Линклар

Шошилинч хабар
09 март 2021, Тошкент вақти: 02:29

Ўзбекистон хабарлари

ЕИ Ўзбекистонга 168 миллион евро ажратади

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда 2014-2020 йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар учун 168 миллион евро ажратади.

“Туркистон-пресс” агентлиги Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Юрий Штеркка таяниб тарқатган хабарида айтилишича, мазкур маблағлар қишлоқ хўжалиги, ирригация инфратузилмаларини ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш каби лойиҳаларга берилади.

2007-2013 йилларда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатларига кўрсатган беғараз ёрдами ҳажми 750 миллион еврони ташкил этган.

Кун янгиликлари

Сурхондарё вилоят ҳокими блогер Отабек Сатторийнинг қамоққа олиниши бўйича муносабат билдирди

Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбланиб, ҳибсда сақланаётган блогер Отабек Сатторий ҳақида фикр билдирди.

Effekt.uz нашрининг ёзишича, журналистлар билан учрашув чоғида вилоят ҳокими:

“Отабек муаммоларни олиб чиқди, чиқмади эмас. Ўзим ҳам у кўтарган муаммолар ечимини топишга интилдим. У айтган маҳаллаларга бордим. Ҳатто раҳмат ҳам айтдим. Охирги вақтлар шаънимга тегадиган сўзлар билан мурожаатлар йўллашни бошлаганди.

Мен унга “ўйлаб гапиргин, вилоят ҳокимиман сал ҳурмат сақлагин” деб айтдим. Охири шу бола билан тенглашиб ўтирмай дедим. Ҳаддидан ошса ҳам индамадим. Отабекни ёмон демаган бўлардим. У ҳам фуқаролар учун ишлаган. Озми, кўпми муаммоларни бизга кўрсатиб берган. Аммо бироз шошқалоқлиги, ўйламай иш тутиши унга панд берди”,- деб айтган.

Тўра Боболов ўз сўзи давомида “Отабекнинг баъзи саволларидан жаҳли чиққанини”, аммо унинг ҳозирги ҳолатини “душманига ҳам раво кўрмаслигини” айтган ҳамда “Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг жазосини енгиллаштира олса, ёрдам беришса, яхши бўларди”,-деб фикр билдирган.

Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

У 30 январь куни соат 17 ларда Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.

Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотларнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

Маҳкумлар 5300 сўм тўлаб, яқинлари билан видеоалоқа қилиши мумкин

Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар билан видеоконференц орқали 15 дақиқагача қисқа муддатли учрашувлар ўтказишга рухсат берилади, деб ёзди “Дарё” нашри 8 март куни.

Хабарда айтилишича, бу ҳақда нашрга Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жамшид Султонов маълум қилган.

Унга кўра, маҳкумларнинг видеоалоқа орқали 15 минутлик қисқа учрашувлар ўтказиш тартиби ишлаб чиқилган. Айни пайтда бу тизим тест режимида ишламоқда.

“Амалдаги қонунчиликка кўра, учрашувлар ўртада тўсиқ бўлган ҳолда ташкил қилинади. Шунинг учун бу қўшимча чиқимларни олдини олиш, қариндошларини йўлкира харажатларидан озод қилиш мақсадида қўлланилмоқда. Бундан ташқари, замонавий технологияларни ЖИЭМга жорий этилаётган янгиликларимиздан биттаси”, – деб иқтибос келтирди ИИВ вакили сўзларидан нашр.

Муҳтож хотин-қизлар ҳокимликлар ва университетлар ҳисобидан ўқитилади

5 март куни қабул қилинган қарорга асосан мазкур тартиб 2021/2022 ўқув йилидан жорий этилади.

Контракт асосида давлат олий таълим муассасаларига қабул қилинган ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар давлат ҳисобидан ўқитилади. Мазкур меъёр “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгилаб қўйилди.

5 март куни қабул қилинган қарорга асосан мазкур тартиб 2021/2022 ўқув йилидан жорий этилади. Муҳтож хотин-қизларнинг ўқиш пулларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат олий таълим муассасалари тўлаб беради.

Шунингдек, бакалавриат босқичини муваффақиятли тамомлаб, хорижнинг нуфузли таълим муассасаларига “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари асосида ўқишга юбориладиган стипендиатлар орасида хотин-қизлар улуши камида 20 фоизга кўпайтирилади.

Икки ой ичида автоаварияларда 265 киши ҳалок бўлди

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати инфографикаси.

Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь—февралида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларида 265 киши ҳалок бўлди.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг билдиришча, ўтган икки ойи давомида 802 та йўл-транспорт ҳодисаси бўлган, Бу ҳодисаларнинг 255 таси ўлим билан якунланган.

Билдирилишича, 265 кишининг 188 нафари авария жойида, 77 нафари шифохоналарда вафот этган. Бундан ташқари йўл-транспорт ҳодисаларида жами 724 киши тан жароҳатлари олган.

Аварияларнинг 393 тасига пиёдалар, 103 тасига болалар ва 14 тасига маст ҳайдовчилар сабаб бўлган. 28,4 фоиз ҳолатда авариялар пиёдаларнинг кўчани нотўғри жойидан кесиб ўтиши оқибатида юз берган.

Энг кўп авариялар Тошкентда (116), Тошкент вилоятида (109), Наманган вилоятида (79) содир этилган.

Ўзбекистонда 2020 йилда авариялар оқибатида жами 1962 киши ҳалок бўлган.

Навоий вилоятидаги кон олтин қазиб олиш бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқди

Навоий вилоятидаги Мурунтов кони 2020 йили олтин қазиб олиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаган.

Мазкур конда, Kitco таҳлилий маркази маълумотига кўра, ўтган йили 2 миллион унциядан (1 унция 31,1034768 граммга тенг – таҳр.) кўпроқ олтин қазиб олинган.

“Навоий” кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Мурунтов конининг узунлиги 3,3 километр, кенглиги 2,5 километр бўлиб, чуқурлиги қарийб 600 метрга тенгдир.

Хабарномада қайд этилишича, 150 миллион унциядан кўпроқ захирага эга кон яқин келажакда жаҳондаги энг йирик олтин кони мақомини ўзида сақлаб қолиши мумкин.

Мурунтов кони 1958 йили кашф этилган бўлиб, бу ерда кенг кўламда олтин қазиб олиш ишлари 1969 йилдан бошланган.

Дунёда олтин қазиб олиш бўйича рейтингда Навоийдаги кондан кейинги ўринни АҚШнинг “Карлин” кони (2-ўрин) ва Россиянинг “Олимпиада” кони (3-ўрин) эгаллаган.

Аввалроқ Ўзбекистондан 2020 йилда экспорт қилган маҳсулотларнинг 44 фоизини олтин ташкил қилгани айтилган.

Ўзбекистон JICAдан 2 миллиард доллар қарз устига яна 333 миллион доллар кредит олмоқчи

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги логоси

Ўзбекистон икки лойиҳа доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлигидан (Japan International Cooperation Agency ёки JICA) умумий қиймати 333,4 миллион доллар миқдорида қарз олмоқчи.

Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва regulation.gov.uz порталида муҳокама учун ҳукумат қарорига мувофиқ, JICAдан “Ўзбекистонда коронавирус Covid-19 пандемиясига қарши шошилинч чоралар кўриш” лойиҳаси бўйича 15 миллиард япон йенаси, “Ривожлантириш сиёсатини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси бўйича 195 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит жалб қилиш режаланган.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси шу йил 20 мартигача давом этади.

Ўзбекистонда давлат қарзи, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 23 миллиард 300 миллион долларни ташкил қилгани ва ўтган йилга нисбатан қарз миқдори қарийб 31 фоизга кўпайгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Молия вазирлиги маълумотига кўра, бу республика ялпи ички маҳсулотининг 40,4 фоизини ташкил қилади.

Мазкур маблағнинг 21,1 миллиард доллари ташқи қарз бўлиб, бунинг 2 миллиарди Япония халқаро ҳамкорлик агентлигидан олинган.

АҚШ долларининг расмий курси бир неча кунлик пастлашдан сўнг яна ошди

Ўзбекистон Марказий банки 2021 йил 9 мартидан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси 5 мартдаги курсга нисбатан 12 сўм 79 тийинга ошиб, 10 минг 490 сўм 65 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафтада кузатилган бир неча кунлик пасайишдан кейин доллар курси 10 минг 477 сўм 86 тийинга тенг бўлган эди).

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 93 сўм 71 тийинга арзонлаб, 12 минг 513 сўм 25 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафтадаги сўнгги ўзгаришларга асосан евро курси 12 минг 606 сўм 96 тийинга тенг бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Ободонлаштириш тизими ходималарига Тошкент ҳокими Ортиқхўжаев номидан дазмол тарқатилди

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ободонлаштириш тизимида ишлайдиган 4127 нафар аёлга 8 март муносабати шаҳар ҳокими номидан байрам совғалари топширилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Маълумотларга кўра, пойтахт тозалиги ва кўкаламзорлаштиришга масъул бўлган аёллар бу гал байрам совғаси сифатида дазмолга эга бўлишган.

“Икки йилдан бери ўзи TEFAL (электрчойнак демоқчи – таҳр.) бериларди, энди бу йил дазмол қила қолдик”, деган аёлларни “Жаҳонгир Абидович номидан” табриклаган мулозим.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли ARTEL ширкатида электрчойнак ва дазмол каби майда маиший техника буюмларидан ташқари музлаткич, телевизор, чангютгич, кир ювиш машиналари, овқат тайёрлаш учун плиталар ҳамда бошқа ашёлар ишлаб чиқарилади.

Самарқандда Туркия бош консулхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Самарқандда Туркия бош консуллиги очилиш маросимидан лавҳа (Самарқанд вилоят ҳокимлиги фотоси)

Самарқанд шаҳрида жорий йил 7 март куни Туркиянинг бош консуллиги очилди.

Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, мазкур маросимда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон ташқи ишлари вазири Абдулазиз Комилов, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ва Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовлар иштирок этишган.

Консулликнинг очилиш маросимида сўзга чиққан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркиянинг Ўзбекистонда ҳам элчихонаси, ҳам бош консуллиги очилгани икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзига хос юқори поғонага чиққанлигидан далолат беришини урғулаган.

Ўзбекистоннинг бош дипломати ўз нутқида Туркиянинг Самарқанддаги Бош консулхонаси маданий-гуманитар, туризм соҳаларида ҳамкорлик ва ҳудудлараро алоқалар ривожланишига ижобий туртки беришини билдирган.

Вазир Комилов Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокида очилаётган ширкатлар сони тобора ошиб бораётгани, биргина Самарқанд вилоятининг ўзида ҳозирги кунда юздан зиёд қўшма корхоналар рўйхатдан ўтганини қайд этган.

Маросимда сўзлаган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Самарқандда ташкил этилган бош консулхона хорижий давлатлар ичида дастлабкилардан бири эканини айтиб, унинг нафақат туркияликларга, балки ўзбекистонликларга ҳам хизмат кўрсатишини таъкидлаган. Туркия бош дипломати Тошкентда ўтадиган учрашувларда ўзбек расмийлари билан қатор стратегик келишувлар бўйича фикрлашилишини билдирган.

Туркия делегациянинг Ўзбекистонга сафари 9 мартгача давом этиши кутилмоқда. Самарқанд сафари олдидан делегация вакиллари Хоразм ва Бухоро вилоятларида бўлишган.

Самарқандда Туркия Бош консулхонасининг очилишига оид қарор ўтган йил 18 август куни қабул қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 18 ёшгача бўлганларни коронавирусга қарши эмлаш тавсия қилинмайди

Фуқаролар эмланишдан олдин, албатта, тиббий текширувдан ўтказилади.

ОИВ инфекциясига ёки аутоиммун касалликларига чалинган шахсларни, шу жумладан анамнезида оғир аллергик реакциялари мавжуд бўлган шахсларни, ҳомиладорларни, эмизикли аёлларни ва 18 ёшгача бўлган аҳоли қатламини COVID-19 га қарши эмлаш тавсия этилмайди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековга таянган ҳолда 7 март куни маълум қилди.

Бундан ташқари коронавирус билан касалланган одамлар билан яқин алоқада бўлган шахслар 14 кунлик карантин тугаганидан кейин, шифокор кўригидан сўнг эмланади.

Эмланган шахслар патронаж тиббиёт ходимлари томонидан эмлангандан сўнг 30 дақиқа давомида кузатиб турилади. Кейинчалик уч кун давомида уйига ташриф буюриш йўли билан мунтазам тиббий кузатувга олинади. Уларнинг соғлиғи, аҳволи кўздан кечирилиб, тегишли ҳужжат билан расмийлаштирилади.

Фуқаролар эмланишдан олдин, албатта, тиббий текширувдан ўтказилади.

Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига қарши рўйхатга олинган илк вакцина - ZF-UZ-VAC 2001 рекомбинант (CHO cell) вакцинаси билан аҳолини оммавий эмлаш март ойи ўртасида бошланиши кутилмоқда.

Тошкентда 10 ёшли ўғил болани зўрламоқчи бўлган таксичи қидирилмоқда

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси сайтидан олинган сурат.

Тошкент шаҳрида 10 яшар ўғил болага нисбатан фаҳш ҳаракатлар қилган такси ҳайдовчиси қидирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда вояга етмаган ўғил болани “такси ҳайдовчиси зўрламоқчи бўлгани” ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, жорий йилнинг 28 февраль куни Чилонзор тумани ИИО ФМБга 30 ёшли Бобур Ж. мурожаат қилган.

“Фуқаро ўз аризасида унинг 10 ёшли ўғлига нисбатан фаҳш ҳаракатлар қилган таксичига нисбатан чора кўришни сўради. Отанинг мурожаатидан сўнг мазкур факт Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг назоратига олинди”,-дейилади расмий билдирувда.

Мазкур факт бўйича Жиноят кодексининг 129 - моддаси 1 -қисми асосида жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчининг шахсини ва ҳолатни тафсилотларини аниқлашга қаратилган тезкор-тергов тадбири ўтказилмоқда.

Маҳаллий нашрларга боланинг отаси воқеа тафсилотларини айтиб берган. Унга кўра, ўғли таксига ўтириб бошқа туманда яшайдиган қариндошлариникига кетаётган бўлган. Йўлда таксичи машинасини овлоқ жойга тўхтатиб, орқа ўриндиққа чиқиб ўтирган. Шундан сўнг у шимини ечиб, уятсиз ҳаракатлар қилган.

Болакай йиғлаб, қаршилик кўрсатгач, ҳайдовчи “ўз ишини тўхтатиб”, уни манзилига етказган ва бўлиб ўтган воқеани “ҳеч кимга айтмасликни” маслаҳат берган.

Тадбиркорликни бошламоқчи бўлган аёлларга 36 млн 750 минг сўмгача кредит берилади

Адлия вазирлигининг билдиришича, 5 март куни президентнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилади. Бундан ташқари Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилди.

Жамғармага ҳар йили 300 миллиард сўмгача миқдорда Давлат бюджети маблағлари ажратилади.

Шунингдек, тегишли дастурларни муваффақиятли ўзлаштирган хотин-қизларга туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 3 йилгача муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида БҲМнинг 150 бараваригача (36 млн 750 минг сўмгача) миқдорда кредитлар берилади.

Халқаро қидирувда бўлган яна тўрт ўзбекистонлик Россиядан Тошкентга олиб келинди

Халқаро қидирувда бўлган 56 нафар ўзбекистонлик Россияда қўлга олингани ва Тошкентга топширилган.

Турли жиноятларни содир этгани учун Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган тўрт шахс Россияда қўлга олинди ва Тошкентга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда ТАСС 6 март куни Россия Бош прокуратурасининг расмий вакили Андрей Ивановга таянган ҳолда хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур шахслар Россияда турли даврларда қўлга олинган. Улар махсус конвой ҳамроҳлигида улар Ўзбекистонга олиб кетилган.

Ўзбекистонга топширилганлардан бири А. М., Андижонда 2017 йилда бошқа бировнинг уйини ноқонуний сотиб юборган ва 15 900 долларни ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Бундан ташқари, А. Ш., мол-мулк ўғрилигида айбланган. Н.Ж.,эса 30 кишининг пулларини алдов йўли билан ўзлаштирган. Е. М., эса 2008 йил сентябрдан 2009 йил апрелгача наркотик моддалар контрабандасида иштирок этганликда айбланмоқда. Расман билдирилишича, у Россияда 4 килограммдан ортиқ героин сотган.

Бундан аввал халқаро қидирувда бўлган 56 нафар ўзбекистонлик Россияда қўлга олингани ва Тошкентга топширилгани билдирилган эди.

Қорақалпоғистондаги бир хонадонда 5 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди

2020 йилда ис газидан 106 киши вафот этган.

Қорақалпоғистон Бош прокуратурасининг билдиришича, Тўрткўл туманидаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида 6 март куни 11:30ларда бир оиланинг 4 аъзоси ва ушбу хонадонга меҳмонга келган бир киши ис газидан заҳарланиб вафот этди.

“Фуқаро И.У.,(эркак) ва унинг қизлари Р.С.,(2003 й.т.), Р.А.,(2010 й.т.) ва ўғли Р.М.,(2005 й.т.) ҳамда ушбу хонадонга меҳмонга келган А.Ш., хонадонда ўрнатилан иситиш печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этган”-дейилади расмий хабарда.

Ушбу ҳолат юзасидан Тўрткўл туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Мазкур жиноят ишининг тергови Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан назоратга олинган.

22 февралда Ўзбекистон Бош прокуратураси 20 февраль куни Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги Шовот маҳалласида жойлашган “Ортиқ ота” чойхонасида бир оиланинг беш аъзоси ис газидан заҳарлангани, оиланинг икки аъзоси вофеа жойида ўлгани ҳақида билдирган.

12 январь куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Қозоқовул қишлоғида бир оиланинг беш нафар аъзоси ис газидан заҳарлангани ва оиланинг уч фарзанди заҳарланиш оқибатида вафот этгани хабар қилинганди.

Расмий маълумотларга қараганда, 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этган, 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олган.

Бухорода ОИВни 10дан ортиқ одамга "қасддан" юқтирган аёл қўлга олинди

Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида яшовчи 27 ёшли аёл 10 дан ортиқ фуқарога ОИВ инфекциясини қасддан юқтирган ва юқтириш хавфи остида қолдирган.

Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Когон шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган аёл 2017 йилнинг 21 декабр кунидан бошлаб Бухоро вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахс сифатида рўйхатга олинган.

Бухоро вилояти ИИБсига кўра, жорий йилнинг 1 март куни ўтказилган тадбирда ушбу фуқаро ўзининг ОИВ инфекциясига чалинганини била туриб, 2020 йилнинг август ойидан 2021 йилнинг феврал ойига қадар 10 дан ортиқ фуқаро билан Бухоро шаҳрининг турли жойларида ҳимоя воситаларисиз жинсий алоқада бўлиб, ушбу шахсларга ОИВ инфекциясини қасддан юқтириш ва юқтириш хавфи остида қолдириш жиноятини содир қилган.

ИИБ хабарида таъкидланишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатган. Аёлга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Тошкентда бир кунда иккита зилзила рўй берди

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмик прогностик мониторинг маркази Тошкент ва атроф вилоятларда 6 март куни эрталаб иккита зилзила рўй берганини маълум қилди.

Марказга кўра, биринчи зилзила 6 март куни соат 02:52 да содир бўлган. Зилзила эпимаркази Тошкент вилояти Пискент туманида бўлиб, унинг кучи 4,4 баллни ташкил этган. Ўчоқ чуқурлиги — 10 километр бўлган.

Иккинчи зилзила Тошкент вақти билан эрталаб соат 06:04 да Қирғизистоннинг Қадамжой вилояти ҳудудида, Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти билан чегараси яқинида содир бўлди (Шимолий кенглик 40,24 даража; шарқий узунлик 71,88 даража), Тошкентдан 252 километр жануби-шарқда.

Зилзила эпимарказида магнитуда 4 балл бўлган, ўчоқ чуқурлиги — 13 километр.

Зилзила Фарғона шаҳрида (эпимарказидан 18 километр узоқликда) 4 балл, Андижонда (72 километр) ва Наманганда (86 километр) 2 баллгача сезилган.

Зилзила оқибатида талафотлар бўлмагани айтилмоқда.

Мирзиёев: Бирор-бир аёл давлат эътиборидан четда қолмайди

Тошкентда 8 март - Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда сўз олган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев охирги 3 ойда "аёллар дафтари"га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилганини айтди.

Мирзиёевга кўра, улардан 32 минг нафари иш билан таъминланган.

"Биргина ‘Ҳар бир оила – тадбиркор’ дастури доирасида 126 мингга яқин аёлларга имтиёзли кредитлар берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди.

Қарийб 55 минг нафар хотин-қиз тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди. ‘Беш муҳим ташаббус’ доирасида чекка-чекка ҳудудларда тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 10 минг нафар аёл бандлиги таъминланди.

Уй-жой сотиб олиш учун 1 минг 250 нафар опа-сингилларимизга қарийб 22 миллиард сўмлик бошланғич бадаллар тўлаб берилди", - деди Мирзиёев.

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилган.

Айни пайтда маҳкамада 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилган.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Аёллар байрами арафасида қамоқларда жазо муддатини ўтаётган 83 нафар аёлни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Адолатли, Меҳнаткаш, Халқпарвар. Тўрт нафар депутатга махсус мақомлар берилди

Расул Кушербаевга “Халқпарвар депутат” мақоми берилган

5 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида маънавий ва моддий рағбатлантириш бўйича комиссия айрим депутатларга махсус мақомлар берилганини эълон қилди.

Бу ҳақда Олий Мажлис қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Комиссия қарорига кўра, депутат Шуҳрат Полвонов “Адолатли депутат”, Мақсуда Варисова “Меҳнаткаш депутат”, Расул Кушербаев эса “Халқпарвар депутат” ҳамда Полянте Свешникова “Фахрий депутат” мақоми билан тақдирланган.

Мазкур мақомлар президент ташаббуси асосида қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда, жойларда сайловчилар билан ишлашда, Қонунчилик палатаси фаолиятини ОАВда ёритишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ депутатларга берилган.

Мақомли депутатлар ҳамда собиқ депутатларга махсус сертификатлар берилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатдан иборат бўлиб, палата 5 фракцияни ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистонда депутатларнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунида юқорида номи тилга олинган “мақом”лар бўйича нормалар мавжуд эмас.

ЕХҲТ матбуот эркинлиги бўйича вакили блогер Отабек Сатторий ишидан ташвиш билдирди

Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг сўз эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибеиро сурхондарёлик блоггер Отабек Сатторийнинг жавобгарликка тортилганидан ташвишда эканини билдирди.

Бу ҳақда AKIpress вгентлиги хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, ЕХҲТ вакили Ўзбекистоннинг ташкилотдаги элчиси Абат Файзуллаев билан учрашув чоғида журналист тақдиридан ташвишланаётгани ва бундай ҳодисанинг сўз эркинлигига раҳна солишини билдирган.

Расмийларга кўра, Сатторий Отабек Абдуманонзода Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш)да айбланиб, унга нисбатан жиноят иши судда кўриш учун юборилган.

Отабек Сатторий Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган.

У 30 январь куни соат 17 ларда Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди. Шу куни кечқурун соат 10 да, яқинларининг айтишича, Отабек Сатторийнинг хонадонида тинтув ўтказилган. Сатторийга қарашли иккита компьютер процессори, курткаси, 5 та флэшка ҳамда ўғлининг ўйин ўйнайдиган планшети олиб кетилган. Ички ишлар вазирлиги Сатторийнинг товламачиликда гумон қилинаётганини айтган ва у блогерлик фаолияти учун таъқиб қилинаётгани ҳақидаги фаразларни рад этган.

1 февраль куни Сурхондарё ИИБда ўтган ёпиқ маҳкама Отабек Сатторийга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини белгилаган. Яқинларига кўра, 3 февраль куни вилоят суди биносида ўтган иккинчи ёпиқ маҳкамада адвокатнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги талаби рад этилган.

Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси - CPJ Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан соҳталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.

Отабек Сатторий Термиз шаҳрида 30 январь куни қўлга олинган эди. Суд уни айбдор деб топса, у 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Жамоатчилик комиссияси Зангиотадаги болалар қамоқхонасини кўздан кечирди

Аввалроқ жамоатчилик комиссияси Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида бўлган

4 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат комиссия Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ тизимидаги 24-сонли колонияга ташриф буюрди.

Бу ҳақда Озодликка комиссия таркибида қамоқхонага борган ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов хабар қилди.

“Ўзбекистон Омбудсмани еткачилигидаги мазкур мониторинглар миллий превентив механизмлар доирасида амалга оширилмоқда. Эндиликда комиссия таркиби кенгайди ва таркибимизга сенаторлар, депутатлар ва ОАВ вакиллари ҳам қўшилишган”,- деди А. Ташанов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, болалар қамохонаси 18 ёшгача бўлган маҳкумларни сақлаш ва тарбиялашга мўлжалланган. Бу ерда ҳозирда 53 нафар маҳкум бўлиб, уларнинг аксарияти босқинчилик, номусга тегиш ва одам ўлдириш сингари ўта оғир жиноятларда айбланган.

Маҳкум болалар жазони ўташ билан бир пайтда таълим олиш, ҳунар ўрганиш ишига сафарбар этилган. Кутубхонаси бой, спорт тўгараклари мавжуд. Колония давлат бюджети маблағлари эвазига капитал таъмирдан чиқарилган.

Бироқ иситиш ва канализация тизимида муаммолар бор. Врачлар етишмайди, стоматология хизмати мутлақо мавжуд эмас. Онлайн таълим учун интернет тармоғи уланмаган, дейди қамоқхонага кирган жамоатчилик вакиллари.

Uzbekistan Airways 28 мартдан учта йўналиш бўйича ички қатновларни йўлга қўяди

Uzbekistan Airways авиаширкати жорий йил 28 мартидан уч йўналиш бўйича маҳаллий қатновлар амалга оширилишини маълум қилди.

Қайд этилишича, ой охиридан Самарқанд – Фарғона – Самарқанд, Самарқанд – Урганч – Самарқанд, Самарқанд – Наманган – Самарқанд йўналишлари бўйлаб кундалик қатновлар йўлга қўйилади.

Аввалроқ Озодлик 11 февралдан эътиборан Урганч – Фарғона – Урганч йўналиши бўйлаб мунтазам авиақатнов йўлга қўйилгани ҳақида хабар қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 9 февралида “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган, фармон билан ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида бир ой ичида Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сонини ошириш, 2021 йил 1 апрелига қадар эса Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш чораларини кўриш топширилганди.

Сафоев Марказий Осиё иттифоқини тузиш учун ҳали эрта эканини билдирди

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев

Интеграциянинг асосий таркибий қисми умумий тамойиллар, умумий қадриятлар ҳамда давлат ва иқтисод тузилишининг умумий туташ механизмлари бўлиб ҳисобланади, Марказий Осиёда эса булар йўқ. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Alter Ego лойиҳаси доирасида ўтказилган интервью чоғида билдирди.

Сафоевга кўра, Марказий Осиё иттифоқи тузилишига ҳозирда катта қизиқиш борлигига қарамай, интеграцион бирлашма тузишга оид масалани кун тартибига қўйишга ҳали эрта.

Бироқ Ўзбекистон ташқи сиёсатининг сўнгги тўрт йил ичидаги энг асосий ютуқларидан бири - минтақа мамлакатлари билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни тиклашга муваффақ бўлинди. Беш-олти йил аввал ҳаводан адоват, гумонсираш, қандайдир агрессивлик уфуриб турарди”, дея Ислом Каримов ҳукмронлиги даврига ишора қилган С. Сафоев ҳозирда Марказий Осиё мамлакатлари билан мулоқот тикланганини қайд этди.

Сенат раисининг биринчи ўринбосарига кўра, ҳозирда минтақа давлатлари билан ўтган йилларда муҳокама қилиш ҳам тақиқланган “чегара бўйича вариантлар” кўриб чиқилмоқда.

Аминманки, чегара делимитацияси ва демаркацияси жараёнларини якунламагунимизча, Ўзбекистонда мустақил давлатни шакллантириш поёнига етгани ёки ўтиш даври тугагани ҳақида гапиришга эрта. Биз бу фундаментал масалани ҳал қилишимиз керак. Сув захираларини бошқариш масаласи ҳаёт-мамот масаласидир. Бугунги кунда муроса вариантларини топиб, олға силжишга муваффақ бўлинди”, деган С. Сафоев бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўплиги, аммо икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик учун ҳозирнинг ўзида шарт-шароит яратиб бўлинганини қўшимча қилган.

Россия Қашқадарё ва Навоийдаги олти ширкатга помидор олиб киришга изн берди

Россия Ветеринар ва фитосанитар федерал хизмати жорий йил 3 мартидан Ўзбекистондаги яна олтита ширкатга ўз ҳудудига помидор олиб киришга рухсат берди.

Россельхознадзор сайтида қайд этилишича, қарор Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси кафолати остида ҳамда Қашқадарё ва Навоий вилоятларида жойлашган олти ширкат помидорларида жигарранг бужмайиши вируси аниқланмагани бўйича лаборатория тадқиқотлари натижасига кўра қабул қилинган.

Россельхознадзор жорий йил 1 январидан Россияга Ўзбекистондаги 34 корхонадан помидор олиб кирилишига рухсат берганди.

Аввалроқ Озодлик ўтган йил 26 ноябридан Фарғона вилоятидан, 4 декабрдан Навоий вилоятидан, 11 декабрдан эса Қашқадарё вилоятидан Россия Федерацияси ҳудудига помидор ва қалампир олиб кириш тақиқлангани ҳақида хабар қилган эди.

Ҳукумат 2025 йилгача суд биноларини қайтадан қуриш тўғрисида қарор чиқарди

Ўзбекистонда суд бинолари қайтадан қурилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу йил 26 февралида қабул қилинган “2021-2025 йилларда судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари судларнинг бинолари ва хоналарини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича буюртмачи этиб белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, ҳокимликларга ҳудудларнинг бош режаси асосида Дастурда янгидан қурилиши белгиланган объектлар учун ер участкалари белгиланган тартибда ажратилишини таъминлаш топширилган.

Қарор билан Ўзбекистон бўйича жами 31 та объектни қуриш ва 107 та объектни реконструкция қилиш режалаштирилган. Қурилиш марказлаштирилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши, янги объектлар қурилишини молиялаштириш эса маҳаллий бюджет маблағларидан амалга оширилиши қайд этилган.

Ҳукумат қарори президентнинг ўтган йил 24 июлидаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилингани айтилган.

Қарор ижросини назорат қилиш бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва қурилиш вазири Ботир Зокиров зиммасига юкланган.

Туркия ташқи ишлар вазири ҳафта охирида Ўзбекистонга ташриф буюради

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу

Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу бошчилигидаги Туркия делегацияси 6 мартдан 9 мартгача Ўзбекистонда бўлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Анқарадан келган делегация Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари раислигида Стратегияни режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилишида иштирок этади.

Қайд этилишича, ташриф дастуридан Хива ва Бухоро шаҳарларини зиёрат қилиш, Туркиянинг Самарқанд шаҳридаги Бош консулхонасининг очилиш маросимида иштирок этиш, бошқа вазирлик ва идораларида учрашув ҳамда музокаралар олиб бориш ўрин олган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG