Халқаро хабарлар
“Шинжон полицияси файллари”: махфий маълумотлар Хитойдаги таъқиб ва қатағонлар кўламини фош қилди

АҚШнинг Коммунизм қурбонлари хотираси фонди Хитойдаги “қайта тарбиялаш” лагерларига оид махфий ҳужжатларни эълон қилди. Маълумотлар Хитой полицияси серверларини бузиб кириш йўли билан олинган. Фонд уларнинг барчасини махсус очилган “Шинжон полицияси файллари” сайтига жойлади.
Файллар Хитой полициясининг ўнлаб расмий фармойишлари, қарийб уч минг нафар маҳбус фотосуратлари, видеолар, 20 мингдан зиёд қўлга олиш қайдномалари ва Шинжоннинг 300 мингдан ортиқ аҳолиси шахсий маълумотларини ўз ичига олади.
Тадқиқотчи Адриан Ценцга кўра, махфий ҳужжатлар “қайта тарбиялаш лагерлари”, Хитой расмийлари иддао қилишганидек, “ихтиёрий ўқув муассасалари” эмаслигини тасдиқлайди. “Бу маълумотлар Хитой ҳукумати юзидаги ниқобни сидириб ташлайди”, деган у.
Ҳужжатлар Шинжоннинг мусулмон аҳолиси оддий диний талабларни бажаргани учун қатағон қилинаётганига доир хавотирлар бежиз эмаслигини кўрсатган. Хусусан, ҳужжатларда ичиб-чекмагани учун терроризмда айбланиб қамалмиш ўғли туфайли ҳибсга олинган Тожигул Тоҳир исмли уйғур аёли ҳақида маълумотлар бор.
Бундан ташқари, тадқиқотчилар файлларда кўплаб инсонлар ўнлаб йиллар муқаддам содир этган хатти-ҳаракатлари учун ўтган сана билан жазолангани, мобил телефонларидан гўё етарлича фойдаланмаган ёки телефон ҳисобини тўлдирмаганлар “рақамли кузатувдан қочишга уриниш”да айбланиб, 10 йилгача қамоққа ташланганини аниқлаганлар.
Полиция файлларини ўрганган экспертлар муаммо кўламини тасаввур қила бошлаганларини айтишмоқда. Адриан Ценц ҳужжатларнинг катта қисми Кўнашеҳер округига оидлигига эътибор қаратган. Таҳлилларга кўра, 2017-2018 йилларда ушбу округдан қарийб 23 минг киши, яъни умумий аҳолининг 12 фоиздан ортиғи қамоқда ёки лагерларда бўлгани очиқланган.
Калифорния университети суд экспертлари “Шинжон полицияси файллари”нинг ҳақиқийлигини тасдиқлаганлар. Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси эса вазиятга изоҳ бераркан, “Шинжон билан боғлиқ масалалар инсон ҳақлари ёки динга эмас, аслида терроризм, радикализм ва айирмачиликка оид”, дея иддао қилган.
Кун янгиликлари
Европа парламенти 50 миллиард долларлик Украина фонди ташкил этилишини тасдиқлади

Европа парламенти ЕИнинг 2021-2027 йилга мўлжалланган узоқ муддатли бюджетини тасдиқлар экан, 50 миллиард долларлик Украина фондини ташкил этилишига рухсат берди.
Европарламент депутатларидан 393 нафари қарорни қўллади, 136 депутат қарши овоз берди, 92 депутат бетараф қолди.
Бундан аввал 1 октябрь куни Киевга борган Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель ЕИ ҳар қандай ҳолатда ҳам Украинага молиявий кўмак кўрсатишда давом этишини билдирганди.
Европа комиссияси Украина фондига ажратилган 50 миллиард долларни тўрт йил давомида бўлиб беришни режалаштирган. Бу маблағ фақат иқтисодий ва ижтимоий ҳимоя лойиҳаларига сарфланади.
Мазкур фонд ташкил этилиши тўғрисида августда Европа Кенгаши раиси Шарль Мишель маълум қилган эди.
Ҳозирда Европа Иттифоқи Украинага Европа тинчлик жамғармаси ҳисобидан кўмак кўрсатиб келмоқда. Бу жамғармада 8 миллиард евро маблағ бор. 2023 йилнинг май ойидаги ҳолатга кўра, Европа тинчлик жамғармасидан Украинага 4 миллиард 600 миллион евролик ҳарбий ёрдам кўрсатилган.
Физика бўйича Нобел мукофоти электронларни ўрганиш методлари учун берилди

Физика бўйича 2023 йилги Нобел мукофоти моддада электронлар динамикасини ўрганишнинг экспериментал методлари учун берилди. Унга америкалик Пьер Агостини, германиялик Ференц Крауш ва швециялик Анн Л'Улье сазовор деб топилди.
Олимлар ўтказган тажрибалар натижасида ёруғлиқнинг квинтиллион (бу рақамда 18 та 0 бор) аттосекундларда ўлчанадиган ўта қисқа имлуьси яратилди. Бу импульслар орқали электронлар ҳаракатланиши ёки электронлар энергиясининг ўзгариши каби ўта тез жараёнларни ўлчаш мумкин.
2 октябрда Физиология ва тиббиёт бўйича 2023 йилги Нобел мукофоти COVID-19 га қарши самарали мРНК вакциналар яратилишига туртки бўлган нуклеозид асосларнинг модификациясини кашф қилган олимлар - венгриялик тадқиқотчи Каталин Карико ва АҚШнинг Пенсильвания университетида ишловчи биохимик Дрю Вайсманга берилганди.
Нобел қўмитаси 4 октябрда кимё бўйича лауреатларни эълон қилади. 5 октябрда адабиёт ва 6 октябрда Тинчлик мукофоти совриндорлари номлари очиқланади.
Нобел мукофоти лауреатларига олтин медаль, диплом ва пул мукофоти топширилади. Жорий йилда пул мукофоти миқдори 11 миллион швд крони, яъни 994 минг АҚШ долларини ташкил қилмоқда.
Берлинда Имомали Раҳмон кортежига тухум отган мухолифатчиларнинг Тожикистондаги қариндошлари ҳибсга олинмоқда

Тожикистонда Германия пойтахти Берлинда намойиш ўтказган ва президент Эмомали Раҳмоннинг кортежига тухум отган мухолифатчиларнинг қариндошларини оммаввий тарзда ҳибсга олиш давом этмоқда.
Озодлик радиоси тожик хизмати Озодига бу ҳақда маълум қилган фаолларга кўра, қариндошлари оила аъзолари билан биргаликда маҳаллий полиция ва хавфсизлик хизмати изоляторларига жойлаштирилмоқда. Жумладан, хорижда яшовчи мухолифатчи Шохражаб Шохим оила аъзолари Панжикент шаҳар милициясига олиб кетилганини айтган.
"Тожик ҳукуматига савол: ота-онамнинг гуноҳи нимада? Опаларим қандай жиноят қилди? Нега уларни обориб тиқиб қўйдиларинг? Қариндошларим уч кундан бери Панжикентнинг изоляторида сақланмоқда", деган у Озоди радиоси берган интервьюсида.
Аввалроқ тожик мухолифатининг хориждаги вакили Шарофиддин Гадоевнинг 72 ёшли онаси, Фарход Одинаевнинг жияни, Дилшод Шарифовнинг қария отаси ва олти нафар бошқа оила аъзолари, Бехруз Тагойзоданинг отаси ва намойишда иштирок этган бошқа фаолларнинг қариндошлари маҳаллий милиция бошқармасига олиб кетилгани хабар қилинган эди. Уларнинг баъзилари қўйиб юборилган, аксарияти ҳақида ҳамон ҳеч қандай хабар йўқ.
Эмомали Раҳмон Марказий Осиё давлатлари президентлари қаторида Германия президенти билан янги «5+1» форматида учрашиш учун 28-30 сентябрь куни Берлинда бўлиб турган эди.
29 сентябрда мухолиф Миллий Альянс ва “Гуруҳ 24” ҳаракатларининг 30 нафарга яқин аъзоси Тожикистоннинг Берлиндаги элчихонаси олдида норозилик намойишини ўтказган ва президент кортежига тухум отган эди.
Тожик мухолифати президент Имомали Раҳмонни яккаҳокимликда, барча лавозим ва бойликларни ўз қариндошлари орасида тақсимлашда, ўзгача фикрга тоқатсизликда ҳамда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда айблайди.
Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайерни Марказий Осиё мамлакатлари лидерлари билан учрашувда инсон ҳуқуқлари мавзусини кўтаришга чақирган.
Қозоғистон ҳақида ножўя фикр билдирганлар мамлакатга киритилмайди

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат тўғрисида ножўя фикр билдирганлар рўйхатини тузмоқда. Рўйхатда қайд этилган шахсларнинг мамлакатга кириши тақиқланади. Бу ҳақда 2 октябрда бўлиб ўтган брифингда вазирлик расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.
“Албатта, биз бундай рўйхатни шакллантиряпмиз. Аммо бу вазирликнинг ички рўйхати бўлгани учун ҳам жамоатчиликка ошкор этилмайди. Қозоғистон ҳақида ножўя фикр билдирганларни эътибордан четда қолдирмаймиз. Рўйхатда қанча киши борлигини айта олмайман. Улар учун чегара ёпилади, мамлакатга киритилмайди”,-деди Смадияров.
Сўнгги йилларда Россия сиёсатчилари ва сиёсатшуносларининг Қозоғистон ҳудудий яҳлитлигига даҳл қилувчи фикрлари кўпая бошлади. Қозоғистонликларнинг асосий қисми бу билдирувларни миллий хавфсизликка таҳдид сифатида қабул қилмоқда.
Бундан аввалроқ Москва шаҳар думаси депутати Сергей Савостьянов Қозоғистонни Украина каби “денацификациялаш” ва “демилитаризациялаш” зарур, деб гапирган эди. Шундан сўнг сиёсатчи бу гапи учун “Қозоғистон қора рўйхатига тиркалгани” ҳақида баёнот берган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Қозоғистонга оид салбий билдирувлар Москванинг расмий позицияси эмаслигини айтган.
NYT: Россия ядровий двигателга эга бўлган ракетанинг янги синовларини ўтказмоқчи

Россия армияси Арктикада ядровий двигателга эга бўлган ракетанинг янги синовларини ўтказмоқчи ёки ўтказиб бўлди. Бу ҳақда New York Times (NYT) сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларга таянган ҳолда хабар берди. Газета тахминича, гап қитъалараро “Буревестник” баллистик ракетаси ҳақида бормоқда.
20 сентябрда сунъий йўлдош томонидан олинган фотосуратларда Новая Земля полигонига кўплаб ҳарбий техника жалб қилинганини кўриш мумкин. 28 сентябрда ҳам мана шундай фотосурат олинган.
31 август куни Россия самолётларга мазкур ҳудудда вақтинча парвоз қилмасликни тавсия этган эди. Кейинроқ бу тавсия муддати 6 октябргача узайтирилди. "Буревестник" ракетаси 2019 йилда синовдан ўтказилаётганида ҳам Россия ҳукумати ҳудди шундай тавсия берган эди.
Nuclear Threat Initiative мустақил кузатувчилар гуруҳининг билдиришича, Россия 2017 ва 2019 йиллар оралиғида "Буревестник"ни 13 марта синовдан ўтказган. Бироқ уларнинг барчаси муваффақиятсиз якунланган. Айрим синовларда одамлар ҳалок бўлган. Масалан, 2019 йилдаги синов пайтида Архангельск вилоятининг Нёнокса қишлоғида камида 7 киши ўлган.
Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича янги протокол имзоланди

Қирғизистон Министрлар кабинети 2 октябрда Боткенда Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича ҳукумат делегациялари учрашуви бўлиб ўтгани тўғрисида маълум қилди. Расман билдирилишича, делегацияларга ҳар икки давлат миллий хавфсизлик идоралари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов раҳбарлик қилган.
Учрашувда чегараларни аниқлаш, делимитация ва демаркация қилиш ишларини тезлаштириш масалалари муҳокама қилинган ва бу борадаги протоколга қўл қўйилган. Расмий хабарда имзоланган протокол мазмуни ва моҳияти ҳақида маълумот берилмади.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Сўғд вилоят ҳокимлиги тарқатган хабарда ҳам бу ҳақда маълумот йўқ.
Учрашув тўғрисидаги расмий маълумот чиқишидан олдинроқ президент маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлими собиқ бошлиғи, Ташиевга яқин кўриладиган журналист Нурғази Анарқулов Фейсбук саҳифасида “Тожикистон ўзининг ҳудудий даъволаридан воз кечди”, деб ёзди.
Қамчибек Ташиев 15 сентябрда қирғиз-тожик чегарасида ўтган йили содир этилган қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлганларни хотирлаш маросимида Тожикистон ҳукумати ҳудудий даъволаридан бош тортмаётганини айтган эди. Ташиев тожик томони ўз даъволаридан воз кечмаса, Қирғизистон ҳам тарихий ҳужжатларга асосланган ҳолда Тожикистонга ҳам ҳудудий даъволарни билдиришини таъкидлаган.
Шундан сўнг Қирғизистоннинг Душанбедаги элчиси Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган ва унга норозилик билдирилганди.
Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2020 йилгача бу чегаранинг 519 километри тасдиқланган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.
Тиббиёт бўйича Нобел мукофоти COVID-19 га қарши вакцина яратилишига сабаб бўлган кашфиёт учун берилди

Физиология ва тиббиёт бўйича 2023 йилги Нобел мукофоти COVID-19 га қарши самарали мРНК вакциналар яратилишига туртки бўлган нуклеозид асосларнинг модификациясини кашф қилган олимларга берилди.
Венгриялик тадқиқотчи Каталин Карико ва АҚШнинг Пенсильвания университетида ишловчи биохимик Дрю Вайсман ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида РНКни ўрганиш бўйича тадқиқотларни ўтказиб келмоқда. 2021 йил сентябрида COVID-19 га қарши вакциналар яратилишига сабаб бўлган мазкур кашфиёт учун олимлар Breakthrough Prize мукофотига сазовор бўлган. Уларга тадқиқотларини давом эттириш учун уч миллион доллар ажратилган.
COVID-19 га қарши самарали мРНК вакциналар Pfizer ва Moderna ширкатлари томонидан ишлаб чиқарилган эди. Бу вакциналарнинг самарали тажрибадан ўтказилгани тўғрисида 2020 йил якунида эълон қилинганди.
Нобел қўмитаси биринчи бўлиб тиббиёт соҳаси совриндорларини эълон қилди. Нобел ҳафталиги доирасида физика, химия, адабиёт ва тинчлик мукофотлари соҳиблари эълон қилинади.
Туркия Анқарадаги ҳужумдан сўнг Ироқдаги курд жангариларини бомбардимон қилди

Туркия Анқарада Ички ишлар вазирлиги биноси олдида худкуш ўзини портлатгани ортидан Ироқ шимолидаги курд жангарилари объектларига ҳаводан зарба берди. Расман билдирилишича, Курдистон ишчи партиясига қарашли 20 та объект, жумладан, қурол омборлари вайрон қилинган.
Курд жангариларига алоқадор Rudaw ахборот агентлиги Ироқдаги Кандил тоғ тизмалари орасидаги ҳудуд Туркия томонидан бомбардимон қилингани тўғрисида ёзди. Бу ерда Курдистон ишчи партиясининг ҳарбий базаларидан бири жойлашган.
Курдистон ишчи партияси расмий сайтида Анқарадаги террор партия билан ҳамкорлик қиладиган “Ўлмас батальон” гуруҳи томонидан амалга оширилгани тўғрисида маълумот берилган.
1 октябрь куни Туркия Ички ишлар вазирлиги биноси олдида худкуш ўзини портлатиб юборган эди. Расмий маълумотда худкушнинг шеригини полиция отиб ўлдиргани айтилади. Ҳужум оқибатида икки полициячи яраланди. Ҳукумат бу ҳодисани террор сифатида баҳолади.
Байден Конгрессни Украинага кўмак бўйича муросага келишга чақирди

АҚШ президенти Жо Байден Вашингтон Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этиши зарурлигини таъкидлади ҳамда Конгрессни Киевга маблағ ажратиш юзасидан тезроқ муросага келишга чақирди.
Конгресс Вакиллар палатаси ва Сенат аввалроқ АҚШ муваққат бюджетини тасдиқлаган эди. Федерал ташкилотларни 45 кун мобайнида молиялаш назарда тутилган мазкур бюджетга Украинага ажратиладиган ҳарбий ёрдам киритилмаган.
“Биз ҳар қандай шароитда ҳам Украинага Америка ёрдамини вақтинча тўхтата олмаймиз”, - деди Байден Конгресс қарорини шарҳлар экан.
Оқ Уй Украинага 24 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласини кун тартибига киритган. Бу рақамга Сенат ва Вакиллар палатасидаги айрим республикачилар қарши чиқмоқда.
Республикачилар ва демократлар ўртасида бюджетнинг бошқа моддалари юзасидан ҳам келишмовчиликлар бор. Шунинг учун муваққат бюджетни тасдиқлаш юзасидангина муросага эришилган. Чунки бюджет 1 октябргача тасдиқланмаган тақдирда, АҚШ ҳукумати ўз фаолияти ва дастурларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлар эди.
1 октябрь куни Киевга келган Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель ЕИ ҳар қандай ҳолатда ҳам Украинага молиявий кўмак кўрсатишда давом этишини билдирди.
“Бизнинг ёрдамимиз узоқ муддатлидир ва у АҚШда юз бераётган жараёнларга боғлиқ эмас”,- деди Боррель.
Арманистон Озарбайжонни БМТ Халқаро судига берди

Арманистон БМТ Халқаро судига Озарбайжонга қарши даъво аризаси киритди. Аризада Озарбайжон Тоғли Қорабоғда Ирқий камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича халқаро конвенция талабларини бажариши шартлиги айтилади.
Арманистон аризасида Озарбайжон «Тоғли Қорабоғада қолган этник арманларни бевосита ва билвосита сиқиб чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилиши» лозимлиги қайд этилган.
Аризада, шунингдек, Озарбайжондан этник арманларнинг Қорабоғни тарк этиш хоҳишига тўсқинлик қилмаслик, БМТ ва Қизил Хоч вакилларига этник арманлар яшайдиган ҳудудларга киришга имконият яратиб бериш талаб этилган.
Арманистон Халқаро суддан Озарбайжон ҳукуматига Тоғли Қорабоғда арман томонидан берилган барча ҳужжатларни тан олиш ва арман маданий меросига оид ёдгорликларни бузмаслик мажбуриятини юклашни сўрамоқда.
Сўнгги хабарларга қараганда, 1 октябрь ҳолатига кўра, Тоғли Қорабоғда яшаётган 120 минг армандан 100 514 нафари Арманистонга қочиб ўтган.
19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди ва Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди.
28 сентябрда тан олинмаган республика раҳбари Самвел Шахраманян Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йилнинг 1 январидан эътиборан тугатилиши тўғрисидаги фармонни имзолади.
НАТО бош котиби Анқарадаги террорни қоралади

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Анқарада Ички ишлар вазирлиги биносига қилинган террор ҳужумини қоралади.
У 1 октябрь куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида: “НАТО террорчиликка қарши курашда Туркия билан бирдам”, - деб ёзди.
Аввалроқ Туркия президенти Эрдўғон парламентда сўзлаган нутқида: “Мамлакат ичида ва ташқарисида энг охирги террорчи йўқ қилинмагунига қадар курашимизни давом эттирамиз”, - деб айтган эди.
1 октябрь куни Туркия Ички ишлар вазирлиги биноси олдида худкуш ўзини портлатиб юборган эди. Расмий маълумотда худкушнинг шеригини полиция отиб ўлдиргани айтилади. Ҳужум оқибатида икки полициячи яраланди. Ҳукумат бу ҳодисани террор сифатида баҳолади.
Интернетда пайдо бўлган видеоларда вазирлик олдига келиб тўхтаган автомашинадан бир киши чиққани ва бинога кирилувчи жойда ўзини портлатгани акс этган. Мазкур ҳужум учун масъулиятини ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.
HRW: Штайнмайер Марказий Осиё президентлари билан учрашувда инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариши керак

Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Марказий Осиё мамлакатлари лидерлари билан учрашувда инсон ҳуқуқлари мавзусини кўтариши лозим. Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ана шундай баёнот билан чиқди. Ҳуқуқбонлар фикрича, Германия Марказий Осиё давлатларидан ҳуқуқ устуворлиги ва инсон ҳуқуқларининг тамал стандартларига риоя қилиниши юзасидан кафолат олишга ҳаракат қилиши керак.
HRW томонидан 28 сентябрь куни ёйинланган баёнотда Берлиндаги учрашувнинг асосий мавзуси муҳтамалан Россиянинг Украинага босқинидан сўнг Марказий Осиёдаги вазият бўлиши айтилган.
“Германия Марказий Осиё мамлакатларини Москвага ғарб санкцияларини айланиб ўтишда ёрдам беришдан бош тортишга чақириши кутилмоқда”, деган Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон. Унга кўра, Германия расмийлари Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ мураккаб вазият юзасидан минтақа мамлакатлари раҳбарларига босим ўтказиш имкониятини қўлдан бой бермаслиги лозим.
HRW Берлинни Марказий Осиё президентлари билан учрашувда уларга минтақа ҳукуматлари Европа билан узоқ муддатли ҳамкорлик қила олиши учун инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига риоя қилинишини таъминлаш зарурлигини эслатишга чақирган.
“Марказий Осиё давлатларида сиёсий сабабларга кўра таъқиблар, сўз эркинлигининг бўғилиши, қийноқ қўллаганлик учун жазосиз қолиш каби кўплаб ҳолатлар бор”, дея қайд этган Хью Уильямсон. Бунга мисол ўлароқ у Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўтган йили кузатилган норозилик чиқишлари, оқибатда 250 дан зиёд киши ўлганини келтирган. HRW дунёдаги энг ёпиқ мамлакат бўлган Туркманистон, мухолифатчилар қувғинга учраган Тожикистон ва мустақил ОАВга босим ўтказилаётган Қирғизистондаги вазиятларни ҳам танқид қилган.
Хью Уильямсон қайдича, Россиянинг Украинага бостириб киришининг оғир оқибатлари Марказий Осиё раҳбарларини ЕИ мамлакатлари дохил бошқа ҳамкорлар билан алоқаларни ривожлантиришга мажбур қилган. Унга кўра, Европа мамлакатлари Марказий Осиё билан ҳамкорликни минтақа фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда кенгайтириши лозим.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев дохил Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари 29 сентябрь куни Германия федерал президенти билан “5+1” форматида учрашув ўтказмоқда. Бу ҳақда Озодлик аввалроқ ўз видеоёйинлари орқали хабар қилган. Таҳририятимиз Берлиннинг “Бельвью” саройидаги учрашув ва бошқа тадбирлар тафсилотлари билан муштарийларни кун давомида таништириб боради.
Тоғли Қорабоғдан Арманистонга келганлар сони деярли 85 минг кишига етди

Арманистонга Тоғли Қорабоғдан келган этник арманлар сони 84 770 кишига етди. Бу ҳақда Арманистон бош вазири матбуот котиби Назели Багдасарян маълум қилди. Аввалроқ расмийлар Тоғли Қорабоғда жами 120 минг этник арман истиқомат қилишини билдирган эди.
Экспертларга кўра, Тоғли Қорабоғ ҳудуди тўлиғича Баку назорати остига ўтгач, мазкур ҳудудда арман аҳолиси қолмайди. Озарбайжон ҳукумати этник арманларни Қорабоғни тарк этмасликка ва “кўп миллатли Озарбайжоннинг бир қисми бўлиб қолишга” чақирмоқда.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдан арман миллатига мансуб аҳоли ёппасига чиқиб кетаётганини қайд этиб, Озарбайжонни этник тозалаш сиёсати юритаётганликда айблаб чиқди.
Аммо Боку барча этник арманларнинг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланиши ва таъминланишини эълон қилган.
19 сентябрда Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғда ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилганди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳукумати вакиллари 20 сентябрь соат 13:00 дан ўт очишни тўхтатганини билдирди ва Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди.
28 сентябрда тан олинмаган республика раҳбари Самвел Шахраманян Тоғли Қорабоғ республикаси 2024 йилнинг 1 январидан эътиборан тугатилиши тўғрисидаги фармонни имзолади.
Россияда Украина ҳудудлари аннексия қилинган кун давлат байрами сифатида нишонланади

Россия президенти Владимир Путин 2022 йилда Украина ҳудудлари аннексия қилинган кунни байрам сифатида нишонлаш тўғрисидаги қонунни имзолади. Қонунга асосан байрам 30 сентябрда нишонланади ва дам олиш куни ҳисобланади.
Қонунда таъкидланишича, янги байрам “Донецк халқ республикаси, Луганск халқ республикаси, Запорожье вилояти ва Херсон вилоятининг Россия билан қайта қўшилган куни”, деб номланади. Бу кун жорий йилдан бошлаб байрам сифатида эълон қилинди.
Украина ҳудудлари аннексия қилингани тўғрисида Москва 2022 йил кузида билдирган эди. Ўшанда Россия босиб олинган ҳудудларда ўзи “референдум” деб атаётган тадбирни ўтказган эди. Украина ва халқаро ҳамжамият бу тадбирларни “соҳта” деб атаган ва овоз бериш натижаларини тан олган эмас.
Қирғизистонда Конституциявий суд қарорини бекор қилишга имконият берувчи қонун қабул қилинди

Қирғизистон парламенти Конституциявий суд қарорларини қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилишга имконият берувчи қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Мазкур қонун парламентга президент Садир Жапаров томонидан тақдим этилган эди.
Амалдаги қонунчилик бўйича Қирғизистонда Конституциявий суднинг қарори якуний ҳисобланади ва у бажарилиши шарт.
Қабул қилинган қонунга асосан, эндиликда Конституциявий суд президент ёки суд раиси сўрови билан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Қирғизистон адлия вазири ўринбосари Ўрўзбек Сидиқовнинг айтишича, қонунчиликка бундай ўзгартиш киритилишига Конституциявий суднинг матронимлар тўғрисидаги қарори ҳам “қайсидир маънода таъсир кўрсатган”.
Матронимлар тўғрисидаги қарорни Конституциявий суд жорий йилнинг июнида қабул қилган эди. Унга асосан болаларга 18 ёшга тўлганида ҳужжатларида отаси ёки онаси исмини ёздириш ҳуқуқи берилади.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Конституциявий суд ҳукуматга балоғат ёшига, яъни 18 ёшга етган шахсларнинг “отаси ёки онаси исмини танлаш ҳуқуқини таъминлаш” учун қонунчиликка ўзгартиш киритиш мажбуриятини юклаган эди.
Бу қарор қирғиз жамиятида жуда қизғин бахсларга сабаб бўлди. Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев қарорни танқид қилди. Орадан бир неча кун ўтгач, президент маъмурияти парламентга Коснтитуциявий суд қарорларини қайта кўриб чиқишга имконият яратувчи қонун лойиҳасини тақдим қилган эди.