Линклар

Шошилинч хабар
22 январ 2020, Тошкент вақти: 01:09

Мюллер ҳисоботи: Трамп Россия ҳукумати вакиллари билан тил бириктирмаган


АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер

АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер АҚШ разведкасининг Россия 2016 йилги йилги сайловга аралашгани тўғрисидаги хулосаларини ҳам, президент Дональд Трампнинг терговга халақит бермоқчи бўлганини ҳам тасдиқлади. Бироқ у Трамп Россия ҳукумати вакиллари билан тил бириктирмаган, деган хулосага келди.

Мюллернинг тергов бўйича хулосалари жузъий таҳрир билан 18 апрелда эълон қилинди. Унда Трамп билан сафдошлари ҳамон ҳуқуқий муаммолар, жумладан, импичмент эҳтимолига дуч келиши мумкинлиги айтилади.

Умуман олганда, Трамп ҳисоботни қониқиш билан қарши олди ва россиялик амалдорлар билан ҳеч қандай фитна уюштирмаганини, Мюллер терговига қаршилик қилмаганини яна бир карра таъкидлади.

Ушбу ҳисобот Трамп президентлик лавозимига киришгандан бери обрўсига соя солиб турган тергов бобини ёпди.

Гарчи унда Трамп бирор жиноий хатти-ҳаркат содир этгани исботланмаган бўлса-да, Конгрессдаги Демократлар партияси вакилларининг президентга импичмент эълон қилишга уринишларини кучайтириши мумкин.

Вакиллар палатасидаги 6 та қўмитанинг демократлардан бўлган раис ва раисалари “Конгресс президентнинг терговга халақит беришга уриниш борасидаги беодоб, коррупциялашган ва ғайри-ахлоқий хатти-ҳаракатларига баҳо бериши керак”, демоқда.

18 апрелда эълон қилинган ҳисобот Трамп ФТБнинг ҳурматга сазовор собиқ директори Мюллернинг махсус прокурор этиб тайинланишига аввалбошданоқ жиддий муносабатда бўлганини кўрсатди.

Шу сабабли у Россия билан боғлиқ терговни ўз назоратига олишга, Мюллерни ишдан четлатиш билан терговга ҳалақит бериш ҳоллари тергов қилинишини тўхтатишга уринган эди.

Адлия вазири Жефф Сэшнз қонунга кўра Мюллернинг ишини назорат қилишга ҳақли эди, аммо у ўзини четга олиб, назоратни ўринбосари Род Розенстайнга топширди.

Трамп бундан қаттиқ ғазабланди ва Сэшнс 2018 йил ноябрида истеъфога кетгунига қадар бир неча ой давомида уни мазах қилиб юрди.

Ҳисоботда айтилишича, Мюллер махсус прокурор этиб тайинланганидан сўнг орадан бир ойча вақт ўтиб, Трамп Оқ Уй ҳуқуқшуноси Дон МакГанга Сэшнзга Мюллернинг манфаатлари зиддияти борлигини айтиб, лавозимидан четлаштирилишни тайинлашга кўрсатма берган. Бироқ МакГен бу гапни айтишдан кўра истеъфога кетиши маъқул эканини айтиб, кўрсатмани рад этган.

Мюллер терговчилар МакГенга босим ўтказилишига ўхшаш, жумладан, Трампнинг Комини ишдан бўшатиши сабаблари сингари бир қанча масалалар бўйича текширув ўтказганини, лекин булар Трамп терговга халақит берганини исботлаш учун етарли эмас, деган қарорга келганини айтди.

Ҳисобот эълон қилинишидан олдин Сэшнзнинг издоши адлия вазири Уильям Барр матбуот конференцияси ўтказиб, ҳисобот ҳақида фикрларини баён қилган эди.

Барр тергов чоғида Трамп ёки унинг кампаниясида қатншган жамоа вакиллари россияликларнинг сайловга аралашишга уринишларига алоқадорлиги аниқланмаганини айтди. Яна у Трампнинг ушбу ишни тергов қилишга халақит берганига оид ҳеч қандай исбот кўрсатилмаганини ҳам маълум қилди.

Мюллер ҳисоботида Трампнинг унинг саволларига берган 12 бетлик жавоблари ҳам бор. У Трампнинг юристлари билан келишиб, одил судловга тўсқинилк қилиш билан боғлиқ бирорта саволни унга киритмади.

Гарчи Мюллер саволларга берилган жавоблар қониқарли бўлмаганини айтган бўлса-да, президентнинг терговчилар билан сўроқ беришига оид чақириқ қоғози юбормасликка қарор қилган.

Барр ҳисоботни таҳрир қилиш жараёни ҳақида гапириб, бунда Трампнинг “ижро имтиёзи”га эга экани ҳисобга олинмаганини, лекин таҳрир қилинган материални Оқ Уй маъмурияти ходимлари кўриб чиққанини билдирди.

Айни чоқда Кремль матбуот котиби Дмитирй Песков Мюллернинг ҳисоботи эълон қилинишини муҳим бўлмаган нарса деб атади. Лекин ҳисобот ҳақида президент Владимир Путинга маълумот беришдан олдин “таҳлилга яроқли бирор муҳим нарса бор-йўқлигини билиш учун ҳужжатни варақлаб кўриш кераклиги”ни айтди.



Алоқадор

XS
SM
MD
LG