Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:51

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон президенти Эстония Бош вазири билан учрашди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2 ноябр куни Оқсаройда Эстония Бош вазири Андрус Ансипни қабул қилди.

Эстония Tашқи ишлар вазирлиги расмийсининг Озодликка айтишича, музокара чоғида Ўзбекистон ва Эстония ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.

- Икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизлик ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Учрашувда Бош вазиримиз бу юқори даражали ташриф экани ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришдан Эстония манфаатдор эканини таъкидлади, деди Эстония Tашқи ишлар вазирлиги расмийси.

Кун янгиликлари

Британия ТИВ раҳбари Кэмерон Тошкентга келди

Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Тошкентга ташрифидан аввал Душанбе ва Бишкекда бўлган
Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Тошкентга ташрифидан аввал Душанбе ва Бишкекда бўлган

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон 23 апрель куни Ўзбекистон пойтахтига етиб келган.

ЎзА хабарига кўра, ҳозирда Кэмерон Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги биносида ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан музокара ўтказмоқда.

“Учрашувда минтақавий хавфсизлик, таълим, иқлим ўзгариши, икки томонлама савдо ҳамда бизнес алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилмоқда”, дейилган хабарда.

Британия ТИВ раҳбари Ўзбекистонга Марказий Осиё минтақасининг беш давлати ва Мўғулистонга сафари доирасида ташриф буюрган. Ташрифдан мақсад иқтисодий тараққиёт ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақа давлатлари мустақиллигини мустаҳкамлаш юзасидан музокара ўтказиш экани айтилган.

Ўзбекистонга ташрифдан аввал Британия бош дипломати 22 апрель куни Душанбе ва Бишкекда бўлиб, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашган. Кэмероннинг айни пайтда қисқа муддатли меҳнат таътилида бўлган Ўзбекистон президенти билан учрашиш-учрашмаслиги ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.

Бу Британия ташқи ишлар вазирининг сўнгги 27 йил ичида Тошкентга илк сафаридир. Кэмерондан аввал Ўзбекистонга 1997 йил февралида ўша пайтда Британия ТИВ раҳбари бўлган Малкольм Рифкинд ташриф буюрган эди.

Ўзгидромет раҳбари: Ҳафта охиригача 9 вилоятда сел хавфи мавжуд

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги сел оқибатлари (архив сурати)
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги сел оқибатлари (архив сурати)

Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 25-28 апрель кунлари кутилаётган кучли ёғин-сочин тўққизта вилоят ҳудудида сел-сув тошқини ҳодисаларининг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Мулозимга кўра, сел ҳодисалари, жумладан Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманларида, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида кузатилиши эҳтимоли бор.

Хабарномада тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолидан ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг бир неча вилоятида сел-тошқин ҳодисалари кузатилгани хабар қилинган. Шунингдек, сўнгги кунларда Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ёғин-сочин ва қор эриши натижасида сел ва тошқинлар рўй бергани маълум. Бу мамлакатлар ичида тошқин туфайли энг кўп талафот Қозоғистонда берилган.

Тошкентда мактаб фонди учун пул тўплаган ўқитувчи ишдан олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 257-мактаб ўқитувчиси Н. Н. мактаб фонди учун ўқувчилардан пул йиққани учун ишдан бўшатилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Аввалроқ маҳаллий нашрлар пойтахтдаги 257-мактабда ота-оналардан мажбурий равишда 25 минг сўмдан пул йиғилаётгани ҳақида хабар қилишган. Бу маълумот Тошкент шаҳар ММТБ ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган.

Бошқарма қайдича, ҳолат тасдиқлангани ортидан мактаб маъмурияти “ноқонуний хатти-ҳаракатни содир этган” ўқитувчи Н. Н. билан тузилган шартномани бекор қилган.

Душанбе сафари ортидан Мирзиёев қисқа муддатли таътилга чиқди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 апрелдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан.

Бу ҳақда маълумот тарқатган президент матбуот хизмати мазкур таътил неча кун давом этишига аниқлик киритган эмас.

Мирзиёев таътилдан аввал Тожикистонга давлат ташрифини амалга оширган. Аввалроқ Озодлик 18-19 апрель кунлари Тожикистонга сафар чоғида Ўзбекистон президенти тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказгани, сўнгра икки давлат ўртасидаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолагани, Тожикистон Парламенти қуйи палатаси раиси Маҳмадтоир Зокирзода ва бош вазир Қоҳир Расулзода билан учрашгани, Душанбедаги Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилишида ҳамда бошқа тадбирларда иштирок этгани ҳақида хабар қилган эди.

Мирзиёев сўнгги марта ўтган йилнинг 4 декабридан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққани эълон қилинган. Ўша пайтдаги таътил президентнинг рафиқаси Зироат Мирзиёеванинг туғилган кунига тўғри келган эди.

Ўзбекистонни 2016 йилдан буён президент ўлароқ бошқариб келаётган Шавкат Мирзиёев илк бор 2019 йил августида меҳнат таътили олгани очиқланган. Бу Мирзиёевнинг 13 йиллик бош вазирлик ҳамда 3 йиллик президентлиги давридаги расман биринчи меҳнат таътили бўлган эди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига биноан, Президентга муддати 36 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган таътил берилади.

Ўзбекистон Конституциясида президент таътилда бўлганида унинг вазифасини ким бажариши масаласига аниқлик киритилган эмас.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 112-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилиши” қайд этилган.

Душанбеда Ўзбекистон элчихонасининг янги биноси очилди

Душанбедаги Ўзбекистон элчихонасининг очилиш маросимидан лавҳа, 2024 йил 19 апрели (president.uz фотоси)
Душанбедаги Ўзбекистон элчихонасининг очилиш маросимидан лавҳа, 2024 йил 19 апрели (president.uz фотоси)

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 19 апрель куни Ўзбекистон элчихонаси янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, бинонинг очилиш тадбири Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган.

Маросимда Мирзиёев мезбон президент Эмомали Раҳмон билан биргаликда рамзий тасмани кесган, шундан сўнг давлат раҳбарлари элчихона биносида дипломатлар учун яратилган шароитлар билан танишганлар. Маросим якунида икки президент элчихона Фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдиришган.

Ўзбекистон президенти 18-19 апрель кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев билан Эмомали Раҳмон 18 апрель куни тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказишган, сўнгра икки давлат ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолашган.

19 апрель куни Ўзбекистон президенти Тожикистон Парламенти қуйи палатаси раиси Маҳмадтоир Зокирзода ва бош вазир Қоҳир Расулзода билан учрашган.

Шу куни Мирзиёев яна тожикистонлик ҳамкасби ҳамроҳлигида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишган.

Шу билан Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи ўз якунига етган ва Ўзбекистон президенти Тошкентга қайтган.

Ўзбекистон ҳудудида икки зилзила ҳис этилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 18 апрель оқшоми ва 19 апрель тонгида Ўзбекистон ҳудудида икки зилзила ҳис этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумот тарқатди.

Марказ қайдича, биринчи зилзила пайшанба куни Тошкент вақти билан 20:15 да содир бўлиб, эпимаркази Қирғизистонда бўлган 5,2 магнитудали бу зилзила таъсири Ўзбекистоннинг Фарғона, Наманган, Андижон ва Сирдарё (2 баллдан) вилоятлари ҳудудида ҳам сезилган.

Иккинчи ер қимирлаши эса жума куни соат 05:15 да бевосита Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида юз бериб, 3 магнитудали бу зилзила эпимаркази жануби-ғарбий йўналиш бўйича Тошкент шаҳридан 448 километр узоқликда бўлган.

Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази 18 апрель куни Тошкент вақти билан соат 16:42 да ҳам эпимаркази Афғонистонда бўлган 3,9 магнитудали зилзила рўй бергани ҳақида маълум қилган, бироқ бу зилзиланинг Ўзбекистон ҳудудида таъсири сезилиб-сезилмаганига аниқлик киритган эмас.

Ўзбек-қирғиз чегарасида яна бир ерости йўли топилди

Ўзбек-қирғиз чегарасида ўтган йили топилган ерости йўлларидан бири (архив сурати)
Ўзбек-қирғиз чегарасида ўтган йили топилган ерости йўлларидан бири (архив сурати)

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Новкен туманида яна бир ерости йўли топилган. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик хабарномасида ўтган ҳафта ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари чоғида муайян маблағ эвазига одамлар ва товарларни чегара яқинидаги қувурдан ўтказиш билан шуғулланган 39 ёшли новкенлик К. Х. ушлангани айтилган.

Қўлга олинган шахсдан ашёвий далил ўлароқ тунда кўриш дурбини ва белги қўйилган пуллар мусодара этилди. Шунингдек, чегарадан ноқонуний равишда ўтказилган товарлар сақланаётган ер ҳам топилди”, дейилган ИИВ хабарномасида.

Вазирлик тергов доирасида новкенлик гумонланувчининг уйида тинтув ўтказилгани, тинтув чоғида ичида психотроп моддалар дохил 41 турдаги дори воситалари бўлган 87 та қути топилганини қўшимча қилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, топилган товарлар қиймати 30 минг АҚШ долларига тенг. Мусодара этилган дори воситалари бўйича тегишли экспертизалар тайинланган.

Ўтган ойда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти Хонобод шаҳри билан Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи кесишган жойда икки яширин ерости йўли аниқлангани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Ўзбек-қирғиз чегарасида контрабанда маҳсулотлари ўтказиб турилгани айтилган яширин бир неча туннел топилгани ҳақида Озодлик 2022 йилда ҳам хабар қилган.

АҚШ ўзбек божгирларига кўрик мажмуаларини тақдим этди

Қўшма Штатлар Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига 50 дона СТ-40 кўрик мажмуасини тақдим этган. Қўмита матбуот хизмати маълумотига кўра, жиҳозлар божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлоновнинг Ўзбекистондаги АҚШ элчиси Жонатан Хеник бошчилигидаги делегация аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувида топширилган.

Учрашувда элчи Хеник мазкур ускуналар чегара хавфсизлиги ва хизмат фаолияти самарадорлигини оширишда ўз самарасини беришини урғулаган. Хабарномада ўзбек божгирларига тақдим этилган жиҳозларнинг қиймати очиқланган эмас.

Тадбир чоғида жорий йилнинг 18-19 апрель кунлари Божхона институтининг Қайта тайёрлаш ва малака ошириш факультетида АҚШнинг EXBS дастури томонидан Божхона қўмитаси ходимлари учун СТ-40 кўрик мажмуасидан самарали фойдаланиш бўйича ўқув курси ўтказилиши режалаштирилиб олинган.

Аввалроқ Озодлик АҚШ Ўзбекистон Чегара қўшинларига қиймати 600 минг доллар бўлган 225 дона “FLIR” инфрақизил монокуляр тақдим этгани ҳақида хабар қилган эди.

Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18-19 апрель кунлари расмий ташриф билан Тожикистонда бўлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18-19 апрель кунлари расмий ташриф билан Тожикистонда бўлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи арафасида Тожикистонда ўзбек маданияти кунлари бошланган.

Давлатга қарашли “Ховар” ахборот агентлиги хабарига кўра, 15 апрелдан 20 апрелгача мамлакатда Ўзбекистон киноси кунлари, зиёлилар учрашуви, Юнус Ражабий номидаги Ўзбекистон “Мақом” миллий маркази концерти ҳамда “Кўҳи Борбад” саройида икки давлат санъат арбобларининг маданий дастури бўлиб ўтади.

“Азия-Плюс” агентлигининг Тожикистон ТИВдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Ўзбекистон президенти Тожикистонда расмий ташриф билан 18-19 апрель кунлари бўлади. ТИВ вакиллари Ўзбекистон президентининг Душанбега ташрифи чоғида икки томонлама ҳамкорлик ва икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниши кутилаётганини билдирганлар. Ташриф кун тартибига оид бошқа тафсилотлар очиқланган эмас.

Айни пайтда Мирзиёев сафар пайтида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси янги биносининг очилиш маросимида иштирок этиши айтилмоқда.

Ўзбекистон президенти сўнгги бор Тожикистонда ўтган йилнинг сентябрь ойида бўлиб, Марказий Осие давлатлари раҳбарлари саммитида қатнашган эди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар президент Ислом Каримов ҳукмронлиги йиллари трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича ихтилофлар сабабли совуб кетган эди. Натижада икки мамлакат ўртасида ҳаво ва автобус қатновлари тўхтаган, темир йўлнинг бир қисми демонтаж қилинган ва виза режими жорий этилган эди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан кейин ўзаро муносабатларда илиқлашув кузатилган. Хусусан, икки давлат президентлари бир неча марта ўзаро ташрифларни амалга оширишиб, стратегик шериклик тўғрисидаги шартномаларни имзолашган, ўзаро визасиз режим жорий этишиб, товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олишган.

Россияда васийсиз қолган 17 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия ҳудудида қонуний вакиллари (ота-оналари) бўлмаган 17 нафар вояга етмаган бола 16 апрель куни Ўзбекистонга қайтарилган.

“Дунё” ахборот агентлигининг ёзишича, бу иш Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари билан биргаликда амалга оширилган.

Хабарда ватанига қайтарилган болалар Россияга қандай бориб қолганига, агар улар бу мамлакатга ота-оналари билан келган бўлсалар, уларнинг қонуний вакилларига нима бўлганига аниқлик киритилган эмас. Аммо Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабарномасидан келиб чиқилса, бу болаларнинг ота-оналари Россия Федерациясидан депортация қилингани ва уларга Россия ҳудудига кириш тақиқланганини тахмин қилиш мумкин.

Москвадаги элчихона бу болаларга Ўзбекистонга қайтиш учун бепул сертификатлар тақдим қилгани айтилмоқда.

Хабарда Ўзбекистонга қайтган вояга етмаган болаларнинг барчаси васийлик қилиниши учун яқин қариндошларига ёки мамлакатдаги махсус болалар муассасаларига топширилиши қўшимча қилинган.

Қатар Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорига айланди

Ўзбекистон ва Қатар ТИВ раҳбарлари ккки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битимни имзолаш чоғида, Тошкент, 2024 йил 15 апрели (ТИВ фотоси)
Ўзбекистон ва Қатар ТИВ раҳбарлари ккки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битимни имзолаш чоғида, Тошкент, 2024 йил 15 апрели (ТИВ фотоси)

Ўзбекистон билан Қатар икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик мақомига кўтаришган. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Telegram тармоғидаги ўз канали орқали маълум қилди.

“Бугун Тошкентда Қатар Бош вазири ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жасим Ол Соний Жаноби Олийлари билан биргаликда Икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Битимни имзоладик”, деб ёзган вазир Саидов 15 апрель оқшомида ёйинланган постида.

Аввалроқ Озодлик 15 апрель куни Тошкентда “Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтгани, унда Қатар Давлати Бош вазири, ташқи ишлар вазири, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши 44-сессияси раиси шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний ҳам иштирок этгани ҳақида хабар қилган эди.

Қатар араб давлатлари ичида Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган (1991 йил декабрида) мамлакат бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон Қатар билан дипломатик алоқаларни 1997 йилнинг ноябрь ойида ўрнатган бўлишига қарамай, қарийб 20 йил давомида (Ислом Каримов ўлимига қадар) бу мамлакат билан ўзаро муносабатларни ўта яқин ва илиқ, деб бўлмасди.

Икки давлат ўртасидаги алоқалар Шавкат Мирзиёев даврида, айрим манбалар иддаосича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон воситачилигида илиқлаша бошлаган. Ўзбекистон президенти Қатарга сўнгги сафарини 2023 йил октябрида, Қатар амири эса Ўзбекистонга сўнгги ташрифини ўтган йил декабрида амалга оширган.

Ўзбекистон Каримов қаршилик қилган ГЭС қурилиши лойиҳасида иштирок этади

“Қамбарота-1” ГЭСи Қирғизистон ҳудудида барпо этилиши режаланган
“Қамбарота-1” ГЭСи Қирғизистон ҳудудида барпо этилиши режаланган

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари Норин дарёсида Қамбарота гидроэлектростанцияси (“Қамбарота-1” ГЭСи) қурилиши тўғрисидаги шартномани имзолашади. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги томонидан муҳокама учун ёйинланган ҳукуматлараро шартнома лойиҳасида айтилган.

Шартномада ГЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш ва унинг эксплуатацияси доирасида томонлар ўртасидаги ҳамкорлик шартларини белгилаш режаланмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, уч мамлакат томонидан белгиланган ташкилотлар Қамбарота ГЭСи томонидан ишлаб чиқариладиган бутун электр энергиясини сўзсиз сотиб олишади.

Томонлар ўзаро консенсус асосида қарор қабул қилишади ва ГЭС иши тартибини бошқариб боришади.

Қирғизистон ҳудудидаги лойиҳани амалга ошириш учун қўшма акциядорлик ширкати тузилади. Бунда Қирғизистоннинг улуши 34 фоизни, Қозоғистон ва Ўзбекистонники эса 33 фоизданни ташкил қилади. Ширкат муассисини ҳар бир мамлакат мустақил равишда белгилайди. Томонлар улуши ўзгаришсиз қолади, бунда мамлакатлар улушини бошқа бировга сотиш, бериб юбориш ва бирлаштириш имконияти мутлақо кўзда тутилмаган.

Лойиҳани молиялаштириш учун асосий манба ширкат таъсисчиларининг ўз маблағлари, шунингдек, улар томонидан халқаро молия институтлари ва банклардан жалб қилинадиган қарз ва грант маблағлари бўлиши айтилмоқда.

Лойиҳа амалга оширилганидан кейин Қамбарота ГЭСи акциялари ва активлари тўлалигича Қирғизистон тасарруфига ўтади. Шартномани Бишкек шаҳрида имзолаш режаланган.

Ўтган йилнинг январь ойида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, унинг қозоғистонлик ҳамкасби Болат Акчулаков ва қирғизистонлик ҳамкасби Таалайбек Ибраев Бишкекда “Қамбарота-1” ГЭСи қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича йўл харитасини имзолашган эди.

Бўлажак ГЭС қуввати 1860 МВтга тенг бўлади. ГЭС сув омборида 5,4 миллиард куб метр сув сақланади, тўғон баландлиги эса 256 метрни ташкил этади. Станция йилига ўртача 5,6 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. ГЭСни 10 йил ичида қуриб битказиш режаланган.

Қирғизистон президентининг 2021 йил мартидаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида икки мамлакат расмийлари “Қамбарота-1” ГЭСи қурилиши” инвестицион лойиҳасига тайёргарлик тўғрисидаги шартнома ва ўзаро электр энергияси етказиб бериш бўйича баённомани имзолашган эди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига 2022 йил июнида старт берган. Лойиҳа бўйича дастлабки ишлар учун 20 миллион долларга яқин маблағ ажратилган. Канаданинг SNC-Lavalin International Inc. ва Россиянинг “Энергетика жанубий муҳандислик маркази” ширкатлари консорциуми томонидан ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асослама бўйича ГЭС қурилиши учун 2014 йилдаги ҳисоб-китоб бўйича 2,9 миллиард доллар маблағ талаб қилинган. Айни пайтда Қирғизистон президенти шу йил 13 апрель куни лойиҳа харажатлари 5-6 миллиард долларни ташкил этиши ва лойиҳа ўзини оқлаши учун 13-15 йил керак бўлишини маълум қилган.

“Қамбарота-1” ГЭСи қурилишига ўз вақтида Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов қарши чиққан эди. Каримов ўша пайтда бу лойиҳа Марказий Осиёда экологик муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини иддао қилган.

ТИВ Яқин Шарқдаги вазият юзасидан хавотир изҳор қилди

“Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви иштирокчилари, Тошкент, 2024 йил 15 апрели (Ўзбекистон ТИВ фотоси)
“Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви иштирокчилари, Тошкент, 2024 йил 15 апрели (Ўзбекистон ТИВ фотоси)

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият кескинлашувининг янги босқичидан чуқур хавотирда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада Ўзбекистон томони барча тарафларни босиқликка, ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришдан тийилишга ҳамда можарони энг қисқа фурсатларда сиёсий тартибга солиш учун мумкин бўлган барча чораларни кўришга чақириши айтилган.

Мазкур минтақадаги кескинликнинг авж олиши янада жиддий оқибатларга ва кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблаймиз”, дейилган ТИВ баёнотида.

Яқин Шарқдаги вазият 14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроил ҳудудига юзлаб дрон ва ўнлаб ракета воситасида ҳужум уюштиргани ортидан янада кескинлашиб кетган. Исроил томони Эрон зарбасига муносиб жавоб берилажагини билдирган, бироқ бу жавоб қачон ва қай шаклда берилишини очиқлаган эмас.

Эрон ўзининг тунов кунги ҳужумини 1 апрель куни Эроннинг Дамашқдаги консулхонасида Ислом инқилоб посбонлари корпуси генераллари Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Муҳаммад Ходий Раҳимий ҳамда уларнинг беш нафар хизматдоши Исроил зарбаси натижасида ўлдирилишига жавоб эканини билдирган.

Яқин Шарқдаги вазият 15 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилишида ҳам муҳокама қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев мазкур йиғилиш якунлари бўйича ўтказилган брифингда билдирган.

ТИВ мулозимига кўра, вазир Бахтиёр Саидов мезбонлигида бўлиб ўтган Тошкентдаги анжуманда Қатар Давлати Бош вазири, ташқи ишлар вазири, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши 44-сессияси раиси шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби, Баҳрайн, Кувайт, Саудия Арабистони ва Ўмон ташқи ишлар вазирлари, БАА президентининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, энергетика ва саноат вазири, шунингдек, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари, Қозоғистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бошчилигидаги делегациялар иштирок этган. Тадбирга Озарбайжон ташқи ишлар вазири фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган.

Йиғилишда Марказий Осий ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасида сиёсий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-логистика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан атрофлича гаплашилган.

Долзарб халқаро ва минтақавий масалалар доирасида Яқин Шарқда бугунги кунда юзага келган вазият ҳақида сўзлашган вазирлар бундан ташқари, Афғонистон, Фаластин-Исроил можароси ва бошқа бир қатор мавзулар бўйича ҳам фикр алмашишган.

Аълоевга кўра, вазирлар йиғилиши якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинган. “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари” ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғилишини эса 2026 йили Кувайтда ўтказишга келишиб олинган.

“Бирлик” етакчиси Абдураҳим Пўлатов АҚШда вафот этди

Абдураҳим Пўлатов (архив сурати)
Абдураҳим Пўлатов (архив сурати)

Ўзбекистондаги илк мухолифат ташкилоти бўлган “Бирлик” халқ ҳаракати асосчиларидан бири, кибернетик олим Абдураҳим Пўлатов 78 ёшида АҚШда вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

1998 йилдан буён Қўшма Штатларда муҳожиротда яшаб келган Пўлатов Каримов режимининг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган.

Абдураҳим Пўлатов 1945 йили Тошкент вилоятида туғилган. 1962 йилда ўрта мактабни, 1968 йилда эса Москва энергетика институтини тамомлаган. 1973 йили у номзодлик диссертациясини ёқлаганидан кейин 1991 йилгача Ўзбекистон Фанлар академияси Кибернетика институтида фаолият юритган. Бу орада у (1984 йили) роботсозлик ва сунъий интеллект яратиш муаммоларига бағишланган докторлик диссертациясини ёқлаган.

Абдураҳим Пўлатовнинг сиёсий фаолияти 1988 йил баҳорида Орол денгизини қутқариш қўмитаси таркибида эксперт ўлароқ иштирок этишдан бошланган. Ўша йилнинг ноябрь ойида “Бирлик” халқ ҳаракати ташкил этилган ва Пўлатов унинг ташкилотчиларидан бири бўлган.

1989 йил 28 майида “Бирлик”нинг таъсис қурултойи бўлиб ўтган ва у ерда Абдураҳим Пўлатов ҳаракат раиси этиб тайинланган. Шундан сўнг у 1980 йилдан буён ўзи аъзо бўлиб келган КПСС сафидан чиққанини эълон қилган.

1992 йилнинг май ойида Абдураҳим Пўлатов бу пайтга келиб партияга айланган “Бирлик”ка қайтадан раис этиб сайланган.

Ўша йилнинг июнь ойи охирида Абдураҳим Пўлатов ва “Бирлик” фаолларидан бирига қарши суиқасд уюштирилган, натижада у реанимацияга тушган.

Каримов режими томонидан таъқиб тўхтамаётганидан шикоят қилган Абдураҳим Пўлатов 1992 йили Ўзбекистонни тарк этиб, даставвал Озарбайжонга, кейин эса Туркияга кетган.

Туркияда олти йил яшаганидан кейин у 1998 йилда АҚШдан сиёсий бошпана олган. Икки фарзанднинг отаси бўлган Пўлатов умрининг сўнгги 25 йилини Қўшма Штатларда ўтказган.

Дипломатлар Исроилдаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Исроил байроғи (иллюстратив сурат)
Исроил байроғи (иллюстратив сурат)

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Исроил ҳудудида юрган ўзбекистонликларга заруратсиз яшаб турган жойларини тарк этмасликни тавсия қилди.

Ўзбек дипломатлари мазкур тавсияни “ушбу зиддиятли кунларда шахсий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларни олдини олиш” истаги билан изоҳлашган, бироқ бу кунлар нимаси билан “зиддиятли” эканига аниқлик киритган эмас.

Элчихона хабарномасида Ўзбекистон фуқароларига “минтақадаги вазият туфайли Исроил ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш ҳамда доимий равишда ҳушёрлик зарур”лиги эслатилган.

Аввалроқ Озодлик 1 апрель куни Исроил томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида Дамашқда Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ўлдирилгани, пировардида Эрон олий руҳонийси Али Хоманаий “сионистик режим жазоланиши”ни бир неча бор таъкидлагани ҳақида хабар қилган эди.

Расмий Теҳроннинг қасос олинишига оид баёнотлари ортидан турли нашрларда Эрон яқин кунлар ичида Исроилга ҳужум уюштириши мумкинлиги ҳақида тахминлар урчиган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG