Ўзбекистон хабарлари
Чиноз ҳокимининг мажбурий обунага оид фармойиши бекор қилинди

Чиноз тумани ҳокими Ботир Алимбековнинг “Чиноз ҳаёти” газетасига обуна ташкил этишга оид фармойиши бекор қилинди.
Б. Алимбеков шу йилнинг 12 ноябрида имзолаган “Чиноз ҳаёти” ижтимоий-сиёсий газетаси обунасини уюшқоқлик билан ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишида “ҳудудда аҳоли, айниқса, раҳбар ва ходимларнинг иқтисодий, сиёсий ва соғлом мафкуравий ахборотга бўлган талабини қондириш мақсадида” масъул мулозимларга “тумандаги барча корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, “Чиноз ҳаёти” газетасига 2022 йил учун обунани ташкил этиш чорасини кўриш” вазифасини юклаган.
Адлия вазирлиги мазкур фармойишни обунага мажбурлаш ҳаракати, деб топган.
“Чиноз туман адлия бўлими газетага мажбурий обунани ноқонуний деб топиб, 2021 йил 15 ноябрь куни ҳокимликка мазкур фармойишни бекор қилиш юзасидан тақдимнома киритди. Тақдимномага асосан мазкур фармойиш Чиноз туман ҳокими қарори билан бекор қилинди”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Ўзбекистонда мажбурий обуна узоқ йиллар мобайнида одатий ҳол бўлиб келган. Бироқ сўнгги йилларда бу ҳолат ҳатто расмий идоралар доирасида ҳам “мақсадга мувофиқ эмас” кўриниш ўлароқ баҳоланмоқда.
Кун янгиликлари
Улуғбек Рўзиқулов яна “Ўзавтосаноат” раиси лавозимига қайтди

Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчиси бўлиб ишлаб келаётган Улуғбек Рўзиқулов “Ўзавтосаноат” ширкати бошқаруви раиси лавозимини эгаллаган. Бунга оид маълумотлар компания сайтида акс этган.
У. Рўзиқулов куни кеча Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Шавкат Умурзоқов ўрнини эгаллади. Ш. Умурзоқов 2018 йил июнидан бери “Ўзавтосаноат” ширкати раиси сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
2018 йил январида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати бош директори вазифасидан кетган Улуғбек Рўзиқулов ўша йил апрелида Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчиси этиб тайинланган ва шу кунгача дипломатлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганди.
Авиаширкат раҳбари этиб тайинлангунига қадар эса У. Рўзиқулов “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси ва бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган ҳамда бу лавозимдан президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 августидаги фармони асосида бўшатилган эди.
Ноқонуний ер ажратганликда гумонланган собиқ туман ҳокимининг озодлиги 3 йилга чекланди

Ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун Асака тумани ҳокими лавозимидан ўтган йилнинг сентябрида ишдан олинган Мансурбек Алихоновга нисбатан 3 йилу 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Олий суд вакили қайдича, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган Мансурбек Алихонов иши бўйича суд ҳукми 2023 йилнинг 27 январида чиқарилган.
Озодликни чеклаш жазосидан ташқари суд қарори билан 39 ёшли собиқ ҳокимга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш тақиқлаб қўйилган. Олий суд М. Алихонов иши бўйича апелляция суди 30 март куни Андижон вилоят судида бўлиб ўтишини қўшимча қилган.
Мансурбек Алихонов Асака тумани ҳокими лавозимида 2020 йил сентябридан 2022 йил сентябригача фаолият олиб борган. Ҳокимликка тайинлангунича эса у Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ички ишлар бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаган.
Ўзбекистонлик болалар ўлимига сабаб бўлган Ҳиндистон ширкати лицензияси бекор қилинди

Ҳиндистоннинг «Док-1 Макс» сиропини ишлаб чиқарган Marion Biotech ширкати лицензияси Уттар-Прадеш дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси томонидан бекор қилинди. Hindustan Times газетасининг ёзишича, бу Ўзбекистонда «Док-1 Макс» сиропини ичган 20 боланинг ўлими билан боғлиқдир.
Хабарда айтилишича, мартнинг бошларида полиция ширкатнинг ишлаб чиқариш бошлиғини ва икки нафар илмий ходимини ҳибсга олган. Айни пайтда ширкат раҳбарларидан яна икки нафари қидирувга берилган.
Аввалроқ Озодлик радиоси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам учта давлатда йўтал сиропидан камида 300 бола ўлгани юзасидан тергов ўтказаётгани тўғрисида хабар берган эди.
Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган мазкур сиропдан дастлаб 2022 йилнинг июлида Гамбияда болалар буйраги зарарлангани ортидан вафот эта бошлаган эди. Кейинроқ бундай ҳолатлар Индонезия ва Ўзбекистонда кузатилди.
Ўзбекистонда тергов доирасида февраль ойида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг қатор масъул лавозимдаги ходимлари, жумладан, агентлик раҳбари Сардор Кариев қўлга олинган эди.
Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан 20 нафар бола вафот этгани, ҳолат бўйича ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъул шахсларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.
Кейинроқ мазкур дорини Ҳиндистондан олиб келган “Quramax Medikal” ширкатига берилган лицензия бекор қилинган.
Жорий йилнинг 18 январь куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган сессия чоғида соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан вафот этган болаларнинг оилаларига товон пули тўланиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.
Президентнинг қизи БМТнинг “тарихий” деб аталаётган анжуманида нутқ сўзлади

Президент администрацияси ижроия аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудираси Саида Мирзиёева 23 март куни Нью-Йоркда ўтаётган БМТ Сув анжуманида нутқ сўзлади.
Сув соҳаси бўйича мутахассис бўлмаган Саида Мирзиёева БМТ минбаридан Орол денгизи қуришининг оқибатлари, бу оқибатларни юмшатиш бўйича амалга оширилаётган чоралар ҳақида гапирган.
Саида Мирзиёевага кўра Орол денгизи “ғамхўр одамларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли яна умид ва янгиланиш рамзига айланмоқда”.
БМТнинг 23-24 март кунлари ўтказилаётган Сув анжуманида 198 давлат вакили қатнашмоқда. Мазкур анжуман сўнгги марта бундан 45 йил муқаддам ўтказилган эди. Шунинг учун у “тарихий сув анжумани” деб аталмоқда. БМТнинг билдиришича, 2050 йилга бориб 5 миллиард киши сув танқислигидан азият чекиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева 2022 йилнинг 14 ноябрь куни президент администрацияси ижроия аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири лавозимига тайинланганди.
Расман Саида Мирзиёева эгаллаган лавозим президент администрацияси раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул ўринбосари тизими таркибига киради. Мирзиёева ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилиши айтилган.
Амударё туманида янги қурилаётган кўприкнинг бир қисми қулаб тушди

Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида 23 март куни янги қурилаётган темир йўл кўпригининг бир қисми қулаб тушди. Туман ҳокимлиги бу маълумотни тасдиқлар экан, “кўприкнинг бир қисми номаълум сабабларга кўра” қулаганини билдирди.
Ҳокимликнинг маълум қилишича, кўприк қурилиши пудратчиси “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатидир. Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнев автомобиль йўлининг 717—718-километри оралиғидан ўтказилган осма кўприкка 14-сонли кўприк қурилиш отряди томонидан вақтинчалик таянч балкалар ўрнатилган. Ҳокимликнинг билдиришича, кўприкнинг вақтинчалик таянч балкалари қулаган.
“Мазкур балкалар кўприк қурилишида вақтинчалик вазифа бажарувчи, ёрдамчи восита ҳисобланади. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган. Ҳозирда ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳридан тегишли мутахассислар ва лаборатория ходимлари чақирилган”, дейилади расмий билдирувда.
Ҳокимлик мазкур кўприқ қурилиши президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида қурила бошланган. Кўприк Қорақалпоғистонни Хоразм вилояти билан боғлаши назарда тутилган.
Ноқонуний ер сотишда айбланган Қаршининг собиқ ҳокими 4 йилга қамалди

Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2023 йил 10 мартдаги ҳукми билан тўрт йилга қамалди. Олий суд матбуот хизмати бу ҳақда 23 март куни маълум қилди.
Фозилов Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а” банди бўйича айбдор деб топилган.
2016 йилдан 2019 йилнинг октябригача Қарши шаҳар ҳокими лавозимида бўлгшан Фозилов умумий қиймати 60 млрд 512 млн сўм бўлган 463 212,13 м² ер участкаларини ноқонуний равишда сотиб юборганликда гумонланиб қўлга олинган эди.
Айни пайтда собиқ ҳоким шаҳар суди қарори устидан Қарши вилоят судига апелляция шикояти киритган.
Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳар ҳокими в. б. лавозимига тайинланди

Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, дея хабар қилишди 23 март куни маҳаллий нашрлар.
44 ёшни қоралаган Ш. Умурзоқов 2018 йил июнидан буён “Ўзавтосаноат” ширкати раиси лавозимида ишлаб келаётган эди. Мазкур лавозимга тайинлангунига қадар эса у прокуратура идораларида ишлаган.
Жорий йилнинг январь ойи ўртасида ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг аввалги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ишдан олинганини очиқлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.
Танқидий руҳда ўтган мазкур йиғилишда Ж. Ортиқхўжаев “вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун” ишдан бўшатилгани қайд этилган. Ўша пайтда Тошкент шаҳар ҳокими в.б. этиб пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов тайинланган эди.
Шавкат Умурзоқовнинг Тошкент шаҳар ҳокими в. б. этиб тайинланганига ўз телеграм-канали орқали муносабат билдирган собиқ депутат Расул Кушербоев янги ҳокимнинг ҳам президент топшириғини бажармай келган амалдорлардан бири эканига эътибор қаратган.
ФВВ: Яқин кунларда зилзила содир бўлиши мумкинлигига оид хабарлар ёлғон

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда яқин кунларда зилзила содир бўлиши мумкинлиги ҳақида сохта хабарлар тарқалаётганига эътибор қаратиб, ўзбекистонликларни бундай ёлғон хабарларга ишонмасликка чақирди.
“Бугунги кунда дунёнинг ҳеч бир давлатида зилзила содир бўладиган сана ва ҳатто тахминий вақтни башорат қила оладиган технологиялар мавжуд эмас”, дейилган ФВВ хабарномасида.
Айни пайтда вазирлик Ўзбекистон сейсмик фаол зонада жойлашгани сабабли мамлакатда баъзи пайтларда ер силкинишлари содир бўлиб туришини эслатган.
Ўзбекистонда шу кунларда кучли зилзила содир бўлиши мумкинлигига оид ваҳимали хабарлар 21 ва 23 март кунлари минтақада юз берган шиддатли ер силкинишлари ортидан кўпайган.
Озодлик аввалроқ хабар қилганидек, 21 март оқшоми Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 магнитудали зилзила кузатилиб, ер силкиниши кучи Ўзбекистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида 4 баллдан 6 баллгача етган. 23 март туни Тожикистонда рўй берган 6 магнитудали зилзила ортидан эса Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида 4-5 балли ер силкинишлари қайд этилган.
GTI ҳисоботи: Ўзбекистон террор таҳдиди бўлмаган мамлакатлар қаторидан чиқди

Сиднейдаги Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан ёйинланган Global Terrorism Index 2023 (Жаҳондаги терроризм индекси 2023) ҳисоботида Ўзбекистон террорчилик хавфи жуда паст бўлган мамлакатлар қаторидан жой олди.
Террор хатари рейтингида Ўзбекистон 163 та давлат орасида 70-ўринга қўйилган. Дунёдаги террор хавфи 0 дан 10 баллгача белгиланган ҳисоботда Ўзбекистондаги террор хавфи экспертлар томонидан 1.731 га баҳоланган.
Бунгача Ўзбекистон қатор йиллар давомида террорчилик хатари мутлақо бўлмаган мамлакатлар қаторида бўлиб келган, мамлакатдаги террор хавфи нолга тенг деб баҳоланган эди.
Терроризм хавфи бўйича Марказий Осиё минтақасидаги давлатлардан фақат Тожикистондагина (50-ўрин) аҳвол Ўзбекистондагидан ёмонроқ. Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон бу йилги ҳисоботда ҳам террорчилик хавфи мутлақо бўлмаган мамлакатлар қаторида қолаверган.
Рейтингда террор хатари энг кучли деб топилган Афғонистон 1-ўринга қўйилган. Ҳисоботга мувофиқ, Бункина Фасога 2-ўрин, Сомалига эса 3-ўрин берилган.
Толибон Амударёдан сув оладиган Қўштепа каналини “Ўзбекистон билан ҳамжиҳат қуриши”ни билдирди

Толибон ҳукумати бош вазирининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар Кобулга келган Ўзбекистон делегацияси билан музокаралар натижалари тўғрисида маълумот берар экан, сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Бародарнинг твиттер саҳифасида ёзишича, музокаралар чоғида Ўзбекистон томони “Қўштепа каналини қуриш бўйича техник ҳамкорликка тайёр эканини билдирган”.
Бародар эса бунга жавобан “Афғонистон Амударёдан сув оладиган Қўштепа каналини Ўзбекистон билан ҳамжиҳат бўлиб барпо этишга ҳозирлиги”ни айтган.
Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Қўштепа каналини қурар экан, Амударёдан сув олишда халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилиши зарурлигини эслатган ва бу қурилишни поёнига еткашида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган.
Бародар Ўзбекистон делегациясини “Кўштепа каналининг қурилиши икки томонлама муносабатларни мустахкамлашга хизмат қилишига ишонтирган”.
Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 22 март куни Кобулда Толибон ҳукумати расмийлари билан учрашгани тўғрисида хабар қилинганди.
Хабарда “учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани” айтилган, аммо унинг тафсилотлари ошкор қилинмаганди.
Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир.
Толибон ҳаракати томонидан шакллантирилган ҳукумат шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.
Ўзбекистон Толибон ҳукумати билан ҳамкорликни кенгайтирмоқчи

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Кобулда Толибон ҳукумати расмийлари билан учрашди, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги.
Расман билдирилишича, Ўзбекистон делегацияси 22 март куни Толибон ҳукумати бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Ёқуб Мужоҳид ва бошқа расмийлар билан музокаралар олиб борди.
“Музокаралар чоғида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш каби масалалар муҳокама қилинган”, ғдейилади расмий билдирувда.
Бундан ташқари “Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар” темир йўлини қуриш, “Сурхон–Пули-Хумри” электр тармоғини тортиш масалалари алоҳида кўриб чиқилган.
Музокараларда Ўзбекистон делегацияси афғон аёллари ҳуқуқларини таъминлаш, уларга таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
Учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани айтилди.
Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир.
“Толибон” ҳаракати томонидан шакллантирилган ҳукумат шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.
Ўзбекистонда яна ер қимирлади. Бу 6 соат ичида содир бўлган иккинчи зилзила

Ўзбекистоннинг бешта ҳудудида 23 март куни Тошкент вақти билан 07:53 да Тожикистонда содир бўлган навбатдаги зилзиланинг кучи сезилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг билдиришича, зилзила координаталари 39,37 градус шимолий кенгликда, 69,79 градус шарқий узунликда бўлган. Магнитуда М=4,9. Чуқурлик 15 километр.
Зилзила эпицентри Тошкентдан 216 км узоқликда, жануби-шарқий йўналишда, Тожикистоннинг Сўғд вилоятида жойлашган.
Ўзбекистон ҳудудида зилзиланинг кучи Сирдарё вилоятида 2−3 баллни, Жиззах, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2 баллни ташкил қилган.
Аввалроқ Тожикистонда 23 март куни Тошкент вақти билан соат 01:07да 6 магнитудали зилзила содир бўлгани хабар қилинган эди.
Зилзила кучи Сирдарё, Фарғона, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 баллни, Наманган, Андижон ва Самарқанд вилоятларида 4-5 баллни, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида 4 баллни ташкил этган.
Озодлик аввалроқ 21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 магнитудали зилзила кузатилгани, ер силкиниши кучи Ўзбекистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида 4 баллдан 6 баллгача бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
Тожикистонда шиддатли ер силкиниши кузатилди, зилзила кучи Ўзбекистонда 4-5 баллга етди

Рамазон ойининг илк тунида Тожикистонда 6 магнитудали зилзила содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, ер силкиниши 23 март - Тошкент вақти билан тунги соат 01:07 да рўй берган.
Марказ қайдича, зилзила эпимаркази жанубий-шарқий йўналиш бўйича Ўзбекистон пойтахтидан 217 километр нарида бўлган.
Зилзила кучи Сирдарё, Фарғона, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 5 баллни, Наманган, Андижон ва Самарқанд вилоятларида 4-5 баллни, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида 4 баллни ташкил этган.
Бу сўнгги суткаларда юз берган шиддатли зилзилаларнинг иккинчисидир. Озодлик аввалроқ 21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 магнитудали зилзила кузатилгани, ер силкиниши кучи Ўзбекистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида 4 баллдан 6 баллгача бўлгани ҳақида хабар қилган эди.
Президент Мирзиёев май ойи бошида Германияга сафар қилмоқчи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг май ойи бошида Германияга сафар қилишни режалаган. Бу ҳақда президент 21 март куни Ўзбекистондаги маданий марказлар раҳбарлари билан мулоқот чоғида Немис маданий маркази раиси Лена Мироновага мурожаатан айтган.
“1−2 май кунлари ташрифим бор. Дўстим Штайнмайер (Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер — таҳр.) таклиф қилди. Мен албатта у ерда бўламан”, дея иқтибос келтирган Мирзиёев сўзларидан Газета.uz нашри.
Ўзбекистон президент Германия билан алоқалар ҳеч қачон бугунгидай бўлмаганини қайд этган.
“У ерда бизни тўғри тушунишади ва мен буни жуда қадрлайман. Чунки ақл устун бўлиши керак… Буларнинг ҳаммаси бўлмоқда. Энг ёмон ҳолатда ҳам ўзимиз учун хулоса чиқаришимиз керак, шунда тинчлик, дўстлик бўлади”, деган Шавкат Мирзиёев.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Наврўз куни Ўзбекистон президентининг Рус маданий маркази вакиллари билан ўзаро мулоқоти акс этган видео тарқалган эди. Унда ўзини қўшиқ билан кутиб олган марказ вакилларига мурожаат қилар экан, Мирзиёев уларни байрам билан табриклаган ҳамда “Қўшиқда тўғри айтилибди: Русь ва Ўзбекистон доим бирга бўлган ва ҳамиша бирга бўлади. Энг оғир пайтларда биз бирга бўлганмиз ва бирга бўламиз ҳам”, дегани кўринади.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, сешанба куни Наврўз тантаналаридан кейин Ш. Мирзиёев немис ва рус маданий марказлари вакиллари билан мулоқотдан ташқари Мирзиёев қозоқ, қирғиз, турк, озарбайжон, татар, украин ва бошқа халқлар ҳунармандчилиги ва миллий маданият марказлари кўргазмаларини ҳам бориб кўрган.
CPJ Ўзбекистон расмийларини Нукус воқеаларида айбланган журналистларга чиқарилган ҳукмни бекор қилишга чақирди

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистон расмийларини Нукус воқеалари бўйича судланмиш қорақалпоғистонлик журналистларга нисбатан чиқарилган айблов ҳукмларини бекор қилишга чақирган. Бу чақириқ CPJ Европа ва Марказий Осиё дастурининг Твиттердаги саҳифаси орқали ёйинланди.
Бухоро вилоят судида 17 март куни Нукус воқеалари иштирокчиларидан яна 39 нафарига нисбатан ҳукм эълон қилингани, судланувчилардан 28 нафари 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилгани, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Шартли равишда озод қилинганлар орасида Абдималик Хожаназаров ва Есимқан Қанаатов каби журналистлар бўлган.
Мазкур ҳукмдан бир кун аввал CPJ ўзбек расмийларига матбуот ходимларини касбий фаолияти учун судламаслик, маҳкама жараёнларида журналистлар ва уларнинг оила аъзоларини қўрқитиш ҳаракатларидан тийилиш чақириғи акс этган баёнотини очиқлаган эди.
Нукус воқеалари бўйича шу йилнинг 31 январида якунланган илк судда 22 кишига нисбатан ҳукм ўқилган, улар орасида ҳам қорақалпоғистонлик 5 нафар журналист ва блогер бўлган. Хусусан, судда асосий айбланувчи сифатида кўрилган “Ел хизметинде” нашри асосчиси Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга, Тажимуратов билан YouTube ва Telegram-каналда ҳамкорлик қилган Бахтияр Кадирбергенов ва Сейдабулла Медетов 7 йилданга қамалган, Makan.uz мустақил нашри асосчиси Лолагул Қаллиханова ҳамда “Ел хизметинде” нашрининг штатсиз мухбири Азамат Нуратдиновга нисбатан шартли жазо тайинланган.
CPJ 16 мартдаги хабарномасида мазкур журналистлар иши бўйича электрон почта орқали Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигига изоҳ сўраб мурожаат қилгани, бироқ ҳеч қанақа жавоб ололмагани, Олий суд эса Нукус воқеаларига оид иш бўйича ёйинланганидан ортиқ маълумот тақдим этолмаслигини билдирганини қайд этган.
Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.
Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо ҳар иккала судда ҳам айбланувчилар орасида намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.
Март ойи ўрталарида Тошкентда бўлиб, ўзбек расмийлари билан учрашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам уларга Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш бўйича тавсиялар берганини айтган эди.