Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:27

Мирзиëев халқнинг ўз эҳтиëжи учун четдан олиб кирадиган молига яна бож солмоқчи. Лойиҳа кескин норозилик уйғотди


Янги қарор лойиҳаси қабул қилинса¸ Ўзбекистон ҳудудига давлат чегараси орқали олиб кириладиган 300 доллардан ошиқ ҳар қандай истеъмол маҳсулоти 50 фоизгача божга тортилади.
Янги қарор лойиҳаси қабул қилинса¸ Ўзбекистон ҳудудига давлат чегараси орқали олиб кириладиган 300 доллардан ошиқ ҳар қандай истеъмол маҳсулоти 50 фоизгача божга тортилади.

7 ноябрь куни «Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси муҳокамасига ажратилган муҳлат тугайди.

Муаллифи Давлат божхона қўмитаси бўлган бу қарор лойиҳаси 23 октябрь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида фақат бир тил – рус тилида эълон қилинган.

Президентнинг бу қарори ўзбекистонликларнинг яқин ва узоқ хориждан ўзи ва оиласи эҳтиëжи учун қилган хариди умум қиймати 300 доллардан ошса¸ 2020 йил 1 январидан бошлаб унга 50 фоизгача бож солишни назарда тутади.

Амалдаги тартибга кўра¸ ўзбекистонликлар аэропорт орқали четдан 2000¸ темир йўл орқали 1000¸ чегара ўтказиш пункти (қўшни давлатлар - таҳр.) орқали эса 300 АҚШ доллари қийматидаги истеъмол товарларини божсиз олиб ўтиши мумкин.

Лойиҳа муҳокамасида фикр билдирган ўзбекистонликларнинг деярли ҳаммаси уни “халқнинг сабрини тўлдирадиган ҳаракат” сифатида баҳолаган.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси расмийлари Озодликнинг бу қарор лойиҳаси ва унга нисбатан билдирилаëтган кескин эътирозларга оид сўровига муносабат билдирмади.

Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган тадбиркор ва мулозимлар¸ бу лойиҳани жорий ҳукмрон элитанинг импорт устидан тўлиқ монополия ўрнатиш уриниши деб баҳолади.

Хорижга чиққан ўзбекистонлик 300 доллардан ошиқ совға-салом учун бож тўлайди

Муҳокамага қўйилган президент қарори лойиҳаси қабул қилинган тақдирда¸ 1 январдан бошлаб ўзбекистонликларнинг яқин ëки узоқ хориждан ўзи ва оиласи учун олиб келадиган ҳар қандай совға-саломи¸ 300 доллардан ошган тақдирда¸ 50 фоизгача божга тортилади.

Ҳозир Америкада яшаëтган қизимни кўришга келдим. Қизим ўзимга¸ Тошкентдаги ака-укалари¸ жиянларига кийим-кечак¸ оëқ кийим дегандек¸ совға олиб бераяпти. Янги йилдан кейин бир чемодан совға-салом билан қайтаман. Бу қарор кучга кирса¸ 300 доллардан ошганига солиқ тўлашим керакмиш. 300 доллардан ошиши аниқ. Бу қанақа қароқчилик? Каримов давридаям халқни бунчалик қийратишга боришмаганди. Ҳозирдан асабим бузилиб ўтирипман”¸ деб мурожаат қилди Озодликка АҚШда меҳмонда юрган ўзбекистонликлардан бири.

Президент қарори лойиҳасида¸ яқин ëки узоқлиги¸ қандай транспорт воситаси орқали Ўзбекистонга киришидан қатъий назар¸ жисмоний шахсларнинг давлат чегарасидан ўтадиган ҳар қандай нотижорий (сотишга мўлжалланмаган - таҳр.)товаридан бож ундириш кўзда тутилган.

Бундан эса¸ Қирғизистон ëки Қозоғистон билан чегара-божхона ўтказиш пунктидан ўтиши¸ АҚШ¸ Германия ëки Япониядан самолëт орқали кириб келишидан қатъий назар¸ ўзбекистонликлар ўзи учун олган кийим-кечаги ва озиқ-овқати қиймати 300 доллардан ошса¸ бир хил бож тўлашга мажбур бўлиши англашилади.

Хориждан почта орқали юбориладиган жўнатмаларга ҳам қиймати 300 доллардан ошса¸ бож солинади

Президент имзоси учун ҳозирланган қарор лойиҳаси¸ нафақат хорижга чиққан ўзбекистонликлар ўзи билан олиб кирадиган харид¸ балки уларга четдан юбориладиган почта жўнатмаларидан ҳам¸ умум қиймати 300 доллардан ошса¸ 50 фоизгача бож ундиришни кўзда тутади.

Айни кунларда энг камтар ҳисоб-китобга кўра¸ 5 миллиондан ошиқ ўзбекистонлик Россия¸ Туркия¸ Жанубий Корея каби давлатларда ишлаб¸ топган пулига Ўзбекистондаги оиласини боқмоқда.

Озодлик гаплашган меҳнат муҳожирлари¸ билет нархи қиммат бўлгани боис¸ ватанга бир йилда кўпи билан бир марта бориши¸ аммо ойига фарзандларига почта орқали кийим-кечак ва ширинлик юбориб туришишини айтади.

Бу ерда кийим-кечак¸ шоколадлар¸ рўзғор буюмлари жуда арзон. Ҳар ой онамга ташлаб келган ўғлимга посилка жўнатиб келаëтгандим. Ҳозир ҳеч ким юк олмаяпти. Ҳали қарор кучга кирмай¸ Тошкентга борган жўнатмаларимизни бермай сарсон қиляпти. Менга ўхшаганлар пули кўпайганиданмас¸ ишсизлик ва қимматчиликдан қочиб¸ четда ишлаб юрган бўлсак¸ топганимизни бола-чақам деб юбориб турган бўлсак¸ энди шунга ҳам чанг солаяпти булар. Буни тўхтатдиган борми?”¸ дейди Туркияда ногиронларга қаровчилик қилаëтган ўзбекистонлик муҳожир аëл.

Шавкат Мирзиëев 2018 йил 6 февраль куни имзолаган 3512-сон қарор билан жисмоний шахсларга ҳар кварталда бир марта юбориладиган 1000 долларгача қийматдаги куръерлик жўнатмаларини бождан озод қилган эди.

Орадан беш ойча ўтмай¸ 19 июль кунги 3873-қарори билан Мирзиëев почта ва куръерлик жўнатмалари учун чекловни кескин кучайтирди ва бож ундирилмайдиган жўнатмалар қийматини 100 АҚШ долларига туширди.

Қарор муаллифлари уни қандай изоҳламоқда?

Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” деб номланган қарор лойиҳаси муҳокамасига ажратилган муҳлат тугашига саноқли кун қолганига қарамай¸ regulation.gov.uz сайтида 4 ноябрга қадар унинг ўзбек тилидаги матни жамоатчиликка тақим қилинган эмас.

(Ўзбекистон республикасининг “Давлат тили ҳақида” 1995 йил 21 декабрь куни қабул қилинган қонунининг 8-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади”¸ деб ëзилган – таҳр.)

Озодлик 4 ноябрь куни Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати¸ шунингдек¸ Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси¸ хусусан¸ унинг Тўловлар бўлими расмийларидан қарор лойиҳасини изоҳлашни сўраб мурожаат қилди. Расмийлардан бирортаси Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Қарор лойиҳаси муаллифлари маҳаллий матбуотга берган изоҳида унинг “жисмоний шахслар томонидан божхона постларидан нотижорат мақсадларда олиб келинаётган товарларнинг божхона расмийлаштиришни соддалаштириш мақсадида ишлаб чиқилган”ини иддао қилди.

Хусусан¸ Давлат божхона қўмитасида бошқарма бошлиғи ўринбосари Фарҳод Олимжонов бу лойиҳани божхона постларида ҳар бир фуқаро олиб кираëтган нотижорий (яъни сотиш учун мўлжалланмаган – таҳр.) юкни текширишга кетаëтган 30-40 дақиқалик вақтни тежаб¸ чегарадан ўтишни осонлаштирадиган ҳаракат сифатида тақдим этди.

Бу расмийга кўра¸ 1 январдан бошлаб яқин ва узоқ хориждан мамлакатга олиб кириладиган ҳар қандай нотижорий маҳсулотга харидор қўлидаги маҳсулот чеки ва квитанцияси асосида бож солинади.

Ушбу квитанциялардаги қийматдан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун - 30 фоиз, лекин камида 1 кг учун 2 AҚШ доллари; ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун - 50 фоиз, лекин камида 1 кг учун 4 AҚШ доллари миқдорида ягона божхона тўловини ундириш назарда тутиляпти”¸ деди жумладан Олимжонов.

“Халқ устидан кулиш”

«Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасининг расмий сайтдаги муҳокамасида 4 ноябрга қадар билдирилган ўнлаб муносабатнинг ҳаммаси ўта салбий.

Бу лойиҳани “зинҳор” қабул қилмасликни талаб қилган муҳокама иштирокчилари уни “халқ устидан кулиш” ва “халқ сабр косасини тўлдириш” ва коррупция машинасини мойлаш уриниши сифатида баҳолаган.

Муҳокама қатнашчилари фикрича, лойиҳа қабул қилинган тақдирда у Ўзбекистонни дунëнинг энг қашшоқ ва қолоқ давлатлари - Ҳаити¸ Зимбабве ва Венесуэла сафига қўшади.

Хусусан¸ шарҳ билдирганлар бири:

Бутун дунëда коррупцияга қарши курашаяпти. Бизда эса¸ тескариси – шунақа йўллар билан коррупцияни кучайтиришни исташади. Бунақа лойиҳаларни ишлаб чиқаëтган амалдорлар нимани ўйлаяпти? ҚАЧОН ХАЛҚНИ ТАЛАШНИ ТЎХТАТАСИЗЛАР?”¸ деб ëзган бўлса¸ бошқаси:

Яна асоссиз божларми? Яна халқни шилишми? Халқнинг сабр косаси тўлаяпти… Яқинда Ливанда бўлган воқеаларни унутманг! Асоссиз божлар¸ солиқларни оқибати мана шунақа бўлади!

Мен қаршиман бу АСОССИЗ 30%-50% ЛИК БОЖЛАРГА. НЕГА ХАЛҚ ҲЕЧ ҚАНДАЙ ЗАРУРАТСИЗ¸ САБАСИЗ БОЖ ТЎЛАШИ КЕРАК? деб ëзган.

Аксар шарҳловчилар эса¸ қарор лойиҳасини Ислом Каримов даврида “ички истеъмол бозорини ҳимоялаш” иддаоси билан қабул қилинган 1118-сонли халқни қийратган қарорига қайтиш сифатида баҳолаган.

2009 йил 1 июнь куни Каримов имзолаган “«Жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» деб номланган қарор¸ 2 июндан бошлаб қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига бир йўла олиб кириладиган импорт истеъмол товарларининг бож тўловлари олинмайдиган умумий қийматини 10 АҚШ доллари қилиб белгилаган эди.

Бу қарор¸ кузатувчилар таъкидича¸ўзбекистонликларнинг истеъмол маҳсулотлари нархи бир неча баравар арзон бўлган қўшни давлатларга ўтиб харид қилишини тақиқлаган¸ чегарадаги контрабанда ва коррупцияни ниҳоятда кучайтириб юборган эди.

Каримов қарорини ўз вақтида шарҳлаган мутахассислар¸ унинг мамлакат импорт бозорини ўз назоратига олган биринчи оила монополиясини қонунийлаштирганини таъкидлаган эди.

2020 йилдан кучга кириши мумкин айни руҳдаги қарор ҳам¸ Озодлик гаплашган ҳукумат мулозимлари¸ қолаверса¸ йирик савдогарлар таъкидича¸ импорт бозорини назоратга олиш ҳаракатига киришган янги ҳукмрон элита манфаати учун ишлаб чиқилган.

XS
SM
MD
LG