Линклар

Шошилинч хабар
07 май 2024, Тошкент вақти: 11:08

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон жорий йилда хориждан рекорд даражада картоша сотиб олди

Ўзбекистон 2021 йилнинг 1 январидан 20 декабрига қадар хориж давлатларидан 516,2 минг тонна картошка сотиб олди. Бу 2020 йилдаги кўрсаткичдан 23 фоизга кўпдир.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг билдиришича, биргина 1 декабрдан 20 декабргача деярли 60,5 минг тонна қартошка эспорт қилинган. 2016 йилда Ўзбекистон хориждан фақат 50 миг тонна картошка сотиб олганди. Картошка импорти 2017 йилдан кўтарила бошлаган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эҳтиёжнинг ортиши оқибатида 2022 йилда 122 минг гектар ерга картошка экилишини билдирди. Бу 2021 йилдагига қараганда 40 фоизга кўпдир.

Ўзбекистон ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг билдиришича, жорий йилда Ўзбекистон картошкани асосан Россия, Қозоғистон, Покистон, Эрон ва Қирғизистондан сотиб олган.

Жорий йилнинг сентябридан то шу кунгача Эрон ва Покистондан Ўзбекистонга олиб келинган 110 минг тонна картошканинг 4300 тоннасида рангпар ва тилларанг нематодалар (паразит чувалчанглар) аниқланди.

Зараркундалар борлиги аниқланган картошканинг 3525 тоннаси ортга қайтарилди, тадбиркорлар томонидан қайтарилишининг имкони йўқлиги сабабли 775 тонна картошка махсус объектларда йўқ қилинди.

Кун янгиликлари

Олий суд “аксилсоветча фаолият”да айбланган 198 кишини оқлади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Олий суди 6 май куни ўн битта жиноят иши бўйича ўтган асрнинг 20-30-йилларида коммунистик режим томонидан қатағон қилинган 198 нафар кишига нисбатан оқлов ҳукмларини чиқарди. Оқланганларнинг тўлиқ рўйхати Олий суд сайтида келтирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳудудларида “аксилинқилобий мақсадлардаги ҳаракатлар ва қуролли қўзғолонлар, террорчилик, бандитизм ва шпионаж, босмачилик ҳаракатида иштирок этганлик ва аксилсовет фаолиятини амалга оширганликда” айбланган бу шахслар қарийб бир аср муқаддам коммунистлар қатағонига учраган эди.

“Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди”, дейилган Олий суд хабарномасида.

Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (ОГПУ) қошидаги Учлик кенгашлари қарорлари билан “мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қувғину қатағонга дучор этилган” кишилар ишининг суд томонидан қайта кўриб чиқилиши Ўзбекистон президентининг 2020 йил 8 октябридаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида амалга оширилмоқда.

Олий суд маълумотига кўра, бунгача совет даврида қатағон қилинган 1 минг 31 нафар киши реабилитация қилинган.

Мирзиёев Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ўнгда) 2023 йилнинг 9 майини ҳам Москвада ўтказган эди (архив сурати)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ўнгда) 2023 йилнинг 9 майини ҳам Москвада ўтказган эди (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 9 май куни Россия пойтахтида ўтказилажак ҳарбий парадда иштирок этади.

Парад ҳақида маълумот тарқатган Кремль матбуот хизмати парадда қатнашиши кутилаётган фахрий меҳмонлар орасида Шавкат Мирзиёев номини ҳам санаб ўтган.

Кремль хабарномасига мувофиқ, Москвадаги ҳарбий парадда Мирзиёевдан ташқари Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Куба президенти Мигель Диас-Канель Бермудес, Лаос президенти Тхонглун Сисулит ва Гвинея-Бисау президенти Умару Сиссоку Эмбалолар ҳам иштирок этишади.

РФ президенти маъмурияти маълумотига кўра, параднинг фахрий меҳмонлари мезбон президент Владимир Путин билан биргаликда Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйиш маросимида ҳам қатнашишади.

Шавкат Мирзиёевнинг Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этиши Ўзбекистон президенти матбуот хизмати томонидан ҳали расман тасдиқланганича йўқ.

Ўзбекистон яна дунёда энг кўп олтин сотган мамлакат бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон яна дунёда энг кўп олтин экспорт қилган мамлакат бўлди. Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) маълумотига кўра, мамлакат мартда 11 тонна олтин сотиб, Таиланд (10 тонна) ва Иордания (4 тонна) каби олтин экспортёрларини ортда қолдирган.

World Gold Council қайдича, март ойида Туркия Марказий банки 14 тонна, Ҳиндистон ва Хитой МБ 5 тоннадан, Қозоғистон ва Сингапур МБ эса 4 тоннадан олтин сотиб олишган.

Ўзбекистон февраль ойида ҳам энг кўп олтин сотган мамлакатга айланган эди. Ўшанда унинг 12 тонна олтин экспорт қилгани айтилган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон 2023 йил мобайнида жами 25 тонна олтин сотиб, энг кўп олтин экспорт қилган мамлакатлар орасида иккинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар қилган эди.

Статистика агентлигининг ҳисоботида қайд этилишича, жорий йилнинг илк чорагида Ўзбекистон хорижга 2 миллиард 664 миллион 300 минг долларлик олтин экспорт (жами экспортнинг 41,7 фоизи) қилган, бу кўрсаткич ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 10,5 фоизга кўпдир. 2023 йилнинг бу даврида мамлакат чет элга 2 миллиард 410 миллион 300 минг долларлик олтин сотган эди.

Ўзбекистонга келаётган россияликлар сони 10 баравар ошди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонга келаётган россиялик туристлар сони 10 баравардан ҳам кўпроққа (37 минг кишидан 403 минг кишига) ошган. Бу ҳақда РИА Новости Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик қайдича, 2023 йилда Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг умумий оқимида россиялик туристлар улуши қарийб 33 фоизни ташкил қилган.

Хабарда ўзбекистонлик туристларнинг ҳам Россияга қизиқиши ортгани айтилган. 2023 йилда 800 мингдан зиёд ўзбекистонлик Россияга сафар қилган, бу эса 2022 йилдагидан икки баравар кўпдир.

Нашр бу билан икки давлат ўртасидаги туристлар оқими, умуман олганда, пандемиягача бўлган кўрсаткичга етганини қўшимча қилган.

Икки мамлакат халқлари ўртасида ўзаро тил тўсиғининг йўқлиги ҳамда ЮНЕСКО жаҳон мероси рўйхатига киритилган меъморий обидалар билан танишиш имконияти кабилар россиялик туристларни Ўзбекистонга жалб қилаётган омиллар орасида саналган.

Ўзбекистон ҳудудида икки зилзила содир бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 5 май куни Тошкент вақти билан соат 13:16 да Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида 3,7 магнитудали зилзила кузатилди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, зилзила маркази жануби-шарқий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 194 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши кучи вилоятнинг Косонсой туманида 3 баллга, Янгиқўрғон туманида 2-3 баллга, Чортоқ, Тўрақўрғон туманлари ва Наманган шаҳрида 2 баллга тенг бўлган.

Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази, шунингдек, 6 май куни Тошкент вақти билан 10:41 да Самарқанд вилоятида 4 магнитудали зилзила содир бўлганини қайд этган. Зилзила маркази жануби-ғарбий йўналиш бўйича Тошкентдан 263 километр узоқликда (Ургут туманида) бўлган.

Ер силкиниши кучи Ургут туманида 2-3 баллни, Самарқанд вилоятининг Тойлоқ, Булунғур, Самарқанд туманлари ҳамда Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманларида 2 баллни ташкил этган.

Матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон мавқеи янада пасайди

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг дунёдаги матбуот эркинлиги бўйича 2024 йилги харитаси
“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг дунёдаги матбуот эркинлиги бўйича 2024 йилги харитаси

Дунёдаги матбуот эркинлиги даражасини кузатувчи “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти рейтингида Ўзбекистон кетма-кетига иккинчи йил пастлашда давом этяпти.

Бу йилги рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллаган, бу эса мамлакатнинг 2023 йил рейтингидаги ўрнидан 11 поғонага пастлаганини англатади.

Ўзбекистон 137-ўринни эгаллагани айтилган ўтган йилги халқаро рейтингда ҳам мамлакатнинг матбуот эркинлиги бўйича 4 поғонага қуйилагани кузатилган.

Ўзбекистоннинг матбуот эркинлиги бўйича рейтингдаги юксалиши сўнгги бор 2022 йили кузатилган бўлиб, ўшанда у 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилган эди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган RSFнинг Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида эълон қилинган бу йилги ҳисоботида “2016 йили президент Ислом Каримов ўлимидан сўнг Ўзбекистонда ОАВ учун шарт-шароит бирозгина яхшиланган”и, “ҳокимият тепасидагиларнинг танқид қилиш билан боғлиқ вазият эса ҳали-ҳамон жуда мураккаблигича қолаётган”и урғуланган.

Ҳисоботдан келиб чиқилса, Ўзбекистонда ўтган бир йил ичида сиёсий индикатор 20 поғонага (132 дан 152 га), иқтисодий кўрсаткич 11 поғонага (132 дан 143 га), қонунчилик кўрсаткичи 17 поғонага (120 дан 137 га), хавфсизлик индикатори эса 9 поғонага (127 дан 136 га) пасайган. Булар орасида фақат ижтимоий индикатор 2 поғонага (147 дан 145 га) юксалган.

RSF ҳисоботида мамлакатда давлат радиоси расмий пропаганда билан шуғулланаётгани, хусусий радиостанциялар ёпилиб кетишдан чўчигани учун ҳар қандай танқиддан тийилиб келаётгани, босма нашрлар давлат манфаатларига хизмат қилаётганига эътибор қаратилган.

“Айримларининг таҳририяти хорижда жойлашган 15 чоғли интернет нашргина сифатли контент чоп қилиб келмоқда. Улар сирасига мамлакатда блокировка қилинган Озод Европа/Озодлик радиосининг ўзбек хизмати — “Озодлик” радиоси ҳам киради”, дейилган ҳисоботда нашрларнинг қарийб учдан бир қисми ўз ёйинини рус тилида амалга ошириши қўшимча қилинган.

Халқаро ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистонда расмийлар ҳукумат билан тиғиз алоқада бўлган блогерларнинг катта гуруҳи ва оммавий ахборот воситаларини назорат қилишади, ҳақиқий мухолифат нашрлари эса тақиқ остида.

RSF қайдича, Ўзбекистон расмийлари ОАВга оид репрессив қонунларни бекор қилиш учун зарур бўлган ислоҳотлар ўтказиши лозим. Мамлакатда цензура, назорат ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳолатлари устунлик қилади.

Ҳисоботда ўзбек мулозимлари журналистларга иқтисодий босим ўтказаётгани ёки уларни “сотиб олиш” уринаётгани ҳам таъкидланган.

“Мустақил ОАВ кўпайиши уларнинг айниқса эркин матбуотни дастакловчи хорижий ташкилотлар томонидан молиялаштирилишини чеклаётган қонун ва қарорлар билан тўхтатиб турилибди”, дейилган ҳисоботда.

RSF Ўзбекистонда блогерларга таҳдид ёки уларни ҳибсга олишлар ҳалигача давом этаётгани, аввал узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган айрим журналист ва блогерлар қамоқдан чиқиб келган бўлсалар-да, ҳануз реабилитиция қилинмаганига эътибор қаратган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг бу йилги рейтингида матбуот эркинлиги бўйича Марказий Осиё мамлакатларидан Қирғизистон 120-ўринга, Қозоғистон 142-ўринга, Тожикистон 155-ўринга, Туркманистон эса 175-ўринга қўйилган.

Халқаро рейтингдаги энг юқори ўринларни Норвегия, Дания ва Швеция, энг паст ўринларни эса Афғонистон, Сурия ва Эритрея каби мамлакатлар эгаллаган.

“Ўзатом” АЭС бўйича россияликлар билан тайинли қарорга келмаган

Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танлангани айтилган ("Ўзатом" сайтидан олинган сурат)
Ўзбекистонда АЭС қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танлангани айтилган ("Ўзатом" сайтидан олинган сурат)

Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича Россия вакиллари билан музокараларда ҳали умумий гапдан нарига ўтилгани йўқ. Бу ҳақда “Ўзатом” раҳбари Азим Ахмедхаджаев “Газета.uz” мухбири саволига жавоб бериш асносида билдирган.

Биз ҳозир фақат гаплашяпмиз, умумий гаплар бўляпти, ҳеч нарсанинг аниғи йўқ. Россия томони ҳам сал умумийроқ айтмоқда, лекин буни қандайдир қўшимча қўшиб, бошқа ҳикояга олиб чиқишяпти. Лекин, умуман олганда, ҳозир ҳеч нарса йўқ. Фақат умумий гап. Улар билан фақат қайси йўналишларда қандай имкониятлар борлигини кўриб чиқяпмиз”, дея иқтибос келтирган “Газета.uz” нашри Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги директори сўзларидан.

Ўтган ҳафтада Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўрибосари Кирилл Комаров Ўзбекистон билан АЭС қуриш бўйича шартнома юзасидан музокаралар “анча муваффақиятли” ўтаётганини таъкидлаган эди.

Мен ҳеч кимга таъсир ўтказмаслик учун бундай ҳолатларни, саналарни айтмасликка ҳаракат қиламан, чунки бу — жуда муҳим қарор. Бу қарор Ўзбекистондаги кейинги 100 йилдаги вазият қандай бўлишини белгилайди. Шунинг учун ҳам, сизга айтаманки, шошқалоқлик қилиш ёки маълум хатога йўл қўйишдан кўра барча нюансларни муҳокама қилиш учун қўшимча вақт сарфлаган маъқул. Лекин биз исталган вақтда ушбу лойиҳани амалга оширишга киришишга тайёрмиз”, деб ёзган эди ТАСС агентлиги “Росатом” мулозими сўзларига иқтибосан.

Аммо “Ўзатом” директори россиялик мулозим сўзларини тасдиқлаган эмас. Ахмедхаджаев Ўзбекистон томони Россия билан фақат энергетика йўналиши бўйича гаплашмаётганига эътибор қаратган.

Чунки атом фақат энергетика эмас. Медицина ҳам бор, қишлоқ хўжалиги ҳам бор, сув тозалаш ҳам бор ва ҳоказо. Ҳозир шу каби бошқа йўналишларни ўрганиб чиқяпмиз. Шундан кейин қайси соҳа бизга яқинроқ экани ва қайси соҳани биринчи бўлиб ривожлантиришимиз кераклигини аниқ тушунамиз”, деган Ўзбекистон Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги раҳбари.

Айни пайтда март ойи охиридан буён “Ўзатом”га етакчилик қилаётган Азим Ахмедхаджаев атом энергияси бўйича бошқа давлатлар билан музокаралар олиб борилмаётгани, бироқ турли мамлакатлардан келаётган таклифлар ўзбек расмийлари томонидан кўриб чиқилажагини қўшимча қилган.

Ҳеч қайси давлат билан аниқ музокаралар бўлаётгани йўқ. Бошқа давлатлардан ҳар хил таклифлар келиб тушмоқда. Масалан, Америкадан ёки Кореядан. Ҳар хил таклифлар бор, уларни иш тартибида кўриб чиқамиз”, деган ўзбекистонлик мулозим.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган йилнинг ноябрь ойи охирларида Ўзбекистон АЭС қурилиши бўйича нафақат Россия, балки бошқа хорижий мамлакатлар “тажрибаси ва технологиялари”ни ўрганаётганини айтиб, ҳар қандай потенциал атом объекти аввал-бошда тахмин қилинганидан кичикроқ бўлиши мумкинлигига шама қилган эди.

Ўша пайтда ҳам Мирзамаҳмудовнинг бу сўзлари ундан бир неча кун олдин “Ўзбекистон билан АЭС қуриш бўйича музокаралар якуний босқичда” дея баёнот берган “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёвникидан кескин фарқ қилганди.

Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.

Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашини билдирган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танлангани ҳам хабар қилинган эди.

АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.

Энг кам пенсия миқдори 648 минг сўм этиб белгиланди

Uzbekistan - money
Uzbekistan - money

Ўзбекистон президентининг 30 апрель кунги 69-сонли фармонига мувофиқ, жорий йилнинг 1 майидан минимал истеъмол харажатлари 648 минг сўм миқдорида белгиланганлиги туфайли пенсиялар миқдори ҳам оширилган. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Президент фармонига кўра, май ойидан иш стажи тўлиқсиз чоғдаги ёшга доир пенсиянинг ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори ойига 648 минг сўм этиб белгиланган.

Бунинг натижасида 751 минг нафар ёшга доир ва 110 минг нафар боқувчисини йўқотганлик пенсияларини олувчи фуқароларнинг пенсиялари минимал истеъмол харажатлари миқдорига етказилади”, дейилган хабарномада пенсияларни ошириш учун Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан 180 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилишини қайд этган.

Аввалроқ Статистика агентлиги жорий йилнинг май ойидан ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 648 минг сўмни ташкил этгани ҳақида маълум қилган эди.

Хорижлик инвесторлар 3 йилга дивиденд солиғидан озод қилинади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев III Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ cўзламоқда (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев III Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида нутқ cўзламоқда (president.uz фотоси)

Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан озод этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 2 май куни III Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида cўзлаган нутқида қайд этган.

Ўз нутқида Ўзбекистон президенти яқинда мамлакатда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилингани, 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастур ишга туширилганини ҳам эслатиб ўтган.

Мирзиёев инвесторлар эътиборини сўнгги етти йил ичида олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга ошган, олий ўқув юртлари сони эса 200 тадан ортганига қаратган.

“Низоларни адолатли ҳал этиш мақсадида Тошкент халқаро арбитраж маркази муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Унинг таркибида Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Италия, Швеция, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардан 90 дан ортиқ нуфузли ҳакамлар ўрин олган”, деган Ўзбекистон президенти ўз нутқида.

Аввалроқ 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган III Тошкент халқаро инвестиция форумида 84 та давлатдан вакиллар иштирок этиши хабар қилган. Форумнинг бугунги мажлисида ялпи сессиясида БМТ Бош котиби ўринбосари Татьяна Молчан, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, Туркия президентининг ёрдамчиси Жевдет Йилмаз, Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон ас-Сауд, Сингапур парламенти спикери Сиа Киан Пенг, ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо хоним, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа ва бошқа расмий шахслар иштирок этиши айтилган.

Муштлашувда қатнашган 15 нафар ўзбекистонлик Россиядан бадарға қилинади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россиянинг Туапсе шаҳридаги оммавий муштлашувда иштирок этган ўзбекистонлик 15 нафар фуқаро мамлакатдан чиқариб юборилади. Бу ҳақда Краснодар ўлкаси прокуратурасининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномага мувофиқ, ҳодиса 24 апрель куни содир бўлган — маиший характерга эга бўлган жанжал оммавий муштлашувга айланиб кетган.

Қайд этилган шахслар нефтни қайта ишлаш заводида иш юритувчи ташкилот ходимлари бўлиб ҳисобланади”, дейилган прокуратура хабарномасида.

Россиялик ҳуқуқ-тартиботчиларга кўра, муштлашувда қатнашаётгани айтилаётган ўзбекистонликларнинг ҳаммаси маъмурий жавобгарликка тортилган, уларни Россиядан бадарға қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Тошкентда сувдан қарзи бор хонадонлар тармоқдан узилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон пойтахтида истеъмолчиларнинг сувдан умумий қарздорлиги 200 миллиард сўмдан камаймаяпти, шу важдан ўтказилаётган рейдлар давомида кўплаб қарздор хонадонларнинг қувурлари асосий тармоқлардан узилмоқда. Бу ҳақда “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ташкилот кунлар исий бошлагани ортидан ичимлик сувидан белгиланмаган вақтларда маиший эҳтиёжлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳоллари ортганига эътибор қаратган.

Хабарномада ҳукуматнинг тегишли қарори билан маиший эҳтиёждан ташқари сувдан фойдаланиш, хусусан суғориш ишлари учун тунги 00:00 дан тонгги 5:00 га қадар фойдаланиш мумкинлиги белгилаб қўйилгани, бироқ бу талабга ҳам истеъмолчилар томонидан амал қилинмаётгани урғуланган.

Ўтган йилнинг декабрь ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида ичимлик сувининг бир куб метри учун жисмоний шахслар, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар 1400 сўмдан, юридик шахслар эса 3000 сўмдан ҳақ тўлай бошлаган.

Наманганлик пенсионер 7 яшар қизчага тегажоғликда гумонланяпти

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Наманганда 68 ёшли эркак 7 яшар қизчага нисбатан уятсиз ҳаракатларни содир этганликда гумонланмоқда.

Болалар омбудсмани матбуот хизмати қайдича, Янги Наманган туманида яшовчи Ф.О. исли аёл ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилиб, унда 27 март куни вояга етмаган қизи Ж. С. кўчада ўртоқлари билан ўйнаб юрган вақтида шу ердан ўтиб кетаётган И. Б. (эркак, 1956 йилда туғилган) қизни ўз автомашинасига чиқариб, унга уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилганлигини билдирган.

Маълумотларга кўра, мазкур воқеа юзасидан жорий йилнинг 5 апрель куни Наманган шаҳар ИИО ТБ томонидан И. Б. га нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 129-моддаси 1-қисми (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Болалар омбудсмани Наманганда содир бўлган ҳолатни ўз кузатувига олингани, ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилишини билдирган.

Озодликка етиб келган маълумотларда педофилияда гумонланаётган наманганлик И. Б. аввал ички ишлар органларида ишлаб, ўша ердан пенсияга чиққани иддао қилинган, бироқ бу иддао ҳали расмий манбалар томонидан тасдиқланганича йўқ.

Солиқ қўмитаси картадан картага ўтган пулларни текшириши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Марказий банк ва Солиқ қўмитаси шубҳали p2p ўтказмалари (картадан картага ўтказмалар) бўйича маълумотлар алмашинувини бошлаши мумкин, дея хабар қилди “Газета.uz”.

Нашр бу хулосага мамлакат президентининг ҳали жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилмаган “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ўрганиб чиқиш асносида келган.

Қарор лойиҳасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг товарлар ва хизматлар учун картадан картага тўловларини “тартибга солиш” мақсадида Марказий банк ва Солиқ қўмитасига икки ой муддатда, агар маълум чегарадан ошиб кетса, шу турдаги операциялар бўйича ўзаро маълумот алмашиш тўғрисида меморандум имзолаш таклиф қилиняпти.

Нашр жисмоний шахслар учун лимит йилига 100 миллион сўм, тадбиркорлар учун эса йилига 500 миллион сўм қилиб белгиланиши мумкинлигига эътибор қаратган.

Хавфсиз каналлар орқали ўзаро маълумотлар базалари билан интеграциялашган тизимни 10 июлгача яратиш режалаштирилган. У маълумотни қайта ишлаши ва хавфларни аниқлаши керак”, дейилган хабарда.

Ўзбекистонда картадан картага ўтказиладиган пулларни текшириш ваколатини олишга уриниш аввал ҳам кузатилган эди. Хусусан, Солиқ қўмитаси томонидан 2020 йил апрелида таклиф қилган қарор лойиҳасида жисмоний шахсларнинг барча карталарига 30 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушса ва p2p транзакциялари сони 10 тадан ошса, банклар бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилиши тартибини жорий этиш кўзда тутилган эди.

Мирзиёевни ҳақоратлашда айбланган йигит 5 йилга қамалди — ОАВ

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Наманганда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президентига қарши ҳақоратли изоҳлар ёзган 28 ёшли йигит судланди, дея хабар қилди Uznews нашри.

Нашр қайдича, Д.Турсунов исмли наманганлик шахс Facebook тармоғида очилган профилига 2023 йил 8 май куни “Ўзбекистон Президенти Москвада Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этади” номли мақоладан кўчириб олинган экран тасвирини жойлаштириб, ушбу постда Ўзбекистон президентини ҳақоратлаган ва унга туҳмат қилган.

Бундан ташқари, у Facebook орқали турли постларга давлатга қарши изоҳлар қолдирган”, деб ёзган Uznews маълумот олинган манбани келтирган эмас.

Нашрга кўра, судланувчи 2016 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистондан Озарбайжонга бориб, 2016 йил 30 сентябрь куни у ердан фуқаролик паспортига дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун махсус рухсат стикери расмийлаштирилмаган бўлса-да, белгиланган тартибни бузиб, Эронга кириб, қонунга хилоф равишда чет элга чиққан.

Суд ҳукми билан судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) ва 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Охирги бир йилда Ўзбекистонда ўндан ортиқ блогер ва тармоқ фаоли таъмагирлик ва президентни ҳақорат қилиш айбловлари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига тортилган.

“Ҳақоратланган” президент: Термизлик тармоқ фойдаланувчиси 5 йилга қамалди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:22 0:00

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти январь ойида эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистонда 2023 йилда инсон ҳуқуқлари вазияти сезиларли даражада ёмонлашганини қайд этган эди.

Ўзбекистонлик ёш футболчилар Олимпиадага йўлланма олишди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Футбол бўйича 23 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида 29 апрель куни Ўзбекистон терма жамоаси Индонезия терма жамоаси устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Мазкур ярим финал ўйинида урилган икки гол ўзбекистонлик ёш футболчиларнинг финалга чиқишига асос бўлган.

Бу Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг жорий йилнинг 26 июль — 11 август кунлари Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиадага йўлланмани қўлга киритганини ҳам англатади. Бу ўзбекистонлик ёш футболчиларнинг ўз тарихидаги илк Олимпиада ўйинлари бўлади.

Кечаги ўйин ортидан Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига табрик йўллаган президент Шавкат Мирзиёев жамоанинг Олимпия ўйинларига йўлланма олишини “эл-юртимизнинг неча йиллик буюк орзуси” дея ифода этган.

Осиё чемпионати финалида Ўзбекистон терма жамоаси Япония терма жамоасига қарши майдонга тушади.

U-23 Осиё кубоги Қатарда 15 апрель куни бошланган бўлиб, 3 май куни ўз ниҳоясига етади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG