиноятлари 30 фоизга камайди

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан коррупцияга оид мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 30 фоизга камайди. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Коррупцияга қарши кураш соҳасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бошқармаси катта прокурори Каримжон Мусашайхов маҳаллий журналистларга баёнот берди.

16 октябрь куни Тошкент шаҳридаги «Radisson» меҳмонхонасида коррупцияга қарши кураш ва коррупцияга оид активларни қайтариш бўйича Истанбул ҳаракатлар режасининг натижалари бўйича учрашувда иштирок этган Бош прокуратура мулозими Каримжон Мусашайховнинг фикрича, коррупцияга оид жиноятлар 30 фоизга камайганини "амалга оширилган ислоҳотлар самараси деб айтиш мумкин"

  • Ўтган ойда Ўзбекистонга сафар қилган БМТнинг суд ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 25 сентябрда Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда суд мустақиллиги юзасидан жиддий қийинчиликлар ва муаммолар бор эканини билдираркан, суд мустақиллигига энг биринчи жиддий тўсиқ коррупция бўлаётганини айтган эди.

Кун янгиликлари

Бухорода ОИВни 10дан ортиқ одамга "қасддан" юқтирган аёл қўлга олинди

Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида яшовчи 27 ёшли аёл 10 дан ортиқ фуқарога ОИВ инфекциясини қасддан юқтирган ва юқтириш хавфи остида қолдирган.

Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Когон шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган аёл 2017 йилнинг 21 декабр кунидан бошлаб Бухоро вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олинган.

Бухоро вилояти ИИБсига кўра, жорий йилнинг 1 март куни ўтказилган тадбирда ушбу фуқаро ўзининг ОИВ инфекциясига чалинганини била туриб, 2020 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг феврал ойига қадар 10 дан ортиқ фуқаро билан Бухоро шаҳрининг турли жойларида ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб, ушбу шахсларга ОИВ инфекциясини қасддан юқтириш ва юқтириш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилган.

ИИБ хабарида таъкидланишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатган. Аёлга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Тошкентда бир кунда иккита зилзила рўй берди

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмик прогностик мониторинг маркази Тошкент ва атроф вилоятларда 6 март куни эрталаб иккита зилзила рўй берганини маълум қилди.

Марказга кўра, биринчи зилзила 6 март куни соат 02:52 да содир бўлган. Зилзила эпимаркази Тошкент вилояти Пискент туманида бўлиб, унинг кучи 4,4 баллни ташкил этган. Ўчоқ чуқурлиги — 10 километр бўлган.

Иккинчи зилзила Тошкент вақти билан эрталаб соат 06:04 да Қирғизистоннинг Қадамжой вилояти ҳудудида, Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти билан чегараси яқинида содир бўлди (Шимолий кенглик 40,24 даража; шарқий узунлик 71,88 даража), Тошкентдан 252 километр жануби-шарқда.

Зилзила эпимарказида магнитуда 4 балл бўлган, ўчоқ чуқурлиги — 13 километр.

Зилзила Фарғона шаҳрида (эпимарказидан 18 километр узоқликда) 4 балл, Андижонда (72 километр) ва Наманганда (86 километр) 2 баллгача сезилган.

Зилзила оқибатида талафотлар бўлмагани айтилмоқда.

Мирзиёев: Бирор-бир аёл давлат эътиборидан четда қолмайди

Тошкентда 8 март - Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда сўз олган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев охирги 3 ойда "аёллар дафтари"га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилганини айтди.

Мирзиёевга кўра, улардан 32 минг нафари иш билан таъминланган.

"Биргина ‘Ҳар бир оила – тадбиркор’ дастури доирасида 126 мингга яқин аёлларга имтиёзли кредитлар берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди.

Қарийб 55 минг нафар хотин-қиз тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди. ‘Беш муҳим ташаббус’ доирасида чекка-чекка ҳудудларда тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 10 минг нафар аёл бандлиги таъминланди.

Уй-жой сотиб олиш учун 1 минг 250 нафар опа-сингилларимизга қарийб 22 миллиард сўмлик бошланғич бадаллар тўлаб берилди", - деди Мирзиёев.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилган.

Айни пайтда маҳкамада 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилган.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Аёллар байрами арафасида қамоқларда жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёлни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Адолатли, Меҳнаткаш, Халқпарвар. Тўрт нафар депутатга махсус мақомлар берилди

Расул Кушербаевга “Халқпарвар депутат” мақоми берилган

5 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссия айрим депутатларга махсус мақомлар берилганини эълон қилди.

Бу ҳақда Олий Мажлис қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Комиссия қарорига кўра, депутат Шуҳрат Полвонов “Адолатли депутат”, Мақсуда Варисова “Меҳнаткаш депутат”, Расул Кушербаев эса “Халқпарвар депутат” ҳамда Полянте Свешникова “Фахрий депутат” мақоми билан тақдирланган.

Мазкур мақомлар президент ташаббуси асосида қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда, жойларда сайловчилар билан ишлашда, Қонунчилик палатаси фаолиятини ОАВда ёритишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ депутатларга берилган.

Мақомли депутатлар ҳамда собиқ депутатларга махсус сертификатлар берилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатдан иборат бўлиб, палата 5 фракцияни ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистонда депутатларнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунида юқорида номи тилга олинган “мақом”лар бўйича нормалар мавжуд эмас.

ЕХҲТ матбуот эркинлиги бўйича вакили блогер Отабек Сатторий ишидан ташвиш билдирди

Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг сўз эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибеиро сурхондарёлик блоггер Отабек Сатторийнинг жавобгарликка тортилганидан ташвишда эканини билдирди.

Бу ҳақда AKIpress вгентлиги хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, ЕХҲТ вакили Ўзбекистоннинг ташкилотдаги элчиси Абат Файзуллаев билан учрашув чоғида журналист тақдиридан ташвишланаётгани ва бундай ҳодисанинг сўз эркинлигига раҳна солишини билдирган.

Расмийларга кўра, Сатторий Отабек Абдуманонзода Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш)да айбланиб, унга нисбатан жиноят иши судда кўриш учун юборилган.

Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

У 30 январь куни соат 17 ларда Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди. Шу куни кечқурун соат 10 да, яқинларининг айтишича, Отабек Сатторийнинг хонадонида тинтув ўтказилган. Сатторийга қарашли иккита компьютер процессори, курткаси, 5 та флэшка ҳамда ўғлининг ўйин ўйнайдиган планшети олиб кетилган. Ички ишлар вазирлиги Сатторийнинг товламачиликда гумон қилинаётганини айтган ва у блогерлик фаолияти учун таъқиб қилинаётгани ҳақидаги фаразларни рад этган.

1 февраль куни Сурхондарё ИИБда ўтган ёпиқ маҳкама Отабек Сатторийга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини белгилаган. Яқинларига кўра, 3 февраль куни вилоят суди биносида ўтган иккинчи ёпиқ маҳкамада адвокатнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги талаби рад этилган.

Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси - CPJ Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан соҳталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

Отабек Сатторий Термиз шаҳрида 30 январь куни қўлга олинган эди. Суд уни айбдор деб топса, у 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Жамоатчилик комиссияси Зангиотадаги болалар қамоқхонасини кўздан кечирди

Аввалроқ жамоатчилик комиссияси Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида бўлган

4 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат комиссия Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ тизимидаги 24-сонли колонияга ташриф буюрди.

Бу ҳақда Озодликка комиссия таркибида қамоқхонага борган ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов хабар қилди.

“Ўзбекистон Омбудсмани еткачилигидаги мазкур мониторинглар миллий превентив механизмлар доирасида амалга оширилмоқда. Эндиликда комиссия таркиби кенгайди ва таркибимизга сенаторлар, депутатлар ва ОАВ вакиллари ҳам қўшилишган”,- деди А. Ташанов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, болалар қамохонаси 18 ёшгача бўлган маҳкумларни сақлаш ва тарбиялашга мўлжалланган. Бу ерда ҳозирда 53 нафар маҳкум бўлиб, уларнинг аксарияти босқинчилик, номусга тегиш ва одам ўлдириш сингари ўта оғир жиноятларда айбланган.

Маҳкум болалар жазони ўташ билан бир пайтда таълим олиш, ҳунар ўрганиш ишига сафарбар этилган. Кутубхонаси бой, спорт тўгараклари мавжуд. Колония давлат бюджети маблағлари эвазига капитал таъмирдан чиқарилган.

Бироқ иситиш ва канализация тизимида муаммолар бор. Врачлар етишмайди, стоматология хизмати мутлақо мавжуд эмас. Онлайн таълим учун интернет тармоғи уланмаган, дейди қамоқхонага кирган жамоатчилик вакиллари.

Uzbekistan Airways 28 мартдан учта йўналиш бўйича ички қатновларни йўлга қўяди

Uzbekistan Airways авиаширкати жорий йил 28 мартидан уч йўналиш бўйича маҳаллий қатновлар амалга оширилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, ой охиридан Самарқанд – Фарғона – Самарқанд, Самарқанд – Урганч – Самарқанд, Самарқанд – Наманган – Самарқанд йўналишлари бўйлаб кундалик қатновлар йўлга қўйилади.

Аввалроқ Озодлик 11 февралдан эътиборан Урганч – Фарғона – Урганч йўналиши бўйлаб мунтазам авиақатнов йўлга қўйилгани ҳақида хабар қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 9 февралида “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган, фармон билан ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида бир ой ичида Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сонини ошириш, 2021 йил 1 апрелига қадар эса Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш чораларини кўриш топширилганди.

Сафоев Марказий Осиё иттифоқини тузиш учун ҳали эрта эканини билдирди

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев

Интеграциянинг асосий таркибий қисми умумий тамойиллар, умумий қадриятлар ҳамда давлат ва иқтисод тузилишининг умумий туташ механизмлари бўлиб ҳисобланади, Марказий Осиёда эса булар йўқ. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Alter Ego лойиҳаси доирасида ўтказилган интервью чоғида билдирди.

Сафоевга кўра, Марказий Осиё иттифоқи тузилишига ҳозирда катта қизиқиш борлигига қарамай, интеграцион бирлашма тузишга оид масалани кун тартибига қўйишга ҳали эрта.

Бироқ Ўзбекистон ташқи сиёсатининг сўнгги тўрт йил ичидаги энг асосий ютуқларидан бири - минтақа мамлакатлари билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни тиклашга муваффақ бўлинди. Беш-олти йил аввал ҳаводан адоват, гумонсираш, қандайдир агрессивлик уфуриб турарди”, дея Ислом Каримов ҳукмронлиги даврига ишора қилган С. Сафоев ҳозирда Марказий Осиё мамлакатлари билан мулоқот тикланганини қайд этди.

Сенат раисининг биринчи ўринбосарига кўра, ҳозирда минтақа давлатлари билан ўтган йилларда муҳокама қилиш ҳам тақиқланган “чегара бўйича вариантлар” кўриб чиқилмоқда.

Аминманки, чегара делимитацияси ва демаркацияси жараёнларини якунламагунимизча, Ўзбекистонда мустақил давлатни шакллантириш поёнига етгани ёки ўтиш даври тугагани ҳақида гапиришга эрта. Биз бу фундаментал масалани ҳал қилишимиз керак. Сув захираларини бошқариш масаласи ҳаёт-мамот масаласидир. Бугунги кунда муроса вариантларини топиб, олға силжишга муваффақ бўлинди”, деган С. Сафоев бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўплиги, аммо икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик учун ҳозирнинг ўзида шарт-шароит яратиб бўлинганини қўшимча қилган.

Россия Қашқадарё ва Навоийдаги олти ширкатга помидор олиб киришга изн берди

Россия Ветеринар ва фитосанитар федерал хизмати жорий йил 3 мартидан Ўзбекистондаги яна олтита ширкатга ўз ҳудудига помидор олиб киришга рухсат берди.

Россельхознадзор сайтида қайд этилишича, қарор Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси кафолати остида ҳамда Қашқадарё ва Навоий вилоятларида жойлашган олти ширкат помидорларида жигарранг бужмайиши вируси аниқланмагани бўйича лаборатория тадқиқотлари натижасига кўра қабул қилинган.

Россельхознадзор жорий йил 1 январидан Россияга Ўзбекистондаги 34 корхонадан помидор олиб кирилишига рухсат берганди.

Аввалроқ Озодлик ўтган йил 26 ноябридан Фарғона вилоятидан, 4 декабрдан Навоий вилоятидан, 11 декабрдан эса Қашқадарё вилоятидан Россия Федерацияси ҳудудига помидор ва қалампир олиб кириш тақиқлангани ҳақида хабар қилган эди.

Ҳукумат 2025 йилгача суд биноларини қайтадан қуриш тўғрисида қарор чиқарди

Ўзбекистонда суд бинолари қайтадан қурилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 26 февралида қабул қилинган “2021-2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича буюртмачи этиб белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, ҳокимликларга ҳудудларнинг бош режаси асосида Дастурда янгидан қурилиши белгиланган объектлар учун ер участкалари белгиланган тартибда ажратилишини таъминлаш топширилган.

Қарор билан Ўзбекистон бўйича жами 31 та объектни қуриш ва 107 та объектни реконструкция қилиш режалаштирилган. Қурилиш марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши, янги объектлар қурилишини молиялаштириш эса маҳаллий бюджет маблағларидан амалга оширилиши қайд этилган.

Ҳукумат қарори президентнинг ўтган йил 24 июлидаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилингани айтилган.

Қарор ижросини назорат қилиш бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва қурилиш вазири Ботир Зокиров зиммасига юкланган.

Туркия ташқи ишлар вазири ҳафта охирида Ўзбекистонга ташриф буюради

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу

Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу бошчилигидаги Туркия делегацияси 6 мартдан 9 мартгача Ўзбекистонда бўлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Анқарадан келган делегация Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари раислигида Стратегияни режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилишида иштирок этади.

Қайд этилишича, ташриф дастуридан Хива ва Бухоро шаҳарларини зиёрат қилиш, Туркиянинг Самарқанд шаҳридаги Бош консулхонасининг очилиш маросимида иштирок этиш, бошқа вазирлик ва идораларида учрашув ҳамда музокаралар олиб бориш ўрин олган.

Ўзбекистонда февраль ойида 1166 нафар эгизак туғилди

Ўзбекистонда февраль ойида жами 53 460 чақалоқ туғилди. Улардан 1166 нафари эгизак. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, энг кўп чақалоқ Самарқандда туғилган – 6 441 нафар. Туғилиш кўрсаткичи бўйича февралда иккинчи ўринни Фарғона вилояти ( 5 786), учинчи ўринни, Қашқадарё вилояти (5 599) эгаллади.

Андижонда 4 978 нафар, Сурхондарёда 4 855 нафар, Тошкент шаҳрида 4 421 нафар чақалоқ туғилган.

Қолган ҳудудлардаги туғилиш кўрсаткичи эса қуйидагича:

Қорақалпоғистон Республикаси – 2 449 нафар;
Бухоро – 2 400 нафар;
Жиззах – 2 361 нафар;
Навоий – 1 359 нафар;
Наманган – 4 361 нафар;
Сирдарё – 1 430 нафар;
Тошкент вилояти – 4 604 нафар;
Хоразм – 2 416 нафар.

Ўзбекистон “эркин бўлмаган” мамлакатлар рўйхатида қолдирилди

Freedom House халқаро ташкилотининг “Жаҳон давлатларидаги эркинлик” рейтингида Ўзбекистон яна “эркин бўлмаган мамлакатлар” қаторидан жой олди.

Ташкилотнинг 2021 йил учун чиқарилган ҳисоботида Ўзбекистон белгиланган юз балдан фақат 11 балл олди. 2020 йилда Ўзбекистонга 10 балл берилганди.

Ўзбекистонликларнинг сиёсий ҳуқуқлари 40 баллдан 2 балл, фуқаролар эркинликлари даражаси 60 баллдан 9 балл билан баҳоланди.

Марказий Осиёда Ўзбекистондан олдинги ўринларни 28 балл олган Қирғизистон, 23 балл билан Қозоғистон эгаллади. Ўзбекистондан кейинги ўринлар 8 балл олган Тожикистон ва 2 балл олган Туркманистонга берилди.

Рейтингда Марказий Осиё мамлакатларининг барчаси эркин эмас мақомига эга бўлди. Шу кунгача қисман эркин давлатлар қаторида турган Қирғизистон ҳам 11 баллга пастлаб, жорий йилда эркин бўлмаган давлатлар қаторига қўшилди.

Жаҳондаги эркинлик даражаси энг юқори бўлган давлатлар бешлиги эса Швеция, Норвегия, Финляндия, Янги Зеландия, Канада, Уругвай ва Голландия.

Ўзбекистонда 6 талаба ўлимидан сўнг деярли 150 минг талаба ётоқхонага муҳтожлиги айтилди

Вазир Тошқулов ётоқхоналар етишмаслигида ректорларни айблади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда талабалар ётоқхоналари сони 228тага кўпайди, шунга қарамай 149 минг 400 талаба ётоқхонага муҳтож. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган ҳукумат соатида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов маълум қилди.

Унга кўра, 2025 йилгача талабалар учун яна 16та ётоқхона қуриш режалаштирилган. Бу билан яна 6750 талаба ётоқ билан таъминланади.
Вазир ётоқхоналар етишмаслигига бевосита олий ўқув юртлари ректорлари айбдор эканини айтди.

“Чунки ректоратда қурилиш учун масъул бўлган бўлим ҳам, бўлинма ҳам йўқ. Хатто бир марта техник назорат ўтказиш учун мутахассис ёллаш ҳам қийин. Ректорлар, яхшиси ҳеч нарса қурмаган маъқул, деб ҳисоблайди. Агар қурсалар, жавобгар бўлиб қолишдан, текширувлардан қўрқадилар”,-деди Абдуқодир Тошқулов.

Ўзбекистонда талабаларнинг яшаш шароити масаласи Тошкентда бир неча кун олдин 5 талаба ижара уйида ўлик ҳолда топилганидан сўнг кун тартибига чиқди. Бу воқеа содир бўлганидан бир кун ўтиб, яна бир талаба ўзи яшаб ва ишлаб келаётган янги қурилаётган уйнинг лифт шахтасига йиқилиб ҳалок бўлди.

Иқтисодий эркинлик индекси: Ўзбекистон жаҳонда 108, Марказий Осиёда 3-ўринда

Индекс ҳар йили Heritage Foundation томонидан The Wall Street Journal билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон 2021 йил Иқтисодий эркинлик индексида 178 давлат орасида 108-ўринни эгаллади. Бу ўтган йилдагидан 6 поғонага юқоридир.

Мазкур индекс ҳар йили Heritage Foundation томонидан The Wall Street Journal билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.

Индексда Ўзбекистондаги иқтисодий эркинлик даражаси 58, 3 балл даражасида баҳоланган. Мазкур индексда энг юқори даража 100 балл билан баҳоланади.

Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 1,1 балл кўппроқ олган. Индекс тадқиқотчиларига кўра, бу “биринчи навбатда суд тизимининг самарадорлиги оширилгани билан боғлиқ”.

Ўзбекистондан олдинги 107-ўринни Хитой, 109-ўринни Бутан эгаллади.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 34-ўринни, Қирғизистон 78-ўринни, Тожикистон 134-ўринни ва Туркманистон 164-ўринни эгаллади.
Индексдаги биринчи бешликдан эса Сингапур, Янги Зеландия, Австралия, Швейцария ва Ирландия жой олди.

Бухорода темир дафтарга кирган оилаларга тадбиркорлик учун контейнерлар тарқатилади

Бухорода контейнерлар замонавий кўринишда таъмирланиб, бизнес юритиш учун имтиёзли кредит асосида вилоятдаги ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга тарқатилмоқда. Бу ҳақда Бухоро вилояти Божхона бошқармаси маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, бу ташаббусга президент Мирзиёевнинг жорий йил Бухоро вилоятига ташрифи чоғида темир дафтарга кирган шахсларни иш ўринлари билан таъминлаш, уларни маиший хизматлар кўрсатиш соҳаларига жалб қилиш мақсадида бўшаган юк контейнерларидан самарали фойдаланиб, замонавий кўринишда жиҳозлаган ҳолда, аҳоли пунктларида ўрнатиш чораларини кўриш бўйича берган топшириғи асос бўлган.

Мазкур кўрсатма асосида вилоят ҳокимлиги, божхона бошқармаси ҳамда “Ремонт механика” заводи билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи тузилиб, ҳозирги кунга қадар
республикамизнинг турли ҳудудларидан 1000 донага яқин контейнерлар йиғилмоқда
”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ Озодлик 1 март куни Олот туманига борган Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов “Давлатбой” маҳалласидаги вагонга жойлашгани, Наманганнинг “Бунёдкор” маҳалласида эса вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга атаб контейнер-уй қурилгани ҳақида хабар қилган.

Ўтган йили хориждан 1600 нафардан зиёд муҳожир жасади олиб келинган

Иллюстратив сурат

2020 йилда хорижий юртлардан меҳнат мухожирлигида юриб, вафот этган ўзбекистонликнинг 1629 та жасади олиб келинган. Бу ҳақда Республика патологик анатомия маркази директори Ражаббой Исроилов билдирган.

Қайд этилишича, бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг 2020 йилдаги ўлимлар статистикасига кирган, лекин COVID-19 статистикасига кирмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, шу кунда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси туфайли вафот этганлар сони 622 нафарни ташкил қилмоқда, мазкур ўлим ҳолатлари махсус лаборатория ҳамда патологоанатомик текширувида ҳам тасдиғини топгандан сўнг қайд этилган.

Вазирлик ўз хабарномасида коронавирусга чалинган беморлар сони ҳамда ушбу инфекциядан вафот этганлар кўрсаткичини яширишидан ҳеч қандай наф йўқлигини урғулаган.

Мирзиёев уй нархини бир квадрат метр учун 4 миллион сўмдан оширмасликни буюрди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда вилоят ва туман ҳокимлари бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик учун барча зарур чораларни кўриши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича 3 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.

Мирзиёев йиғилишда аҳоли кўчмас мулк нархидан рози эмаслигини қайд этган.

Энг катта масала – бу уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш. Бугунги нарх-наводан одамларимиз рози эмас ва ҳокимлар бунинг ичига кирмагани ҳам рост.

Шунинг учун вилоят ва туман ҳокимлари бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик учун барча зарур чораларни кўриши керак”, дея иқтибос келтиради президент сўзларидан Кун.уз нашри.

Йиғилишда Мирзиёев ҳокимлар зиммасига ўз ҳудудида қурилиш таннархи ичига кириб, қайси қурилиш материалларини арзонроқ ва яқинроқдан олиш мумкинлиги, цемент ва металл нархини қандай пасайтирса бўлишига оид саволларга жавоб топиш вазифасини юклаган.

Тошкент вилояти ҳокимининг уйи электрсиз қолди

Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Даврон Ҳидоятовнинг хизмат уйи у кўчиб кирганига бир ҳафта бўлмай электр таъминотидан узиб қўйилган.

Мулозимнинг айтишича, бунга ўзидан аввал бу уйда яшаганларнинг электр ҳақини тўламагани сабаб бўлган.

Амалдорга фармойиш билан ҳокимият ҳисобидан бу қарздорликни бартараф этиш мумкинлигини айтишган, бироқ у рози бўлмаган.

“Ҳокимият уй-жой билан таъминлаши мумкиндир, лекин коммунал хизматга тўловни у ҳоким бўладими, прокурор бўладими, шахсан ўзи амалга ошириши керак!” дея иқтибос келтирган Даврон Ҳидоятов сўзларидан вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ҳоким фикрича, амалдор ишлатган электр бюджетдан, халқ пулидан қопланиши тўғри эмас.

Президент муҳтож оилаларга уй сотиб олиш учун давлат 10 фоиз субсидия беришини билдирди

Шавкат Мирзиёв бошпанасиз қолган 1 мингта оила, айниқса, аёлларни ижтимоий ижара асосида уй-жой билан таъминланашга ваъда берди.

Жорий йилда шаҳарларда ипотекага уй-жой сотиб олувчиларга белгиланган дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади. Бундан ташқари ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади.

Маҳаллий матбуотнинг 3 мартда билдиришича, президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш масаласида ўтказган видеоселектор йиғилишида гапирган.

“Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос”,-деб айтган президент.

Бундан ташқари, кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилиши айтилди.

“Мисол учун, қишлоқларда 54 квадрат метрли квартира (ўртача 216 миллион сўм) олмоқчи бўлган оила 33 миллион сўмлик дастлабки бадалнинг фақат 11 миллион сўмини тўлайди, 22 миллион сўми бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади. Бу оила имтиёзли даврда ойига 1 миллион 500 минг сўм кредит тўласа, қолган 1 миллион 100 минг сўмини ҳар ой давлат қоплаб беради”,-дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёв бошпанасиз қолган 1 мингта оила, айниқса, аёлларни ижтимоий ижара асосида уй-жой билан таъминланашга ваъда берди.

Ўзбекистон нодавлат ташкилотларига хориждан кўпроқ моддий кўмак олишга рухсат берди

Нодавлат нотижорат ташкилотлари 2020 йилнинг 1 мартидан бошлаб рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган ҳолда хорижий манбалардан бир календарь йилида жами БҲМнинг 100 бараваригача моддий кўмак олишларига рухсат берилди. Шу кунгача бу меъёр БҲМнинг 20 бараваридан ошмаслиги лозим эди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, бу меъёр президент 3 март куни имзолаган“Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда белгилаб қўйилди.

Қарорга асосан нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди.

Бундан ташқари, бундан буён нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидияси ажратилади.

“Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини сақлаш харажатларига ҳамда уларнинг асосий фаолият йўналишларини амалга ошириши учун 1,1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар йўналтирилади”,-дейилади қарорда.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та канали Россияда намойиш этилади

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси биноси.

Россиянинг SPB TV ширкати Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та канали кўрсатувларини Россияда намойиш этиш бўйича шартномани имзолади.
ТАССнинг 3 мартда хабар беришича, кўрсатувларни март ойидан OTT TVнинг турли платформалари орқали намойиш этиш режалаштирилган.

“Имзоланган шартномага асосан ўзбек тилидаги контент биринчи марта Россия ва МДҲ ТВ-платформаларига расмий равишда чиқарилади. Бу кўрсатувларнинг потенциал аудиторияси камида 2,5 миллион кишини ташкил қилади”,-дейилади хабарда.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та каналини Россия да яшовчи ўзбек меҳнат муҳожирлари EPG, catch-up (видеоархив), timeshift (кейинроқ кўриш) форматина томоша қила оладилар. Телеканаллар нафақат телевизорлар орқали, балки мобил телефонлари, планшетлар, персонал компьютер ва SmartTV орқали намойиш этилади.

Пандемия ортидан 70 фоиз ўзбекистонликнинг даромади камайди

Сўралганларнинг 37,4 фоизи умуман жамғармаси йўқлигини айтган.

Ўзбекистон Марказий банки ўтказган сўровда қатнашганларнинг 70 фоизи 2020 йилда ўз даромадлари кескин камайганини маълум қилди. Сўровда жами 5717 киши қатнашган.

Марказий банкнинг “Аҳолининг истеъмол кайфияти шарҳи” деб номланган ҳисоботида қайд этилишича, сўралганларнинг фақат 15 фоизи даромадлари кўпайганини, 37 фоиз респондент жамғармаси йўқлигини, 23,6 фоизи эса жамғармалари ўртача бир ойга етишини билдирганлар.

Шунингдек, сўралганларнинг 65 фоизи кейинги 12 ой ичида даромадлари ошишига умид билдирган. 20 фоиз респондент эса даромадлари ўзгаришсиз қолиши ёки камайиши мумкинлигидан ҳавотир билдирган. Сўралганларнинг 37,4 фоизи умуман жамғармаси йўқлигини айтган.

Аёллар байрами арафасида суд қарори билан 14 нафар маҳкума қамоқдан озод этилди

Ўзбекистон Олий судида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилган.

ЎзА хабарига кўра, суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда кафолат хатлари инобатга олиниб, 14 нафар аёлнинг тайинланган жазолари енгиллаштирилиб, жазодан озод қилинган. Улар оиласи бағрига қайтган.

Айни пайтда маҳкамада 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилган.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Аёллар байрами арафасида қамоқларда жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёлни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Коронавирус юқтириб олганлар сони 80 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 2 март ҳолатига кўра, 80 минг 6 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда Андижон, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 45 киши коронавирус юқтириб олган.

Сешанба куни Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 36 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 78 минг 549 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 835 нафарни ташкил этиб, улардан 146 нафарининг аҳволи оғир, 27 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Бу орада, Worldometer сайти маълумотига мувофиқ, Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 622 нафарга етган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG