Линклар

logo-print

Ўзбек олимпиадачиларини “байрамона руҳда” кутиб олиш талаба-ëшларга юкланди


Ўзбекистон тарихида илк бор Олимпиядада эришилган юксак натижаларни Ўзбекистон ҳукумати аввал кузатилмаган тарзда нишонлаш борасида буйруқ чиқарди. Талабар кўчаларни тўлдириб Тошкентга етиб келган олимпиячиларни олқишлайдиган бўлди. Бироқ кимдир ҳукумат кўрсатмасисиз ҳам ўзида шундай эҳтиёжни сезган бўлса, талабалар орасида олимпиячиларни кутиб олишга ўзининг мажбурланганини сезганлар ҳам бўлди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 22 август куни Тошкентдаги олий таълим муассасалари ректорларига берилган буйруққа кўра¸ 23 август куни Рио олимпиадасидан қайтиб келаëтган ўзбек спортчиларини пойтахтдаги талабалар “ëрқин либослар”да кутиб олишлари лозим. Ушбу буйруқ нусҳаси Озодлик радиосига етиб келди.

Вазирлик буйруғи нусхаси.

Вазирлик буйруғи нусхаси.

Озодлик боғланган Тошкентдаги бир қатор университет масъуллари бу буйруқ ижроси устида иш бораëтгани¸ талаба-ëшларни олимпиадачиларни кутиб олишга чиқариш устида маънавият масалалари бўйича проректорлар ишлаëтганини билдирдилар.

“Кеча бизга вазирликдан телефон ҳам қилишди. Проректоримиз ҳаммамизни чақирдилар. Бугун кечқурун чиқамиз. Ҳали ўқиш бошланмагани учун талабалар йўқ. Лекин Тошкентда яшайдиганларга телефон қилиб¸ ҳаммасини чиқарамиз”¸ деди Озодлик суҳбатлашган Тошкент университетларидан бири ходими.

Айни пайтда¸ Озодлик суҳбатдошлари айнан қанча талабанинг “ëрқин либосларда кўчага чиқиши”га ойдинлик киритишга қийналдилар. “Ëрқин либослар” деганда вазирлик¸ айтилишича¸ Ўзбекистон байроғидаги оқ¸ қизил¸ яшил ва кўк рангларда кийиниб чиқишни буюрган.

Тошкент халқаро аэропорти навбатчилик хизматидан олинган маълумотга кўра¸ Рио олимпиадасида қатнашган ўзбек спортчилари жамоаси ўтирган чартер учқичининг Тошкентга 20:20 да қўниши белгиланган. Айни пайтда аэропорт ходими¸ учқичнинг аниқ қўниш вақти ҳақида маълумот йўқлигини билдирди.

Айни пайтда аэропорт вакили таъкидича¸ хавфсизлик чоралари боис¸ олимпиадачиларни кутиб олишга чиққанлар аэропорт биносига яқин йўлатилмайди.

Кутиб олувчилар бир қатор бўлиб тизилиши айтилган Нукус ва Ойбек кўчаларида¸ воқеа жойидаги Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ оқшомги соат 6 дан бошлаб "чақирилганлар" тўпланиб бўлган.

"Спец одамларни турғизиб кўйишди байроқ кийимларида -оқ, қизил, яшил, кўк. Одам ҳозирдан кўп ва секин ҳайдашаяпти, кетиш эҳтимолим бор бу ердан", деб ëзди спортчиларни ўз хоҳиши билан кутиб олишга чиққан оддий тошкентликлардан бири Тошкент вақти билан соат 6 да.

Риодан келаëтган учқич қўнишидан бир неча соат олдин¸ Ўзбекистон байроқларини кўтариб олган "парад кийими"да уюштирилган оломон Нукус кўчаси бўйлаб тизилиб бўлган. Аэропортга элтувчи асосий шоҳкўча тўсилиб¸ йўл бўйига милиция ва хавфсизлик кучлари қўйилган.

"Бизга олимпиадачилар ўтаëтганда¸ қўлларимизни баланд кўтариб¸ "офарин" деб бақириб туриш айтилди. Ҳали самолëт қачон қўнадию¸ спортчилар қачон чиқади¸ ҳеч ким билмайди. Қоронғу тушди¸ ҳар икки минутда патруль машиналари ўтиб турибди. Биз ҳалиям ўтирибмиз¸ қачон кетишга рухсат беришади¸ билмаймиз"¸ дейди бюджет ҳисобида олийгоҳда ўқиëтган талабалардан бири.

Ўзбек спортчиларининг Рио олимпиадасидаги ғалабалари мамлакатда байрам қилинаëтганига қарамай¸ олимпиадачиларни кутиб олишнинг мажбуран ташкиллаштирилиши айрим ëшларда эътироз уйғотмай қолмади.

“Ким айтади лаънати СССР тугади¸ биз ортга қайтишни хоҳламаймиз¸деб! Ҳали ўзи СССР дан қутулмаган бўлсак¸ унга қайтиш кимга керак! Мен спортчиларимизни кутиб олиш керак эмас¸ демаяпман. Агар оммавий ахборот воситалари қачон¸ қаерга чиқишни рисоладагидай эълон қилса¸ кўпчилик ўз хохиши билан чиқишига шубҳам йўқ. Лекин бу ишни яна аҳмоқона буйруқ ва навбатдаги хўжакўрсинга қилишаяпти”¸ деб ëзди Facebookка ташлаган бу буйруққа муносабат билдирган тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Айни кунларда маҳаллий матбуот ўзбек спортчиларининг Риодаги муваффақиятини миллий ифтихор рамзи сифатида тақдим этмоқда. Ўзбек қўшиқчиларининг ватандош спортчилари¸ хусусан¸ медаль соҳибларига аталган қўшиқлар куйламоқда. Хусусан¸ “Божалар” гуруҳининг олимпиадачи-чемпионлар номлари бирма-бир куйланган янги қўшиғи ижтимоий тармоқларда тарқаб кетди.

Ўзбекистон терма жамоаси Бразилия олимпиадасида мустақилликдан бери энг кўп соврин олди ва жами 13 та медални қўлга киритди. Ўзбек жамоаси умум ҳисобда Риода медаль олган 87 давлат орасида 21-ўринни эгаллади. 5 августдан 21 августгача давом этган Рио-де-Жанейродаги XXXI Ёзги олимпиада ўйинларида ўзбек жамоасига энг кўп медаль келтирган боксчилар бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG