Линклар

Шошилинч хабар
17 январ 2022, Тошкент вақти: 02:58

Халқаро хабарлар

Қирғизистон Туркиядан учувчисиз бошқариладиган “Байрактар” дронини сотиб олди

Қирғизистон сотиб олган "Байрактар" дрони.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, Туркиядан сотиб олинган учувчисиз бошқариладиган “Байрактар” дрони 18 декабрь куни Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизматига топширилди.

Расмий хабарда айтилишича, “Байрактар” дрони давлат бюджети ҳисобидан сотиб олинган. Мазкур дрон сотиб олиниши тўғрисида ҳукумат 21 октябрь куни билдирган эди.

Қирғизистон ҳукумати армияни тянги ҳарбий техника билан таъминлаш учун юз миллион доллар қўшимча маблағ ажратган.

Қирғизистон “Байрактар”дан ташқари Россиядан ҳам учувчисиз бошқариладиган самолётлар сотиб олинишини билдирган.

Бунга қадар Марказий Осиёда “Байрактар” фақат Туркманистонда бор эди. Мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган парадда туркман ҳарбийлари дронлардан иккитасини кўрсатишганди.

“Байрактар” 2020 йил кузда Тоғли Қорабоғда бўлган урушда Озарбайжоннинг ғалабасини таъминлаган асосий қуроллардан бири сифатида кўрилади.

Кун янгиликлари

Нидерландия қироли қулдорлик рамзига айланган олтин каретадан фойдаланишдан воз кечди

Нидерландия қиролининг олтин каретаси.

Нидерландия қироли Виллем-Александер кўпчиликнинг наздида ирқчилик рамзига айланган анъанавий олтин каретадан фойдаланишдан воз кечди.

Карета XIX асрнинг охирларида тайёрланган эди. Унда қора танли ва осиёлик одамларнинг тасвирлари мавжуд.

Тасвирлардан бирида қора танли шахс Нидерландияни тамсил этувчи оқ танли аёлга тиз чўккан ҳолда како ва шакарқамиш узатаётгани акс этган. Суратда оқ танли аёл билан ёнма-ён турган оқ танли эркак эса Европа ирқига мансуб бўлмаган одамларга тамаддун рамзи ўлароқ китоб узатаётгани тасвирланган.

Қирол мамлакат аҳолисининг асосий қисми Нидерландия колониал тарихини тамсил этувчи мазкур суратларни ҳақоратли деб ҳисоблашини эътироф этди.

Қиролнинг олтин каретаси асосан парламент йиғилишларининг очилиш маросимида қўлланилган, аммо 2015 йилдан бери ундан фойдаланилмаган.

XVII асрда Нидерландия Индонезия, Жанубий Африка ва Жанубий Америкада кўплаб ҳудудларни босиб олган ва трансатлантика қул бозорида асосий ўйинчилардан бири бўлган эди.

Ўтган йили Амстердам мэри шаҳарнинг қул савдосига қўшган ҳиссаси учун жаҳон ҳамжамиятидан узр сўраган эди. Бу эса давлат номидан узр сўрашдан бош тортган бош вазир ва шаҳар мэри ўртасида қарама-қаршиликларни келтириб чиқарган.

Европада COVID-19 муносабати билан жорий этилган чекловларга қарши норозилик намоийшлари бўлиб ўтди

Парижда 15 январь куни ўтказилган намойиш.

Европанинг бир неча шаҳрида 15 январь куни коронавирусга қарши пандемия муносабати билан ҳукуматлар қабул қилган чекловларга қаши норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Римда мажбурий вакцинацияга қаршилар кўчага чиқди. Ҳукумат 50 ёшдан юқори барча фуқаролар мажбурий эмланиши шартлиги тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Парижда эса парламент томонидан COVID-паспортларнинг жорий этилиши тўғрисидаги қонун норозиликларга сабаб бўлди. Мазкур қонун лойиҳасида эмланмаган аҳолининг жамият фаолиятида иштирок этиши тақиқланади.

Мухолифат қонун инсон ҳуқуқларини бузмоқда, деб ҳисоблайди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Европада коронавируснинг тез тарқалувчи “омикрон” штамми билан бир ярим ой ичида аҳолининг ярмидан кўпи касалланишини прогноз қилмоқда.

Расман билдирилишича, 2022 йилнинг икки ҳафтасида 16 миллион кишида коронавирус аниқланган, беморлардан 40 минг киши вафот этган.

АҚШнинг Техас штатида гаровга олинган 4 киши озод этилди

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг Техас штатида 15 январь куни синагогада гаровга олинган 4 киши соғ-саломат қутқариб олингани тўғрисида губернатор Грег Эбботт маълум қилди.

Полициянинг билдиришича, “Ал Қоида” террор гуруҳига алоқадорликда айбланган покистонлик аёл Аафия Сиддиқни қамоқдан бўшатишни талаб қилган шахс маҳаллий аҳолидан 4 кишини гаровга олган. У куч ишлатар тузилмалар ходимларига қаршилик кўрсатган.

Полиция раҳбари Майкл Миллер журналистларга “одамларни гаровга олган шахс ҳалок бўлди”, деб билдирди. Воқеа синагогадаги ибдоат пайтида юз берган.

2010 йили Афғонистонда америкалик аскарларни ўлдиришга ҳаракат қилган деган айблов билан 86 йилга қамалган покистонлик нейробиолог Аафия Сиддиқ жазони Техасдаги қамоқхонада ўтамоқда.

АҚШ Федерал тергов бюроси синагогада кишиларни гаровга олган шахснинг Сиддиқ билан қандай алоқада бўлгани тергов якунланганидан сўнг билдирилишини маълум қилди. Тергов глобал миқёсда олиб борилади.

Қозоғистондаги воқеаларда камида 225 киши ҳалок бўлди

Олмаота, 2020 йилнинг 5 январи.

Қозоғистондаги сўнгги норозилик акциялари ва тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлган камида 225 кишининг жасади ўликхоналарга топширилган. Бу ҳақда Бош прокуратура расмийси Серик Шалабаев 15 январь куни кечқурун ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Ҳалок бўлганларнинг бир қисми терактларда иштирок этган, иморатлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларга ҳужум қилган бандитлардир. Қазо бўлганлар орасида 19 нафар полициячи ва ҳарбий бор”,-деди Шалабаев.

Бош прокуратура расмийси тартибсизликлар пайтида жами 4578 киши жабрланганини, улардан 4353 нафари яраланганини айтди.

“Яраланганларнинг 3393 нафари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидир”,-деди Шалабаев.

У айни пайтда ҳалок бўлганлар ва яраланганлар тўғрисидаги маълумот аниқлаштирилаётганини, мазкур рақамлар яна ўзгариши мумкинлигини таъкидлади.

9 январда Қозоғистон ахборот ва жамият тараққиёти вазирлиги тартибсизликларда жами 164 киши ўлганини билдирган. Бироқ кейинроқ бу маълумотни Соғлиқни сақлаш вазирлиги рад этганди.

АҚШ: Россия Украина шарқида кенг кўламли провокация тайёрлаётган бўлиши мумкин

Қўшма Штатлар Россия Украинага бостириб киришга баҳона топиш учун бу мамлакат ҳудудида махсус тайёрланган ходимлар ёрдамида кенг кўламли провокацияга ҳозирлик кўраётгани ҳақида маълумотга эга.

Бу ҳақда CNN канали АҚШ маъмуриятидаги манбаасига таяниб хабар берди.

Кейинроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки брифингда бу маълумотни тасдиқлади.

Псаки сўзларига кўра, Вашингтон қўлида Россияда ўқитилган одамлар шаҳар амалиётлари ва Донбассда россияпараст кучларга қарши қўпорувчилик қилиш учун портловчи моддалардан фойдаланиш бўйича ўқитилгани ҳақида далиллар бор.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ расмийларининг Украинага қарши провокациялар тайёрлагани ҳақидаги айбловларини қуйидагича изоҳлади:

“Ҳозиргача бу баёнотларнинг барчаси асоссиз бўлиб келган ва ҳеч нарса билан тасдиқланмаган”, - деди Песков

АҚШнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жэк Салливан пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда разведка маълумотларига ишора қилганди.

“Бизнинг разведкамиз Россиянинг босқинчилик учун баҳона тўқиш имкониятига замин яратаётгани ҳақидаги маълумотни текширмоқда”, - деганди Салливан ва бундай сценарий 2014 йилда ҳам кузатилганини таъкидлаган. "Улар бунга яна тайёргарлик кўришмоқда ва биз қўшимча маълумотларни кейинги кунда билиб оламиз", деб қўшимча қилди маслаҳатчи.

Навальнийнинг яна икки сафдоши Россияда "террорчи ва экстремистлар" рўйхатига киритилди

"Росфинмониторинг" сиёсатчи Алексей Навальнийнинг сафдошлари Иван Жданов ва Леонид Волковни "экстремистик ёки терроризмга алоқадор" деб кўрилган ташкилотлар ва шахслар рўйхатига киритди.

"Росфинмониторинг" рўйхатига экстремистик ва террористик фаолиятда гумон қилинган, айбланган ёки судланган шахслар киради.

Ушбу рўйхатга киритилган шахсларга банк операцияларини амалга ошириш имконияти чекланган.

Банклар рўйхатдаги шахсларнинг ҳисобларини блоклаб қўяди, шу сабабли улар карта билан ҳеч қандай операцияларни амалга ошира олмайди, кредит ололмайди ёки ишга кира олмайди, деб ёзади “ОВД-Инфо”.

Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш фонди ва Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамғармаси 2021 йил 10 августда экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилган.

2021 йил июн ойи бошида сиёсатчининг ушбу икки фонди Москва шаҳар суди томонидан экстремистик деб топилди.

Ўтган йил сентабр ойи охирида Тергов қўмитаси Алексей Навальнийга қарши экстремистик ташкилот тузиш ва унга раҳбарлик қилиш (Жиноят кодексининг 282. 1-моддаси 1-қисми) бўйича жиноий иш қўзғатган эди.

Леонид Волков ва Иван Жданов ҳам худди шу ишда иштирок этмоқда.

“Экстремистик ҳамжамият” тузилгани ишида Навальнийнинг Уфадаги штаб-квартирасининг собиқ раҳбари Лилия Чанйшева ҳибсга олинган эди.

2021 йилда 1,5 минг фаол ва журналист Россияни тарк этди

Янги сиёсий муҳожирлик  тўлқини 2021 йил баҳорига, полиция мухолифатчи Алексей Навальний ҳимоясига намойишларда қатнашганларни ҳибсга олишни бошлаган пайтга тўғри келади.

2021 йилда 1,5 мингдан ортиқ фаоллар ва журналистлар сиёсий ҳамда жиноий таъқиблардан қочиб Россияни тарк этган.

Бу ҳақда Znak.com нашри Free Russia Foundation (Россияда исталмаган ташкилот деб эълон қилинган - таҳр.) лойиҳаси раҳбари Антона Михальчукка иқтибосан ёзмоқда. Ташкилот фақат "сиёсий" муҳожирларни ҳисобга олган. Уларнинг оилалари ва Россиядан, шунчаки кетганлар рўйхатда йўқ.

Михальчукнинг сўзларига кўра, рус фаоллари ва журналистлар асосан, Грузия, Литва ҳамда Украинани танлашган. Уларнинг бир қисми Шарқий Европа ҳамда АҚШ да бошпана топган.

Free Russia Foundation лойиҳасининг ёзишича, Россиядаги янги сиёсий муҳожирлик тўлқини 2021 йил баҳорига, полиция мухолифатчи Алексей Навальний ҳимоясига намойишларда қатнашганларни ҳибсга олишни бошлаган пайтга тўғри келади.

Ўшанда, "ОВД-Инфо" нашрига кўра, 200 дан ортиқ одам маъмурий жавобгарликка тортилганди. Полиция уларнинг шахсини видеокузатув камераларидаги тасвирлардан аниқлаган.

Бошқа бир қатор фаоллар ноқонуний намойишлар ўтказиш билан боғлиқ жиноят ишлари фигурантларига айланган.

Олмаотада намойишларда қатнашган яна 2000 дан ортиқ одам ҳибсга олинди

Қозоғистон, Олмаота, январь, 2022

Олмаотада январнинг илк кунлари бошланган оммавий намойишлар қатнашчиларини ҳибсга олишлар давом этмоқда. Шаҳар комендатурасининг билдиришича, охирги 24 соат мобайнида яна 2159 киши ҳибсга олинган.

Ҳибсга олинганлар орасида "ноқонуний акциялар қатнашчилари, мародёрлар ва бошқа жиноятларни содир этган шахслар бор".

Олмаота комендатурасига кўра, қўлга олинганлардан 67 та ўқ отиш қуроли ва 3112 та ўқ-дорилар мусодара қилинган. Гарчи Қозоғистондаги вазият барқарорлашган эса-да, Олмаотада фавқулодда ҳолат сақланиб қолмоқда, тунги соат соат 23дан эрталаб 7 гача комендантлик соати амал қилмоқда.

11 январь куни Олмаотада 1200 киши, 12 январь куни 1700 одам ҳибсга олингани билдирилган. 13 январь куни эса қарийб 2 минг одам ушланган.

Тоқаев Олмаотада. Ҳибсга олинганлар сони 10000дан ошди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:51 0:00

Шаҳар полициясининг билдиришича, 4 январдан буён 22 киши бедарак кетган, улардан 15 нафари топилган.

Қурбонлар ва бедарак кетганларнинг аниқ сони маълум эмас. 7 январь куни расмийлар 26 нафар фуқаро ва 28 нафар куч ишлатар тизим ходимлари халок бўлганини айтишган. Аммо гувоҳларга кўра, қурбонлар, жумладан тинч аҳоли орасида, бир неча баробар кўп бўлиши мумкин.

АҚШ Олий суди президент Байденнинг мажбурий эмловга оид фармонини бекор қилди

Эмловдан ўтаётган америкаликлар

АҚШ Олий суди 13 январь куни ўрта ва йирик (100 нафар ва ундан ортиқ ходим ишлайдиган) ширкатлар ходимларининг COVID-19 га тест топшириши ёки мажбурий эмловдан ўтиши бўйича президент Жо Байден томонидан аввал берилган мандатни блоклаб қўйди.

Мазкур талаб федерал бюджетдан молиялаштириладиган тиббиёт муассасаларигагина дахлдор бўлади, холос.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Миссуридаги федерал маҳкама томонидан чиқарилган ҳукм қуйи инстанция суди томонидан бекор қилиниши ортидан Оҳайо штати ва Мустақил бизнес миллий федерацияси бошчилигидаги даъвогарлар гуруҳи OSHA (Техника хавфсизлиги ва меҳнат гигиенаси федерал бошқармаси) буйруғини блоклаб қўйиш илтимоси билан Олий судга мурожаат қилган.

Жорий йилнинг 7 январь куни судьялар маҳкамада иштирок этаётган томонлар далилларини тинглаганлар. “Америка овози” хабарига кўра, судьялар бу борада ягона қарорга келолмаганлар. Улардан консерватор ҳисобланмиш олти нафари мандатнинг блокланишини ёқлаган, либерал қарашдаги уч судья бунга қарши овоз берган.

“Федерал ҳукумат авваллари ҳеч қачон бунга ўхшаш иш қилган эмас”, деган Олий суд судьяси Жон Робертс. Айни пайтда судья Елена Каган Оқ уй адвокатлари томонидан илгари сурилган “коронавирус юқишини эмловдан бошқа ҳеч қанақа сиёсат олдини ололмайди”, деган важга эътибор қаратган.

CNN ва HBO телеканалларида “Навальний” ҳужжатли фильми намойиш этилади

АҚШнинг CNN телеканали ва HBO Max стриминг хизмати россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга бағишланган ҳужжатли фильмни намойиш қилади. Бу ҳақда The Hollywood Reporter журнали хабар қилди.

“Заҳар доим из қолдиради” слогани остидаги фильм канадалик ҳужжатли фильмлар устаси Дэниэль Рохер томонидан суратга олинган.

“Навальний” фильми тавсифномасида айтилишича, режиссёр Рохер “ватанида ислоҳотлар ўтказилиши учун бор-йўғини қурбон қилишга ҳозир бўлган” президентлик курсисига даъвогар жасур ва зиддиятли шахсни гавдалантирган.

Фильм премьераси санаси ҳали очиқланганича йўқ. Айни пайтда Россиядаги қамоқхоналардан бири ўтирган Навальний Инстаграм тармоғидаги ўз саҳифасида: “Фильм тайёр бўлди ва аниқки, сиз уни мендан аввалроқ кўрасиз”, дея ёзув қолдирган.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Навальнийнинг заҳарланиши ҳақида CNN томонидан олиб борилган журналистик суриштирув Америка миллий телеакадемиясининг мукофотига лойиқ топилган.

Қозоғистонда нобуд бўлган қирғизистонликлардан бирининг жасади онасига топширилди

Олмаотадаги тартибсизликлар чоғида қурбон бўлган Азиз Мусаев

Олмаота шаҳридаги тартибсизликлар чоғида қурбон бўлган қирғизистонликлардан бирининг жасади бир ҳафта ўтиб унинг онасига топширилди, иккинчи қирғизистонликнинг жасади қариндошларига яқин кунлар ичида беришга ваъда қилинган.

Бу орада қозоқ полицияси томонидан қўлга олинган қирғизистонликлардан яна тўрт нафари ҳибсда қолмоқда. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига ваъда бермоқда.

Олмаота шаҳридаги тартибсизликлар чоғида икки нафар қирғизистонлик – Азиз Мусаев ва Бахтиёр Бозорбоев ҳалок бўлган. Мусаевнинг жасади марҳумнинг онасига топширилган. Бозорбоевнинг жасади Қозоғистонда қолмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари буни тергов ҳаракатлари давом этаётгани билан изоҳлашган.

Азиз Мусаевнинг онаси ўғлининг жасадини олиб кетиш учун Олмаота шаҳрига борган. Марҳумнинг дўстларидан бири бўлмиш Сейтек Толтоевга кўра, айни пайтда Азизни қайси мамлакатда дафн қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Азиз Мусаев Олмаота Марказий майдонидаги тартибсизликлар чоғида яраланганлардан бирига ёрдам бераётган пайтда вафот этган. У 2016 йилдан бери Олмаотада фитнес-тренер сифатида ишлаб келган. Вафот этган қирғизистонликлардан яна бири бўлмиш Бахтиёр Бозорбоев ҳақида маълумот кўп эмас. Унинг йўловчи ташиш билан шуғуллангани маълум, холос.

Бундан ташқари, Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қирғизистонлик яна тўрт нафар фуқарони қўлга олишган. Булар 1990 йилда туғилган Зокир Юбуров, 1991 йилда туғилган Адан Хуров, 1987 йили туғилган Иляс Мачо ва 2001 йили туғилган Абду-Раҳим Жиншанлондир.

Қирғизистоннинг Олмаотадаги бош консули Назарали Арипов ҳибсга олинган фуқароларнинг аҳволи қониқарли эканини маълум қилиб, улар яқин кунларда қўйиб юборилишига умид билдирган.

Расмийлар томонидан очиқланган сўнгги маълумотларга кўра, тартибсизликлар ортиадан Қоғозистон бўйлаб қўлга олинганларнинг умумий сони 10 минг кишига етган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги улар орасида ўз фуқаролари бор-йўқлигини текширмоқда.

Қирғизистон расмийлари Қозоғистондаги воқеалар бўйича ўз расмий муносабатини ҳали билдирганича йўқ, бироқ улар қўшни мамлакатдан ўз фуқароларини олиб чиқиш бўйича ишларни олиб боришмоқда. 11 январь куни “Ақ Тилек” чегара маскани орқали Қирғизистонга 150 нафардан зиёд фуқаро қайтиб келган, 13 январь куни эса чегарадан яна 30 қирғизистонлик ўтган. Қирғизистон расмийлари кўмагида Қозоғистондан жами 400 нафар фуқаро ватанига қайтган. Аммо Қозоғистонни ўз имконлари билан тарк этган қирғизистонликлар ҳам йўқ эмас.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, Қозоғистонда 30 мингдан зиёд қирғизистонлик яшайди, ишлайди ва ўқийди.

Туркманистон президенти интернет устидан назоратни кучайтиришни буюрди

Гурбангули Бердимуҳамедов

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда интернет устидан назоратни кучайтириш юзасидан топшириқ берди. Туркманистон шунингсиз ҳам дунёдаги Интернет тезлиги энг паст, хизмат ҳақи эса энг қиммат мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, Давлат хавфсизлиги кенгашининг 12 январь куни ўтказилган мажлисида Бердимуҳамедов Миллий хавфсизлик вазирлигини ҳозирги ҳарбий-сиёсий вазият ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги хавфсизликка оид ҳолатни таҳлил қилиб, унинг Туркманистонга таъсирини баҳолашга чақирган.

“Интернет устидан кузатув етарли даражада амалга оширилмаган”, дея билдирган Бердимуҳамедов ўтган йил якунларига тўхталар экан. У Миллий хавфсизлик вазирлиги зиммасига “мамлакатдаги конституцион тузум талабларига жавоб бермайдиган, террорчилик, экстремизм, миллатчилик ва бошқа ғайриқонуний фаолиятни тарғиб қиладиган” ресурсларни аниқлаш вазифасини юклаган.

Туркманистонда кўп йиллардан бери Facebook, Twitter, YouTube каби йирик ижтимоий тармоқлар ҳамда мустақил хабар агентликлари сайтлари кўп йиллардан бери ёпиқлигича қолмоқда.

Бердимуҳамедов баёноти қўшни Қозоғистонда кузатилган норозилик чиқишлари ва ҳукумат кризиси ортидан берилди.

Сўнгги йилларда дунёдаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири ҳисобланмиш Туркманистон ҳукумати фуқароларнинг ахборот олиш имконияти устидан назоратни кучайтириб борган.

Рамзан Қодиров Ингушетиянинг “қишлоқларини тортиб олиш” билан таҳдид қилди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ингушетия аҳолиси ва оқсоқолларига қилган видеомурожаатида, улар томонидан ўзига нисбатан қўйилаётган айбловларни асослаб бериш учун уч кун муҳлат берди.

Қодиров “агар айбловлар асоссиз бўлса ва унинг ҳамиятига тегса” қўлидан келган барча ишларни амалга оширишини айтиб, “мен учун ҳеч қандай қонун мавжуд эмас”, деб билдирди.

Шунингдек, Қодиров Чеченистоннинг Ингушетия билан чегараларини қайта кўриб чиқишгача боришини ва чеченлар яшайдиган қишлоқларни Ингушетиядан “тортиб олишини” айтиб, таҳдид қилди. Унга кўра, 2018 йилдаги шартномага асосан айрим чечен қишлоқлари Ингушетия таркибида қолиб кетган.

Қодиров мазкур баёнотни Ингушетия ҳукумати қошидаги дин ишлари бўйича бошқарма бошлиғи Яхё Хадзиев “Қодиров билан учрашганда у билан қучоқлашиб кўришгани учун” ингуш халқидан кечирим сўрагани ортидан эълон қилди.

2018 йил 26 сентябрда Чеченистон ва Ингушетия ўртасидаги чегара битими имзоланган эди. Мазкур битимнинг имзоланиши ортидан Ингушетияда 2018 йилнинг кузи ва 2019 йилнинг баҳорида кўп минг кишилик норозилик митинглари ўтказилган. Норозилар битим нохолис ва адолатсиз бўлган деб ҳисоблашларини билдирганлар.

Туркия ташқи ишлар вазири Хитойга сафари чоғида уйғурлар масаласини кўтарди

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Пекинда хитойлик ҳамкасби Ван И билан ўтказган музокаралари чоғида мамлакатда яшаётган этник уйғурлар босим ва таъқибларга учраётганидан ташвиш билдирди.

“Биз кун тартибидаги масалалар юзасидан, айниқса, уйғурлар масаласида нуқтаи назаримизни, умидларимизни ва ташвишларимизни очиқ айтдик”,-деди Човушўғли 12 январда музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.

Шинжон-Уйғур мухтор туманида 1 миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмон миллатлар “террорчиликка қарши кураш” баҳонасида “сиёсий тарбия лагерлари”га қамалгани бир неча йиллардан бери халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилиб келинмоқда.

Бундан аввал АҚШ ҳукумати, Британия, Нидерландия, Канада парламентлари Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини геноцид сифатида тан олган ва санкциялар жорий этган.

Пекин эса Шинжонда уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар диний ёки сиёсий мотивлар асосида қувғин қилинаётганини рад этиб келади.

Қозоғистон МХҚ собиқ раиси Карим Масимовга “ҳокимиятни босиб олиш” айблови билдирилди

Карим Масимов 6 январь куни лавозимидан бўшатилган ва ҳибсга олинган эди.

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимовга нисбатан “ҳокимиятни босиб олиш” айблови билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда МХҚ матбуот хизматига таянган ҳолда Озодлик радиоси қозоқ хизмати хабар берди.

Расман билдирилишича, собиқ раиснинг икки ўринбосарига ҳам мазкур модда асосида айблов билдирилган.

Карим Масимов Қозоғистонда 2 январь куни оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетгани ортидан 6 январь куни лавозимидан бўшатилган эди. У ўша куннинг ўзидаёқ ҳибсга олинган. Дастлаб унга “давлатга хиёнат” айблови билан жиноят иши қўзғатилганди.

56 ёшли Масимов 20 йилдан зиёд вақтдан бери Назарбоевнинг энг яқин одамларидан бири эди. У икки марта- 2007-2012 ва 2014-2016 йилларда бош вазир лавозимига ўтирган.

Ундан олдин транспорт ва коммуникациялар вазири, иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазири, давлат котиби ва президент маъмурияти бошлиғи бўлиб ишлаган, МХҚга эса 2016 йилда раҳбар этиб тайинланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG