Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:26

Сенаторлар мажбурий меҳнат олдини олиш учун комиссия тузди


Олий Мажлис Сенатининг 4 октябрь кунги ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масаласини муҳокама қилди.

Сенат ахборот хизматининг хабар беришича¸ мазкур масала “фуқаролар меҳнат ҳуқуқларининг кафолатларини янада мустаҳкамлаш долзарб эканлиги туфайли” сенаторлар ташаббуси билан муҳокамага қўйилган.

“Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) аъзоси бўлгани ҳолда мазкур ташкилотнинг 14 та конвенциясини, шу жумладан болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисидаги конвенцияларни ратификация қилди. Ушбу конвенцияларнинг қоидалари босқичма-босқич миллий қонун ҳужжатларимизга имплементация қилинди”¸ дейилади Сенат ахборотномасида.

Муҳокамалар натижасида Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси тузишга қарор қилинган¸ шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи тасдиқланган.

Парламент комиссияси раиси қилиб¸ Кун.уз сайтининг ëзишича¸ таниқли сенатор Светлана Ортиқова сайланган.

Бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳудудий бўлимларига эга бўладиган бу комиссия¸ Сенат ахборотномасида айтилишича¸ мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик билан боғлиқ Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларини бажариш юзасидан марказда ва жойларда давлат органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари фаолиятини ўрганиш натижалари тўғрисида мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлиси муҳокамасига ахборот киритиб боради.

Сенаторлар мажбурий меҳнат муаммосини эътироф қилиб¸ унинг олдини олиш бўйича ўз чора-тадбирларини белгилаган айни кунда¸ Ўзбекистон вилоятларида давлат ташкилотлари¸ хусусан¸ таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ходимларини мажбуран пахта теримига ҳайдаш давом этмоқда.

Ўзбекистон бўйлаб пахта мавсумида бу йил янада кучайган мажбурий меҳнат манзарасини Озодлик ўз PaxtaGram лойиҳасида мунтазам суратда кузатиб бормоқда.

Озодликка 5 октябрь куни оддий ўзбекистонликлардан келган хабарларга кўра¸ ҳукумат ваъдаларига қарамай¸ Қашқадарë вилоятида макта ва коллеж ўқувчилари ҳам пахтага ҳайдалган.

Тафсилотларни Озодликда кузатинг.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG