Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2021, Тошкент вақти: 12:39

Ўзбекистон хабарлари

Сафоев Марказий Осиё иттифоқини тузиш учун ҳали эрта эканини билдирди

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев

Интеграциянинг асосий таркибий қисми умумий тамойиллар, умумий қадриятлар ҳамда давлат ва иқтисод тузилишининг умумий туташ механизмлари бўлиб ҳисобланади, Марказий Осиёда эса булар йўқ. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Alter Ego лойиҳаси доирасида ўтказилган интервью чоғида билдирди.

Сафоевга кўра, Марказий Осиё иттифоқи тузилишига ҳозирда катта қизиқиш борлигига қарамай, интеграцион бирлашма тузишга оид масалани кун тартибига қўйишга ҳали эрта.

Бироқ Ўзбекистон ташқи сиёсатининг сўнгги тўрт йил ичидаги энг асосий ютуқларидан бири - минтақа мамлакатлари билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни тиклашга муваффақ бўлинди. Беш-олти йил аввал ҳаводан адоват, гумонсираш, қандайдир агрессивлик уфуриб турарди”, дея Ислом Каримов ҳукмронлиги даврига ишора қилган С. Сафоев ҳозирда Марказий Осиё мамлакатлари билан мулоқот тикланганини қайд этди.

Сенат раисининг биринчи ўринбосарига кўра, ҳозирда минтақа давлатлари билан ўтган йилларда муҳокама қилиш ҳам тақиқланган “чегара бўйича вариантлар” кўриб чиқилмоқда.

Аминманки, чегара делимитацияси ва демаркацияси жараёнларини якунламагунимизча, Ўзбекистонда мустақил давлатни шакллантириш поёнига етгани ёки ўтиш даври тугагани ҳақида гапиришга эрта. Биз бу фундаментал масалани ҳал қилишимиз керак. Сув захираларини бошқариш масаласи ҳаёт-мамот масаласидир. Бугунги кунда муроса вариантларини топиб, олға силжишга муваффақ бўлинди”, деган С. Сафоев бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўплиги, аммо икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик учун ҳозирнинг ўзида шарт-шароит яратиб бўлинганини қўшимча қилган.

Кун янгиликлари

ОТБ Тошкент вилоятида сув таъминотини яхшилаш учун 160 млн доллардан зиёд қарз ажратди

Иллюстратив сурат

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Тошкент вилоятида оқава сувларни интеграциялашган тарзда бошқариш тизимини ишлаб чиқишда кўмаклашиш учун Ўзбекистонга 161 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратди. Банк матбуот хизмати маълумотига кўра, қарз маблағи вилоятда сув таъминоти ва канализация хизматини яхшилашга ёрдам бериши керак.

Хабарномада қайд этилишича, Тошкент вилоятида канализация тизимларига аҳолининг 20 фоиздан камроғи уланган. Вилоятдаги шаҳарларда канализация тизими 1991 йилдан бери кенгайтирилган эмас.

ОТБ дастаклаётган лойиҳа доирасида Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен, Бекобод, Чирчиқ, Янгийўл ва Чинозда марказлашган оқава сув тизимлари янгиланади.

Лойиҳага мувофиқ, тозалаш иншоотлари ва канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 800 минг нафардан зиёд аҳоли уйларига сув ҳисоблагичлари ўрнатиш кўзда тутилган.

ССВ: Коронавирусдан вафот этганлар сони 1 минг 390 нафардан ошди

Ўзбекистонда 25 ноябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 392 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, пайшанба куни мамлакат бўйлаб 206 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 192 минг 381 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда кеча барча ҳудудларда 186 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 189 минг 46 нафарга етган.

ССВ маълумотига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача 32 миллион 803 минг 308 доза вакцинадан фойдаланилган.

Вазирлик 1-босқичда эмланганлар сони 17 миллион 98 минг 127 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони 10 миллион 360 минг 453 нафарни, 3-босқичда эмланганлар сони эса 5 миллион 344 минг 728 нафарни ташкил этганини билдирган.

МИБ қарздорлик важидан қидирилаётганларнинг мингдан зиёди хорижга чиқиб кетганини билдирди

Мажбурий ижро бюросига тегишли автомобиллар

Мажбурий ижро бюроси жорий йил бошидан бери Ўзбекистонда қарздорлиги туфайли 7 минг 800 дан зиёд жисмоний шахсга нисбатан қидирув эълон қилган, шундан 4 минг 500 нафардан (58 фоиз) кўпроғи топилиб, мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказилган.

МИБ матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда 3 минг 264 нафар қарздорни қидириб топиш чоралари кўриляпти, булардан 2 минг 149 нафар Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юргани, 1 минг 115 нафари эса турли мақсадларда хорижий мамлакатларга чиқиб кетгани аниқланган.

“Қидирувдаги шахслар топилиши натижасида қарздорлардан жами 30 млрд 700 млн. сўм, шу жумладан 22 млрд 800 млн. сўм алимент пуллари ундирилиб, вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминот олишлари таъминланган”, дейилган бюро хабарномасида.

Мактабгача таълим вазирлиги Фарғона вилоятидаги боғчадан жасад топилганини тасдиқлади

Иллюстратив сурат

Мактабгача таълим вазирлиги 20 ноябрь куни Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги “Қўрғонча” маҳалласи Пахтаобод кўчасида жойлашган 27-болалар боғчасида бир эркакнинг жасади топилганига оид хабарларни тасдиқлади.

“Мазкур ҳолат Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси раҳбарияти томонидан тўлиқ назоратга олингани, айни кунларда Қўштепа тумани ҳокимининг қарори билан мазкур бахтсиз ҳодиса сабаблари махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётгани, ўрганиш хулосалари тайёр бўлса, бу ҳақда қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Аввалроқ маҳаллий нашрларда боғчадан жасади топилган шахснинг ис газидан вафот этгани тахмин қилинаётгани ёзилган. МТВ махсус ишчи гуруҳ хулосаси тайёр бўлгунига қадар журналист ва блогерлардан вафот этган шахс ҳамда унинг қандай лавозимда фаолият олиб боргани хусусида тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмай туришни сўраган ҳамда марҳумнинг 27-болалар боғчасида мавсумий ўт ёқувчи вазифасида фаолият юритганини қўшимча қилган.

Аввалроқ Озодлик Нукусда 18 ёшли талаба, ундан олдин эса Самарқанд вилоятида агрокимё ширкатининг икки ишчиси ис газидан вафот этгани ҳақида хабар қилган эди.

Ички қатновлар учун янги авиаширкат ташкил этилди, унинг Uzbekistan Airways'га рақиб бўлмаслиги иддао қилинди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда мамлакат ичида йўловчи ташишни мақсад қилган Silk Avia авиаширкати ташкил этилди. Парвозларни келгуси йилдан бошлашни режалаган янги авиаширкат Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Uzbekistan Airports АЖ томонидан ташкил этилган.

Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Рано Жўраева жорий йилнинг сентябрь ойида рўйхатдан ўтган Silk Avia арзон нархларда ички авиаташувларни таъминлаш мақсадида тузилганини қайд этган.

“Яқин вақтгача Ўзбекистон шаҳарларини боғлайдиган тўғридан-тўғри қатновларнинг йўқлиги катта муаммо эди. Самарқанддан Хоразмга бориш учун йўловчилар Тошкент орқали учишлари керак эди. Бизнинг вазифамиз - ички ташувларни нафақат “point to hub” (пойтахтдан ҳудудларга), балки “point to point” (минтақалар орасида) модели асосида ҳам ташкил этишдир. Қирққа яқин йўналиш ва 70 кишига қадар йўловчи ташиш қувватига эга минтақавий самолётларни сотиб олиш режалаштирилган. Тарифлар темир йўл тарифларига мувофиқлаштирилади. Бу ички туризмни ривожлантиришга ва истеъмолчи учун авиачипталарнинг якуний қийматига ижобий таъсир кўрсатади”, деган Р. Жўраева.

Қайд этилишича, мазкур авиаширкат келажакда хусусий секторга сотилиши режаланган.

Uzbekistan Airports вакиллари янги авиаширкат “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига рақиб бўлмай, балки “ички ташувларни ташкил этиш бўйича ҳамкор сифатида” фаолият юритишини иддао қилишган.

Президент Мирзиёев ЕИ делегацияси билан ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилди

Учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Президент расмий сайтидан олинган фотосурат.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни Европа Иттифоқининг Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас бошчилигидаги делегациясини қабул қилди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

“Икки томонлама мулоқотлар, шу жумладан иқтисодиёт, қонун устуворлиги, демократик янгиланишлар, инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди”,-дейилади расмий билдирувда.

Бундан ташқари томонлар учрашув пайтида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги шартнома юзасидан музокараларни якунлаш ва уни тез фурсатда қабул қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

18 ноябрь куни Брюсселда якунланган “Ўзбекистон -ЕИ” ҳамкорлик кенгаши йиғинидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги янги ҳамкорлик шартномаси президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилда Брюсселга амалга оширадиган ташриф доирасида имзоланишини айтган эди.

Мазкур шартнома юзасидан музокаралар 2019 йилнинг 4 февралида бошланган эди. Ўшанда янги шартнома президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Брюсселга қиладиган сафари доирасида имзоланиши режалаштирилгани маълум қилинган эди.

Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги иккита ўтказиш пункти фаолияти қайта тикланиши кутилмоқда

Туркманистоннинг Лебап ва Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятлари орасидаги Фароб чегара маскани.

Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги "Хўжайли" ва "Шовот" чегара ўтказиш пунктларида 26 ноябрдан бошлаб контактсиз юк ташувлари йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 25 ноябрь куни маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, мазкур чегара пунктларини халқаро юк ташиш учун очилиши тўғрисидаги келишувга 18 ноябрь куни бўлиб ўтган ўзбек - туркман ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишида эришилди.

25 ноябрь куни “Хўжайли – Куня-Ургенч” ҳамда “Шовот – Дашогуз” чегара ўтказиш пунктларида юк ташишни контактсиз алмашиш йўли орқали ташкил этиш бўйича синов ўтказилди.

Бу икки чегара пункти коронавирус пандемияси сабаб амалиётга жорий этилган чеклов чоралари натижасида 2020 йилда ёпилган эди.

Шу кунгача халқаро юк ташувлари Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги фақат битта - "Олот" чегара ўтказиш пунктида амалга оширилаётган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганлар ва ўлганлар сони ортганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда бир неча кунлик пастлашдан сўнг коронавирусга чалинганлар ва касалликдан ўлганлар сони кўпайгани кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билдирди.

Расман маълум қилинишича, 24 ноябрь куни 220 нафарга яқин кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, 4 нафар бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 192 175 нафарни ташкил этмоқда.

Касалликдан вафот этганлар сони 1389 нафарга етди.
Касалликдан соғайганлар жами 188 860 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этмоқда.

Вазирлик сўнгги бир неча кун ичида коронавирус беморлари сони кескин камайиб бораётганини, беморлар сони кунига 200 га етмаётгани тўғрисида билдирган эди.

Термизда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийларининг машғулоти якунланди

Бир ой ичида ўзбек ва қозоқ ҳарбийлари ҳамкорликда иккинчи машғулотни ўтказди.

Афғонистон билан чегарадош Термизда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийларининг 24 ноябрда “Ҳамкорлик-2021”қўшма машғулоти якунланди.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, машғулотлар якунланиши арафасида, яъни 22 ноябрь куни Қозоғистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Мурат Бектанов ва Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов икки давлат ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик бўйича битимни имзолади.

Шундан сўнг мудофаа вазирлари Термиз полигонидаги машғулотларни асосий фазасини кузатган.

17 ноябрдан 24 ноябргача бўлиб ўтган “Ҳамкорлик—2021” ўзбек—қозоқ қўшма машғулоти Қозоғистоннинг Жамбул вилояти “Матибулоқ” полигонида 3-8 ноябрь кунлари ўтказилган“Қалқон-2021” қўшма ўқувларининг давоми ҳисобланади.

Аввалроқ машғулотда Қозоғистон армиясининг юздан ортиқ аскари, Су-30СМ кўп функцияли қирувчи самолётлар, С-295 ҳарбий юк ташувчи самолётлар ҳамда учувчисиз бошқариладиган учувчи аппаратлар иштирок этиши билдирилган эди.

Афғонистонда 15 август куни Толибон ҳокимиятни босиб олганидан сўнг шу кунгача Ўзбекистон Тожикистон ва Россия билан ҳамкорликда ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказди.

Нукусда 18 ёшли талаба ижара уйда ис газидан заҳарланди

Қўлбола газ печка( Ўзбекистон ФВВ сайтидан олинган)

Нукус шаҳрининг 22-кичик туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида ижарада яшаётган 18 ёшли талаба 24 ноябрь куни хонадонда ўрнатилган иситиш қозонидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон прокуратураси 25 ноябрда хабар берди.

Нукус Давлат педагогика институтининг талабасининг ўлими юзасидан Нукус шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текшириш давомида аниқланишича, мазкур уйда яна 6 киши тунаган. Талаба ошхонада, қолган 6 киши бошқа хонада ухлаган. Бошқа хонада ухлаганлардан ҳеч бири ис газидан заҳарланмаган.

Жорий йилнинг 27 февралида Тошкентнинг Юнусобод туманидаги уйлардан бирида ижарада турган 5 талаба ис газидан заҳарланиб вафот этгани Ўзбекистонда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Ушбу воқеадан сўнг талабаларни хавфсиз ётоқхона билан таъминлаш масаласи ҳукумат ва парламент даражасида муҳокама қилинганди.

Талабаларни “ҳаёт учун хавфли ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган уйга” ижарага қўйган тошкентлик аёл эса суд томонидан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган.

Ўзбекистонда ҳар йилги қиш мавсумида юзлаб киши ис газидан заҳарланади. Расмий маълумотларга қараганда, 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этган, 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олган.

Энергетика вазирлиги йил бошидан бери 9,5 млрд сўмлик электр энергияси ўғирланганини очиқлади

Жорий йил бошидан бери Ўзбекистонда айрим “тадбиркорлик субъектлари” 9 миллиард 504 миллион сўм миқдорида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг матбуот штаби маълумот тарқатди.

Электр энергиясини ўғирлаш ҳолатлари Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан ўтказилган текширувлар чоғида аниқланган.

Вазирлик ноқонуний фойдаланилган электр энергияси миқдори 107 минг нафар аҳолининг бир ойлик истеъмолини ташкил қилишини билдирган.

“Ўтказилган текшириш ҳужжатлари қонун доирасида чора курилиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юборилган”, дейилган Энергетика вазирлиги хабарномасида.

Аввалроқ энергетиклар Ўзбекистонда электр таъминотидаги танқисликка мавжуд ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланилмаётгани ҳамда электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатаётгани урғулаган эдилар.

Кейинги ойдан Тошкент метросида пластик жетонлар қабул қилинмайди

Жорий йилнинг 1 декабридан эътиборан Тошкент метросида йўл ҳақини тўлаш учун жетон қабул қилиш тўхтатилади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Тўлов тизимида қулайлик яратиш мақсадида Тошкент метрополитенининг барча бекатлари QR кодли чипта, транспорт ва банк карталари ҳамда NFC функциялари орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи стационар валидаторлар билан жиҳозланган”, дейилган хабарномада.

Тошкент метросида йўловчилар учун жетонларни сотиш ўтган йилнинг ноябрь ойидан тўхтатилган ва автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилган, бироқ йўловчилар тасарруфида жетонлар қолгани эътиборга олиниб, шу кунгача пластик жетонлардан фойдаланиш амалиёти бекор қилинмаган эди.

Тошкентда Италия университетининг геологлар тайёрлашга ихтисослашган филиали очилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Италиянинг Пиза университети филиали ташкил этилди. Бунга оид ҳукумат қарори, Адлия вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 24 ноябрь куни имзоланган.

Пиза университетининг Тошкент филиалида геология бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланади, геология йўналишида тадқиқотлар ўтказилади ва уларнинг натижалари амалиётга жорий этилади.

2022/2023 ўқув йилидан иш бошлаши кутилаётган филиалда таълим кундузги шаклда ўзбек, инглиз ва рус тилларида контракт асосида амалга оширилиши айтилмоқда. Филиал битирувчиларига Пиза университети дипломи берилади.

Декабрь ойи бошида ўзбек-қирғиз чегарасидаги назорат-ўтказиш маскани вақтинча ёпилади

Ўзбек-қирғиз сарҳадидаги чегара масканларидан бири

Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарасидаги “Ўзбекистон-автодорожний” ва “Қизилқия-автодорожний” назорат-ўтказиш маскани шу йилнинг 1 декабридан 3 декабригача автомобиль ўтиши учун ёпиқ бўлади. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат божхона хизмати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур қарор масканда йўл қопламасини янгилаш ва асфальт ётқизиш ишлари олиб борилаётгани важидан қабул қилинган.

Декабрь ойининг дастлабки уч кунида автомобиллар ўтиши ва мол ташиш “Дўстлик” назорат-ўтказиш маскани орқали амалга оширилади.

Қизилқиядаги НЎМ 4 декабрдан эътиборан қайта ишга тушиши айтилмоқда.

Пастдарғомдаги агрокимё ширкати ишчилари ис газидан заҳарланиб ўлгани маълум бўлди

Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари тез-тез юз беради.

Самарқанд вилоят Пастдарғом туманидаги “Агрокимё таъминот сервис” МЧЖга қарашли контейнерда жасади топилган икки ишчи ис газидан заҳарланиб ўлгани аниқланди. Бу борада Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов 24 ноябрь куни маълум қилди.

Унга кўра, ишчиларнинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан суд тиббий экспертизаси тайинланган. Экспертиза хулосасида қайд этилишича, ишчилар яшаш учун мослаштирилган контейнерда қўлбола усулда ясалган печкадан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этишган.

Аввалроқ 17 ноябрь куни тумандаги “Балхиён” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Агрокимё таъминот сервис” МЧЖга киришда ўрнатилган металл контейнердан номаълум моддадан заҳарланиб ўлган икки нафар ишчининг жасади топилгани хабар қилинган эди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг билдиришича, Ўзбекистондаги корхона ва ташкилотларда жорий йилнинг 10 ойида 558 та бахтсиз ҳодиса юз берди.

Мазкур ҳодисалар оқибатида 166 нафар ишчи-ходим ҳалок бўлди, 432 нафари оғир тан жароҳати ва 25 енгил тан жароҳатларини олган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG