Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:25

Доғистонда рэп "исломга зид ахлоқсизлик" деб топилди. MC Doni ва бошқалар концертини бекор қилди


Россия бош вазири Владамир Путин (чапда) сайлов кампанияси фаоллари билан учрашуви чоғида рэпер Тимати билан суратга тушмоқда. 2012 йил, Москва шаҳри.
Россия бош вазири Владамир Путин (чапда) сайлов кампанияси фаоллари билан учрашуви чоғида рэпер Тимати билан суратга тушмоқда. 2012 йил, Москва шаҳри.

Россиянинг энг консерватив жамиятларидан бири бўлган Доғистон Республикаси рэперлар ва бошқа эстрада хонандалари учун тақиқ жорий қилинган ҳудудга айланиши мумкин. Аксар аҳолиси мусулмон бўлган бу ҳудудда рэперлар санъатига исломга тўғри келмайдиган ахлоқсизлик ва андишасизлик деб қаралмоқда.

Сўнгги марта рэпер Эл-Жей ва эстрада хонандаси Егор Криднинг 9 сентябрда Махачқалада ўтказилиши мўлжалланган концерти бекор қилинди. Бунга тадбир олдидан ижтимоий тармоқларда авж олган ҳақорат ва таҳдидлар сабаб бўлди.

Онлайн муҳокамаларнинг аксариятида қўшиқчиларнинг қарашлари ва турмуш тарзи қизғин баҳсларни келтириб чиқарди. Уларга Чеченистоннинг тиниб-тинчимас раҳбари Рамзан Қодиров билан асли доғистонлик аралаш яккакураш бўйича жаҳон чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ҳам қўшилди.

Кўплаб доғистонликлар Эл-Жейнинг қўрқинчли қараши, очиқ-сочиқ кийинган аёллар, қон ва жинсий алоқа тасвирланган видеоларидан норози бўлмоқда.

Афтидан соғлом, Жастин Биберга ўхшаш Крид ҳам тату – игна билан ўйиб солинган суратларга тўла танаси (консерватив мусулмонлар татуларни маъқулламайди), аёллар, муҳташам ҳаёт ва зўравонлик билан тўлиб-тошган мусиқий клиплари билан Доғистон жамиятининг ўша бўлаги ҳамиятига теккан кўринади.

Нурмагомедов ҳам Махачқаладаги концертга қарши чиқувчилар қаторига қўшилгандан сўнг тадбир билан боғлиқ шов-шув кучайиб кетди. У томоша бекор қилинса, “зарар кўп бўлмаслиги”ни айтди. Асли Доғистонда туғилиб ўсган Нурмагомедов бу ҳудуддаги энг машҳур одамдир.

Ҳабиб Нурмагомедов
Ҳабиб Нурмагомедов

Бунга қўшиқчи-продюсер-актёр-тадбиркор Тимати видео орқали Нурмагомедовни танқид қилиш билан жавоб қайтарди.

‒ Қўшиқларимизни ёқтирмаслигингни биламан, лекин халқимизнинг фикрини ҳурмат қилишинг керак... Кимнидир ёқтирмаганинг учун унга тақиқловни қўллашинг яхши эмас, ‒ деди Қодировнинг дўсти Тимати.

Енгил вазн бўйича жаҳон чемпиони Нурмагомедов Тиматига Инстаграм орқали дарғазаб жавоб қайтарди.

“Ҳар бирингиз гапирган гапингизга жавоб берасиз, лекин ҳозир вақтим йўқ... Мен ҳеч кимни бирор иш қилишга мажбурлаётганим йўқ, ‒ деб ёзди Нурмагомедов. ‒ Менинг ўз фикрим бор, қандайдир сенга ўхшаган хунаса нима қилишим ёки қилмаслигим кераклигини ўргатаётгани қизиқ”.

У хабарини мана бундай тугатди: “Мен доғистонлик биродарларимга... биз айрим рэперларнинг эмас, республикамизнинг келажаги учун жавобгармиз, деб айтмоқчиман”.

Бошқа кавказлик аралаш яккакураш вакиллари ҳам видео ва онлайн изоҳларида Нурмагомедовни ёқлаб чиқди. Улардан бири Тимати энди ҳеч қачон Доғистонда концерт бера олмаслигини башорат қилди.

Эл-Жей билан Крид концертидан ташқари асли миллати ўзбек бўлган MC Doni – Достонбек Исломовнинг 8 сентбярь куни Каспийск шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган концерти ҳам бекор қилинди.

Доғистон Ички ишлар вазирлиги вакили ижтимоий тармоқларда концертларга қарши ёзилаётган изоҳларни “экстремистик” деб атади. Унинг билдиришича, бир доғистонлик Крид Доғистонга келса, ўлдириш билан таҳдид қилгани учун ушланиб, Махачқалага олиб келинган.

Бу можаро Қодировни ҳам бефарқ қолдирмади. У Тимати билан Нурмагомедовга вазиятни ўзаро келишиб тинчитишни маслаҳат берди.

Рэперларнинг концерти билан боғлиқ можаро Доғистон учун янгилик эмас. Қолаверса, Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам айрим ҳаёт тарзи “зиддиятли” бўлган эстрада қўшиқчилари концертлари можаросиз ўтмаган.

Беш йил олдин ўзининг гейлигини очиқ айтиб келаëтган машҳур рок қўшиқчиси Элтон Жон Қозонда концерт бермоқчи бўлганда норозиликлар юзага келган эди.

XS
SM
MD
LG