Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:05

Ўзбекистон хабарлари

Мирзиёев 15-16 март кунлари Туркияга сафар қилиши кутилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Туркияга йўл олади.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, 16 март куни Анқарада Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг “Табиий офат ҳамда фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами” мавзусида навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтади. Мазкур саммитда Шавкат Мирзиёевнинг ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.

Саммит февраль ойида Туркияда содир бўлган зилзила туфайли юзага келган фавқулодда ҳолатни муҳокама қилиш учун платформа вазифасини бажаради. Унда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг лидерлари ташкилот доирасида табиий офатларни ва фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашишади.

Саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказилиши режалаштирилгани айтилмоқда.

Жорий йилнинг 6 февраль Туркия жануби-шарқида, расмий маълумотларга кўра, 7,7 ва 7,6 балли ер силкиниши кузатилган. Бунинг ортидан 10 та вилоятда қурбон бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга мувофиқ, қарийб 48,5 минг нафарга етган.

Зилзила ортидан бошқа давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам Туркияга ёрдамга ошиққан. Хусусан, 8 февраль куни Ўзбекистондан борган 71 кишилик тиббий отряд зилзиладан жабрланганларга 24 кун давомида кўмак кўрсатган. Ўтган вақт мобайнида улар жами 3860 кишига ёрдам кўрсатиб, 6 март куни Тошкентга қайтган.

Ўзбекистондан борган тиббий отряднинг Туркиянинг Ҳатай вилоятида дала госпитали ташкил этгани, шунингдек, зилзиладан жабр кўрган туркияликларга ўзбекистонликлар томонидан 170 тоннадан зиёд инсонпарварлик ёрдами йўллангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Тиббий отряддан ташқари президент Мирзиёев топшириғи билан Ўзбекистон ФВВсидан 100 кишилик қутқарувчилар гуруҳи зилзила ҳудудига бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган ва 25 февраль куни ортга қайтган эди.

Кун янгиликлари

Дипломатлар Исроилдаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Исроил байроғи (иллюстратив сурат)
Исроил байроғи (иллюстратив сурат)

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Исроил ҳудудида юрган ўзбекистонликларга заруратсиз яшаб турган жойларини тарк этмасликни тавсия қилди.

Ўзбек дипломатлари мазкур тавсияни “ушбу зиддиятли кунларда шахсий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳолатларни олдини олиш” истаги билан изоҳлашган, бироқ бу кунлар нимаси билан “зиддиятли” эканига аниқлик киритган эмас.

Элчихона хабарномасида Ўзбекистон фуқароларига “минтақадаги вазият туфайли Исроил ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чора-тадбирларини кўриш ҳамда доимий равишда ҳушёрлик зарур”лиги эслатилган.

Аввалроқ Озодлик 1 апрель куни Исроил томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида Дамашқда Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ўлдирилгани, пировардида Эрон олий руҳонийси Али Хоманаий “сионистик режим жазоланиши”ни бир неча бор таъкидлагани ҳақида хабар қилган эди.

Расмий Теҳроннинг қасос олинишига оид баёнотлари ортидан турли нашрларда Эрон яқин кунлар ичида Исроилга ҳужум уюштириши мумкинлиги ҳақида тахминлар урчиган.

Кўрфаз араб давлатлари ТИВ раҳбарлари Тошкентга келади

Жорий йилнинг 15 апрелида Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Кенгашга аъзо давлатлар – Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Саудия Арабистони ва Ўмон давлатларидан делегациялар иштирок этиши кутиляпти.

“Йиғилишда 2023 йил 19 июль куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида эришилган келишувларни амалга ошириш, сиёсат, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Вазирлар йиғилишида 2025 йили Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматида галдаги олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўриш бўйича фикр алмашилиши, учрашув якунида Қўшма баёнот қабул қилиниши қўшимча қилинган.

Ўзбекистонга тижорат учун келганлар сони бўйича туркманистонликлар пешқадам

Ўзбек-туркман чегарасидаги "Шовот-Тошҳовуз" назорат-ўтиш маскани (архив сурати)
Ўзбек-туркман чегарасидаги "Шовот-Тошҳовуз" назорат-ўтиш маскани (архив сурати)

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонга тижорий мақсад билан ташриф буюрган хорижликлар орасида туркманистонликлар 1-ўринни эгаллаган. Статистика агентлиги маълумотига кўра, илк икки ойда Туркманистондан тижорат учун келганлар сони 12 минг 13 кишини ташкил этган.

Мазкур рўйхатда тожикистонликлар иккинчи (2 минг 937 киши), афғонистонликлар учинчи (582 киши) ўринни эгаллаган.

Статистика агентлиги 2024 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонга тижорат мақсадида 16 минг 900 киши келгани, бу эса 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 3,1 бараварга кўп эканини маълум қилган.

Агентлик ҳисоботидан маълум бўлишича, январь-февраль ойларида Ўзбекистонга тижорий ишлар билан Хитойдан 260, Туркиядан 243, Ҳиндистондан 167, Жанубий Кореядан 133, Қирғизистондан 101, Эрондан 65, АҚШдан 61, қолган мамлакатлардан эса жами 384 киши ташриф буюрган.

Зоминда ўқувчисини калтаклаган ўқитувчи ишдан ҳайдалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги мактабда 7-синф ўқувчисини урган ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Болалар омбудсманига Зоминда яшовчи фуқародан мурожаатнома келиб тушган. У ўтган йилнинг 26 декабрида вояга етмаган ўғли О.Т.нинг юзига мактабдаги ўқитувчиси С. М. бир неча бор тарсаки ургани ҳамда номақбул сўзлар билан ҳақорат қилганидан шикоят қилган.

Мурожаат ортидан мактабгача ва мактаб таълим вазири Болалар омбудсмани сўрови асосида мазкур ҳолатни ўрганган. Пировардида мазкур мактаб директорининг буйруғига асосан ўқитувчи ишдан олинган.

Хабарномада шу йилнинг 23 январь куни жиноят ишлари бўйича Зомин тумани судида ўқитувчи МЖТКнинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш) ва 52-моддаси (Енгил тан жароҳати етказиш) билан айбдор деб топилгани, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (6,8 миллион сўм) миқдорида жарима жазоси тайинлангани қайд этилган.

“Док-1 Макс” иши апелляция судида кўрилмоқда

“Док-1 Макс” иши бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган аввалги суд ҳукми шу йил 26 февралида ўқилган эди
“Док-1 Макс” иши бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган аввалги суд ҳукми шу йил 26 февралида ўқилган эди

“Док-1 Макс” иши бўйича судланган 7 нафар шахс аввалги суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция тарзида судга шикоят аризасини киритишган. Бу ҳақда “Дарё” нашри ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр қайдича, биринчи инстанция суди ҳукмидан норози бўлганлар орасида Quramax Medikal ширкатининг 20 йилга қамалган директори, ҳиндистонлик Сингҳ Рагвендра Пратар, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг 18 йилга қамалган собиқ директори Сардор Кариев ва унинг ҳар бири 16 йилданга қамалган муовинлари Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаев, 16,5 йилга қамалган Шоюсуф Шодманов ҳамда 2 йил муддатга озодлиги чекланган Шерзод Абдуғаниев ва Исломбек Мирзаёқубов бор.

Тошкент шаҳар судида кўрилган “Док-1 Макс” иши бўйича ҳукм жорий йилнинг 26 февралида чиқарилган эди. Мазкур суд ҳукмига мувофиқ, юқорида исми зикр этилганлардан ташқари яна 16 кишига (судланганларнинг жами 23 киши) нисбатан турли муддатларга озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш шаклида жазолар тайин қилинган.

“Док-1 Макс” иши бўйича жиноят иши мазкур сиропни ичган камида 69 нафар бола вафоти ортидан очилган ва биринчи инстанция судида 6,5 ой давомида кўриб чиқилган эди. Мазкур иш юзасидан апелляция суди 5 апрелдан бошлангани, галги суд мажлиси эса 15 апрелга белгилангани айтилмоқда.

Россиядаги автоаварияда икки ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Россиянинг Самара вилоятида 8 апрель куни содир бўлган автоҳалокат оқибатида икки ўзбекистонлик нобуд бўлган, 26 киши жароҳатланган.

Россия нашрлари хабарига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси Самара вилоятининг “Урал-Муханово” автойўли 26-километрида содир бўлган.

“Чимкент-Нижний Новгород” йўналиши бўйлаб кетаётган ва ичида 66 нафар йўловчи бўлган автобус автойўлдан чиқиб, ағдарилиб кетган. Қозоғистонда рўйхатдан ўтган мазкур автобус йўловчиларнинг аксарияти ўзбекистонликлар экани айтилмоқда.

ЙТҲ чоғида жабрланганлардан 22 нафари, Самара вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, ўртача оғирликдаги жароҳатлар билан касалхоналарга ётқизилган, тўрт нафарига эса амбулатор ёрдам кўрсатилган.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотига кўра, автоҳалокат ортидан жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида элчи Ботиржон Асадов ва Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси ходимлари воқеа жойига йўл олган.

“Элчихона ходимлари мазкур масала бўйича Самара вилоятининг тегишли ташкилотлари билан тиғиз ҳамкорлик қилишмоқда. Вазият алоҳида назорат остига олинган”, дейилган элчихона хабарномасида.

Ҳодиса юзасидан Россия Жиноят кодексининг 238-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизмат кўрсатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ҳайит арафасида Ўзбекистонда 426 нафар шахс афв этилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони билан Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистонда 426 нафар шахс афв этилди.

Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган мазкур фармон шарҳида афв этилган шахсларнинг 135 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилгани, 200 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилингани, 26 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилгани ҳамда 65 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилгани қайд этилган.

Афв этилганларнинг 11 нафарини чет эл фуқаролари, 50 нафарини аёл, 13 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 157 нафарини ёшлар (шулардан, 3 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 5 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади”, дейилган президент фармони шарҳида.

Афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.

Ўзбекистонда кенг кўламли афвнинг сўнггиси мамлакат Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан ўтган йил декабрида эълон қилинган эди. Ўшанда 334 нафар шахс афв этилганди.

ЎМИ: Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 10 апрелга тўғри келади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашига кўра, бу йилги Рамазон ҳайити 10 апрель кунига тўғри келиши кутилмоқда. Бу ҳақда маълумот тарқатган ЎМИ матбуот хизмати кенгаш бу қарорга фиқҳий қоидалар, фалакий ҳисоб-китоблар ва астрономик кузатишларга таянган ҳолда келганини билдирган.

Уламолар кенгашининг онлайн мажлисида олимлар ва соҳа мутахассислари томонидан Рамазон ҳайити қайси кунга тўғри келиши ҳамда ҳижрий 1445 йил Шаввол ойи ҳилолини кузатиш бўйича қилинаётган ишлар ҳамда фалакий ҳисоб-китоблар атрофлича таҳлил қилинган.

Кенгаш қарорга келишида дунёдаги йирик фатво идоралари ва нуфузли астрономия институтлари ахборотларининг батафсил кўриб чиқилгани ҳамда туркий давлатлар диний идоралари масъуллари билан ҳам ушбу масала кенг муҳокама қилингани ўзига хос аҳамият касб этган.

ЎМИ Уламолар кенгашининг бу мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда, 8 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ҳужжат билан Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 10 апрель куни нишонланадиган бўлди.

Вазирлик шакар қимматлашишига доир гап-сўзларни рад этди

Хоразмдаги шакар ишлаб чиқариш заводи (архив сурати)
Хоразмдаги шакар ишлаб чиқариш заводи (архив сурати)

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия шакар экспортига шу йил 31 августигача тақиқ жорий этгани ортидан Ўзбекистонда шакар нархи ошиб кетиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқаётган хабарга муносабат билдирди.

Вазирлик қайдича, Ўзбекистонда шакарга бўлган йиллик талаб ўртача 650-700 минг тоннани ташкил этади, Ангрен ва Хоразмдаги шакар заводлари эса йилига 900 минг тоннадан кўпроқ (мамлакат ички эҳтиёжидан камида 200 тонна кўп) шакар ишлаб чиқаради.

Хабарномада Россиянинг шакар экспортига тақиқ қўйиши Ўзбекистоннинг ички бозорида танқисликни келтириб чиқармаслиги, чунки Ангрен ва Хоразм шакар заводлари хом ашёни Россиядан эмас, бошқа мамлакатлардан олаётгани урғуланган. Хусусан, вазирлик 2023 йилда Ўзбекистондаги шакар заводлари 762 минг тонна хом ашёни (шакар чиқиши 98 фоиз) Бразилия ва Ҳиндистондан импорт қилишганига эътибор қаратган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шу кунда Ангрен ва Хоразм шакар заводлари биржага ички бозор учун ҳар куни 2 100 тонна маҳсулот чиқараётгани ва бу маҳсулотнинг ўртача 300 тоннасигина сотилаётганини қўшимча қилган.

Бюджет дефицити илк чоракдаёқ қарийб 20 трлн сўмга етди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон давлат бюджети дефицити 19,8 триллион сўмдан (тақрибан 1,56 млрд АҚШ доллари) ошган. Бу ҳақда Газета.uz нашри Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр бунинг сўнгги 12 йил ичидаги рекорд кўрсаткич эканига эътибор қаратган ҳамда рақамлар 2023 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 1,7 баробар, 2022 йилга нисбатан эса қарийб 20 баробар кўп эканини урғулаган.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йилнинг 25 декабри куни имзоланган 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқ, давлат бюджети даромадлари 270,4 триллион сўмни, харажатлар 280,7 триллион сўмни ташкил этиши, дефицит эса 10,3 триллион сўм бўлиши кутилаётган эди. Бироқ бюджет дефицити илк чоракнинг ўзида йиллик кутилмадан қарийб икки баравар ошиб кетгани бу борада саволларни пайдо қилган.

Open Budget бўйича овоз йиғдиришга уринган муовин жаримага тортилди

Ўзбекистонда Open Budget лойиҳаси бўйича одамлар овозини сотиб олиш учун турли воситалардан фойдаланилади (иллюстратив сурат)
Ўзбекистонда Open Budget лойиҳаси бўйича одамлар овозини сотиб олиш учун турли воситалардан фойдаланилади (иллюстратив сурат)

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида одамларни хизмат вазифаларига кирмайдиган Open Budget лойиҳасига овоз йиғишга тарғиб қилган ва мажбуран жалб қилган туман ҳокимининг ўринбосари жаримага тортилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича комиссияси маълумот тарқатди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Қизилтепа тумани ҳокимининг ёшлар ва ижтимоий ривожлантириш, маънавий ва маърифий ишлар бўйича муовини Ўлмас Истамов тумандаги СЭС, мактаб ва боғча етакчиларига таҳдид қилиб, Open Budget лойиҳаси бўйича овоз йиғишга мажбурлаётганига оид аудиоёзув тарқалган ва бу борада масъуллардан изоҳ сўраб мурожаатлар қилинган эди.

Мурожаатлар расмийлар эътиборини тортган ҳамда Бош прокуратура вакилларининг Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари билан биргаликда ўтказган ўрганишида давомида туман ҳокими ўринбосарининг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган. Пировардида Истамовга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жарима жазоси тайинланган.

Миллий комиссия барча масъулларни, шунингдек, иш берувчиларни, ҳудуд раҳбарларини ходимларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга чақиради”, дейилган Сенат комиссияси баёнотида.

Тошкентда Artdocfest/Asia доирасида фильмлар намойиши тақиқланди

Режиссёр Виталий Манский
Режиссёр Виталий Манский

Ўзбекистон Маданият вазирлиги “Артдокфест/Осиё” ҳужжатли фильмлар фестивали доирасида режиссёрлар Виталий Манский ва Евгений Титаренконинг Украинадаги уруш тўғрисидаги “Шарқий фронт” фильми намойишини тақиқлаб қўйган. Бу ҳақда режиссёр Манский Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Унинг иддаосича, Ўзбекистон Маданият вазирлиги кўрсатмаси билан фестиваль дастуридаги бошқа фильмлар намойиши ҳам тақиқланган.

Бу 139 Documentary Center мустақил майдончасида фаолият кўрсатиб келинаётган тўрт йил давомида дуч келинган биринчи инцидентдир. Салом сенга, “Рус дунёси!”, деб ёзган режиссёр.

Манский “Медуза” нашри билан суҳбатда фильм намойиш этиладиган жойга етиб келган ўзбекистонлик полициячилар мамлакат Маданият вазирлигидан хат олишганини билдиришганини айтган. У Тошкентдаги фестивалга 25 нафар режиссёр келганини қўшимча қилган.

Маданият вазирлиги фильмлар намойишига тақиқланганини 2–8 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган Artdocfest/Asia фестивалини ўтказиш учун ташкилотчилар Ўзбекистон қонунчилигида белгилангани тартибда рухсатнома олишмагани билан изоҳлаган.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий фильмларни намойиш этиш учун хусусий тадбиркорлар томонидан Кинематография агентлигига ариза билан мурожаат этади ҳамда агентлик томонидан ушбу мурожаат 10 иш кунида кўриб чиқилади. Бундан ташқари, юқоридаги ҳужжатларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий тадбирларни ўтказиш учун Ички ишлар вазирлигидан рухсатнома олиши шарт экани белгиланган”, дейилган вазирлик расмий изоҳида.

“Шарқий фронт” фильми премьераси 2023 йил 24 февралида — Россия қўшинларининг Украина ҳудудига бостириб кирганининг бир йиллигида Берлинда бўлиб ўтган эди. Фильмда ўз оилаларини фронт ортига олиб бориб қўйиб, ўзлари кўнгилли бўлиб урушга жўнаган беш нафар украиналик ҳақида ҳикоя қилинади. Фильмни тасвирга олиш ишлари 2022 йил 24 февралида - Россия қўшинлари бостириб кирган илк кундан бошланган. Фильм Озодлик лойиҳаси бўлган Current Time телеканали дастагида яратилган.

“Артдокфест” ҳужжатли фильмлар фестивалига 2007 йили режиссёр Виталий Манский томонидан асос солинган. Бироқ 2020 йили фестиваль Россия расмийлари босими туфайли Ригага кўчирилган, ҳозирда у ўз фаолиятини Балтика ва Шарқий Европа документалистикаси форуми ўлароқ давом эттирмоқда.

Ўзбекистонда Artdocfest/Asia ҳужжатли фильмлар фестивали биринчи марта 2021 йили 139 Documentary Center галереясида бўлиб ўтган эди.

Ақтўбедаги аварияда вафот этганлар жасади Ўзбекистонга олиб келинди

ФВВ маълумотига кўра, ЙТҲда вафот этган ўзбекистонликлар жасади 5 апрель тунги соат 3 ларда Термиз аэропортига олиб келинган
ФВВ маълумотига кўра, ЙТҲда вафот этган ўзбекистонликлар жасади 5 апрель тунги соат 3 ларда Термиз аэропортига олиб келинган

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 3 апрель куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида вафот этган саккиз нафар ўзбекистонликнинг жасади Сурхондарё вилоятига олиб келинган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига мувофиқ, жасадлар юкланган учоқ 5 апрель куни Тошкент вақти билан соат 03:00 атрофида Термиз халқаро аэропортига қўнган.

Аввалроқ Озодлик ФВВ маълумотига таянган ҳолда “Самара-Чимкент” автойўлининг Маржонбулоқ қишлоғи яқинидаги қисмида юз берган автоҳалокат чоғида вафот этган ўзбекистонликлар президент Мирзиёев топшириғига асосан Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво борти орқали Ўзбекистонга олиб келиниши, уларнинг дафн маросимларини ўтказиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилгани ҳақида хабар қилган эди.

Вазирлик қайдича, 4 апрель куни Ўзбекистон ФВ вазири ўринбосари бошчилигида ташкил этилган комиссия ЙТҲ содир бўлган жойга борган, уларга қозоқ расмийлари жасадларни Ўзбекистонга йўллашда яқиндан ёрдам кўрсатгани айтилмоқда.

Айни пайтда маҳаллий ҳокимликлар томонидан ЙТҲда вафот этганларнинг дафн маросимларини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Бу орада, Оқўрда матбуот хизмати маълумотига кўра, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Чимкент-Самара автойўлидаги ЙТҲда саккиз нафар ўзбекистонликнинг фожиали тарзда вафот этгани муносабати билан президент Шавкат Мирзиёевга таъзия телеграммасини йўллаган. Тоқаев ўзбекистонлик ҳамкасбидан автоҳалокат қурбонларининг оилаларига таъзия тилакларини етказишни сўраган.

Қирғизистондаги зилзила таъсири Наманган вилоятида ҳам сезилди

Жорий йилнинг 4 апрель куни Тошкент вақти билан соат 03:43 да Қирғизистонда содир бўлган 4 магнитудали зилзила таъсири Ўзбекистоннинг Наманган вилояти ҳудудида ҳам сезилган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, зилзила маркази шимоли-шарқий йўналиш бўйича Тошкент шаҳридан 261 километр узоқликда бўлган.

Ер силкиниши кучи Наманганнинг Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида 2 баллга тенг бўлган.

Қозоғистондаги автоҳалокатда 8 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлди

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида 3 апрель куни содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси чоғида Ўзбекистоннинг саккиз нафар фуқароси вафот этган. Бу ҳақда Қозоғистон ИИВга қарашли Polisia.kz медиа-портали хабар қилди.

Хабарга мувофиқ, Volvo юк машинаси ва Toyota-Аlhpard минивени тўқнашуви натижасида юзага келган мазкур автоҳалокат Самара-Чимкент йўлининг Маржонбулоқ қишлоғи яқинида рўй берган.

Дастлабки маълумотларга кўра, юк машинасининг йўлда ғилдираги ёрилиб кетган, бунинг натижасида Volvo ҳайдовчиси машинани бошқаролмай қолиб, қарши ҳаракат йўлига чиқиб кетган ва ўзбекистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги минивен билан тўқнашган.

Автоҳалокат оқибатида Toyota-Аlhpard ҳайдовчиси дохил минивенда бўлган саккиз киши воқеа жойида жон таслим қилишган.

Йўл-транспорт ҳодисаси бўйича судгача текширув бошланиб, тегишли экспертизалар ўтказилаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси Ақтўбедаги ЙТҲда ўзбекистонликларнинг вафот этгани билан боғлиқ ҳолат алоҳида назоратга олингани, “мазкур масала юзасидан Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги бош консулхонаси Қозоғистоннинг тегишли ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорликда ишлаётгани” ҳақида билдирган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса автоҳалокат чоғида вафот этган ўзбекистонликлар президент Мирзиёев топшириғига асосан Мудофаа вазирлигининг махсус ҳаво борти орқали Ўзбекистонга олиб келиниши, уларнинг дафн маросимларини ўтказиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилгани ҳақида маълумот тарқатган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG