Линклар

Шошилинч хабар
27 март 2024, Тошкент вақти: 10:13

Ўзбекистон хабарлари

Юқори даражали АҚШ дипломати Тошкентга келди

Ричард Ҳоугланд.
Ричард Ҳоугланд.
Марказий Осиë бўйича сафарини давом эттираëтган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ричард Ҳоугланд бугун Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашди.

Вазирлик тарқатган расмий баëнотга кўра¸ учрашувда икки давлат ўртасидаги долзарб масалалар¸ сиëсий¸ савдо-иқтисодий¸ гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Кроул ҳам иштирок этган Тошкент учрашувида шунингдек халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

АҚШ қўшинларининг 2014 йил охирида Афғонистонни тарк этиши¸ минтақа¸ айниқса¸ Ўзбекистон ҳукуматининг жанубий сарҳадлар хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирларини кучайтирмоқда.

Тошкентга келиш арафасида юқори даражали АҚШ дипломати¸ Вашингтон минтақани тарк этиш ниятидан йироқ экани ва ҳукуматлар билан хавфсизлик ва бошқа масалаларда ҳамкорликни давом эттиражагини таъкидлади.

Кун янгиликлари

12 яшар қизчани зўрлашга уринган ўқитувчи 8 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 25 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди 66 ёшли мусиқа ўқитувчиси А. С.ни жинсий тажовузда айбдор деб топиб, уни 8 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Хабарномага мувофиқ, нафақахўр ўқитувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Унинг мусиқадан сабоқ бериш асносида 12 яшар қизга икки йил мобайнида тегажоғлик қилиб келгани, ҳатто ўтган йилнинг май ойида зўрламоқчи бўлгани айтилмоқда.

Тошкентлик мусиқа ўқитувчиси Александр Султанов 12 яшар ўқувчисини зўрлашга урингани ҳақида ўтган йил август ойида Nemolchi.uz лойиҳаси маълумот тарқатган эди. Мазкур хабар ортидан унинг бошқа бир ўқувчиси Nemolchi.uz билан боғланиб, мусиқа ўқитувчиси унга нисбатан ҳам жинсий зўравонликни амалга оширганини айтиб берган.

Тошкентда иситиш мавсумини 26 мартдан якунлаш режаланмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон пойтахтида 26 мартдан эътиборан 2023-2024 йилги иситиш даври якунланиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ўз хабарномасида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлидаги “Коммунал хизматлар кўрсатишни тасдиқлаш қоидалари тўғрисида"ги 194-сонли қарорига асосан иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8 даражадан юқори бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан тамомланиши белгиланганини эслатган.

Ҳокимлик мазкур қарорга таянган ҳамда Тошкент шаҳар гидрометеорология марказининг маълумотларини ҳамда ўртача суткалик ҳарорат 10 даражадан юқори бўлаётганлигини инобатга олган ҳолда, сешанбадан бошлаб иситиш даври якунланишини маълум қилган.

Аввалроқ Veolia Energy Tashkent ширкати 2023-2024 йилги иситиш мавсуми тугаганидан бир кун ўтиб аҳоли учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини ошириш режалангани ҳақида маълумот тарқатган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари тарифлари 27 мартдан эътиборан оширилишини тахмин қилиш мумкин.

БМТ қорақалпоқ фаолларига бошпана бўйича Остонага мурожаат қилди

Қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов (Ақилбек Муратбай).
Қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов (Ақилбек Муратбай).

Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) Қозоғистондаги ваколатхонаси қорақалпоғистонлик беш нафар бошпана сўровчи билан боғлиқ вазият юзасидан Остонага мурожаат қилди.

БМТнинг Қозоғистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси идораси қозоқ расмийларини қорақалпоғистонлик фаолларнинг бошпана тақдим этишга оид аризасини кўриб чиқиш миллий ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ равишда ўтказилишига кафолат беришга чақирган. БМТ вакилларининг мазкур мактуби матни халқаро ва Қозоғистон ОАВ томонидан чоп этилган.

БМТ хатида қорақалпоғистонлик фаоллар Жангелди Жақсимбетов, Райса Худайбергенова, Зиуар Мирманбетова ва Тлеубике Юлдашева 2022 йилда қўлга олингани ҳамда Ўзбекистоннинг экстрадицион сўрови асосида 12 ой давомида Қозоғистондаги тергов ҳибсхоналарида сақлангани қайд этилган. Бу тўрт кишининг барчаси Қозоғистонда ўзларига бошпана беришга оид илтимоснома ёзганлар. Маҳаллий ижроия органлари бу илтимосномаларнинг ҳаммасига рад жавобини берган ва айни пайтда бу иштимосномаларнинг рад этилиши юзасидан судларга шикоят аризаси киритилган.

Хат муаллифлари ўзига бошпана бериш тақдим этилишига оид илтимосномаси билан шу йил февралида Олмаотада қўлга олинган фаол ва ҳуқуқбон Ақилбек Муратов (Ақишбек Муратбай) мурожаат қилганини маълум қилишган. Муратов Олмаота полицияси томонидан халқаро қидирувга берилган шахс ўлароқ Тошкент сўровига кўра қўлга олинган эди. У февраль ойи ўрталаридан бери Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.

БМТ ваколатхонаси хатида “бошпана бериш носиёсий гуманитар ҳаракат” экани урғуланган. Баёнотда Қозоғистон ҳукумати ҳеч бир шахс, Қозоғистонга қандай йўл билан киргани ёки қўлида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бор-йўқлигидан қатъи назар “ирқи, дини, фуқаролиги, муайян ижтимоий гуруҳга ёки сиёсий қарашга мансуб бўлгани учун ҳаёти ёки эркига таҳдид бўлган” бошқа мамлакат ҳудудига бадарға қилинмаслиги ёки қайтарилмаслигини таъминлашга чақирилган. Бундай қайтарилиш, хат муаллифларининг огоҳлантиришларича, “мамлакатдан чиқариб юбормаслик тамойилининг бузилиши” дея қаралиши мумкин. Хат нусхаси Ақилбек Муратбайнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёйинланган.

БМТнинг Қозоғистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси идораси хати 18 март куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига юборилган, шунингдек, у Қозоғистон Олий суди ва Бош прокуратураси дохил қатор инстанцияларга йўлланган.

Ўша куннинг ўзида, яъни 18 март куни Олмаотадаги прокуратура Ақилбек Муратбайга нисбатан у қўлга олинган 15 февралдан бошлаб 12 ойга экстрадицион ҳибсга олиш чорасини қўллаш қарорига келган. 20 март куни Олмаота тергов суди прокуратура илтимосномасига кўра Муратбайнинг ҳибсда қолиш муддатини 2025 йилнинг 15 февралигача узайтириш ҳақида қарор чиқарган.

Қорақалпоғистонлик бошпана сўровчилар билан боғлиқ вазиятни ёритиб келаётган Diplomat нашри Қозоғистонда бошпана тақдим этиш бўйича сўровномаларни рад этиш амалиёти мавжудлигига эътибор қаратган.

Словакия ва Венгрия Украинага снаряд етказишдан бош тортди

"Вишеград тўртлиги" Прага шаҳридаги учрашувда, 2024 йилнинг 21 марти
"Вишеград тўртлиги" Прага шаҳридаги учрашувда, 2024 йилнинг 21 марти

Чехия, Польша, Венгрия ва Словакия лидерлари ўртасида Прага шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласида принципиал қарама-қаршиликлар юзага келди. “Вишеград тўртлиги” деб аталувчи бу гуруҳ одатда ўзаро манфаатли масалаларда якдиллик кўрсатишга интилиб келади. Бироқ ҳозирги пайтда Венгрия ва Словакия Украина учун артиллерия снарядлари сотиб олиши керак Чехия бошчилигидаги альянсга қўшилишни истамаяпти.

Польша 18 та мамлакат қаторида бу ташаббусни катта иштиёқ билан дастакламоқда, дея қайд этган “Евроньюс”. Нашр мақоласида Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорскийнинг сўзлари келтирилган. У ўқ-дори ташаббуси учун Чехия Республикасига миннатдорлик изҳор қилиб, Варшава нафақат лойиҳани молиялаштиришга, балки самарали логистикани ташкил этишга ҳам ўз ҳиссасини қўшишдан мамнун бўлиши билдирган.

Россия қўшинларининг Украинага бостириб киришини қоралаш билан бир қаторда Венгрия ва Словакия мамлакатлар ўз миллий манфаатларини биринчи ўринга қўйиш лозимлигини айтишмоқда. Дейлик, Словакия ташқи ишлар вазири Юрай Бланар ўз ҳамкорлари ва иттифоқчиларига: “Биз ўз миллий манфаатларимиз учун курашишимиз керак. Словакия Россиядан келадиган газ ва ядровий ёқилғига жуда муҳтож”, дея билдирган.

Ўтган ҳафтада Германия ва Франция ҳам Чехия схемасига ўз ҳиссаларини қўшишларини билдиришган эди, бироқ канцлер Олаф Шольц ўз мамлакати Украинага узоқ масофали ракеталар йўлламаслигини урғулаган.

Наврўз куни ўзбек-қозоқ чегарасида тиқилинч кузатилди

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги "Қоплонбек-Ақжўл" назорат-ўтиш маскани (архив сурати)
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги "Қоплонбек-Ақжўл" назорат-ўтиш маскани (архив сурати)

Наврўз байрами нишонланган 21 март куни Ўзбекистон ҳудудига кирмоқчи бўлган минглаб одам ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат масканларида соатлаб навбат кутишига тўғри келган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати бу тиқилинчни Наврўз байрами пайтида аксарияти хорижлик бўлган фуқароларнинг Қозоғистондан чиқиб кетишга уриниши билан изоҳлаган. Қозоқ чегарачиларига кўра, бу ҳолатга “Қоплонбек”, “Тажен”, “Атамекен” ва “Қазиғурт” назорат-ўтиш масканларида олиб борилаётган реконструкция ҳам сезиларли таъсир кўрсатган.

Чегара хизмати давлат чегарасидан ўтказиш одатдаги тартибда амалга оширилаётгани, ўтиш масканларида вазиятни назорат қилиш учун чоралар кўрилганини қўшимча қилган.

Ўзбекистоннинг қатор вилоятларда кучсиз зилзила қайд этилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 22 март куни Тошкент вақти билан соат 08:47 да Тожикистонда содир бўлган 5,4 магнитудали зилзила таъсири Ўзбекистон пойтахти ва бир неча вилоятида ҳам сезилган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, зилзила маркази жануби-шарқий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 313 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши кучи Фарғона вилоятида 3 баллга, Андижон ва Наманган вилоятларида 2-3 баллга, Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳрида 2 баллга тенг бўлган.

Жаҳонгир Тўлаганов депутатлик мандатини топширишини эълон қилди

Жаҳонгир Тўлаганов (фотосурат депутатнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди)
Жаҳонгир Тўлаганов (фотосурат депутатнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди)

Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлаганов депутатлик мандатини топширмоқчи. Бу ҳақда Тўлагановнинг ўзи Фейсбук тармоғидаги саҳифаси орқали тарқатилган видеочиқишида билдирган.

Аввалроқ Тошкент вилояти прокуратураси маҳаллий кенгашдан Тўлагановни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилишни сўраб, мурожаат йўллагани ҳақида маълум бўлган эди. Ҳамкасбларини 26 март куни шу мавзуга бағишланиб ўтказилажак мажлис юкидан халос қилиш ниятида бўлган Жаҳонгир Тўлаганов ўз видеочиқишида депутатликдан ихтиёрий равишда кетаётганини очиқлаган.

Тўлагановни билганлар унинг ижтимоий муаммолар ечилишида фаол депутат бўлганини эътироф этишади.

Жаҳонгир Тўлаганов сўнгги 1,5 йил ичида Ўзбекистонда мандатини топшириш қарорига келган таниқли депутатларнинг иккинчисидир. 2022 йилнинг декабрь ойида ижтимоий позицияси фаоллиги билан танилган Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев депутатликдан истеъфо бергани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Кушербаев парламент қуйи палатасининг давлат бюджети лойиҳаси муҳокамага қўйилган сессиясида ўзига сўз берилмаганига норозилик белгиси сифатида депутатлик мандатини топшириш қарорига келганини айтган эди.

"Ўзгидромет" олти вилоятда қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 21 мартидан 27 мартигача кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳарорати ўзгаришлари туфайли Ўзбекистоннинг олтита вилояти ҳудудида қор кўчиши хавфи мавжуд. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Синоптикларга кўра, қор кўчкилари Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманлари, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманлари, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманлари, Жиззах вилоятининг Бахмал, Зомин туманлари, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, туманлари (Чотқол тизмаси тоғлари) ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида кутиляпти.

Шунингдек, Ўзгидромет Наврўз куни “Тошкент – Ўш” автойўлининг (А-373) “Қамчиқ” довонидан ўтган қисмида қор ёғиб, туман кузатилиши, кўрувчанлик 50 метргача пасайиши, кучли шамол натижасида автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган.

ДХХ: Ўзбек-қирғиз чегарасида иккита ерости туннели аниқланди

Ўзбек-қирғиз чегарасида 2022 йил май ойида топилган туннеллардан бирининг кириш қисми
Ўзбек-қирғиз чегарасида 2022 йил май ойида топилган туннеллардан бирининг кириш қисми

Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Хонобод шаҳри билан Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи кесишган жойда икки яширин ерости йўли аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматига тегишли деб ишониладиган telegram-канал орқали орқали маълумот тарқатилди.

Хабарномадан келиб чиқилса, 20 метр чуқурликда жойлашган ерости йўлларидан бирининг узунлиги 350 метрни, иккинчисининг узунлиги эса 135 метрни, кенглиги 70-80 сантиметрни ташкил этган.

Хавфсизлик кучлари ерости йўли орқали мунтазам равишда мобил телефон аппаратлари, планшет, ноутбуклар, олтин ёмбилари ва заргарлик буюмлари ўтказиб турилгани, туннеллар аниқланиши ортидан контрабанда билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганини қайд этганлар.

Айни пайтда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Ўзбек-қирғиз чегарасида контрабанда маҳсулотлари ўтказиб турилгани айтилган яширин бир неча туннел топилгани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар қилган эди.

Президент Мирзиёев МСК раиси Низомхўжаевни янги унвон билан тақдирлади

Ўзбекистон МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев
Ўзбекистон МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаевни “хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Мазкур унвон МСК раиси таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан берилган бўлиб, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев Низомхўжаевга “хизмат кўрсатган мураббий” кўкрак нишонини 19 март куни топширган.

Бундан ўн йил муқаддам, яъни 60 ёшга тўлган пайтида “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини олишга улгурган Низомхўжаевга янги унвон, қайд этилишича, “давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Ўзбекистон миллий сайлов тизимини умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасидаги катта хизматлари, юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни она ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси” учун тақдим этилган.

Тиббиёт фанлари доктори Зайниддин Низомхўжаев 2021 йилнинг февраль ойи бошида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига раҳбар этиб сайланган. У МСКга раис бўлганидан бери Шавкат Мирзиёев икки марта — 2021 ва 2023 йилларда мамлакат президенти ўлароқ қасамёд келтиришга улгурган. Низомхўжаев раис бўлган МСК маълумотига кўра, 2021 йилдаги президент сайловида Мирзиёев 80,31 фоиз, ўтган йил июлида ўтказилган президент сайловида эса 87,05 фоиз овоз билан ғолиб, деб топилган эди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги чегарада афғон вертолёти уриб туширилганига оид хабарни рад қилди

Ўзбекистон-Афғонистон чегараси (архив сурати)
Ўзбекистон-Афғонистон чегараси (архив сурати)

Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида афғон ҳарбий вертолёти уриб туширилгани тўғрисидаги хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу баёнот 18 март куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмийлари номидан тарқатилди.

Чегарада Толибонга тегишли вертолёт уриб туширилгани ҳақида дастлаб россиялик сиёсатшунос Андрей Серенко ўз Телеграм-канали орқали хабар тарқатган.

Мавжуд маълумотларга кўра, вертолёт Мозори Шарифдан Бадахшон тарафга парвоз қилган. Унинг Ўзбекистон ҳаво ҳудудига қандай кириб қолгани ноаниқ. Вертолёт бортида 15 дан зиёд одам бўлган”, деб ёзганди жумладан Серенко.

Кейинроқ россиялик сиёсатшунос Толибон ҳаракатининг “боадаб” вакили у билан боғланиб, Ўзбекистон чегарасида ўзларига қарашли ҳарбий вертолёт уриб туширилганига оид хабар ёлғон экани ҳақида билдирганини ёзган.

Бу орада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги журналистлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бу каби хабарларни тарқатишда “фақат расмий маълумотларга таяниш”ни сўраган.

Ўзбекистонда туғилишда камайиш кузатила бошлади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Статистика агентлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонда 137 минг 457 нафар бола туғилган ва яшаб қолган. Бу 2023 йилнинг дастлабки икки ойига нисбатан 3 минг 631 нафарга ёки 2,6 фоизга камдир.

Статистик маълумотларга ишонилса, Ўзбекистонда 2018 йилдан буён туғилиш сони мунтазам равишда ошиб келган. Туғилишда эндигина кузатила бошлаган манфий динамиканинг тенденцияга айланиб-айланмаганини айтиш учун камида йил охиригача кутиш лозим бўлади.

Аммо экспертлар туғилиш камайишига таъсир қилаётган айрим омилларни ҳозирданоқ санашни бошлашган. Дейлик, иқтисодий блогер Отабек Бакиров фикрича, туғилишнинг озайишига “даромадлар ўсишининг кескин секинлашгани” энг кўп таъсир кўрсатмоқда.

Блогер фикрича, қайд этилган никоҳлар сонининг кетма-кетига икки йил қисқаргани ҳамда ажралишлар сони максимумга етгани ҳам туғилиш камайишига катта таъсир қилаётган омиллардандир.

Бухорода наркотик савдосига аралашганликда гумонланган ИИБ офицерлари қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бухорода ўтказилган тезкор тадбирда вилоят ички ишлар бошқармасининг гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига аралашгани аниқланган икки офицери қўлга олинган.

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур икки зобит 16 март куни “жиноят устида” ушланган.

Хабарномада айни пайтда “ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 25-моддаси, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган" бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қайд этилган.

Вазирлик баёнотидан келиб чиқилса, ИИБ зобитлари уюшган гуруҳ таркибида “”гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни лабораторияларда ёхуд ўзганинг мулки ҳисобланган воситалар ва асбоб-ускуналардан ёки прекурсорлардан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда тайёрлаш ёки қайта ишлаш, шунингдек бундай воситаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун бангихоналар ташкил қилиш ёки сақлаш”да гумонланишмоқда.

Мазкур модда бўйича айблов исботини топган тақдирда, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, жиноятни содир этган кишига 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси берилиши кўзда тутилган.

Россия расмийлари Истанбулда қотиллик содир этганликда гумонланган ўзбекистонликни Туркияга топширди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия Истанбулдаги ўзи ишлаган меҳмонхонада иш берувчисини ўлдирганликда гумонланган ўзбекистонлик Ҳасанжон Аминовни Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларига топширган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия ИИВ расмийси Ирина Волк сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Мулозимага кўра, Интерпол йўналиши бўйича қидирувда бўлган ўзбекистонлик 15 март куни Москвадаги Внуково аэропортида турк расмийларига топширилган.

Ирина Волк қайдича, Туркиянинг салоҳиятли идоралари Ҳасанжон Аминов 2019 йил июлида Истанбулдаги меҳмонхонада ишлаб юрган чоғида шериги билан бирга меҳмонхона хўжайинини ўлдириб, Туркия ҳудудидан чиқиб кетгани ҳақида маълумот тақдим этишган.

“Айбланувчини қидирув бўйича чора-тадбирлар ўтказиш чоғида 2023 йил июлида у Россия ҳудудида - Қозон шаҳрида полициячилар томонидан қўлга олинган”, дея қўшимча қилган Россия ИИВ вакиласи.

Волкка кўра, ўтган йил декабрида Россия Бош прокуратураси Туркия томонининг қидирувдаги шахсни топширишга оид сўрови қондирилишини билдирган.

ИИБнинг собиқ ходими машинасида 13 яшар занжирбанд бола топилганига оид хабар ижтимоий тармоқларни жунбушга келтирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Самарқандда вояга етмаган болани Дамас русумли автомашинада занжир билан кишанланган ҳолда ушлаб турган шахсга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ матбуот котиби Жаҳонгир Сагдуллаев ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Сагдуллаевга кўра, Дамасдаги занжирланган бола тўғрисидаги маълумот вилоят ИИБга 16 март куни келиб тушган, хабар ортидан ҳудудга борган бошқарма ходимлари ҳолатни расмийлаштиришган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов қайдича, воқеа жойига етиб борган “ИИО ходимлари зўравон шахснинг собиқ ходим эканини билгач, атрофдагиларга бу ҳолатнинг зўравонлик бўлмагани ҳақидаги далолатномага қўл қўйдиришган”.

Занжирбанд бола видеоси ёйинлангани ортидан ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳолатдан норозилик акс этган постлар ва айбдорни жазолашга оид чақириқлар кўпайиб кетди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Самарқанддаги ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини, ИИО томонидан ўтказилаётган тергов жараёни назоратга олинганини билдирган.

Самарқанд вилоят ИИБ матбуот котиби эса ҳодиса ортидан жабрланувчи бола “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази”га жойлаштиргани, унга “психолог ёрдамида зарурий кўмаклар бериш чоралари” кўрилаётганини қўшимча қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG