Линклар

Шошилинч хабар
22 феврал 2024, Тошкент вақти: 19:09

Халқаро хабарлар

Қозоғистонда журналистларга қарши “провокацион ҳужумлар координатори” қўлга олингани билдирилди

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги 28 февраль куни ўз телеграм-каналида “журналистларга қарши провокацион ҳужумлар координатори” қўлга олинганини маълум қилди.

Билдирувда бу амалиёт ИИВ ва ДХҚнинг идоралараро тергов-тезкор гуруҳи ҳамкорлигида амалга оширилгани қайд этилади.

“Улар Жиноят кодексининг 115-моддаси «Қўрқитиш», 147-моддаси “Шахсий дахлсизликни бузиш”, 158-моддаси “Журналистлик фаолиятга тўсқинлик қилиш”, 202- моддаси “Ўзгалар мулкини қасддан нобуд қилиш ёки шикастлаш” ва 293-моддаси «Безорилик» каби жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда”, — дейилади хабарда.

Полиция мазкур ҳуружларнинг бевосита координатори чет эл фуқароси ва малакали хакер O.Токарев эканини, у Олмаотада қўлга олинганини билдирди.

Сўнгги олти ой ичида қозоғистонлик журналистлар ва таҳририятларга таҳдидлар тез-тез бўлиб турган эди. Масалан, 22 февраль куни журналист Дониёр Молдабеков Олмаотада ниқобли шахс томонидан калтакланганини айтган.

20 февралга ўтар кечаси Олмаотада «Гиперборей» YouTube канали муаллифи Вадим Борейко билан ҳамкорликда ишлаган Роман Егоровнинг машинаси ёниб кетди.

19 январга ўтар кечаси номаълум шахслар журналист Вадим Борейко хонадони эшигини пенополиуретан билан тўлдирган.

Бир кун аввал Ulysmedia.kz лойиҳаси раҳбари Самал Ибраева ижтимоий тармоқларда сайтга хакерлик ҳужуми уюштирилгани ва унда ўзи ва фарзандларининг шахсий маълумотлари жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эди.

Январь ойи охирида Orda.kz сайти бош муҳаррири Гулнар Бажкенова аввалги квартирасининг эшиги шикастлангани ҳақида хабар берган эди.

Бир кун аввал журналист Динара Эгеубаева номаълум шахслар машинаси салонига ғишт ташлаб, машинани ёқиб юборганини хабар қилган эди. Шу ойда Эгеубаева ўғлига қурол билан ҳужум қилинганини айтди.

13 январга ўтар кечаси номаълум кимсалар «Элмедиа» таҳририяти жойлашган бинонинг кириш гуруҳи ойналарини яна синдириб ташлади.

Кун янгиликлари

Байден Путинни “телба итвачча” деб атади

АҚШ президенти Жо Байден.
АҚШ президенти Жо Байден.

АҚШ президенти Жо Байден 21 февраль куни ўтган сайлов олди тадбирида Россия президенти Владимир Путинни “телба итвачча” деб атади.

“Бизда Путин ва бошқа телба итваччалар бор, шунинг учун доимо ядровий конфликт таҳдидидан ташвишланишимиз зарур”,- деган Байден.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу каби баёнотга Путин “вақт сарфлаб эътибор ҳам қаратиб ўтирмаслиги”ни айтди. Айни пайтда Песков бу каби “ифодаларни қўллаганлар ўзларини ўзлари ҳақорат қилаётгани”ни таъкидлади. Песковга кўра, Байден бу баёноти билан ўзини “Ҳолливуд ковбойига ўхшатиш”га ҳаракат қилган.

Байден ўз чиқишида инсониятга хавф туғдираётган энг асосий таҳдидлардан бири иқлим ўзгариши эканини ҳам қайд этди.

Мутахассислар таъкидича, 2023 йил кузатувлар тарихидаги энг жазирама йил бўлди. Ҳаво ҳароратининг ортиб бориши дунёда табиий офатлар, жумладан, сув тошқинлари, қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари, довулларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Халқаро метеорология ташкилотининг билдиришича, сўнгги эллик йилда жаҳонда деярли 12 мингта табиий офат юз берди. Бунинг оқибатида камида икки миллион киши ҳалок бўлди. Нобуд бўлган ҳайвонлар сони номаълум. Табиий офатлар оқибатида жаҳон иқтисодиёти, билвосита зиён миқдори ҳисобга олинмаганда, 4,3 триллион доллар зарар кўрди.

БМТ озиқ-овқат дастури Ғазодаги фаолиятини тўхтатди

Дастур очларни озиқ-овқат билан хавфсиз таъминлаш чораларини излаётганини маълум қилди.
Дастур очларни озиқ-овқат билан хавфсиз таъминлаш чораларини излаётганини маълум қилди.

БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Ғазодаги фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда дастур раҳбари Синди Маккейн маълум қилди. Бунга Ғазо бўлгаси аҳолисининг мародёрлик ва дастур ходимларига ҳужумлар қилаётгани сабаб бўлди.

Баёнотда айтилишича, 18 февраль куни Вади-Ғазо чегара назорат пункти орқали бўлгага фаластинлик қочқинлар учун олиб кирилган озиқ-овқат юкланган юк автомашиналари оч одамлардан иборат оломон томонидан қуршаб олинган. Улар қуроллардан ўқ отишган.

19 февралда Ғазо бўлгаси шимолига озиқ-овқат олиб кетаётган юк автомашиналари карвонига ҳужум қилинган. Ҳайдовчилардан бири калтакланган. Дастур ходимлари озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатаётганида одамлар ўзаро муштлашиб кетмоқда.

Баёнотда Ғазода озиқ-овқат тарқатиш жараёни “жамоат тартибини хаос ва фалокатга айлантираётгани” қайд этилади.

БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ўз ходимлари ва ёрдамга муҳтожларнинг хавфсизлигини таъминлай олмаслиги муносабати билан фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Дастур очларни озиқ-овқат билан хавфсиз таъминлаш чораларини излаётганини маълум қилди ва тез кунларда фаолиятини қайта тиклашига умид билдирди. Дастур эълон қилган баёнотда таъкидланишича, хавфсизликни таъминлаш учун озиқ-овқат етказиб бериш ҳажмини ошириш, қўшимча чегара назорат пунктларини очиш зарур.

БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури Ғазо бўлгаси ва Ғарбий соҳилда деярли 1,5 миллион фаластинлик қочқинга кўмак кўрсатади.

The Guardian газетасининг ёзишича, ҲАМАС-Исроил уруши бошланганидан сўнг Ғазо бўлгасига берилаётган халқаро ёрдам ҳажми 80 фоизга камайган. Халқаро ташкилотлар бир неча маротаба Ғазо гуманитар ҳалокат ёқасида турганидан ташвиш билдирган.

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакети юзасидан келишувга эришди

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакети юзасидан келишувга эришди. Янги санкциялар 24 февралда, яъни Россиянинг Украинага бостириб кирганига икки йил тўладиган куни тасдиқланиши кутилмоқда.

Янги ҳужжатга асосан икки юзга яқин жисмоний ва юридик шахс санкциялар рўйхатига киритилади. Бу Россияга нисбатан жорий этилган санкциялар тарихидаги энг катта чекловлар рўйхати бўлади.

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен янги санкциялар жорий этиш орқали ЕИ «Путиннинг ҳарбий машинасини заифлаштиришда» давом этиши кераклигини айтди.

Россияга нисбатан илк санкциялар Украина босқини бошланган 2022 йил февралидан сўнг жорий этилган эди. Россия Украинанинг Донецк, Херсон, Луганск ва Запарожье вилоятларини аннексия қилгани ортидан санкциялар кенгайтирилди.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга нисбатан санкциялар муддатини 2025 йилнинг 24 февралигача узайтирган эди.

Reuters: Эрон Россияга йил бошидан бери 400 га яқин баллистик ракета етказиб берди

Эрон Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Амир Ҳожизода, Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Мудофаа вазири Муҳаммад Ризо Аштианий ракеталар фонида. 2023 йил, август.
Эрон Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Амир Ҳожизода, Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Мудофаа вазири Муҳаммад Ризо Аштианий ракеталар фонида. 2023 йил, август.

Reuters агентлиги Эрон ҳарбий доираларидаги олти нафар манбасига таянган ҳолда Теҳрон 2024 йил бошидан то шу кунгача Россияга 400 га яқин баллистик ракета етказиб бергани тўғрисида хабар берди.

Агентлик манбаларининг айтишича, Эрон Россияга Fateh-110 русумидаги ер-ер ракеталарини берган. Бу ракеталар 300 дан 700 километргача узоқликда бўлган нишонларга зарба бера олади.

Манбаларга кўра, Россия ва Эрон ҳарбий ҳамда хавфсизлик хизматлари вакиллари ўтган йил охирида Москва ва Теҳронда учрашган. Учрашувдан кўп ўтмай Эрон Россияга ракеталарни етказиб бера бошлаган. Ракеталар қисман Каспий денгизи орқали кемада, қисман самолётда етказилмоқда.

Эроннинг юқори мартабали мулозими бўлган Reuters манбаларидан бири агентликка "Ракеталарни Россияга етказиб беришни тўхтатмаймиз. Буни яшириб ўтиришга ҳожат йўқ. Биз исталган давлатга қурол етказиб бериш ҳуқуқига эгамиз", - деб айтган.

Эрон ва Россия ҳарбий идоралари Reuters агентлигининг бу борадаги расмий сўровларига жавоб бермаган.

Январь ойи ўрталарида Россия Мудофаа вазирлиги Теҳрон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича “катта давлатлараро битим”ни имзолашга тайёрлигини маълум қилган эди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Россия ва Эрон ташқи ишлар вазирлари санкцияларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш воситалари тўғрисидаги декларацияни имзолаган.

Эрон ва Россия қатор халқаро санкциялар остида яшамоқда.

Freedom House Тожикистонни энг репрессив давлатлар бешталигига киритди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўнлаб давлатлар босимлардан қочиб мамлакатни тарк этган ватандошларни хорижда ҳам таъқиб қилишда давом этмоқда. Бу ҳақда Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг "трансмиллий репрессия" тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилди.

2014 йилдан 2023 йилгача ташкилот 100 мамлакатдаги вазиятни кузатган. Улардан 44 давлат ҳукуматлари томонидан жами 1034 та трансмиллий таъқиб амалга оширилгани ҳужжатлаштирган. Энг ашаддий таъқибчиларнинг биринчи бешталигига Хитой, Туркия, Тожикистон, Россия ва Миср ҳукуматлари кирган.

Ҳуқуқбонлар фикрича, постсовет давлатлари кузатув остидаги шахсларнинг умумий базасини яратган.

Аввалроқ Тожикистон Бош прокуратураси 2023 йилда икки юздан ортиқ фуқарони экстрадиция орқали мамлакатга қайтаришга муваффақ бўлганини маълум қилган эди. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир.

“Медиазона” нашри ўтказган суриштирувда Россия Ички ишлар вазирлигининг “қидирувдаги ёки назорат остидаги шахслар базасида” турли мамлакатларнинг, жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистоннинг ўнлаб сиёсатчилари ва амалдорлари мавжудлиги аниқланган.

Россияда қидирилаётган марказий осиёликларнинг аксарияти ўз ватанларида ҳам қидирувга берилган. Билол Қурбоналиев, Абдулло Шамсиддин ва Низомиддин Насриддинов каби фаоллар 2023 йилда Европа давлатларидан Тожикистонга экстрадиция қилингандан сўнг турли муддатдаги қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Хитой хакерлари икки йил мобайнида Қозоғистон IT-инфраструктурасини назорат қилган

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Киберҳужумларни таҳлил ва тергов қилиш маркази GitHub платформасида 16 февраль куни қозоғистонликларнинг ўғирланган шахсий маълумотлари ошкор этилишини “системасиз ҳаракатлар ва ташкилот манфаатини давлат манфаатидан юқори қўйиш маҳсули” сифатида баҳолади. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати хабар берди.

Марказнинг билдиришича, хитойлик хакерлар гуруҳи зарарли дастурлардан, Windows, Mac, iOS ва Android учун троянлардан, DDoS хизматларидан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини деанонимлаштириш иловаларидан, Wi-Fi'ни бузиш ускуналаридан фойдаланиб қозоғистонликларга доир шахсий маълумотларни ўғирлаб келган.

Қайд этилишича, камида битта хакерлик гуруҳи Қозоғистон алоқа операторларининг муҳим IT-инфратузилмаси устидан икки йил давомида тўлиқ назоратни ўрнатган. Хакерлар қўнғироқлар давомийлигини, қурилма ИМEИ-ларини ва биллингни кузатиб борган. Сиздирилган маълумотлар ичида Пенсия жамғармаси, Air Astana ва Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг почта серверига тааллуқли маълумотлар ҳам бор.

Бундан ташқари, хакерлар "ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига, жумладан, Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларининг қурилмаларига мақсадли ҳужумлар уюштирган.

Аввалроқ, киберхавфсизлик ва IT технологияларга ихтисослашган қатор нашрлар номаълум шахслар GitHub платформасига Хитойнинг I-Soon инфохавфсизлик компаниясининг ички ҳужжатларини жойлаган.

Ҳужжатларда Хитой дунё бўйлаб ижтимоий платформалар, телекоммуникация компаниялари ва бошқа ташкилотлардан яширинча маълумот олишига мўлжалланган жосуслик дастурлари муҳокама қилинган.

Ҳужжатларда айтилишича, Хитой жосуслик дастури, жумладан, Қозоғистоннинг Beeline ва Tele2 телекоммуникация компанияларидан ҳам нозик маълумотларни ўғирлашга муваффақ бўлган.

Тадқиқотчилар бу жосуслик амалиёти Хитой ҳукумати томонидан уюштирилганлигини гумон қилмоқда.

20 февраль куни Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги Миллий хавфсизлик қўмитаси билан биргаликда "маълумотлар қандай сизиб кетганлиги”ни ўрганаётганини маълум қилди. Вазирлик ортиқча тафсилотларни келтирмаган.

“Таҳлил натижаларига кўра, тегишли ташкилотларда шахсий маълумотлар ва уларни муҳофаза қилиш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида режадан ташқари текширишлар ўтказилади”, дейилади вазирликнинг баёнотида.

ОАВ Украинада ҳалок бўлган камида 45 минг рус ҳарбийси шахсини аниқлади

Ҳалок бўлганлар тўғрисидаги маълумотни журналистлар волонтёрлар кўмагида йиғмоқда.
Ҳалок бўлганлар тўғрисидаги маълумотни журналистлар волонтёрлар кўмагида йиғмоқда.

Би-би-си ва "Медиазона" волонтёрлар кўмагида олиб бораётган ҳисоб-китоб натижасида Украина урушида ҳалок бўлган камида 45 123 нафар Россия ҳарбийсининг исми аниқланди.

Уларнинг учдан икки қисми Украина уруши бошлангунига қадар армияга алоқадор бўлмаган шахслар: кўнгиллилар, мобилизация қилинганлар, собиқ маҳкумлар ва хусусий ҳарбий ширкатлар томонидан ёлланганлар. Исми аниқланган 5406 нафар мобилизация қилинганларнинг 80 фоизи урушнинг иккинчи йилида ҳалок бўлган.

Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми Краснодар ўлкаси, Свердлов вилояти, Бошқирдистон Республикаси ва Челябинск вилоятида яшаган.

2023 йилда журналистлар томонидан Украина урушида ўлган 27 906 рус ҳарбийсининг исми аниқланган. Бу эса Украина уруши бошланган 2022 йилдаги кўрсаткичдан 57 фоизга кўпдир.

Донецк вилояти туманлари, жумладан, Авдеевкага ҳужум бошланган 2023 йилнинг февралидан 2024 йил февралигача мазкур фронт чизиғида тадқиқотчилар камида 6614 рус ҳарбийси ҳалок бўлганини тасдиқлаган.

Журналистлар қурбонларнинг шахсини маҳаллий ҳокимликлар, матбуот, ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қабристонлардан олинган очиқ маълумотлар асосида аниқлаган. Тадқиқотчилар нуқтаи назарича, қурбонлар сони бу рақамдан камида икки баробар кўп бўлиши эҳтимол.

Москва ва Киев урушда ҳалок бўлган аскарлар сонини ошкор қилмай келмоқда. Урушаётган томонлар ўзларининг ютуқларини бўрттириб кўрсатиш ва мағлубиятини яширишга мойил бўлади.

Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, Би-би-си ва "Медиазона" волонтёрлар кўмагида олиб бораётган ҳисоб урушдаги қурбонлар сонини аниқлаш йўналишидаги энг муҳим мустақил манба сифатида кўрилади.

АҚШ Навальний ўлими ортидан Россияга янги санкциялар жорий этади

АҚШ мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний ўлими ва Украина босқинининг икки йиллиги муносабати билан Россияга қарши янги санкциялар жорий этади.

Reuters агентлигининг ёзишича, президент Жо Байден бу ҳақда Калифорнияга қилган сафари чоғида журналистларга маълум қилган. Унга кўра, санкциялар ҳақида батафсил 23 февраль куни баёнот берилади. Байден бошқа тафсилотларни очиқламади.

20 февралда миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Жон Кирби ҳам Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этилиши кутилаётганини билдирган, аммо у ҳам тафсилотларни очиқламаган эди. Кирбининг айтишича, АҚШ Кремлдан Навальнийнинг қамоқда ўлгани юзасидан очиқ ва шаффоф тушунтириш беришни талаб қилмоқда.

“Россия ҳукумати дунё ҳамжамиятига қандай ҳикоя тўқишидан қатъий назар, Навальний ўлими учун масъулият Путин ва унинг атрофидагилари зиммасидадир”, - деди Кирби.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Шу кунгача Навальнийнинг ўлими сабаблари расман аниқланмаган. Мухолифатчининг сафдошлари Навальний ўлдирилганини ва ҳукумат жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни бермаётганини иддао қилаётир.

АҚШ президенти Жо Байден Навальний ўлимида Россия президенти Владимир Путинни айблади.

Россия Адлия вазирлиги Озод Европа/Озодлик радиосини исталмаган ташкилотлар рўйхатига киритди

Россия Адлия вазирлиги 20 февралда Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL)ни мамлакатда фаолият кўрсатиши исталмаган хорижий нодавлат ташкилотлари рўйхатига киритди.

Озодлик радиоси рус хизматининг хабар беришича, 2 февралда Россия Бош прокуратураси RFE/RL корпорациясини исталмаган ташкилот сифатида тан олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.

RFE/RL Россияда исталмаган ташкилот сифатида тан олинган 142-ширкат бўлди. Кремль бу рўйхатга ўз наздида конституциявий тузум, хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятига хавф туғдирувчи ташкилотларни тиркайди. Адлия вазирлиги рўйхатига киритилган ташкилотларга Россия ҳудудида фаолият кўрсатиш, гражданларга эса улар билан ҳамкорлик қилиш тақиқланади.

RFE/RL президенти вазифасини бажарувчи Стивен Капус мазкур қарорнинг қабул қилинишини Россия ҳукумати эркин журналистикани ўзига таҳдид сифатида кўришининг яна бир ифодаси ўлароқ сифатлади.

“Миллионлаб россияликлар ўнлаб йиллар давомида бизга ишонч билдириб келган. Жумладан, Алексей Навальний ўлимидан сўнг ўтган бир неча кун давомида муштарийларимиз рекорд даражага етди. Бизни бўғишга қаратилган бу ҳаракат RFE/RLнинг россияликларни объектив ва ҳолис ахборот билан таъминлаш йўналишидаги фаолиятини янада қурчланишига сабаб бўлади”,- деб таъкидлади Стивен Капус.

Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитасининг билдиришича, 2021 йилдан то шу кунгача Россияда “Дождь”, “Медуза”, “Новая газета Европа”, “Важние истории”, The Insider, “Проект”, Bellingcat суриштирув лойиҳаси каби ўнлаб ОАВ исталмаган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

RFE/RL мустақил медиаширкат бўлиб, у АҚШ Глобал медиа агентлиги воситасида Конгресс ажратадиган грант маблағлари ҳисобига фаолият юритади.

RFE/RL асосан матбуот эркинлиги чекланган 23 давлат учун 27 тилда ахборот беради.

Россия ташқи разведкаси Украинага вертолёт олиб қочган рус ҳарбий ўлганини тасдиқлади

28 ёшли Кузьминов Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаб келган.
28 ёшли Кузьминов Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаб келган.

Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин 20 февралда Ми-8 ҳарбий вертолётини Украинага олиб қочган учувчи Максим Кузьминов ўлганини тасдиқлади. 19 февралда Кузьминов ўлганини Кремлга яқин бўлган нашрлар ва Украина ҳарбий разведкаси хабар қилганди.

Наришкин давлат ахборот агентликларининг бу ҳодиса юзасидан саволларига жавоб қайтарар экан: «Россияда марҳум ҳақида яхши сўз айтилади ёки айтилмайди. Бу хоин ва жиноятчи ифлос ҳамда жирканч ҳаракатни амалга оширишни режалаштираётганидаёқ маънан ўлган эди”,- деб айтди.

Сизран авиация билим юрти битирувчиси бўлган 28 ёшли капитан Кузьминов Россиянинг Украинага қарши урушини қоралаб келганлар сафида эканини ва шу эътиқоди ортидан Украина махсус хизматлари билан алоқа ўрнатганини иддао қилган. 2023 йилнинг 9 августида у қирувчи самолёт эҳтиёт қисмлари юкланган вертолётни Украина назоратидаги ҳудудга олиб ўтган.

Вертолёт бортида у билан бирга иккита катта лейтенант: 35 ёшли штурман Хушбахт Турсунов ва 28 ёшли техник Никита Кирьянов бирга бўлган эди. Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, улар вертолётни олиб қочиш амалиётида иштирок этмагани ортидан отиб ўлдирилган.

«Настояшчее время» телеканалидаги мавжуд маълумотларга кўра, Хушбахт Турсунов ва Никита Кирьянов қайси ҳудудга учаётганини билмаган. Улар вертолёт қўндирилганидан сўнг Россия чегарасига қараб қоча бошлаган. Украина ОАВларининг ёзишича, улар қочаётган пайтида отиб ўлдирилган.

El País газетасининг ёзишича, Украина паспортига эга бўлган эркак жасади 13 февралда Испания жануби-шарқидаги Аликанте провинциясидаги гаражда топилган. У отиб ўлдирилган ва кейин унинг танаси ўз автомобили томонидан босиб ўтилган. El País газетаси иддаосича, уни ўлдирганлар воқеа жойидан изсиз йўқолган.

Испания Фуқаролик гвардияси ўлдирилган шахс қалбаки ҳужжатлардан фойдаланганини гумон қилмоқда. Испания ҳукумати ўлдирилган шахс тўғрисидаги маълумотларни очиқламаган. Бироқ El País газетасининг Аликантедаги ишончли манбалари ўлдирилган киши Кузьминов эканини тасдиқлаган.

El Español газетасининг ишончли манбаларга таяниб хабар беришича, ўлдирилган киши ортидан кузатув уюштирган гумонланувчилар мавжуд. Манбалар уларни “профессионаллар” деб атаган.

Бундан аввал Украина Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Алексей Данилов “Украинская правда” нашрига Киев Кузьминовга мамлакатда қолишни таклиф қилгани ҳақида гапирган эди. “Агар у Киевда қолса, аниқ ҳимоя қилинар эди”,- деган Данилов.

“Россия 1” давлат телеканали мухбири Сергей Зенин эса Кузьминовни жисмонан йўқ қилиш тўғрисида Мудофаа вазирлиги офицерларига буйруқ берилганини иддао қилган эди.

Навальнийнинг онаси Путиндан ўғлининг жасадини беришни талаб қилди

"Полярний волк" қамоқхонасидаги черков.
"Полярний волк" қамоқхонасидаги черков.

Қамоқда ўлган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг онаси Людмила президент Владимир Путинга ўғлининг жасадини бериш талаби билан видеомурожаат йўллади. Бу мурожаат Youtube порталидаги Навальний LIVE каналида эълон қилинди.

“Менинг ортимда “Полярний волк” деб аталмиш ИК-3 деворлари турибди. Бу ерда 16 февраль куни ўғлим ҳалок бўлди. Беш кундан бери мен уни кўра олмайман, менга унинг жасадини беришмаяпти ва унинг қаерда эканини айтишмаяпти. Мен сизга мурожаат қиляпман, Владимир Путин, масаланинг ҳал этилиши фақат сизга боғлиқ. Менга, ниҳоят, ўғлим билан кўришишга рухсат беринг. Мен, уни одамга ўхшаб дафн этишим учун, Алексейнинг жасади зудлик билан берилишини талаб қиламан”, - деган Людмила Навальная.


Север.Реалии лойиҳасининг қайд этишича, она Салехард шаҳар моргига киритилмаган. Мазкур ўликхонада Навальний жасади сақланаётгани таҳмин қилинади.

Бундан аввалроқ мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш Алексей Навальний жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан сўнг берилиши маълум қилингани тўғрисида билдирган эди.

Унга кўра, бу ҳақда терговчилар Навальнийнинг онаси ва адвокатларни хабардор қилган. Терговчиларга кўра, кимёвий экспертиза ўтказиш учун икки ҳафта керак бўлади.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Хабарда айтилишича, шу кунгача Навальнийнинг ўлими сабаблари расман аниқланмаган. Мухолифатчининг сафдошлари Навальний ўлдирилганини ва ҳукумат жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни бермаётганини иддао қилаётир.

Людмила Навальная ўғли ўлгани тўғрисидаги хабар берилганидан сўнг журналистларга бир неча кун аввал Навальнийни кўргани қамоқхонага боргани ва унинг соғлиғи яхши бўлгани тўғрисида айтиб берди.

Навальнийнинг соғлиғи яхши бўлганини Владимир вилоят суди ҳам тасдиқлади. Мазкур судда 15 февраль куни Навальний видеоалоқа орқали қатнашган эди.

Навальний ўлимидан бир неча кун олдин 27-марта жарима изоляторига жойлаштирилганди.

ЕИ Қизил денгизда ҳусийларга қарши ҳарбий амалиётга қўшилди

Қизил денгизга Германия, Франция, Италия ва Бельгия ўз ҳарбий кемаларини жўнатишга розилик берди.
Қизил денгизга Германия, Франция, Италия ва Бельгия ўз ҳарбий кемаларини жўнатишга розилик берди.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Қизил денгизда Ямандаги ҳусий қуролли гуруҳларига қарши олиб борилаётган ҳарбий амалиётга қўшилиш тўғрисида якуний қарорни қабул қилди. Бу эса Европа давлатлари ҳарбий кемалари Қизил денгизга жўнатилишини англатади. Мазкур амалиёт Aspides номи остида олиб борилмоқда. Aspides қадим юнон тилидан олинган сўз бўлиб, “Қалқон” деган маънони англатади.

Euronews телеканалининг хабар беришича, Қизил денгизга Германия, Франция, Италия ва Бельгия ўз ҳарбий кемаларини жўнатишга розилик берди. Греция тезкор штаб бошлиғи номзодини, Италия кемалар гуруҳи қўмондони номзодини, Франция эса қўмондон ўринбосари номзодини таклиф қилади. Штаб қароргоҳи Грециянинг Ларисса шаҳрида бўлади.

Қизил денгизда кемалар ҳаракатланиши хавфсизлигини таъминлаш бўйича Европа миссияси ташкил этилиши тўғрисидаги дастлабки қарор 16 январда қабул қилинган эди. Мазкур ҳудудда Европа ҳарбийлари АҚШ ва Британия ҳарбий денгиз кучлари билан ҳамкорлик қилади.

Эрон томонидан дастакланадиган ҳусийларнинг “Ансаруллоҳ” гуруҳи Яман шимолини назорат қилади. Гуруҳ томонидан ташкил этилган ҳукумат дунёнинг кўплаб давлатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам тан олинмаган. 17 январда АҚШ ҳусийларни “Глобал террорчи гуруҳлар” рўйхатига киритди.

Яманнинг катта қисмини назорат қилаётган ҳусий шиа қуролли гуруҳлари АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот деб тан олинган ҲАМАСни қўллаб-қувватлашини намойиш этиш мақсадида Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда. Бу ҳужумлар халқаро савдога салбий таъсир кўрсатди. Кўплаб денгиз савдоси билан шуғулланувчи ширкатлар бу йўналишдаги қатновларни тўхтатдилар.

Ҳусийлар сўнгги бир неча ойдан бери Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилмоқда. Бунга жавобан 12 ва 13 январь кунлари АҚШ ва Британия Ямандаги ҳусий шиа исёнчиларининг позицияларини илк бор бомбалаган эди.

ЕИ Навальний ўлими юзасидан халқаро тергов ўтказишни талаб қилди

Навальнийнинг хотини Юлия ва ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Боррель.
Навальнийнинг хотини Юлия ва ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Боррель.

Европа Иттифоқи Россиялдан сиёсатчи Алексей Навальний ўлими юзасидан мустақил ва шаффоф халқаро текширув ўтказишни талаб қилди. ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Россия ҳукуматини жавобгарликка тортиш бўйича барча имкониятлар ишга солинишини, жумладан, Москвага нисбатан янги санкциялар амалга киритилишини билдирди.

Боррель ўз баёноти давомида Навальнийнинг ўлими учун масъулиятни шахсан президент Путинга юклади.

Боррель 19 февралда ЕИнинг халқаро ишлар бўйича кенгашида қилган чиқишида Навальнийнинг хотини Юлия Навальная, сиёсатчининг фарзандлари ва сафдошларига чуқур таъзия билдирди.

ЕИ Россия ҳукуматини барча сиёсий маҳбусларни, жумладан, Юрий Дмитриев, Владимира Кара-Мурза, Илья Яшин, Алексей Горинов, Лилия Чанишева, Ксения Фадеева, Александр Скочиленко ва Иван Сафроновларни зудликда қамоқдан озод этишга чақирди.

ЕИнинг халқаро ишлар бўйича кенгашида Навальнийнинг хотини Юлия Навальная ҳам иштирок этди. У Брюсселда ЕИ кенгаши раиси Шарль Мишел ва ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель билан учрашди.

Аввалроқ Юлия Навальная марҳум эрининг ишини давом эттиришини айтиб, видеомурожаат эълон қилганди.

"Уч кун олдин Владимир Путин менинг эрим, Алексей Навальнийни ўлдирди", деб айтди Навальная X платформаси (собиқ Твиттер) да эълон қилган икки дақиқалик видеомурожаатида.

"Мен Алексей Навальнийнинг ишини давом эттираман. Сиз ва бизнинг мамлакатимиз учун курашни давом эттираман. Мен сизларни менинг ёнимда туришга чақираман. Нафақат ҳаммамизни эгаллаб олган ва қўйиб юбормаётган аччиқ қайғу ва туганмас азобни, балки ғазабингизни ҳам мен билан бўлишишингизни сўрайман. Ғазаб, жаҳл, бизнинг келажагимизни ўлдиришга журъат қилганларга нисбатан нафратингизни бўлишинг! Бугун оз иш қилиш уят эмас, ҳеч нарса қилмаслик уят! Сизни қўрқитишларига изн бериш уят!”

Навальная ўз мурожаатида россияликлар учун “Эркин, тинч, бахтли ва фаровон келажак керак”, деб таъкидлади.

Исроил Рафаҳга эҳтимолий ҳужумнинг таҳминий санасини маълум қилди

Рафаҳда 1,5 миллион фаластинлик қочқин яшамоқда.
Рафаҳда 1,5 миллион фаластинлик қочқин яшамоқда.

Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик кенгашига Исроил ва ҲАМАС ўртасида вақтинча оташкесим жорий этишга оид резолюциянинг муқобил вариантини таклиф қилди. ҲАМАС АҚШ, Британия ва ЕИда террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Reuters агентлигининг хабар беришича, АҚШ Исроил Ғазо бўлгаси жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётганига қарши чиқмоқда.

Исроил ҳарбий кабинети вазири Бенни Ганц эса ҲАМАС Ғазода гаровда ушлаб турилганлар тўлиқ озод қилинмаса, 10 март куни Рафаҳга ҳужум бошланишини эълон қилди.

Исроил Рафаҳга ҳужум қилишнинг таҳминий санасини илк бор билдирди. Рафаҳда ҳозирда бир ярим миллион фаластинлик қочқин яшамоқда.

Миср ҳукумати фаластинликларнинг ўтиб келиши олдини олиш мақсадида шошилинч тарзда чегара истеҳкомларини мустаҳкамламоқда.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу 19 февраль куни Исроил ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Иордан дарёси Ғарбий соҳили ва Ғазо бўлгасида назоратни ўз қўлида сақлаб қолиши тўғрисида баёнот берди.

Алексей Навальний жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан кейин берилади

Навальний қамоқда ўлгани ҳақида Россия ҳукумати 16 февралда маълум қилган.
Навальний қамоқда ўлгани ҳақида Россия ҳукумати 16 февралда маълум қилган.

Қамоқда вафот этган сиёсатчи Алексей Навальний жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан сўнг берилиши маълум қилинди, деб билдирди мухолифатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш.

Унга кўра, бу ҳақда терговчилар Навальнийнинг онаси ва адвокатларни хабардор қилган. Терговчиларга кўра, кимёвий экспертиза ўтказиш учун икки ҳафта керак бўлади.

Россия расмийлари Навальний ўлими ҳақида 16 февралда хабар берган эди. Ғарб давлатлари сиёсатчининг ўлими учун масъулиятни Кремль зиммасига юклади.

Хабарда айтилишича, шу кунгача Навльнийнинг ўлими сабаблари расман аниқланмаган. Мухолифатчининг сафдошлари Навальний ўлдирилганини ва ҳукумат жиноят изларини яшириш мақсадида жасадни бермаётганини иддао қилаётир.

Людмила Навальная ўғли ўлгани тўғрисидаги хабар берилганидан сўнг журналистларга бир неча кун аввал Навальнийни кўргани қамоқхонага боргани ва унинг соғлиғи яхши бўлгани тўғрисида айтиб берди.

Навальнийнинг соғлиғи яхши бўлганини Владимир вилоят суди ҳам тасдиқлади. Мазкур судда 15 февраль куни Навальний видеоалоқа орқали қатнашган эди.

Навальний ўлимидан бир неча кун олдин 27-марта жарима изоляторига жойлаштирилганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG