Линклар

Шошилинч хабар
27 март 2023, Тошкент вақти: 22:19

Халқаро хабарлар

Бишкек суди маҳкум Атамбаевнинг даволаниш учун Қирғизистондан чиқиб кетишига рухсат берди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев суд залида, 2022 йил 28 июни

Бишкекдаги Биринчи май туман суди Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга даволаниш учун мамлакатдан ташқарига чиқишга рухсат берган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.

Аввалроқ Атамбаев коррупцияга оид айблов билан 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Атамбаевнинг оила аъзолари ТАСС агентлигига собиқ президент қамоқхонадан озод қилинганини маълум қилишган. Бу маълумотни Атамбаевнинг сафдошлари ҳам тасдиқлашган.

Куни кеча Қирғизистон Олий суди коллегияси ёпиқ мажлисда Алмазбек Атамбаевга қарши очилган жиноят ишини қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Унга нисбатан Олий суднинг 2021 йил 12 октябридаги ҳамда 2022 йил 15 мартидаги қарорлари бекор қилинган.

2020 йили Олий суд Атамбаевни 11 йилга қамаш тўғрисидаги қуйи инстанция судларини бекор қилган эди. Ўшанда иш қайта кўриб чиқиш учун Биринчи май туман судига йўлланган. Бироқ 2021 йилнинг 12 октябрида Бош прокуратура талабномасидан кейин Олий суд ўз қарорини бекор қилган. 2022 йил 15 март куни Олий суд Атамбаевни 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукмни ўз кучида қолдирган. Мазкур жиноят иши судда айбланувчи ўлароқ иштирок этган 10 дан ортиқ одам ичида фақат Атамбаевгагина реал қамоқ жазоси берилган.

Алмазбек Атамбаев Қирғизистонни 2011 йилдан 2017 йилгача бошқарган. 2019 йил августида милиция махсус отряди собиқ президентнинг уйини штурм қилган, унинг ўзини эса тутиб кетган. Кейинги йил июлида у 11 йилга қамалган. 2020 йил 6 октябрига ўтар кечаси Бишкекда бўлиб ўтган норозилик намойиши ортидан Атамбаев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасига бостириб кирган намойишчилар томонидан озод қилинган эди. Ўша воқеадан бир неча кун ўтгач, собиқ президент яна ушланган.

Атамбаевга қарши оммавий норозилик чиқишларини уюштириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қарши зўравонлик, ноқонуний паспорт берганлик ва коррупция дохил бир неча жиноят иши очилган. Собиқ президент бу жиноят ишларини доим “сиёсий таъқиб” унсури эканини иддао қилиб келган.

Кун янгиликлари

Исроил президенти ҳукуматни суд ислоҳотини тўхтатишга чақирди

Тель-Авиада ўтказилган норозилик намойишидан лавҳа, 2023 йил 26 марти

Исроил президенти Ицхак Герцог мамлакатда оммавий норозиликлар юзага келишига сабаб бўлган суд ислоҳотини тўхтатишга чақирди. Унга кўра, ҳозирги кунда мамлакат хавфсизлиги, иқтисодиёти ва жамияти хавф остида турибди.

Герцог Исроил парламентидаги барча фракцияларини фуқаролар манфаатини ҳамма нарсадан юқори қўйишга чақирган.

“Ақлингизни йиғиб олинг! Бу сиёсат қиладиган вақт эмас, лидерлик ва масъулият лаҳзасидир”, деган Исроил президенти.

Исроилда судьяларни лавозимга тайинлаш бўйича парламентдаги кўпчиликка янада каттароқ ваколатлар бериши айтилаётган суд ислоҳотига қарши акциялар 12 ҳафтадан буён давом этмоқда. Норозилар фикрича, мазкур ислоҳот демократияга зиддир.

26 март куни мудофаа вазири Йоав Галант ҳам юзага келган вазиятни мамлакат хавфсизлиги учун таҳдид деб атаб, ислоҳот жараёнини тўхтатиш таклифи билан чиққан. Вазир таклифини мухолифат лидери, собиқ бош вазир Яир Лапид дастаклаган. Бунинг ортидан амалдаги бош вазир Бинямин Нетаняҳу Йоав Галантни мудофаа вазири лавозимидан истеъфога кетишини эълон қилган.

Бу воқеалар манзарасида Исроилда якшанба куни ҳам йирик норозилик акцияси ўтказилган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, унда 600 мингдан 700 минг нафаргача киши иштирок этгани айтилмоқда.

Cўнгги хабарларга кўра, 27 март куни бош вазир Нетаняҳу парламентдаги ҳукмрон коалиция лидерларига оммавий норозиликлар туфайли суд ислоҳотини тўхтатмоқчи эканини билдирган. Бироқ ислоҳот тўхтатилиши ҳақида ҳали расман эълон қилингани йўқ.

ЕИ Марказий Осиё Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдамлашаётгани эҳтимолидан ташвишда

Ғарб санкциялари ортидан Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми кескин ошиб кетгани кузатилмоқда.

The Telegraph Европа Иттифоқи Россияга санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган мамлакатлар, ширкатлар ва шахсларга нисбатан савдо чекловлари жорий қилиш масаласини муҳокама этаётгани тўғрисида хабар берди. Нашрнинг билдиришича, бу борада унинг ихтиёрига махфий ҳужжат келиб тушган.

Ҳужжат қабул қилинса, Россияга санкция остидаги товарларни реэкспорт қилган мамлакатлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг Европа Иттифоқи бозорига кириши чекланади.

The Telegraph ҳужжатда, жумладан, Европа Иттифоқидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга, Марказий Осиё мамлакатларидан эса Россияга экспорт камида 60-80 фоизга ўсгани қайд этилганини таъкидлайди. Европа Иттифоқи бу ҳолат “Россияга санкцияларни четлаб ўтишда” кўрсатилаётган ёрдам бўлиши мумкинлигидан ташвишланмоқда.

Нашрнинг ёзишича, бу ерда Европа Иттифоқидан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга сотилаётган “икки мақсадли” техника - кир ювиш машиналари, эски автомобиллар ва фотокамералар назарда тутилмоқда. Бу техникалар демонтаж қилиниб, улардан олинган яримўтказгичлар ва бошқа эҳтиёт қисмлардан Россия шикастланган ҳарбий техникасини таъмирлашда фойдаланаётган бўлиши мумкин.

Аввалроқ Reuters агентлиги Россия компаниялари сўнгги ҳафталарда қозоқ ҳамкорларидан Ғарб санкцияларини четлаб ўтиб, зарур товарларни импорт қилишда ёрдам сўраётгани тўғрисида ўз манбаларига таяниб хабар берган эди.

Туркия ўтган ой АҚШнинг кимёвий моддалар, микрочиплар ва бошқа ускуналарни Россияга экспорт қилмаслик ҳақидаги огоҳлантиришларидан кейин Россия урушда фойдаланиши мумкин бўлган маҳсулотларни экспорт қилмаслигини билдирди.

Анқара Туркия ҳудудида ёки Туркия орқали Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга йўл қўймаслигини ва бунинг олдини олиш учун чоралар кўраётганини маълум қилди.

Россия Беларусга ядровий қуролларини жойлаштирмоқчи

Украина Россия президенти Владимир Путиннинг Москва Беларусь ҳудудига ядровий қуролларни жойлаштириши тўғрисидаги баёноти ортидан БМТ Хавфсизлик кенгашини шошилинч чақиришни талаб қилди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Киев бу масалада Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари Франция, Британия, АҚШ ва Хитойдан қатъий қарорлар қабул қилинишини кутаётгани қайд этилди.

Россия ҳам БМТ Хавфсизлик кенгнашининг доимий аъзоси бўлиб, вето қўйиш ҳуқуқига эга.

Баёнотда Россиянинг Беларусга ядровий қурол жойлаштириш интилиши “навбатдаги провокацион қадам” ўлароқ сифатланади. Украина ТИВ Беларусь халқига ҳам мурожаат йўллаб, “жиноий ниятларнинг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш”га чақирди.

НАТО 26 март куни Россиянинг бу ҳаракатини “хавфли ва масъулиятсиз” деб баҳолади. НАТО баёнотида Россия ядровий қурол қўллаши мумкинлиги белгилари пайдо бўлмаганига қадар, ташкилотга аъзо давлатлар армияларининг жанговар шайлиги ўзгартирилмаслиги алоҳида қайд этилди.

АҚШ ҳам Россияни кескин танқид қилди. Шу билан бирга Давлат департаменти ва Пентагон мамлакат ядровий кучлари жанговар шайлик ҳолатига келтирилмаслигини билдирди.

25 март куни Путин “Россия-24” телеканалига берган интервьюсида Россия Беларусда президент Александр Лукашенко илтимоси билан тактик ядровий қуролларини жойлаштиришини билдирган эди. Путинга кўра, 1 июлда Беларусда тактик ядровий қурол сақланувчи иншоот қурилиши якунланади. Путин Беларусга “Искандер” ракета қомплексини берганини, Беларусь ҳарбий ҳаво кучларининг 10 та самолёти ядровий ракеталар олиб юришга мослаштирилганини билдирган.

Financial Times: Қозоғистон Россияга параллел импортни чекламоқчи

Қозоғистонда 1 апрелдан Россиянинг ғарб санкцияларини айланиб ўтишига йўл қўймаслик учун чегарадан чегарага товар етказиш бўйича бутун занжирни онлайн тартибда кузатиб турадиган тизим ишга тушиши керак. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times нашри қозоғистонлик юқори лавозимли мулозим сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Мулозимга кўра, Остона иккиламчи санкциялар билан боғлиқ барча хатарларни яхши англашади, шунинг учун ҳам барча ҳамкорлар билан ўзаро савдо-сотиқни диққат билан кузатиб боришмоқда.

Мулозим Қозоғистон ҳукумати Россия билан савдо-сотиқ бўйича ҳеч қанақа чеклов ва санкция киритмаётганини, бироқ ғарб санкцияларини айланиб ўтишга йўл қўймаслиги ва бу каби айланиб ўтиш учун майдонга айланмаслигини қайд этган.

Куни кеча Reuters агентлиги бир неча манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда, сўнгги ҳафталарда Россия компаниялари қозоғистонлик ўз ҳамкорларидан ғарб санкцияларини айланиб ўтиш ва зарур товарларни импорт қилишда ёрдам қилиш сўраб, тобора кўпроқ мурожаат қилаётганлари ҳақида хабар қилган эди. Агентликнинг икки суҳбатдоши бундай фаолликни Анқаранинг санкция остига тушган товарлар транзитини тўхтатиш режалари тўғрисидаги хабарлар билан боғлаган.

Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб киргани ортидан юзлаб хорижий корпорация, ширкат ва брендлар Россиядаги бизнесини ёпишини эълон қилган ва хориждан маҳсулот импорт қилишни ҳам тўхтатиб қўйган. Бунга жавобан россиялик расмийлар параллел импорт доирасида (яъни эгасидан рухсат сўраб ўтирмасдан) учинчи мамлакатлар орқали Россияга чет эл молларини олиб киришга рухсат беришган эди.

Москва блогер Илья Варламов ва ҳуқуқ фаоли Павел Чиковни “хориж агенти” деб эълон қилди

Илья Варламов ўзбекистонликлар орасида ҳам танилган саёҳатчи блогердир.

Россия Адлия вазирлиги блогер Илья Варламов ва “Агора” халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳи раҳбари Павел Чиковни “хориж агентлари” рўйхатига киритди.

Бундан ташқари мазкур рўйхатдан “Парни Плюс/Парни+” гей сайти, “Воля” партияси раиси Светлана Лада-Русь (Пеунова), “Дождь” телеканалининг собиқ журналисти Богдан Бакалейко, сиёсатшунос Руслан Айсин ҳам жой олди.

Адлия вазирлиги Варламов ва Чиковни “давлат ҳокимияти органлари қабул қилаётган қарорлар ва олиб бораётган сиёсат тўғрисида нотўғри ахборот тарқатганлик”да айбламоқда.

Вазирликнинг иддаосича, блогер Варламов “хорижий манбалардан молиявий кўмак” олиб турган, Чиков эса “хориж агентлари томонидан яратилган материалларни тарқатган”. Рўйхатга киритилган бошқа шахсларга ҳам мана шу каби айбловлар қўйилмоқда.

2012 йилда “Хориж агентлари тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши ортидан 2017 йилда “хориж агентлари рўйхати” ҳам шакллантирилди. Бу рўйхатга шу кунгача юзлаб шахслар ва нодавлат ташкилотлари киритилган.

Bloomberg: Пригожин “Вагнер”ни Украинадан олиб чиқмоқчи

Краснодардаги "Вагнер" жангчилари қабристони.

«Вагнер» хусусий ҳарбий ширкатининг асосчиси Евгений Пригожин ёлланма аскарларни Украинадаги урушдан олиб чиқмоқчи ва ўз фаолиятини асосан Африка минтақасида давом эттирмоқчи. Бу ҳақда Bloomberg ўз ишончли манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Агентлик манбалари олий лавозимлардаги рус сиёсатчилари ва ҳарбийлари Пригожинни ўзларига таҳдид сифатида қабул қила бошлаганини айтган. “Вагнер” Украина урушида қурол ва ўқ-дори етишмовчилигига дучор этилмоқда. Шунингдек, Пригожинга қамоқхоналардан маҳкумларни ёллаш тақиқланганидан сўнг, “Вагнер”да жангчилар етишмаслиги ҳам кузатилмоқда.

Bloomberg манбалари ҳарбийлар президент Владимир Путинга “Вагнер”нинг жанговар салоҳияти шубҳали экани тўғрисидаги маълумотларни етказгани ҳақида ҳам гапирган.

Пригожин «Вагнер»ни Украина урушидан олиб чиқиб, Африкага жўнатиши тўғрисида тасдиқланган маълумотлар мавжуд эмас. Айни пайтда «Вагнер» Украина урушига олти ойга, Африкада хизмат қилиш учун эса 9-14 ойга аскар ёллаётгани тўғрисидаги рекламаларни кўриш мумкин.

Путинга яқин бўлган миллиардер Пригожин мазкур хабарни рад этди. «Биз мамлакатга токи керак эканмиз, Украина ҳудудида жанг қилишда давом этамиз», деди у.

“Вагнер” ёлланма аскарлари Украинада, Сурияда ва Африка давлатларидаги жангларда қатнашган ва қатнашмоқда. “Вагнер” чилар қатор ҳарбий жиноятларда ҳам айбланган.

27 январда АҚШ “Вагнер”ни трансмиллий жиноий ташкилотлар рўйхатига киритган. Айрим давлатларда “Вагнер” террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Бунга қадар “Вагнер” Россия қамоқларида ётган маҳкумларни, жумладан, ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб қамалганларни ўз сафига ёллагани тўғрисида хабарлар берилган. “Вагнер”га ёлланган маҳкумлар орасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор.

Тожикистонда зилзила туфайли ўнлаб уй ва ёрдамчи биноларга шикаст етди

Тоғли Мастчоҳ туманида зилзила туфайли уйларидан қочиб чиққан кишилар, 2023 йил 23 марти

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Тоғли Мастчоҳ туманида 23 март куни кузатилган зилзила оқибатида уйлар ва қишлоқ хўжалиги иншоотларига шикаст етган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Тожикистонда 23 мартга ўтар кечаси 5,9 магнитудали зилзила содир бўлгани ҳақида аввалроқ хабар қилинган.

Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот котиби Умеда Юсуфий зилзила маркази Тоғли Мастчоҳ туманига қарашли Палдорак қишлоғи яқинида бўлганини маълум қилган. Зилзила кучи Душанбеда 3-4 балл, Рашт туманида 4-5 балл, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ҳудудида эса 2-3 баллга етган.

Умеда Юсуфийга кўра, зилзила натижасида Тоғли Мастчоҳ туманидаги айрим уйлар ва ёрдамчи биноларга шикаст етган, бироқ аҳоли орасида ҳеч ким жабрланган эмас.

Палдорак қишлоғи турғунларининг Озодликка йўллаган видеосида кўплаб уйлар зилзила оқибатида шикастлангани, айрим уйлар деворлари вайрон бўлгани акс этган. Шунингдек, Палдоракка қўшни бўлган Пакшиф, Деҳманора, Худгифи-Эшонҳо ва Роғ қишлоқларида ҳам уйларга зарар етган.

Палдоракликлар тунни кўчада ўтказганлар. Уларга кўра, ўзларига ҳеч қанақа ёрдам берилган эмас.

“Бизнинг қишлоқдаги уйларнинг деярли ҳаммаси шикастланди. Кўплаб чора моллари нобуд бўлди. Одамларнинг тунашга жойлари йўқ, улар орасида эса касаллар ҳам, болалар ҳам, аёллар ҳам бор. Қишлоқ аҳлининг бари шунақа аҳволда”, деган Палдорак қишлоғи турғунларидан бири.

Озодликнинг тожик хизмати маълумотига кўра, Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ва Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода зилзиладан зарар кўрган жойга йўл олишган.

21 март оқшомида маркази Афғонистонда бўлган зилзила оқибатида Покистон ва Афғонистонда камида 13 киши ҳалок бўлган, 90 дан зиёд киши турли даражада тан жароҳати олганди. Мазкур зилзила Афғонистонга қўшни бўлган бошқа мамлакатлар каби Тожикистоннинг ҳам қарийб барча вилоятларида сезилган.

Путин ва Си Цзиньпин: Марказий Осиё ишларига “ташқи аралашувни қабул қилмаймиз”

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин Москвада ўтказган музокаралар натижасида қабул қилинган қўшма баёнотда Марказий Осиё масаласига алоҳида тўхталди.

“Янги даврда ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнот”да таъкидланишича, Россия ва Хитой "Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва миллий тараққиётини таъминлашда қўллаб-қувватлаш бўйича ўзаро мувофиқлаштиришни кучайтиришга тайёр".

Баёнотда томонлар “рангли инқилоблар”ни содир этишга уринишлар ва минтақа давлатлари ички ишларига ташқи аралашувга йўл қўймаслиги қайд этилди.

Баёнотда Марказий Осиёдаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш мақсадида КХШТ ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш зарурати тўғрисида ҳам гап боради.

Хитой Халқ Республикаси раҳбари ва ҳукмрон Коммунистик партия лидери Си Цзиньпин 20 март куни уч кунлик расмий ташриф билан Москвага борган эди. 22 мартгача давом этаган ташриф Россия президенти Владимир Путин таклифига кўра амалга оширилгани айтилган.

Россия ИИВ рус тилини билмаган мигрантларни жаримага тортишни таклиф қилмоқда

Россия Ички ишлар вазирлиги рус тилини яхши билмаган мигрантларни жаримага тортиш, тилни яхши билганларга эса солиқ имтиёзи бериш ташаббуси билан чиқмоқда.

Москвада нашр этиладиган “Коммерсантъ” газетасининг ёзишича, бу ҳақда 22 март куни Давлат думасида ўтказилган йиғилишда ИИВнинг Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилган.

Унга кўра, мамлакатга келган мигрант “мослашув давридан ўтгач, яъни тахминан идентификация карточкасини олганидан сўнг бир ёки уч ой ўтгач тилни билиш рейтингидан” ўтиши керак.

Тил билиш рейтинги паст бўлган мигрантларга ҳар ойда “мослашув тўлови” тариқасида жарима солинади. Бундай тўлов мигрант рус тилини ўзлаштириб олмагунича давом этади. Муайян муддатдан сўнг ҳами рус тилини ўргана олмаганларга “мослашув тўлови” миқдори кўпайтирилади.

Ички ишлар вазирлиги расмийсининг айтишича, бундай тўлов мигрантга рус тилини ўрганиш учун туртки беради. Козакова буни “мигрантларни рубль воситасида тарбиялаш” деб атади.

Казаковага кўра, унинг идораси “тил билиш рейтинги”ни балли асосда шакллантиришни таклиф қилмоқда. Мигрантлар рус тилини билиш рейтингига қараб, тоифаларга бўлинади.

Казакова “рейтинг”да юқори ўринларни олганларга солиқнинг бир туридан 50 фоизгача имтиёз берилиши кераклигини айтди. Унга кўра, рус тилини базавий даражада билганларга 10 фоиз, ўртача билганларга 15 фоиз, яхши билганларга 20 фоиз, асосий тили рус тили бўлган мигрантларга эса 50 фоиз солиқ имтиёзлари берилишини таклифини киритди.

Молдова расман давлат тилини молдованчадан руминчага алмаштирди

Молдова президенти Майя Санду парлдаментда нутқ сўзламоқда.

Молдова президенти Майя Санду 22 март куни давлат тилини молдованчадан руминчага алмаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ўтган ҳафта парламент ҳам мана шундай қарор қабул қилганди. Давлат тили номини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга февралнинг охирларида киритилган эди.

Санду Фейсбукдаги саҳифасида румин тили жамиятдаги бирликни мустаҳкамловчи ва Европа Иттифоқига интеграциялаштирувчи омил бўлиши ҳақида ёзди.

“Ўн йилликлар давомида мунтазам равишда биз Молдова Республикаси фуқаролари эканимизни, румин тилида эмас “молдован” тилида гапиришимизни таъкидлаб келганларнинг мақсади фақат битта эди: бизни бўлиб юбориш. Бизни бўлиб юбормоқчи бўлганлар лингвистика ҳақида эмас, қандай қилиб Молдовани доимий равишда миллий қарама-қаршиликда ушлаб туришни ўйлаганлар”, - деб ёзди Санду.

Қатор тилшунослар молдован тили мавжуд эмаслигини ва Молдова фуқаролари румин тилида гапиришини таъкидлайди. Бошқа тилшунослар эса румин ва молдован тиллари бир-бирига яқин бўлган тил эканини айтадилар.

СССР даврида Молдавия ССРнинг расмий тили молдован тили экани белгиланган, ёзув эса лотинчадан кирилчага ўзгартирилган. СССР парчаланиши арафасида - 1989 йилда парламент молдованчани давлат тили сифатида тасдиқлади ва ёзувни кирилдан лотинга ўтказди.

Руминия Европа Иттифоқига аъзо. Молдова эса 2022 йилдан бери иттифоқ аъзолигига номзод давлатдир. Мамлакат аҳолисининг кўпчилиги, жумладан, президент Майя Санду Молдовадан ташқари Руминия фуқаролигига ҳам эга.

Литвада россиялик ва беларусликлардан фуқароликка қабул бўйича ариза олиш тўхтатилиши мумкин

Литва парламенти (Сейми) биринчи ўқишда Россия ва Беларусь фуқароларидан Литва фуқаролигини олиш бўйича ариза қабул қилиш ва аввал топширилган аризаларни кўриб чиқишни тўхтатиб қўювчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Лойиҳа депутатларнинг 113 нафари томонидан ёқланган, 9 нафар депутат овоз беришдан тийилган, ҳужжатга қарши чиққанлар эса мутлақо бўлмаган.

Қонунчиликка киритилаётган тузатишлар муаллифлари бўлмиш ички ишлар вазири Агне Билотайте ва Сеймнинг миллий хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси раиси Лауринас Кашюнаснинг билдиришича, “бу чеклов чораси Литва Республикаси фуқаролигини олиш имкониятини бекор қилишни эмас, балки аризаларни қабул қилиш ҳамда фуқароликка қабул қилиш бўйича қарор чиқариш вақтинча тўхтатилишини кўзда тутади.

CNN: АҚШ Украинага Patriot ЗРМ ва Abrams танкларини эртароқ етказиб беради

Abrams танклари Латвиядаги ҳарбий машқлар чоғида (архив сурати)

Қўшма Штатлар Украинага Patriot зенит-ракета мажмуалари ва Abrams танкларини аввал режаланган муддатдан тезроқ етказиб бермоқчи. Бу ҳақда CNN телеканали АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, украиналик 65 нафар ҳарбий яқин кунларда АҚШнинг Форт-Силл ҳарбий базасидаги ўқув машғулотларини тамомлашади. Шундан сўнг улар Украинага яқин ҳафталар ичида етказиб бериладиган иккита Patriot тизимини бошқариш бўйича қўшимча тайёргарликдан ўтиш учун Европага йўл олишади.

Пентагон вакилларига кўра, украиналик ҳарбийлар ҳавога қарши мудофаа тизимлари тўғрисида олдиндан тамал билимларга эга бўлганлари сабабли Форт-Силл базасидаги ҳозирлик курсидан тезроқ ўтишган.

Аввалроқ АҚШ Украинага Abrams танкларининг олдинроқ чиққан M1-A1 моделларини юбориш орқали танк етказиб бериш муддатини қисқартиришни режалаётгани ҳақида маълум бўлган. Ундан олдин Қўшма Штатлар Украинага танкларнинг замонавийроқ бўлган M1-A2 версиясини йўллашини билдирган, бироқ янги танкларни ишлаб чиқариш ёки эскиларини модернизация қилиш ҳамда ҳарбийларни қўшимча ўқитиш кўпроқ вақт талаб қилгани учун бу қарор ўзгарган.

АҚШ Украинага жами 31 та танк юборишни режаламоқда.

Афғонистон ва Покистонда шиддатли зилзила оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди

Покистонда зилзиладан камида 9 киши ҳалок бўлди.

Афғонистон ва Покистонда 21 март куни юз берган шиддатли зилзила оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди. Расмийлар ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини, қутқарувчилар иш олиб бораётганини билдирди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

6,5 балл кучланишдаги зилзила эпицентри Афғонистоннинг Ҳиндкуш минтақасидаги Журум шаҳридан 40 километр узоқликда, 187,6 километр чуқурликда бўлган.

Толибон ҳукумати расмий вакили Билол Каримий Афғонистонда зилзила оқибатида камида 4 киши ўлганини ва 70 киши жароҳатланганини маълум қилди.

Покистоннинг Хайбар-Пахтунхва вилоятида зилзиладан камида 9 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди, 40 киши яраланди.

Аввалроқ зилзила таъсири Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон ва Хитой ҳудудларида ҳам сезилгани айтилган эди.

Ўзбекистонда зилзила кучи 4-6 баллга тенг бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зилзила оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини ва вайронагарчиликлар бўлмаганини маълум қилди.

Байден COVID-19 келиб чиқишига оид разведка маълумотлари ошкор этилувчи қонунни имзолади

АҚШ президенти Жо Байден 20 март куни SARS-CoV-2 коронавирусининг келиб чиқиши ҳақидаги разведка маълумотларидан айримларини махфийликдан чиқаришга оид қонунни имзолади.

"Менинг маъмуриятим COVID-19нинг келиб чиқишига оид барча махфий маълумотларни, жумладан, унинг Ухан вирусология институти билан боғлиқлигига оид маълумотларни ўрганишда давом этади. Ушбу қонун доирасида маъмуриятим ушбу маълумотларни махфийликдан чиқаради ва жамоатчиликка имкон қадар кўпроқ маълумот тақдим этади", - дейилади Байден баёнотида.

Коронавируснинг келиб чиқиши тўғрисидаги қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири республикачи сенатор Жош Хоули эди. Қонун лойиҳаси Оқ уйга имзолаш учун юборилгунга қадар Сенат ва Вакиллар палатасида эътирозларсиз овоз беришдан ўтди.

Миллий разведкадан "Ухан вирусология институти ва COVID келиб чиқиши ўртасидаги потенциал алоқалар тўғрисида" ҳар қандай маълумотларни ошкор қилишни талаб қиладиган қонун лойиҳаси The Wall Street Journal материали эълон қилингандан сўнг ишлаб чиқилган. Мақолада АҚШ Энергетика вазирлигининг коронавирус келиб чиқиши ҳақидаги ҳисоботига таянилган.

Унда вазирлик COVID-19 пандемияси лабораториядан келиб чиққанини айтган. Энергетика вазирлиги вируснинг лабораториядан сизиб чиқиши назариясига содиқ қолган ФТБдан кейин АҚШнинг иккинчи федерал идорасига айланди. Яна тўртта разведка агентлиги вирус табиий равишда пайдо бўлган деб ҳисобламоқда, иккитаси, жумладан, Марказий разведка бошқармаси ҳали бир қарорга келмади.

Россия Хитойга газ сотишни 6,5 баробарга кўпайтирмоқчи

Си Цзиньпин 20 март куни расмий ташриф билан Москвага борган эди.

Яқин орада Россия ва Хитой “Сибир кучи-2” газ қувурини қуриш бўйича ўзаро келишувга эришиши мумкин. Бу ҳақда Хитой раиси Си Циньпин билан Москвада ўтган музокаралардан сўнг Россия президенти Владимир Путин билдирди.

Путинга кўра, Монголия орқали қуриладиган газ қувури Хитойга йилига 50 миллиард куб метргача газ етказиб бера олади. Бу эса Москва Украинага бостириб киргунига қадар ишлаб келган Россиядан Германияга газ етказиб берадиган “Шимолий оқим”дан кейин қуввати бўйича иккинчи ўриндаги қувур бўлади.

Россия президентининг айтишича, Россия 2030 йилга келиб Хитойга йилига 98 миллиард куб метрдан газ экспорт қилишни режалаштирмоқда. Бу эса 2022 йилда Хитойга сотилган газ ҳажмидан 6,5 баробарга кўпдир. Ўтган йили Россия Хитойга 15,5 миллиард куб метр газ сотган.

Айни пайтда Ғарб Россиядан газ сотиб олишни ўтган йили тенг баробарга қисқартирган. 2022 йилда Европа Россиядан 174, 7 миллиард ўрнига 85,5 миллиард куб метр газ сотиб олган.

Хитой Халқ Республикаси раҳбари ва ҳукмрон Коммунистик партия лидери Си Цзиньпин 20 март куни расмий ташриф билан Москвага борган эди. 22 мартгача давом этадиган ташриф Россия президенти Владимир Путин таклифига кўра амалга оширилаётгани айтилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG