Линклар

Шошилинч хабар
20 май 2022, Тошкент вақти: 15:30

Ўзбекистон хабарлари

Россияда космодромларни бошқарган аёл Uzbekistan Airports ширкатига раҳбар этиб тайинланди

Тошкент аэропортидаги учоқлар

Uzbekistan Airports ширкати бошқарув раиси этиб Раъно Фрунзевна Жўраева тайинланди. Газета.уз нашрининг ҳукуматдаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, янги раҳбар 22 февраль куни бош вазир Абдулла Арипов томонидан ширкат жамоасига таништирилган.

Москва авиация институтини тамомлаган Р. Жўраева техника фанлари номзоди илмий даражасига эга. У Бутунроссия ташқи савдо академиясида халқаро иқтисодий алоқалар, Ҳарвард бизнес мактабида эса молиявий менежмент стратегияси бўйича таҳсил олган.

Uzbekistan Airports’га раҳбар этиб тайинлангунига қадар Р. Жўраева Россиядаги “C7 космий транспорт тизимлари” (S7 Space) бош директори вазифасини бажарган, ундан ҳам олдин эса “Роскосмос”га қарашли Ерусти космик инфратузилма объектлари эксплуатацияси марказига раҳбарлик қилган.

Айни пайтда куни кеча Uzbekistan Airways ширкатида ҳам раҳбар алмашган. Бу вазифа 41 ёшли Илҳом Маҳкамов зиммасига юкланган.

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси 22 февраль куни И. Маҳкамов номзодини транспорт вазири лавозимига тайинланишини маъқуллаган эди. Шу тариқа у бир вақтнинг ўзида ҳам вазирлик, ҳам Uzbekistan Airways ширкатига раҳбарлик вазифасини адо этадиган бўлган.

Кун янгиликлари

Ўзбекистон уран захираси бўлган яна саккизта янги конни ўзлаштиришга чоғланмоқда

Президент Ш. Мирзиёев геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимотида, Тошкент, 2022 йил 19 майи (president.uz фотоси)

Ўзбекистонда ишлаб чиқилажак геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур доирасида 2022-2026 йилларда 8 та янги уран кони очилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишув чоғида билдирган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда 27 та янги кон очилиб, барқарор хомашё базаси яратилган.

Кечаги тақдимотда мутасаддилар нодир ва ноёб металлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича ишлаб чиқилган режалар юзасидан ахборот беришган. Президент топшириғига кўра, бу борада умумий қиймати 182 миллион долларлик 14 лойиҳа шакллантирилган.

Мирзиёев бу лойиҳалар билан чегараланмасдан, юқорироқ марра олиш кераклигини таъкидлаган.

“Шу мақсадда 2022-2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бу дастурда 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдон ҳисобига уран захирасини ошириш, замонавий бурғилаш ускуналарини олиб келиш, рақамли геология моделини яратиш кўзда тутилади”, дейилган хабарномада.

Айни пайтда тадбир чоғида “Навоийуран” давлат корхонасини трансформация қилиш, хорижий мутахассисларни жалб этиб, технологик жараёнларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Ўқитувчи яна ўқувчисини урди. Бу сафар Пахтаободда

Ўзбекистонда ўқувчиларнинг ўқитувчилари томонидан калтакланиши ноодатий ҳодиса эмас.

Ижтимоий тармоқларда 19 май куни Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани 13-мактаб ўқувчиси ўқитувчиси томонидан калтаклангани тўғрисидаги хабарлар тарқалди.

Пахтаобод туман Халқ таълими бўлимининг билдиришича, бу воқеа 19 май куни эмас, 28 апрелда содир этилган.

Воқеа юзасидан Пахтаобод туман Халқ таълими бўлими билдирган расмий муносабатда айтилишича, Пахтаобод туманидаги 13-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси А.Р., шу мактабнинг рус-тили фани ўқитувчиси С.Ж.,нинг синфхонага кириш тўғрисидаги кўрсатмасига қўпол равишда жавоб қайтарган. Шундан сўнг ўқитувчи "ўқувчи А.Р.нинг қўпол муомаласига жавобан ўқувчининг кўз қисмига уриб, тан (бир маротаба) жароҳати етказган”.

“Ушбу ҳолат юзасидан ўша вақтдаёқ туман ХТБ томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат атрофлича ўрганилган ва рус-тили фани ўқитувчиси С.Ж.га ўқувчи А.Р.га нисбатан қўпол муомалада бўлгани сабабли тегишли тартибда интизомий жазо чораси қўлланган”,-дейилади расмий муносабатда.

16 май куни эса ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятидаги 4-мактаб ўқувчиси инглиз тили ўқитувчиси томонидан калтакланганлиги акс этган видео тарқалган эди. Мазкур воқеага Бош прокуратура муносабат билдирган ва ўқитувчига нисбатан хизмат текшируви олиб борилаётганини билдирган.

Ўзбекистонда ўқувчиларнинг ўқитувчилар томонидан калтаклангани юзасидан Озодлик бундан аввал ўнлаб мақолаларни чоп этган. Айрим таҳлилчилар фикрича, бу каби воқеалар Ўзбекистон учун одатий ҳолатга айланган.

Халқ таълими вазирлиги бу воқеа ортидан ўқувчиларнинг ўқитувчилар томонидан калтакланишини қоралаши ҳақида билдирган.

“Халқ таълими вазирлиги ўқитувчи томонидан ўқувчиларга куч ишлатиш ҳолатини кескин қоралайди. Бугунги замон ўқитувчилар ўқувчилар билан фақат дўстона муносабат ўрнатиш орқали натижага эришиш мумкинлигини тақозо этади. Ҳар бир ўқувчи билан муаммони биргаликда ижобий ҳал этиш — бугунги кун педагогининг бурчи ҳисобланади”, — дейилади вазирлик баёнотида.

Шунингдек, ҳодиса ортидан мактаб директорининг икки ўринбосари, синф раҳбари ва инглиз тили фани ўқитувчиси ишдан бўшатилгани хабар қилинган.

Афғонистон Украинадаги уруш туфайли Ўзбекистонга электр энергиясидан қарзини тўлай олмаётганини билдирди

Афғонистон Энергетика ва сув заҳиралари вазирлиги мамлакат Ўзбекистон ва Тожикистондан сотиб олинаётган электр энергияси учун камида 100 миллион доллар қарз бўлиб қолганини билдирди.

TOLOnews нашри хабар беришича, вазирлик расмий вакили Ахтар Муҳаммад Нусрат бунга Украинадаги уруш туфайли Марказий Осиё банкларига пул ўтказишда муаммолар юзага келгани билан изоҳлади.

“Ўзбекистоннинг ўз муаммолари бор, биз тўламоқчимиз, лекин муаммо банкларда”,- деди Ахтар Муҳаммад Нусрат Афғонистон қарзини тўлашга ҳаракат қилаётганини урғулаган ҳолда.

Афғонистон энергетика ширкати – DABSнинг собиқ раҳбари Омонулло Ғолиб эса мамлакат ҳар йили электр учун Марказий Осиё давлатларига 300 миллион доллар ҳақ тўлашини айтди:

“Афғонистон Ўзбекистондан электрнинг асосий қисмини сотиб олади. Бу йилига 108 миллион долларни ташкил қилади. Айни пайтда ҳақни тўлашда муаммолар юзага келмоқда”.

Омонулло Ғолибга кўра, Украинадаги уруш туфайли банкларнинг ўзаро ҳисоб-китоб қилишлари мураккаблашган.

“Газета.uz” нашрининг ёзишича, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Афғонистон 2021 йилдаги электр энергияси бўйича қарзини тўлиқ тўлаб бўлганини билдирган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон билан Афғонистон 2022 йилда электр энергияси етказиб бериш бўйича 100 миллион долларлик шартнома имзолагани ҳақида хабар қилган эди.

Жорий йилнинг 12 январь куни Афғонистон миллий электр энергияси ширкати (DABS) Ўзбекистон Афғонистонга экспорт қилинаётган электр энергияси ҳажмини 60 фоизга қисқартиргани ҳақида маълумот тарқатган эди. Ўзбекистон томони бу ҳолатни Толимаржон электр станциясида юзага келган техник муаммолар билан изоҳлаган. Мазкур баёнотнинг эртасига Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини қайта тиклаган.

Ўзбекистон 18.05.22: Нақднинг рекорди, электр ва газга ижтимоий норма, навбатдаги пирамида ва самосуд

Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар тўғрисида 2022 йилнинг 18 майида матбуотда эълон қилинган муҳим хабарлар қисқа сатрларда.

Марказий банк: Нақд пул миқдори рекорд ўрнатди

Марказий банкнинг билдиришича, 2022 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда нақд пул миқдори апрель ойига нисбатан 5,3 трлн сўмга кўпайган ва 2013 йилдан бери рекорд даражага етган.

Марказий банкнинг иддао қилишича, 1 май ҳолатига кўра, муомаладаги нақд пул 33,1 трлн. сўмга тенг бўлди. Бундан аввалги нақд пул рекорди 2020 йилнинг августида қайд этилган. Ўшанда Ўзбекистонда муомаладаги нақд пул миқдори 29,5 трлн сўм бўлган.

Ижтимоий норма: Газ ва электр тарифларига ижтимоий норма киритилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда энергоресурслар нархларини субсидиялаш амалиёти сақлаб қолинган ҳолда, ижтимоий истеъмол нормаси жорий этилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ҳамда Энергетика вазирликлари энергетика соҳасини ислоҳ қилиш масалалари бўйича эълон қилган пресс-релизда таъкидланишича: “Энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси деганда аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда, бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади”.

Вазирликлар расмий баёнотида Ўзбекистонда газ ва электр энергияси учун қандай миқдорда ижтимоий норма белгиланиши аниқ айтилмаган.

Озодлик изоҳи: Масалан, ижтимоий норма қабул қилинган Қирғизистонда электр энергияси учун 700 киловатт-соатгача ҳар киловаттга 77 тийин, 700 киловатт-соатдан ошган ҳар бир киловатт-соат учун 2 сом 16 тийин тўлаш шарт.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ҳамда Энергетика вазирликлари баёноти билан мана бу линк орқали тўлиқ таниша оласиз.

Бош прокуратура: Жиззахда молиявий пирамидани тарғиб қилиш орқали фуқароларнинг 692,3 млн. сўмини қўлга киритган шахслар аниқланди

Бош прокуратуранинг билдиришича, Жиззада фуқаролар Ю.М., Ш.И. ва бошқалар 2022 йилнинг март ойида молиявий пирамида орқали аҳолининг 692,3 млн. сўмини ўзлаштиргани аниқланган.

Расмий маълумотдан англашилишича, улар Instagram орқали Gift Of Legacy ўйинини реклама қилишга камида 200 минг сўм ёки 50 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ўтказиб берган одамларга қисқа муддатда ушбу маблағни 7–8 баробарга кўпайтириб олишларини ваъда қилган.

Шу мақсадда улар Telegram каналида “200 минг сўмлик ва 50 АҚШ долларлик онлайн гап” номли гуруҳни ташкил этган.

Жиззахдаги “самосуд” ҳақида расмий муносабат

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга расмий муносабати ўзгартишларсиз иқтибос қилинмоқда:

“Ижтимоий тармоқларларда “Жиззахда мактабда ўқийдиган қизлар битта ҳижобли қизни самосуд қилишди” сарлавҳали видеолавҳа тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув ишлари давомида Жиззах шаҳри Боғишамол маҳалласида яшовчи, Жиззах шаҳридаги ўрта умумтаълим мактаби ўқувчиси М.Н. ижтимоий тармоқда Шароф Рашидов тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи М.А. билан мулоқотга киришади.

Ўзаро ёзишмалар чоғида улар ўртасида келишмовчилик юзага келади. Шундан сўнг М.Н. ва М.А. Жиззах шаҳридаги ўқув марказида учрашиб, жанжаллашишган. Ушбу ҳодисанинг тасвирлари ижтимоий тармоқда тарқалиб кетган.

Ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати”

Факт: Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида сотилаётган 6,8 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари яроқсиз экани аниқланди

Бу ҳақда 18 май куни АОКАда ўтказилган брифингда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Алишер Сафаров маълум қилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент шаҳри деҳқон бозорларидаги 30,6 минг тонна гўшт, 103 минг тонна ўсимлик махсулотлари, 163,8 млн дона тухум, 6,6 минг тонна сут ва сут маҳсулотлари ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси томонидан лаборатория таҳлилларидан ўтказилган.

Аниқланишича, 6,8 тонна гўшт ва гўшт махсулотлари, 43,5 тонна ўсимлик, 89 минг дона тухум, 4,7 тонна сут ва сут маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз бўлган ва ушбу маҳсулотлар савдодан четлаштирилган ва зарарсизлантириб йўқотилган.

Кун рақами: Ўзбекистондаги музейларда нечта экспонат мавжуд?

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистондаги музейларда жами 2,17 миллионта экспонатлар мавжуд.

Музейлардаги экспонатларнинг турлари бўйича сони:

— рассомчилик – 25,6 мингта

— графика – 56,2 мингта

— ҳайкалтарошлик – 4,4 мингта

— амалий санъат – 76,3 мингта

— нумизматика – 292,6 мингта

— археологик – 387,0 мингта

— суратлар – 265,4 мингта

— ҳужжатлар – 280,5 мингта

— маиший ва этнография буюмлари – 72,5 мингта\

— бошқа экспонатлар – 707,8 мингта

Тошкентда Янги йил кечаси “ўт ўчиргич”ни портлатиб, 3 кишини жароҳатлаган 8 кишига суд ҳукми ўқилди

Ўзбекистонда Янги йил тантанаси.

Шайхонтоҳур тумани “Қоратош” кўчасидаги “Самарқанд дарвоза” савдо мажмуаси олдида 1 январь куни мушакбозлик қилиш мақсадида қўлбола усулда ясалган “ўт ўчириш” мосламасини порлатган 8 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Судланувчиларнинг энг каттаси 25 ёшда, кичиги эса 19 ёшдадир.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматининг 16 май куни билдиришича, Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди беш нафар судланувчига тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум этиш, уч нафар судланувчига тўрт йил муддатга озодликни чеклаш жазосини белгилаган.

Уларнинг барчаси Жиноят кодексининг 250-1-моддаси (портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “б, д” бандлари билан айбдор деб топилган.

Озодлик радиоси 2022 йилнинг 2 январида Шайхонтоҳур тумани “Қоратош” кўчасида мушакбозлик қилиш мақсадида қўлбола усулда ясалган “ўт ўчириш” мосламасини портлатган бир гуруҳ ёшлар қўлга олингани ҳақида хабар берган эди.

Тошкент шаҳар ИИББнинг билдиришича, улар 1 январь тунги соат 00.45 ларда қўлбола мосламани портлатиши оқибатида кўчадан ўтиб бораётган 1999 йилда туғилган М.А.,нинг ўнг оёқ болдири ва товони ва 2006 йилда туғилган Х.Н..нинг ўнг оёқ панжа қисми йиртилган ва мажақланган. Учинчи жабрланувчи тўғрисида эса маълумот берилмаган эди.

Маҳаллий нашрлар Ўзбекистонда пиротехника буюмларини сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланганига қарамасдан, 2021 йилдан 2022 йилга ўтар кечаси Тошкентда эрта тонгача мушакбозликлар давом этгани ҳақида хабар берганди.

Янги конституция, янги муддат? Ўзбекистонда асосий қонунни ўзгартиришга старт берилди

Конституцияга ўзгартириш киритиш ташаббусини президент Мирзиёев ўтган йилнинг 7 декабрь куни кўтарган эди.

Олий Кенгаш Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси конституцига ўзгартишлар киритиш жараённини бошлашни таклиф қилмоқда. Бу масала фракциянинг 16 май куни бўлиб ўтган йиғилишида муҳокама этилди.

Партия расмий сайтида билдирилишича: “Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга киришиш маросимидаги нутқи ва Конституция кунига бағишланган байрам табригида конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш зарурати борасида илгари сурилган фикрлари, бу борада белгиланган энг устувор йўналишлар алоҳида таъкидлаб ўтилди”.

Расмий баёнотда Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар ортидан конституцияга ҳам қўшимча ва ўзгартишлар киритиш зарурати пайдо бўлгани уқтирилади.

Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг ҳам конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Жумладан, 2017 йилда конституцияга суд тизимини модернизация қилишга йўналтирилган, 2019 йилда эса “ҳукумат ва унинг ҳисобдорлигини демократиялаштириш”га қаратилган тузатишлар киритилди.

2021 йилда президентликка қайта сайланганидан сўнг ҳам Шавкат Мирзиёев мамлакатга конституциявий ислоҳотлар зарурлигини таъкидлаган.

Ўтган йилнинг 7 декабрь куни Конституция куни муносабати билан "Ўзбекистон халқига табриги"да президент Мирзиёев мамлакат асосий қонунига ҳозирга қадар 7 марта ўзгартиришлар киритилганини айтди ва уларни "демократик ислоҳотлар" зарурати билан тушунтирди.

Президентлик муддати

Президент конституцияга яна ўндан ортиқ ўзгартиришлар киритишни таклиф қилган. Улар орасида “давлат — жамият — инсон” тамойилини “инсон — жамият — давлат” деб ўзгартириш, инсон манфаатларини таъминлаш, оила институни ривожлантириш, миллатлараро тотувликни ривожлантириш, ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ва “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилини конституциявий қоида сифатида муҳрлаш каби таклифлар бор.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясига шу пайтгача 16 марта ўзгартиришлар киритилган.

Таклиф қилинаётган ўзгартиришлар борасидан аниқ маълумот йўқ. Хусусан, амалдаги президент муддатига ўзгартиш киритиладими, йўқми, маълум эмас. Аммо кўпчилик таҳлилчилар ва ижтимоий тармоқ фаоллари мамлакат конституциясини ўзгартиришдан асосий мақсад амалдаги президент ҳокимиятини мустаҳкамлаш эканини тахмин қилишмоқда.

Ўтмишда Ислом Каримов конституцияни ўзгартириш орқали 5 марта президентликка сайланган ва бир марта умумхалқ референдуми орқали президентлик муддатини узайтирганди. Ўтган йил октябрида иккинчи муддатга сайланган президент Шавкат Мирзиёев ҳозирга қадар 2026 йилдан кейинги режалари ҳақида гапирмаган. У икки муддат билан чекланиш ҳақида ҳам ҳеч қандай ваъда берган эмас.

Ўзбекистон ҳукумати ишчи гуруҳи автоҳалокатга учраган ватандошларга кўмак кўрсатиш учун Қозоғистонда жўнаб кетди

Воқеа жойида ишлаётган қутқарувчилар. "Газета уз"дан олинган фотосурат.

Ўзбекистон Бош вазирининг топшириғига асосан ҳукумат расмийларидан иборат ишчи гуруҳ Қозоғистонда автоҳалокатга учраган ўзбекистонликларга кўмак кўрсатиш учун Жамбул вилоятига жўнаб кетди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 13 май куни билдиришича, ишчи гуруҳ Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари масъул ходимларидан иборат. Гуруҳ “Ўзбекистон фуқароларига зарур ёрдам кўрсатиш, уларни Ўзбекистонга қайтариш ҳамда ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш мақсадида” ташкил этилган.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Жулайин туманида 12 май куни маҳаллий вақт билан соат 15:50 ларда Ўзбекистонга қарашли автобус аварияга учрагани хабар қилинган эди. Авария оқибатида ҳайдовчининг ёрдамчиси ва бир йўловчи воқеа жойида жон берган, 33 киши тиббий ёрдам учун касалхонага мурожаат қилган, улардан уч нафари жонлантириш бўлимида экани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотга кўра, автобус ҳайдовчиси об-ҳаво шароити ёмонлашгани (ёмғир ва дўл) туфайли рулни бошқаролмай қолиб, йўлда кетаётган трактор прицепига бориб урилган ва ағдарилиб кетган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса автобус ичида 53 нафар йўловчи бўлгани, улардан 47 нафари ўзбекистонлик эканини тасдиқлади. Вазирликнинг маълум қилишича, ҳалок бўлган икки киши Ўзбекистон фуқаросидир.

“Айни пайтда 16 нафар юртдошимиз туман шифохонасида, жумладан, 2 нафари жонлантириш бўлимида қолмоқда”, дейилган хабарномада.

Ўзбекистон дунё Афғонистонга эътиборни сусайтирганидан ташвиш билдирди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Душанбедаги анжуманда. Ташқи ишлар вазириги матбуот хизмати фотоси.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Душанбеда 13 май куни ўтган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида халқаро ҳамжамият Афғонистондаги вазиятга эътиборни сусайтирганидан афсус билдирди.

Унга кўра, Афғонистонда вазият иқтисодий инқироз ва оғир гуманитар муаммолар ортидан мураккаблигича қолмоқда. Бу эса минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солади.

“Халқаро ҳамжамият бу мамлакатнинг бугуни ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олиши ва Афғонистондаги ўта оғир ижтимоий муаммоларни ҳал этиш йўналишидаги ҳамкорликни давом эттириш учун конкрет чора-тадбирларни тадбиқ этиши лозим деб ҳисоблаймиз”,-деди Норов.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистон Рамазон ойида Афғонистонга 58 вагондан иборат 4 минг тонна гуманитар ёрдам жўнатди. Гуманитар ёрдам озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечакдан иборат бўлди.

Норов ўз сўзи давомида жорий йилнинг июль ойи охирларида Тошкентда Афғонистон масаласида халқаро анжуман ўтказилишини билдирди.

Толибон ўтган йилнинг 15 августида Кобулга қирганидан сўнг жаҳонда тан олинган Афғонистон ҳукумати қулатилган эди. Бунинг оқибатида халқаро ҳамжамият Толибон тузган ҳукуматни тан олган эмас. Халқаро донорлар Афғонистонга бериладиган моддий кўмакларни музлатиб қўйган.

Ўзбекистон ҳам Толибон ҳукуматини тан олган эмас, бироқ у билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмаган.

Бойсунда юз берган 6 балли зилзила Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида сезилди

Ўзбекистонда 12 май куни соат 15:27 да зилзила бўлгани қайд этилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг марказининг билдиришича, зилзила эпицентри Тошкентдан 411 километр жанубий-ғарбда - Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган.

Эпицентрда зилзила кучи 6 баллни, Сурхандарё вилоятида 4−5 баллни ташкил этди.

Зилзила Қашқадарё вилоятида 4 балл, Самарқанд вилоятида 3−4 балл, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида 3 балл, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 2−3 балл, Фарғона вилоятида 2 балл кучланишда сезилган.

Талафотлар ҳақида маълумот йўқ.

Шавкат Мирзиёев Фарғонага йўл олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 май куни Фарғона вилоятига жўнаб кетди. Бу ҳақда маълум қилган президент матбуот хизматига кўра, Фарғонага сафар “ҳудудлар ривожи билан танишиш мақсадида” амалга оширилмоқда.

Хабарномада Фарғонага ташриф чоғида “борилиши режалаштирилган жойлар кўп ва хилма-хил”лиги айтилган. Жумладан, Мирзиёев икки кун давомида вилоятдаги қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, тўқимачилик тармоқларидаги корхоналар фаолияти билан танишиб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирмоқчи.

Сариосиёда сел оқизиб кетган икки кишининг жасади топилди

Тўпаланг дарёси ўзанидаги қидирув ишлари. ФВВ фотоси.

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида сел оқизиб кетган икки кишининг жасади топилгани тўғрисида 11 май куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, 10 май куни соат 16 лар атрофида Сариосиё туманидаги Боғистон МФЙ таркибига киритилган Зохона қишлоғида кучли жала оқибатида сел юрган.

Сел Nexia автомашинасини ва унда кетаётган икки кишини ҳам оқизиб кетган. Улар Узун туманидаги Истиқлол маҳалласининг яшовчилари бўлган.

Қидирув -қутқарув ишлари натижасида Тўпаланг дарёси ўзанидан автомобил ва бир кишининг жасади топилган. Иккинчи кишининг жасади эса беш километр наридан топилган.

Расман: Ўзбекистонда Россия иштирокидаги ширкатлар сони кескин кўпайди (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Апрель ойида Россия иштирокида 103 та ширкат ташкил этилди. Бу январдагидан камида тўрт баробарга, мартдагидан эса деярли икки баробарга кўпдир.

Давлат статистика қўмитасининг янги ҳисоботида қайд этилишича, 2022 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда хориж давлатлари иштирокидаги жами 798 та фирма рўйхатга олинди.

Ўзбекистонда 210 та компания ташкил этган Россия биринчи, 128 та ширкатга асос солган Туркия иккинчи, 74 та корхона тузган Хитой учинчи ўринни эгаллади.

Ҳисоботдан англашилишича, Москва Украинага уруш очгани ортидан Ўзбекистонда ташкил этилаётган Россия ширкатлари сони кескин ошган. Масалан, Ўзбекистонда январда 23 та, февралда 28 та, мартда 56 та рус ширкати рўйхатга олинган. Апрель ойида эса уларнинг сони 103 тага етган.

“Айланма йўлдаги омбор”. Яккаланган Россия иқтисодий санкцияларни Ўзбекистон орқали айланиб ўтмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:21 0:00

Бундан ташқари апрелда Ўзбекистонда ахборотлаштириш ва коммуникациялар соҳасида хорижий капитал иштирокида 45 та ширкат ташкил этилди. Статистика қўмитасининг таъкидлашича, январь, февраль ва март ойларида жами 40 тагина шундай ширкат ташкил этилган эди.

Ўзбекистонда IT ширкатлар сонининг кескин кўтарилгани ҳам Россия Украинага уруш очгани ортидан Москвага жорий этилган санкциялар билан боғлиқ. Санкциялар оқибатида ўнлаб IT ширкатлар ва мутахассислар ўз офисларини Марказий Осиё минтақасига, хусусан, Тошкентга кўчираётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Интернет тезлиги паст Ўзбекистон Россиядан қочаётган "IT"чилар учун қанчалик жозибадор?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:03 0:00

Ангрен шаҳри ҳокими Нуриддин Абдураҳимов оламдан ўтди

Нуриддин Абдураҳимов (Тошкент вилояти ҳокимлиги фотоси)

Ангрен шаҳри ҳокими Нуриддин Абдураҳимов 11 май тонгида вафот этди. Бу ҳақда маълум қилган Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати мулозимнинг бевақт ўлимига бетоблик сабаб бўлганини билдирган.“Дарё” нашри эса унинг вафотига юрак хуружи сабаб бўлганини ёзган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кечаги хабарномасида 9 май куни шаҳар ҳокими Ангрендаги янги масжидга илк ғишт қўйиш маросимида иштирок этгани қайд этилганди.

1978 йили Пискент туманида туғилган Н. Абдураҳимов Ангрен шаҳрига шу йил январь ойи охирида ҳоким этиб тайинланган эди. Мазкур лавозимга тайинлангунича у Президент администрациясида масъул ходим сифатида фаолият юритиб келган.

Озодлик ўтган йили Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими Абдумажид Муллажонов (51 ёш) ва Бўстон тумани ҳокими Садбархон Мамитова (56 ёш) вафот этгани ҳақида хабар қилган.

Таниқли кинорежиссёр Абдулазиз Маҳмудов вафот этди

Ўзбекистонлик таниқли кинопублицист, “Бирлик” халқ ҳаракати намояндаларидан бири Абдулазиз Маҳмудов 8 май куни саратон хасталиги туфайли 72 ёшида вафот этди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Маҳмудовнинг жанозаси 9 май куни Тошкентнинг Қўйлиқ ота масжидида ўқилди ва шу ерда тупроққа қўйилди.

Замонасоз касбдошларидан фарқли равишда ўтган асрнинг 80-йиллари сўнгида тил ва давлат мустақиллиги учун юзага келган тўлқинни кинотасмаларга муҳрлаган Абдулазиз Маҳмудов умрининг сўнгига қадар демократик ҳаракатларда фаол қатнашди.

1989 йилнинг ёзида Фарғонада месхети турклари билан маҳаллий аҳоли ўртасидаги этник можароларни кино ленталарга муҳрлаган.

У ҳукумат таъқибидаги шахслар фаолиятини ёритган. Мухолифатдаги “Бирлик” ва “Эрк” партиялари фаолияти ҳақида фильмлар яратган.

У Горький номидаги Туркман университети ҳамда Москвадаги сценаристлар ва режиссёрлар Олий курсида таҳсил олган.

Абдулазиз Маҳмудов 60 дан ортиқ ҳужжатли, илмий-оммабоп суратга олган.

Ўзбек чегарачилари отиб ўлдирган уч қирғизистонлик бир оиладан бўлган

Ўзбекистон чегарачилари отган уч қирғизистонликнинг дафн маросими пайтида олинган сурат. Тепақўрғон қишлоғи, 2022 йилнинг 6 майи.

Ўзбек чегарачилари ўқидан ҳалок бўлган уч қирғизистонлик бир оила аъзолари бўлгани тўғрисида Озодлик радиоси қирғиз хизматига 6 май куни Жалолобод вилоят Олабуқа туманидаги Актам қишлоқ ҳукумати раиси Мирлан Қамчибеков маълум қилди. Унинг айтишича, ҳалок бўлганлар 48 ёшдаги ота ва унинг 24 ҳамда 22 ёшдаги ўғилларидир.

“Сўнгги беш йилда мазкур чегара ҳудудида ўқ отилмаган эди. Ҳозир ўзбек ва қирғиз чегарачилари музокара ўтказмоқда. Аскарлар ҳодиса содир этилган ҳудудни ўраб олган”, -деб таъкидлади Мирлан Қамчибеков.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳам 6 май куни ҳодиса юзасидан расмий маълумот тарқатди.

“2022 йилнинг 5 май куни ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистонга ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтилаётганлиги ўзбек чегара нарядлари томонидан кузатилган ва ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрилган.

Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган.

Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлганлар. Натижада, 3 нафар шахслар яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган”,-дейилади Ўзбекистон томони тарқатган расмий баёнотда.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан Ўзбекистон томонидан 6 май куни Жиноят Кодексининг 223-моддаси (“Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қирғизистон чегара хизмати 5 май куни Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг уч фуқаросига қарши қурол ишлатгани ҳақида хабар берганди. Қирғиз томони расмий баёнотида ўзбек чегарачилари яралаган фуқаролар Олабуқа туман касалхонасига етказилгани ва ўша ерда ҳушига келмасдан вафот этгани таъкидланган.

Қирғизистон Чегара хизмати тергов тадбирлари бошланганини қўшимча қилган, бироқ ҳодисага оид бошқа тафсилотни очиқлаган эмасди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. Шундан 85 фоизи ёки 1170 километри аниқланиб, 2017 йилги шартнома билан ратификация қилинган. Яна 10 фоиз бўйича келишувга эришилган, қолган 5 фоиз чегара масаласи эса ҳал этилмаган эди.

Бироқ ўтган йилнинг март ойида Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараси масаласи 100 фоиз ҳал этилган”ини айтган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG