Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:11

Ўзбекистондан топилган Шамсиддинов жасади ДНК текширувидан ўтказилади


Салим Шамсиддинов
Салим Шамсиддинов
Жорий йил 15 мартидан бедарак йўқолган Хатлон вилояти Ўзбеклар жамияти раиси Салим Шамсиддиновники экани тахмин этилаëтган жасадни таниш учун Термизга борган унинг укаси¸ жасад устидаги кийимларни қисман таниганини айтади.

Хатлон вилояти Ўзбеклар жамиятининг собиқ раиси, 58 ёшли Садриддин Шамсиддиновники деб тахмин қилинаётган жасад Термиз туманининг Амузанг каналидан топилгани ҳақида Озодлик 18 июл куни хабар қилган эди.

Ўзбекистон томони жасадни таниш ҳақида юборган телефонограммадан сўнг Салим Шамсиддиновнинг укаси Садриддин Шамсиддинов Ўзбекистонга бориб қайтди.

Садриддин Шамсиддинов Озодлик мухбири билан суҳбатда жасад устидан топилган кийимларни қисман таниганини айтади:

- Кийим-кечаклар Термиз тумани прокуратурасида ашёвий далил сифатида сақланаётган экан. Менга кўрсатишди. Бир қисм кийимларини танидим, ҳақиқатан акамнинг шундай кийимлари бор эди. Акам ўша йўқолган куни эрталаб бадантарбия қилгани спорт кийимида чиқиб кетган эди. Жасаддан ДНК анализлари олиб, 1 майда кўмишган экан, дейди Садриддин Шамсиддинов.

Унинг айтишича, ўзбек терговчилари жасад кўмилган қабрни очиб кўришга ижозат бермаган:

- Очиб кўришга рухсат беришмади. Мендан ҳам ДНК анализи олиб, "иккисини Тошкентга юборамиз, бир ойдан сўнг натижаси маълум бўлади, ўшанда аниқ жавобни айтамиз. Агар ҳақиқатан ҳам акангиз эканлиги тасдиқланса, унинг хокини олиб кетишингиз мумкин", деб айтишди, дейди Садриддин Шамсиддинов.

Салим Шамсиддинов Хатлон вилояти Ўзбеклар жамияти раиси сифатида ишлаб юрган пайтда Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни танқид қилиб бир қанча чиқишлар қилган эди.

Тожикистон Социал-демократик партияси етакчиси Раҳматилло Зоиров Озодлик мухбири билан суҳбатлардан бирида Салим Шамсиддиновнинг йўқолиши ортида сиёсий сабаблар мавжудлиги ҳақида гапирган эди:

- У Тожикистон республикаси президенти тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиш ташаббус гуруҳи мажлисларида фаол иштирок этган, менинг номзодимни президентликка кўрсатиш бўйича миллатдошлари орасида тарғибот ишлари олиб бораётган эди, деган эди Раҳматулло Зоиров.

Хатлон вилояти Ўзбеклар жамиятига 2004 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган, 2011 йили Республика Ўзбеклар жамияти раиси муовини вазифасига тайинланган Салим Шамсиддинов бир йил аввал – 2012 йил, 5 май куни номаълум шахслар томонидан калтаклаб кетилган эди.

Айнан ўша куни Республика Ўзбеклар жамияти навбатдан ташқари мажлис ўтказиб, Салим Шамсиддиновни жамият аъзолигидан чиқарган эди.

Ўшанда Шамсиддиновнинг ўзи ҳужумни сиëсий фаолияти билан боғлаб, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматига нисбатан билдирган танқидий фикрлари сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди.

Шамсиддинов 2012 йил апрелида маҳаллий матбуотда эълон қилган мақоласида икки давлат ўртасидаги муносабатларни “Совуқ уруш” даврига қиёслаб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни Тожикистонга нисбатан босим ўтказиш сиёсатини ўзгартиришга чақирган эди.

Ўша даврда "Миллат" газетасига берган интервьюсида у Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларнинг боши берк кўчага кириб қолгани сабабчиси сифатида танқид қилган эди.

Шамсиддинов, жумладан, Душанбе раҳбари “баъзи миллатчи тарихчилар гапига кириб, расмий Тошкент билан муносабатларни кескинлаштириб, Тожикистон учун муаммолар яратмоқда” қабилидаги фикрларни илгари сурган эди.

Шунингдек, касби ҳуқуқшунос бўлган Салим Шамсиддионов Роғун ГЭСи қурилишининг тез орада битишига шубҳа билдирган, Хатлон вилоятида маҳаллий ўзбек аҳолиси ҳуқуқлари амалдорлар томонидан топталаётгани тўғрисида гапирган эди.

Салим Шамсиддинов 2013 йилнинг 15 мартида эрталаб уйидан чиққандан сўнг бедарак йўқолган эди.
XS
SM
MD
LG