Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2021, Тошкент вақти: 06:35

"Иброҳимбек ва бошқалар". Ўзбекистон Олий суди 115 нафар қатағон қурбонларини оқлади (ВИДЕО)


Оқланганлар собиқ СССР Совнаркоми ҳузуридаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ) қарори билан қатл қилинган ёки концлагерга сургун қилинган.

25 август куни Ўзбекистон Олий суди 1923-1938 йилларда собиқ СССР Совнаркоми ҳузуридаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ) қарори билан қатл қилинган ёки концлагерга сургун қилинган 115 нафар шахсни оқлаш ҳақида қарор чиқарди.

Олий суд матбуот хизмати уларнинг "реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари" эканини айтган.

Газета.уз нашрининг Олий суд матбуот хизматидан иқтибос келтиришича, реабилитация қилинган шахсларга доир 6 та жиноят иши президентнинг 2020 йил 9 октябрь куни қабул қилинган «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши ижросини таъминлаш доирасида кўриб чиқилган.

Олий суд маҳаллий нашрларга тақдим этган рўйхатдан уларнинг айримлари совет даврида "босмачилик ҳаракати" сифатида билинган ва мустақиллик йилларида Россия мустамлакасига қарши миллий озодлик кураши номи берилган ҳаракат намояндалари экани англашилади.

Жумладан, рўйхатда совет тарихчилари "Туркистондаги босмачилик ҳаракатининг энг кўзга кўринган раҳбари" деб атаган Иброҳимбек қўрбоши (Ибрагимбек Чакабаев)ҳам бор.

Олий суд, ББС журналисти Ибрат Сафо олган видео
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:18 0:00

25 август куни Тошкентда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида ўтказилган суд мажлисида ўқиб эшиттирилган қарорда айтилишича, Ибрагимбек Чакабаев ва яна 16 нафар шахсга нисбатан олиб борилган жиноят ишида ОГПУнинг 1932 йил 13 апрелдаги баённомасидан кўчирма мавжуд. Бироқ ОГПУнинг ҳукми мавжуд эмас: 1932 йил 13 апрелда жиноят иши ОГПУ томонидан кўриб чиқилиб, отиб ўлдириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

"Мазкур жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмаган, жиноят ишида суд ҳукми ёки баённомаси мавжуд эмас".

Олий суд қарорида оқланган 115 кишининг шахси ҳақида маълумот йўқ, шунингдек, уларнинг фаолиятига ҳам баҳо берилмайди. Аммо президент Мирзиёевнинг фармойишида Ватан истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодлар хотирасини абадийлаштириш ҳақида сўз боради.

Тошкентдаги очиқ суд мажлисида қатнашган ББС Ўзбек хизмати журналисти Ибрат Сафонинг ёзишича, суд жараёнида оқланганлардан бир нафари - қибрайлик Ғафур Султоновнинг эвараси ҳам қатнашган. ББС журналисти ўзининг Фейсбукдаги постига қатағон қурбони яқини кўз ёшларини тиёлмагани акс этган видеони ҳам илова қилди.

Жиноят ишларининг қайта кўриб чиқилишида қатағон қурбонлари яқинларининг иштироки маълум эмас. Шунингдек, Олий суднинг реабилитация ҳақидаги қарори бирор ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқарадими, йўқми - бу масалага расмий изоҳ берилганича йўқ.

Хусусан, қурбонлар яқинларига етказилган моддий ва маънавий зарар учун товон тўлаб-тўланмаслиги ҳақида ҳам сўз йўқ. Олий суд ҳозирча ўз қарорига расмий шарҳ бермади.

Сталин ва Каримов қатағонлари

Реабилитация бўйича таклифларни Республика ишчи гуруҳи ўрганиб чиққан. Жиноят ишлари юзасидан Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова протест киритган.

Светлана Ортиқова сиёсий репрессиялар авжига чиққан Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистондаги режимнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бўлган. У ва бошқа расмийлар мамлакатда сиёсий маҳкумлар борлигини рад этиб келган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон Олий суди Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан қамоқдан озод этилган собиқ сиёсий маҳкумларнинг реабилитация ҳақидаги суровларини рад этиб келмоқда.

Самандар Қўқонов: Каримовдан ҳеч қачон кечирим сўрамаганман
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:43 0:00

Жумладан, 2019 йил 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 24 йил қамоқда сақланган собиқ сиёсий маҳкум, Ўзбекистон Олий Кенгаши собиқ депутати Самандар Қўқоновнинг реабилитация қилишни сўраб ёзган аризасини қаноатлантирмаган.

“Қўқоновга очилган жиноят ишидаги эпизодларнинг барчаси ўз исботини топгани, далилий ашёлар ва гувоҳлар билан етарлича асослангани учун қондирилмади”¸ дейилган Олий суд ажримида. Фаолларга кўра, Олий суднинг собиқ сиёсий маҳкумлар тақдирига муносабати Каримов давридаги тузум ўзгармасдан қолаётганини кўрсатади.

Францияда яшаётган мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Олий суд қарорини "кечиккан, аммо тарихий адолатни тиклаш йўлидаги муҳим қадам", деб ҳисоблайди. Айни пайтда унинг фикрича, бу сиёсий қарордир.

"Аслида, бу ишлар Ўзбекистон мустақиллигининг биринчи йилларида бўлиши керак эди. Ҳокимиятдаги эҳтиёткорлик, геосиёсий мақсадга мувофиқлик, яъни, расмий Москванинг ғазабига, норозилигига сабаб бўлувчи қадамлардан тийилиш тафаккури бор эди ва ҳали ҳам сақланиб қоляпти. Айни пайтда Ўзбекистон олий ҳокимиятида, реабилитация ва эътироф борасида, сиёсий мақсадга мувофиқлик ҳам сақланиб қоляпти. Яъни бу сиёсат замирида, қадриятлар эмас, сиёсий мақсадлар ётибди. Агар холис қадриятлар турганида эди, ҳозирги даврда Ўзбекистон давлатининг сиёсий, геосиёсий ва маънавий мустақиллиги учун курашган, курашаётган шахслар, ҳалига қадар давлатнинг расмий ва норасмий "қора рўйхати"да турмаган бўлар эди", - деди Камолиддин Раббимов Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик фильми: Ўлмас Ғоялар ёхуд Эврил Турон қисмати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:28 0:00

XS
SM
MD
LG