Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:24

Менинг дўстим Инқилоб


Инқилобчилар ёрдамга муҳтожлигини ҳар доим сезар эдим.
Инқилобчилар ёрдамга муҳтожлигини ҳар доим сезар эдим.

Кейинги пайтда араб кўчаларидаги жумбуш боис инқилоб калимаси тилимизга ёпишди қолди. Бундоқ ўйлаб қарасам бу калима билан танглайимиз кўтарилган экан.


Мактаб интернатда ўқиганимда Инқилоб деган гурланлик бола билан синфдош эдим. Унинг ғалати исми болалар учун ҳазил-мазах нишони эди.

У билан дўст бўлганим учун доимо ëрдамга шошар эдим. Умуман, инқилобнинг ва инқилобчиларнинг ëрдамга муҳтожлигини ўша вақтда билганман.

1976 йили ўқитувчимиз “10 тийин олиб келинг” деб тайинлади. “Луис Корвалан деган инқилобчи бор. Ўшанга ëрдам йиғяпмиз”, деди муаллим.

Луиз Корваланни совет диссиденти Буковскийга алмаштиришган эди. Корвалан инқилобчи, Буковский эса инқилобнинг мутлақ душмани эди. Албатта, йиллар ўтиб мен бунинг тескариси ҳақидаги фикрга келган бўлсам-да, мурғак тасаввуримда менинг 10 тийинлик ёрдамимга муҳтож чилилик инқилобчи суврати муҳрланди.

Мен Чилига ишонаман

Ўша пайтлари биз, бўйнига алвон латта боғлаган совет ўқувчилари, уззуккун Чили ташвишини қилар эдик. Нафақат биз, балки катталар ҳам. Тошкентдаги "Ҳамза" театрида “Мен Чилига ишонаман” деган спектакл ҳафтада қаторасига 5 кундан қўйилар, халқ артисти Олим Ҳўжаев эса, ошиғич дард билан Чилининг коммунист раҳбари Салвадор Алиенде ролини ижро қилгани учун СССР халқ депутати бўлди.

Рассом Баҳодир Жалолов депутат нишонини таққан Олим Хўжаев портретини чизар экан, расм номини "Мен Чилига ишонаман" деб қўйди. Улар ўзларидан кўра кўпроқ Чилига ишонишар эди.

Савр инқилоби

1978 йилда рассомлик билим юртига кириш иштиëқида Тошкентга бордим. Ўзбекистон радиоси хорижий эшиттиришлар бўлимида ишлайдиган отамнинг таниши, Афғонистон советлар тарафидан ишғол қилинганида Кобул радиоси портлатилгани ва Тошкентдан туриб пуштун ва форсий тилларида "Кобулдан гапирамиз", деб эшиттириш олиб борилганини сирли товушда гапирган эди.

Кинотеатрларда кино бошланишидан олдин “Афғонистондаги Савр инқилоби” ҳақида Малик Қаюмов суратга олган ҳужжатли филм намойиш қилинар ва филмдан ўрин олган ҳофиз Аҳмад Зойир ҳақидаги лавҳалар қалб торларимизни чертар эди.

“Инқилоб нелигин бизлардан сўра” деб xитоб қилди “Жайҳун ортидаги Афғон боласи”га ўшанда ҳам ўзбекнинг машҳур шоири бўлган Абдулла Орипов.

Тақамўйлов қўйиб, қўш киссали фикон куйлак кийган сурхонлик талаба шоир Мирза Кенжабек ҳам Савр инқилоби ҳақида ëзди.

У кунларда Кобуллик толиб
Қодир бир кун келди ëтоққа,
Ватанида инқилоб бўлиб,
Афғон эли қалқмиш оëққа.

У куларди ..Қарардим ҳайрон
Кўзидаги йилтироқ ëшга:
Қуëш десам йиғига ўхшар,
Йиғи десам ўхшар қуëшга...

Аммо бу гаплардан сал ўтиб афғон жангоҳларидан ўзбек уйларига тобутлар келар экан, инқилобга бўлган муносабат ҳам салбий тарафга ўзгара бошлади. Боласи афғонда ўлган аëллар Чорсуда жинси шим сотаëтган афғон талабаларини калтаклашди.

Биз савр инқилоби деган воқеа, совет ишғоли бўлиб чиқди. Бабрак Кармал эса инқилобчи эмас, бор-йўғи Кремл парваришлаган бир мулозим эди.

Демократия истаги

Бабрак Кармалу Брежнев ва катта Бушлар тарих саҳифаларига беркинар экан, саҳнага кичик Жорж Буш ва Барак Обамалар чиқди.

Бунинг баробарида Украина ва Гуржистондаги ранго ранг инқилоблардан сўнг араб кўчалари жунбушга келарди.

Фикр-ўйим шаклланган ўтган асрнинг етмишинчи йилларида инқилоб калимаси урф эди. Тошкентда инқилоб хиëбони бўларди. "Ҳамза" театрида эса “Инқилоб тонгги” деган спектакл қўйиларди. Дарвоқе, бу спектаклда инқилобчига айланган бой жиян Файзулла Хўжадан тоғаси “мақсадинг не ўзи?” деб сўрайди. Мақсад, оврўполиклар тили билан айтганда “демократия”, дейди Файзулла Хўжаев.

Украина ва Гуржистондаги инқилобчиларнинг либерал ғарб қадриятлари тарафдори экани аниқ кўринган бўлса-да, араб кўчаларидаги мухолифатнинг ҳадафи дарҳол кўринмади.

Бугун Ливия диктаторига қарши курашаëтган инқилобчиларга АҚШ ва Ғарб ëрдам қилмоқда, аммо Германия андишада. Бу андишани тушунса бўлади. Бир вақтлар чех миллатчилари камситган Судет немисларини ҳимоя қиламан деб, дунëни қонга ботирган Учинчи Рейх сабоғи эмасмикан бу.

Ҳар ҳолда бугунги Ливиядаги манзара “эчкига жон, қассобга ëғ қайғу” деган ўзбек мақолига менгзиëтгандай. "Қутадғу билик" китобида нефтнинг эски номи қораëғ экани айтилади...

Демократия истаги ана шу қораëғ андишасидан устун келадиган кунлар яқин...
XS
SM
MD
LG