Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:20

Жинсий қулликка тушиб қолган йигит ҳикояси


Саудия Арабиcтонида секс қулликдан қутилиб келган қирғизистонлик ўзбек йигит “Озодлик” радиоси билан суҳбатда кўрган-кечирганларини сўзлаб берди. Беш йил аввал алдов йўли билан тузоққа илиниб, бой араб эркаклари қўлида оғир кунларни бошидан ўтказган йигит, Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири Санжар Эралиев билан суҳбатда, шахсига оид маълумотларни очиққа чиқармасликни илтимос қилди.

Жинсий қулликни бошидан кечирган йигитнинг ҳикояси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:17 0:00
Бевосита линк

"Йиғлаяпман. Гап топа олмай йиғлаяпман, ака..."

Бир туриб кўзига ёш олиб, бир туриб оҳ тортиб, баъзан эса уялганидан юзини кафти билан беркитиб, беш йил аввалги азобли кунларини сўзлаб ўтирган бу йигит 23 ёшда. Араб давлатида бир ой жинсий қулликда юриб келганини сўзлаб берди.

Биз у билан Бишкекдан Москвага кетаётган пайтда учрашдик. Пулсизликдан қийналаётган йигит ўзи бошдан кечирган балога бошқалар гирифтор бўлмасин, дея бир неча бор қайталади. Манзили, исми-шарифи ва бошқа шахсий маълумотларини очиққа чиқармасликни илтимос қилгани учун биз уни, шартли равишда, Даврон дея атаймиз.

Даврон бизга воқеа Саудия Арабистонида 2012 йилда бўлганини айтди. Ҳозирча унинг ҳикоясини далиллайдиган бошқа аргументларимиз йўқлиги боис, қайси шаҳарда эканини ҳам ёзмасликни лозим деб топдик.

- Мен катта-катта кишилар билан ётишга мажбур бўлдим. Эшитишимча, улар чиройли йигитларни бир ҳафта ёки 10 кунга сотиб оларкан. Уйдан ташқарига олиб чиқмайди, баъзида бошқалар билан бирга зиёфатга олиб боради. Истаганда хоҳишини қондиради.

Даврон ўтган кунларни эслар экан, кетма-кет сигарет чекиб ўтирди. Ўзининг таъкидлашича, ҳаётидаги ўша энг даҳшатли онларда у энди 18 ёшга кирганди. Уйда ёлғиз фарзанд. Опаси ва онаси бор. Дадаси оламдан ўтган.

Оқ юзли, узун бўйли Даврон Жалолобод вилоятининг чекка қишлоқларидан бирида вояга етган. Кичиклигидан масжидга бориб, катта бўлса ҳаж зиёратини амалга ошириш ва мулла бўлиш орзуси бор эди.

У жинсий қулликка Ўш шаҳридаги танишининг тузоғига тушиб гирифтор бўлибди. Айтишича, танишининг исми Мухтор. Ёши 40дан ўтган.

Мухтор Давронга араб давлатига олиб бориб келишини, барча ҳаражатларни кўтаришини айтган. Энди 18 ёшни қарши олган, паст-баландни билмаган Даврон хурсанд бўлиб, рози бўлган.

Мухтор уни чет давлатга олиб бориб, бир араб эркак билан таништирган. Паспортини ўша эркакка берган ва ҳужжат ишлари билан у шуғулланишини айтган. “Сен билан кейинроқ учрашамиз, ҳозир шу киши билан ҳужжат ишларини битир” дея, ўзи бошқа томонга кетган. Ҳалиги эркак киши эса, уни етаклаб, кўп қаватли иморатларнинг биридаги квартирага олиб борган. Давроннинг айтишича, у 50 ёшлардан ўтган киши эди.

- Ё тил билмайман. Ўтирибман. Унга гапиролмайман. Индамай ўтирибмиз. Бир маҳал у менга яқинлашиб келди ва қўлимдан ушлади. Ўзбекчалаб “Торт қўлингни!” деб бақирдим. Унинг нияти бошқа эканини тушундим... Уйда ҳамма нарса бор. Мева-чева, озиқ-овқат, сигарет, чилим... Буюртма беради, истаган нарсасини олиб келишади. Ўйланиб ўтирибман, нима гуноҳим учун бундай бўлди? Онамни ёки опамни қаттиқ ҳафа қилдганмиканман, дейман...

Даврон ўзини қафасдаги қушдек ушлаб ўтирган арабнинг исмини ҳам билмайди. Бир куни яширинча унинг телефонидан фойдаланиб, опасига sms ёзганини, хавотир олмасликларини илтимос қилиб, тез орада бориб қолишини билдирганини айтди.

Орадан икки ҳафтача вақт ўтгач ҳалиги одам уни кўчага олиб чиққан. Шу пайт дўконларнинг ёнида учта йигит ўзбекча гаплашиб турганини кўрган Даврон улардан бориб ёрдам сўрамоқчи бўлган:

- Акалар, адашиб қолдим дедим. Улар ҳалиги арабнинг кимлигини сўрашди. Тўғрисини айта олмай, у менга ёрдам берганини айтдим. Улар араб билан гаплашишди. “Бу сизга ёрдам бераркан, ҳижолат бўлманг, уйингизга жўнатиб юбораркан” дейишди. Уялганимдан уларга тўғри гапни айта олмадим.

Даврон бу азобдан қутулишнинг қулай пайти топилгунча арабнинг қўлида қолмоқчи бўлган. Ҳолатини бировларга айтиб беришга номуси йўл қўймаган:

- У мени уйда фақат қучоқлаб ётади. Ўша куни мени дўконга олиб кирди. Узун кўйлак олиб берди. Кичикроқ келди кўйлак. Кийсам шундоқ баданимга ёпишиб қолди. Бошимга ҳам бир латтани ўраб қўйди.

Шундай қилиб, учинчи ҳафтанинг якунида Давронни жинсий қулликда ушлаб турган араб уни бир жойга зиёфатга олиб борган. У ерда эса, Даврон бошқа кишиларда ҳам қизиқиш уйғотган. Деярли ҳаммаси қирқ-эллик ёшдаги эркаклар:

- Араблар чиройли йигитларни яхши кўрарканда. Катта-катта кишилар келиб қўлларимни ушлайди. Индай олмайман. Терлаб кетдим. Оғизлари сасийди. Шундан кўра, Қирғизстонда юрсам бўлмасмиди. Биз тарафда буларга ўхшаб латталарга ўралмай, очиқ-сочиқ кийиниб юрсак ҳам, бунақа сасимаймиз.

Хуллас, бир ой вақт ўтгач Даврон уйдан қочишга муваффақ бўлган ва полиция бўлимига бориб, ёрдам сўраган.Қирғизстонлик эканини айтгандан кейин полиция ходимлари уни таги ўзганлик, ҳозирда Сауд Арабистони фуқароси Аюб Хон деган одам билан таништиришган:

- У киши асли ўзганлик ўзбек экан. Сочи узун. Унга ҳам “адашиб қолганимни” айтдим. Ўша ерда миллионер экан ва ўзбекларга ёрдам бериб юраркан.

Уларнинг ёрдами билан Қирғизстонга қайтган Даврон ўзини жинсий қулликка сотиб юборган Мухторни излаб топганини айтди:

- Гаплашдим. Лекин бўйнига олмади. “Сен адашиб қолгансан”, деб туриб олди.

- Милицияга айтмадингизми?

- Нима деб айтаман. Арабларни қўлида шунақа бўлиб қолдим дейманми? Ўзимнинг юзим шувит бўладику?!

Даврон шундан сўнг Москвага кетиб қолган. “Онам ва опам учунгина яшаб юрибман” деган йигит уйланишдан, вақти келиб тақдиридаги ҳора кунлар хотини ва бола-чақасининг қулоғига тушиб қолишидан қўрқади. Яқинда икки ҳафтага Қирғизстонга келиб кетди. Ҳозир Россияда қурулишда ишлаб юрибди. Милицияга ва психологга мурожаат этиш таклифимни рад этди. Беш йилдан бери чулғаб юрган стресс ҳолат ҳали бери уни тарк этмайдиганга ўхшайди:

- Депрессиядаман. Кўксимда ҳалиям қўрқув бор. Бировга айта олмайман.

Сўнгги сўз ўрнида​

АҚШ давлат департаменти одам савдоси ва қулчиликка қарши кураш буйича 2017 йил бўйича ҳисоботида Қирғизстонни Марказий Осиёдаги мамлакатлар орасида ижобий баҳолаган. Қирғизстон одам савдосига қарши ва муҳожирларни қонунсиз ташишнинг олдини олиш буйича БМТ глобал программасига Марказий Осиёдан қушилган ягона ўлкадир.

Расмий маълумотларга кўра, 2016 йили Қирғизстоннинг 175 фуқароси Туркия ва араб мамлакатларида қулликдан куткарилган. Аксарияти жинсий қуликка дучор булган хотин-қизлардир. Аммо бундай вазиятга дучор булган эркаклар ҳақида расмий маълумот йўқ. Орган ходимларининг таъкидлашича, менталитетдаги "номус" тушунчаси боис йигитлар бундай муаммолар юзасидан ариза беришмайди.

XS
SM
MD
LG