Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2024, Тошкент вақти: 06:59

Ўзбекистон хабарлари

Навоийда косметика корхонаси ишга тушди


Навоийда Ўзбекистон-Корея ҳамкорлигидаги "Navoiy-Beauty Cosmetics" қўшма корхонаси ишга туширилди.

Uzreport.com сайти маълумотига кўра, “Навоий” Эркин индустриал-иқтисодий зонасида жойлашган ушбу корхона лойиҳаси 2,88 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Янги корхона 18 номдаги косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Жорий йилнинг сўнггига қадар 687 миллион сўмдаги маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Кун янгиликлари

Термизда блогер аёл саккиз суткага қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 19 июнь куни Термиз шаҳар судида блогер Фазилат Салимовага нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилган.

Суд қарори билан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ва 202.2-моддаси 1-қисми (Ёлғон ахборот тарқатиш) бўйича айбли деб топилган блогерга 8 суткалик қамоқ жазоси ҳамда БҲМнинг ўн баробари миқдорида (3 миллион 400 минг сўм) жарима тайинланган.

Гувоҳлар иддаосича, беш яшар фарзанднинг онаси бўлган 33 ёшли термизлик блогер устидан суд ёпиқ тарзда ўтказилган.

Фазилат Салимованинг онасига кўра, қизи ИИБ ходимлари томонидан бир фуқаро калтакланаётганини кўриб, “урманглар, айби бўлса, қонуний жазосини беринглар” деб, ўша жойда жонли эфир қилгани учун маҳаллий расмийлар ғазабига учраган.

“Улар Фазилатга туҳмат қилишяпти”, деган блогернинг онаси бу суд аёлдан қасд олиш учун уюштирилганини иддао қилмоқда.

“Ўзгидромет” 8 та вилоятда сел эҳтимолидан огоҳлантирди

Сел оқибатларини бартараф қилиш билан шуғулланаётган ФВВ ходимлари (архив сурати)
Сел оқибатларини бартараф қилиш билан шуғулланаётган ФВВ ходимлари (архив сурати)

Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 20-24 июнь кунлари кутилаётган кучли ёғин-сочин сел-сув тошқини ҳодисаларининг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумот тарқатди.

“Ўзгидромет” қайдича, сел ҳодисалари Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманлари, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробод туманлари, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманлари, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманлари, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарлари, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманлари, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ва Хонобод шаҳрида кузатилиши эҳтимоли бор.

Метеорологлар тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш ҳақида огоҳлантиришган.

“Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин”, дейилган “Ўзгидромет” хабарномасида.

Агентлик 17-19 июнь кунлари ҳам сел-тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Аввалроқ Озодлик Наманган вилоятининг Чуст туманида 17 июнь куни юзага келган сел тошқини оқибатида 14 яшар қиз қурбон бўлгани ҳақида хабар қилган эди. Сел қулатган девор тагида қолган 16 яшар яна бир қиз оғир аҳволда касалхонага етказилган.

РФга кираётган ўзбек мигрантлари узоқ текширувлардан ўтказилмоқда

Москвадаги Шереметьево аэропорти (иллюстратив сурат)
Москвадаги Шереметьево аэропорти (иллюстратив сурат)

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон фуқаролари Россия Федерациясига киришда ёки Москвадаги “Шереметьево” аэропорти орқали транзит ўтишда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз call-марказига келиб тушаётган хабарларга таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Дипломатик ваколатхона қайдича, мазкур жойларда ўзбекистонликлар узоқ вақтга чўзилган қўшимча текширувлардан ўтишга мажбур бўлишяпти.

Элчихона вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Россия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаатнома йўлланганини билдирган.

Айни пайтда, ўзбек дипломатларига кўра, элчихонанинг консуллик бўлими “Шереметьево” аэропорти чегара назорати хизмати билан доимий алоқада бўлиб турибди.

РФга кираётган меҳнат муҳожирларини қўшимча текширувлардан ўтказиш ҳолати Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказига қилинган қуролли ҳужум ортидан кўпайган.

Жорий йилнинг 22 март куни содир этилган теракт чоғида, сўнгги маълумотларга кўра, 144 киши ҳалок бўлган. Россиялик терговчилар ҳужумни бевосита амалга оширган шахсларнинг аксарияти тожикистонликлар эканини билдирган.

Апрель ойи охирида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва аэропортларида Россияга қонуний йўллар билан киришга уринган мингдан зиёд тожикистонлик тутиб турилгани ҳақида маълум қилган, улар тегишли санитария шарт-шароитисиз сақланаётгани ва иссиқ овқат билан таъминланмаётганини билдирган эди.

Ўшанда “Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудида ўта салбий муомала қилинаётгани ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар жойда бузилаётгани муносабати билан жиддий ташвиш” билдирган вазирлик 29 апрель куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьевга норозилик нотасини топширгани маълум қилинган эди.

Чустда сел қулатган девор бир қизнинг умрига зомин бўлди

Сел сабаб бўлган Чустдаги фожиа видеосидан скриншот
Сел сабаб бўлган Чустдаги фожиа видеосидан скриншот

Наманган вилоятининг Чуст туманида 17 июнь кунги сел тошқини бир ҳовли деворининг қулашига сабаб бўлган, натижада қулаган девор остида қолган қизлардан бири қурбон бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабарни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маҳаллий матбуотга тасдиқлаган.

БП вакили қайдича, ҳодиса душанба куни соат 16 ларда Чустнинг “Тоймособод” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Камарбаста кўчасида содир бўлган.

Маълумотларга кўра, 14 яшар З. Ю. ва 16 яшар К.Ю. ҳовли дарвозахонасига сизиб кираётган сел сувини тўсиш учун девор яқинига боришган. Ўша пайтда ҳовли девори улар устига қулаб, натижада З. Ю. воқеа жойида жон таслим қилган, бир неча жойидан жароҳат олган К. Ю. касалхонага олиб кетилган - туман касалхонасига олиб кетилган 16 яшар қизнинг аҳволи оғирлиги айтилган.

Ҳолат юзасидан Чуст туман прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боряпти.

Қозоғистонда ўзбекистонлик жиянларини зўрлаганликда гумонланган амаки ушланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистонда вояга етмаган ўзбекистонлик жиянларига жинсий зўравонлик ҳаракатларини содир этганликда гумонланган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Зўравон амакининг қўлга олинишига жорий йилнинг 6 июнида Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова номига 24 ёшли аёлдан келиб тушган мурожаат сабаб бўлган.

Мурожаатчи А.А. ота-онаси вафот этгани ортидан сингиллари — 17 ёшли И.А. ва 12 ёшли С.Р. амакиси Р.Р. нинг васийлигига берилгани, амаки эса қизларни Қозоғистондаги ўз яшаш манзилига олиб кетгани, ҳозирда у қизларга нисбатан “уятсиз бузуқ ҳаракатлар” содир этаётганини маълум қилган.

Аёл ўз сингилларига жинсий зўравонлик содир этаётган амакисига нисбатан қонуний чора кўришни ҳамда сингилларини Ўзбекистонга қайтариш ва энг яқин қариндош эканлиги сабабли қизларга қонуний вакил этиб тайинланишида амалий ёрдам сўраган”, дейилган хабарномада.

Мурожаат ортидан Болалар омбудсмани Ички ишлар вазирлигига ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги Бош консулига сўров юборган, шу асосда 8 июнь куни И.А. ва С.Р. амакисининг уйидан полиция ва васийлик органи томонидан олиб кетилган ҳамда мураккаб ижтимоий вазиятларга тушиб қолган болаларни қўллаб-қувватлаш Олмаота шаҳри адаптация марказига жойлаштирилган.

Болалар омбудсмани айни пайтда қизларга барча зарурий ижтимоий-психологик кўмак кўрсатилаётганини билдирган.

Қайд этилишича, жиянларига жинсий зўравонлик қилганликда гумонланаётган Р. Р. Қозоғистон полицияси томонидан просессуал тартибда ушланган, унга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодекси 121-моддаси 3-1 қисми 1-банди (Жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан суд томонидан 17 июнь куни қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Хабарномада ҳозирда Болалар омбудсмани, ИИВ ва ТИВ томонидан вояга етмаган И.А. ва С.Р. ларга нисбатан васий тайинлаш ва уларни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилаётгани қўшимча қилинган.

Наманганда тўрт фарзанднинг онаси ўзини ёқиб юборди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида яшовчи аёл ўзига ўт қўйиш оқибатида нобуд бўлган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Бош прокуратура матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишмоқда.

Ҳодиса 10 июнь куни Янгиқўрғоннинг “Нурафшон” маҳалласида содир бўлган. Айтилишича, 29 ёшни қоралаган ва тўрт фарзанднинг онаси бўлган Р. Қ. оиладаги жанжалдан сўнг устидан бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборган, натижада у олинган жароҳатлар туфайли вафот этган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Қозоғистондаги автоҳалокатда ўзбекистонлик йўловчи вафот этди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қозоғистоннинг Атирау вилоятида уч автомобиль иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси чоғида 51 ёшни қоралаган ўзбекистонлик қурбон бўлган.

“Ақ Жайиқ” нашри хабарига кўра, мазкур автоавария Атирау – Доссор йўлида 15 июнь куни тонгги соат 6:30 ларда рўй берган.

Қайд этилишича, КамАЗ, ПАЗ ва Nexia русумли автомобиллар тўқнашгани оқибатида Nexia машинасида келаётган ўзбекистонлик йўловчи воқеа жойида жон берган.

ЙТҲ қурбонининг жасади ватанига йўлланганми-йўлланмаганми - бу ҳақда ҳозирча бирор расмий маълумот йўқ. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси сайтида ҳам, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам бу ҳақда хабар берилган эмас.

Алишер Усмонов Германиядаги банк билан судлашмоқда

Алишер Усмонов
Алишер Усмонов

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов UBS Europe SE (собиқ UBS Deutschland AG) банки устидан Франкфурт судига даъво аризаси киритди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри тадбиркорнинг адвокати Штефани Рабенаудан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Даъвогар 2018-2022 йилларда банк гўё Усмонов томонидан амалга оширилган шубҳали молиявий операциялар ҳақида Германиянинг молиявий расмийларига “бир қатор асоссиз билдиришномалар” йўллаган, деб ҳисоблайди. Бу эса “унга қарши сиёсий сабабларга кўра текширувлар” бошланишига сабаб бўлган.

Айни пайтда банк ўз шубҳаларини тасдиқловчи ҳеч қанақа факт кўрсатган эмас”, дея қайд этган Усмоновнинг адвокати.

Аввалроқ Ҳамбургдаги суд Tegernseer Stimme газетасига USM Holdings ширкати асосчиси Алишер Усмонов Бавариядаги вилла эгаси экани ҳақида маълумот тарқатишни тақиқлаш ҳақида қарор чиқаргани ҳақида хабар берилган эди.

Усмоновнинг адвокатлари 2017 йилдаги мақола учун газетани судга беришган. Ўша мақолада тадбиркор “гап-сўзларга кўра” Тегернзе кўли яқинидаги “улкан виллага қарийб бир йил давомида эгалик қилган”и иддао қилинган эди.

2024 йил январида Ҳамбург суди Алишер Усмоновнинг Forbes журналига қарши киритган даъво аризасини қаноатлантирган. Нашр томонидан ёйинланган аноним экспертнинг тадбиркор Россия президенти Владимир Путиннинг “гумаштаси ўлароқ фаолият олиб борган”ига оид сўзлари ишончсиз деб топилган. Forbes журналининг Алишер Усмонов “Мюнхенда кўчмас мулкка эга”лигига оид иддаоси бўйича ҳам суд худди шундай қарор чиқарган. Суд нашрга ҳақиқатга тўғри келмайдиган иддаоларни ёйинлашни тақиқлаб, тақиқ бузилган тақдирда 250 минг еврогача жарима билан таҳдид қилган.

2023 йил августида Алишер Усмонов Австриянинг Kurier газетасига қарши судда ютиб чиққан эди. Даъво аризаси киритилишига нашрнинг тадбиркор ҳақида Владимир Путиннинг “севикли олигархи обрў-эътиборидан фойдаланмоқда” деб ёзгани сабаб бўлган эди.

Bloomberg: Германия афғонларни Ўзбекистон орқали ватанига қайтармоқчи

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Германия Тошкент расмийлари билан афғонистонлик қочқинларни Ўзбекистон орқали ватанига қайтариш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар қилди.

Агентлик қайдича, май ойи охирида германиялик мулозимлар делегацияси ташқи ишлар вазири Нэнси Фезер топшириғига кўра миграция ва депортацияга оид пактни муҳокама қилиш учун Тошкентга борган. Режага кўра, Германияда бошпана бериш рад этилган ва депортацияга тушган афғонистонликларнинг бир гуруҳи Ўзбекистонга келтирилади, Тошкент эса уларни қўшни Афғонистонга йўллайди.

Аниқлик киритилишича, Кобулга рейслар хусусий авиаширкат томонидан амалга оширилади. Бу Германияга “Толибон” билан музокаралар олиб бориш заруратида қутулиш имконини беради.

“Ўзбек расмийлари Берлин таклифини ўрганяпти. Улар мазкур келишув Ўзбекистондан Германияга малакали ишчилар қонуний миграциясига имкон берувчи икки томонлама моддаларни ўз ичига олишини истамоқда”, дейилган агентлик хабарида.

Ўзгидромет: Ҳафта ўртасигача 9 вилоятда сел келиши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 17-19 июнь кунлари кутилаётган кучли ёғин-сочин сел-сув тошқини ҳодисаларининг юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумот тарқатди.

“Ўзгидромет” огоҳлантирувига кўра, сел ҳодисалари Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманлари, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманлари, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманлари, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманлари, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманлари, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарлари, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманлари, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида кузатилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Метеорологлар тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш ҳақида огоҳлантиришган.

Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин”, дейилган “Ўзгидромет” хабарномасида.

Тошкент билан Сеул ўртасида 17 та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль билан, Тошкент, 2024 йил 14 июни (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль билан, Тошкент, 2024 йил 14 июни (president.uz фотоси)

Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёлнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида жами 17 та ҳужжат имзоланган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, даставвал Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолашган.

Бундан ташқари, икки президент ҳузурида Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси билан ҳукуматлараро битим, Корея Экспорт-импорт банки ва Hyundai Rotem компанияси билан тезюрар электр поездларини харид қилиш ва етказиб бериш тўғрисида битимлар, Корея Экспорт-импорт банки билан ўрта мактаблар учун фан, ахборот-коммуникация технологиялари ускуналарини етказиб бериш тўғрисида битим, “Тошкент Фарма Парк” инновацион фармацевтика кластери лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим, Ўзбекистон давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, ЖСТ доирасида ҳамкорлик тўғрисида баённома, Транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишув, Ўта муҳим минераллар соҳасида шериклик тўғрисида келишув, Малакали ва профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум, Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва бошқа ҳужжатларга қўл қўйилган.

Ҳужжатлар имзоланишидан олдин Шавкат Мирзиёев билан Юн Сок Ёль аввалига тор доирада музокара ўтказишган, кейин эса музокаралар икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этган.

Президентларнинг тор доирадаги учрашуви чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, технологик ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган, минтақавий, жумладан, "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форматидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Шунингдек, мазкур учрашувда хавфсизлик ва мудофаа соҳасида, хусусан, кибержиноятлар, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича яқин алоқаларни ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилган.

Кенгайтирилган музокаралар чоғида эса икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг барча соҳалари ва йўналишларини қамраб олган алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

Музокаралар чоғида келгуси 3 йил учун Ўзбекистон-Корея алоҳида стратегик шериклигининг янги юқори технологияли кун тартибини шакллантириш муҳимлиги таъкидланган.

Томонлар сунъий интеллект, бизнес жараёнларини аутсорсинг қилиш ва рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олганлар.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, экология, меҳнат миграцияси ва бошқа муҳим йўналишларда аниқ таклифлар кўриб чиқилган.

“Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича аниқ муддатлар ва амалга ошириш механизмлари белгиланган "йўл хариталари"ни қабул қилишга топшириқ бердилар”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Уч кунлик давлат ташрифи билан 13 июнь куни Ўзбекистонга келган Жанубий Корея президенти Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида шанба (15 июнь) куни Самарқанд шаҳрида бўлиши кутилмоқда.

Юн Сок Ёль Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги уч мамлакат бўйлаб бир ҳафталик сафари доирасида келган. Мазкур ташриф доирасида Жанубий Корея президенти 10-11 июнь кунлари Туркманистонда, 11-13 июнь кунлари эса Қозоғистонда бўлган.

Тошкентда Индонезия элчиси Сунарио Картадината вафот этди

Индонезиянинг Ўзбекистон ва Қирғизистондаги элчиси Сунарио Картадината (buxdu.uz фотоси)
Индонезиянинг Ўзбекистон ва Қирғизистондаги элчиси Сунарио Картадината (buxdu.uz фотоси)

Индонезиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сунарио Картадината Тошкентда вафот этди.

Индонезиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати маълумотига кўра, жаноб Картадината 13 июнь оқшомида вафот этган. Хабарномада элчи ўлимига нима сабаб бўлганига аниқлик киритилган эмас.

74 ёшни қоралаган профессор Сунарио Картадината Индонезиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига 2019 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди. У бир пайтнинг ўзида Индонезиянинг Қирғизистондаги элчиси вазифасини ҳам бажариб келаётган эди.

Қорақалпоғистонда ИИБ бошлиғи муовини тамагирликда гумонланяпти

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қўнғирот туманида ИИБ бошлиғи ўринбосари товламачиликда айбланаяпти, дея маълум қилди Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши матбуот хизмати. Хабарномада ИИБ мулозимининг инициаллари кўрсатилган эмас.

Қайд этилишича, мулозим маҳаллий фуқарони унга доир бир сирни фош қилиш билан қўрқитиб, бу ишни қилмаслик эвазига ундан iPhone 15 Pro Max олиб келиб беришни талаб қилган.

Бунинг ортидан фуқаро Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасига мурожаат қилган. Мурожаатчи иддаосига кўра, майор унвонига эга мансабдор талаб қилинган смартфон олиб келинмаса, фуқаронинг шахсий сирини фош қилиб, уни жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилган.

Хабарномага мувофиқ, ДХХ вакиллари томонидан ўтказилган тадбирда “Қўнғирот туман ИИБ бошлиғи ўринбосари фуқародан талаб қилинган iPhone 15 Pro Max'ни олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган”.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда суд, прокуратура, Миллий Гвардия ва бошқа соҳада ишлайдиган мулозимларнинг пора олиш устида қўлга олинганига оид хабарлар кўпайган. Уларнинг айримлари ҳақида аввалроқ Озодлик ҳам хабар қилган эди.

AAB россияликлар учун валюта операциялари тўхтатилганини рад этди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистондаги Asia Alliance Bank Россия резидентлари билан боғлиқ валюта операциялари тўхтатилгани ҳақида 13 июнь куни ёйинланган баёноти юзасидан раддия берди.

Аввалроқ мазкур банкнинг телеграм-каналида “АҚШ санкциялари пакети янгилангани муносабати билан Россия резидентлари билан боғлиқ валюта операцияларининг барчаси тўхтатилди” қабилидаги баёнот пайдо бўлган эди.

Мазкур пост кўп ўтмай телеграм-каналдан ўчириб ташланган, банк мутасаддилари эса бу хабар каналда "техник носозликларга кўра" ёйинлаганини қайд этишган.

"Банк мижозларнинг Россия Федерацияси резидентлари билан боғлиқ операцияларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат кўрсатишни давом эттирмоқда", дейилган банкнинг галдаги хабарномасида мижозлардан "келтирилган ноқулайликлар учун узр" сўралган.

Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни АҚШ Украинада босқинчилик уруши олиб бораётган Россияга қарши санкция тартибини кучайтирган, янги чекловлар ортидан Россия биржасида доллар ва еврога савдо тўхтаб қолган эди.

АҚШ Молия вазирлигининг санкция рўйхатига Россия ва бошқа мамлакатларда фаолият юритувчи жами 300 дан зиёд юридик ва жисмоний шахс киритилган. Мазкур рўйхатда Ўзбекистон компаниялари йўқ, лекин ўзбек ширкатлари санкция остидаги Россия ташкилотлари ва фуқаролари билан чекловсиз алоқаларни давом эттираверган тақдирда, иккиламчи санкцияларга нишон бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Жанубий Корея президенти уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонда бўлади

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль (архив сурати)
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль (архив сурати)

Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль 13-15 июнь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Жанубий Корея етакчиси Ўзбекистонга президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан келмоқда.

Қайд этилишича, мезбон ва меҳмон президентларнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган музокараларида Ўзбекистон-Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Савдо, инновациялар ва технологиялар алмашинуви, энергетика, электроника ва электротехника, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлади. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларидаги қўшма дастурлар муҳокама қилинади”, дейилган хабарномада.

Олий даражадаги музокараларда минтақавий, шу жумладан "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форматидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашиш режаланган ҳамда саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Ташрифнинг ишбилармонликка оид дастури доирасида Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль қўшма бизнес форумида иштирок этишади.

Сафар дастури доирасида Жанубий Корея президенти Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюриши ҳам кутилмоқда.

Юн Сок Ёль Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги уч мамлакат бўйлаб бир ҳафталик сафари доирасида келмоқда. Мазкур ташриф доирасида Жанубий Корея президенти 10-11 июнь кунлари Туркманистонда, 11-13 июнь кунлари эса Қозоғистонда бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG