Линклар

Шошилинч хабар
13 апрел 2021, Тошкент вақти: 03:41

Ўзбекистон хабарлари

“Ўзбектелеком” оператор ва провайдерлар учун тарифни 20 фоизга арзонлатмоқчи

Иллюстратив сурат.

Халқаро пакетли коммутация марказига уланган оператор ва провайдерлар учун ташқи каналга уланиш тарифлари нархи 2020 йил 1 январидан 56 минг сўмгача (1 Мбит/с) пасаяди. Бу ҳақда “Ўзбектелеком” АК масъуллари 24 декабр куни Алоқа тарихи музейида бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирганлар.

Бунгача мазкур тариф 70 минг сўмни ташкил этгани эътиборга олинса, нарх 20 фоизга арзонлашини англаш мумкин.

Ширкат масъулларига кўра, шу кунда Ўзбекистондаги барча провайдер ва операторларнинг эҳтиёжларини қондириш учун етарли шароит яратилган. Улар сўнгги пайтда Ўзбекистонда Интернет хизматларига тарифларнинг ўртача 4 бараварга арзонлашгани, хусусан симли Интернет тезлиги бутун Ўзбекистон фойдаланувчилари учун деярли икки бараварга ошганини урғулаганлар.

“Айни пайтда “Ўзбектелеком” АК аҳоли учун энг катта тезликда, яъни 100 Мбит/с тезликка эга бўлган тариф режасини тақдим этмоқда, бу кўрсаткични ўтган давр билан таққослайдиган бўлсак, энг катта тезликдаги тариф режасида интернет тезлиги 20 Мбит/с дан ошмаганлигини ҳамда аҳоли учун хизматлар тезлиги 5 баробарга оширилганлигини кўриш мумкин. Шу билан бирга жорий йил давомида интернет нархи 3,5 баравардан зиёдга камайган”, дейилади хабарномада.

Кун янгиликлари

ЎзЖОКУ ортидан ТАТУ Самарқанд филиали ҳам карантинга олинди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши огоҳлантирувлардан бири.

Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалининг ўқитувчилари ва талабаларида коронавирус аниқлангани ортидан мазкур муассаса 12 апрелдан бошлаб 14 кунлик карантинга ёпилди. Расман билдирилишича, 14 кун мобайнида ўқиш онлайн режимда олиб борилади.

Филиал расмий сайтида коронавирусга чалинганлар 9 апрель куни Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан олиб борилган эпидемиологик текширув чоғида аниқлангани билдирилган. Бироқ уларнинг сони ва бугунги кундаги аҳволи тўғрисида маълумот берилмаган.

Бундан ташқари филиалнинг талабалар и яшовчи ётоқхонада беморлар билан мулоқотда бўлганлар 14 кунлик изоляцияга олинади ҳамда назорат ишлари олиб борилди.

Аввалроқ талабалар орасида коронавирусга чалиниш ҳодисалари аниқлангани ортидан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 12 апрелдан икки ҳафтага карантинга олингани хабар қилинганди.

Бу орада Самарқанддаги 35-умумтаълим мактаби ҳам икки ҳафталик карантинга олингани маълум бўлди. Бунга ўқувчилар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқлангани сабаб бўлган.

Андижонда уч ойлик чақалоқни сотмоқчи бўлганлар қамалди

2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.

Андижон вилоятида 3 ойлик чақалоқни сотмоқчи бўлган Ғ., исмли аёл ва О., исмли эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди.

“Халқ сўзи”нинг ёзишича, 2 нафар боланинг онаси “кимдан эканлиги номаълум бўлган чақалоғини” сотишга уринган. Унга бу ишда О., исмли эркак кўмаклашган.

Ғ., чақалоғини сотмоқчи экани тўғрсида хабар тарқалганидан сўнг болани кўргани “эр-хотин мижоз” келган. Улар чақалоқни 700 долларга сотиб олишга розилик беришган.

Оғзаки келишувдан сўнг, улар Андижон шаҳридаги “Дарётранс” ширкати ёнида кўришадиган бўлган. Ғ., ва О., “эр-хотин”дан 700 долларни санаб олаётганларида ушланган.

Суд ҳукми билан О., исмли эркак 5 йилга кесилди. Ғ.,га чақалоқ фарзанди борлиги ва эри йўқлигини ҳисобга олган ҳолда 2 йил муддатга шартли қамоқ белгиланди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган.

Наманганда 5 синф ўқувчисини сувга чўктирганликда гумонланган келинойи қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Наманган вилоят прокуратурасининг 12 апрелда маълум қилишича, Наманган шаҳрида 5-синфда ўқийдиган қизни каналга ташлаб ўлдирганликда гумонланаётган Ф.Қ., жиноят иши доирасида қўлга олинди.

Расман билдирилишича, 5 апрель куни кечқурун ўқувчи М.А., нинг онаси қизи мактабга кетганича уйга қайтамагани ҳақида ариза ёзган. Қидирув ишлари натижасида қизалоқнинг жасади 6 апрель куни Наманган шаҳри Шербулоқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги Шербулоқ кўчасидан оқиб ўтган “Катта Наманган” канали устидан ўтган кўприк остидан ташқи тан жароҳатларсиз топилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида қизнинг келинойиси бўлган Ф.Қ., М.А.,ни 5 апрель куни соат 10:30да мактабдан олиб чиқиб кетгани маълум бўлган.

Тергов жараёнида Ф.Қ., қизалоқни Чортоқ тумани, Навоий МФЙ, Улуғбек кўчасидан оқиб ўтган “Катта Наманган” каналига олиб бориб, сувга итариб юборганлиги аниқланган.

Вазир ўринбосарлигидан бўшатилган Равшан Эрматов Миллий Олимпия қўмитасига вице-президент бўлди

Равшан Эрматов дунёнинг энг зўр футбол ҳакамларм ўнлигига киритилган.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг 12 апрель куни ўтган навбатдан ташқари йиғилишида Равшан Эрматов вице-президентликка сайланди.

“Тадбир иштирокчилари бир овоздан таклиф этилган номзодни қўллаб-қувватлашди ва Равшан Эрматов Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди”,-дейилади қўмита расмий хабарида.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 9 апрелидаги қарори билан жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов “бошқа ишга ўтганлиги” муносабати билан лавозимидан озод этилган эди. Аммо унинг қайси ишга ўтгани ўшанда хабар қилинмаган.

Дунёнинг энг зўр футбол ҳакамларм ўнлигига киритилган Р. Эрматов айни пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти бўлиб ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг чегараолди ҳудудида ҳамкорлик маркази қурилиши бошланди

Ўзбекистон бош вазири А. Арипов қозоғистонлик ҳамкасби А. Мамин билан, 2021 йил 10 апрели (Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати фотоси)

Жорий йил 10 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг чегара ҳудудида (Ғишткўприк – Жибек жўли) “Марказий Осиё” халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик марказига тамал тоши қўйиш маросими ўтказилди.

Ҳукумат матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин иштирок этишган.

“Марказий Осиёда ягона бўлган ушбу лойиҳа нафақат икки томон учун самарали бўлади, балки минтақада савдо-иқтисодий алоқалар ривожига ҳам қўшимча туртки беради”, дейилган ҳукумат хабарномасида.

Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати маълумотига кўра, халқаро савдо иқтисодий ҳамкорлик марказининг умумий майдони 400 гектарга тенг бўлиб, бу ердан келажакда кунига 35 минг киши ва 5 минг юк автомобили ўтишига имконият яратилади. Маросим чоғида бош вазир Мамин Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини истиқболда 10 миллиард долларга етказиш вазифаси устида ишлаётганларини қайд этган.

Ўзбек расмийларининг Қозоғистонга ташрифи доирасида Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашиш ва икки томонлама ҳамкорликнинг кейинги босқичларини муҳокама қилиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари делегациялари иштирокида ишчи йиғилиши ҳам ўтказилган.

Қайд этилишича, йиғилишда икки халқ манфаатлари йўлида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда эришилган келишувларни амалга оширишнинг мақбул йўллари муҳокама қилинган.

Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 85 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 11 апрель ҳолатига кўра, 85 минг 114 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 192 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда якшанба куни Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 183 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 82 минг 943 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 1537 нафарни ташкил этиб, улардан 229 нафарининг аҳволи оғир, 104 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

Бу орада, Worldometer сайти маълумотига мувофиқ, Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 634 нафарга етган.

Журналистика университети COVID-19 важидан икки ҳафталик карантинга ёпилди

Талабалар орасида коронавирусга чалиниш ҳодисалари аниқлангани ортидан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети икки ҳафтага карантинга олинди.

Ректор Шерзодхон Қудратхўжага кўра, университет ҳудудида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиниб келинаётганига қарамай, айрим талабалар орасидан енгил шаклдаги коронавирус инфекцияси аниқланган.

Ректор инфекция талабалар ва профессор-ўқитувчилар орасида кенг тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида университет талабалари жорий йил 12 апрель санасидан 14 кунлик онлайн ўқув тартибига ўтказилишини билдирган.

Бу орада Самарқанддаги 35-умумтаълим мактаби ҳам икки ҳафталик карантинга олингани маълум бўлди. Бунга ўқувчилар орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари аниқлангани сабаб бўлган.

Прокуратура ўзини осган шовотлик келин иши бўйича текширув ўтказмоқда

Мухлиса Қадамбоева

Хоразм вилоят прокуратураси Шовот туманида эрининг уйидаги молхонада ўзини осиб ўлдирган Мухлиса Қадамбоева иши юзасидан расмий маълумот тарқатди.

Шовотнинг Катқалъа қишлоғида бундан 6 ой олдин турмушга узатилган 19 ёшли М. Қадамбоева шу йил 1 апрелида молхонада осилган ҳолда топилгани хусусида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Прокуратура хабарномасида ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий марказига суд-тиббий экспертиза тайинланиб, мурда текширувдан ўтказилгани билдирилган.

Қайд этилишича, дастлабки текширувлар М. Қадамбоеванинг ўлимига ўзини ўзи осиши натижасидаги асфикция сабаб бўлганини кўрсатган.

Вилоят прокуратураси, дастлабки тўпланган ҳужжатларга кўра, фуқаро М. Қадамбоева ёки унинг оила аъзолари турмуши давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки маҳалла фуқаролар йиғинига шикоят қилишмаганини урғулаган.

“Ҳозирда Шовот туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, якуни юзасидан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилган хабарномада Хоразм вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари назоратга олингани айтилган.

Озодлик мухбири ўтган ҳафта марҳума Мухлиса Қадамбоеванинг эри Мурод, қайнона, қайнотаси ва қайниси билан учрашган, аммо улар “келин ўзини ўлдирди, бизда айб йўқ”, деган гапдан нарига ўтишмаганди. Айни пайтда келиннинг яқинлари унинг ўлимидан олдин калтакланганини айтишган.

Бу борада Озодлик суҳбатлашган маҳаллий ҳуқуқшунос Маримбой Ражабов ушбу ҳодиса Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси (“Ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш”) билан малакаланиши мумкинлигини таъкидлаган.

Равшан Эрматов спорт вазири ўринбосари лавозимидан озод этилди

Равшан Эрматов

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 9 апрелидаги қарори билан жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов лавозимидан озод этилди.

“Бошқа ишга ўтиши муносабати билан” лавозимидан бўшатилган мулозимнинг қайси ишга ўтгани ҳозирча маълум эмас. Дунёнинг энг зўр ҳакамлар ўнлигига киритилган Р. Эрматов айни пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти бўлиб ҳам ҳисобланади.

Ўзбекистонда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тугатилиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таркибига қўшиб юборилиши ҳақида президент Ш. Мирзиёев жорий йилнинг февраль ойида бўлиб ўтган видеоселекторда маълум қилганди.

Давлат раҳбарининг куни кеча ёйинланган фармони билан янги вазирликка шу кунгача Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасини бошқариб келган Азиз Абдуҳакимов раҳбар этиб тасдиқланган.

Айни пайтда 9 апрелдаги қарор билан Улуғбек Аъзамов, Абдулазиз Аққулов, Авазжон Каримов ва Зариф Казаков Туризм ва спорт вазирига ўринбосар этиб тайинланганлар.

Ўзбекистон муфтияти: Коронавирусга қарши эмланиш рўзани очмайди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш 1 апрелдан бошланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати коронавирусга қарши эмланган рўзадорнинг рўзаси очилмаслиги тўғрисида маълум қилди.

Фатво ҳайъатининг билдиришича, бугунги кундаги тўрт мазҳаб уламолари рўзани еб-ичиш маъносидаги нарсалар бузишидан келиб чиққан ҳолда, тери ости, мушаклар ораси ёки ёнбошга укол қилиш билан рўза бузилмаслигига иттифоқ қилишган.

“Энди айнан коронавирусга қарши эмлашга келсак, у ҳам тери ости ва мушакка қилинадиган уколлардан бири. Бунинг устига озиқлантирувчи эмас. Юқоридаги фатволарга биноан рўзадор ҳолда ҳам уни олиш жоиз, бу иш рўзани бузмайди”,-дейилади расмий билдирувда.

Билдирилишича, Кувайт вақф вазирлиги, Иордания фатво уюшмаси, Саудия умумий муфтийси ва катта уламолар ҳайъати раиси Шайх Абдулазиз Оли Шайх, Азҳар халқаро электрон фатво маркази, «Дорул ифто» (Миср) фатво маркази рўзадор киши эмлаш олиши рўзани бузмаслигига фатво берган.

Ўзбекистонда 1 апрелдан аҳолини оммавий равишда коронавирусга қарши эмалаш бошланган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 10 апрелгача 148 642 киши эмланди.

Тошкент вилоятининг тўртта туманида фоҳишахоналар аниқланди

Иллюстратив сурат.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Бекобод тумани ва Ангрен шаҳрида фоҳишахоналар аниқланди.

Вилоят ИИББ матбуот хизматининг билдиришича, фохишахоналарни спа-салон ва сауна ниқоби остида ташкил қилган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган жазо чоралари кўрилган.

Бундан ташқар, фоҳишалик билан шуғулланган 4 кишига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190-моддаси (фоҳишалик билан шуғулланиш) га асосан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Карантин қоидаларини бузган 24 нафар шахс аниқланиб, кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) га асосан маъмурий баённома тузилди.

Бундан аввалроқ Ички ишлар вазирлиги Жиззахда ва Бухорода фохишахона ташкил қилган шахслар аниқлангани ҳақида маълум қилган эди.

Депутат: Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ дастурига қабул қилинди

Шу кунгача GSP+ дустурига 9 та давлат киритилган.

Ўзбекистон 10 апрелдан бошлаб GSP+ иштирокчиси сифатида 6200 турдаги маҳсулотни божхона божисиз Европа Иттифоқи ҳудудига экспорт қилиш имкониятига эга бўлди. Бу ҳақда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ўз Телеграм каналида маълум қилди.

Депутатга кўра, шу кунгача Ўзбекистонга Европа Иттифоқига 3000 турдаги маҳсулотни божхона тўловисиз олиб киришга рухсат берилган эди.

Европа Иттифоқи GSP+ дастурига қабул қилинган мамлакатлар зиммасига қатор мажбуриятларни ҳам юклайди. Масалан, дастурга қабул қилинган давлат инсон ҳуқуқлари, экология, меҳнат ҳуқуқлари, самарали бошқарувга оид 27 та Халқаро конвенцияларни самарали бажариш мажбуриятини олади.

“Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Ўзбекистон томони иккита қонун - Жиноят ҳамда Меҳнат кодексларини қайта кўриб чиқиши жараёнига эътибор қаратаётганини расман маълум қилган”,-деб билдирди депутат.

Шу кунгача GSP+ дастурига 9 та давлат киритилган. МДҲ давлатлари орасида мазкур дастурга фақат Арманистон ва Қирғизистон аъзо эди.

Метро поезди очиқ эшик билан ҳаракатлангани учун тўрт киши жазоланди

Тошкентдаги метро станцияларидан бири.

Тошкент метросида поезд очиқ эшиклар билан ҳаракатлангани ортидан метрополитеннинг уч ходими ишдан бўшатилди.

Тошкент метрополитени ширкатининг маълум қилишича,ҳаракат таркибининг машинисти, электр-чилангари ва катта устаси ишдан бўшатилди. Бундан ташқари Элеткродепо раҳбари ўринбосари ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жаримга тортилди.

10 апрель куни ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенининг “Пушкин” ва “Буюк ипак йўли” станциялари оралиғида поезд очиқ эшиклар билан ҳаракатлангани тўғрисида видеолар тарқалган эди. Ўшанда ширкат мазкур ҳолат юзасидан текширув бошланганини билдирган.

Ўзбекистонда 2021 йилги закот, фитр садақа ва фидя миқдори эълон қилинди

Бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 000 сўм, бир ойга 750 000 сўм бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг билдиришича, фитр садақаси 2 кило буғдой, 4 кило арпа, 2 кило майиз ва 4 кило хурмо нисобида белгиланди. Фитр садақани ҳар ким ўз имкониятига қараб, мана шу маҳсулотларнинг бири нисобида тўлаши мумкин.

Фатво ҳайъати бу маҳсулотларнинг бозор нархини ўрганиб чиққан ҳолда, фитр садақанинг пул миқдорини қуйидагича белгилаган: 2 кило буғдой 10 000 сўм, 4 кило арпа 14 000 сўм, 2 кило майиз 80 000 сўм, 4 кило хурмо 140 000 сўм деб белгиланди.

Фидя миқдори эса бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 25 минг сўм, деб белгиланди. Бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 000 сўм, бир ойга 750 000 сўм бўлади.

Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320 000 сўм экани эътиборидан, бу йилги закот нисоби 27 миллион 200 минг сўм деб белгиланди.

Бир йил давомида шунча ва ундан ортиқ пулга эга бўлган мусулмон жами маблағининг қирқдан бирини закотга бериши шарт.

МХХнинг собиқ марказий биноси бошланғич 1 сўм нархда сотувга қўйилди

Собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (Давлат хавфсизлик хизмати)нинг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган бош қароргоҳи аукцион савдоларига қўйилди.

Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги 10 апрель куни маълум қилди.

Эълонда таъкидланишича, ушбу давлат активидан келгусида офис, савдо, савдо-кўнгилочар, маданий-хордиқ, спорт, туристик ва бошқа хизматлар кўрсатиш фаолияти йўналишларидан бири ёки бир нечтасини амалга оширилиши талаб этилади.

Мазкур бино дохил 15 та объект Давлат активларини бошқариш агентлиги расмий сайтига жойланган “Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати”га киритилган.

Бу рўйхат Ўзбекистон президентининг ўтган йил 27 октябрида имзоланган “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига илова қилинган.

Фармонда давлат объектларини “ноль” харид қийматида сотиш амалиёти бекор қилиниши ҳамда давлат комиссияси қарорларига асосан инвестиция ҳамда ижтимоий мажбуриятлар асосида “1 сўм” бошланғич қийматда оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

ИИВ милиция идораларида рўй бергани айтилган икки ўлим юзасидан изоҳ берди

Бир ҳафта ичида икки нафар эркак ИИБ идорасида бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг кўп ўтмай вафот этгани ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги эса ҳар икки ҳолатда ички ишлар ходимларининг айби йўқ, дея баёнот берди.

Биринчи ўлим Фарғона вилоятининг Қува туманида, иккинчиси эса Тошкентнинг Юнусобод туманида шу ой бошида рўй берди.

Ижтимоий тармоқларда эса уларни милиция ходимлари қийнаб ўлдиргани ҳақида айтилди.

Фарғона вилоятининг Қува туманида 20 ёшли А.А. 31 март куни тиббий ниқоб тақмасдан кўчада юргани учун ўзи яшайдиган маҳалла таянч пунктида профилактика инспекторлари томонидан сўроқ қилингани ортидан ҳаётдан кўз юмганди.

Вазирликнинг маълум қилишича, ходимлар тушунтириш ишлари билан чекланишган, ҳолат юзасидан баённома тузилмаган, томонлар келишиб ўз уйига тарқалган.

ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов марҳумга ИИБ биносида жароҳат етказилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ғиёсовга кўра, А. А.нинг ўлимига ўткир юрак-ўпка етишмовчилиги, юрак ишемик касаллиги, икки томонлама буйраклар поликистози сабаб бўлган.

Аммо, марҳумнинг яқинларига кўра, шахсини аниқлаштириш мақсадида участкавой хонасига олиб келиш жараёнида А.А.га куч ишлатилган, бунинг оқибатида марҳумнинг курткаси йиртилган.

ИИВ Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги ўлимда ҳам милиция ходимларининг айби йўқ демоқда.

Интернетда тарқалган хабарларда 41 ёшдаги эркак Юнусобод туманидаги ички ишлар идорасига кириб чиққанидан сўнг вафот этган.

Бироқ расмий баёнотда эркак 45 дақиқа давом этган сўровдан сўнг қўйиб юборилгани таъкидланади.

Вазирликка кўра, 1 апрел куни ИИБ биносида сўроқ қилинган шахслардан бирининг мурдаси 2 апрел куни эрталаб топилган.

Суд-тиббиёт экспертизасидан сўнг марҳумнинг бир неча касалликлари, хусусан, юрак ишемик касаллиги, гематоген сил, полиорган етишмовчилиги, икки томонлама ўпка плеврити, бош мия ва ўпка шиши, гиёҳвандлик, алкоголдан заҳарланиш, сурункали гепатит бўлгани аниқланган.

Бироқ экспертиза хулосасига кўра фуқаронинг ўлими ушбу касалликлар натижасида юзага келгани ёки эркак бошқа нарсадан ўлганига аниқлик киритилмаган.

ФВВ чигирткаларга қарши кимёвий кураш бошлаганини маълум қилди

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакат бўйлаб чигирткаларга қарши курашиш тадбирлари бошланганини маълум қилди.

“ФВВ ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари ўзаро ҳамкорликда жорий йилда ҳашаротлар таҳдид қилиши мумкин бўлган тахминий экин майдонлари ҳисоблаб чиқилган. Бу деярли 600 минг гектар қир-адир ерлардир", - деди ФВВ матбуот котиби Мурод Содиқов.

Унинг айтишича, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида чигирткаларга қарши кимёвий тадбирлар бошланган. Тез кунларда бу каби тадбирлар Бухоро, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида ҳам олиб борилади.

Фарғона водийси ҳудудларида эса профилактик тадбирлар май ойининг бошида ўтказилиши режалаштирилган.

Жараёнга ўнлаб дельтапланлар ва юзлаб қишлоқ хўжалиги техникалари жалб этилмоқда.

Ўтган йил баҳорида мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида чигирткалар кўпайиб, экинларни пайхон қилгани ҳақида Озодлик хабар берганди.

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти расмийлари Туркманистоннинг Лебаб вилоятида чигиртка кўпайгани ҳақида Туркманистон расмийларидан огоҳлантириш хати олганини тасдиқлагандилар.

Бухоро ва Хоразм вилоятининг Туркманистонга қўшни далаларида меҳнат қиладиган деҳқонлар чигиртка кўпайганини айтишган.

Мирзиёев икки вилоят ҳокими ўринбосарларини ишдан олди, ҳокимларга уч ой муҳлат берди

Мирзиёев вилоят ҳокимларини қўл остидаги амалдорларни "ишлата олмаётганлиги" учун танқид қилган.

8 апрель кунги видеоселектор мажлисида президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларини қўл остидаги амалдорларни "ишлата олмаётганлиги" учун танқид қилди.

Тадбиркорлик масалаларига бағишланган видеоселектор чоғида Қашқадарё ва Навоий вилоятларида кичик бизнес ишлаб чиқарган саноат маҳсулотлари ҳажми республика кўрсаткичидан икки баробар камлиги айтилди.

Президентга кўра, кейинги 3 ой давомида вазият ўзгармаса, вилоят ҳокимлари ишдан олинади.

«Вилоят ҳокимлари қаттиқ туришмаяпти, ишламаганни ишдан олмаяпти. Агар сизлар ишдан олмасангиз, мен сизларни ишдан оламан. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватламаган раҳбар раҳбар эмас.

Қанча пул бермайлик, шароит яратмайлик, қуйи поғонадаги раҳбарлар вазиятни тушунмас экан, оғир пайтларда, пандемия шароитида қилган шунча ҳаракатларимиз зое кетаверади. Бугун жуда кўп одамни ишдан оламиз, сизлар сиёсатни тушунмаяпсизлар», деди президент.

Мажлисда таъкидланишича, инфратузилмадаги муаммолар туфайли 320 та тадбиркор сўнгги 2 йилда импорт қилган 220 миллион долларлик асбоб-ускуналарини ишга тушира олмаяпти. Электр қуввати паст бўлгани сабабли биргина Янгиҳаёт туманидаги 24 та корхонада 2,5 мингта иш ўрни ва экспортдан йилига 25 миллион доллар зарар кўрилмоқда.

Ана шу муаммоларни ҳал қилиш юзасидан саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга 2021 йилда 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилаётгани таъкидланди. Шу йил охирига қадар 168 та саноат зонаси 405 километр сув, 362 километр газ, 468 километр электр энергияси ва 104 километр йўл билан таъминланиши кўзда тутилган.

“Жуда оғир йилларда яшаяпмиз. Ҳар куни изланиш, интилиш ва пировард мақсадга ишлаш керак. Тадбиркорни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратмасак, тадбиркорларни кўпайтирмасак, шаҳар ва туманларда маҳаллий бюджет кўпаймайди-ку.

Биз қанчалик кўп маблағ бермайлик, фармон-қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, қуйи поғонадаги раҳбарлар дунёқарашини ўзгартириб, тадбиркор билан дўст бўлиб ишламаса, натижа бўлмайди”, деди президент.

Йиғилишда бир неча вилоят раҳбарларининг ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари ишдан бўшатилди, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.

Мирзиёев вилоят ҳокимларига вазиятни ўнглаш учун 3 ой муҳлат берди.

ССВ: Коронавируснинг жорий йилдаги кунлик ўсиши илк бор 200 дан ошди

1 апрелдан Ўзбекистонда аҳолини оммавий эмлаш бошланган

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8 апрель куни мамлакатда коронавирус қайд этилиши 2021 йилда илк бор 200 нафардан ошганини маълум қилди.

«2021 йил 8 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 84529 (+207) нафарни ташкил этмоқда», дейилади вазирлик маълумотида.

Расмий маълумотга кўра, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ҳам кунлик ўсиш юқорилиги қайд қилинмоқда. Бу борадаги энг юқори кўрсаткичлар олдинги тзлқинларда бўлгани каби, пойтахт аҳолиси ҳиссасига тўғри келади.

Кунлик кўрсаткичга киритилган касалларнинг 139 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Пандемия бошидан буён Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганларнинг умумий сони 84509 нафарни ташкил этмоқда.

Вазирликка кўра, ҳозирги пайтда шифохоналарда 1480 нафар бемор даволанмоқда, шундан 229 нафари оғир, 104 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Коронавирусдан вафот этганларнинг расмий сони 634 кишига етди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 7 апрель куни яна бир бемор вафот этган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилгидан фарқли "ҳеч қаер ёпилмаслиги, аммо тартиб-интизом кучайтирилиши"ни айтган.

"Хавф ёнимизда юрибди. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз керак. Олдин қандай ишлаган бўлсак, шу тартибни тиклаймиз. Худо кўрсатмасин, шунча қилган ҳаракатимиз бекорга кетиши мумкин. Иқтисодиёт нуқтаи назаридан жуда катта марралар қўйганмиз. Агар ёпилиб қолсак, бу натижаларга эришолмаймиз. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз", деб айтган президент 1 апрель кунги ҳукумат йиғилишида.

1 апрелдан Ўзбекистонда аҳолини оммавий эмлаш бошланган.

Дин ишлари қўмитаси раиси ўзгарди. Ўзбекистонда Рамазон ойи 13 апрелдан бошланади

Президент қарорида Рамазон ойини карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказиш таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Рамазон ойи муносабати билан қабул қилинган 8 апрелдаги қарорига мувофиқ, мамлакатда муқаддас ой шу йилнинг 13 апрель, сешанба куни бошланиши эълон қилинди.

Қарорда ойга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ кўрсатмалар берилган.

Президент кўрсатмасига мувофиқ, Рамазон ойини карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти ва жамоат ташкилотлари назоратида миллий қадриятларга хос равишда ўтказилиши кўзда тутилган.

Президент қарорида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси уламолари томонидан Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда 2021 йилда Рамазон ойининг биринчи куни шу йил 13 апрель – сешанба кунига тўғри келиши инобатга олинган.

Ҳолбуки, жуда кўп ҳолларда Рамазон ҳилолининг кўриниши муносабати билан Рамазон ойини бошлаш турли мамлакатларда турлича кечади.

Айни пайтда президент қарори билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасига янги раис тайинланди.

Хабарларга кўра, Содиқ Тошбоев 2018 йилдан буён Андижон вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

2019 йилнинг сентябр ойи бошларида лавозимга тайинланган Абдуғофур Аҳмедов бошқа ишга ўтказилган.

Фарғонадан Россияга помидор ва қалампирдан ташқари мева-чеваларни олиб киришга рухсат берилди

Фарғонадан экспорт қилинган туршакда капр қўнғизининг топилгани ортидан бу вилоятдан Россияга қурқ мевалар олиб кириш тақиқланган эди. Россельхознадзор сайтидан олинган сурат.

Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Россельхознадзор) Фарғона вилоятидан помидор ва қалампирдан бошқа барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришга рухсат берди.

Россельхознадзор расмий сайтида билдирилишича, Ўзбекистон ҳукуматининг кафолати остида 7 апрелдан бошлаб Фарғонада етиштирилган мева-чеваларнинг Россияга киритилишига рухсат берган. Айни пайтда Фарғонада етиштирилган помидор ва қалампирни Россияга олиб кириш тақиқланади.

Россельхознадзор 2020 йилнинг 7 декабрида Фарғона вилоятидан ҳар қандай ўсимлик маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаган эди. Бунга Фарғонадан экспорт қилинган туршакда капр қўнғизининг топилгани сабаб бўлган.

Россельхознадзор 2020 йилнинг 26 ноябридан бошлаб Фарғона вилоятидан, 4 декабрдан бошлаб Навоий вилоятидан,11 декабрдан бошлаб Қашқадарё вилоятидан Россия Федерацияси ҳудудига помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлаган эди. Бунга Tomato brown rugose fruit (ToBRFV) вируси аниқлангани сабаб бўлган.

Коронавирусдан яна бир бемор вафот этди. Беморлар сони бўйича Тошкент олдинда

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг 50 мингги Тошкент шаҳрида аниқланган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони, 7 апрель ҳолатига кўра, расман камида 634 кишига етди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 8 апрель куни билдиришича, кеча яна бир бемор вафот этган.

7 апрель куни яна 195 киши коронавирусга чалинди. Уларнинг 132 нафари Тошкент шаҳрида. Бу билан Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 84322 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 50 мингга яқини Тошкентда аниқланган.

Касалликдан соғайганлар жами 82234 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1454 нафар бемордан 229 нафари оғир, 104 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Тошкентда 17 ёшли бола ўз тенгдошини пичоқлаб қўйди

Тошкент шаҳар Олмазор туманида 17 ёшли Абдулазиз Ж., 04 апрель куни 17 ёшли Султонхўжа А.,ни пичоқлаб қўйди. Айни пайтда пичоқланган ўсмир касалхонада даволанмоқда.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменитининг 7 апрелда билдиришича, икки ўсмир Олмазор тумани Беруний кўчасидаги “Mir Cinema” дўкони олдида жанжаллашиб қолган. Жанжал пайтида Абдулазиз Ж., пичоқ билан Султонхўжа А., танасининг турли жойларига пичоқ урган.

Тиббий маълумотда айтилишича, Султонхўжа А.,да “қорин олд, иккала курак, чап бел соҳаси, иккала сон ташқи юзаси ва ўнг думба қисмида кесилган” жароҳатлар мавжуд.

Абдулазиз Ж.,га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “в” банди (безорилик, яъни совуқ қуролни намойиш қилиб, уни қўллаш) асосида жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.

Ўзбекистонда пичоқ қўллаб турли жиноятларни содир этиш тез-тез содир этилади. Бунинг ортидан Маъмурий Кодексга совуқ қуролни ноқонуний олиб юрганларга жавобгарлик белгиланиши тўғрисидаги ўзгартиш киритилган.

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлардан 71 нафарида ножўя таъсир сезилди

6 апрелга қадар 49 200 киши вакцинация қилинган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков 7 апрель куни АОКАда ўтказилган брифингда коронавирусга қарши эмланган 71 кишида ножўя таъсир сезилгани ҳақида маълум қилди.

Унга кўра, 6 апрелга қадар 49 200 киши вакцинация қилинган. Шундан 29 минг 860 киши AstraZeneca, 19 минг 742 киши хитой-ўзбек ZF-UZ-VAK2001 билан эмланган.

Ножўя таъсир сезилган 71 кишининг 45,7 фоизида тана ҳароратининг 37,5 даражадан бироз ошиши, 21,2 фоизида тана оғриқлари, 14,1 фоизида эмланган жойнинг қичишиши, 11,2 фоизида эмланган жойнинг оғриши, 2,2 фоизида асабийлашиш, ҳолсизланиш ва қўрқиш кузатилган.

Отабеков ножўя таъсир айнан қайси вакцинага алоқадор экани ҳақида маълумот бермади.

Дин ишлари қўмитаси 17 майдан Ҳаж ва Умрага рухсат берилиши эҳтимол эканини билдирди

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Саудия Арабистони 17 майдан Ҳаж ва Умрага рухсат бериши эҳтимоли мавжуд эканини маълум қилди.

“Газета уз”нинг ёзишича, Музаффар Комилов Саудияда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият Саудияда оғирлашгани муносабати билан Умра зиёрати тўхтатилганини айтган.

“Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги баёнотидан келиб чиқсак, эҳтимол, агар вазият бироз барқарорлашса, 17 майдан улар очиши мумкин. Лекин ҳали улар Соғлиқни сақлаш вазирлигини хулосасига таянган ҳолда иш кўради”,-деган расмий.

Комиловга кўра, Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси айни пайтда бу масалада Саудия томони билан мунтазам ёзишмаларни олиб бормоқда.

5 апрель куни Саудия Aрабистони Ҳаж вазирлиги Рамазон ойида COVID-19`га қарши эмланган зиёратчилар учун муқаддас жойларни зиёрат қилишга рухсат берилиши мумкин эканини билдирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG