Линклар

Шошилинч хабар
02 июн 2023, Тошкент вақти: 23:50

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонга келаётган эмланмиш фуқаролардан эндиликда ПЗР-тести талаб этилмайди

Тошкент халқаро аэропорти (архив сурати)

Жорий йилнинг 16 мартидан эмланганлик сертификатига эга бўлган чет эл фуқаролари ПЗР-тест натижасисиз Ўзбекистонга кириши мумкин. Бунга оид қарор, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, эмланганига оид сертификатга эга бўлмаган фуқаролардан топширилганига 72 соатдан кўп бўлмаган, манфий натижали ПЗР-тест маълумотномаси сўралади.

“Агар на вакцина, на тест маълумотномаси бўлса, унда чегара ўтиш пунктларида экспресс-антиген тест топшириши талаб этилади”, дейилган ССВ хабарномасида.

Хабарномада махсус комиссия қарори билан ўзбек-қозоқ ва ўзбек-тожик чегарасидаги ўтказиш масканлари орқали икки мамлакат фуқароларининг ўтишига қўйилган вақтинча чекловлар олиб ташлагани, шунингдек хорижликлар учун электрон виза расмийлаштириш ва бериш тизими (E-VISA) қайта ишга тушгани қўшимча қилинган.

Кун янгиликлари

Мирзиёев Чўлпонотада Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Шарль Мишель билан (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан учрашув ўтказди. Мазкур учрашув, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи саммити доирасида бўлиб ўтган.

Учрашувда икки лидер Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва минтақавий форматда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга оид масалаларни кўриб чиқишган.

Хусусан, улар икки томонлама савдони диверсификация қилиш ва ҳажмини ошириш, “GSP+” имтиёзли савдо тизимининг амал қилиш муддатини узайтириш, самарали транспорт йўналишлари, энг аввало, Транскаспий транзит йўлагини ривожлантириш, “яшил” энергетика, инновациялар ва юқори технологиялар, рақамлаштириш, экология, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталишган.

Мирзиёев билан Мишель учрашув чоғида минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишган, Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларни ва ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш муҳимлигини таъкидлашган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни “Марказий Осиё-Европа Иттифоқи” саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қирғизистонга жўнаб кетган эди.

Аввалроқ Озодлик мазкур саммит арафасида ҳуқуқбонлик билан шуғулланувчи қатор ташкилотлар Европа кенгаши раиси Шарль Мишелни минтақа лидерлари билан учрашув чоғида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақиргани ҳақида хабар қилган. Мишель Мирзиёев билан жума кунги учрашув пайтида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти мавзусини кўтариб-кўтармагани ҳақида ҳозирча бирор маълумот йўқ.

Президент фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги номи ўзгартирилди

Ўзбекистонда Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги дея қайта номланди.

Вазирлик номининг алмашишига президент Мирзиёев томонидан имзоланган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон асос бўлган.

Фармонда вазирлик қошида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат экологик назорат инспекцияси ташкил этилиши, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиши ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилиши назарда тутилган.

Ҳужжатда жорий йилнинг 1 июлидан “Жамоатчилик экология назоратчиси” тизими жорий қилиниши, 1 декабргача эса шаҳар ва туманларда атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини амалга ошириш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилиши айтилган.

Президент фармонида Миллий табиий мерос объектлари рўйхати жорий этилиши ҳам қайд этилган.

Ўзбекистонда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди

Мансурбек Оллаёров янги агентлик ра=бари лавозимига тайинланди. Президент матбуот хизмати фотоси.

Ўзбекистонда президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Президент фармони билан Мансурбек Полвонзода Оллоёров президентнинг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси —Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда 1 июнь куни президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Мансурбек Оллоёров мазкур лавозимга тайинлангунига қадар президент Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаётганди.

Бунга қадар у президент Администрациясида Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти раҳбарининг ўринбосари сифатида ишлаб келган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев 30 май куни ўз сайловолди дастури юзасидан сўзлаган нутқида айтган эди.

Унга кўра, агентлик камбағаллик, соғлиқни сақлаш, мактаб таълими, молия, ички ишлар, олий таълим вазирликларидаги ижтимоий хизматларни бирлаштиради.

Агентлик ходимларидан камида 10 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар орасидан танлов асосида ишга олинади.

Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТ Болалар жамғарнаси - ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки ижтимоий ҳимоя агентлиги ташкил этилганини олқишлади.

Ўзбекистонда жорий йилда 15 минг киши ҳажга боради. Ҳаж нархи эълон қилинди

Ўтган йили Ўзбекистондан 12 минг киши ҳажга борган эди.

Жорий йилда Ўзбекистондан ҳаж зиёратига 15 минг киши жўнатилади. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита видеобаёнотида маълум қилинди. Ўтган йили ҳажга бориш квотаси 12 минг киши эди. 2023 йилда квота уч минг кишига кўпайтирилган.

Қўмита ҳар йили ҳаж зиёратига борувчилар сони оширилиши режалаштирилаётгани тўғрисида билдирди.

Жорий йилда бир нафар зиёратчига тўлов миқдори 68 миллион 760 минг сўм этиб белгиланди. Бу ўтган йилдаги нархга нисбатан 6 миллион 140 минг сўмга кўпдир.

Аввалроқ Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистонда ҳаж мавсуми 4 июндан бошланишини ва 19 июнгача Саудия Арабистонига ҳар куни 4 та авиақатнов амалга оширилишини эълон қилган. Саудиянинг Мадина шаҳрига парвозлар Ўзбекистоннинг 10 шаҳри - Тошкент, Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус ва Навоийдан амалга оширилади.

Ўзбекистонлик зиёратчиларни Мадина шаҳридаги Zam-zam Pullman, Макка шаҳридаги Roshidiya, Abraj al-Dana, Laba Darna, Ruba al-Hijaz меҳмонхоналарига жойлаштириш режалаштирилмоқда.

1 май куни Дин ишлари бўйича қўмита ҳаж тадбирини ташкил этиш турагентликлар ваколатига кирмаслиги ва улар орқали Саудияга борганларга жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Ҳукуматнинг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли қарорига асосан Ҳаж ва Умра ибодатларини уюштириш бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юкланган.

Қўмитанинг билдиришича, ҳажга "ноқонуний йўллар билан борганлар" Саудия Арабистонидан депорт қилинади ва уларга Саудияга кириш 10 йилга тақиқланади. Бундан ташқари 100.000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинади.

Қозоғистон Ўзбекистонга кўмир экспортини кўпайтиради

Иллюстратив сурат

Қозоғистон 2025 йилдан кейин Ўзбекистонга кўмир экспортини босқичма-босқич кўпайтирмоқчи. Бу ҳақда, Kursiv.kz нашри хабарига кўра, Қозоғистон саноат ва инфратузилмавий ривожланиш вазирининг ўринбосари Иран Шархан маълум қилди.

Мулозимга кўра, 2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонга кўмир етказиб бериш босқичма-босқич оширилиб, 12,8 миллион тоннага етказилади. Шархан экспорт йўналишлари кенгайтирилишини ҳам қўшимча қилган.

Нашр қайдича, 2022 йили Қозоғистон ЕОИИга кирмаган мамлакатларга қиймати 701,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 9,8 миллион тонна кўмир экспорт қилган. Бу кўмирнинг 487,9 минг тоннаси (13,6 миллион долларлик) Ўзбекистонга етказиб берилган.

Аввалроқ Статистика агентлиги Ўзбекистон жорий йилнинг илк чорагида хориждан 45, 2 миллион долларлик кўмир сотиб олгани, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61,7 фоизга кўплиги ҳақида маълумот тарқатган эди.

Global Energy Monitor маълумотига кўра, Ўзбекистон кўмир қазиб олиш бўйича дунё давлатлари орасида 34-ўринда туради. Мамлакатда ҳар йили 4 миллион тоннадан зиёд кўмир қазиб олинади. Бу эса Ўзбекистонда кўмирга бўлган талабнинг саксон фоизини қондиради.

Ўзбекистон конларида 1853 миллион тонна қўнғир кўмир ва 47 миллион тонна қора кўмир мавжуд. Кўмирнинг умумий захиралари 5, 7 миллиард тоннадан кўпроқни ташкил қилади.

Ўзбекистон Шимолий Кореянинг космик ракета учирганига хавотир билдиргани айтилмоқда

Шимолий Корея учирган ракета кўп ўтмай денгизга қулаган.

Ўзбекистондаги интернет нашрлар Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Кореянинг космик ракета учирганига хавотир билдиргани тўғрисида хабар бермоқда. Бироқ Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида, ЎзА миллий агентлиги сайтида бу борада маълумот берилмаган.

Маҳаллий нашрлар вазирлик матбуот котиби Ахрор Бурхоновга тегишли экани айтилаётган ва 180 дан ортиқ обуначиси бўлган Фейсбукдаги саҳифага таянган ҳолда бу ҳақда маълум қилди.

Ахрор Бурхонов Фейсбук саҳифасига жойлаштирилган баёнотда “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 31 май куни Шимолий Корея томонидан ташувчи космик ракета учирилганидан хавотир билдиради. Ушбу ҳолат Корея ярим оролидаги кескинликнинг янада кучайишига олиб келади”, дейилади.

Баёнот давомида Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ оммавий қирғин қуролларининг барча турларини синовдан ўтказишдан бош тортилиши тарафдори экани қайд этилади.

“Ўзбекистон томони бундан кейин ҳам умумий фаровонлик ва тараққиёт йўлида Корея ярим оролида хавфсизликни таъминлаш бўйича фаол қадамларни қатъий қўллаб-қувватлайди", — дейилади Ахрор Бурхоновга тегишли экани айтилаётган Фейсбук саҳифасига жойлаштирилган баёнотда.

31 май куни Шимолий Корея ўзининг биринчи космик разведка ракетасини учиргани, аммо у кўп ўтмай денгизга қулагани хабар қилинган. Шимолий Корея ракета қулаганини тасдиқлаган. Жанубий Корея армияси эса денгиздан ракета қолдиқларини топган.

Шимолий Корея ракетанинг нега қулагани сабаблари аниқланганидан сўнг яна бир парвозни амалга оширишини билдирмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Шимолий Кореянинг бу ҳаракатини қоралаган ва Корея ярим оролидаги вазиятни кескинлаштирмаслик учун музокараларни жонлантиришни таклиф қилган.

Янги Тошкентни қуриш учун 19,7 минг гектар ер ажратилди

Янги Тошкентни қуриш ташаббусини 2021 йилнинг 31 августида президент Шавкат Мирзиёев кўтарган эди.

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан Янги Тошкент учун 19 минг 729,4 гектар ер ажратилди. Вилоят Кадастр агентлигининг маълум қилишича, унинг 12,9 минг гектари қишлоқ хўжалиги ерларидир.

Расман билдирилишича, қурилиш учун ажратилган ерлардан шу кунгача 772 субъект фойдаланиб келаётган эди. Жумладан, қишлоқ хўжалик ерлари 242 та фермер хўжалигига, 49 та ёрдамчи хўжаликлар ва иссиқхоналарга, 100 та деҳқон хўжалигига тегишли бўлган.

Янги Тошкентни қуриш ташаббусини 2021 йилнинг 31 августида президент Шавкат Мирзиёев кўтарган эди. Мирзиёевнинг режасига кўра, Янги Тошкент Тошкент вилоятида Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғига қурилиши лозим. Янги Тошкентга пойтахтдаги давлат идоралари кўчирилади, Тошкент шаҳри эса “яшил ҳудуд”га айлантирилади.

Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 20 минг гектар ерда 1 миллион аҳоли учун турар-жой бинолари, жумладан, биринчи босқичда 60 минг кишига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, касалхона ва 5 та поликлиника қурилиши назарда тутилган.

АҚШга бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар 17 июндан эътиборан виза учун кўпроқ ҳақ тўлайди

Иллюстратив сурат

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси виза талаби билан мурожаат қиладиган ўзбекистонликлар учун маъмурий тўлов миқдори ўзгарганини эълон қилди.

Элчихона телеграм канали орқали тарқатилган хабарномага мувофиқ, АҚШ туристик виза тоифасига ҳамда петиция талаб этмайдиган ноиммиграцион виза турлари бўйича мурожаат этувчилар жорий йилнинг 17 июнидан бошлаб аввалгидек 160 доллар эмас, балки 185 доллардан ҳақ тўлайдилар.

Петиция асосида бўлган (H, L, O, P, Q ва R) виза тоифаларига мурожаат этувчилар учун маъмурий тўлов миқдори 190 АҚШ долларидан 205 АҚШ долларига кўтарилади”, дейилган АҚШ элчихонаси хабарномасида.

Аргентинадаги ЖЧда исроиллик тенгдошларига ютқазган ўзбекистонлик ёш футболчилар чемпионатни тарк этишди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон терма жамоаси 20 ёшгача футболчилар ўртасида (U-20) Аргентинада бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатини тарк этди.

Аргентинадаги Мальвинас Архентинас стадионида 30 май куни нимчорак финал доирасида Исроил терма жамоасига қарши майдонга тушган ўзбекистонлик футболчилар 0:1 ҳисобида рақибларига ютқазишди.

Кечаги ўйин ғолибига айланган исроиллик ёш футболчилар 3 июнь куни бўлиб ўтадиган Бразилия ва Тунис терма жамоалари ўртасидаги ўйин ғолиби билан чорак финалда куч синашади.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ўзбекистонлик ёш футболчиларнинг Аргентинадаги жаҳон чемпионатида ўтказган ўйинларидан ҳафсаласи пир бўлганлик мазмунида кўплаб изоҳлар қолдирилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧда нимчорак финал босқичига етиб бора олгани-да катта муваффақият эканини урғулаётганлар сонини ҳам кам деб бўлмайди.

Расман: Озодбек Назарбековга тегишли МЧЖ таъсисчиси ўзгартирилди

Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековга тегишли бўлган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖси таъсисчиси ўзгартирилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 30 майда билдиришича, бу иш “қонунчиликка зид ҳолатни бартараф этиш” мақсадида амалга оширилган.

Агентликнинг билдиришича, Озодбек Назарбеков 2016 йил 16 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган “Коба санъат мажмуаси”нинг 100 фоизлик улушига эгалик қилган ва ягона таъсисчиси бўлган. Бу эса амалдаги қонунчиликка зиддир.

Агентлик Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида”ги қарори ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан давлат органларидаги мансабдор шахсларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланганини эслатган.

Ўзбекистонда кўплаб давлат амалдорлари бевосита ёки билвосита тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тез-тез хабарлар пайдо бўлади.

Озодбек Назарбековнинг ҳам тадбиркорлик билан шуғулланиши тўғрисидаги маълумотлар дастлаб ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан эълон қилинган. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мазкур баёноти ҳам ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ортидан пайдо бўлди.

Қашқадарё вилоят ММТБ 9 ёшли бола зўрланмаганини иддао қилмоқда

Иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси 30 май куни кечқурун Косон туманидаги мактаблардан бирида юқори синф ўқувчилари 9 ёшли ўғил болани жинсий зўрлагани тўғрисидаги хабарни инкор қилди.

Расмий билдирувда қайд этилишича, 11 май куни кундузи соат 15:16 чамасида мактабнинг 5-синф ўқувчилари спортзалда “ўзларининг қўлларида бўлган ўйинчоқ резинка илон билан” 3-синф ўқувчиларининг 4 нафарини қўрқитган. Шундан сўнг “кийимларини ечтириб, уларнинг бир нафарининг баданига, жумладан, белидан пастки қисмига ҳам урган”.

Бошқарма“ҳозирги кунда тиббий экспертиза хулосасининг тоза чиққани ҳақида шифокорлар оғзаки маълумот бергани ва унинг тасдиғи келгусида очиқланиши ҳақида маълумот берилган”и, ўқувчининг онаси эса “боласини тиббий экспертиза қилдирмасдан турли сўзларни бошқа ОАВ вакилларига айтган”ини қайд этган.

Озодлик радиосининг "Мигрант медиа" лойиҳаси 30 май куни кечқурун “Қашқадарёда мактаб ўқувчилари 9 ёшли болани зўрлаганликда гумон қилинмоқда” сарлавҳали видеони эълон қилган эди.

Видеода зўрлангани айтилаётган боланинг онаси воқеадан 4 кун ўтгачгина хабар топганини ва зудлик билан мактаб маъмурияти ҳамда ички ишлар органларига мурожаат қилганини айтган. Болага нисбатан суд-тиббий экспертизаси эса орадан икки ҳафта ўтганидан кейин амалга оширилган.

Мактаб директори мактаб спортзалида учинчи синф ўқувчиларига нисбатан зўравонлик ҳолати содир этилганидан ўз вақтида хабардор бўлмаганини айтган. Косон туман ички ишлар бўлими расмийлари бу масалада дастлабки текширув ишлари олиб борилаётганини тасдиқлаган.

Озодлик сайти ва ижтимоий тармоқларида кечқурун тарқатилган видеога Қашқадарё вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг бу муносабати орадан уч соат ўтгач - 30 май куни кеч соат 22:17 да эълон қилинди. Бошқарманинг иддао қилишича, бу воқеа “масъуллар иштирокида мактаб раҳбарлари, ўқувчиларнинг ота-оналари, маҳалла фаоллари ва ИИБ ходимлари иштирокида ўрганилган".

Мирзиёев ЎзЛиДеПдан президентликка номзод ўлароқ кўрсатилди

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев 2016 ва 2021 йилларда ўтказилган президент сайловларида ҳам ЎзЛиДеПдан номзод ўлароқ кўрсатилган эди

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни муддатидан илгари президент сайловига номзод ўлароқ кўрсатди. Партия матбуот хизмати маълумотига кўра, президент сайловига номзод кўрсатиш ЎзЛиДеПнинг 30 май куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган XI съездида амалга оширилган.

Съездда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайлов дастурининг асосий йўналишлари билан таништирган.

Мирзиёев ўз дастурининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш, одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда Янги Ўзбекистон хавфсиз ва тинчликсевар давлат каби бешта мақсаддан иборат эканини очиқлаган.

Хабарномада съезд қарори билан партия қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини рўйхатга олишни сўраб Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этиши қайд этилган.

Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови жорий йилнинг 9 июлига белгиланган. Таҳлилчилар 40 кундан сўнг ўтказилажак натижаси олдиндан маълум сайловда катта фарқ билан Мирзиёев ғалаба қозонишига шубҳа қилишаётгани йўқ.

Аввалроқ “Миллий тикланиш” партияси президент сайлови бўйича Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирган. Айни пайтда “Адолат” партияси Робахон Маҳмудовани, Халқ демократик партияси Улуғбек Иноятовни, Экологик партия эса Абдушукур Ҳамзаевни президентликка номзод қилиб кўрсатган.

ЎМИ ижтимоий тармоқлар орқали жума табриги йўллаш тақиқлаганига оид хабарларни рад этди

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар орқали жума табрикларини тарқатишга рухсат этилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати ўз хабарномасида ЎМИнинг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкинлигини урғулаган.

Диний идора қайдича, ижтимоий тармоқлардаги жума табриги, Қуръон оятлари, пайғамбар ҳадислари, мамлакат уламолари ва имом-домлаларининг мавъизаларини тарқатиш мумкин эмаслигига оид иддао асоссиз.

2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига асосан эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир”, дейилган хабарномада ўзбекистонлик мусулмонлар “расмий, ишончли ижтимоий тармоқлардаги диний-маърифий мазмундаги барча маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкин”лиги урғуланади.

ЎМИ мусулмонлар фойдаланиши мумкин бўлган ресурслар қаторида “расмий ва етакчи электрон манбалар рўйхати”ни келтирган. Бунинг баробарида Диний идора “экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда – хоҳ жума табриги бўлсин, хоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин – тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланган”идан огоҳлантирган ҳамда аввалроқ Олий суднинг Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик сайт ва ижтимоий тармоқлардаги профиль, канал ва гуруҳлар рўйхати борлигини эслатган.

Айни пайтда хабарномада ЎМИ томонидан тавсия этилган расмий манбалар рўйхатида бўлмаган, Олий суднинг тақиқланган сайт, гуруҳ ва профиллар рўйхатига ҳам кирмаган сайт ёки профиллардаги диний контентдан фойдаланиш мумкин ёки эмаслигига аниқлик киритилмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда, хабарномадан ўзбекистонлик мусулмонларга диний блогерлар ёки алоҳида имомлар тарқатаётган контентдан фойдаланиш мумкин ёки эмаслиги англашилмай қолган.

Аввалроқ Ўзбекистонда танишларига нашида йўллагани учун бир неча нафар ёш йигитнинг судланиб, қамалгани қайд этилган, бу ҳолат ортидан ижтимоий тармоқларда қандай диний контент тарқатиш мумкин ёки эмаслиги, бу каби чекловлар диний эркинликни кафолатловчи қонунларга нақадар мувофиқлиги юзасидан баҳс-мунозаралар келиб чиққан эди.

Қашқадарёда икки блогер ва бир журналист 5 суткага қамалди

Иллюстратив сурат.

Қашқадарё вилоят жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди блогерлар А. Абдуллаев, М. Музаффаров ва Nasaf News сайти раҳбари У. Каримовни майда безориликда айбдор деб топди. Суд қарори билан уларнинг ҳар бири 5 суткага қамалди.

Расман билдирилишича, 29 май куни соат 10:20 ларда Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ЙҲХБ биноси олдига автомашинада келган А. Абдуллаев, М. Музаффаров ва У. Каримов "ЙҲХБ бошлиғи Ф. Янгибоевда шубҳа уйғотган". У блогерлар олдига чиқиб, ҳужжатларни сўраган. А. Абдуллаев машина ўзига тегишли эканини айтиб, бошлиққа паспортини кўрсатган, аммо машинаси ҳужжатларини кўрсатишдан “бош тортган”.

Шундан кейин Янгибоев автомашинани жарима майдонига жойлаштирмоқчи бўлганида, “А. Абдуллаев, М. Музаффаров ва У. Каримов ИИБ ходимларига нисбатан қўполлик қилиб, уларга ҳурматсизлик ва беписандлик қилиб, уларга сенсираб мурожаат қилиб, жанжал қила бошлаган”.

Суднинг иддао қилишича, улар воқеа жойига етиб келган Шаҳрисабз шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари Ж. Рауповни ҳам “фуқаролар олдида обрўсизлантирганлар”.

Бу уч киши ўша куниёқ ушланиб, уларнинг иши судга оширилган ва жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди блогерларга 5 суткадан қамоқ жазоси белгилаган.

Ушбу воқеа юзасидан ҳозирча мустақил манбалар ҳеч қандай муқобил ахборот тарқатган эмас. Қамалган блогерларнинг ўзлари ва яқинлари ҳам суднинг бу қарорига муносабат билдирмади.

27 май куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида блогер Элмурод Одилов ҳам Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ва 198-моддаси (ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) 1-қисми билан 15 суткага қамалганди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, блогер Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Фозил Хидиров пилла омборхонасида ўтказаётган йиғилишни ёритишга урингани ортидан қўлга олинган.

Мазкур йиғилишда Хидиров ёшлар етакчиларига бир ойлик ҳарбий хизматга шартнома пулини тўлаган ҳолда бир кишини жалб қилишга буйруқ берган. Бу ишни амалга оширмаганлар ишдан бўшатилишини айтган.

Хоразм суди: 3-синф ўқувчиларига шилқимлик қилган ўқитувчига “энг қаттиқ жазо берилди”

Хоразм вилоят суди Nemolchi.uz лойиҳасининг Хонқа туманидаги мактаблардан бирида 3-синф ўқувчиларига шаҳвоний шилқимлик қилган ўқитувчига ўта енгил жазо белгилангани тўғрисидаги норозилигига жавоб қайтарди.

Хоразм вилоят судлари матбуот хизматининг билдиришича, Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман судининг 2023 йил 25 май кунги қарорига асосан, 3-синф ўқувчилари С.К., ва М.Э.,ларга дарс пайтида шахвоний шилқимлик қилган 1962 йилда туғилган рус тили ўқитувчиси Б.Р.,га МЖтКнинг 41¹-моддаси 1-қисми билан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Расмий муносабатда таъкидланишича, мазкур модда асосида айбланувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 суткагача муддатга маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган.

“Жиноят ишлари бўйича Хонқа туман суди томонидан ҳуқуқбузар Б.Р.га мазкур модда санкциясида назарда тутилган максимал жазо, яъни 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган”, дейилади вилоят суди баёнотида.

Nemolchi.uz 27 май куни Хонқа туман судининг бу қарорига телеграм канали орқали норозилик билдирган эди. Nemolchi.uz лойиҳаси судда мазкур иш нотўғри квалификация қилинган, деган нуқтаи назарни олға сурмоқда.

“Бундай жиноятлар ЖК 129-моддаси 2-қисми "б", "в" ва "ж" бандлари билан квалификация қилиниши лозим. Бунинг учун жазо эса 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланишни тақиқлаган ҳолда 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутиши керак”, дейилади Nemolchi.uz баёнотида.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG