Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:57

"Янги Ўзбекистон" массивлари. Мирзиёев уйлари "хрушчёвка"ларга қиёсланди


Фарғона туманида қурилаётган "Янги Ўзбекистон" массиви лойиҳаси.
Фарғона туманида қурилаётган "Янги Ўзбекистон" массиви лойиҳаси.

Фарғона вилоятида Мустақилликнинг навбатдаги санасига 3 та “Янги Ўзбекистон” массивини қуриб битказиш режаланмоқда.

Жумладан, Фарғона туманига қарашли, Илғор массивидаги қурилиш штабига кўра, ҳали смета қиймати тасдиқланмаган ва давлат ҳисобидан қурилаётган уйларнинг аксари “сотиб бўлинган”.

Бу уйлардан бирига харидор бўлган фарғоналик, 10 ойда битадиган уйнинг сифатидан хавотирда экани, аммо бошқа танлов йўқлиги боис бу шартга розилигини айтди.

Экспертлар, Мирзиёев ташаббуси билан шоша-пиша қурилаётган арзон массивларни собиқ иттифоқ давридаги “бетон хрушчевкалар”га қиёсларкан, уйларнинг сифати ва чидамлилигига шубҳа билдирмоқда.

Бундан ташқари, бу уйлар қурилиши учун махсус очилган 6 та қурилиш кластери фаолияти ҳам шаффоф эмаслиги айтилмоқда.

Харидор: сифатини яхши қилиб беришар

7 қаватли уйдан 2 хонали квартирага харидор бўлган фарғоналикнинг айтишича, унга "Янги Ўзбекистон" массивидаги уйи 270 – 300 миллион сўм атрофида бўлиши ваъда қилинган.

“Мен олмоқчи бўлган кўп қаватли уйда 28 та квартира бор, шуни 20 таси кетиб бўлган. Ҳали смета қиймати чиқмабди, шунга аниқ нархи йўқ. Лекин энг қиммати 300 миллион сўм бўлади, дейишди. Банкка борсам, битта омонат ҳисоб очасиз, пулни йиғиб борасиз, дейишди. Субсидия билан қуриларкан, кейин биз 10 йилда тўлаб берамиз. Фоизсиз. Шунга ҳамма оляпти”.

Исми очиқланишини истамаган фарғоналикка кўра, уларнинг қўлига берилаётган режаларда 1 йўлакли, ҳар қаватида 2, 3 ёки 4 тадан хонадони бўлган 7, 10, 25 қаватли уйлар акс этган.

Уйларнинг 1 сентябрь – Мустақиллик байрамига битиши ваъда қилинмоқда. Харидор 10 ойда битадиган уйларнинг сифатидан хавотири борлиги, аммо яшаса бўладиган уй бўлишига умид қилишини айтади:

“Ҳозир қурилиш бошланган, 3 массивдаям. Битириб ташлашади, чамамда. Энди сифати яхши бўлар. Ҳозир одамлар ҳам қаттиқ туриб оляпти. Кейин бошқа бунақа вариант ҳам йўқда. Фоизсиз, субсидия билан оласиз, кейин 120 ой тўлаб берасиз. Сифатиниям яхши қилиб қуриб беришар”.

Расмий: қурувчи ширкатлар аниқ

Фарғона вилояти ҳокимлигининг Қурилиш бўлимидан олинган маълумотга кўра, шу кунда қурилиш жойида кечаю кундуз штаб ишламоқда, бир вақтнинг ўзида тураржой массивлари ва сунъий кўли бўлган парк қурилмоқда.

Ҳокимлик мутасаддилари, кўп қаватли тураржой биноларининг 100 га яқинини сентябрга қадар битириш кўзланаётганини тасдиқлади.

Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, ҳозирга қадар 100 га яқин кўп қаватли уй қурувчи ширкатларга тақсимлаб бўлинган ва булар Фарғона шаҳри, вилояти ҳамда водийсида турар-жой, маъмурий ёки ишлаб чиқариш биноларини қурган ширкатлардир.

“Уйлар таклиф қилинди, қуришни истаган ширкатлар орасида танлов бўлиб, танлаб олинди. Яна 3 та боғча, 2 та мактаб ва битта поликлиника ҳам бор. Тўлиқ давлат ҳисобидан қурилади, кейин аҳоли уйларнинг пулини 10 йилда тўлаб беради. Ҳали смета қиймати тўлиқ тасдиқлангани йўқ. Лекин кўпи билан 270-300 миллионлик уйлар, халққа оғирлик қилмайдиган нархда”.

Мулозим қурувчи ширкатлар ҳамда уларнинг танлови ҳақида аниқ маълумот беролмаслиги, аммо тегишли тартибда сўровнома йўлланса, тендерга оид барча маълумот ОАВ га тақдим қилинишини айтди. Бу қадар катта масштабдаги қурилишни 10 ойда битириш мажбуриятидан ташвишланишга ҳожат йўқ, деб таъкидлади:

“Ширкатлар реестрдаги балли, тажрибасидан келиб чиқиб, тендер асосида танлаб олинди. Ҳаммаси қурилиш 1 та ёки 2-3 та компанияга берилади, деган гап йўқ. Қура оламан деган, тажрибаси етарли қурувчилар. Ҳозир уй қуриш технологиясиям ривожланиб кетган. Тезлаштир-тезлаштир бўлиб турганда қурувчилар ишни чала қилиб кетиши учраб қолади. Энди тепасида турилади-да. Ҳозир олувчилар ҳам қаттиқ бўлиб қолган, пулини тўлашдан бош тортиши мумкин. Шунинг учун, қурувчи ширкатларам ишига қараяпти ҳозир”.

Домком: урбанизация катта, тураржойга талаб кўп

Фарғона шаҳридаги кўп қаватли тураржой биноларига хизмат кўрсатувчи ширкатлардан бирининг раҳбарига кўра, унинг назарида ҳозирча қурилиш жараёни "яхши кетмоқда".

“Куни кеча йиғилиш бўлди, ҳокимиятда. Қурувчиларнинг салоҳиятига қараб бўлиб беришибди, 93 та кўп кўпқаватли уйни 1 сентябрга топшириш керак экани. Энди тезлаштириб қурамиз, дейишгани сифат учун яхшимасу, лекин талаб катта. Ҳозир шаҳарда урбанизация катта. Харидор жуда кўп. Мен ҳам харидор бўлиб, маҳаллага чиқсам, Алоқа банк ёки Халқ банкидан ҳисоб очиб, кейин танлаган уйингизни ёзилиб қўйинг, 10 йилда тўлайсиз, дейишди. Қурувчилар ҳам ўзимизникилар экан. Энг кўпи 7 дона уй қурлишини олган ширкат, «Файз бундёкор», деган ширкат, фарғоналик Бахтиёржон деган қурувчида. Бу бола ўзимидаги Санъат саройини қурган. Қолган ширкатлар 2 ёки 1 тадан уй олишди, деб айтишди мажлисда. Унақа ҳаммасини оптом битта ширкатга беришмаяпти экан», деди исми очиқланишини истамаган домком.

Унинг айтишича, тураржой массивлари билан бир пайтда, яшил парк ва сунъий кўл қурилиши ҳам бошланган, дарахтлар эса президент сайловидан ўтибоқ, экила бошланган:

“Дарахтлар экиб бўлинди қарийб. Эски одатга кўра, ҳозир бизга ўхшаган ширкатларга ҳам солиқ солишса керак: “фалонча дарахт экиб берасизлар”, деб тургандик. Йўқ, ҳозирча чақиришмади. Лекин, Илғор бу массивлар учун яхши жой бўлди. Ўртадан анҳор ўтади, икки томонига “Эко шаҳар” қилишяпти, кўл ҳам қилишяпти. Мен бу жойларни биламан, агар охиригача инсоф билан қуриб беришса, яхши шаҳарча бўлади”.

Мирзиёев: Фарғона яна яшил шаҳарга айланади

Ўтган йил октябрида иккинчи муддат президентликка сайланган Шавкат Мирзиёев фарғоналик сайловчилар билан учрашувда Фарғонада 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжалланган замонавий «Эко шаҳар» қурлишини ваъда қилган эди.

2021 йилнинг декабрида эса қайта сайланган президент, мамлакат бўйлаб, туман (шаҳар) марказларига яқин ва уй-жойга талаб юқори бўлган ҳудудларда жами 29 та “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши тўғрисида фармон имзолади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги расмий сайтида берилган маълумотга кўра, вилоятнинг Фарғона ва Ёзёвон туманларида “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш учун 6 та махсус қурилиш кластери тузилган.

Булар - “Олтиариқ Файз Бинокор" МЧЖ, "426-ХИМКК" МЧЖ, "296 ХКМК" МЧЖ, "Турон эко цемент" МЧЖ, “Farghona West International Cement” ҚК, “Albus Cement Group” ҚК, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи”, “Фарғона азот” АЖ, “Кварц” АЖлардир.

Мирзиёев уйлари VS “бетон хрушчёвкалар”

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда турли кўринишда янги уйлар қурилишини кузатиб келаётган фарғоналик журналист Баҳодир Элибоев, умумиятла аҳолини уй-жой билан таъминлаш сиёсатини маъқуллашини айтади.

Аммо унинг таъкидлашича, давлат ғазнасидан ажратилаётган катта маблағ ҳисобига бунёд этилаётган арзон уйлар ва "Янги Ўзбекистон" массивларидаги қурилишларнинг шаффоф эмаслиги саволларни уйғотади.

"Мен Фарғонанинг Риштон, Бағдод, Учкўприк туманларида кам таъминланган оилалар учун қурилган уйларни бориб кўрдим. Сифати паст, ҳатто жуда паст уйлар ҳам бор. Ҳатто, оддий техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаган, санузеллари битмаган уйлар ҳам топширилган. Қурилиш жараёни ёпиқ. Қурувчиларга бориб: "Сметани кўрайлик, сметада қанчаю бу пойдеворга қанча бетон қуйдингиз?" деб сўрасангиз, кўрсатиш у ёқда турсин, қувиб солади", дейди журналист.

Унинг кузатувларига кўра, бир тарафдан, қурилиш жараёнининг шаффоф эмаслиги, иккинчи тарафдан, тайёр уйларнинг сифатсизлиги ёки чала битгани - махсус ажратилган маблағ қаёққа кетяпти, деган ҳақли саволни ўртага чиқармоқда.

"Бу саволларга қурувчилар жавоб бермайди, расмий идоралар жавоб бермайди. Ҳатто уйни оладиган харидор ҳам жавобини билмайди. Лекин қурувчи ширкатларга қарасангиз, ҳаммаси ҳокимият ёки унга яқин шахсларга алоқадор бўлиб чиқаверади. Менда аниқ фактлар йўқ, шунинг учун исмларини айта олмайман. Шунинг учун, мамлакат бўйлаб халқ пулига қилинаётган бундай катта масштабдаги уйларнинг қурилишини назорат қилиб борадиган жамоатчилик комиссиялари ташкил қилинишини таклиф қиламан".

Хусусан, 2022 йилда Фарғона вилоятида янги тураржой қурилиши учун, президент фармони билан, 990 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган.

"Ҳозирги уйларнинг пишиқ ғиштдан қурилаётганини айтмаса, ҳатто собиқ совет даврида қурилган "бетон хрушчёвкалар" ҳозирга янги уйлардан каттароқ, кенгроқ, яшаш учун қулайроқ эди. Ҳозирги уйлар жуда тор, аксарида балкон йўқ, ванна йўқ. Меҳмонхонасида узоғи билан 15 киши сиқилишиб ўтириши мумкин. Бунинг устига, Мустақиллик байрамига совға, деб шоша-пиша қуриш одатимиздан воз кечишимиз керак. Шошмай виждон билан қуриш керак. "Эртага 5 балли зилзила бўлса, босиб қолармикин?!" деган қўрқув бўлмаслиги керак", дейди журналист.

Ўтган йил 3 март куни президент Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантиришга оид видеоселекторда: "2021 йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлашимиз зарур", деган эди.

26 мингдан ортиқ оила учун квартирали жами 45 мингта уй қурилишига, Молия вазирлиги томонидан тижорат банклари учун 8,1 трлн сўм ажратилиши айтилган.

2022 йилги режага кўра, 43 минг оилага кредит ажратиш ва бунинг учун 15 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтириши айтилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилдан 2020 йилгача Ўзбекистонда барча вилоят, шаҳар ва туманлар бўйлаб, 140 000 мингта уй-жой барпо этилган.

Президент Мирзиёевнинг ўзи сифатсиз қурилишлар учун коррупцияни айблаган ва қурилиш соҳаси мамлакатдаги энг коррупциялашган соҳалардан бири эканини эътироф этган эди.

Президент қурилиш соҳасида оддий "кранчилар" дан тортиб, малакали мутахассилар, муҳандисларнинг етишмаётгани ҳақида гапирган.

XS
SM
MD
LG