Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:10

АҚШ Ўзбекистондаги диний эркинлик яхшиланганини олқишлади¸ аммо махсус рўйхатда қолдирди


АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон диний эркинлик бўйича “реал прогресс”га эришаётгани, “муҳим қадамлар” ташлаётганини олқишлади, айни пайтда қатор муаммолар мавжудлигини қайд этди.

Муаммолар сирасида 2019 йилда жамоатчиликда кенг муҳокамага сабаб бўлган бир неча воқеа – рўмолли ўқувчиларнинг дарсга киритилмагани, ҳижобли талабаларнинг ўқишдан ҳайдалгани, эркакларнинг соқоллари мажбуран қирилгани ҳамда диндор блогерларнинг қамалгани каби ҳолатлар тилга олинган.

АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонни “ёмонларнинг ёмони” рўйхатидан чиқарди, аммо ҳануз диний эркинликлар жиддий равишда бузилаётгани боис, махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатида қолдирди.

Айни пайтда¸ Озодлик гаплашган айрим зиëлилар¸ Ўзбекистонда диний эркинликнинг нисбатан кенгайиши айрим гуруҳ ва тоифаларнинг жамиятни диний мутаассибликка етаклаëтганидан хавотир билдирди.

“Муҳим қадамлар”

АҚШ Давлат департаментининг 2019 йилга оид ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати диний эркинлик вазиятини яхшилаш бўйича “муҳим қадамлар” ташламоқда.

Ҳисоботда энг муҳим ижобий қадам сифатида, диний жамоалар ортидан куч ишлатар тузилмалар таъқиби ва рейдларнинг кузатилмагани қайд этилган.

Хусусан, Давлат котиби Майк Помпео 10 июнь куни Вашингтонда ўтган матбуот анжуманида:

“Биз Ўзбекистонда 2019 йилда рўйхатдан ўтмаган диний жамоалар йиғилишларига полиция рейдлари уюштирилмай қўйганини қайд этдик. 2018 йилда бундай жамоаларга полиция 114 та, 2017 йилда эса 240 та рейд уюштирган эди”, деб алоҳида таъкидлади.

Айни пайтда, ҳисоботда диндорларни катта гуруҳларда ҳибсга олиш, ҳибсхона ҳамда қамоқда сақланаётганларга нисбатан қийноқлар қўлланишига оид хабарларнинг камайгани ҳам ижобий қадам сифатида олқишланган.

Мавжуд муаммолар

Ҳисоботда мамлакатда ҳамон диний эркинликни чеклаш амалиёти кузатилаётгани, жумладан мажбуран эркакларнинг соқолини қирдириш, аёлларнинг ҳижобини ечтириш кампанияси, рўмолли ўқувчилар ҳамда ҳижобли талабаларни таълим даргоҳларига киритмаслик ҳоллари кузатилгани алоҳида тилга олинган.

2019 йилнинг апрелида ҳижобини ечишдан бош тортгани учун икки талабанинг университетдан қувилгани жамоатчилик томонидан қораланган ва воқеани Озодлик кенг ёритган эди.

Ўша кезда таълим даргоҳларидаги ўқувчи қизларнинг рўмол ўрашларига рухсат берилишини талаб қилган таниқли блогер, Ziyouz маърифий портали асосчиси Даврон Тожиалиев Ўзбекистонда 11 июнь куни Озодлик билан суҳбатда диний эркинликлар вазиятини ҳануз идеал даражада деб билмаслигини айтади:

Ўзбекистонлик таниқли блогер, Ziyouz маърифий портали асосчиси Даврон Тожиалиев
Ўзбекистонлик таниқли блогер, Ziyouz маърифий портали асосчиси Даврон Тожиалиев

- Диний эркинлик идеал даражада деб билмайман. Кузатишимча, охирги йилда диний соҳадаги янгиликлар турғунликка учрагандай. Мирзиёев ҳокимиятининг 1-2-йиллари диний соҳада кўп ислоҳотлар қилинган эди. Мамлакатга бошланғич диний саводни чиқарадиган ўқув марказлари жуда керак. Лекин бу масала ҳамон ҳал этилмаяпти.

Тармоқларда диний эркинлик

Айни пайтда, АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида, Ўзбекистонга қарашли онлайн вебресурслари ҳамда ижтимоий тармоқларда диний мавзуларда ёзаётган блогерлар ва фойдаланувчилар анча эркинлашгани олқишланган.

Ҳисоботда ўзбекистонлик таниқли блогер, Islamonline.uz вебсайти асосчиси Адҳам Отажонов (ижтимоий тармоқлардаги тахаллуси Abu Muslim) 2019 йил давомида ўз фаолиятида бирор тўсиққа дуч келмаганини билдиргани айтилган.

Facebook тармоғида 24 мингдан ортиқ ўқувчиси Отажонов, 11 июнь куни Озодлик билан суҳбатда, 2020 йил давомида ҳам бирор жиддий тўсиққа учрамагани, аксинча¸ йиллар давомида чоп этиши тақиқланган китобларини нашрга топширганини билдирди:

Ўзбекистонлик таниқли блогер Адҳам Отажонов АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан, февраль, 2020
Ўзбекистонлик таниқли блогер Адҳам Отажонов АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан, февраль, 2020

- Сўнгги йилларда, диний мавзуда ёзганларим бўйича ҳеч қандай тазйиққа, босимга учраганим йўқ. Олдин қоғозга ўраб гапирган бўлсак, ҳозир баъзан тўғрисини айтиб қўйяпмиз. Масалан, ҳижоб ва бошқа муҳим масаласида бемалол гапиряпмиз. Яқинда диний қўмита, дин ишлар бўйича президент маслаҳатчиси, диний идора вакиллари ва бошқа казо-казолар блогерлар билан учрашди. Қандай дардларинг бўлса айтинглар, деди. Ҳамма қийнаган нарсаларни айтиб олдик, уялиб, қисилиб ўтирмадик. Яхши суҳбат бўлди, шундай мулоқот қилиб турамиз, деб ваъда қилишди. Масалан, аввалги даврда менинг диний ва диний ҳаёт таҳлилига оид китобларимга қўмита рухсат бермаётган эди. Юборинг қайта кўриб чиқамиз, дейишди. Бешта китобимни юбордим, яна бештаси тайёр турибди, бу китоблар сўнгги 30 йил ичида ёзилган. Қани кўрамиз.

Айни пайтда АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида, Ўзбекистон қонунчилигида, вебсайтлар ёки бошқа Интернет тармоқлари давлат ва миллат хавфсизлигига таҳдид солувчи, деб топилган тақдирда, Адлия вазирлиги томонидан суд қарорисиз блок қилинишига рухсат беришидан хавотир изҳор қилинган.

Forum 18 хавотирлари

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига дунё давлатларидаги диний эркинликларни кузатиб борувчи нодавлат ташкилот - Forum 18 ташкилотининг хавотир изҳор қилинган кузатувлари ҳам киритилган.

Жумладан, ушбу ташкилот хабар қилган бир ҳолат – 2019 йилнинг 17 апрелида Бухородаги қамоқхонада мусулмон тутқун Хайрулло Турсунов қийноққа тутилгани ҳисоботга киритилган.

Forum 18 кузатувларига кўра, Ўзбекистонда ҳануз қийноқлар кузатилмоқда, Ҳаж зиёратига бориш учун пора талаб қилиш ҳоллари давом этмоқда, ёш болалар масжидга қўйилмаётир, диний таълим ҳануз тақиқланганича қолмоқда.

Ушбу ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Феликс Корлининг Озодликка айтишича, Ўзбекистондаги умумий вазият диндорлар уйларига рейдлар, диний материаллар мусодараси, катта гуруҳларнинг судланиши озайиши ҳисобига яхши томонга ўзгарган.

Аммо диний эркинликни таъминловчи қонунчиликда ҳануз бирор жиддий ўзгариш қилинмаган:

Forum 18 ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Феликс Корли
Forum 18 ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Феликс Корли

“Ҳукумат бир неча йиллардан бери қонунчиликни ўзгартириб, кенгроқ диний эркинликлар беришни ваъда қилиб келмоқда, аммо ҳануз бу иш қилинмади. Биз ҳануз, улар ҳозирланаётганини иддао қилган матнни кўрмадик. Бу матнни Forum 18 кўриши муҳим эмас, муҳими буни ўзбекистонликлар кўра оладими, парламентга киритилмасдан олдин унга ўз муносабатини билдира оладими, умуман олганда, бу ўзгартиришлар қачон киритилади – ҳануз номаълум”, дейди Корли.

Шунингдек у, диний жамоалар рўйхатга олиниши учун ҳануз 100 кишининг имзоси талаб қилиниши, диний жамоаларга уйларида йиғилиш тақиқлангани, диний адабиётлар устидан цензура ҳам бекор қилинмаганини қайд этди.

“Қонунчиликда ва тизим фаолиятида, гарчи пропаганда ва гап-сўзлар кўп бўлаётган бўлса-да, бирор жиддий ўзгариш бўлгани йўқ. Биргина кичик жиддий ўзгариш, “энг кам иш ҳақи” аниқламасининг “Базавий ҳисоблаш миқдори” сифатида ўзгартиришгани учун, диндорларга солинадиган жарима миқдорининг озайганидир. Аммо, аслида бу жарималарнинг ўзи халқаро инсон ҳуқуларига зидку! Хўп, бу амалиётнинг ўзи ўзгарадими?! Буни ҳануз ҳеч ким билмайди”, деди Феликс Корли.

Диний эркинлик ва терроризм хавфи

Айни пайтда, ҳукумат берган диний эркинликларнинг Ўзбекистондаги айрим диний жамоалар томонидан суиистеъмол қилинаётгани, бунинг ортидан айниқса, ижтимой тармоқларда радикал кайфаятдаги гуруҳлар фаоллиги ошишидан хавотирлар изҳор қилинмоқда.

Психология фанлари доктори, ўзбекистонлик ëзувчи Маҳмуд Йўлдошев бундай хавотир мутлақо ўринлидир, деган фикрда:

Психология фанлари доктори, ўзбекистонлик ëзувчи Маҳмуд Йўлдошев
Психология фанлари доктори, ўзбекистонлик ëзувчи Маҳмуд Йўлдошев

- Жавобим қисқа: бундай хавф нафақат бор, балки анча катталашиб кетди. Оддий бир ҳолатни мисол келтираман, айтайлик 500 та маросим қилинадиган бўлса, бунинг айтайлик 200 таси хотирлаш каби маросимлар бўлса, ҳаммасида диндорлар камида 20 минутдан маъруза қиляпти.Ўзбекистон бўйлаб бунақа маросимлар қанчалаб ўтказиляпти. Булар жуда катта кучга айланиб кетиши мумкин, яъни мутаассиблар кўпайиб кетиши мумкин. Пайғамбаримиз айтганларку: “Динда чуқур кетманг!” деб. Дин керак, менинг ҳам ўзимга яраша эътиқодим бор. Дин ва эътиқодлар қайсидир маданият билан аралаштирилмаслиги керак. Биз тарихда чуқур илдизи бор халқмиз, дин эътиқодни олди дегани бу ўша дин қаердан бошлаб тарқаган бўлса ўша ер маданиятини ҳам олишимиз шарт эмаску?! Биз биргина сиёсат ёки биргина йўналишда тиқилиб қолганимиз йўқ, дунёвий давлатмиз. Давлатнинг эркинлик қоидалари бор, ҳар бир инсоннинг эркинлик қоидалари бор. Бунга ҳаммамиз тенг амал қилишимиз керак!

Ўзбекистонлик блогер Адҳам Отажонов фикрича ҳам, хавотирли ҳолатлар бор, аммо буни аввалгидай диний эркинликни чеклаш йўли билан бартараф этиб бўлмайди:

- Тўғри, диний эркинликлар ошиши билан баъзи оқимларлар ҳам ғимирлаб қолишди. Масалан, Ҳизбут-таҳрир анча фаоллашиб кетди, айниқса интернетда, амнистия билан чиққан баъзи ашаддийлар ҳам ўз қилиқларини давом этираётгани ҳақида инфо бор. Даъватлари мусулмонлар ичида тушунмовчиликларга, тафриқага сабаб бўлмоқда, бу рост. Аммо жамиятга таҳдид, деб диний эркинликларни чеклаш, репрессив муносабатда бўлиш, боши берк кўчадир. Динни ўрганишга тақиқ қўйилар экан, одамлар бунга қараб ўтирмайди, топиб ўрганаверади. Мана шу жойда баъзи тоифларнинг радикаллашувига йўл очилади. Бундан ташқари, давлат ҳам маълум бир фирқа, мазҳаб, оқимларнинг тарафини олмаслиги керак. Хуллас, қилинадиган ишлар жуда кўп. Нима бўлганда вазиятга ҳам таёқ билан эмас, ақл билан ёндашиш керак, дейди блогер.

Бошқа диний жамоалар аҳволи

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида қайд этилишича, насроний диний жамоалар ва Исломдан бошқа диний гуруҳлар эркинликларини таъминлашда ҳам илгари ташланган қадамлар кузатилган.

Жумладан, саккизта черков рўйхатга олинган, “Иегово гувоҳлари” жамоаси анча эркин ибодат қилиш имкони берилгани тилга олинган.

Хусусан, 2019 йилнинг октябрь ойида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳисоботига ушбу жамоа номидан киритилган иқтибос келтирилган:

“Диний эркинлик топталиши ва муттасил таъқиблар узоқ давом этган йиллардан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати “Иегово гувоҳлари”га муносабатда жиддий ижобий ўзгаришларга эришди”.

Сиёсий маҳкумлар

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистонда диний эркинликларнинг таъмнловчи қонунчилик масаласига алоҳида тўхталган.

Унда мамлакат Жиноят кодексида, рўйхатга олинмаган диний гуруҳлар “ноқонуний” деб малакалангани, “экстремист” кўрилган гуруҳлар эса “тақиқланган” қайд этилган.

Айни пайтда, ушбу ҳисоботда фуқаролик жамияти фаолларининг қонунчиликка киритилган “экстремизм” тушунчаси остида кенг фаолият тури кўзда тутилганидан хавотирда экани айтилган.

Қайд этилишича, бунинг оқибатида амалиётда, зўравон бўлмаган диний эътиқод билан терроризмни қўлловчи ғояларни бир-биридан ҳуқуқий жиҳатдан ажратиб олиш ҳануз имконсиз бўлиб қолмоқда.

Натижада, 2018 йил якунига қадар диний қарашлари учун қамоққа ташланганлар расмий сони 1 503 нафарни ташкил этган. Ҳисоботга кўра, мамлакатдаги нодавлат ташкилотлар ҳукуматнинг расмий рақамларини мустақил равишда тасдиқлай олмаслигини билдирган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG