Линклар

Шошилинч хабар
01 октябр 2023, Тошкент вақти: 11:00

Ўзбекистон хабарлари

Президент Мирзиёев КХШТ саммитида меҳмон сифатида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти - КХШТнинг Афғонистон юзасидан ўтказиладиган саммитида меҳмон сифатида иштирок этади.

Расман билдирилишича, саммит видеоконференция форматида 23 август куни бўлиб ўтади. Шавкат Мирзиёев “Афғонистонда юзага келган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, яқин ҳамкор давлатлар ва минтақадаги қўшнилар томонидан эҳтимолий таҳдидлар ва хавф-хатарларга жавоб қайтариш бўийча амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан чуқур танишиш мақсадида” саммитда иштирок этади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома 1992 йилнинг 15 майида Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан Тошкентда имзоланган эди.

Ўзбекистон 1999 йилда КХШТ аъзолигидан чиққан эди. Таҳлилчилар шу йиллар давомида Москва Тошкентни ташкилотга қайтариш учун ҳаракат қилиб келаётганини айтадилар.

Айни пайтда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон ташкилотга аъзо давлатлар ҳисобланади.

Кун янгиликлари

Швейцария прокуратураси Гулнора Каримовага қарши айблов хулосасини судга тақдим қилди

Гулнора Каримова (архив сурати)

Швейцария федерал прокуратураси жорий йилнинг 28 сентябрь куни Беллинцона шаҳридаги Федерал жиноят судига Гулнора Каримова ҳамда яна бир айбланувчига нисбатан айблов хулосасини йўллаган. Прокуратура хабарномасида билдирилишича, ҳужжатда Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг қизи уюшган жиноий тўдага алоқадорликда айбланган.

Айблов хулосасига мувофиқ, Гулнора Каримова ва Россия телекоммуникацион ширкатларидан бирининг собиқ бошқарувчиси Швейцария ва бошқа мамлакатларда фаолият юритган жиноий тўдага алоқадор бўлган. Федерал прокуратура қайдича, гумонланувчилар 2005 йилдан 2013 йилгача бўлган муддатда содир этилган жиноятлар юзасидан айблов қўйилмоқда.

Жиноий тўда фаолиятида иштирок этишдан ташқари мазкур шахсларга нисбатан пул ювиш, хорижлик мансабдор шахсларга пора бериш ва ҳужжатларни сохталаштириш каби айбловлар илгари сурилган. 2012 йили Каримовнинг тўнғич қизи билан боғлиқ пул ювишга оид иш бўйича тергов доирасида Швейцария федерал прокуратураси тақрибан 800 миллион франкни музлатиб қўйган эди.

Яқинда Гулнора Каримовага яқин бўлган шахсга нисбатан айблов хулосаси чиқарилиши ортидан 130 миллион доллар мусодара этилган. Суд жараёни якунига етгунига қадар ишга дахлдор шахсларнинг барчасига нисбатан айбсизлик презумпцияси амалда бўлади.

Гулнора Каримовага қарши Ўзбекистонда 2013 йили талон-торож ва солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик моддалари бўйича иккита жиноят иши очилган. 2015 йили биринчи иш бўйича унинг 5 йилга озодлиги чекланган, 2017 йилдаги иккинчи иш бўйича эса у 10 йилга қамалган. Кейинроқ бу жазо беш йиллик озодликни чеклаш билан алмаштирилган.

2020 йил мартида Тошкент шаҳар суди Каримовани жиноий тил бириктирганлик, товламачалик, ўзлаштириш, ўғрилик, пул ювганлик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топиб, 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этган. У айни пайтда жазо муддатини Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо ўтаяпти.

Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлардаги Гулнора Каримовага алоқадор бўлган мулкларнинг умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланган. Ўзбекистон ҳукумати мазкур активларнинг бир қисмини қайтариб олишга уриниб келмоқда.

2020 ва 2021 йилларда Ўзбекистон Франциядан 20 миллион долларни қайтаришга муваффақ бўлган. Бу маблағ Париждаги кондоминиум ва 1815 йилда қурилган Château de Groussay қасрининг сотилишидан тушгани айтилган.

Аввалроқ Озодлик Британияда Гулнора Каримованинг қиймати 25 млн доллардан ортиқ учта уйи мусодара этилгани ҳақида хабар қилган эди. Британиянинг Ўта йирик миқдордаги фирибгарликка қарши кураш бюроси (Serious Fraud Office) Каримова 2004 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда Ўзбекистондаги бозорга киришга ёрдам бергани эвазига телекоммуникацион ширкатлардан пора ўлароқ юзлаб миллион доллар олганини иддао қилган.

Ўзбекистонда ўтган йили табиий офатларда уч юзга яқин киши ҳалок бўлди

Ўзбекистонда 2022 йилда юз берган табиий ва техноген фавқулодда вазиятларда 287 киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари 297 киши жароҳатланган. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, бу ҳақда фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида ўтган илмий-амалий анжуманда маълум қилинди.

Расман билдирилишича, 2022 йилда 131 та “табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазият” юзага келган. Улардан 55 таси табиий офат бўлиб, 127 киши ўлган, 88 киши жароҳат олган. Техноген ҳодисаларнинг асосий қисмини эса ёнғинлар ташкил қилган.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистондаги энергетик инқироз ортидан ҳар йили куз-қиш мавсумида юзлаб киши ис газидан заҳарланиб ўлаётгани тўғрисида Озодлик радиоси мунтазам хабарлар бериб келади. Масалан, 2022 йил ноябрида 10 кун ичида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида камида 30 киши, жумладан, ёш болалар ис газидан заҳарланиб вафот этган эди.

Мирзиёев Германия-Марказий Осиё раҳбарлари учрашувида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28−30 сентябрь кунлари амалий ташриф билан Берлинда бўлади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ташриф доирасида канцлер Олаф Шольц ва президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан икки томонлама музокаралар ўтказилиши, шунингдек, Марказий Осиё ва Германия давлат раҳбарларининг учрашувлари режалаштирилган.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этиладиган ишбилармонлик тадбирларида ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.

Кун тартибидан Ўзбекистон президентининг жорий йил май ойидаги Германияга расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш, Германиянинг етакчи компания ва банклари билан инвестициявий, инновациявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Диндорларга қарши рейдлар ўтаётган Ўзбекистонда арбоблар ва уламолар “диний бағрикенглиги” учун мукофотланади

"Диний бағрикенглик" кўкрак нишони.


Ҳукуматнинг 25 сентябрда қабул қилган 495-сон қарори билан Диний бағрикенглик” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди, деб хабар бердли Адлия вазирлиги.

Бу кўкрак нишони билан "атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналарнинг вакиллари, хорижий арбоблар ва олимлар тақдирланади".

Шунингдек, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам кўкрак нишон билан тақдирланиши мумкин.

Кўкрак нишони ҳар йили 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни арафасида тантанали тарзда топширилади. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга БҲМнинг 4 баравари (1 млн 320 минг сўм) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда диний эркинликларга амал қилинмаётганини танқид қилиб келади. Жумладан, 2019 йилда АҚШ ҳукуматининг диний эркинликлар бўйича комиссияси хулосасига кўра, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларни топтовчи давлатлар рўйхатига қайтарган.

2018 йилда ҳудди шу ташкилот Ўзбекистон диний эркинлик соҳасида сезиларли ютуқларга эришганини қайд этиб, мазкур рейтингдан чиқарган ва уни “алоҳида назоратга муҳтож давлатлар” рўйхатига киритган эди.

Озодлик радиосида мавжуд маълумотларда қайд этилишича, шу кунлардаТошкентда соқол ва ҳижобга қарши рейдлар ўтмоқда ва диндорларга тегишли емакхоналар ёпилмоқда. 13 сентябрь куни Озодлик Ўзбекистон масжидларида азон кучайтиргичларни пасайтиришга кўрсатма берилгани ҳақида хабар қилганди.

Озодлик манбаларига кўра, 10 сентябрь куни ўтган ҳукумат йиғилишида Бош вазир Арипов давлат хизматчиларини масжидга бормаслик ҳақида “огоҳлантирган”.

“Ўзбекистон темир йўллари” холдинг ширкатига айлантирилади

Иллюстратив сурат

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти холдингга айлантирилади. Бунга оид қарор, президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, президент Шавкат Мирзиёев раислигида темир йўл соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалалар юзасидан 25 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда очиқланган.

Йиғилишда тизимда замонавий бошқарувни жорий қилиш, жумладан, инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш хизматлари ҳамда вокзаллар бошқарувини бир-биридан ажратиб, алоҳида корхоналар ташкил қилиш бўйича билдирилган таклифлар маъқулланган.

Вагонлар паркини янгилашга мўлжалланган кредит ва компенсация ажратиш механизмларини жорий қилиш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, йиғилишда жорий йилнинг июль ойида “Ўзбекистон темир йўллари”га янги раҳбар (Зуфар Нарзуллаев) тайинлангани, тизимда эскича фикрлайдиган, ташаббус билдирмайдиган 30 га яқин раҳбар янгилангани, самара бермаётган штатлар қисқартирилгани қайд этилган.

Унда айрим темир йўл корхоналарининг рентабеллиги пастлиги, вагонлар паркининг бир қисми таъмирталаб ва янгиланишга муҳтожлиги, соҳада хусусий сектор иштироки учун зарур имкониятлар яратилмагани, билет сотишдаги коррупция, вагонлардаги шароит ва сервисдан аҳоли норозилиги айтилиб, соҳани ислоҳ қилиш зарурлиги урғуланган. Аммо ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг холдингга айлантирилиши қанақа конкрет наф келтирилиши мумкинлигига тўхталинмаган.

Ўзбекистондаги бозорлар ва боғларда юз таниш тизимига эга камералар ўрнатилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистондаги йирик бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонларда юз таниш тизимига эга камералар ўрнатилади. Бу ҳақда Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев маълум қилди.

Мулозимга кўра, қўшимча видеокузатув камералари “жамоат тартибини сақлаш, ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш мақсадида” ўрнатилиб, Ягона мониторинг марказига интеграция қилинади.

Миллий гвардия қўмондонининг билдиришича, жисмоний ва юридик шахслар томонидан бинолар ёки уларга кириш йўлакларига ўрнатилган видеокузатув мосламаларини ўзида бирлаштирадиган “Е-Hamkor” дастури ҳам татбиқ этилиб, мазкур дастур ички ишлар органларининг ҳудудий ситуацион марказларига интеграция қилинади. Жўраев маҳаллаларда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича янги тизим ва амалиёт жорий этилиб, мулкий ва жамоат тартибига қарши қаратилган жиноятлар содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган объектларда доимий кузатув йўлга қўйилишини ҳам қўшимча қилган.

Аввалроқ Озодлик июнь ойи бошидан Қирғизистонда МДҲ мамлакатларида қидирувда бўлган шахслар юзини таниш тизими ишга туширилгани ҳақида хабар қилган эди. Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати ўшанда камералар ишга туширилгани ортидан ўтган 10 кун мобайнида юз таниш функциясига эга бўлган кузатув камералари ёрдамида қидирувда бўлган 57 киши аниқланиб, милицияга олиб келинганини маълум қилган. Булардан орасида Россия ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган тўрт киши қўлга олингани айтилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари авторитар бошқарувли мамлакатларда бу каби юз таниш камераларининг ишга туширилиши фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини сезиларли даражада чеклаб қўйиши мумкинлигидан ташвиш билдириб келишади. Айни пайтда юз таниш тизимини тўла тақиқлаш юзасидан ҳам хавотирлар йўқ эмас. Дейлик, мазкур тизим тўла тақиқланса, бу полициянинг бедарак йўқолган ёки жиноятда гумонланганларни қидириш ишини қийинлаштириши мумкин.

Ўзбекистон октябрь ойидан Россиядан газ импорт қилишни бошламоқчи

Иолюстратив сурат

Ўзбекистон жорий йилнинг 1 октябридан Россия газини сотиб олишни бошлайди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаевдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

“Режага мувофиқ, 1 октябрдан Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш бошланади, юқори босимли газ қабул қилиб олиш учун зарур бўлган барча инфратузилма ва газ қувурлари ҳозирлаб қўйилган”, дея иқтибос келтирган Тошхўжаев сўзларидан агентлик.

Аввалроқ расмий Тошкент “Газпром” билан июнь ойи ўртасида Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома имзолагани хабар қилинган эди. Шартномага кўра, Россиядан табиий газ Қозоғистон орқали “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали узатилиши, етказиб берилажак газ ҳажми йилига тақрибан 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши айтилган.

Тошкентдаги онкология маркази қурилиши учун Корея 127,5 миллион доллар қарз беради

Тошкентдаги Республика онкология ва радиология маркази.

Жанубий Кореянинг Эксимбанки Тошкентда “Миллий онкология марказини барпо этиш” лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 10 йил имтиёзли давр билан 40 йил муддатга 0,1 фоиз устама билан 127,5 миллион доллар қарз беради. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги қарорида қайд этилишича, “Миллий онкология маркази”ни қуришга маблағ ажратиш масаласи Корея ҳукумати билан 2019 йилнинг 27 июнида келишилган эди.

“Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан молиявий ҳамкорликда “Миллий онкология марказини барпо этиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида қарз шартномаси 2021 йил 31 декабрда имзолангани таъкидланади.

Тошкентда Жанубий Корея билан ҳамкорликда юқори технологияга асосланган замонавий онкология тиббиёт маркази қурилиши ҳақида илк маротаба 2020 йилнинг 16 сентябрь куни расман билдирилган эди. Ўшанда соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси Цой Чже Ук бу масалада келишгани хабар қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йилдаги хабарида онкология тиббиёт маркази Тошкентда Жанубий Корея лойиҳаси асосида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт маркази жойлашган ҳудудда қурилишини, бундан ташқари бу ерда тиббиёт олийгоҳи ҳам ташкил этилишини маълум қилганди.

Мазкур хабар 2020 йилнинг 3 сентябрида Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида саратонга қарши ягона радиотерапия ускунаси ишдан чиққани тўғрисидаги маълумотлар фонида пайдо бўлган эди. Озодлик 2021 йилда ҳам 2 миллион долларга сотиб олинган ягона радиотерапия ускунаси ишдан чиққани, беморлар бир неча ҳафталаб муолажасиз қолгани ҳақида хабар берганди.

Саида Мирзиёева Наманганда заҳарланган болаларнинг “кайфияти яхши”лигини иддао қилди

Саида Мирзиёева Чустдаги шифохонада

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева Наманган вилоятида заҳарланган болалар ҳолидан хабар олгани тўғрисида телеграм каналида маълум қилди.

Президент топшириғига асосан Наманган вилоятига борганини ёзган Мирзиёева: “Вазиятни кўзимиз билан кўриш учун шифохонага бордик, болажонлар ҳолидан хабар олдик. Уларнинг кайфияти яхши, ҳаммалари аста-секин тузалишмоқда, кўпчилиги соғайгани учун уйига - оиласи бағрига қайтарилган”, деб ёзди.

Унга кўра, болаларнинг заҳарланиши юзасидан соғлиқни сақлаш, СЭС, таълим, прокуратура ва бошқа тегишли соҳа мутасаддилари билан йиғилиш ўтказилган. Мазкур ҳолат бўйича қўзғатилган жиноят иши Наманган вилоят прокуратурасидан Бош прокуратурага ўтказилган.

Мирзиёева ўз билдирувида Наманган вилоятида қанча бола заҳарлангани ва заҳарланиш сабаблари тўғрисида маълумот бермади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида камида 70 бола заҳарлангани тўғрисида хабарлар чиққан. Бироқ ижтимоий тармоқларда Чустдаги болалар боғчаларида заҳарланган болалар сони камида 450 нафар экани ва улар “Йод” ёки "Антиструмин"дан заҳарланган бўлишлари мумкинлиги тўғрисидаги тахминлардан иборат постлар пайдо бўлди.

22 сентябрь куни UzA | Tezkor xabarlar телеграм каналида мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмолини тўхтатиш тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатма бергани тўғрисида “Шошилинч хабар” эълон қилинди. Телеграм канал Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Кўрсатма хати" нусхасини эълон қилди.

Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова имзолагани айтилаётган кўрсатмада, болаларнинг заҳарланишига сабаб бўлгани тахмин қилинаётган Antistrumin (Калий йоди) истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берилгани англашилади.

“Газета. уз”нинг хабар беришича, бу ҳужжат Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармаларига ҳамда дори-дармонларни сотиб олувчи «Ўзмедимпекс” ширкатига, дорини ишлаб чиққан Samo ширкатига жўнатилган.

Ўзбекистон расмийлари шу кунгача бу хабарларга муносабат билдирмади.

ССВ мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод истеъмолини тўхтатишга кўрсатма бергани айтилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси.

UzA | Tezkor xabarlar телеграм каналида мактаб ва боғчаларга тарқатилган йод препарати истеъмолини тўхтатиш тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатма бергани тўғрисида “Шошилинч хабар” эълон қилинди. Телеграм канал Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Кўрсатма хати" нусхасини эълон қилди.

Бироқ ЎзА сайти орқали кирилувчи UzA | Расмий канал телеграми саҳифасида ва агентликнинг расмий веб сайтида бу борада хабар йўқ.

Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова имзолагани айтилаётган кўрсатмада, Чустда камида 70 боланинг заҳарланишига сабаб бўлгани тахмин қилинаётган Antistrumin (Калий йоди) истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берилгани англашилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий матбуотда тарқалган бу хабарга ҳозирча изоҳ бермади. Айни пайтда Элмира Боситхонова имзолагани айтилаётган ҳужжат нусхаси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.

“Газета. уз”нинг хабар беришича, бу ҳужжат Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармаларига ҳамда дори-дармонларни сотиб олувчи «Ўзмедимпекс” ширкатига, дорини ишлаб чиққан Samo ширкатига жўнатилган.

“Кун. уз” эса бу маълумотни20 сентябрдан Ўзбекистонда «Ёрқин миллат» дастури бўйича йод билан таъминлаш ишлари бошланганди. Йод препаратлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги орқали 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар учун бепул тақдим этилиши кўзда тутилганди”, деган маълумот билан тўлиқлади.

Наманган вилоятининг Чуст туманида камида 71 нафар бола заҳарланишда гумон қилиниб касалхонага ётқизилгани тўғрисида Озодлик 21 сентябрь куни хабар берганди. Бу маълумотни Озодликка соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Аброрбек Алижонов тасдиқлаган.

Бу болалар тумандаги 9 та боғча ва 2 та ўрта мактабнинг ўқувчиларидир.

Бош прокуратура Чуст туманида болалар заҳарланиши юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрь куни Чустда заҳарланиб, касалхонага ётқизилган болаларнинг аҳволи қониқарли экани тўғрисида расмий билдирув тарқатди. Унда айтилишича, болалардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилди.

Билдирувда туманда содир бўлган мазкур ҳодиса шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан қатъий назоратга олингани таъкидланган.

“Туман тиббиёт бирлашмасига қабул қилинган болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда. Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда”, дейилади билдирувда.

Вазирлик ҳозирча заҳарланиш сабаблари ва омиллари тўғрисида хабар бермади.

Ижтимоий тармоқларда Чустдаги болалар боғчаси тарбияланувчилари “Йод” ёки "Антиструмин"дан заҳарланган бўлишлари мумкинлиги тўғрисидаги тахминлардан иборат постлар кўпаймоқда. Шунингдек, айрим фойдаланувчилар Андижон ва Қўқонда ҳам бир неча бола заҳарланганини иддао қилмоқда. Бу хабарлар расман тасдиқланмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ўз баёнотида бу хабарлар юзасидан муносабат билдирмаган.

ССВ Чустда заҳарланган болалар аҳволи "қониқарли" эканини айтмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 22 сентябрь куни Чустда заҳарланиб, касалхонага ётқизилган болаларнинг аҳволи қониқарли экани тўғрисида расмий билдирув тарқатди. Унда айтилишича, болалардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилди.

Билдирувда туманда содир бўлган мазкур ҳодиса шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан қатъий назоратга олингани таъкидланган.

“Туман тиббиёт бирлашмасига қабул қилинган болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда. Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда”, дейилади билдирувда.

Вазирлик ҳозирча заҳарланиш сабаблари ва омиллари тўғрисида хабар бермади.

Ижтимоий тармоқларда Чустдаги болалар боғчаси тарбияланувчилари “Йод” ёки "Антиструмин"дан заҳарланган бўлишлари мумкинлиги тўғрисидаги тахминлардан иборат постлар кўпаймоқда. Шунингдек, айрим фойдаланувчилар Андижон ва Қўқонда ҳам бир неча бола заҳарланганини иддао қилмоқда. Бу хабарлар расман тасдиқланмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам ўз баёнотида бу хабарлар юзасидан муносабат билдирмаган.

Наманган вилоятининг Чуст туманида камида 71 нафар бола заҳарланишда гумон қилиниб касалхонага ётқизилгани тўғрисида Озодлик 21 сентябрь куни хабар берганди. Бу маълумотни Озодликка соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Аброрбек Алижонов тасдиқлаган.

Бу болалар тумандаги 9 та боғча ва 2 та ўрта мактабнинг ўқувчиларидир.

Бош прокуратура Чуст туманида болалар заҳарланиши юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.

БМТнинг Лойиҳаларга хизмат кўрсатиш бошқармаси Тошкентда ваколатхона очади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва БМТ бош котиби ўринбосари, UNOPS ижрочи директори Жорж Морейра да Силва.

БМТнинг Лойиҳаларга хизмат кўрсатиш бошқармаси – UNOPS Тошкентда ўз ваколатхонасини очади. UNOPS матбуот хизматининг хабар беришича, бу борада Ўзбекистон ҳукумати билан 21 сентябрь куни шартнома имзоланган.

Нью-Йоркда ўтган маросимда шартномага Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва БМТ бош котиби ўринбосари, UNOPS ижрочи директори Жорж Морейра да Силва қўл қўйган.

Хабарда айтилишича, бу ташкилотнинг Марказий Осиёдаги энг биринчи ваколатхонаси бўлади. UNOPS ўз ваколатхонасининг очилиши “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ва Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришига умид билдирган.

Имзоланган шартномага асосан UNOPS шифохоналар, мактаблар ва транспорт тизимларини қуриш ва реабилитация қилиш каби комплекс лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратади.

Хабарда таъкидланишича, ҳозирда мазкур ташкилот Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ва эпидемияга тайёргарликни яхшилашга қаратилган бир қанча лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.

Хитой Фарғонага "Кампиробод"дан тоза ичимлик суви олиб келинишини молиялаштирмоқчи

Хитойнинг “SINOMASH” холдинги “Кампиробод” сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш лойиҳасини амалга оширмоқчи. Бу ҳақда Фарғона вилоят ҳокимияти маълум қилди.

Хабарда айтилишича, “SINOMASH” билан бу борада дастлабки келишувларга эришилди. Бундан ташқари ширкат вилоятдаги ижтимоий муассасаларни қуриш ёки капитал реконструкция қилиш ишларини ҳам амалга оширади.

“Ушбу лойиҳаларга Хитой молия муассасалари томонидан камида 20 йил муддатга 300 миллион долларгача миқдорда ёки эквалентида долларда йиллик 3 фоизгача бўлган кредит ажратиш бўйича дастлабки келишувга эришилди”, дейилади хабарда.

2022 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон икки давлат чегарасидаги Кампиробод сув омборини ҳамкорликда бошқариш тўғрисидаги шартномани ратификация қилган эди.

Шартномага асосан Кампиробод сув омбори эгаллаган 4485 гектар ер Ўзбекистон ҳудуди сифатида тан олинган. Қирғизистон ҳукумати бунинг эвазига Ўзбекистондан 19 минг гектар ер олинганини билдирган.

Бироқ Қирғизистонда бу шартнома норозиликларга сабаб бўлган ва айрим сиёсатчилар томонидан “қирғиз ерларини Ўзбекистонга бериб юбориш” сифатида талқин қилинган. Шу фонда мамлакатда "Кампиробод иши" деб номланган жиноят иши очилиб, 30 га яқин сиёсатчи ва фаоллар ҳибсга олинган.

Фарғона вилоят ҳокимлиги хабарида таъкидланишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Хитойга амалий ташрифи доирасида умумий қиймати 1,37 миллиард доллар бўлган 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланган.

Россия авиаширкати учоғи носозлиги туфайли Бухородан Екатеринбургга 10 соатга кечикиб учди

Red Wings авиаширкати учоқларидан бири (архив сурати)

“Бухоро — Екатеринбург” йўналиши бўйича 21 сентябрь тонгида парвоз қилиши керак бўлган Red Wings авиаширкати учоғи Бухоро аэропортида 10 соатдан кўпроқ туриб қолган.

Uzbekistan Airports матбуот хизмати қайдича, бунга СУ-95 учоғида аниқланган техник носозлик сабаб бўлган.

Хабарномада учоқни созлаш ишлари чўзилиб кетгани сабабли 88 нафар йўловчининг ҳаммаси меҳмонхоналарга жойлаштирилиб, иссиқ овқати билан таъминлагани айтилган.

Техник носозлик бартараф қилингач, учоқ маҳаллий вақт билан соат 17:18 да Екатеринбургга учиб кетган.

Аввалроқ Россия нашрлари йил бошидан буён мамлакатда учоқ парвози билан боғлиқ 126 та нохуш ҳодиса кузатилгани ҳақида хабар қилишган.

Мутахассисларга кўра, авиаавариялар сони кўпайишига Россия қўшинлари Украинага бостириб кириши ортидан дунёдаги учоқ ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар РФ авиаширкатларига хизмат кўрсатишдан бош тортгани ҳам сезиларли таъсир кўрсатяпти.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Boeing корпорацияси 2022 йилнинг март ойи бошидан Россиядаги учоқларга хизмат кўрсатишни тўхтатган. Кейинроқ бу каби қарор Европанинг Airbus ширкати томонидан ҳам олинган эди.

Тошкентда 7 ёшли қизалоққа тегажоғлик қилган шахс 18 йилга қамалди

Тошкентдаги кўп қаватли уй подъездида 7 ёшли қизалоққа тегажоқлик қилган 55 ёшли эркак 18 йилга қамалди, деб хабар берди Nemolchi.Uz лойиҳаси 21 сентябрь куни.

Хабарда айтилишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди 1968 йилда туғилган А.Х.,ни Жиноят Кодексининг 119-модда 4-қисми (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.

А.Х., бундан аввал ҳам вояга етмаганларга нисбатан уятсиз хатти-ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани аниқланган.

Июль ойида Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уй подъездида номаълум шахс 7 ёшли қизни қўрқитиб, унга нисбатан жинсий тажовуз қилгани тўғрисида хабар берилган эди. Бу воқеа кўп қаватли уйга ўрнатилган видеокамералар томонидан қайд этилган ва ички ишлар ходимлари А.Х.,ни 24 соат ичида қўлга олган эди.

Nemolchi.uz лойиҳаси жорий йилда педофилия ҳолатлари бўйича ўнлаб ҳодисаларни жамоатчиликка ошкор қилди. NeMolchi.uz - 2017 йилда ташкил этилган мустақил ахборот лойиҳаси бўлиб, у аёлларга нисбатан зўравонликка жамоатчилик эътиборни жалб қилиш ва бу масалага жамиятнинг муносабатини ўзгартиришни мақсад қилганини билдириб келади.

Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйига берилган - 15, 16, 17 ёшдаги етим қизларнинг 10 ой давомида Хоразм вилояти давлат амалдорлари билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида биринчи бўлиб NeMolchi.uz хабар қилган эди.

Май ойининг бошларида лойиҳа асосчиси Ирина Матвиенко ўзига нисбатан ўлдириш таҳдиди бўлаётгани ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлгани тўғрисида Озодликка маълум қилган. ИИВ 3 май куни Ирина Матвиенкого қилинган таҳдид ўрганилаётгани ҳақида баёнот берди. Аммо шу кунгача ИИВ текшируви натижалари тўғрисида маълумот берилмади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG