Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:40

Қурултой: Каримовнинг номи қолади¸ аммо мероси савол остида!


Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳаракатлари унинг халқ ва мамлакат учун қилган тарихий хизматлари¸ айни пайтда¸ йўл қўйган тарихий хато-камчиликларига монандми? Каримовни ўлганидан сўнг ҳам "буюк арбоб"га айлантириш жамоатчиликнинг 1-президент бошқаруви давридаги тарихий хатоларни муҳокама қилиб¸ ундан сабоқ олиш имконини йўққа чиқармайдими?

"Қурултой" давра суҳбатида шу каби саволлар муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиеëв 25 январь куни имзолаган янги фармонга кўра¸ 30 январь – Каримов таваллуди олдидан Тошкент халқаро аэропорти¸ Тошкент давлат техника университети, Асака автомобиль заводи, Фарғонадаги санъат саройи, Тошкент ва вилоятлар марказий кўчаларига 1-президент номи берилади.

Бундай фармон билан Мирзиëев мустақил Ўзбекистоннинг 1-президентини ўзбекистонликлар учун Камол Отатурк¸ Шарль де Голь¸ Бен Гурион ва Вацлав Ҳавел каби Туркия¸ Франция¸ Исроил ва Чехия миллий қаҳрамонлари билан бир хил мақомга кўтарди.

Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди”¸ деб баҳо берилади Ислом Каримовга президент фармонида.

Таниқли журналист Шароф Убайдуллаев¸ бу қарорни олқишлаб¸ Ислом Каримовни 1-президент сифатида ҳурмат шоҳсупасига қўйиш миллий қадриятларга мос эканини айтади.

Ислом Каримовнинг мураккаб бир даврда Ўзбекистонда давлатчилик ва тинчликни сақлаб қола олганини эътироф этса-да¸ унинг мухолиф ва танқидчилари¸ Каримовни мамлакатни демократик тараққиëт ва иқтисодий ривожланишдан узоқлаштирган авторитар раҳбар сифатида таърифлайди.

- Ўзбекистонга Россиядан¸ Кореядан¸ ë Туркиядан одамлар келиб ишлаб кунини кўраëтган бўлса эди¸ Каримовни бундай шоҳсупага қўйсак арзирди. Лекин реалликка қарайлик¸ халқимиз Каримов даврида иш излаб тўрт томонга тўзиб кетди. Тинчлик¸ тинчлик¸ деймиз. Андижон қирғинини унутиб юбордикми¸ ëки қама-қамаларни. Шуни биз тинчлик деб атаëтган бўлсак¸ бу тинчликнинг дозаси жуда паст даражада¸ деди драматург Санжарали Имомов.

Псиxолог олим Маҳмуджон Йўлдошев¸ ўзбек жамияти Ислом Каримовнинг тарихий хизматларини эътироф этган ҳолда¸ унинг миллат ва давлат ҳаëтида чуқур из қолдирган катта тарихий хатоларини ҳам унутмаслик¸ улардан сабоқ чиқариши лозимлигини таъкидлади.

- Бу одам катта сиëсий ютуқларга эришди. Халқнинг олдига олиб чиққан катта ютуқлари бор ва уларнинг асосийси бизнинг халқнинг орзуси бўлган тинчликни сақлаб қола олди. Айни пайтда¸ унинг 25 йилда давомида конституциямизни 25 марта бузиб¸ 25 йил ўтирганига ҳайкал қўйишимиз керакми? Бу саволларни ўйлаб кўришимиз керак бир халқ¸ бир миллат сифатида. Ислом Каримовни мустақил Ўзбекистоннинг 1-президенти сифатида эътироф этишимиз керак¸ албатта. Лекин унинг хатоларига кўз юмишга ўтмаслигимиз керак¸ деди жумладан Маҳмуджон Йўлдошев.

“Қурултой”да билдирилган мулоҳазалар билан тўлиғича қуйида танишишингиз мумкин.

Каримовнинг номи қолади¸ аммо унинг мероси савол остида
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:30:01 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG