Халқаро хабарлар
Финляндияда “Московский комсомолец” нашри бош муҳаррирининг мол-мулки ҳибс этилди

Финляндияда суд пристави Россиянинг “Московский комсомолец” газетаси бош муҳаррири Павел Гусевга тегишли чорбоғ ва ерини ҳибс қилди. Бу ҳақда YLE ҳамда Helsingin Sanomat нашрлари хабар қилишган.
Финляндия оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, Гусев собиқ хотини билан бирга Кернааланъярви кўли бўйидаги чорбоғ ҳамда Янаккала жамоасида 20 гектар ерга эгалик қилишади. Европа Иттифоқи “Московский комсомолец”ни Кремль риторикаси ва хатти-ҳаракатлари дастакчиси деб топган, Гусевнинг ўзи эса Россия президенти Владимир Путиннинг ишончли одами ва тарафдори ҳисобланади.
Финляндия масъул идоралари, шунингдек, россиялик тадбиркор Григорий Берёзкиннинг икки автомобилини ҳам ҳибс қилишган. ЕИ расмийлари уни “Путиннинг малайи” деб атаганлар. Бундан ташқари, Helsingin Sanomat нашри Россия Давлат Думасидаги “Новие люди” фракцияси раҳбари Алексей Нечаев номи билан боғланадиган Faberlic парфмерия ширкати ҳисобварақлари музлатилганини маълум қилган.
Жорий йилнинг 8 апрель куни Евроиттифоқ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириб, 216 жисмоний шахсни “қора рўйхат”га киритган эди. Улар орасида ТАСС бош директори Сергей Михайлов, ВГТРК бош директори Олег Добродеев, “Московский комсомолец” мулкдори ва бош муҳаррири Павел Гусев, “Комсомольская правда” бош директори ва бош муҳаррири Владимир Сунгоркин ҳамда “Красная звезда” медиахолдинги президенти Алексей Пимановлар бор.
Кун янгиликлари
Расман: Ўзбекистонлик тадбиркорлар Қирғизистонга 70 миллион долларлик инвестиция киритмоқчи

Қирғизистон президенти ҳузуридаги инвестициялар бўйича агентлик директори Умбриэль Темиралиевнинг Тошкентга қилган сафари доирасида ўзбек тадбиркорлари қирғиз иқтисодиётига 70 миллион доллар миқдорида сармоя киритишга тайёр экани маълум қилинди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати 5 июнда хабар берди.
Расман билдирилишича, Темиралиев Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан бу борада музокаралар ўтказган. Учрашувда 2023 йилнинг охиригача икки давлат ўзаро ҳамкорликда амалга ошириши лозим бўлган лойиҳалар ва шартномалар муҳокама қилинган.
Қирғизистон Ўзбекистон билан ҳамкорликда базальт толасини, кальций карбидни ишлаб чиқариш, текстил корхоналарини қуриш, кварцни бойитувчи завод очишни режалаштирмоқда.
Жорий йилнинг 26 январида президент Шавкат Мирзиёев Бишкекка давлат ташрифи билан келган ва икки давлат ўртасида қатор шартномалар имзоланган эди.
Март ойида Қирғизистон Министрлар кабинети раиси Акилбек Жапаров Тошкентга амалий сафар билан борган ва ўзбек расмийлари билан имзоланган шартномаларни амалга ошириш масаласини муҳокама қилган эди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Тошкент ва Бишкекда мос равишда "Made in Kyrgyzstan" ва "Made in Uzbekistan" савдо уйлари очиш, Қирғизистонда автомобиль заводи қуриш, Қирғизистондан Ўзбекистонга 10 миллион долларлик кўмир экспорт қилиш каби ўндан ортиқ шартномалар имзоланган.
Афғонистон шимолидаги мактабларда ўқувчи қизлар заҳарланди

Афғонистон шимолидаги бошланғич мактабларда ўқувчи қизлар заҳарлангани тўғрисида Озодликнинг афғон хизмати хабар берди. Маҳаллий расмийлар қизларни номаълум шахслар махсус заҳарлаган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Заҳарланиш ҳолатлари Сарипул вилоятининг Санғарчоқ туманида қайдга олинди. Обе Кабуд мактабида 60 қиз, Файзобод мактабида 20 нафардан кўпроқ қиз заҳарланган. Бу маълумотни маҳаллий маданият ва ахборот бўлими бошлиғи Муҳаммад Умар Сарипулий тасдиқлади.
Заҳарланганлар орасида тўрт ўқитувчи, бир ўқувчи қизнинг қариндоши ва бир нафар мактаб ходими ҳам бор. Уларнинг қай тарзда заҳарлангани ҳозирча маълум эмас. Уларнинг нафас олиши қийинлашган ва қуса бошлашган. Заҳарланганларнинг барчаси касалхонага ётқизилган.
Сарипул вилояти таълим бошқармаси раҳбари Муҳаммад Раҳмоний иддаосича: “Номаълум шахс ўқувчи қизларни заҳарлаш учун жиноятчиларни ёллаган”.
Афғонистонда 2021 йилнинг 15 августида ҳокимиятни эгаллаб олган Толибон қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини чеклаган. Толибон ҳукумати қизларга 6-синфгача ўқишга рухсат берган.
Қирғизистон: МХДҚ давлат тўнтариши учун тайёрланганликда гумонланганларни қўлга олди

Бишкекда ҳокимиятни куч билан босиб олишга ҳозирланганликда гумонланганлар ёппасига қўлга олинмоқда. Озодлик қирғиз хизматининг куч ишлатар тузилмалардаги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 5 июнь куни 10 чоғли кишини тутиб кетган.
МХДҚнинг ўзи ҳали бу борада расмий баёнот тарқатгани йўқ.
Аввалроқ Интернет тармоғида махсус бўлинмалар ходимлари кийимидаги кишилар бир уйга ошиғич кириб бораётгани акс этган видеоёзувлар пайдо бўлган эди. Бошқа видеода уларнинг бир автомобилни тўхтатиб, ундаги кишининг қўлига кишан тақаётганларини кўриш мумкин. Бу видеоларнинг ҳақиқий ёки сохта экани ҳақида ҳозирча аниқ бир хулоса айтиш қийин.
Бу орада Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “россиялик расмийлар давлат тўнтариши уринишига оид Қирғизистондан келаётган янгиликларни диққат билан кузатиб турибди”, дея билдирган.
“Ҳозирча шунақа жуда ташвишли хабарлар келиб турибди. Шунинг учун ҳам биз янгиликларни диққат билан кузатяпмиз”, дея иқтибос келтирган Песков сўзларидан Вести.ru.
Айни пайтда Путиннинг воизи “бу борада Кремлда бирор-бир тафсилотли маълумот йўқ”лигини қўшимча қилган.
Россияда Навальнийни дастаклаш акцияларидан 100 дан зиёд одам тутиб кетилди

Мухолифатчи Алексей Навальнийни қўллаш акцияларида бутун Россия бўйлаб 100 нафардан кўп киши қўлга олинган, улардан камида тўрт нафари вояга етмаган шахслардир. Бу ҳақда “ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумот тарқатди.
Шу пайтгача полиция томонидан тутиб кетилган 109 кишининг исми маълум. Улардан 60 дан зиёди Москвада, 10 дан зиёди Санкт-Петербургда қўлга олинган. Ҳаммаси бўлиб Россиянинг 23 та шаҳрида норозилар ушлангани айтилмоқда.
Владимир вилоятидаги қамоқхонада узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётган Алексей Навальний 4 июнь куни 47 ёшга тўлган. Аввалроқ мухолифатчининг тарафдорлари якшанба куни Россия ва хорижда Навальнийни дастаклаш акцияси ўтказилишини эълон қилишган. Улар хорижда яшовчиларни шаҳарларнинг бош майдонларига келишга чақиришган, Россиядагиларга эса Навальнийни қўллаш учун хавфсиз йўлларни қидириш тавсия қилинган.
Россиядаги акциялар учун расмийлар рухсат олинмаган ва митинг шаклида ўтказилмаган. Норозилик тадбирлари иштирокчилари бир кишилик пикетларга чиқишган, варақалар тарқатишган ёки бошқа бир шаклда Навальнийни қўллашини изҳор қилишган. “ОВД-Инфо” қайдича, одамларнинг тутиб кетилишига уларнинг қўлларида кўтариб олган пуфаклар, асфальтдаги ёзувлар ва бошқа абсурд ҳолатлар баҳона бўлган.
Дейлик, Москвада қўлида “Туғилган кунинг билан, Лёша” деб ёзилган плакат кўтариб турган Ксения Котельникова тутиб кетилган. У Китай-городдаги полиция бўлимига етказилган.
Avtozak Live нашрининг ёзишича, Пушкин майдонидан RusNews нашри мухбири тутиб кетилган. Журналист қиз Навальнийни дастаклаш мақсадида ёпиштирилган варақаларни суратга олмоқчи бўлганида формали ходимлар уни автозакка тиқиб кетишган.
Одамлар қўлга олинганига оид хабарлар Красноярск, Хабаровск, Новосибирск, Барнаул, Иркутск, Қозон ва бошқа шаҳарлардан ҳам келган.
“Навальний командаси” 4 июнь куни мухолифатчини қўллаш акциялари дунёнинг кўплаб мамлакатларида, хусусан, Австралиянинг Сидней, Мельбурн, Брисбен шаҳарларида, Япониянинг Токио, Жанубий Корея, Таиланд, Испания, Франциянинг Марсель шаҳрида, Ереван, Тбилиси, Прага, Брюссель, Лондон, Остона, Вильнюс, Берлин ва Германиянинг бошқа шаҳарларида ўтганини ҳақида билдирган.
Навальнийнинг ўзи туғилган кунида ижтимоий тармоқлар орқали ҳаётида учраган “одамларнинг ҳаммасига миннатдорлик” изҳор қилган.
Мухолифатчи Алексей Навальний Германия клиникасида қайтиб келаётган пайтда 2021 йил январида Москва аэропортида қўлга олинган. Илк маҳкама қарори бўйича у 2023 йил ёзида озодликка чиқиши керак эди, бироқ у қамоқда бўлган пайтда “фахрийни ҳақорат қилганлик” айблови билан яна 9 йилга озодликдан маҳрум этилган. Қамоқда бўлган пайтда сиёсатчи 16 марта жазо изоляторига йўлланган.
Навальний ва сафдошлари мухолифатчининг сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинаётганини айтиб келишади.
Шарль Мишель “Марказий Осиё давлатларига санкция жорий этилиши мумкинми?” деган саволга жавоб берди

Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтган “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” саммитидан сўнг уюштирилган матбуот анжуманида Озодлик радиоси қирғиз хизматининг “Европа Иттифоқи Қирғизистон, Қозоғистон ёки Ўзбекистонга санкция жорий этиши мумкинми?” деган саволига жавоб берди.
Унга кўра, ЕИ Россиянинг “уруш машинасини қўллаётганларга нисбатан чоралар кўрмоқда”. Мишель шу кунларда навбатдаги санкциялар масаласи муҳокама қилинаётганини айтди:
«Биз бундан аввал Россия уруш машинасини қўллаётганларга аниқ чораларни кўрдик. Биз санкцияларнинг 10 та пакетини маъқуллаганмиз. Биз ҳозирги кунда санкцияларни четлаб ўтилишининг олдини олиш мақсадида санкцияларнинг 11-пакетини муҳокама қилмоқдамиз. Аниқ қилиб айтсам, бунга Россиянинг уруш машинасини қўллаётганлар туртки берди. Биз ҳеч қандай экстратерриториал принципни қўлламаймиз»,- деди Шарль Мишель.
Унинг айтишича, ЕИ ўз ҳамкорларини Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтишга кўмаклашмасликка чақиради, айни пайтда ЕИ ҳамкорларининг санкцияларга оид саволларини ва ҳар қандай муаммоларини тинглашга ҳамда муҳокама қилишга тайёр.
Май ойида АҚШ Россиянинг 69 ширкатини, Арманистоннинг битта ва Қирғизистоннинг битта ширкатини санкциялар рўйхатига киритган эди.
Апрель ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлган эди. 27 апрелда Тошкентда матбуот анжумани ўтказган Дэвид О’Салливан Ўзбекистон ва ЕИ республика Россияга санкцияларни четлаб ўтувчи ҳудудга айланиб қолмаслиги йўналишида ҳамкорлик қилаётганини айтган эди.
Чўлпонотада “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” иккинчи саммити 2 июнь куни бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев билан бир қаторда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Министрлар кабинети раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель иштирок этади.
“Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи саммит 2022 йилнинг 27 октябрида Қозоғистон пойтахти Остонада ўтказилган эди.
Қирғизистон МХДҚ 2010 йил июнь воқеалари чоғида ИИВ зобитини ўлдирганликда гумонланган икки киши ушланганини билдирди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари 2010 йил июнь воқеалари чоғида Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида Ички ишлар вазирлиги ходимини ўлдирганликда гумонланаётган икки нафар шахсни қўлга олишган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати МХДҚ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Махсус хизмат хабарномасида қўлга олинганлар “Жалолобод вилоятидаги оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этган”и, бироқ 2011 йилда уларнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлинмагани билдирилган.
“Қайта очилган жиноят иши доирасида қўлга олинган шахслар Қирғизистон МХДҚнинг Жалолобод вилояти бўйича бош бошқармаси тергов ҳибсхонасига олиб кириб қўйилди”, дейилган қўмита хабарномасида.
МХДҚ 2010 йил июнь воқеалари чоғидаги оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланганларга нисбатан жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетмаслигини эслатган.
Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги миллатлараро тўқнашувлар 2010 йилнинг 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган. Ўша пайтдаги қонли воқеалар натижасида 446 киши нобуд бўлган, 2 минг чоғли одам яраланган, 57 одам бедарак кетган. Маълумотларга кўра, бедарак йўқолганларнинг 17 нафари бугунгача топилмаган.
Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилганди.
Июнь воқеалари ортидан 100 дан зиёд одамга нисбатан қидирув эълон қилинган. Тўқнашувларни уюштирганликда гумонланган 37 киши Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган.
2010 йил июнь воқеалари бўйича шу пайтгача 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.
Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган.
Дефолт бўлмайди. АҚШ Сенати давлат қарзи ҳажмини ошириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди

АҚШ Сенати давлат қарзи ҳажмини ошириш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Сенаторлардан 63 нафари қонунни қўллади, 36 сенатор қарши овоз берди.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси қонун лойиҳасини 31 май куни кўпчилик овоз билан маъқуллаган эди. Қонун имзоланиш учун президент Жо Байденга тақдим этилади.
“Қонунни қабул қилиш орқали биз дефолтнинг олдини олдик. Америка энди енгил нафас олса бўлади”,-деди Сенатдаги демократ кўпчилик раҳбари Чак Шумер.
29 майда Оқ Уй ва Конгрессдаги республикачилар вакиллари давлат қарзи миқдорини кўпайтириш ва бюджет масаласида принципиал келишувга эришгани айтилган эди. Музокара Вакиллар палатаси раиси республикачи Кевин Маккарти ва президент Жо Байден ўртасида бўлиб ўтган.
Агар мазкур келишувга эришилмаганида АҚШни дефолт кутаётган эди. Мутахассислар фикрича, бу ҳолатда жаҳон иқтисодиёти катта салбий таъсирга дучор бўлар эди. Федерал захира тизими раҳбарияти федерал ғазначиликдаги пул 5 июнда тугаши мумкинлигини билдирганди.
Бундан аввал АҚШ давлат қарзининг максимал даражаси 31 триллион 4 миллиард доллар миқдорида белгиланган эди. 2023 йилнинг январь ойида давлат қарзи бу миқдордан ошиб кетганди.
Интерфакс: “Урал” автозаводини сотган Дмитрий Стрежнев бизнесини Ўзбекистонда давом этирмоқчи

Бизнесмен Дмитрий Стрежнев Россиянинг Челябинск вилояти Миасс шаҳридаги “Урал” автомобил заводи активларини ширкат менежментига сотди, деб хабар берди Интерфакс агентлиги. Бу хабарни “Урал” автозаводи матбуот хизмати тасдиқлади. Завод сотилишига оид бошқа тафсилотлар ошкор қилинмади. “Урал” автозаводи 2022 йил 17 декабрда Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган корхоналардан биридир.
Заводнинг сотилиши жараёни билан яқиндан таниш бўлган манба агентликка Стрежнев ўз бизнесини Ўзбекистон ва Қозоғистонда давом эттириш ниятида эканини айтган. Манбанинг билдиришича, Стрежнев бу мамлакатларда йўл қурилиши, қишлоқ ҳўжалик техникаси ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқчи.
Forbes журналидаги маълумотларга қараганда, Стрежнев 2021 йилда Россиядаги бойлар рўйхатининг 167 поғонасида турган ва 750 миллион долларга эгалик қилган.
2022 йилнинг 24 февралида Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Ғарб давлатлари санкциялари остида қолди. Бунинг ортидан, расмий статистика рақамларига ишонилса, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда Россия иштирокидаги корхоналар сони кўпайган. Масалан, 2023 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида 243 та корхона ташкил этилган. Айни пайтда Хитой билан 118 та, Туркия билан 67 та корхона очилган.
Бундан ташқари сўнгги уч ой ичида Россия Ўзбекистон экспортида биринчи ўринни эгаллади. Жорий йил биринчи чорагида Ўзбекистондан Россияга 736,2 миллион долларлик, Туркияга 336,4 миллион долларлик, Хитойга 334,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Европа Иттифоқи сўнгги бир йилда Марказий Осиё давлатларидан Россияга экспортнинг 300 фоизга кўпайганидан ташқиш билдирган эди. Европа Иттифоқи фикрича, Россияга экспортнинг кескин кўпайиши Марказий Осиё давлатларининг Москвага санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётгани билан боғлиқ бўлиши эҳтимол.
Жорий йилнинг апрель 25 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш учун келган Россия бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан учрашган эди. Учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Россиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлаганди.
SpaceX Украинага сунъий йўлдош хизматини кўрсатишда давом этади

Пентагон 1 июнь куни Илон Маскка тегишли SpaceX ширкати билан Starlink терминалларини сотиб олиш ва Украинага сунъий йўлдош алоқаси хизматини кўрсатиш бўйича шартномани имзолаганини билдирди.
Пентагон “оператив хавфсизлик ва сотиб олинаётган тизимларнинг ўта мухим характерга эга экани”дан келиб чиққан ҳолда келишув шартларини очиқламади.
Starlink сунъий алоқа тизими Россия 2022 йилнинг 24 февралида Украинага бостириб кирганидан бери украин ҳарбийлари томонидан кенг мақсадларда, жумладан, жанг майдонида тезкор алоқа ўрнатиш учун қўлланилиб келинмоқда.
Илон Маскнинг ширкати паст масофадаги орбитада тўрт мингдан кўпроқ сунъий йўлдошга эгалик қилади. Мазкур тизим хусусий шахслар қилган хайр-эҳсонлар ҳисобига Украинани алоқа билан таъминлаб келган.
2022 йилнинг октябрида Илон Маск Starlink тизимини Украина учун давомли равишда молия билан таъминлай олмаслигини билдирган эди. Ўшанда Маск бунинг учун ойига 20 миллион доллар сарфланаётганини айтганди.
Россия Украинада интернет хизматларни, хусусан, Starlink алоқасини тўсиб қўйишга ҳаракат қилган. Бироқ SpaceX ўз сервисларига қилинган ҳужумларни қайтаришга муваффақ бўлган ва дастурий тизимларни мукаммаллаштирган.
Ҳуқуқбонлар Шарль Мишелни Чўлпонота саммитида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирди

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Чўлпонотада 2 июнь куни ўтадиган “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” саммитида Европа кенгаши раиси Шарль Мишелни инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирди. Бу борадаги мурожаат Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бюроси, Қирғизистондаги “Лигал просперити” жамғармаси, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан имзоланди.
Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва уларни кафолатлаш Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг асосий шартларидан бирига айланиши лозим, деган нуқтаи назарни билдиришди. Мурожаатда ҳукуматлар 2022 йилда Қозоғистон, Тоғли Бадахшон ва Қорақалпоғистонда оммавий норозилик намойишлари куч билан бостиргани ва ўнлаб одам ҳалок бўлганига алоҳида эътибор қаратишди. Фаолларга кўра, бу воқеалар юзасидан терговлар холис ва адолатли бўлмаяпти.
Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Қирғизистонда сўнгги йилларда нодавлат ташкилотлари ва мустақил журналистлар фаолятини чеклашга қаратилган ташаббуслар кўтарилаётганидан ҳам хавотир билдирганлар.
Президент Шавкат Мирзиёев саммитда иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қирғизистонга жўнаб кетгани ҳақида президент матбуот хизмати маълум қилди.
Саммитда Шавкат Мирзиёев билан бир қаторда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Министрлар кабинети раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель иштирок этади.
Саммитда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва келажакдаги режалар муҳокама қилинади. Халқаро майдондаги долзарб муаммолар юзасидан Марказий Осиё давлатлари билан Европа Иттифоқининг ўзаро ҳаракатлари юзасидан фикр алмашинилади.
“Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи саммит 2022 йилнинг 27 октябрида Қозоғистон пойтахти Остонада ўтказилган эди.
Байден йиқилиб тушди. Оқ Уй “президентнинг аҳволи яхши” эканини билдирди

АҚШ президенти Жо Байден 1 июнь куни Колорадо штатида ҳарбий ҳаво кучлари академиялари битирувчиларига дипломларни топшириш маросимида иштирок этди.
Байден саҳнага чиқаётганида қоқилиб йиқилди. 80 ёшли сиёсатчига тансоқчилардан икки нафари ўрнидан туришга кўмаклашди. Бу воқеа тадбир иштирокчилари орасида бир оз хавотир пайдо қилди.
Ўрнидан турган Байден қоқилган жойига ишорат қилди. Оқ Уйнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Бен Лаболт твиттер саҳифасида президент қум тўлдирилган қопга қоқилиб йиқилганини ёзди. Лаболт ҳозирда “президентнинг аҳволи яхши” эканини таъкидлади.
Би-би-сининг хабар беришича, Байден 900 нафар битирувчининг ҳар бирига қўл бериб кўришган ва дипломларни топширган. У саҳнада бир ярим соат тик турган. “Ватанга хизмат қилиш йўлини танлаганингиз учун рахмат”, -деди Байден битирувчиларга.
Жо Байден АҚШ тарихидаги энг кекса президентдир.
МХДҚ: Қирғизистонда сохта Шенген визасини тайёрлаганлар аниқланди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) сохта Шенген визасини тайёрлаб сотган халқаро канал аниқлангани ҳақида маълумот тарқатди.
“Сохта Шенген визаси асосида Қирғизистон орқали Европага транзит уюштириб юрган асосий ташкилотчилар топилди. Ноқонуний миграция канали ташкилотчилари хатти-ҳаракати туфайли жабрланган қирқдан зиёд хорижлик фуқаро аниқланди”, дея иқтибос келтирган Озодликнинг қирғиз хизмати қўмита хабарномасидан.
МХДҚ айни пайтда сохта ҳужжат тайёрлашга алоқадор шахслар аниқланаётганини маълум қилган. Хабарномада мазкур жиноят иши доирасида гумондорлар қўлга олиниб-олинмаганига аниқлик киритган эмас.
Аввалроқ Қирғизистон парламенти депутати Гуля Қожоқулова Россиядаги Avito.ru эълонлар сайтида Қирғизистон паспорти бемалол сотилаётганини айтиб, МХДҚни бунга чора кўришга чақирган эди.
Мазкур сайтдаги эълонларда 120 минг рублдан 270 минг рублгача (тақрибан 1,5 минг доллардан 3,3 минг долларгача) ҳақ эвазига Қирғизистон фуқаролигини олиб бериш бўйича хизмат таклиф қилинган. Эълон муаллифлари Қирғизистон паспортини олиш учун Россия фуқаролигидан воз кечиш ва давлат тили мақомига эга бўлган қирғиз тилини билиш шарт эмаслигини урғулашган. Қирғизистон паспортини олишга рағбатлантириш учун улар бу паспорт билан хорижий ўлкалардаги банкларда ҳисобрақам очиш ҳамда Европа ва АҚШга виза олиш мумкинлигини урғулашган.
ФСБ россиялик дипломатларнинг айфонига ҳакерлик ҳужум уюштирилганини иддао қилмоқда

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) россиялик дипломатларга қарашли iPhone русумли бир неча минг телефонга ҳакерлик ҳужуми уюштирилганини иддао қилиб чиқди. Махсус хизмат хабарномасида Россиянинг НАТОга аъзо мамлакатлардаги, постсовет ўлкаларидаги, Исроил, Сурия ва Хитойдаги дипломатик хизматлари ходимларининг айфонларига вирус юқтирилгани айтилган.
ФСБ ҳужум тафсилотларига тўхталмаган. Иддаога кўра, ҳужумни амалга ошириш учун шу кунга қадар маълум бўлмаган дастурий таъминотдан фойдаланилган, у iOS операцион тизими кодидаги заифликдан фойдаланган. Ҳужумда АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлиги айбланган. Мазкур ҳужумни бартараф қилишда, иддао қилинишича, ФСБдан ташқари Россия Федерал қўриқчилик хизмати ҳам иштирок этган.
Федерал хавфсизлик хизмати россияликларнинг смартфонларига ҳужумда АҚШ махсус хизматларига iPhone телефонларини ишлаб чиқарадиган Apple ширкати ёрдам берганини билдирган, бироқ бунга бирорта далил келтирган эмас. Reuters агентлиги бу борада изоҳ сўраб Apple ширкати ва АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигига мурожаат қилган, бироқ шу пайтгача улардан жавоб келмаган.
Apple ўз жиҳозларини ахборот сақлаш учун ишончли ашё ўлароқ тақдим этиб келади. Бироқ вақти-вақти билан махсус хизматлар ёки нияти яхши бўлмаган шахсларнинг ширкат телефонларидаги маълумотларни олишига имкон яратувчи заиф жиҳатлар топилгани ҳақида хабарлар чиқиб туради.
2021 йилда дунёдаги кўплаб ўлкаларда Apple жиҳозлари Исроилнинг NSO Group ширкати томонидан ишлаб чиқарилган Pegasus жосуслик дастури ёрдамида ёппасига нишонга олинган эди. Мазкур дастурдан турли мамлакатларнинг махсус хизматлари фойдаланиб келган. Apple ширкати бу жосуслик дастурини ишлаб чиқарган Исроил фирмаси билан ҳозиргача судлашмоқда.
Қатар бош вазири “Толибон” ҳаракати лидери билан махфий музокаралар ўтказди – Reuters

Дунёдаги кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган “Толибон” ҳаракати лидери Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида Қатар бош вазири билан махфий музокаралар ўтказган.
Reuters агентлиги хабарига кўра, учрашувнинг асосий мавзуси халқаро ҳамжамият билан алоқалардаги тарангликни юмшатиш бўлган.
Агентлик қайдича, музокаралар 12 май куни Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон ас-Соний билан толиблар лидери Ҳайбатуллоҳ Охунзода ўртасида бўлиб ўтган. Бу Толибон пешвосининг хорижлик сиёсий лидер билан илк учрашувидир.
Бу орада Қатарнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Мутлақ бин Мажид ал-Қаҳтоний АҚШга учиб кетган. Аввалроқ Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Қаҳтоний АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Уэст билан учрашгани ҳақида маълумот тарқатган.
“Толибон” ҳаракати билан халқаро ҳамжамият ўртасидаги таранглик ҳали ҳам сақланиб қолаётганига Афғонистонда толиблар томонидан инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани, айниқса қизларнинг таълим олиши ва аёлларнинг ишлашига тақиқланаётгани ҳамда “Толибон” вакилларининг инклюзив ҳукумат тузишни истамаётгани сабаб бўлмоқда.
Reuters хабарига кўра, Қатар бош вазири музокараларда, жумладан толибларга хотин-қизлар таълими ва ишлаши бўйича тақиқларни бекор қилиш зарурлигини билдирган. “Толибон” ҳаракати бу чақириққа қандай жавоб бергани ҳозирча маълум эмас.
Айни пайтда агентлик мулла Ҳайбатуллоҳ радикал диний арбоб бўлиб ҳисобланиши ҳамда жорий этилган чекловларни бекор қилишдан у қадар манфаатдор эмаслигини урғулаган.
Афғонистонда 2021 йил августида ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери “Толибон” ҳаракати маҳаллий хотин-қизларнинг таълим олиши, ижтимоий ва сиёсий ҳаётда иштироки бўйича кескин чекловлар жорий этган, бу эса бутун дунёда салбий қарши олинган.
Reuters Қатар ҳукумати мазкур сафарнинг барча тафсилотларини АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти билан муҳокама қилганини ёзган. “Толибон” ҳаракати ва Қатар бу учрашув ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот тақдим этган эмас.
Қозоғистонда Назарбоевни ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарлик бекор этилмоқда

Қозоғистонда биринчи президент Нурсултон Назарбоевни ҳақорат қилганлик, обрўсини ва қадр-қимматини туширганлик учун жиноий жавобгарлик бекор этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда қозоқ парламенти қуйи палатаси депутати Снежанна Имашева маълум қилди.
Депутатнинг айтишича, Жиноят кодексидан бу борадаги модда чиқариб ташланади. “Ҳозирда Элбоши мақоми бекор қилинган, шунинг учун жиноий жавобгарлик ҳам эндиликда керак эмас ва у қўлланилмайди”,-деди Имашева.
Қозоғистон адлия вазирли бу маълумотни тасдиқлади.
2023 йил февралида президент Қасим-Жомарт Тоқаев “Қозоғистоннинг биринчи президенти-Элбоши” тўғрисидаги қонун кучини йўқотгани тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Мазкур қонунда Назарбоев ва оиласининг мақоми, уларнинг имтиёзлари белгилаб берилганди. Фармонга асосан Назарбоевнинг халққа мурожаат қилиш ва давлат органлари ҳамда амалдорларга таклиф киритиш ҳуқуқлари ҳам бекор қилинганди.
2022 йилнинг кузида Қозоғистонда Биринчи президент куни давлат байрамлари рўйхатидан чиқарилган ва пойтахт Нурсултон номи яна Остонага ўзгартирилган эди.