Линклар

Шошилинч хабар
05 июл 2022, Тошкент вақти: 02:09

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда муҳим автомобил йўли таъмирланади

Ўзбекистон ҳукумати А-380, “Гузар-Бухоро-Нукус-Бейнау” автомобил йўлини таъмирлаш учун тендер эълон қилди.

Лойиҳа доирасида учта участкада умумий узунлиги 91 километр бўлган цемент бетон қопламли тўрт қатор йўл қурилиши мўлжалланган.

131 километр автомобил йўлини таъмирлаш лойиҳаси учун Осиё тараққиёт банки томонидан 75,3 миллион АҚШ доллари ажратилади.

Ўзбекистон ҳукумати эса айни лойиҳага 98,2 миллион доллар сарфлашни режалаган.

1 минг 204 километр узунликдаги А-380 автомобил йўли Ўзбекистонни Афғонистон, Туркманистон ва шимолда Қозоғистон билан боғлайдиган транзит йўлнинг бир қисми ҳисобланади.

Кун янгиликлари

ЕИ Нукус воқеаларини мустақил тергов қилишга чақирди

Нукусдаги норозилар.

Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирди.

Ташкилот баёнотида Ўзбекистон халқаро мажбуриятларига биноан фундаментал инсон ҳуқуқлари, хусусан сўз эркинлиги ва йиғилиш эркинлигини таъминлашга чақирилган:

«Биз таклиф этилган конституциявий ўзгаришларга нисбатан жамоатчилик хавотирларига президент Мирзиёев томонидан тезкор реакция билдирилганини олқишлаймиз. Барча томонларни низо кескинлашиши ва зўравонликлар давом этишининг олдини олиш мақсадида ўз ҳаракатларида вазминликка чорлаймиз».

4 июль куни Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель президент Шавкат Мирзиёев билан телефон мулоқоти пайти Нукусдаги тартибсизликларни бузғунчи кучлар томонидан уюштирилган дея баҳолаган. Бу ҳақда president.uz хабар қилди:

«Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилди. Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради».

Суҳбат чоғида Марказий Осиё минтақасида юзага келаётган вазият ҳамда ЕИ тузилмалари билан кўп томонлама мулоқотнинг даражасини янада юксалтириш юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Россия: Нукус воқеалари Ўзбекистон ички иши. Минтақа президентлари Мирзиёевни қўллади

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қорақалпоғистондаги тартибсизликларга муносабат билдираркан, буни Ўзбекистоннинг ички иши дея атади:

"Ўзбекистон бизнинг иттифоқчимиз, у дўст мамлакат, у бизнинг жуда муҳим ҳамкоримиз. Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳамма нарса шу давлатнинг ички ишидир ҳамда республика раҳбариятининг фаол ҳаракатлари билан мавжуд муаммолар ҳал қилинишига шубҳамиз йўқ”.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Ижроия қўмитаси ҳам 1 июлда Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ташкилот конституцияга зид кўринишлар ва ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринишларни қоралаб, барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни сақлаш тарафдори эканини билдирган.

4 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан алоҳида-алоҳида телефон орқали мулоқот қилди.

Рresident.uz сайти маълумотига кўра, мулоқотларда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Тоқаев «Қорақалпоғистонда қонунга зид хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади», дея хабар қилди расмий нашр.

Рresident.uz хабарига кўра, Жапаров Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Бошқа давлатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон муфтияти ҳайит намози ўқилмаслиги тўғрисидаги хабарларни рад этди

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси 4 июль куни ҳайит намози ўқилмаслиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни фейк деб атади.

“Ушбу фейк хабар бундан бир йил аввал пандемия даврида 2021 йил июль ойида эълон қилинган маълумотни қайта, яъни такроран тарқатилмоқда. Жорий йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши бундай фатво чиқармаган”,-дейилади расмий билдирувда.

Президент Шавкат Мирзиёев 1 июль куни “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди. Қарорга асосан 9 июль Қурбон ҳайитининг биринчи куни деб эълон қилинган.

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда жорий йилда ҳам ҳайит намози ўқилмаслиги тўғрисида турли хабарлар тарқала бошланган эди.

2021 йилда Ўзбекистонда ва бошқа кўплаб давлатларда коронавирус пандемияси муносабати билан киритилган чекловлар ортидан жума ва ҳайит намозларини жамоа бўлиб ўқиш тақиқланган эди.

Нукусдаги воқеалар пайтида 18 киши ҳалок бўлди, 516 киши ушланди

Нукус шаҳрида 1−2 июль кунлари бўлиб ўтган тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар пайтида 18 киши ҳалок бўлди ва 243 киши яраланди. Тан жароҳати олганларнинг 38 нафари ҳуқуқ-тартибот ходимлари. Бу ҳақда 4 июль куни АОКАда ўтган брифингда Миллий гвардия ҳамда Бош прокуратура расмийлари хабар берди.

Расман билдирилишича, жароҳатланганлардан 149 нафарига тез тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига кетишга рухсат берилган. 94 киши эса касалхонага ётқизилган. Улар орасида аҳволи оғир бўлганлар ҳам бор.

Нукусдаги тартибсизликларда 516 фуқаро қўлга олинган. Уларнинг айримлари суриштирувдан сўнг маъмурий жазо қўлланилган ҳолда қўйиб юборилган.

Миллий гвардиянинг билдиришича, Қорақалпоғистонда эълон қилинган фавқулодда ҳолат тартибини бузгани учун 4 июлга ўтар кечаси 110 киши қўлга олинган. Жумладан, Нукусда 58 киши ушланди ва уларга фавқулодда холат тартибининг талабларини бузиш бўйича баённома тузилди.

Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилади

Кобул манзараси.

Тошкентда 25-26 июль кунлари 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар иштирокида Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, тадбирдан мақсад Афғонистонда барқарорлик ва хавфсизликни қайта тиклаш, урушдан кейинги тикланишга кўмаклашиш ва бутун дунё манфаатлари йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига интеграциялашуви масалалари бўйича жаҳон ҳамжамиятининг ёндашувларига доир комплекс чора-тадбирлар ва таклифларни ишлаб чиқишдан иборатдир.

Тошкентда 2018 йил 27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси, 2021 йил 15-16 июль кунлари “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциялари ўтказилган эди.

Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир. Толибон ҳукумати шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.

Марказий банк Ўзбекистонда нақд валюта муаммоси пайдо бўлганини рад этди

Марказий банк биноси.

Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларида нақд валюта сотиш ва сотиб олишда, хориждан ўтказилган пулларни долларда берилишида муаммолар пайдо бўлгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди.

Марказий банкнинг таъкидлашича, барча тижорат банклари нақд хорижий валюта билан таъминланган. Банкларда жисмоний ва юридик шахслар учун валюта сотиш, сотиб олиш амалиётлари ҳамда хориждан пул ўтказмалари узлуксиз ишламоқда.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда ва маҳллий матбуотда “Халқ банки”, “Ипак йўли банк”, “Трастбанк”, “Капиталбанк”, “Ҳамкорбанк”, “Микрокредитбанк”, “Агробанк”, “Инфинбанк” ва “Ипотека банк” мижозлари нақд валюта танқислиги кузатилаётгани, хориждан яқинлари жўнатган пул жўнатмаларини долларда ололмаётганликлари тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди.

Қаршида 18 ёшли аскар ўлими юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Чегарани қўриқлаётган ўзбекистонлик аскарлар (иллюстратив сурат)

Ўзбекистоннинг Қарши шаҳрида муддатли хизмат ўтаётган 18 ёшли Руслан Қидиралиевнинг ўлими юзасидан иш қўзғатилди.

Kun.uz нашрининг марҳум аскар отаси Ринат Суалетов сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, мазкур иш 27 июнь куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармасликда ифодаланган эҳтиётсизлик оқибатида инсон ўлимига сабабчи бўлиш) билан шифокорларга нисбатан иш қўзғатилган, ҳолат юзасидан Қарши ҳарбий прокуратураси дастлабки терговни бошлаган.

Айтилишича, Руслан Қидиралиев хизматга чақирилганидан 50 кун ўтиб Қарши ҳарбий госпиталида вафот этган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида аскарнинг ўлимига “Юракнинг сурункали ишемик касаллиги. Юрак гипертрофияси. Кардиосклероз. Аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози” сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда “ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши” кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.

Бироқ марҳумнинг яқинлари Kun.uz'га экспертиза хулосасига ишонмаётганларини айтишган. Уларга кўра, агар Русланда қандайдир сурункали касаллик бўлганида, бу тиббий кўриклар вақтида аниқланган ва у ҳарбий хизматга олинмаган бўларди.

Отасининг иддаосича, ўғлининг жасадида моматалоқ излари бўлган, бироқ ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномада марҳумнинг танасидаги кўкариш ва қизариш сабаблари ҳақида лом-мим дейилмаган. Русланнинг ота-онаси моматалоқ излари калтак асорати бўлиши мумкинлиги, ўғилларининг ўлимига айнан шу нарса сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Ўзбекистонда Қурбон Ҳайити қайси кунга тўғри келиши маълум бўлди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази “ҳижрий 1443 йил Зулҳижжа ойининг биринчи куни милодий йил ҳисоб бўйича 2022 йил 30 июн кунига тўғри келаётгани эълон қилинди”, деб хабар берди.

Фатво марказининг билдиришича: “Шу муносабат билан Саудия Арабистонида ҳаж ибодатини адо этаётган зиёратчилар 2022 йил 8 июл, арафа куни Арафот тоғида жам бўладилар”.

Ўзбекистон маҳаллий матбуотининг изоҳ беришича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг бу баёноти “Қурбон ҳайити 9 июлда нишонланиши”ни англатади.

Маҳаллий матбуотдаги хабарлардан англанишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази Қурбон ҳайитини 9 июлда нишонлаш тўғрисидаги президент қарори эълон қилинмагани ортидан, 9 июлни Қурбон ҳайити куни деб эълон қилишдан тийилмоқда.

“Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 9 июлда нишонланиши президент қарори билан расман эълон қилинса, дам олиш кунлари кетма-кет 4 кунни ташкил этади”, -деб ёзди “Кун уз” нашри.

“Ўзбекистон Мусулмонлар идораси бугун — 30 июнь пайшанба куни Зулҳижжа ойининг 1-куни эканини маълум қилди. Шунга кўра, Қурбон Ҳайити 9 июль — шанба кунига тўғри келади”,-деб дадиллик кўрсатди “Газета уз” нашри.

“9 июль Қурбон ҳайити сифатида расман тасдиқланса, ўзбекистонликлар иш ҳафтасининг туридан қатъи назар кетма-кет 4 кун дам олади”,-деб эҳтиёткорлик қилди “Дарё уз” нашри.

Айни пайтда Қирғизистон ва Қозоғистон мусулмонлари диний идоралари “30 июнь Зулҳижжа ойининг биринчи куни бўлгани муносабати билан 8 июль арафа, 9 июль куни эса Қурбон ҳайит нишонланади”, деб эълон қилди.

Энергетика вазирлиги: Ўзбекистонда энг йирик нефть ва битум кони топилди

Иллюстратив сурат.

Навоий вилоятининг Зарафшон тубсизлигида Ўзбекистондаги энг йирик ўта ёпишқоқ нефть ва битум кони топилди. Мазкур конга “Янги Ўзбекистон” номи берилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги 29 июнь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, кон “Sanoat Energetika Guruhi” ва “Kontiki-Exploration” компанияси томонидан топилган. Кон Марказий Осиёдаги энг юқори технологияли конлардан бирига айланиши режалаштирилмоқда. “Янги Ўзбекистон” конининг битумли нефть захиралари тахминан 100 миллион тоннага баҳоланмоқда.

“Битумли нефть қазиб олишнинг максимал йиллик даражаси 2025 йилга бориб 1 миллион тоннани ташкил этади. Битумли нефть қазиб олиш даражасини таъминлаш учун йилига 1500 та қудуқ қазиш режалаштирилган. Кейинги 12 йилда конни ўзлаштиришга 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилиши тахмин қилинмоқда”,-дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирликнинг билдиришича, мазкур лойиҳани амалга ошириш Самарқанд ва Навоий вилоятлари чегарасида 15 майдан бошланган. Бурғилаш ишлари жараёнида “алб”, “сеноман” ва “турон” даврларига оид шағалтош ва қумтош қатламлари топилган. Уларнинг барчаси нефть, қўшимча ёпишқоқ мой ва битум билан тўйинган бўлиб чиқди.

Вазирлик мазкур лойиҳага Канаданинг McDANIEL ва GenOil, АҚШнинг BYIS Manufacturing ва O‘NEILL Industries, Россиянинг Energy and Engineering ва Veraton I.T.C., ширкатлари жалб қилинганини иддао қилмоқда.

“Ҳозирда маҳсулдор қалинликларни аниқлаш ва битум ва нефть конларини аниқлаш бўйича қидирув ишлари, шунингдек, қазиб олиш усулини аниқлаш бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда”,-дейилади баёнотда.

Тошкент хорижликлар яшаши учун энг арзон шаҳарлардан бири деб топилди

Tashkent City паркининг юқоридан кўриниши (архив сурати)

Cost of Living City Ranking рейтингига мувофиқ, Тошкент чет эллик мутахассислар яшаши учун энг арзон шаҳарлардан биридир.

Ўзбекистон пойтахти рўйхатга киритилган дунёнинг 227 шаҳри орасида 221-ўринга қўйилган.

Рейтингда хорижлик яшаши учун энг қиммат шаҳар ўлароқ Ҳонконг, энг арзон шаҳар сифатида эса Туркия пойтахти бўлмиш Анқара кўрсатилган.

Рейтинг кўздан кечирилса, нафақат Анқарада, балки Туркиянинг Истанбул, Покистоннинг Карачи ва Исломобод, Тожикистоннинг Душанбе ҳамда Қирғизистоннинг Бишкек шаҳарларида ҳам турмуш кечириш Тошкентдагига нисбатан арзонроқ эканини кўриш мумкин.

Тошкентда COVID-19 поликлиникалари фаолияти қайта тикланмоқда

Сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар сони кўпая бошлагани муносабати билан Тошкент шаҳрининг 12 туманида COVID-19га ихтисослашган махсус поликлиникалар фаолияти қайта тикланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 июнь куни маълум қилди.

“24 соат ишлайдиган ушбу муассасаларнинг асосий вазифаси хасталикни эрта босқичларда аниқлаш, беморларга ўз вақтида ташхис қўйиш ҳамда зарур даво муолажаларини олиб боришдан иборат”, дейилади билдирувда.

Вазирлик ушбу муассасаларда коронавирусни аниқлаш бўйича экспресс ва ПЗР тест олиш, биринчи ёрдам кўрсатиш, рентген текширувларини ўтказиш, касалликнинг оғир даражалари қайд этилган беморларни тез ёрдам машиналари орқали коронавирусга ихтисослашган шифохоналарга етказиш каби имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган.

Сўнгги ҳафтада Ўзбекистонда кунига юзга яқин киши коронавирусга чалинаётгани аниқланмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 28 июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 240667 нафарни ташкил этмоқда. Соғайганлар жами 237995 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 99 фоизни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда 1 июлдан электр ва газ нархи қимматламайдиган бўлди

Ўзбекистонда аввал режалаштирилганидек 1 июлдан электр ва газ тарифларига ўзгартиришлар киритилмайди, деб билдирди Энергетика вазирлиги 29 июнь куни.

Расман билдирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси юзасидан фуқаролардан мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу мурожаатлар айни пайтда Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутахассислари томонидан ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.

“Қабул қилинган таклифлар бўйича барча хулосалар ва мутахассисларнинг хулосалари тақдим этилгандан сўнг, ушбу масала бўйича якуний ва тегишли қарор қабул қилинади”,-дейилади билдирувда.

“Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси 31 майда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинганди. Мазкур қарорда 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб электр қуввати ва табиий газ табақалаштирилган нарх асосида “ижтимоий истеъмол нормаси”га амал қилинган ҳолда берилиши таъкидланган.

Қарорда маълум қилинишича, 1 июлдан 1 киловатт-соат электрга овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар 165 сўмдан ҳақ тўлайди.

Қолган маиший истеъмолчилар ойига 250 кВт соатгача 325 сўм, ойига 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун 650 сўмдан тўлайди. Айни пайтда Ўзбекистонда 1 кВт соат электр қуввати нархи 295 сўмни ташкил этади.

Ҳукумат қарорида 250 кВт соатгача 325 сўм тўланадими ёки 250 кВт соатгача бўлган миқдорнинг ҳар бир киловаттига 325 сўмдан тўланадими, деган савол жавобсиз қолган.

Аммо расмий изоҳдан аниқланишича, ойига 250 кВт соатгача электр ишлатадиган хонадонлар тўлайдиган ҳақ миқдори ойига 7,5 минг сўмга ошади.

300 кВт соатгача ишлатадиганлар учун қўшимча харажат ойига 25 минг сўмга, 400 кВт соатгача электр ишлатадиганлар учун қўшимча харажат ойига 61 минг сўмга кўпаяди.

Шунингдек, газ нархи истиш мавсумида ҳисобга олиш ускуналари мавжуд бўлган аҳолига ойига 700 куб метргача бўлган меъёрнинг 1 куб метри учун 410 сўмдан, ойига 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун 1200 сўмдан белгиланди.

Иситиш мавсумидан ташқари пайтларда ойига 200 куб метргача бўлган меъёрнинг 1 куб метри учун 410 сўмдан, ойига 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун 1200 сўмдан тўланади.

АҚШ Россияга микрочип сотган Ўзбекистон ширкатига санкция жорий қилди

АҚШ Давлат департаменти биноси.

АҚШ Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic ширкатини санкциялар жорий этилган корхоналар рўйхатига киритди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти расмий сайтида 28 июнь куни маълум қилинди.

Давлат департаменти баёнотида қайд этилишича, 3 март куни АҚШ мудофаа саноатига маҳсулот етказиб бергани учун Россиянинг “Радиавтоматика” ширкатини санкциялар рўйхатига киритган эди. Бироқ шунга қарамай, Ўзбекистонаги Promcomplektlogistic компанияси “Радиавтоматика” ширкатига санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган ва мазкур ширкатга микрочиплар етказиб берган.

АҚШ Давлат департаменти Promcomplektlogistic компаниясига санкция жорий этилиши бутун дунёдаги ширкатлар учун “огоҳлантириш” эканини таъкидлади. “Агар сиз санкция остидаги юридик ёки жисмоний шахс билан бизнес қилаётган бўлсангиз, билингки, ўзингиз ҳам санкциялар остида қолишингиз мумкин”, дейилади баёнотда.

Санкцияларга мувофиқ Promcomplektlogistic ширкатининг АҚШдаги барча активлари музлатилади ва АҚШ ширкатларига Promcomplektlogistic билан бизнес қилиш тақиқланади.

Очиқ маълумотларда қайд этилишича, Promcomplektlogistic ширкатига 2018 йилда асос солинган ва компания ер устида транспорт хизмати кўрсатиш билан шуғулланади.

Тошкентда рўйхатдан ўтказилган ширкатнинг ягона эгаси Олег Граблин экани, у Россияда ҳам бир неча ширкатга эга экани кўрсатилган.

Хива 2024 йилда Ислом дунёсининг туризм пойтахти айланади

Хива манзараси

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессияси доирасида илк бор Ўзбекистон шаҳарларидан бири бўлмиш Хивани 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” дея эълон қилишга доир қарор қабул қилинган. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик қайдича, йиғилишда Хива шаҳрининг тарихий қиёфаси тикланиши, реставрация ва консервацияга оид амалга оширилган ишлар, қолаверса, электр устунларнинг демонтаж қилингани, сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилиш учун яратилган шароитлар, инфратузилманинг яхшилангани, 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳамда бутик-отел ва ҳостеллар қурилиши фаол давом этаётгани алоҳида қайд этилган. Бундан ташқари, туризм ва унга ёндош соҳалар тадбиркорлари учун яратилган қулай шароитлар юқори баҳоланган.

Ислом дунёсининг туризм пойтахти номинациясига БАА, Туркия, Нигерия, Тожикистон ва Ўзбекистондан Абу-Даби, Шанлиурфа, Лагос, Душанбе ва Хива шаҳарлари номзоди қўйилган бўлиб, сўнгги йилда бу шаҳарлар орасида номинацияда ғолиблик учун шиддатли кураш кузатилган. Пировардида бу мақомга Хива шаҳри лойиқ топилган.

Россиянинг Совкомбанки санкциялар оқибатида Ўзагроэкспортбанкни сотиб олиш битимини бекор қилди

Совкомбанк Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш агентлигидан Ўзагроэкспортбанкнинг юз фоиз акцияларини сотиб олиш тўғрисидаги битимни бекор қилди. Бу ҳақда Совкомбанк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимскийга таянган ҳолда Интерфакс агентлиги маълум қилди.

“Афсуски, Россиядаги барча нуфузли банклар қаторида бизга ҳам санкциялар жорий этилгани оқибатида мазкур лойиҳани амалга ошириш имконияти мавжуд бўлмай қолди. Ҳозир томонларнинг ўзаро келишуви асосида битимни бекор қилиш жараёни олиб борилмоқда. Битим деярли бекор қилинди, десак ҳам бўлаверади”,-деди Сергей Хотимский.

АҚШ Совкомбанка нисбатан санкцияларни Россия Украинага бостириб кирганидан бир неча кун ўтиб жорий этган эди. Шундан сўнг бошқа қатор давлатлар ҳам мазкур банкни санкциялар рўйхатига киритган.

Совкомбанк Ўзагроэкспортбанкни 4 миллион долларга сотиб олиш ниятида экани 2021 йилнинг ноябрида хабар қилинган эди. Совкомбанк Ўзагроэкспортбанкни хусусийлаштириш юзасидан очиқ танловда ғолиб чиққани ва Ўзбекистон Давлат мулкини бошқариш агентлиги билан шартнома имзолагани айтилган.

2017 йилнинг ёзида ташкил қилинган Ўзагроэкспортбанк фаолияти асосан агросаноат соҳасидаги ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG