Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:41

Қашқадарё ҳокими тунги соат 10 дан кейин кўчада юриш ва кафе-чойхоналарда овқатланишни тақиқлади


Яккабоғдаги кафе-чойхоналарга тунги соат 10 дан кейин кирганларга милиция қўлига тушиш хавфи пайдо бўлди
Яккабоғдаги кафе-чойхоналарга тунги соат 10 дан кейин кирганларга милиция қўлига тушиш хавфи пайдо бўлди

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 30 апрель куни кечаси чойхонада овқатланиб турган мижозлар милиция ходимлари томонидан олиб кетилиб, жаримага тортилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган жабрланувчининг айтишича, милиция ходимлари бу жаримани соат 22:00 дан кейин кўчада юриш, кафе-чойхоналарда овқатланиш тақиқланганига оид қарор мавжудлиги билан изоҳлаган.

Вилоят ички ишлар бошқармасининг Озодлик гаплашган расмийси, бундай тадбир вилоят ҳокимининг қарори билан амалга оширилаётганини айтди.

Қашқадарё ҳокими тунги соат 10 дан кейин кўчада юриш ва кафе-чойхоналарда овқатланишни тақиқлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:52 0:00
Бевосита линк

Яккабоғ туманининг “Жўра” кафесида 30 апрель куни кечки соат 10 ларда овқатланиб ўтирган тўққиз одамни туман ички ишлар бўлимининг “Исузи” автобусида келган ўнга яқин ходими ушлаб¸ бўлимга олиб кетган.

Милиция томонидан олиб кетилганлардан бири Озодликка исми сир қолиш шарти билан ўзларига овқатни еб тугатишга ҳам имкон берилмаганини айтади.

“Мен уч нафар дўстим билан кечқурун чойхонага кириб, овқатланиб ўтирган эдик. Бир пайт 8-9 ча мелиса кириб келди-да, “ҳамманг тур, отделга борамиз”, деди. Мен ва ўртоқларим, “биз нима гуноҳ қилдик, ҳеч кимга озор бермаган бўлсак, овқатланиб ўтирган бўлсак”, десак, мелисалар соат 10 дан кейин юриш мумкин эмас, уйда ўтириш керак, бу ҳокимнинг қарори”, деб айтди”, дейди ички ишлаб бўлимига олиб кетилган хўрандалардан бири.

Унинг айтишича, милиция чойхоначига қўшиб, 9 кишини олиб кетган.

“Ҳаммамизни автобусга тиқиб, милиция бўлимига олиб боришди. Битта-битта бармоқ изи олиб, бўш протоколга имзо қўйишимизни талаб қилди. Мен, “нима учун ушлаб келганингизни аввал сиз ёзинг, тагига¸ мен жавобимни ёзаман”, дедим. Улар биз кейин ёзамиз, сен тагига ёзиб қўявер, деди. Кейин мен бор гапни ёзиб имзо чекдим. Шундан сўнг, милиция ходими энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида жарима тўлайсизлар, уйларингга хат боради”, деб айтди. Агар бизни соат ўн яримларда олиб келишган бўлса, кечаси соат икки яримда кўчага чиқариб, энди уйларингга кетинглар¸ деб айтишди”, дейди яккабоғликлардан бири.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир яккабоғликнинг айтишича, милиция ходимлари кечаси кўчада ўз иши билан юрган одамларни ҳам ушлаб олиб кетмоқда.

“Булар “Исузи” автобусида кечаси овга чиқаяпти. Аҳоли гавжум яшайдиган қишлоқларгача боришаяпти. Кўчада кечаси ўз иши билан юрган одамларни ҳам ушлаб олиб кетишаяпти. Асосий ушлайдиган жойлари эса кафе, чойхона ва барлар. Таппа борадида¸ босиб олиб кетади. Бир неча кун олдин “Олақарға” қишлоғидаги чойхона, кафелардан ҳам 20 кишини олиб кетиб, отпечатка олиб, жарима қилиб қўйворишди. Ўз юртингда, тинч қишлоғингда ҳам экрин юриб бўлмай қолди”, дейди яккабоғликлардан бири.

Яккабоғ тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таниширмаган мулозими, бундай тадбирлар амалга оширилаётганини тасдиқлади.

“Бундан иккита мақсад бор. Жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш. Лекин ҳаммани бир чеккадан ушлаб келаётганимиз йўқ, ичиб жанжал қилганларни олиб келаяпмиз”, деди бу мулозим.

Ўзини Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликни олдини олиш бўлими мулозими Йўлдошев деб таништирган милиция ходими, бундай тадбирнинг нафақат Яккабоғ тумани¸ балки бутун вилоят ҳудудида вилоят ҳокимининг қарори асосида олиб борилаëтганини билдирди:

- Вилоят ҳокимининг қарори бор. Қарши шаҳрида ҳам, туманларда ҳам тунги соат 10 дан кейин кафе, бар, дам олиш масканларини ёпиш ҳақида. Бунинг сабаби шундай. Масалан, яхши одамлар узоғи билан соат 10 гача ўтириб, дам олиб кейин оиласига боради. Ўндан кейин ким юради? Ота-онаси қаровисиз, қўпол қилиб айтганда кўчабезори юради. Кейин кафега боради, ичади, бир нарса қилади. Бемақсад юрган, қаерга, нима сабабдан юрибсан, мана шулар текширилади. Бунинг ҳаммаси жамоат хавфсизлиги учун қилинаяпти, - деди вилоят Ички ишлар бошқармаси мулозими Йўлдошев.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Аброр Аннаев Озодлик билан суҳбатда вилоят ҳокимининг бу қарори хусусида матбуот хизмати бошлиғи тўлиқ маълумот беришини айтиб, мухбирнинг иш телефонини ёзиб олди.

Аммо 3 май кун давомида ҳокимликдан қўнғироқ бўлмади ва Озодликнинг кейинги қўнғироқлари ҳам жавобсиз қолди.

Ўзбекистоннинг авалги президенти Ислом Каримов даврида Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликни олдини олиш бошқармаси томонидан Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида тунда юрган шахсларни ушлаш амалиётлари кўп ўтказилган.

Жумладан, Тошкентда 1999 йилдан бошлаб байрамлар арафасида ўтказиб келинган "Тозалаш-антитеррор" тадбири, жорий йилнинг март ойида тўхтатилган эди.

Бу тадбирлар давомида йиллардан бери Мустақиллик куни, Конституция куни, Янги йил, Наврўз ва бошқа байрамлар арафасида пойтахтда фуқаролар паспорти текширилга¸ хусусан тунги соат 10 дан кейин юрганларни милиция бўлинмаларига олиб кетиб¸ пропискаси йўқларни 15 суткагача ҳибсга олиш ва жарима солиш каби маъмурий чоралар кўрилган эди.

XS
SM
MD
LG